Hujjat nomi
Тижорат банклари капиталининг монандлигига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiNizom
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO‘zbekiston Respublikasi Markaziy banki
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Markaziy banki
Muhokama boshlanishi (sana)2015-05-06 09:48:59
Muhokama yakunlanishi (sana)2015-05-21 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ва “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ тижорат банклари (кейинги ўринларда банк деб аталади) капиталининг монандлигига нисбатан қўйиладиган талабларни белгилайди.

1–боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади (ушбу ҳужжатда берилган тушунча ва таърифлар капиталнинг монандлигини ҳисоблаш мақсадидагина ишлатилади ва Марказий банкнинг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида кўрсатилган қоидаларга тааллуқли эмас):

банк талаблари – банк олдидаги барча мажбуриятлар;

капитал захиралар – солиқлар ва мажбурий тўловлар тўлангандан сўнг соф фойда ҳисобидан шаклланган захиралар. Улардан банк фаолиятида вужудга келадиган ҳар қандай зарарларни улар юзага келиши биланоқ ҳеч қандай чеклашларсиз қоплаш учун фойдаланилиши мумкин;

стандарт (яхши) кредитларга (активлар) яратиладиган захиралар – банк фаолияти давомида умуман ёки бирор–бир фаолият тури (кредитлаш, инвестициялаш ва бошқа активлар) натижасида юзага келиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш мақсадида ташкил қилинадиган, лекин алоҳида операциялар бўйича зарарларни қоплашга мўлжалланмаган захиралар. Банклар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан сўнг қолган фойда ҳисобига бундай захираларни ташкил қилишлари лозим;

махсус захиралар – “субстандарт”, “қониқарсиз”, “шубҳали” ва “умидсиз” деб таснифланганкредитлар ва лизинг ёки бошқа алоҳида активлар бўйича эҳтимолий зарарларни қоплашга мўлжалланган захиралар;

номоддий активлар – моддий ва жисмоний шаклга эга бўлмаган, идентификацияланадиган активлар (дастурий таъминот, фойдаланиш ҳуқуқи, маркетинг ва техник маълумотлари, гудвилл, муддати узайтирилган солиқ мажбуриятлари ва бошқалар);

гудвилл – харидор томонидан банк сотиб олинишида унинг соф активлари (барча активларнинг бозор баҳоси ва барча мажбуриятларнинг бозор баҳоси ўртасидаги фарқ) қийматидан ортиқ тўланадиган сумма;

левераж – банк жами активларининг капитал билан таъминланганлик даражасини акс эттирувчи кўрсаткич;

регулятив капитал – банк фаолиятини тартибга солиш ва иқтисодий меъёрлар ҳисоб–китобини амалга ошириш мақсадида ҳисоблаш йўли билан аниқланадиган банк капитали;

субординар қарз – бу банкнинг қарз мажбуриятлари шакли бўлиб, банк капиталини аниқлаш мақсадида ҳисоб–китоблардан сўнг I даражали капиталнинг учдан бир қисмидан ошмаслиги керак. II даражали капиталга кирувчи субординар қарз суммаси тўлаш муддати етиб келгунга қадар охирги 5 йил давомида йилига 20 фоизга камайиб бориши шарт. II даражали капитал таркибига кирувчи субординар қарз қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

а) гаров таъминотига эга бўлмаслиги;

б) банк тугатилаётганда ушбу мажбуриятлар бўйича талаблар депозиторлар
ва банкнинг бошқа кредиторлари талаблари қондирилганидан сўнг амалга оширилиши;

в) бошланғич тўлов муддати 5 йилдан кейин бўлиши;

г) муддатидан аввал Марказий банкнинг рухсати билан қайтарилиши.

таваккалчилик даражаси паст бўлган мамлакатлар – Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан (етакчи халқаро рейтинг компаниялари томонидан берилган баҳолар ва ташқи давлат қарзларини реструктуризация қилиши ҳамда мамлакат ёки мамлакатдаги тижорат банкларининг молиявий ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи бошқа таъмойиллардан келиб чиқиб) белгиланадиган мамлакатлар;

муддати узайтирилган солиқ активлари ва муддати узайтирилган солиқ мажбуриятлари – маълум бир моддалар бўйича солиқ мажбуриятлари вужудга келиши ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширилиши вақти ўртасидаги тафовутлар сабабли келиб чиқадиган активлар ва мажбуриятлар;

кредитнинг қайта ҳисоблаш омили – бу балансдан ташқари активларни таваккалчилик даражасини ҳисоблашда уларга нисбатан қўлланиладиган коэффициент (фоиз).

