Hujjat nomi
Жамоат жойларида тартибни сақлаш, ободонлаштириш ва санитария қоидаларига риоя қилинишини тартибга солиш тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotNavoiy viloyati hokimligi
Hujjat muallifiNavoiy viloyati hokimligi
Muhokama boshlanishi (sana)2015-04-24 19:36:20
Muhokama yakunlanishi (sana)2015-05-09 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЛОЙИҲА

НАВОИЙ ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ

ҚАРОРИ

Жамоат жойларида тартибни сақлаш, ободонлаштириш ва санитария қоидаларига риоя қилинишини тартибга солиш тўғрисида

Кейинги йилларда шаҳар ва туманлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳоли пунктларининг инфратузилмасини ривожлантириш ва ҳудудларни ободонлаштириш ишларига катта эътибор қаратилиб, замон талабларига мос қатор турар жой бинолари, маъмурий ва маданий-маиший бинолар, таълим, спорт ва тиббиёт муассасалари, янги истироҳат боғлари ва хиёбонлар бунёд этилди.

Шаҳар ва туманлар ҳудудларининг янада обод бўлиши учун мавжуд маданий-мерос объектлари, бунёд этилган бино-иншоотларга эътибор ва ғамхўрлик билан қараши, вилоятни янада гўзал ва мафтункор бўлиши йўлида ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилиши лозим.

Озодалик ва тартибни сақлаш, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларини янада яхшилаш, ҳар бир бино, иншоот ва уй-жойларни талаб даражасида сақлаш устувор вазифалардан биридир.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 6, 161-моддаларига мувофиқ, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, аҳоли пунктларида санитария ва экологик вазиятни янада яхшилаш мақсадида

Қ А Р О Р Қ И Л А М А Н :

1. Жамоат жойларида тартибни сақлаш, ободонлаштириш ва санитария қоидалари (кейинги ўринларда – Қоидалар) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вилоят Ички ишлар бошқармаси (Турсунов), Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (Турсунов), Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси (Худойқулов), Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси (Эшдавлатов), Давлат солиқ бошқармаси (Турсунов), “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Навоий вилоят бўлими (Исоқов), шаҳар ва туман ҳокимликлари мазкур қарор билан тасдиқланган Қоидаларга қатъий риоя этилишини ўз назоратига олсинлар.

3. Қуйидагилар:

Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари (Эшонқулов, Раззоқов, Бобомуродова, Ҳамроев), шаҳар ва туман ҳокимлари ушбу қарор билан тасдиқланган Қоидалар талабларини амалга ошириш юзасидан зарурий чора-тадбирлар белгиласинлар ва ҳар ой якуни билан ушбу масала муҳокама этиб борилишини таъминласинлар.

Вилоят ҳокимининг жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари (Мусурманов), вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди (Исоқов)га Жамоат жойларида тартибни сақлаш, ободонлаштириш ва санитария Қоидалари талаблари бажарилишини таъминлаш мақсадида жорий йил май ойининг учинчи ўн кунлигида вилоятнинг барча маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари раислари иштирокида кенгайтирилган семинар йиғилиши ўтказиш тавсия этилсин.

4. Вилоят ҳокимининг матбуот котиби, Компьютерлаштириш маркази, Капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалиги ва ободонлаштириш масалалари котибиятига ушбу қарорни “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталарида расман эълон қилинишини ва вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминлаш топширилсин.

5. Ушбу қарор халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясига тасдиқлаш учун киритилсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Эшонқулов зиммасига юклансин.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов

Вилоят ҳокимининг

2015 йил “____” майдаги

_________-сонли қарорига

илова

Жамоат жойларида тартибни сақлаш, ободонлаштириш ва санитария

ҚОИДАЛАРИ

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Қоидалар вилоят маркази, шаҳарлар, туманлар марказлари ва бошқа аҳоли пунктлари ҳудудида жамоат тартибини сақлаш,

ободонлаштириш ва санитария қоидаларига риоя қилиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

уй-жой фонди - инсон яшаши учун яроқли бўлган турар жойдан, шу жумладан уйлар, квартиралар, хизмат турар жойлари, махсус уйлардан (ётоқхоналар, вақтинчалик уй-жой фонди уйлари, ногиронлар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун интернат-уйлар, шунингдек болалар уйлари ва бошқа. махсус мақсадли уйлардан) иборат бўлган фонд.

турар жойлар – уйлар, кўп квартирали уйлардаги квартиралар, бошқа иморатлардаги яшаш учун мўлжалланган хоналар ва ўзга турар жойлар.

хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкати (кейинги ўринларда – ХУЖМШ (ширкат) кўп квартирали битта ёки яқин, зич жойлашган, ободонлаштириш элементлари бўлган умумий ер участкаси билан қамраб олинган бир нечта уйдаги хусусий турар жойлар мулкдорларининг бирлашмасидир.

