Hujjat nomi
Божхона кирим ордерини тўлдириш тартиби тўғрисидаги Йўриқномани тасдиқлаш ҳақида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO‘zbekiston Respublikasi Davlat bojxona qo‘mitasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Davlat bojxona qo‘mitasi
Muhokama boshlanishi (sana)2016-12-12 10:30:04
Muhokama yakunlanishi (sana)2016-12-27 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИНИНГ ҚАРОРИ

Божхона кирим ордерини тўлдириштартиби тўғрисидаги Йўриқномани тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси қарор қилади:

1. Божхона кирим ордерини тўлдириштартиби тўғрисидаги Йўриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Раиси

З.Дусанов

Тошкент ш.

«___» ________ 2017 й.

________-сон

Келишилган:

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Раиси

Ф.Муллажонов

Тошкент ш.

«___» ________ 2017 й.

________-сон

Ўзбекистон Республикаси

Давлат божхона қўмитасининг

20__ йил ____ даги

_____-сон қарорига ИЛОВА

Божхона кирим ордерини тўлдириштартиби тўғрисидаги

ЙЎРИҚНОМА

Мазкур йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексигамувофиқ, божхона органлари томонидан божхона кирим ордерини тўлдириш тартибини белгилайди.

I-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Йўриқномада қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона кирим ордери автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда - дастур деб юритилади) - божхона кирим ордерини электрон тарзда шакллантириш ва ушбу ҳужжат асосида ундирилган божхона тўловларини ҳисобга олинишини назарда тутувчи ахборот тизими.

божхона кирим ордери (бундан буён матнда - БКО деб юритилади) - божхона ходими томонидан дастурда божхона тўловларини тўловчи шахс томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар асосида шакллантириладиган ва расмийлаштириладиган электрон ҳамда ушбу дастур имкониятларидан фойдаланган ҳолда чоп этиладиган қоғоз нусхадаги ҳужжат.

2. БКО божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш ва (ёки) уларни ундиришда шунингдек, божхона тўловларининг автоматлаштирилган ҳисобини олиб бориш учун қўлланилади.

3. БКО қуйидаги ҳолларда:

жисмоний шахслар томонидан қўл юкида ёки кузатиб борилаётган багажида нотижорат мақсадларда олиб ўтилаётган товарларнинг, шунингдек халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юборилаётган шундай товарларнинг қиймати ва (ёки) миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган божсиз олиб кириш нормаси ва акциз солиғи солинмайдиган олиб кириш нормасидан ошганда, ортиқча қисмига божхона тўловларини ундирилишида;

товарлар жисмоний шахснинг манзилига келиб тушганда (бундан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари мустасно) божхона тўловлари олиб кирилаётган товарларнинг бутун суммасидан, божсиз олиб кириш нормаси ва акциз солиғи солинмайдиган олиб кириш нормаси қўлланилмаган ҳолда ундирилишида;

юридик шахсларнинг манзилига халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмаларида юбориладиган, қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваригача бўлган миқдордаги товарлар учун божхона тўловлари ундирилишида;

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексиниг 260-моддаси “г” кичик бандида назарда тутилган ҳолларда божхона тўловлари ундирилишида;

қонун хужжатлари билан белгиланган божхона йиғимларини ва божхона органлари зиммасига юклатилган бошқа йиғимларни ундирилишида тўлдирилади.

II-боб. БКОни расмийлаштиришнинг умумий шартлари

4. БКО божхона ходими томонидан божхона тўловларини тўловчи шахс тақдим қилган ҳужжатлардаги маълумотлар асосида дастурда электрон тарзида шакллантирилиб расмийлаштирилгандан сўнг, икки нусхада чоп этилади ва божхона ходимининг шахсий мухри ва имзоси билан тасдиқланади. Биринчи нусхаси унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга божхона комплекси еки постида сақланади, иккинчи нусхаси божхона тўловларини тўлаган жисмоний шахсга топширилади (юборилади).