2–боб. Капиталнинг энг кам даражасига қўйиладиган талаблар

2. Банклар устав капиталининг энг кам миқдори:

хусусий банклар учун – 5 млн. евро эквивалентидан;

бошқа тижорат банклари учун – 10 млн. евро эквивалиентидан кам бўлмаслиги лозим.

3. Банк I даражали капиталининг миқдори банк устав капиталининг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги лозим. Бунда банк I даражали капиталининг миқдорини аниқлаш учун банк устав капитали энг кам миқдорининг миллий валютадаги эквиваленти Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ҳисобот ойининг охирги кунига валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш мақсадида белгиланган валюталар курси бўйича аниқланади.

4. Марказий банк қўйидаги ҳолларда банкларга нисбатан регулятив капитал миқдорини ошириш тўғрисида талаблар қўйишга ҳақли:

хавфсиз бўлмаган ва носоғлом банк фаолиятини юзага келишига олиб келиши мумкин бўлган қониқарсиз молиявий ҳолат;

банк фойдасининг қониқарсиз прогнози;

юқори даражадаги банк таваккалчилиги ва балансдан ташқари моддалар мавжудлиги ҳолатлари аниқланганда.

5. Ҳар бир банкнинг регулятив капитали унинг монандлигини аниқлаш мақсадида мазкур Низом талабларига мувофиқ ҳисоблаб чиқилиши лозим.

3–боб. Капитал таркиби

6. Регулятив капитал I даражали капитал ва II даражали капиталнинг йиғиндасидан иборат.

7. Регулятив капитал таркибига хавфсиз бўлмаган ва носоғлом банк фаолиятини юзага келишига олиб келиши мумкин бўлган шартлар (ташкил қилинадиган жамғармалар/захиралардан белгиланган мақсадга мувофиқ фойдаланиш, қарз мажбуриятларини чиқариш шартлари ва бошқалар) билан чекланган капитал элементлари киритилиши мумкин эмас.

8. I даражали капитал регулятив капиталнинг 75 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.II даражали капитал миқдори I даражали капитал миқдорининг учдан бир қисмидан ошиб кетса, ошган сумма регулятив капитал таркибига киритилмайди.

9. I даражали капитал I даражали асосий капитал ва I даражали қўшимча капитални ўз ичига олади.

10. I даражали асосий капитал банк регулятив капиталининг 60 фоизидан кам бўлмаган қисмини ташкил этиши лозим ва у қуйидагиларни ўз ичига олади:

банкнинг тўлиқ тўланган оддий акциялари;

қўшилган капитал – оддий акцияларни биринчи марта жойлаштирилишида уларнинг номинал нархидан юқори тўланган сумма;

тақсимланмаган фойда:

а) банк балансидаги аввалги йилларнинг тақсимланмаган фойдаси ҳисобидан шаклланган капитал захиралар ва бошқа захиралар (текинга олинган мулклар (30905) ва бошланғич қийматига нисбатан баҳолаш қийматининг ошган суммаси (30908) бундан мустасно);

б) тўланмаган дивиденд суммасидан ташқари ўтган йиллардан қолган тақсимланмаган фойда;

в) жорий йил зарарлари.

озчилик улуш эгаларининг банк йиғма балансига бирлашадиган корхоналардаги улушлари. Бу улуш шўъба корхоналари ҳисобварақлари банк молиявий ҳисоботларида бирлаштирилганда ва банк улуши бундай корхоналар капиталининг
100 фоиздан кам қисмини ташкил қилганда вужудга келади;

девальвация захираси.

11. I даражали қўшимча капитал ўз ичига қуйидагиларни олади:

нокумулятив муддатсиз имтиёзли акциялар. Бундай акциялар қуйидаги шартларни қаноатлантириши лозим:

а) муайян сотиб олиш санаси ёки шартларига эга эмас;

б) эгасининг хоҳишига кўра сотиб олиниши мумкин эмас;

в) банк акциядорлари умумий йиғилиши қарорига мувофиқ уларга доир дивидендлар тўланмаслиги мумкин;

г) улар бўйича ўтган даврдаги олинмаган дивидендлар тўланмайди;

д) банк фақат Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан олдиндан олинган рухсати билан ва чиқарилганига 10 йилдан кам бўлмаган акциялар ва сотиб олинадиган суммани капиталнинг ўша тури ёки бошқа ундан юқорироқ турига алмаштиргандан сўнг ёхуд банк капиталининг монандлиги капиталга қўйилган минимал талабдан юқори эканлигини кўрсатгандан сўнг, уларни сотиб олиши мумкин бўлган.

