Hujjat nomi
Ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ўчоғи аниқланган ҳолларда муайян ҳудудни нобоп пункт деб эълон қилиш ва чеклов ёки карантин жорий этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotSirdaryo viloyati hokimligi
Hujjat muallifiSirdaryo viloyati hokimligi
Muhokama boshlanishi (sana)2017-01-24 23:12:55
Muhokama yakunlanishi (sana)2017-02-08 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ўчоғи аниқланган ҳолларда муайян ҳудудни нобоп пункт деб эълон қилиш ва чеклов ёки карантин жорий этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Ҳайвонлар юқумли касалликлари аниқланган фавқулодда ҳолатларда уларнинг тарқалишининг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 335-модда)нинг 28-моддаси ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда)нинг 6, 25-моддаларига асосланиб қарор қиламан:

1. Ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ўчоғи аниқланган ҳолларда муайян ҳудудни нобоп пункт деб эълон қилиш ва чеклов ёки карантин жорий этиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, вилоят Давлат ветеринария бошқармаси ва Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ҳамда уларнинг ҳудудий тизимлари билан ҳамкорликда, уй ҳайвонларини парвариш қилаётган барча юридик шахслар раҳбарлари, жумладан тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли томонидан:

вилоят ҳудудига олиб кирилган барча турдаги ҳайвонлар ҳудудий давлат ветеринария хизмати назорати остида керакли ташхис текширувларидан ўтказилиши;

аниқ ҳудуд учун тузилган эпизоотик касалликларга қарши тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши таъминлаш баробарида ҳайқонларда аниқланадиган юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича иммунитетни кўтарувчи барча чоралар кўрилиши;

карантин ва чеклов жорий этилган ҳайвонларнинг ҳар бир бошининг тана ҳароратини ўлчаш билан бирга, клиник кўрикдан ўтказилиши ҳамда зарур ветеринария-санитария тадбирлари ўтказилгандан кейингина сотилиши ёки тарқатилиши йўлга қўйилиши;

зоогигиена талабларига мувофиқ ҳайвонларнинг тегишли тартибда сақланиши ва озиқлантирилишини, шунингдек ветеринария-санитария қоидаларида белгиланган тартибда мажбурий даволаш, касалликларнинг олдини олиш тадбирлари ўз вақтида ўтказилиши;

давлат ветеринария хизматининг талабига биноан, ҳайвонларни текшириш учун кўрсатиш, диагностик текшириш, даволаш ва профилактик тадбирларни ўтказиш ҳамда улар рўйхатга олинишини таъминлаб, янги ҳайвон сотиб олинганлиги тўғрисида, ҳайвонларнинг тўсатдан ўлиши, касалланиши ёки уларда ғайритабиий ҳолатлар пайдо бўлган ҳолларда дарҳол хабар берилиши таъминланишига риоя қилинишини ташкиллаштирсин.

3. Вилоят Давлат ветеринария бошқармаси (А.Тилябов), вилоят ички ишлар бошқармаси (М.Жўраев), Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармасининг вилоят бўлими (Қ.Ахмедов), “Сирдарёбозорсавдо” уюшмаси (А.Мусаев) билан биргаликда мол бозорларига сотишга олиб келинган ҳайвонларни, соғлиғи ва юқумли касалликларга эмланганлигини тасдиқловчи ветеринария врачининг белгиланган тартибда расмийлаштирган маълумотномаси бўлган тақдирда, сотилишига рухсат берилиши тартибига риоя қилиниши устидан назоратни кучайтирсин.

4. Вилоят Давлат ветеринария бошқармаси (А.Тилябов) ва вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (Ж.Хасанов)га ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда ҳайвонларнинг уй шароитида боқилишида аҳолини тозаликка ва ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилиш маданиятини оширишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишларини кенг кўламда, таъсирчан амалга ошириб борсин.

5. Вилоят молия бошқармаси (А.Каримов) вилоят Давлат ветеринария бошқармаси (А.Тилябов) билан биргаликда жойлардаги ветеринария бўлимлари ва лабораторияларининг ҳайвонлардаги юқумли касалликларнинг олдини олиш имкониятига эга моддий-техника базаси, замонавий асбоб-ускуналар ва зарур дори-дармонлар билан таъминланиши чораларни кўриб борсин.

6. Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси (Б.Ҳакимжонов) вилоят Давлат ветеринария бошқармаси (А.Тилябов) билан биргаликда ветеринар кадрларга эҳтиёжини ўрганиб чиқиб, уларни салоҳиятига мувофиқ иш билан таъминлаш ва касбий маҳоратини ошириш чораларини кўриб борсин.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари К. Сабиров зиммасига юклатилсин.