5. БКОнинг биринчи нусхаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар, шу жумладан дастурдаги электрон нусхаси божхона расмийлаштируви якунлангандан сўнг божхона комплекси еки божхона постида уч йил давомида сақланади.

6. Дастур техник сабабларга кўра вақтинча ишламаган ҳолларда божхона ходими томонидан БКОнинг қоғоз нусхаси ёзма шаклда қўлда тўлдирилиб расмийлаштирилишига йўл қўйилади ва кейинчалик дастурда шакллантирилади.

7. БКО ўзбек ёки рус тилида тушунарли тўлдирилган бўлиши лозим.

8. БКОни расмийлаштиришда мазкур Йўриқноманинг 1-иловасига мувофиқ БКОнинг асосий варағидан, икки ёки ундан ортиқ товарларни расмийлаштиришда эса 2-иловага мувофиқ БКОнинг қўшимча варағидан фойдаланилади.

9. БКОнинг асосий варағида битта товар тўғрисида, битта қўшимча варағида эса кўпи билан учта товар тўғрисида маълумотлар кўрсатилиши мумкин (бир вақтнинг ўзида асосий вараққа 33 тадан кўп бўлмаган қўшимча варақлар илова қилиниши мумкин).

10. Агар БКОнинг қўшимча варағида учтадан кам товар декларацияланаётган бўлса, тўлдирилмаган қисмидаги “товарнинг номи” графасида диагонал чизиқ тортилади.

11. БКО асосида ҳисобланган божхона тўловлари Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси - сўмда ундирилади.

12. БКО жисмоний шахслар томонидан нақд пул ёки нақд пулсиз кўринишида божхона комплекси ёки постида мувжуд бўлган банк шаҳобчасига, агар банк шаҳобчаси мавжуд бўлмаганда божхона органи ғазнасига нақд пул кўринишида тўланган тақдирда расмийлаштирилади.

Бошқа ҳолатларда БКО божхона органларининг ахборот тизимидаги тўловчининг шахсий ҳисобварағи бўйича божхона тўловлари тўланганлиги тўғрисидаги, хизмат кўрсатувчи банклар (ғазначиликлар) томонидан тақдим этиладиган маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда расмийлаштирилади.

13. Божхона комплекси еки пости ходими божхона органи ғазнасига нақд пул кўринишида тўланган пул маблағларини мазкур Йўриқноманинг

3-иловасида келтирилган шаклдаги “Нақд пул маблағларини божхона органи ғазнасига топшириш реестри”га (бундан буён матнда - реестр деб юритилади) асосан иш куни тугаганидан сўнг кейинги кундан кечиктирмай ғазначига топширади.

14. Реестр иккита нусхада тузилади. Ғазначи реестрда кўрсатилган тўловлар билан топширилаётган нақд пул маблағларини текширгандан сўнг ушбу реестрни ўз имзоси ва муҳри билан тасдиқлаб, унинг бир нусхасини нақд пулни топширган божхона ходимига қайтариб беради, иккинчи нусхасини ўзида сақлайди. Реестр постда БКОлар билан бирга уч йил давомида сақланади.

15. Ғазначи нақд пул маблағларини қабул қилиб олгандан сўнг, уларни

2 иш кунидан кечиктирмай божхона органларининг шахсий ғазна ҳисоб варағига ўтказади.

16. БКОни расмийлаштириш уни мазкур Йўриқноманинг 3-боби талаблари асосида божхона ходими томонидан тўлдирилиб рўйхатга олиш орқали амалга оширилади.

БКО расмийлаштирилган пайтдан бошлаб юридик аҳамиятга молик фактлардан далолат берувчи ҳужжатга айланади .

III-боб. БКО графаларини тўлдириш тартиби

17. Божхона ходими томонидан графаларнинг тўлдирилиши:

1) 1-графа. “БКО тури”.