қўшилган капитал – имтиёзли акцияларни биринчи марта жойлаштирилишида уларнинг номинал нархидан юқори тўланган сумма;

I даражали қўшимча капиталга қўшилиш меъзонларига жавоб берувчи шўъба корхоналарнинг иштирок этиш улуши (шўъба корхоналари томонидан чиқарилган
ва учинчи шахслар ихтиёрида бўлган капиталга тенглаштирилган воситалар).

12. Дивиденд ставкалари ўзгариб турувчи имтиёзли акциялар 10 ва 11–бандлардаги шартлар бажарилишидан қатъи назар I даражали капитал ҳисоб–китобига киритилмайди.

13. II даражали капитал қуйидагиларни ўз ичига олади:

жорий йилдаги соф фойдаси, банкнинг оралиқ молиявий ҳисоботи аудиторлик текширувидан ўтган бўлса – текширув натижаларидан кўп бўлмаган миқдорда, акс ҳолда банк ҳисоботидаги соф фойданинг 50 фоизи;

чегирмалардан сўнг таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолдаги активлар суммасининг 1,25 фоизидан юқори бўлмаган миқдордаги стандарт (яхши) кредитларга (активлар) яратиладиган захиралар;

чегирмалардан сўнг I даражали капиталнинг учдан бир қисмидан ошмаган миқдорда аралаш турдаги мажбуриятлар (акциядорлик ва қарз капитали ҳусусиятларига эга бўлган воситалар). Аралаш турдаги мажбуриятлар, шунингдек I даражали капиталга киритилмаган имтиёзли акциялар, агар улар қуйидаги шартларга жавоб берса, II даражали капиталга киритилади:

а) тўлиқ тўланган;

б) гаров билан таъминланмаган;

в) банк тугатилганда уларга доир талаблар банк депозиторлари ва банк бошқа кредиторлари талаблари бажарилгандан сўнг қондириладиган;

г) акция эгасининг ташаббуси билан ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг олдиндан берилган розилигисиз тўланиши мумкин бўлмаган;

д) банкнинг барча захираларини қоплаши ва банкни тўловга қобилиятсиз деб эълон қилиш ҳуқуқини бермайдиган;

е) агар банк охирги 3 та чорак мобайнида фойда олмаган бўлса ёҳуд оддий ёки имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар (фоизлар) тўламаслик тўғрисидаги қарор қабул қилишда ушбу мажбуриятларга доир дивидендлар (фоизлар)ни тўлаш муддати эмитент хоҳишига кўра кечиктирилиши мумкин бўлган акциялар.

субординар қарз;

активларнинг бошланғич қийматига нисбатан баҳолаш қийматининг ошган суммасининг 45 фоизи миқдори.

14. Капиталдан чегирмалар капитал монандлиги коэффициентлари ҳисоблангунга қадар I даражали капиталдан чегирилиши лозим.

15. I даражали капитални ҳисоблаб чиқаришда I даражали асосий капитал ва I даражали қўшимча капитал йиғиндисидан қуйидагилар чегирилади:

номоддий активлар;

бирлашмаган хўжалик юритувчи субъектлар капиталига барча инвестициялар суммаси, шу жумладан бундай хўжалик юритувчи субъектлар капиталини ташкил қилувчи қарз мажбуриятлари;

бошқа банкларнинг капиталига қилинган инвестициялар.

Бунда I даражали капиталдан чегирмалар таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 18 ноябрдаги “Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора–тадбирлари тўғрисида” ПФ–4053–сон Фармонига мувофиқ аукцион ва танлов савдоларида банкларга реализация қилинган ишлаб чиқарувчи банкрот корхоналар мол–мулки негизида ташкил қилинган корхоналарга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил19 ноябрдаги Ф–4010–сон Фармойиши билан тасдиқланган Иқтисодий ночор корхоналарни аукцион ва танлов савдоларида банкларга реализация қилиш тартибига мувофиқ хўжалик судларининг қарорларига биноан кредитор банклар балансига тугатиш қиймати бўйича қабул қилинган ишлаб чиқарувчи банкрот корхоналар мол–мулки негизида ташкил этилган корхоналарга банкларнинг инвестициялари киритилмайди.