ободонлаштириш - аҳоли ҳаёти учун қулай ва маданий шарт-шароитларни яратиш мақсадида ҳудудларни муҳандислик жиҳатидан тайёрлаш, йўллар қуриш, ҳудудларни тозалаш, захини қочириш, кўкаламзорлаштириш ва ирригациялаш тадбирларини амалга ошириш, микроиқлимни яхшилаш, ҳаво ҳавзаси, очиқ сув ҳавзалари ва тупроқни ифлосланишдан ҳимоя қилиш, у ёки бу ҳудудни қурилиш учун яроқли ҳолга келтириш ва белгиланган мақсадда нормал фойдаланиш, амалга ошириладиган шовқинлар даражасини камайтириш ишларининг йиғиндиси;

ободонлаштириш объектлари - кўчалар, тор кўчалар, йўллар, марказий майдонлар, йўлкалар, кўприклар, ер ости йўллари, йўловчилар ер ости ўтиш йўллари, кўчалар, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва уларнинг дам олишлари учун фойдаланиладиган объектлар (маданият ва истироҳат боғлари, боғлар, хиёбонлар, скверлар), цемент суғориш ариқлари тармоқлари;

чиқиндилар - ишлаб чиқариш ёки истеъмол қилиш жараёнида хом ашё, материаллар, хомаки маҳсулотлар, бошқа буюмлар ёки маҳсулотларнинг ҳосил бўлган қолдиқлари, шунингдек ўзининг истеъмол хусусиятларини йўқотган товарлар (маҳсулотлар);

қурилиш чиқиндилари - қурилиш, тиклаш, таъмирлаш ва турар жой уйларини, маъмурий биноларни, кўп қаватли уйнинг хонадонларини бузиш ишлари чоғида вужудга келадиган чиқиндилар.

[ izohlar (1) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

Shodiyev Sheroz Samandarovich 2015-05-05 11:24:54
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қодекснинг 6-моддаси талабига кўра вилоят ҳокимлари ушбу Кодекснинг 90, 109, 110, 161, 162-моддаларига, 164-моддасининг иккинчи қисмига, 168-моддасига биноан бузилиши маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган қоидаларни белгилаши қайд қилинган. Ваҳоланки, лойиҳада кўрсатилган айрим нормалар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс билан тартибга солинган. Шу сабабли, лойиҳани 6-модда талабига риоя қилган ҳолда қайтадан кўриб чиқиш лозим.

II. ОБОДОНЛАШТИРИШ ОБЪЕКТЛАРИДА ЖАМОАТ ТАРТИБИНИ САҚЛАШ

3. Вилоят аҳолиси ўрнатилган жамоат тартибига риоя қилишлари шарт.

4. Спорт ва бошқа шовқинли ўйинлар махсус ажратилган майдончаларда соат 700 дан 2200 гача ўтказилиши мумкин.

5. Маданият муассасалари, савдо, умумий овқатланиш ва бошқа корхоналар ходимлари маҳалла вакиллари билан биргаликда жамоат тартибини бузиш ҳолларини олдини олиш учун барча зарур чора-тадбирларни кўришлари лозим.

6. Қуйидагилар ман этилади:

кўчаларда, ҳовлилар ва йўлакларда, стадионларда, хиёбонларда, истироҳат боғлари ва бошқа жамоат жойларида (спиртли ичимликларни қуйиб сотиш рухсат берилган умумий овқатланиш корхоналари бундан мустасно) спиртли ичимлик истеъмол қилиш, инсоний қадр-қимматга ва ижтимоий ахлоққа доғ тушириш;

ҳақоратли сўзлар ишлатиш, пул ва буюмлар тикиб, қиморбозлик қилиш, кўчаларда қарта ўйнаш ва ҳоказолар;

белгиланмаган жойларда чўмилиш, фуқароларнинг чўмилиш кийимларида пляждан ташқари жойларда юришлари;

юридик шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларини ишдан ташқари вақтда махсус жиҳозланмаган жойларда, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларини улар учун рухсат бўлмаган жойларда сақланиши;

жамоат жойларида, хусусан белгиланмаган ҳудудда ҳамда кўча ва йўлларнинг қатнов қисмида транспорт воситаларини ювиш;

итларни белгиланмаган жойларда ва аҳоли яшаш жойларида тумшуқ банди кийгизилмаган ҳолда сайр эттириш;

йирик ва майда шохли чорва моллари, от, эшаклар ҳамда хонаки паррандаларни кўчалар, майдонлар, истироҳат боғлари ва бошқа жамоат жойларига қўйиб юбориш ёки боқиш;

фуқаролар томонидан автотранспорт бекатлари, кўчалар бўйида ҳамда мактабгача тарбия муассасалари, мактаблар, тиббиёт муассасалари, коллеж ва лицейларга туташ ҳудудларда тамаки, сақич, писта, уйда тайёрланган таомлар, салқин ичимликлар ва бошқа маҳсулотлар билан савдо қилиш;

маиший ва қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойларга ташлаш ёки йиғиш.