Графанинг биринчи бўлмасида агар божхона тўловларини тўловчи шахс:

жисмоний шахс (шу жумладан юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар) бўлса - “Ж”;

юридик шахс, шу жумладан доимий муассаса бўлса - “Ю” кўрсатилади;

Графанинг иккинчи бўлмасида:

божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарларга нисбатан - “ИМ”;

божхона ҳудудидан олиб чиқилаётган товарларга нисбатан; - “ЭК”;

божхона ҳудуди орқали транзит олиб ўтилаётган товарларга нисбатан - “ТР”;

бошқа ҳолларда - “ТЛ” кўрсатилади.

Графанинг учинчи бўлмасида:

қўл юкида ёки кузатиб борилаётган багажларда олиб ўтилаётган товарларга нисбатан - “КБ”;

халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юборилаётган товарларга нисбатан - “ХП”;

жисмоний шахсларнинг манзилига четдан келиб тушган нотижорат мақсадлардаги товарларга нисбатан - “МТ” кўрсатилади.

Товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш билан боғлиқ бўлмаган ҳоллларда, учинчи бўлма тўлдирилмайди.

2) 2-графа. “Қўшимча варақлар”

БКОнинг асосий варағига илова қилинган қўшимча БКОлар сони кўрсатилади.

Масалан, агар БКО иккита қўшимча варақларга эга бўлса БКОнинг асосий варағида “1/3”; биринчи қўшимча варағида “2/3”; иккинчи қўшимча варағида эса “3/3” кўрсатилади. Агар БКО қўшимча варақларга эга бўлмаса “1/1” кўрсатилади.

3) 3-графа. “БКОнинг рўйхат рақами”

БКОнинг рўйхат рақами қуйидаги бўлмаларда кўрсатилади.

99999 / 99.99.9999 / 9999999

1 2 3

Бунда:

биринчи бўлмада Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2016 йил 6 апрелда 2773-рақам билан рўйхатдан ўтган Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг 4-иловасида келтирилган божхона постлари таснифлагичига мувофиқ БКОни расмийлаштирувини амалга оширадиган божхона постининг бешта рақамли коди;

иккинчи бўлмада БКО расмийлаштирилган кун, ой, йил;

учинчи бўлмада дастур томонидан автоматик тарзда бериладиган тартиб рақам кўрсатилади.

Масалан: 27001/01.01.2017/0000001

4) 4-графа. “Тўловчи/молия ва банк маълумотлари”.

Божхона тўловларини тўловчи шахс.

Агарда тўловчи жисмоний шахс бўлса, у ҳолда графада унинг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий рўйхатдан ўтган манзили, шахсни тасдиқловчи ҳужжат хақидаги маълумотлар кўрсатилади.

юридик шахс учун - унинг номи ва жойлашган жойи (юридик манзили) кўрсатилади.

Графанинг иккинчи қисмида:

а) тўловчининг СТИРи кўрсатилади. Агар тўловчининг СТИРи бўлмаса 999999991 кўрсатилади, бундан юридик шахс ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар мустасно.

б) бўловни қабул қилиб олган банк МФОси / банкнинг тўлиқ номи

в) тўловчининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси сўмдаги ҳисобварағи рақами кўрсатилади. Агар божхона тўловлари тўловчи жисмоний шахс бўлса ушбу устун тўлдирилмайди.

5) 5-графа. “Товарнинг умумий божхона қиймати”.

Декларацияланаётган товарларнинг АҚШ долларидаги умумий божхона қиймати кўрсатилади. Товарларнинг умумий божхона қиймати бир нечта товарларнинг божхона қийматлари йиғиндисини ташкил қилади.

6) 6-графа. “АҚШ доллари курси”

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган, БКО расмийлаштирилган кундаги АҚШ долларининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси сўмга нисбатан курси кўрсатилади.

7) 7-графа. “Товар коди”.

