Hujjat nomi
Назорат қилувчи органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятидаги текширишларни мувофиқлаштириш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги қарор
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Davlat soliq qo‘mitasi
Muhokama boshlanishi (sana)2016-11-14 17:21:09
Muhokama yakunlanishi (sana)2016-11-29 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Назорат қилувчи органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар
фаолиятидаги текширишларни мувофиқлаштириш ва ўтказиш
тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сон “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарор қилади:

1. Назорат қилувчи органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятидаги текширишларни мувофиқлаштириш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг айрим қарорлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур қарор 2017 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Республика кенгаши раиси Ш.Мирзиёев

Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашнинг 2016 йил “___” ______даги
__-cон қарорига 1-илова

Назорат қилувчи органлар томониданякка тартибдаги
тадбиркорлар фаолиятидагитекширишларни мувофиқлаштириш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги ва “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 8 августдаги “Текширишларни тартибга солиш ва назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиришни такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-1503-сон ва 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4848-сон фармонлари талабларига мувофиқ ишлаб чиқилиб, назорат қилувчи органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятидаги текширишларни мувофиқлаштириш ва ўтказишни тартибга солади.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш), Кенгашнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий комиссиялари (кейинги ўринларда - вилоят комиссиялари), туман ва шаҳар ҳудудий комиссиялари (кейинги ўринларда - туман комиссиялари), назорат қилувчи органлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда - назорат қилувчи органлар) якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятида текширишларни ташкил этиш ва ўтказишда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қиладилар.

2. Назорат қилувчи органлар якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини Кенгаш рухсатлари асосида текширадилар.

Ушбу низом Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича ҳамда қўзғатилган жиноят ишлари доирасида якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятида, шунингдек, белгиланган тартибда расмий равишда ўз фаолиятини тўхтатган даврда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини давом эттираётган жисмоний шахслар фаолиятидаги ҳамда якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тугатилгандан кейинги даврда аниқланган, у фаолият кўрсатган вақтда йўл қўйилган қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларни назорат қилиш бўйича ўтказиладиган текширишларни мувофиқлаштиришга татбиқ этилмайди.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар ва уларнинг таърифлари қўлланилади:

якка тартибдаги тадбиркор – белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиб, юридик шахс ташкил этмасдан хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахс;

назорат қилувчи органлар – хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган вазирликлар ва идоралар;

режадан ташқари қисқа муддатли текшириш – назорат қилувчи органлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Кенгаш рухсатига асосан бир иш куни давомида ўтказиладиган текшириш;

назорат тартибида текшириш – якка тартибдаги тадбиркорларнинг илгариги текширишда кўрсатилган қоидабузарликларни бартараф этиши устидан назорат қилувчи органлар амалга оширадиган текшириш.

4. Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текшириш улар томонидан бевосита тадбиркорлик фаолиятини амалга оширилаётган жойда оширилади.

5. Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текширишда қуйидаги масалалар кўрилади:

а) солиқ ва ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши;

б) савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилиши, шу жумладан назорат-касса машинаси, ҳисоб терминаллари қўлланилиши, сотилаётган мажбурий сертификатланадиган товарларга мувофиқлик сертификатлари, ўлчов асбобларида белгиланган тамғалари мавжудлиги;

в) пул маблағлари ҳисобини юритиш ва муомалалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши;

г) буюмларда Ўзбекистон Республикаси асиллик даражаси тамғаси белгисининг мавжудлиги, тайёрловчининг шахсий тамғаси мавжудлиги ва унинг жорий йилга мувофиқлиги, шахсий тамға изининг аниқ кўриниши;

д) стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштиришга доир меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши;

е) санитария назорати, ветеринария назорати, ёнғин хавфсизлиги чоралари, саноат хавфсизлиги чоралари, энергетика ҳамда табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши.

6. Лицензияланадиган фаолият билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорларда лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши ҳам текширилади.

7. Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текшириш фақатгина қуйидаги назорат қилувчи органлар томонидан уларнинг ваколатлари доирасида:

Давлат солиқ хизмати органлари - мазкур Низомнинг 5-банди “а”, “б” ва “в” кичик бандларида назарда тутилган масалалар бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси – мазкур Низомнинг 4-банди “г” кичик бандида назарда тутилган масалалар бўйича;

Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича давлат назорати органлари – мазкур Низомнинг 5-банди “б” ва “д” кичик бандида назарда тутилган масалалар бўйича;

Давлат санитария, ветеринария, ёнғин хавфсизлиги, энергетика назорати органлари, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси ва Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўз ваколатлари доирасида – мазкур Низомнинг 5-банди “е” кичик бандида назарда тутилган масалалар бўйича;

Тегишли лицензияловчи органлар – мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган масалалар бўйича амалга оширилади.

8. Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текширишга рухсат бериш, рад этиш ёки аниқланган камчиликларни бартараф этиш ёки айрим масалаларга қўшимча аниқлик киритган ҳолда қайта мурожаат этиш, уларни ўтказиш муддатини кўчириш ҳамда текширишларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан қарорлар тегишлича Кенгаш раиси (унинг ўринбосарлари) ёки ушбу Низомда назарда тутилган ваколатлар доирасида вилоят комиссиялари раислари томонидан (текширишга рухсат беришдан ташқари) имзоланадиган қарор ёки хат шаклида расмийлаштирилади.

9. Кенгаш томонидан белгиланган тартибда рухсат берилган якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини текширишга тегишли назорат қилувчи орган юқори ташкилоти раҳбарининг мазкур масала бўйича буйруғи асосида ушбу назорат қилувчи орган марказий аппарати ёки таркибий бўлинмаларининг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга бўлган ходимлари қўшилиши мумкин.

Назорат қилувчи органларнинг юқори ташкилотлари Кенгаш қарори билан рухсат берилган якка тартибдаги тадбиркорларда ўтказиладиган текширишларни амалга оширишни ўзларининг қуйи бўлинмаларига топширишга ҳақли.

Тегишли асослар мавжуд бўлганда (якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини вақтинча тўхтатганда, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари вақтинча фаолият юритмаганда, якка тартибдаги тадбиркор касаллиги ва бошқа сабаблар) текшириш муддати тегишлича Кенгаш ёки вилоят ҳудудий комиссияси қарори асосида кейинги муддатларга кўчирилади.

10. Ўтказилган текшириш натижаларига рози бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар низоли масалаларга аниқлик киритиш учун назорат қилувчи органларнинг юқори ташкилотларига ёзма мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Низоли масалаларга назорат қилувчи органлар юқори ташкилотларининг буйруқлари асосида Кенгаш ёки унинг ҳудудий комиссиялари билан қўшимча равишда келишмасдан туриб, фақат якка тартибдаги тадбиркорларнинг мурожаатларида кўрсатилган масалалар юзасидангина аниқлик киритадилар.

11. Якка тартибдаги тадбиркорлар уларда ўтказилаётган режадан ташқари текшириш ҳақидаги ва улар фаолиятини текширишни амалга оширишга рухсат олган назорат органларининг номи ва текшириш муддатлари тўғрисидаги ахборотни тегишлича Кенгаш, вилоят ёки туман комиссияси ишчи органидан бепул олишга ҳақлидир.

2-боб. Якка тартибдаги тадбиркорларфаолиятини текширишларни ташкиллаштириш тартиби

12. Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан уларнинг қонунчиликда белгиланган ваколатлари доирасида режадан ташқари қисқа муддатли текшириш ёки назорат тартибида текшириш шаклида амалга оширилиши мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини режадан ташқари қисқа муддатли текширишлар бир кун давомида амалга оширилади.

13. Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини режадан ташқари қисқа муддатли текширишлар назорат қилувчи органга жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Кенгаш рухсатига асосан қисқа муддатли текшириш шаклида амалга оширилиши мумкин.

14. Назорат қилувчи органларга якка тартибдаги тадбиркор фаолиятида қонунчилик талаблари бузилганлиги ҳолатлари бўйича жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар ушбу назорат қилувчи органлар томонидан дастлаб ўрганиб чиқилади.