[ izohlar (1) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

Shodiyev Sheroz Samandarovich 2015-05-05 11:15:18
Лойиҳанинг 6-банди бешинчи хатбошсида қўрсатилган норма Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6-моддаси билан тартибга солинади. Шу муносабат билан ушбу нормани чиқариб ташлаш тавсия этилади

III. ЖАМОАТ ЖОЙЛАРИДА САНИТАРИЯ ТАЛАБЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИШ

7. Фуқаролар барча жамоат жойларида тозаликка ва тартиб-интизомга риоя қилишлари шарт.

8. Аҳоли яшаш пунктлари, маҳаллалар, кўчалар, майдонлар, очиқ сув ҳавзаларининг соҳиллари, кўприклар, ер ости ўтиш йўллари, йўлкалар, боғлар, хиёбонлар, майдонлар ҳамда бўш турган ер майдонларини чиқинди ва қор уюмларидан тозалаш - ушбу Қоидаларда белгиланган тартибда тегишлилиги бўйича корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ширкатлар, ижарачилар, уй эгалари ёки махсус қарор билан ушбу ҳудудга бириктирилган ташкилот зиммасига юкланади.

9. Ҳудудга бириктирилган ташкилот, корхона ва муассасалар қуйидаги шартларни бажаришга мажбурлар:

а) зарур бўлган миқдорда фаррошларни жалб қилиш;

б) йиғилган чиқиндиларни махсус ажратилган жойларга вақтида чиқариб ташлашни таъминлаш;

в) қиш пайтларида теварак-атрофни қор уюмлари, муздан ўз вақтида тозалаш, балконлар ва бино карнизларини сумалаклардан тозалаш, ёз пайтларда сув сепиб, супуриш.

10. Ташкилотлар, муассасалар, бино-иншоотлар ҳамда уй эгалари улар эгаллаб турган бинолар атрофида қуйидагиларни таъминлаши шарт:

ҳудудни озода тутиши, қишда қор ва муздан тозалаши;

бинонинг асфальт кўчагача ёхуд асфальтланмаган кўчанинг ўртасигача, кўприкларни, ариқларни, йўлка ва йўлакларни, гулзорларнинг марзасигача тозалаши;

теварак-атрофларни саранжом-саришталаш ишларини баҳор ва ёз ойларида эрталаб соат 700 гача, куз-қиш мавсумида эса эрталаб соат 800 гача тугаллаш ҳамда бутун кун давомида озодаликни таъминлаб туриши;

корхона бинолари ва уйларни кўнгилдагидек саранжом-саришта тутиш, ўз вақтида таъмирлаб туриш, биноларнинг фасад қисмини бўяш;

махсус ажратилган жойларда чиқинди йиғиш қутиларини ўрнатиши ва белгиланган вақтларда олиб кетилиши;

чиқинди йиғиш қутилари қўйилган майдончалар мунтазам равишда тозаланиб, дезинфекция тадбирлари амалга оширилиб турилиши (турар жой мавзеларида – хизмат кўрсатувчилар, якка тартибда уй-жойларда - уй эгалари, корхона ва муассасаларда - маъмурият томонидан);

кўчаларнинг қатнов қисмини, майдонлар ва жамоат транспорти бекатларини (сўнгги бекатдан ташқари) тозалаш (ювиш, сув сепиш, чиқинди, қор ва муздан тозалаш) шаҳар (туман) ободонлаштириш бошқармалари, тегишли ихтисослаштирилган бошқармалар ҳамда жамоат транспорти бекатини ижарага олган ташкилотлар (фуқаролар) томонидан бажарилиши;

қурилаётган биноларни ва уларга туташ ҳудудларни тозалаш қурилиш ташкилотлари томонидан бажарилиши.

Шахсий уйлари бўлган фуқароларга маиший чиқиндиларни олиб чиқиб ташлаш миқдори ҳар бир оила аъзосига белгиланади, йирик ва майда шохли чорва моллари, чўчқа ва парранда боққан кишилар томорқасидан, боғидан гўнг, чиқиндилар, қурилиш чиқиндиларини ташиб кетганлик учун белгиланган тартибда ҳақ ундирилади.

11. Ширкатлар, ётоқхона бинолари, корхона, муассаса, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарининг раҳбарлари, ижарачилар, қурувчилар бинолар ва қурилишлар йўлкаларининг ҳар 50 метр оралиқ масофасида махсус белгиланган майда чиқиндиларни йиғиш қутиларини ўрнатишлари ва уларни ўз вақтида тозалаб туришни таъминлашлари шарт.