Декларацияланаётган товарнинг Ўзбекистон Ресбупликаси Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси (ТИФ ТН)га мувофиқ подсубпозициядаги коди кўрсатилади. Ушбу код бўш жойсиз (пробелсиз) ва бошқа ажратувчи белгиларсиз ёзилади.

8) 8-графа. “Брутто вазн (кг)”

Декларацияланаётган товарнинг килограммдаги “брутто” оғирлиги кўрсатилади. “Брутто” оғирлик деганда товарнинг барча турдаги ўрамлари билан биргаликдаги оғирлиги тушунилади.

Агар товарнинг умумий оғирлиги бир килограммдан кам бўлса, брутто вазн вергулдан кейинги уч белгигача аниқликда кўрсатилади.

9) 9-графа. “Миқдори”

Декларацияланаётган товарнинг ТИФ ТНда келтирилган “Ўлчов бирликлари жадвали”га мувофиқ товарнинг миқдори кўрсатилади.

10) 10-графа. “Нетто вазн (кг)”

Декларацияланаётган товарнинг килограммдаги “нетто” оғирлиги кўрсатилади. “Нетто” оғирлик деганда товарнинг фақат бирламчи қадоғини ҳисобга олган ҳолдаги оғирлиги, яъни товар, истеъмол хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, шундай қадоқда чакана савдога чиқарилган ва (ёки) товарни сотишда унинг сақланишини таъминлайдиган бирламчи қадоқни товарнинг истеъмол хусусиятларини бузмаган ҳолда товарни истеъмол қилгунга қадар ундан ажратиб бўлмайдиган (масалан, банкадаги кофе ва ҳ.к.) қисми билан биргаликдаги оғирлиги тушунилади.

Агар товарнинг умумий вазни бир килограммдан кам бўлса, нетто вазн вергулдан кейинги уч белгигача аниқликда кўрсатилади.

11) 11-графа. “Товар номи”

Графада БКО асосида декларацияланаётган товар ҳақида маълумотлар, яъни товарнинг номи (савдо, тижорат ёки бошқа анъанавий номи), товар белгилари, маркалари, моделлари, бошқа техник ва тижорат тавсифлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Агарда БКО товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда қўлланилса, ушбу графада ҳолат акс эттирилади.

Масалан:

Автотранспорт воситасини божхона кузатувига олганлик учун божхона йиғимларини ундириш мақсадида БКО тўлдирилса, унда автотранспорт воситаси тўғрисида маълумот унинг сони кўрсатилади.

12) 12-графа. “Товар №”

Декларацияланаётган товарнинг тартиб рақами кўрсатилади. Битта номдаги товар декларацияланаётган бўлса, графада “1” рақами кўрсатилади. Биттадан ортиқ товарлар декларацияланган тақдирда рақамлар кетма-кетликда кўрсатилади, яъни 1,2,3...100.

13) 13-графа. “Божхона қиймати”

Декларацияланаётган товарнинг АҚШ долларидаги божхона қиймати кўрсатилади.

Товарнинг божхона қиймати Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 164-моддаси ва 169-моддасининг бешинчи қисми талабларига мувофиқ божхона ходими томонидан аниқланади.

14) 14-графа. “Жўнатувчи мамлакат”.

Адлия Вазирлигида 2016 йил 6 апрелда 2773-рақам билан рўйхатдан ўтган Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг 5-иловасига мувофиқ графада товарлар жўнатилган мамлакатнинг қисқа номи кўрсатилади.

15) 15-графа. “Жўнатувчи мамлакат коди”.

Адлия Вазирлигида 2016 йил 6 апрелда 2773-рақам билан рўйхатдан ўтган Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг 5-иловасига мувофиқ графада товарлар жўнатилган мамлакатнинг рақамли коди кўрсатилади.

16) 16-графа. “Келиб чиқиш мамлакати”.

Адлия Вазирлигида 2016 йил 6 апрелда 2773-рақам билан рўйхатдан ўтган Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг 5-иловасига мувофиқ товар келиб чиқиш мамлакатининг қисқа номи кўрсатилади.