Бунда мурожаатнинг аноним эмаслиги, унда баён этилган масалаларни ўрганиш ушбу назорат қилувчи орган ваколатига тегишли эканлиги, мурожаатда қайд этилган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар манбаси ва уларни текшириш давомида ўрганиш имкони мавжудлиги, қонунчилик талаблари бузилишига йўл қўйилган якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолият кўрсатаётганлиги ўрганиб чиқилади.

Ўрганиш натижасига кўра мурожаатдаги ҳолатларга фақатгина текшириш ўтказиш йўли билан аниқлик киритиш мумкин деб топилганда назорат қилувчи органнинг марказий аппарати Кенгашга, ҳудудий бўлинмалари эса вилоят комиссияларига режадан ташқари қисқа муддатли текшириш ўтказишга рухсат бериш сўралаётган якка тартибдаги тадбиркорнинг номи ёки текширилиши лозим бўлган шохобчаси (шохобчалари), унинг идентификация рақами, манзили, фаолият тури, ушбу субъект томонидан талаблари бузилган қонун ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотларни ҳамда режадан ташқари қисқа муддатли текшириш ўтказиш мўлжалланган муддатни кўрсатган ҳолда хат юборади.

Шунингдек, назорат қилувчи органларнинг қуйи тузилмалари ўзларининг марказий аппарати орқали якка тартибдаги тадбиркорларда режадан ташқари қисқа муддатли текшириш ўтказишга рухсат бериш тўғрисида Кенгашга мурожаат қилиши мумкин.

Мурожаатга текширишда ўрганилиши лозим бўлган масалалар бўйича унификациялашган назорат саволномаси асосида ишлаб чиқилиб, назорат органи раҳбари тасдиқлаган текшириш дастури илова қилиниши шарт.

15. Назорат қилувчи органларнинг якка тартибдаги тадбиркор фаолиятида режадан ташқари қисқа муддатли текширишга рухсат бериш тўғрисидаги мурожаатининг асослилиги, текшириш дастурининг назорат қилувчи орган зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқлиги Кенгаш ва унинг вилоят комиссиялари ишчи органлари томонидан, заруратга қараб назорат қилувчи органлар билан биргаликда, ўрганиб чиқилади.

Ўрганиш натижаларига кўра режадан ташқари қисқа муддатли текшириш ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлар бўйича Кенгашнинг вилоят комиссияси ишчи органи томонидан режадан ташқари қисқа муддатли текширишга рухсат бериш, рад этиш ёки аниқланган камчиликларни бартараф этиш ёки айрим масалаларга қўшимча аниқлик киритган ҳолда қайта мурожаат этиш тўғрисидаги таклифлар мурожаатлар келиб тушгандан кейин бир ҳафта муддатда тайёрланади ва тайёрланган таклифлар вилоят ҳудудий комиссияси раиси ёки унинг ўринбосарига имзога киритилади.

Таклифлар вилоят ҳудудий комиссияси раиси ёки унинг ўринбосари томонидан имзолангандан кейин бир иш куни давомида режадан ташқари қисқа муддатли текшириш ўтказишга рад этиш ёки аниқланган камчиликларни бартараф этиш ёки айрим масалаларга қўшимча аниқлик киритган ҳолда қайта мурожаат этиш тўғрисидаги хат текширишга рухсат сўраб мурожаат қилган назорат қилувчи органга, рухсат бериш тўғрисидаги хат Кенгаш ишчи органига юборилади.

16. Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятида режадан ташқари қисқа муддатли текширишларга рухсат бериш масаласи вилоят ћудудий комиссиялари ёки назорат қилувчи органларнинг марказий аппарати мурожаатлари асосида фақат Кенгаш ишчи органи томонидан кўриб чиқилади.

17. Режадан ташқари қисқа муддатли текширишга рухсат бериш тўғрисидаги мурожаат ёки текшириш дастури белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ёҳуд қонун ҳужжатларида белгиланган асослар мурожаатда тўлиқ кўрсатилмаган ҳолларда Кенгаш ишчи органи мурожаат келиб тушган кундан бир ҳафта муддатда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ёки айрим масалаларга қўшимча аниқлик киритган ҳолда қайта мурожаат этиш учун уларни тегишли назорат қилувчи орган ёки ҳудудий комиссияга қайтариши мумкин.