12. Ихтиёрларида уй-жойлар, маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари бўлган корхоналар, ташкилотлар, муассасалар раҳбарлари, ширкатлар раислари, шунингдек шахсий уйлари бўлган фуқаролар қуйидаги талабларни бажаришлари шарт:

а) биноларга кўрсатгич ёрлиқлари ва уйнинг тартиб рақами ёзилган пешлавҳалар илиб қўйиш;

б) ҳовлилар, кўп қаватли уйларнинг йўлакларини, кўчаларни электр чироқлари билан ёритилишини доимий равишда таъминлаш, қоронғи тушиши билан уларни ёқиб қўйиш;

в) ҳар бир уйнинг кўча томонида ер ариқ ёки бетонланган ариқлар қуриб оқова сувларни тўсиқсиз оқиб ўтишини, мавжуд ариқларни эса озода сақланишини таъминлаш.

13. Савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш корхоналари, шу жумладан, дорихоналар ўз объектларининг фасад қисмини, теварак-атрофларини тоза ва тартибли бўлишини таъминлашлари, ноқонуний эълон, ахборот ва реклама воситаларини жойлаштирмасликлари лозим.

14. Йўловчи ташиш транспорт корхоналари ҳамда балансида автотранспорт ва механизмлар мавжуд бошқа корхона, ташкилотлар транспорт воситаларини шаҳар, туман кўчаларига тоза, бенуқсон ҳолда чиқаришлари, транспортларни кундалик равишда автокорхоналардаги ёки бошқа махсус белгиланган жойлардаги ювиш жойларида ювиб, тозаланишини таъминлашлари зарур.

15. Жамоат транспортининг сўнгги бекатларини тозалаш шартномага биноан шаҳар, туман ободонлаштириш бошқармалари томонидан амалга оширилади.

16. Темир йўллар ҳамда кириш йўллари, вилоят ҳудудидаги темир йўллар, тепаликлар, темир йўлдан ўтиш жойлари, шунингдек “Навоий вокзали”нинг олди майдонини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва тозалаш ишларини амалга ошириш, темир йўл ёки улар билан шартнома тузган бошқа корхона томонидан амалга оширилади.

17. Қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган пайтларда қурилиш майдонлари деворлар билан тўсилиши, пиёдалар йўлаклари тўсилиб қолган тақдирда ушбу девор ёқалаб кенглиги камида 1,5 метр бўлган панжарали тахта йўлак ўрнатилиши, шунингдек темир-бетон ётқизилган кириш йўли ускуналаниши, кўчаларни ифлослантирмаслик учун транспортларни тозалайдиган, қурилиш чиқиндилари ва тупроқни намлайдиган мослама бўлиши лозим.

Қурилиш майдонларини тўсиқлар билан ўраш ва тартибга келтириш ишлари шаҳар, туман ҳокимликларининг Ободонлаштириш бошқармалари ҳамда Ички ишлар бошқармасининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан келишилган ҳолда амалга оширилиши лозим ва шундан кейингина қурилиш ишларига рухсат берилади.

18. Кўчаларни ифлос қилиши мумкин бўлган юклар, қурилиш чиқиндилари, қум ва тупроқ фақат махсус жиҳозланган юктранспортларда намланган ҳолда ташилиши шарт.

Кўчаларни ифлослантириш ҳолларининг олдини олиш мақсадида, бундай юклар ортилган юк транспортлар устини брезент билан ёпиш тавсия этилади.

19. Шаҳар, туман ҳудудларини кузги - қишки мавсумда тозалаш ишлари ҳар йили 1 октябрдан 1 мартгача белгиланади. Бунда, кўчаларни хазондан, қор уюмлари, муз, чиқинди, лойдан тозалаш, зарур бўлиб қолган тақдирда кўчаларнинг қатнов қисмига ҳамда йўловчилар учун йўлкаларга қум ва туз сепиш ишларини бажариш кўзда тутилади.

20. Кўчалар, майдонлар, хиёбонлар ва йўловчилар учун йўлкаларни қор уюми ва музлардан тозалаш ишлари қор тушиши биланоқ бошланади. Бу ишлар транспорт ҳамда йўловчиларнинг бемалол қатновини таъминлаш учун даставвал марказий (асосий) кўчалардан бошланади.

21. Кўчаларнинг қатнов қисмига, майдонларга, чорраҳаларга қияликларга механизациялашган усулда қум ва туз сепиш ишларини бажариш ихтисослаштирилган бошқармалар ҳамда туман ободонлаштириш бошқармалари томонидан режали равишда амалга оширилади.

22. Ташкилотлар, корхоналар, муассасалар, ширкатлар ҳамда шахсий уйлари бўлган фуқаролар зарур ускуналарга хамда қум захирасига эга бўлишлари, ўзларига тегишли йўл ва йўлкаларни қордан тозалашлари ва қум сепиб туришлари керак.

23. Вилоят худудларини ҳамиша озода ва саранжом - саришта тутиш мақсадида, ҳар шанба кунлари “Тозалик кунлари” деб белгиланади.