Агар БКОни тўлдиришда товарнинг келиб чиқиш мамлакати номаълум бўлса, бу ҳолда графада “номаълум” деб кўрсатилади.

17) 17-графа “Келиб чиқиш мамлакати коди”.

Адлия Вазирлигида 2016 йил 6 апрелда 2773-рақам билан рўйхатдан ўтган Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг 5-иловаси мувофиқ келиб чиқиш мамлакатининг рақамли коди кўрсатилади.

Агар БКОни тўлдиришда товарнинг келиб чиқиш мамлакати номаълум бўлса, “000” коди қўйилади.

Агар товарни келиб чиқиш сертификатида Европа иттифоқининг аниқ мамлакати кўрсатилмаган бўлиб, товарнинг келиб чиқиш мамлакати сифатида Европа иттифоқи кўрсатилган бўлса, лотин ҳарфлари билан икки ҳарфдан иборат “EU” коди қўйилади.

18) 18-графа. “Тақдим этиладиган ҳужжатлар/қўшимча маълумотлар”.

БКО тўлдиришга асос бўладиган ҳужжатлар яъни,

а) чеклар, квитанциялар, ҳисобварақ-фактуралар, инвойслар, Умумжаҳон почта иттифоқининг ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатлар ва бошқа тижорат ҳужжатлари

Масалан:

ИНВ № 005 05.01.2016 й.;

б) товарларни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойгача етказиб бериш харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар.

в) бошқа ҳужжатлар (товарнинг келиб чиқиш сертификати рақами ва санаси, шахс томонидан маълум қилинган товарларнинг қиймати бўйича маълумоти).

г) декларацияланаётган товарга бошқа ваколатли органлар томонидан рухсатномалар, хулосалар ва бошқа ҳужжатлари (сертификатлар, гувоҳномалар ва ҳ.к.) тақдим этилганда ушбу ҳужжатларнинг рўйхат рақами ва берилган санаси кўрсатилади.

Масалан:

ССТ № UZ.SMT.01.065.1783700, 15.10.2015 й.;

ФТСС № 431771, 04.11.2015 й.

19) 19-графа. “Божхона тўловларининг ҳисоби”

Божхона тўловлари суммасини ҳисоблаш БКО асосий варағи ва қўшимча варақларининг 11-графаларида кўрсатилган ҳар бир товар бўйича алоҳида амалга оширилади, бундан БКОнинг асосий варағида кўрсатиладиган божхона расмийлаштируви учун ундириладиган йиғимлар мустасно.

“Тўлов тури” устунида Адлия Вазирлигида 2016 йил 6 апрелда 2773-рақам билан рўйхатдан ўтган Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг 13-иловасига мувофиқ божхона тўлов турининг коди кўрсатилади.

“Ҳисоблаш асоси” устунида божхона тўловини ҳисоблашнинг асоси кўрсатилади. Ҳисоблаш асоси Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси сўмда кўрсатилади.

“Ставка” устунида божхона тўлови суммасини ҳисоблашда қўлланиладиган божхона тўловлари ставкасининг белгиланган миқдори кўрсатилади.

“Сумма” устунида божхона тўловининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси сўмда ҳисобланган суммаси кўрсатилади.

“Тўлов усули” устунида тўланган божхона тўловлари қай тарзда тўланганлиги кўрсатилган ҳолда икки белгили ҳарфли код билан кўрсатилади:

“БН” - банк орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоб;

“КТ” - божхона тўловлари суммасини нақд пул билан тўлаш;

“Ҳисоб-китоб тафсилоти” устунида БКО ва қўшимча БКО бўйича тўлов коди ва ундириладиган умумий божхона тўловлари суммаси тури бўйича ҳамда уларнинг йиғиндиси яъни тўланадиган божхона тўловлари умумий суммаси “Жами” деган ёзувдан кейин кўрсатилади.

