Hujjat nomi
Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши, асралиши ва улардан фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2017-01-30 17:24:04
Muhokama yakunlanishi (sana)2017-02-15 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши,
асралиши ва улардан фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги ҳамда «Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши, асралиши ва улардан фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаменти зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири

А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2017йил «___» ___________ даги____-сон қарорига
ИЛОВА

Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши,
асралиши ва улардан фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ

I.Умумий қоидалар

1.Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги ҳамда «Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ моддий маданий, археология мерос объектлари ва археология ашёларининг (кейинги ўринларда моддий маданий мерос объектлари деб юритилади) муҳофаза қилиниши, асралиши ва улардан фойдаланилиши устидан давлат назоратини (кейинги ўринларда давлат назорати деб юритилади) амалга ошириш тартибини белгилайди.

2.Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги ҳамда «Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

3.Давлат назорати хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш шаклида ўтказилганда давлат назорати «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

4.Давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектининг фойдаланувчиси хўжалик юритувчи субъект ёки бошқа ҳуқуқий шаклдаги юридик шахс ёхуд жисмоний шахс ҳисобланса давлат назорати ижара, текин фойдаланиш, муҳофаза қилиш шартномаларига мувофиқ ҳам ўтказилиши мумкин.

5.Давлат назоратининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва чек қўйиш;

моддий маданий мерос объектлари ҳолатини кузатиб бориш, муҳофаза ва сақланишига салбий таъсир этиши мумкин бўлган омилларни ҳамда уларни нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказиш ва нооқилона фойдаланилишига олиб келиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш, шунингдек, ушбу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриш;

мўлжалланаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва сақлаш талабларга мувофиқлигини аниқлаш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини, улар томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш;

моддий маданий мерос объектларидаги ўзгаришлар, унинг прогноз қилинаётган ҳолати ҳамда уларни муҳофаза қилиш, сақлаш ва фойдаланилиш самарадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган тегишли чора-тадбирлар тўғрисида давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларни хабардор қилиш.

6.Давлат назоратини амалга оширишда қонунийлик, холислик, мустақиллик, ошкоралик, шахс, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши таъминланиши шарт.

7.Давлат назорати объектлари қуйидагилардан иборат:

моддий маданий мерос объектлари, уларнинг муҳофаза белгилари ва археология ашёлари;

моддий маданий мерос объектларнинг муҳофаза тегралари, моддий маданий мерос объектларнинг муҳофаза этиш ҳудудлардаги иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари ҳамда қўриқланадиган табиий ландшафт тегралари;

моддий маданий мерос объектларига таъсир этувчи табиий ва техноген манбалар;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва фойдаланишга доир ҳужжат, материал ҳамда ахборотлар;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза ва сақланишига салбий таъсир этиши, уларни нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказиши ҳамда нооқилона фойдаланилишига олиб келиши мумкин бўлган фаолият, ҳаракат ёки ҳаракатсизлик.

8.Давлат назоратининг шакллари қуйидагилардан иборат:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига амал қилинишини, давлат дастурлари ва соҳага оид бошқа дастурлар бажарилишини текшириш;

моддий маданий мерос объектларининг ҳолатини кўрикдан ўтказиш ва уларни қайд этиб қўйиш;

сўровномалар йўллаш, зарур бўлган ахборот, ҳужжат ва материалларни олиш ва таҳлил қилиш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид ҳужжат ва материалларни тафтиш қилиш;

моддий маданий мерос объектларини тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш.

9.Давлат назоратини амалга оширишда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шакллар ва усуллардан ҳам фойдаланилиши мумкин.

II.Давлат назоратини амалга оширувчи давлат органлари
ва уларнинг мансабдор шахслари

1.Давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси ҳамда унинг минтақалараро (минтақавий) давлат инспекциялари (кейинги ўринларда назорат қилувчи орган деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

2.Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси бошлиғи, унинг ўринбосарлари, бош инспектори, бўлим бошлиқлари ва бош мутахассислари, минтақалараро (минтақавий) давлат инспекциялари бошлиғи, бўлим бошлиқлари ва мутахассислари назорат қилувчи органнинг давлат назоратини амалга ошириш ваколатига эга бўлган мансабдор шахслари ҳисобланади.