18. Кенгаш ишчи органи томонидан режадан ташқари қисқа муддатли текширишга рухсат бериш тўғрисидаги мурожаат юзасидан текширишга рухсат бериш ёки уни ўтказишни рад этиш ҳақидаги таклиф мурожаат келиб тушган кундан эътиборан бир ҳафтадан кечиктирмай тайёрланади ва тегишлича Кенгаш раиси ёки унинг ўринбосарларига имзога киритилади ҳамда имзолангандан кейин Кенгаш ишчи органи томонидан бир иш кунида тегишлича назорат қилувчи органга ёки вилоят ҳудудий комиссиясига юборилади.

Якка тартибдаги тадбиркор фаолиятида режадан ташқари қисқа муддатли текширишга рухсат берилган тақдирда текшириш дастури Кенгаш ишчи органи томонидан келишилиб, унга келишилган кун санаси қайд этилади ва Кенгаш котиби томонидан имзоланади.

19. Юқори назорат қилувчи органлар ўзларининг ҳудудий бўлинмаларига якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини режадан ташқари қисқа муддатли текшириш ҳақидаги топшириқларни уларни ўтказиш бўйича фақатгина Кенгаш рухсати бўлган тақдирдагина юборадилар.

20. Назорат тартибида текширишларни ўтказиш назорат қилувчи органлар томонидан уларнинг ўзлари илгари ўтказган текшириш натижалари бўйича фақат далолатнома (маълумотнома, кўрсатма)да белгиланган ҳолатлар бўйича ва муддатларда ёки якка тартибдаги тадбиркор мурожаатига асосан ундан олдинроқ муддатларда, бир иш куни давомида назорат қилувчи органнинг буйруғи асосида Кенгаш ёки унинг ҳудудий комиссияси қўшимча қарорисиз амалга оширилади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар текшириш натижалари бўйича далолатнома (маълумотнома, кўрсатма)да белгиланган муддатларда назорат тартибида текширишлар ўтказишга рози бўлмаса, уларнинг мурожаатлари асосида назорат тартибидаги текшириш муддати Кенгаш ёки вилоят комиссияларининг қарорлари билан белгиланади. Бунда ўтказилган текшириш натижалари бўйича далолатнома (маълумотнома, кўрсатма) назорат тартибида текшириш ўтказиш зарурлиги учун асос бўлади.

3-боб. Текширишларни ўтказиш тартиби

21. Назорат қилувчи органлар текширишни Кенгашнинг режадан ташқари қисқа муддатли текшириш ўтказиш тўғрисидаги қарори, назорат қилувчи орган раҳбари (ўринбосари) томонидан имзоланган буйруқ ҳамда текшириш дастурига мувофиқ амалга оширади.

Текширишда назорат қилувчи органнинг ваколатлари ва текшириш дастурида белгиланган масалалар доирасидан четга чиқилмаслиги лозим.

Назорат қилувчи органнинг текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруғида текшириладиган якка тартибдаги тадбиркор номи, унинг идентификация рақами, текшириш мақсади, текширувчи мансабдор шахслар таркиби, текшириш ўтказиш муддати ва текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжат номи, рақами ва санаси кўрсатилади.

22. Текширувчи мансабдор шахслар текшириш бошланишидан олдин якка тартибдаги тадбиркорни (якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган тақдирда – текширишда бевосита иштирок этган шахсни) текшириш мақсади билан таништиради, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномасини кўрсатади, шунингдек ушбу Низомнинг 21-банди биринчи хатбошида кўрсатилган текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатлар нусхаларини тилхат олинган ҳолда якка тартибдаги тадбиркорга (якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган тақдирда - текширишда бевосита иштирок этган шахсни) топширади.

23. Текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаси текширилаётган якка тартибдаги тадбиркорга тилхат олинган ҳолда топширилган пайт текширишни ўтказиш бошланган пайт ҳисобланади.

Текширилаётган якка тартибдаги тадбиркорнинг мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортганлиги текширишни бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Текширилаётган якка тартибдаги тадбиркор мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортган тақдирда, назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси томонидан унинг ўзи ва текширилаётган якка тартибдаги тадбиркор имзолайдиган далолатнома тузилади. Текширилаётган якка тартибдаги тадбиркор мазкур далолатномани имзолашдан бош тортганда, далолатномага текширувчи томонидан тегишли ёзув киритилади. Бу ҳолда далолатнома имзоланган пайт текширишни ўтказиш бошланган пайт ҳисобланади.