4–боб. Таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолдаги активлар

16. Банк активлари таваккалчилик даражаси бўйича таваккалчиликдан холис бўлган (таваккалчилик даражаси 0 фоиз), минимал таваккалчилик даражасига эга (таваккалчилик даражаси 20 фоиз), ўртача таваккалчилик даражасига эга (таваккалчилик даражаси 50 фоиз), юқори таваккалчилик даражасига эга (таваккалчилик даражаси
100 фоиз) ва ўта юқори таваккалчилик даражасига эга (таваккалчилик даражаси 150 фоиз) бўлган гуруҳларга бўлинади. Активнинг таваккалчилик даражаси ўз зиммасига мажбуриятларни қабул қилган шахс тури ва гаров ёки кафолат тавсифига боғлиқ.

17. Таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолдаги активлар суммаси ҳар бир актив баланс суммасини унга тегишли таваккалчилик миқдорига кўпайтириш ва таваккалчилик бўйича аниқланган активлар йиғиндиси орқали топилади.

18. Таваккалчиликка тортилган активлар умумий суммасидан чегирмалар ўз ичига кредитлар ва лизинг ёки бошқа алоҳида активлар бўйича эҳтимолий зарарларни қоплашга мўлжалланган захираларни олади.

19. Таваккалчиликдан холис (таваккалчилик даражаси 0 фоиз) бўлган активлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

банкда ва унинг филиалларида накд пул кўринишида сақланаётган миллий ва чет эл валютаси (жумладан, банк омборларида ёки Марказий банк омборларида сақланаётган олтин қуймалар);

Марказий банкда вакиллик ва захира ҳисобварақларидаги маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Марказий банкига тўғридан–тўғри талаблар ва улар томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар;

таваккалчилик даражаси паст бўлган мамлакатлар ҳукуматлари ва Марказий банклари томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар, шунингдек, бу мамлакатлар ҳукуматлари ва Марказий банкларига қўйиладиган бошқа мажбуриятлар;

номоддий активлар, шунингдек 15–бандда келтирилган бирлашмаган корхоналар капиталига инвестициялар.

20. Минимал (20 фоиз) таваккалчилик даражасига эга активлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

мамлакатлар банкларига қўйилган барча талаблар, шу жумладан, қарзлар
ва пул бозори воситалари;

таваккалчилик даражаси паст бўлган мамлакатларда рўйхатга олинган банклар томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар билан таъминланган бошқа барча активлар.

банкнинг Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки каби халқаро кредит ташкилотларига нисбатан талаблари, шунингдек, бу ташкилотлар томонидан кафолатланган банк активлари;

жорий бозор қийматида баҳоланган ва халқаро молия институтлари томонидан муомалага чиқарилган қимматли қоғозлар билан таъминланган активлар ва уларнинг қисмлари;

банкнинг таваккалчилик даражаси паст бўлган мамлакатларга кирмаган мамлакатларнинг миллий валюталарига деноминация қилинган ва миллий валютадаги мажбуриятлар билан қопланган, ушбу мамлакатлар Ҳукуматлари ва Марказий банкларига нисбатан талаблари;

жорий бозор қийматида баҳоланган ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки таваккалчилик даражаси паст бўлган мамлакатлар Ҳукуматлари томонидан эмиссия қилинган ёки кафолатланган қимматли қоғозлар кўринишидаги гаров билан таъминланган ёки кафолатланган активлар, уларнинг қисмлари ва балансдан ташқари мажбуриятлар. Қимматли қоғозлар банк тасарруфида бўлиши ва белгиланган тартибга мувофиқ унга берилиши лозим. Кафолатлар тўғридан–тўғри ва ҳеч қандай шартларсиз, яъни уларни қўллашни чекловчи бирон–бир қўшимча шартларни ўзида қамраб олмаган бўлиши керак;

ўтказиш жараёнидаги пул ҳужжатлари (жумладан, йўлдаги нақд пуллар).

ишлаб чиқарувчи банкрот корхоналар мол–мулки негизида ташкил этилган корхоналарга банкларнинг инвестициялари киритилмайди.