3.Давлат назорати хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш шаклида ўтказилганда ушбу Низом 10-бандида кўрсатилган мансабдор шахслар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи аттестациядан ўтган бўлиши ҳамда текширишларни ўтказишга рухсат берувчи махсус гувоҳномага эга бўлишлари лозим.

4.Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашмаган ҳолда, давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилишини ва сақланиши ҳолати устидан давлат назоратини амалга ошириш учун назорат қилувчи органнинг мансабдор шахсларига хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи аттестациядан ўтган бўлиши ҳамда текширишларни ўтказишга рухсат берувчи махсус гувоҳномага эга бўлиш талаб этилмайди.

5.Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли ҳудудда давлат назоратини амалга оширишда иштирок этади.

6.Давлат назоратини амалга оширишга жамоатчи инспекторлар жалб этилиши мумкин.

7.Моддий маданий мерос объектларнинг жамоатчи инспекторлари тўғрисидаги намунавий низом ҳамда Моддий маданий мерос объектларнинг жамоат назорати тўғрисидаги намунавий низом Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

8.Давлат назорати соҳасидаги фаолиятни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни янада такомиллаштириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”2014 йил 21 июлдаги 200-сон қарори билан ташкил этилган Маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан мувофиқлаштирилади.

9.Назорат қилувчи орган ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши шарт.

Назорат қилувчи органнинг ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатидаги ҳуқуқий нормаларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

10.Назорат қилувчи орган бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари билан давлат назорати масалалари бўйича ҳамкорлик қилади.

11.Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар қуйидаги ҳуқуқ ва ваколатларга эга:

юридик ва жисмоний шахслардан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид зарур маълумот, ахборот, тушунтириш ва ҳужжатларни сўраш ва бепул олиш;

давлат назоратини амалга ошириш давомида ўлчов ўтказиш, намуналар олиш, лабаратория таҳлил қилиш, кадастр ҳужжатларини ўрганиш, схема ва чизмаларни чизиш, фото, видео тасвирга тушириш;

моддий маданий мерос объекти мулкдори, фойдаланувчиси, зарар етказган, қонун ҳужжатларини бузган ва бошқа шахслар билан сўров ўтказиш ва улардан ёзма равишда тушунтириш олиш;

корхона, ташкилот, муассаса, юридик ва жисмоний шахс (хўжалик юритувчи субъект)ларнинг объектларига уларнинг моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва фойдаланиш соҳасидаги фаолияти устидан давлат назоратини амалга ошириш учун белгиланган тартибда кириш ва кўздан кечириш;

моддий маданий мерос объектини муҳофаза қилиш ва сақлашнинг бузилиш сабаблари, объектдан фойдаланиш шароитлари аниқлаш;

давлат назорати амалга оширилаётганда моддий маданий мерос объектининг мулкдори, фойдаланувчисини, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакилини иштирок этишини талаб қилиш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлигини бартараф қилиш ҳақида юридик ва жисмоний шахсларга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза ва сақланишига салбий таъсир этиши, уларни нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказиши ҳамда нооқилона фойдаланилишига олиб келиши мумкин бўлган реставрация, таъмирлаш ва тиклаш, илмий ва илмий-техник тадқиқот ишлари, фойдаланиш ва бошқа ҳаракатларни ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб қўйиш ҳақида қарорлар қабул қилиш;

моддий маданий мерос объектларига етказилган зарарни қоплаш ҳақида юридик ва жисмоний шахсларга талаб қўйиш;

моддий маданий мерос объектларига зарарли таъсир кўрсатаётган корхона, ташкилот иншоот ва бошқа объектлар фаолияти, фойдаланиш ва бошқа ҳаракатларни ўн кундан ортиқ бўлган муддатга чеклаш, тўхтатиб қўйиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш, шунингдек моддий маданий мерос объектларига етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги аризалар билан судларга мурожаат қилиш;

тегишли рухсатномага эга бўлмаган ҳолда моддий маданий мерос объектларида олиб борилаётган реставрация, таъмирлаш ва тиклаш, илмий ва илмий-техник тадқиқотларни зудлик билан тўхтатиш бўйича қарор қабул қилиш;

фаолият моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда амалга оширилаётганда ушбу фаолиятни амалга ошириш учун берилган рухсатноманинг (ва очиқ варақнинг) амал қилишини тўхтатиб қўйиш ва бекор қилиш ҳақида ваколатли органларга таклифлар киритиш;

давлат назорати натижалари бўйича маълумотнома, далолатнома, хулоса, ҳисоботлар тузиш ва тасдиқлаш;

моддий маданий мерос объектларини реставрация, таъмирлаш ва тиклаш, илмий ва илмий-техник тадқиқот ишларининг якунлари, ҳисоботларни қабул қилиш ва фойдаланишга топширишда қатнашиш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги материалларни тегишли прокуратура органига юбориш.