Барча корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, савдо объектлари, умумий овқатланиш, маиший хизмат, транспорт корхоналари, ўқув юртлари, ширкатлар, маҳалла фаоллари, бутун аҳоли ўз теварак атрофидаги ҳудудларни тозалаб туриши, суғориш тармоқларини тозалашлари ҳамда дов-дарахтларни парвариш қилиб боришлари шарт.

24. Қуйидагилар ман этилади:

а) кўчалар, айланма кўчалар, йўллар, марказий майдонлар, йўлкалар, кўприклар, туннеллар, йўловчилар ўтадиган ер ости йўллари, сув ҳавзаларининг қирғоқлари, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини ва ҳордиқ чиқаришини қондириш учун фойдаланиладиган объектлар (маданият ва истироҳат боғлари, боғлар, хиёбонлар)га барча турдаги чиқиндиларини ва оқова сувларни ташлаш;

б) ташқи ва алоҳида қисмлари шаҳар ва туманларнинг тозалиги ва кўрки талабларига жавоб бермайдиган даражада ифлосланган ёхуд кўча ва йўлларни ифлослантириш эҳтимолига эга транспорт воситаларининг шаҳар бўйлаб ҳаракат қилиши;

в) уйлар ҳамда жамоат жойларнинг олд томонларига белгиланган тўсиқдан ташқари ҳар қандай тўсиқлар ўрнатиш;

г) кўча томонга қаратилган балконларга ҳар хил рўзғор буюмларини илиш ва қўйиш;

д) кийим-кечак, гилам, кўрпа-тўшак сингари буюмларни рухсат этилмаган жойларда қуритиш, тозалаш ва чангини қоқиш;

е) белгиланмаган жойларга эълон, ахборот ва рекламаларни ёпиштириш, бинолар фасадига ноқонуний ахборот ва реклама воситаларини жойлаштириш;

ё) ариқларга ҳовузлар қазиш, ҳар хил тўсиқлар ташлаш, уларга сувда яшовчи паррандаларни қўйиб юбориш, кир ювиш, мағзава оқизиш уй ҳайвонларини чўмилтириш;

ж) кўчалар, боғлар, майдонлар ва ҳовлиларда супуринди ва хазонларни ёқиш;

з) кўча ва йўлкаларни қазиш, ғишт қуйиш ҳамда қурилиш материалларини уйиб қўйиш;

и) сув сепмасдан кўча, тротуар ва ҳовлиларни супуриш;

й) шаҳарнинг белгиланмаган жойларида, норасмий равишда озиқ-овқат ва саноат моллари, уй-рўзғор буюмлари, кийим-кечак ва пойафзал сотиш;

к) фуқаролар томонидан ноқонуний равишда озиқ-овқатлари (таомлар, салқин ичимликларни ва ҳоказо) сотиш.

Ноқонуний равишда сотилаётган маҳсулотлар қонунда белгиланган тартибда мусодара қилинади ва ўрнатилган тартибда йўқ қилинади.

25. Савдо, умумий овқатланиш корхоналари ва бошқа ташкилотлар томонидан кўчалар, майдонлар ва йўлкаларда саноат моллари, сабзавот-мева ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини сотишни ташкил қилинганда, шаҳар, туман ҳокимликлари томонидан расмийлаштирилган тегишли рухсатнома бўлиши ҳамда санитария-гигиена ва савдо қоидаларига қатъий риоя қилишлари керак.

[ izohlar (1) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

Shodiyev Sheroz Samandarovich 2015-05-05 11:18:30
24-банднинг "ж" бандида кўрсатилган норма Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси учинчи қисми билан тартибга солинади. Шу сабабли, уни маҳаллий давлат ҳокимиятининг қарори билан қайта ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмас.

IV. ЎСИМЛИК ДУНЁСИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

26. Ўсимлик дунёсининг яшил бойликлари кимга қарашли бўлишидан қатъи назар, улар шаҳар, туманларнинг дахлсиз яшил фонди ҳисобланади.

27. Ўсимлик дунёсининг яшил бойликларини сақлаш ҳамда парвариш қилиш масъулияти:

а) майдонлар ҳамда кўчаларда - шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари;

б) маданият ва истироҳат боғлар, хиёбонлар, - боғларнинг раҳбарлари ҳамда шаҳар, туман ҳокимликларининг Маданият ва спорт ишлари бўлимлари;

в) уйларда эшик олдидан кўчанинг қатнов қисми ва ҳовлиларда -ширкатнинг раислари, бинолар, маҳалла раислари, уй эгалари ҳамда ижарачилар;

г) корхона, муассаса, мактаб, шифохона ва бошқа ташкилотлар ҳудудларида - шу ташкилотларнинг маъмурияти зиммасига юклатилади.