8. Ушбу қарор “Сирдарё ҳақиқати” газетасида эълон қилинсин ҳамда вилоят ҳокимлигининг Интернет тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.

9. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Сирдарё вилояти ҳокими Ғ. Мирзаев

Сирдарё вилояти ҳокимининг
2017 йил “___”________даги
_____-сонли қарорига
ИЛОВА

Ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ўчоғи аниқланган ҳолларда муайян ҳудудни нобоп пункт деб эълон қилиш ва чеклов ёки карантин жорий этиш қоидалари

1. Мазкур қоидалар “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28-моддасига мувофиқ, Сирдарё вилояти ҳудудида ҳайвонларнинг юқумли касалликлари аниқланган ҳолларда уларни тугатиш ҳамда тарқалиб кетишининг олди олинишини таъминловчи чекловчи тадбирлар жорий этилиши тартибини белгилайди.

2. Мулкчилик шаклидан қатъий назар, вилоят ҳудудидаги барча турдаги юридик шахслар ва аҳоли қарамоғида сақланаётган ҳамда қаровсиз ҳайвонларда юқумли касаллик аниқланганда мазкур ҳудуд нобоп пункт деб эълон қилиниб, аниқланган юқумли касалликни тугатиш ҳамда тарқалиб кетишининг олдини олишга қаратилган чекловчи тадбир жорий этилади.

3. Муайян ҳудудни нобоп пункт деб эълон қилиниши ва унда чекловчи тадбир жорий этилиши бош давлат ветеринария инспекторининг тақдимномаси асосида вилоят ёки тегишли туман ва шаҳар ҳокимининг қарори билан жорий этилади.

4. Чекловчи тадбирлар (бир-биридан фарқ қилувчи) икки турдан иборат бўлади:

чеклов жорий этиш;

карантин жорий этиш.

5. Ҳайвонларда аниқланадиган, карантин ёки чеклов жорий этилиши талаб этиладиган, юқумли касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан тасдиқланади.

6. Чеклов ёки карантин жорий этиш, ҳайвонларда юқумли касаллик туман ҳудудида аниқланганда туман ҳокимининг қарори билан, шаҳар ҳудудида аниқланганда шаҳар ҳокимининг қарори билан, вилоятнинг икки ёки ундан ортиқ шаҳар ва тумани ҳудудларида аниқланганда вилоят ҳокимининг қарори билан белгиланади.

7. Чеклов ва карантин жорий этилган ҳудудларда ҳайвонларда аниқланган юқумли касалликларни тугатиш ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган зарур тадбирлари қонун ҳужжатлари ва ветеринария-санитария қоидаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

8. Карантин жорий этилган ҳудудда бир вақтнинг ўзида чеклов жорий этиш чораси (заруратсизлиги учун) қўлланилмайди.

9. Карантин жорий этилган нобоп пунктдан барча турдаги ҳайвонлар, жумладан чорва моллари ва улардан олинган маҳсулотларнинг олиб чиқиб кетилиши ва олиб кирилиши қатъиян тақиқланади.

10. Карантин жорий этилиши нобоп пунктда юқумли касалликка чалинган охирги ҳайвон соғломлаштирилган ёки ўлган кундан бошлаб ҳисобланадиган, ветеринария-санитария қоидаларида белгиланган муддатлар ўтгандан кейин, бош давлат ветеринария инспекторининг тақдимномасига асосан вилоят ёки тегишли туман ва шаҳар ҳокимининг қарори билан бекор қилинади.

11. Чеклов жорий этилган нобоп пунктга ҳайвонлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар белгиланган тартибда ваколатли бош давлат ветеринария инспекторлари рухсатисиз олиб кириш ва олиб чиқиш қатъиян тақиқланади.

12. Жисмоний ва юридик шахслар вилоят, туман ва шаҳар бош давлат ветеринария инспекторларига чеклов эълон қилинган нобоп пункга чорва моллари ҳамда улардан тайёрланган маҳсулотларни олиб киришга ва олиб чиқишга рухсат берилишини сўраб мурожаат қилиш, қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда мурожаатлари кўриб чиқилгани натижаси ҳақида расмий ёзма жавоб олиш ҳуқуқига эга.

13. Чеклов жорий этилиши нобоп пунктда охирги касал хайвон соғломлаштирилган ёки ўлган кундан бошлаб ҳисобланадиган, ветеринария-санитария қоидаларида белгиланган муддатлар ўтгандан кейин, бош давлат ветеринария инспекторининг тақдимномасига асосан, тегишлигича вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг қарори билан бекор қилинади.

14. Ушбу қоидаларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Қарор лойиҳасини Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳолаш тизимидан ўтказиш.Қарор лойиҳасини Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳолаш тизимида 15 кун давомида баҳоланади.08.02.2017И.Рахмонов

So`rovnoma natijalari