21. Ўртача таваккалчилик (50 фоиз) даражасига эга активлар ўз ичига жисмоний шахсларга бир оилага уй–жой (хонадон) сотиб олиш ёки қуриш учун берилган ва дастлабки гаров (гаров предметига эгалик қилишнинг имтиёзли ҳуқуқи) сифатида сотиб олинаёттан ёки қурилаётган уй–жой (хонадон) билан таъминланган кредитларни олади. Бунда кредит миқдорининг гаров қийматига нисбати 60 фоиздан ошмаслиги керак.

22. Юқори таваккалчилик (100 фоиз) даражасига эга активлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

банк томонидан берилган барча кредитлар, 19–21–бандларида кўрсатилган кредитлар бундан мустасно;

банкнинг асосий воситалари ва бошқа хусусий мулклари;

“ўстирмаслик” мақоми берилган ёки реструктуризация қилинган кредитлар;

банк дастлабки гаров ҳуқуқига эга бўлмаган кредитлар;

таваккалчилик даражаси паст бўлган мамлакатларнинг депозитар институтларининг капитали бўлган қимматли қоғозлар;

миллий валютага деноминация қилинмаган ва миллий валютада молиялаштириш суммасидан ошиб кетган активлар;

бошқа барча активлар.

23. Ўта юқори таваккалчилик (150 фоиз) даражасига эга активлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

суд жараёнидаги активлар ва (ёки) белгиланган тартибда ундирилмаган активлар;

қарзини тўлиқ ёки қисман ундириш учун банк балансига олинган кўчмас мулк;

икки йилдан кўп бўлган муддатда фойдаланилмаётган банкнинг кўчмас мулклари;

шартлари қайта кўриб чиқилган ёки муддати бир маротабадан ортиқ узайтирилган кредитлар.

5–боб. Балансдан ташқари воситалар

24. Таваккалчилик даражаси ҳисобга олинган активлар суммаси ҳисоб–китоб қилинганда, балансдан ташқари барча воситалар ҳисобга олинади, ички бозорда тузилган хосилавий (дереватив) воситалар (форвард, своп, опционлар ва бошқалар) бундан мустасно.

25. Балансдан ташқари моддаларнинг таваккалчилик тоифаси қуйидагича аниқланади:

балансдан ташқари модданинг тўланмаган қолдиғи кредитни ҳисоблаш омилига кўпайтирилади. Олинган натижа балансдан ташқари модданинг баланс эквиваленти бўлиб, унга баланс ҳисоб рақамлари қоидаларига мувофиқ тегишли таваккалчилик даражаси белгиланади. Агар балансдан ташқари восита ёки унинг қисми 4–бобда белгиланганидек кафолатланган ёки гаров билан таъминланган бўлса, таваккалчилик даражасини белгилаш контрпартнёрга эмас, балки кафолатчи тури ва кафолат тавсифига боғлиқ бўлади. Паст таваккалчилик омили балансдан ташқари воситанинг Марказий банк учун мақбул гаров ёки кафолат билан таъминланган ёки кафолатланган маълум бир қисмига қўлланиши мумкин.

26. 100 фоизли кредитни (активни) ҳисоблаш омили қўлланадиган балансдан ташқари моддаларга қуйидагилар киради:

номидан кафолатлар ёки захира аккредитиви берилган банк мижози битим ва бошқа мажбуриятларга мувофиқ ҳолда учинчи томон мажбуриятларни қоплашга лаёқатсиз бўлса, банкнинг учинчи томонга тўловлар тўғрисидаги юридик жиҳатдан чақириб олинмайдиган мажбуриятларини ўзида акс этган бевосита қредит ўрнини босувчилар, жумладан, умумий кафолатлар, захира аккредитивлари ва бошқа шунга ўхшаш битимлар;

қайта сотиб олиш ҳақидаги келишув ёки белгиланган шартларда активларни банкка қайтариш ҳақидаги келишувга мувофиқ сотилган активлар;

активларни келажакда маълум бир муддатга сотиб олиш мажбурияти.

27. 50 фоизли кредитни (активни) ҳисоблаш омили қўлланадиган балансдан ташқари моддалар қуйидагилардан иборат:

а) битим кафолатлари ёки муайян битимга нисбатан аккредитивлар сингари битимлар билан боғлиқ мажбуриятлар. Бу мажбуриятлар, агар унинг номидан мажбуриятлар чиқарилган банк мижози номолиявий тижорат мажбуриятларини амалга ошираолмаган бўлса, банкнинг учинчи шахсга компенсация тўлаш бўйича чақириб олинмайдиган мажбуриятлари ҳисобланади;

б) бошланғич тўлов муддати бир йилдан ортиқ бўлган кредит линияси ёки шунга ўхшаш келишув сингари кредит беришга доир мажбуриятларнинг ишлатилмаган қисми.