28. Ободонлаштириш бошқармалари дарахтлар ва буталарнинг шох-шаббаларини ўз вақтида кесиб туришлари, уларга шакл беришлари, шаҳар, туманлардаги транспорт қатнайдиган йўлларга алоҳида эътибор беришлари шарт.

Дарахтларни кесиш, уларга шакл бериш, кавлаш, кўкаламзорлаштириш ишлари ташкилотлар, корхоналар, муассасалар буюртмасига биноан уларнинг ҳисобидан амалга оширилади.

29. Зарарлантирилган ёки нобуд қилинган ҳар бир туп дарахт учун айбдор шахс, вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган жойда 10 туп кўчат ўтқазиши ва йил бўйи парвариш қилиши шарт.

30. Қуйидагилар ман этилади:

а) дарахтларни, буталарни синдириш, уларни тилиб, ўйиб ёзиш, беланчак осиш, арқонлар, сим боғлаш, михлар қоқиш, мевалар, шох-шаббалар, гулларни узиш, дарахтларнинг шарбати ва елимини олиш, майсазорлар устидан юриш, дарахтларга эълон, ахборот ва рекламаларни осиш;

б) аҳоли яшаш мавзеларида, болалар боғчалари ва мактаб майдонларидаги ўтиргичлар, қутилар, чироқлар, панжараларни бузиш, боғлар ва хиёбонлардаги шу каби буюмлар ва ускуналарни бузиш;

в) Табиатни муҳофаза қилиш вилоят қўмитаси, Ободонлаштириш бошқармалари ва шаҳар, туман ҳокимликларининг рухсатисиз дарахт ва буталарни, шу жумладан қуриб қолган ва касалланган дарахт кўчатларини жойидан қўзғатиш, кавлаб ташлаш, кесиш ва шакл бериш;

г) турар жой бинолари оралиғи ва хусусий хонадонлар атрофидаги ҳудудларни сабзавот-полиз экинлари экиш майдонларига айлантириш;

д) кимёвий моддалар, саноат чиқиндилари билан ифлосланган сувлар ва бошқа зарарли моддалар ҳамда суюқликларни кўчатлар тагига ёхуд унинг атрофларига тўкиш.

V. ТУРАР ЖОЙ ФОНДИНИ САҚЛАШ ВА ЯРОҚЛИ ҲОЛДА ТУТИШ БЎЙИЧА ЖАВОБГАРЛИК МАСЪУЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА

1. Шаҳар ва туман ҳокимликлари, ташкилот ва корхоналарга қарашли турар жой бинолари ва турар жой хоналари фуқароларга белгиланган тартиб бўйича доимий ёки вақтинча фойдаланиш учун берилади.

2. Истиқомат қилувчилар уйларнинг жиҳозларига, турар жой ва ёрдамчи биноларга, уйларнинг ускуналари, подъездларга, хонадонларга, шунингдек бино ҳовлисининг ва унга туташ бўлган ҳудудлардаги дов дарахтларга зарар етказганликлари учун қонунга мувофиқ жавобгар саналадилар.

3. Истиқомат қилувчи ёки унинг оила аъзолари томонидан турар жой вайрон қилинса ёхуд унга шикаст етказилса ҳамда бу ҳақдаги тегишли огоҳлантириш ва жамоатчилик таъсиридан тўғри хулоса чиқарилмаган ҳолларда айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда, бошқа турар жой берилмасдан кўчириб юборилади.

4. Хусусий уйларнинг эгалари, уларни ораста сақлаши, таъмирталаб аҳволга келган уйларни архитектура талабларига биноан жорий таъмирлаши ҳамда бинонинг фасад қисмини кўркам қилишга мажбур.

5. Балансида турар жой бинолари бўлган корхона, ташкилотлар, ХУЖМШ ва Уй-жойлардан фойдаланиш идора(ЖЭК) лари, истиқомат қилувчилар ҳамда уй эгалари қуйидагиларга риоя қилишлари шарт:

а) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 1994 йил 28 июнда 325-сон қарор билан тасдиқланган “Турар жойларни ва уй атрофидаги ерларни сақлаш ва улардан фойдаланиш ҚОИДАЛАРИ” га қатъий риоя қилиш;

б) кўп қаватли турар жой биноларининг хонадонларидаги ҳамма хоналар — бевосита истиқомат қилинадиган хоналар ҳамда ёрдамчи хоналар, умум фойдаланиладиган жойлар ва қўрғон ҳовлиси ҳамиша тоза ва саранжом бўлиши ва улардан мақсадга мувофиқ фойдаланиш;

в) пашша ва бошқа шу каби зараркунанда ҳашаротларни йўқотиш бўйича мунтазам равишда тадбирлар белгилаб бориш ва профилактик дезинфекция ва дератизация тадбирларини ўтказиш бўйича туман дезинфекция станцияси билан шартномалар тузиш;

г) турар жойлар учун белгиланган ёнғинга қарши кураш қоидаларига қатъий риоя қилиш;