24. Текширувчи мансабдор шахслар текшириш бошлангандан кейин якка тартибдаги тадбиркор томонидан тақдим этилган “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”га тегишли ёзувларни белгиланган тартибда киритиши шарт.

Техник имконият мавжуд бўлганда мажбурий тартибда текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шакли тўлдирилади. Бунда текширишларни рўйхатга олиш китобининг қоғоз шаклини тўлдириш талаб этилмайди.

Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг тўлдирилган шакли (қоғоз шакли тўлдирилганда – электрон шакли тўлдирилмаганлиги сабаби) ёки китоб тақдим этилмаганда – уни тақдим этилмаганлиги тўғрисида текширувчи томонидан тегишли ёзув киритилади.

25. Текшириш билан якка тартибдаги тадбиркорнинг бевосита текшириш ўтказиш йилидан олдинги беш календарь йилдан кўп бўлмаган фаолияти қамраб олиниши мумкин. Бунда:

текшириш ўтказилаётган календарь йил даврларини текширишга рухсат этилади;

текширишни ўтказаётган назорат қилувчи орган томонидан илгари текширилган масалалар бўйича қайта текшириш ўтказиш ман этилади.

Мазкур банднинг қоидалари қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган текширишларга татбиқ этилмайди.

26. Текширишлар натижалари далолатнома (маълумотнома) билан, зарур ҳолларда эса – ёзма кўрсатма билан ҳам расмийлаштирилади. Текшириш далолатнома (маълумотнома, кўрсатма)си камида икки нусхада тузилади.

Текшириш далолатнома (маълумотнома, кўрсатма)сининг нусхалари назорат қилувчи органнинг текшириш ўтказаётган мансабдор шахси (шахслари) ва якка тартибдаги тадбиркор томонидан имзоланади ва бир нусхаси якка тартибдаги тадбиркорга уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширилади ва шу пайтдан эътиборан текшириш тугаган ҳисобланади.

Текширилаётган якка тартибдаги тадбиркор текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома (маълумотнома, кўрсатма)ни олишдан ва (ёки) уни имзолашдан бош тортганда, назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси бу ҳақда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома (маълумотнома, кўрсатма)га тегишли ёзув киритади ва шу пайтдан эътиборан текшириш тугаган ҳисобланади.

Бу ҳолда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома (маълумотнома, кўрсатма)нинг бир нусхаси бир иш куни давомида якка тартибдаги тадбиркорга почта орқали буюртма хат билан юборилади.

Текшириш натижалари тўғрисида далолатнома (маълумотнома, кўрсатма) назорат қилувчи органнинг ички идоравий ҳужжати билан белгиланган тартибда рўйхатга олиб борилади.

27. Тадбиркорлик фаолияти субъектлари бирлашмаларининг аъзоси бўлган якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятини текширишлар якка тартибдаги тадбиркорлар сўровига кўра мазкур бирлашмалар вакилларининг иштирокида амалга оширилиши, солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан ўзининг мижозига унда солиқ текширувлари ўтказиш вақтида солиқ маслаҳатлари бўйича хизматлар кўрсатилиши мумкин.

28. Назорат тартибида текширишлар ушбу Низомнинг 21-банди учинчи хатбошида белгиланган тартибда расмийлаштирилган буйруқ асосида, 21-27-бандларида белгиланган тартибда ўтказилади ва натижалари 38-бандида белгиланган тартибда далолатнома билан расмийлаштирилади.

4-боб. Назорат қилувчи органларнинг кенгаш билан қўшимча

29. Назорат қилувчи органлар зиммаларига қонун ҳужжатлари билан юклатилган айрим назорат вазифаларини иловада назарда тутилган ҳолларда Кенгаш билан қўшимча равишда келишувсиз амалга оширади.