28. 20 фоизли кредитни (активни) ҳисоблаш омили қўлланиладиган балансдан ташқари моддалар қуйидагилардан иборат:

а) товарларни етказиб бериш билан таъминланган ҳужжатли аккредитив сингари савдо билан боғлиқ қисқа муддатли ёки ўзини–ўзи тугатувчи мажбуриятлар;

б) бошланғич тўлов муддати бир йил ва ундан кам бўлган кредит линияси ёки шунга ўхшаш келишув сингари кредит беришга доир мажбуриятларнинг ишлатилмаган қисми.

6–боб. Ҳосилавий (дереватив) воситалар

29. Банк томонидан форвард келишувлари, своплар, опционлар ва шунга ўхшаш ҳосилавий шартномалар амалга оширилганда, у битимлар тўлиқ номинал қийматида кредит таваккалчилигига учрамайди. Шартнома мажбуриятлари контрагент томонидан бажарилмаганлиги, банк учун пул оқимини алмаштиришнинг потенциал қиймати таваккалчилик ҳисобланади.

30. Ҳосилавий (дереватив) воситанинг баланс эквиваленти ҳисоблаш омилини ҳар бир воситанинг номинал қийматига кўпайтириш орқали қуйидаги жадвалга асосан аниқланади.

Ҳосилавий воситалар
Тўлов муддатлари

Фоиз ставкаси асосланган

Валюта алмашув курсларига асосланган

Бир йилгача

0,5% 2,0%
Бир йилдан икки йилгача 1,0% 5,0% (масалан 2%+3%)
Кейинги йил учун 1,0% 3,0%

Ҳисоблаш омили миқдори восита тавсифи ва барча воситалар бўйича қолган қоплаш муддатига боғлиқ, бошланғич қоплаш муддати қўлланиладиган валютавий шартномалар ва олтин бундан мустасно. Юқоридаги усул бўйича ҳисобланган эквивалентларга қарздор тури, кафолат табиати ва таъминотига қараб баланс воситалари сингари таваккалчилик қўлланилади.

7–боб. Капиталнинг монандлигига қўйиладиган талаблар

31. Таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолдаги активларнинг умумий суммаси (ТАУС) чегирмалар ажратилган ҳолда таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолдаги баланс ва балансдан ташқари активлар йиғиндиси сифатида аниқланади.

32. 2015 йил 1 сентябридан бошлаб таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолдаги активларнинг умумий миқдори (ТАУС) қуйидаги тарзда ҳисобланади:

ТАУС = Чегирмалар ажратилган ҳолда таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолдаги баланс ва балансдан ташқари активлар суммаси + Операцион таваккалчиликлар суммаси (ОТ) + Бозор таваккалчиликлари суммаси (БТ);

ОТ = (100 / белгиланган К1 нинг энг кичик даражаси) Х (Банкнинг охирги уч йилдаги ялпи даромадининг ўртача суммаси Х 15%);

Ялпи даромад = (фоизли даромадлар – фоизли харажатлар) + бошқа даромадлар.

Агар ялпи даромад қайсидир йилда нолга тенг ёки салбий кўринишда бўлганда, ўртача кўрсаткични ҳисоблашда у махраждан ва суратдан чиқариб ташланиши лозим.

БТ = (100 / белгиланган К1 нинг энг кичик даражаси) Х (Очиқ валюта позицияларининг жами миқдори Х 10%).

Очиқ валюта позицияларини умумий суммасини ҳисоблашда хорижий валюталарнинг умумий узун ёки умумий қисқа кўрсаткичлари йиғиндисининг мутлоқ кўрсаткичининг энг каттаси олинади.

33. Регулятив капиталнинг таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолдаги активларнинг умумий суммасига нисбати 10 фоиздан кам бўлмаслиги керак. Регулятив капиталнинг монандлик коэффициенти К1 қуйидаги тарзда ҳисобланади:

К1 = РК / ТАУС.

2016 йил 1 январдан бошлаб К1 нинг энг кичик даражаси 0,115 (11,5 фоиз) миқдорида белгиланади.