д) электр симларини узилмаганлигини (турар жой хоналари ва умум фойдаланиладиган жойларда) кузатиб бориш, бирон-бир нуқсон кўзга ташланганда дарҳол ХУЖМШ, Уй жойлардан фойдаланиш идораси (ЖЭК) ёки туман, шаҳар электр тармоғига хабар қилиш;

е) газ жиҳозларига тўғри муносабатда бўлиб, уларни ишдан чиқиш ҳамда бузилишидан асраш, газдан фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя қилиш;

ё) санитария-техника жиҳозларининг созлигини ва водопровод ҳамда канализация тизимларининг тўғри ишлаётганини кузатиб бориш, сув оқиб кетишини, раковина ва унитазларнинг ифлосланишининг олдини олиш бўйича шошилинч тадбирлар белгилаш. Марказий иситиш тизимининг иситиш жиҳозларини ҳамиша соз ҳолда сақлаш.

6. Уйларнинг ҳовлилари ҳамиша озода бўлиши ва ҳар куни камида икки марта супурилиши керак. Қишки пайтларда ҳовлиларда турар жой биноларига ҳамда хизмат хоналарига олиб кирадиган йўлаклар тозаланиши керак.

7. Таъмирдан чиқарилаётган уйлардан, қурилиш чиқиндилари таъмирлар-қурилиш ташкилотларининг кучи ва маблағи билан ҳар куни ташиб кетилиши керак. Тротуарлар ва йўлакларнинг ўтиш қисмига қурилиш чиқиндиларини ташлаш ва сақлаш тақиқланади.

8. ХУЖМШ ва Уй-жойлардан фойдаланиш идораси (ЖЭК)нинг раҳбарлари, уй эгалари ва уйларга бевосита раҳбарлик қилиш зиммасига юклатилган бошқа шахслар уйларидаги тартибни доимо сақлашлари, ҳар куни бинонинг ташқи кўриниши ҳамда унинг айрим қисмлари ҳисобланган балкон, карниз, тарнов ва ер тўлаларнинг техникавий ҳолатини кузатиб боришлари керак. Томлар ва тарновларни ўз вақтида чиқиндилардан, хазондан ва қордан тозалашлари лозим.

9. ХУЖМШ ва Уй-жойлардан фойдаланиш идораси (ЖЭК) раҳбарлари, фаррошлар зинапояларни ва майдончаларни, уйга туташ бўлган ҳудуд, тротуар ва кўчаларни ҳамиша тоза туришини, сув сепиб турилишини таъминлашлари, шунингдек, ҳар бир турар жой биносида ҳовлининг ҳамда унга туташган ҳудуднинг санитария ҳолатига масъул бўлган кишиларни номлари ёзилган пештахталарни илиб қўйишлари керак.

10. Турар жой фондлари ва унинг жиҳозларига зарар етказган хонадонларнинг санитария ҳолати бузилишида айбдор бўлган шахсларга нисбатан зарур талабчанлик кўрсатмаган ХУЖМШ, Уй-жойлардан фойдаланиш идора (ЖЭК) лари, ташкилот ва идораларнинг раҳбарлари бунинг учун шахсан жавобгар бўладилар.

11. Шаҳар ва туман ҳокимликлари қуйидагиларни амалга оширишлари шарт:

а) уй, мавзе ва маҳалла фаоллари, инженер-техник ходимлар ва фаррошлар фаолиятини турар жой фондларидан фойдаланишни яхшилашга ҳамда шикастланишида айбдор бўлган кишиларни қонун бўйича жавобгарликка тортишга қаратишлари;

б) ХУЖМШ, Уй-жойлардан фойдаланиш идора (ЖЭК) лари, маҳалла фаоллари ҳамда аҳолининг турар жой бинолар ва ҳовлиларни сақлашни яхшилашга қаратилган ташаббусларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибани кенг оммалаштириш, уй хўжаликларига хизмат кўрсатишнинг жамоатчилик асосидаги формаларини рағбатлантириш (хонадонлардаги майда нуқсонларни бартараф қилиш, дов— дарахтларни парвариш этиш, кириш йўлаклари ва ҳовлиларда аҳолининг навбатчилик қилишини йўлга қўйиш).

12. Қуйидагилар ман этилади:

а) турар жой хоналарини ва умум фойдаланиладиган жойларни ўзбошимчалик билан қайта жиҳозлаш ёхуд қайта режалаштириш (панжаралар ўрнатиш, уларни ўрнидан қўзғатиш ва олиб ташлаш, эшикларни алмаштириш, эшик ўрнини қайтадан қуриш, яшаш хонаси ва ёрдамчи бинолар қуриш, иситиш жиҳозлари, санитария-техника ускуналари, плиталар, электр ҳисоблагичларнинг ўрнини алмаштириш, балконларга ва пешайвонларга дераза ўрнатиш ва панжара қилиш, кўчага қараган балконларга сим тортиб кир ва бошқа нарса ёйиш, балконларга ҳар хил идишларни уйиб қўйиш).