30. Назорат қилувчи органлар томонидан Кенгаш билан қўшимча равишда келишувсиз амалга ошириладиган назорат тадбирлари назорат қилувчи орган раҳбари ёки ўринбосарининг буйруғи ҳамда тасдиқланган дастур асосида амалга оширилиб, натижаси бўйича икки нусхада далолатнома (маълумотнома) расмийлаштирилиб, унингбир нусхаси санани кўрсатган ҳолда назорат тадбири ўтказилган якка тартибдаги тадбиркорда топширилади.

31. Назорат қилувчи органлар томонидан мазкур бўлимга мувофиқ ўтказилган назорат тадбирлари тўғрисидаги маълумотлар тегишлича йил якуни билан кейинги ойнинг 15 санасига қадар Кенгаш ишчи органига тақдим этилиб, улар текширишлар тўғрисидаги даврий маълумотларга киритилмайди.

5. Текширишларни ўтказилиши мониторинги

32. Кенгаш, вилоят ва туман комиссиялари ишчи органлари Кенгаш ва унинг ҳудудий комиссияларининг назорат органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан ўзаро алоқасини таъминлайди ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан амалга оширилган текширишлар тўғрисидаги ахборотларни махсус компьютер дастури маълумотлар базасига киритган ҳолда ойма-ой таҳлил қилиб борадилар.

33. Назорат қилувчи органлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ўтказилган ҳар бир режадан ташқари қисқа муддатли текшириш бўйича назорат қилувчи орган ваколати доирасида чора кўриш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин 10 кунлик муддат ичида текширишнинг бошланган ва тугалланган санаси ҳамда унда аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишлича Кенгаш, вилоят ва туман комиссияларининг ишчи органларига тақдим этилади.

34. Кенгаш, вилоят ва туман комиссиялари якка тартибдаги тадбиркорлар фаолияти ноқонуний текширилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда тегишли чоралар кўриш учун бу ҳақда прокуратура органларига хабар қилади.

6-боб. Жавобгарлик

35. Кенгаш ва ҳудудий комиссиялар ишчи органларининг ходимлари, шунингдек, назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари ушбу Низом талабларига риоя этилиши, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текшириш масалалари бўйича ахборотларнинг махфийлиги ва ишлаб чиқилаётган ахборотдан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилиши, ўз ваколатлари ва назорат соҳаси доирасидан ташқари масалалар бўйича ҳар қандай текширувлар ўтказганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардирлар.

Назорат қилувчи органлар томонидан
якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятидаги текширишларни мувофиқлаштириш
ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга илова

Назорат қилувчи органларнинг Кенгаш (ҳудудий комиссиялари) билан қўшимча келишувсиз
амалга ошириладиган назорат функциялари
РЎЙХАТИ

Назорат қилувчи органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорга тақдим этиладиган назорат қилувчи орган раҳбарининг ёзма буйруғи асосида Кенгаш (вилоят комиссиялари) билан қўшимча келишувсиз назорат функциялари қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ва бошқа ваколатли органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорларнинг тақиқланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш (хизмат) ҳолатларини бартараф этиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ёки ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан тегишли буйруқлар асосида сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлайдиган, оқава сувларни чиқариб ташлайдиган якка тартибдаги тадбиркорларда намуналар танлаб олиш йўли билан сут ва сут маҳсулотлари, оқава сувларни ҳар ойда лабораторияларда тадқиқ этишни амалга ошириш, шунингдек мавжуд қонунларга кўра тиббий кўрикдан ўтиши керак бўлган савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларида тиббий шаҳодатланиш дафтарчаларининг мавжудлигини олти ойда кўпи билан бир маротаба мониторингдан ўтказиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ уларга берилган ваколатлар доирасида якка тартибдаги тадбиркорларда:

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан - фаолият кўрсатиш ҳуқуқини берувчи рухсатномаларнинг, солиқ ва мажбурий тўловларнинг тўланганлиги тўғрисидаги квитанциялар ёки бошқа тўлов ҳужжатлари, товар чеклари китобчаси (якка тартибдаги тадбиркорлар чакана савдо фаолияти билан шуғулланган ҳолларда) мавжудлиги,“Ўздавэнергоназорат” томонидан электр энергия ҳисоблагич асбобларининг мавжудлиги ва уларнинг кўрсаткичларини фойдаланилган электр энергия учун ҳақиқатда тўланган миқдорлар билан;