2019 йил 1 январдан бошлаб банклар таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолдаги активларнинг 3,0 фоизи миқдоридаги капитални консервация қилиш буферини ҳисобга олган ҳолда К1 нинг энг кичик даражасини 0,145 (14,5 фоиз) миқдорида таъминлашлари шарт.

Шунингдек, 2017 йилнинг январидан ушбу кўрсаткич 0,125 (12,5 фоиз); 2018 йилнинг 1 январидан ушбу кўрсаткич 0,135 (13,5 фоиз) ташкил этади.

Капиталнинг консервация буфери таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолдаги активларнинг 3,0 фоизи миқдоридаги қўшимча захирадан иборат. Бундай захирадан мақсад банклар томонидан молиявий ва иқтисодий қийинчилик даврларида зарарларни амортизация қилиш учун ишлатилиши мумкин бўлган капитал захирасининг таъминланишини кафолатлаш ҳисобланади.

34. I даражали капиталнинг монандлик коэффициенти К2 = I даражали капитал/ТАУС сифатида аниқланади. К2 нинг энг кичик даражаси 0,075 (7.5 фоиз)га тенг.

35. Капиталнинг консервация буфери таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолдаги барча активларнинг 3,0 фоизи сифатли I даражали капитал бўлишини ҳисобга олган ҳолда ва Базель 3 меъёрларига мувофиқ К2 коэффициенти 2015 йилнинг 1 сентябридан

0,075 (7,5 фоиз); 2016 йилнинг 1 январидан 0,085 (8,5 фоиз); 2017 йилнинг 1 январидан 0,095 (9,5 фоиз); 2018 йилнинг 1 январидан 0,105 (10,5 фоиз) ва 2019 йилнинг 1 январидан 0,110 (11 фоиз) миқдоридан кам бўлмаслиги лозим.

36. Капиталнинг монандлик даражаси талаблари билан бир қаторда банклар I даражали капитални номоддий активларни чегириб ташланган ҳолда мазкур Низомнинг 5– ва 6– бобларда назарда тутилган активлар қўшилган умумий активлар суммасига нисбати сифатида аниқланадиган левераж коэффициентига риоя этишлари керак:

К3 = I даражали капитал / (Умумий активлар+мазкур Низомнинг

5– ва 6– боблардаги активлар – Номоддий активлар). Левераж коэффициентининг энг кичик даражаси 0,06 (6 фоиз)га тенг.

Левераж коэффициентини ҳисоблашда келгусида баланс активларида акс этиши эҳтимоли бўлган банк балансининг “Кўзда тутилмаган ҳолатлар” ҳисобварақларидаги активлар ҳам ҳисобга олинади. Буларга капитални монандлигини ҳисоблашда қўлланиладиган активлар киради.

Балансдан ташқари активлар леверажнинг асосий манбаси ҳисобланади. Шунинг учун банклар левераж коэффициентини ҳисоблашда юқорида қайд этилган балансдан ташқари активларни, кредитнинг қайта ҳисоблаш омилини (100%) қўллаган ҳолда, қуйидаги икки ҳолатдан ташқари, ҳисоблашлари лозим:

хосилавий (дереватив) операциялар капитал монандлигини ҳисоблашда фойдаланиладиган “таваккалчиликка дастлабки мойиллик”ка мувофиқ ўтказилиши;

банк ҳар доим ўзи томонидан сўзсиз бекор қиладиган барча мажбуриятлар учун

10 фоизлик кредитнинг қайта ҳисоблаш омилини қўллаши лозим.

37. Марказий банк банклардан уларнинг фаолиятига хос таваккалчилик, иқтисодий шарт–шароит ва молиявий аҳволидан келиб чиқиб, капитал монандлигининг янада юқори коэффициенти таъминланишини талаб қилиши мумкин. Бундай таваккалчиликлар муаммоли кредитларнинг катта ҳажми, соф зарарлар, активларнинг юқори даражада ўсиши, фоиз ставкалари бўйича юқори даражали таваккалчиликнинг юзага келиши ёки таваккалчиликка асосаланган фаолиятга жалб қилиниш кабиларни ўз ичига олади, бироқ улар билан чекланиб қолмайди.

8–боб. Якуний қоидалар

38. Банклар 2015 – 2018 йилларда солиқлар тўлангандан сўнг қоладиган соф фойдадан ажратмалар ажратиш орқали қуйида келтирилган кўрсаткичлардан кам бўлмаган миқдорда капитални ошириш бўйича барча чораларни кўришлари лозим.