20) 20-графа. “Божхона органи белгиси”

Қоғоз нусхадаги БКОни божхона ходими ўзининг имзоси, шахсий рақамли муҳри, электрон БКОни эса электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди.

18. Тўлов қабул қилувчи ва тўловчи томонидан графаларнинг тасдиқланиши:

1) 21-графа. “Тўлов қабул қилувчи имзоси ва муҳри”

Тўлов нақд пул ёки нақд пулсиз кўринишида божхона комплекси ёки постида мувжуд бўлган банк шаҳобчасига тўланса, банк шаҳобчаси масъул ходимининг Ф.И.Ш. кўрсатилади ва унинг имзоси ҳамда муҳри билан тасдиқланади.

Агарда тўлов божхона органи кассасига топширилса уни қабул қилиб олувчи Ф.И.Ш. кўрсатилади ва унинг имзоси ҳамда шахсий муҳри билан тасдиқланади.

Қолган ҳолларда ушбу графа тўлдирилмайди.

2) 22-графа. “Тўловчининг имзоси”.

БКО нинг 4-устунида кўрсатилган жисмоний шахс томонидан, агарда тўловчи юридик шахс бўлганда унинг вакили томонидан имзоланади.

IV боб. Қўшимча БКО графаларини тўлдириш тартиби

19. Божхона ходими томонидан графаларнинг тўлдирилиши:

2-графа. “Қўшимча варақлар”

Графада қўшимча БКОнинг тартиб рақами кўрсатилади.

Масалан, БКОга иккита қўшимча БКО тўлдирилса, биринчи қўшимча варақда “2/3”; иккинчи қўшимча варақда эса “3/3” кўрсатилади.

3-графа. “Рўйхат рақами”

БКО асосий варағининг 3-графасида кўрсатилган рўйхат рақами кўрсатилади.

Шунингдек, қўшимча БКОнинг 7, 8, 9, 10, 11, 12, 13, 17-графалари ҳамда 19-графасининг “Тўлов тури”, “Ҳисоблаш асоси”, “Ставка”, “Сумма”, “Тўлов усули” устунлари БКОнинг асосий варағидаги ўхшаш графалар тўлдирилган тартибда тўлдирилади.

V боб. Якуний қоидалар

20. Товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда (божхона кузатуви учун, карантин ишлови учун, чет эл фуқаролари томонидан нотижорат мақсадларда вақтинча олиб кирилган транспорт воситасининг божхона ҳудудида туришининг умумий муддати ошганда ундириладиган йиғимлар) БКОнинг 5, 7, 8, 9, 10, 12, 13, 14, 15, 16 ва 17 - графалари тўлдирилмайди.

21. Расмийлаштирилган БКО ва қўшимча БКОга тегишли ўзгартириш киритиш ёки бекор қилиш божхона ходимининг билдиргиси асосида божхона комплекси (пости) бошлиғи рухсати билан амалга оширилади.

22. Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишилган.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш.Давлат божхона қўмитасининг қарори лойиҳаси.10.12.2016 й.БТТСваТҲЮББ
2Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини муҳокама қилиш учун Ягона порталга жойлаштириш.Ягона порталга жойлаштириш.12.12.2016 й.БТТСваТҲЮББ
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини муҳокама қилиш.Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Ягона порталда муҳокама қилиш.12.12.2016 - 27.12.2016 й.БТТСваТҲЮББ
4Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини таклиф ва эътирозлар асосида қайта ишлаш.Таклифларни умумлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини таклиф ва эътирозлар асосида қайта ишлаш ва якуний лойиҳани Ягона порталга жойлаштириш.27.12.2016 - 30.12.2016 й.БТТСваТҲЮББ
5Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишиш.Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига юбориш.02.01.2017 й.БТТСваТҲЮББ
6Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун киритиш.Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Адлия вазирлигига киритиш.20.01.2017 й.БТТСваТҲЮББ

So`rovnoma natijalari