“Ўздавнефтгазинспекция” томонидан газ ҳисоблагич асбобларининг мавжудлиги ва уларнинг кўрсаткичларини фойдаланилган газ учун ҳақиқатда тўланган миқдорлар билан таққослаш бўйича амалга ошириладиган ҳаракатлар;

белгиланган тартибда расмий равишда ўз фаолиятини тўхтатган даврда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини давом эттираётган жисмоний шахслар фаолиятида текширишлар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси ёки унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан гўшт ва сут маҳсулотларини белгиланмаган жойларда ҳамда келиб чиқиши ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатларсиз сотилиши устидан назорат ишларининг амалга оширилиши;

“Давархитектқурилиш” қўмитасининг Давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциясида рўйхатдан ўтказилмаган қурилиш объектларида тўсқинликсиз бўлиш ва субъектнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмасдан қисқа муддатли инспекторлик текширишларини кейинчалик Кенгаш ҳудудий комиссияларини бир кун муддатда хабардор қилган ҳолда амалга ошириш, якка тартибдаги уй-жой қурилиши бундан мустасно;

якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тугатилгандан кейинги даврда аниқланган, у фаолият кўрсатган вақтда йўл қўйилган қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларни назорат қилиш.

Назорат қилувчи органлар фаолиятини
мувофиқлаштирувчи Республикакенгашининг
2016 йил “___” ______ даги__-сон қарорига 2-илова

Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг ўз кучини йўқотган қарорлари рўйхати

1. Кенгашнинг 2007 йил 23 августдаги 1-сон қарори (рўйхат рақами 1712, 2007 йил 3 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 йил, 35-36-сон, 370-модда).

2. Кенгашнинг 2010 йил 24 февралдаги 2-сон қарори (рўйхат рақами 1712-1, 2010 йил 17 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 йил, 10-11-сон, 80-модда).

3. Кенгашнинг 2010 йил 29 декабрдаги 3-сон мажлиси баёни, 20-банд (рўйхат рақами 1712-2, 2011 йил 14 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 йил, 7-8-сон, 68-модда).

4. Кенгашнинг 2011 йил 11 апрелдаги 1-сон мажлиси баёни, 14-банд (рўйхат рақами 1712-3, 2011 йил 23 май) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 йил, 20-21-сон, 213-модда).

5. Кенгашнинг 2012 йил 25 июндаги 2-сон қарори (рўйхат рақами 1712-4, 2012 йил 6 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 йил, 26-27-сон, 306-модда).

6. Кенгашнинг 2013 йил 4 декабрдаги 04-сон қарори (рўйхат рақами 1712-5, 2013 йил 11 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 йил 16 декабрь, 50-сон, 657-модда).

7. Кенгашнинг 2016 йил 25 майдаги 1-сон мажлиси баёни, 11-банд (рўйхат рақами 1712-6, 2016 йил 3 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 йил 6 июнь, 22-сон, 262-модда).

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Разработка проекта нормативно-правового актаРазработка проектов положений до 14.11.2016 г.Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан
2Размещение нормативно-правового акта для обсуждения на Едином порталеРазмещение на Едином портале: уведомления о проведении обсуждения, графика, проектов положений, опросного листа участников обсуждения14.11.2016 г.Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан
3Проведение обсуждения нормативно-правового актаОбсуждение проектов положений на Едином портале14.11.2016 г. -29.11.2016 г.Государственный налоговый комитет и участники обсуждения
4Доработка нормативно-правового акта согласно предложениямОбобщение предложений участников обсуждения, доработка проектов и размещение окончательной редакции на Едином портале29.11.2016 г. Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан
5Согласование проекта нормативно-правового акта с заинтересованными министерствами и ведомствамиНаправление проектов положений в соответствующие министерства и ведомства для согласования29.11.2016 г. - 30.11.2016 г.Государственный налоговый комитет, министерства и ведомства
6Внесение проекта нормативно-правового акта на утверждениеВнесение согласованных проектов в Министерство Юстиции Республики Узбекистан30.11.2016 г.Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан

So`rovnoma natijalari