Капиталга бўлган минимал талаблар (%)

Талаб кучга кириш санаси

Регулятив капитал

I даражали капитал

I даражали асосий
капитал

01.09.2015

10

7,5

6

01.01.2016

11,5

8,5

7

01.01.2017

12,5

9,5

7,5

01.01.2018

13,5

10,5

8,5

01.01.2019

14,5

11

9,5

39. Банк молиявий йил натижалари бўйича ва оралиқ дивиденд тўланаётган давр учун молиявий ҳисоботнинг тўғрилиги ҳақида аудиторлик хулосаси мавжуд бўлган тақдирда ҳамда капитални оширишга ажратмалар амалга оширилгандан сўнг акциядорларига дивидендлар тўланади.

40. Дивидендлар эҳтимолий зарарларни қоплаш захираси шакллантирилгандан ҳамда Марказий банк талабларига мувофиқ тузатишлар амалга оширилгандан сўнг тўланиши мумкин.

Банклар қуйидаги ҳолларда дивиденд тўлаш (эълон қилиш) тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эмас:

а) бутун устав капиталини тўлиқ шакллантирмаган ҳолда (қўшимча эмиссия қилиш йўли билан уни кўпайтириш бундан мустасно);

б) дивидендлар тўлаш пайтида банк иқтисодий ночорлик (банкротлик) аломатларига эга бўлса ёки кўрсатилган аломатлар банкда дивидендлар тўлаш натижасида пайдо бўлса;

в) банк соф активлари қиймати унинг устав ва захира капитали суммасидан кам бўлса;

г) Марказий банк томонидан белгиланган иқтисодий нормативларни бузиш, шунингдек агар дивидендлар тўлаш натижасида иқтисодий нормативлар бузилиб, бунинг оқибатида омонатчилар ва кредиторлар манфаатларига жиддий хавф туғилиши мумкин бўлса;

д) банкка нисбатан Марказий банкнинг дивидендлар тўлашни тўхтатиш тўғрисида талаби мавжуд бўлса.

41. Банк Кенгаши ҳар йили банкнинг кредит ва инвестиция сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш чоғида фойдадан капитални оширишга йўналтириладиган ажратмалар миқдорини эътиборга олиши лозим.

42. Капитали мазкур Низом талабларига мувофиқ бўлмаган банклар қуйидагиларни ўз ичига олувчи капиталга қўйиладиган талабларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича чора–тадбирлар режасини ишлаб чиқишлари керак:

а) банк капиталини монандлик даражасигача кўтариш учун зарур бўлган стратегия ва ҳатти–ҳаракатлар;

б) режанинг амал қилиш даври мобайнида белгиланадиган капиталнинг чекланган миқдорлари;

в) банкнинг фаолиятига белгиланган чекловлар таъсири остида режа билан қамраб олинадиган давр учун тадбирлар режаси;

г) Марказий банк талабларига мувофиқ бошқа ахборот.

43. Чора-тадбирлар режаси ижро муддатлари кўрсатилган ҳолда, капиталнинг монандлигига қўйиладиган талабларда номувофиқлик юзага келган ва у банкнинг молиявий ҳисоботида акс эттирилган пайтдан бошлаб 30 кун ичида Марказий банкка кўриб чиқиш учун тақдим этилиши керак.

44. Мазкур Низом талаблари банклар томонидан бузилган тақдирда Марказий банк Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунининг 53–моддасида назарда тутилган чора ва санкцияларни қўллашга ҳақли.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишЎзбекистон Республикаси Марказий банкининг Низом лойиҳаси01.01.2015-05.05.2015Марказий банк
2Ягона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришЯгона порталда: муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабарномани; жадвални; норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини; муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштириш.06.05.2015Марказий банк
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишЯгона порталдан тушган таклифларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш.06.05.2015-21.05.2015Марказий банк, Ягона портал фойдаланувчилари
4Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича қабул қилинган таклифларга мувофиқ қайта ишлашЯгона портал иштирокчиларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қайта ишлаб чиқиш ва Ягона порталда қайта жойлаштириш.22.05.2015-10.06.2015Марказий банк
5Ишлаб чиқилган норматив-хуқуқий хужжатни тасдиқлаш учун киритишИшлаб чиқилган норматив-хуқуқий хужжатни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритиш15.06.2015Марказий банк

So`rovnoma natijalari