12.Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар:

моддий маданий мерос объектининг мулкдори, фойдаланувчисига, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакилига давлат назоратини ўтказиш ҳуқуқи учун зарур бўлган ҳужжатларни кўрсатишга;

моддий маданий мерос объектининг мулкдори ва фойдаланувчисининг фаолиятига тўсқинлик яратмасликка;

хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти текширилаётганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширишларни қайд этиш дафтарида ёзувларни амалга оширишга;

давлат сирлари, тижорат сирлари ва бошқа сирларни ошкор қилмасликка;

давлат назорати натижасини далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштиришга, унинг бир нусхаси давлат назорати тамом бўлган кунда давлат назоратидан ўтган моддий маданий мерос объектининг мулкдори, фойдаланувчисига, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакилига, давлат назоратига бевосита тааллуқли юридик шахснинг вакили ёки якка тартибдаги тадбиркорга ушбу Низомнинг 43 ва 48-бандларига мувофиқ тақдим этишга;

ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланганда унга таъсир кўрсатишнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларини кўришга мажбурдир.

13.Назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси қуйидаги ҳолларда давлат назоратини амалга ошириши мумкин эмас:

давлат назоратининг пировард натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа асосли ҳолатлар мавжуд бўлса;

моддий маданий мерос объектининг мулкдори ёки фойдаланувчиси қариндоши бўлса.

Ушбу ҳолатларда давлат назоратини амалга ошириши режалаштирилаётган мансабдор шахс тегишли назорат қилувчи органнинг раҳбарига олдиндан ёзма равишда хабар беришга мажбур. Ушбу талабнинг бажарилмаслиги давлат назорати натижаларининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.

14.Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларга хўжалик юритувчи субъектга хўжалик ва ташкилий-бошқарув хусусиятига эга бўлган топшириқ бериш, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ва аралашиш тақиқланади.

Агарда тадбиркорлик субъекти фаолияти маданий мерос объектларини муҳофаза ва сақланишига салбий таъсир этиши, уларни нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказишга олиб келадиган ҳаракатлар бундан мустасно.

15.Давлат назорати амалга оширилишига ёки уни амалга оширувчи мансабдор шахсларга ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш тақиқланади.

16.Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг хизмат мажбуриятлари бажарилишига тўсқинлик қилган ва уларнинг қонуний талабларини бажармаган айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

17.Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар ўз фаолиятининг қонунийлиги, холислиги, у қонун ҳужжатларига мувофиқ тўғри ташкил қилиниши ва амалга оширилиши учун жавоб беради.

18.Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларга қонун ҳужжатлари билан бошқа ваколат, ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланиши мумкин.

19.Назорат қилувчи органга бевосита тааллуқли фаолият, унинг вазифа, функция ва мажбуриятига кирадиган масалалар юзасидан давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг буйруғи билан тузилган комиссия томонидан ўтказилади.

III.Давлат назорати амалга оширилиши лозим бўлган фаолият

1.Назорат қилувчи орган белгиланган тартибда қуйидагиларни текширади, мониторинг ва назорат қилади, ўрганади ва бошқа тегишли функцияларни амалга оширади:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини;

маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш, фойдаланиш, илмий ва илмий-техник тадқиқ этиш, консервациялаш, таъмирлаш ҳамда ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш бўйича давлат дастурлари ва соҳага оид бошқа дастурларни бажарилишини;

тарихий-маданий қимматга эга бўлган объектларни давлат ҳисобига олиниши, моддий маданий мерос объектларининг аниқланиши, ҳисобга олиниши, муҳофаза қилиниши, тарғиб қилиниши ва улардан фойдаланилишини;

моддий маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертизасини ташкил этилиши ва амалга оширилишини;

моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастри ва Археология ашёлари давлат каталогини белгиланган тартибда юритилишини;

моддий маданий мерос объектларини ўрнатилган тартибда Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилишига тавсия этилишини;

Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган моддий маданий мерос объектлари, уларнинг ҳудудлари ва муҳофаза теграларидан халқаро умумэътироф этилган нормаларга ҳамда белгиланган тартибларга мувофиқ муҳофаза қилиниши ва фойдаланилишини;

Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган моддий маданий мерос объектлари ва ҳудудларида олиб бориладиган йирик реставрация, таъмирлаш-тиклаш, қурилиш-монтаж, хўжалик фаолиятини билан боғлиқ ишларини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитаси билан ўрнатилган тартибда келишилганини;

Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган моддий маданий мерос объектлари ва уларнинг ҳудудларидан фойдаланиш, хўжалик ва бошқа фаолиятларини ташкил этилишини ўрнатилган тартибда тасдиқланган бошқарув режасига мувофиқлигини;

алоҳида тартибга солиниши лозим бўлган ва моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш билан боғлиқ шаҳарсозлик фаолияти объектларининг чегараларини белгиланиши ва уларга риоя қилинишини;

моддий маданий мерос объектларнинг муҳофаза этиш ҳудудлардаги шаҳарсозлик фаолияти, лойиҳа ҳужжатлари, мўлжалланаётган ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик ишлари ва бошқа ишларнинг ҳамда уларни асословчи ҳужжатларнинг моддий маданий мерос объектларини асраш талабларига мувофиқлигини;

хўжалик жиҳатидан ўзлаштирилиши лозим бўлган ер участкаларини, агар уларда моддий маданий мерос объектлари жойлашган бўлса ёки ер участкалари хўжалик жиҳатидан ўзлаштирилаётганда янги моддий маданий мерос объекти аниқланса;

моддий маданий мерос объектининг муҳофаза тегралари, моддий маданий мерос объектларнинг муҳофаза этиш ҳудудлардаги иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари, қўриқланадиган табиий ландшафт тегралари лойиҳаларини ишлаб чиқилиши, белгилаб қўйилиши ҳамда уларга риоя қилинишини;

моддий маданий мерос объектларини асраш бўйича ишларни, шунингдек моддий маданий мерос объектларида илмий ва илмий-техник тадқиқотларни тегишли рухсатномаларга мувофиқ амалга оширилишини;

моддий маданий мерос объектларида муҳофаза белгиларини ўрнатилиши ва уларнинг сақланашини;

маданий мерос объектлари ҳолатининг мониторингини амалга оширилишини;

моддий маданий мерос объектларига доир мулк ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказилишини, ўзгартирилиши ва бекор қилинишини;

моддий маданий мерос объектларининг миқдор ва сифат тавсифларини ҳисобга олинишини;

моддий маданий мерос объектларини сифат ва қиймат жиҳатидан баҳоланишини;

моддий маданий мерос объектларинингкадастр ахборотини тизимга солиш, сақлаш ва янгилаб борилишини;

моддий маданий мерос объектларининг ҳолати ҳақида ҳисоботлар тузилишини;

моддий маданий мерос объектининг паспортини берилиши ва уларнинг юритилишини;

моддий маданий мерос объектининг тоифасини белгиланишини ва ўзгартирилишини;

моддий маданий мерос объектини Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастридан чиқариш масаласини;

моддий маданий мерос объектларини асраш чора-тадбирлари, консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштиришни, шунингдек улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишларини бажарилишини;

йўқотилган моддий маданий мерос объекти таъмирлаш усуллари орқали ўрнатилган тартибда асли ҳолига келтирилишини;

моддий маданий мерос объектлари жойлашган ер участкаларининг эгалари (мулкдорлари) зиммасига мазкур объектларни сақлаб туриш вазифаси, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа юкланган мажбуриятларни бажарилишини;

моддий маданий мерос объектининг ўрнатилган тартибда ижара шартномаси асосида ижарага берилишини, унда моддий маданий мерос объектини сақлаш талабларини бажарилишини;

моддий маданий мерос объектининг ташқи ва ички кўринишини моддий маданий мерос объектининг паспортига киритилган муҳофаза мазмуни маълумотларига мувофиқ ҳолда сақланишини;