Истиқомат қилувчилар ва уй эгалари томонидан турар жойларни ўзбошимчалик билан қайта қуриш ва ички таркибига ўзгартиришлар киритиш маън этилади. Ўзбошимчалик билан киритилган ўзгартиришлар ва қурилишлар ХУЖМШ, Уй-жойлардан фойдаланиш идора (ЖЭК)лари ҳамда шаҳар, туман архитектура ва қурилиш бўлимларининг талабига кўра ўз ҳисобларидан бартараф этилиши ва хоналарни аввалги ҳолатига келтириб қўйилиши шарт. Мазкур талаб бажарилмаслиги, хоналарни аввалги ҳолига келтириш ишларини юқорида қайд этиб ўтилган идоралар кучи билан бажарилишига ва харажатларни қонун ҳужжатларига мувофиқ хонадон эгаларидан ундириб олинишига асос бўлади.

б) турар жой биноларининг ҳовлиларида, махсус ажратиб қўйилган жойдан ташқарида ҳар хил буюмлар ва идишларни қўйиш ҳамда сақлаш;

в) нуқсони бўлган электр симлардан фойдаланиш, электр симларни михга илиб қўйиш, уларга гулли қоғозлар ёпиштириш, симларга арқонлар боғлаш, роликларга, электр симларига, арматураларга ҳар хил буюмларни илиб қўйиш, қўлбола пробкалардан фойдаланиш, электр чироқларини қоғоз ва бошқа материаллар билан ўраш, электр дазмоллар, электр чойнаклар, электр плиталардан ва бошқа турдаги электр буюмларидан ўтга чидамли тагликларсиз фойдаланиш;

г) газ плиталаридан хоналарни иситиш учун фойдаланиш, газ плиталари устига кийим ва бошқа буюмларни илиш, газ трубаларига арқонлар боғлаш, ёш болаларнинг газдан фойдаланишига йўл қўйиш;

д) радиатор кранларидан иссиқ сув олиш.

13. Ушбу бўлимдаги қоидаларнинг бажарилишини назорат қилиб бориш, шаҳар ва туман ҳокимликлари, ХУЖМШ, Уй-жойлардан фойдаланиш бошқармаси (ЖКУ), “Ғарбгазтаъминот” унитар корхонаси вилоят бошқармаси, шаҳар ва туман бўлимлари, Ички ишлар идоралари, ободонлаштириш бошқармалари, Давлат санитария эпидемиология назорати хизмати ҳамда Давлат ветеринария бошқармасининг зиммасига юкланади.

[ izohlar (1) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

Shodiyev Sheroz Samandarovich 2015-05-06 10:42:20
Қарорнинг ўзида мансабдор шахсларнинг ушбу қарорни назорат қилиш бўйича ваколатларини аниқ белгиланмаганлиги, коррупцияни келтириб чиқарувчи омил бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шу сабабли, мансабдор шахсларнинг ҳар қайсига қарор ижросини назорат қилиниши лозим бўлган аниқ бандлар, хатбошилар кўрсатилиши лозим. Мисол учун, туман, шаҳар ҳокимларига ушбу қарорнинг ___ банди, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига ___бандларини бажарилишини назорат қилиш юклансин

ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

31. Ушбу Қоидаларга вилоят ҳудудидаги барча жисмоний ва юридик шахслар (мулкчилик шаклидан қатъий назар) риоя этиши шарт.

Қоидалар талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишНавоий вилояти ҳокимининг қарори лойиҳасини тайёрлаш23.04.2015 й.Навоий вилояти ҳокимлиги, вилоят ИИБ, Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, Молия бошқармаси
2Ягона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришЯгона порталда: муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабарномани; жадвални; норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини; муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштириш24.04.2015Навоий вилояти ҳокимлиги, вилоят компьютерлаштириш маркази
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишЛойиҳани белгиланган тартибда Ягона порталда муҳокама қилиш.24.04.2015 й. - 09.05.2015 й.Навоий вилояти ҳокимлиги, Ягона портал фойдаланувчилари
4Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини таклифларга мувофиқ қайта ишлашЯгона портал иштирокчиларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қайта ишлаб чиқиш11.05.2015 й.Навоий вилоят ҳокимлиги, вилоят Давлат солиқ ва Молия бошқармалари
5Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ташкилот ва муассасалар билан келишишЯгона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини қайта жойлаштириш ва лойиҳани ташкилот, муассасалар билан келишиш13.05.2015 й.Навоий вилояти ҳокимлиги, вилоят компьютерлаштириш маркази
6Ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тасдиқлаш учун киритишИшлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тасдиқлаш учун Навоий вилояти ҳокимига киритиш15.05.2015 й.Навоий вилояти ҳокимлиги

So`rovnoma natijalari