моддий маданий мерос объектидан фойдаланиш шартларини жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши учун қай даражада зарур бўлса, шу даражада чекланишини;

хусусий мулкда турган моддий маданий мерос объектидан фойдаланиш ҳуқуқини қонунда назарда тутилган ҳолларда суд қарори билан чекланиш бўйича таклифларни;

моддий маданий мерос объектидан фойдаланишда чеклашни жорий этиш заруриятини юзага келтирган ҳолатлар ёки шарт-шароитлар бартараф этилганини ҳамда мазкур объектдан фойдаланиш ҳуқуқи тўла ҳажмда тикланишини;

хусусий мулкда турган моддий маданий мерос объекти қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда суд қарори билан мулкдордан олиб қўйилишини;

давлат мулкида турган моддий маданий мерос объекти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилган шартномага мувофиқ текин фойдаланилишини;

моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилинишини;

тарихий-маданий қўриқхона, музей-қўриқхона, тарихий манзилгоҳларни ташкил этилиши, сақланиши ҳамда улардан фойдаланилишини;

тарихий манзилгоҳларда қонун ҳужжатларига мувофиқ шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солишнинг алоҳида белгилаб қўйилган тартибларига риоя қилинишини;

моддий маданий мерос объектларини фойдаланишга беришдан, хизматлар кўрсатишдан, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий ажратмалари ҳамда хайрияларидан тушган маблағларни қонун ҳужжатларига мувофиқ моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш ва тарғиб қилишга ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда банд бўлган ходимларни моддий рағбатлантириш учун сарфланишини;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши натижасида кўрилган зарарни қоплаш ҳолатини;

археология ашёларини Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказилишини;

археология ашёларини давлатга топшириш ҳамда уларни фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилишини;

фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилган археология ашёларидан фойдаланишда белгиланган тартибга риоя қилинишини;

халқаро археология тадқиқотларини ташкил этишда белгиланган тартибга риоя қилинишини;

археология ашёларини ҳисобга олиш ва сақланишини;

рухсатнома бериш тартиби ва шартларига риоя қилинишини;

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга ошириш белгиланган тартибига риоя қилинишини;

археология объектларида махсус асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби ва шартларига риоя қилинишини;

илмий ҳисоботни тузиш, экспертизадан ўтказиш ва ундан фойдаланишни;

очиқ варақ бериш тартиби ва шартларига риоя қилинишини;

очиқ варақ ва рухсатнома олган археологнинг мажбуриятларини бажарилишини;

фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилган археология ашёларининг археология тадқиқотини белгиланган тартибда амалга оширилишини;

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга оширилаётганда археологда очиқ варақ ва рухсатнома мавжудлигини.

2.Моддий маданий мерос объектлари, уларнинг муҳофаза қилинадиган ҳудудларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш устидан давлат назорати қонун ҳужжатларида ва ушбу ҳудудлар тўғрисидаги ҳужжатларда белгиланган чеклашлар ва тақиқлар режимини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

VI.Давлат назоратини амалга ошириш тартиб-таомиллари

1.Давлат назорати ўн беш кундан кўп бўлмаган муддат давомида амалга оширилади.

2.Давлат назоратини моддий маданий мерос объектининг мулкдори, фойдаланувчиси, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили, давлат назоратига бевосита тааллуқли юридик шахснинг вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор иштирокида амалга оширишга рухсат берилади, ушбу Низомнинг 33-бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.

3.Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахснинг талабига қарамай давлат назоратини амалга оширишда қуйидаги кўрсатилган шахслар (вакиллар) иштирок этмаса давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахс икки нафар холис иштирокида оралиқ далолатнома тузади ҳамда давлат назоратини ушбу икки нафар холис иштирокида амалга оширишга киришади:

моддий маданий мерос объектининг мулкдори, фойдаланувчисига, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили;

давлат назоратига бевосита тааллуқли юридик шахснинг вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор.

4.Моддий маданий мерос объекти ҳудудига ўрнатилган ишлаб чиқариш участкаларини (цехларини) корхонанинг маъмуриятини хабардор қилмасдан ёки унинг вакилисиз айланиб чиқиш (кўздан кечириш) тақиқланади.

5.Моддий маданий мерос объектига ўрнатилган ишлаб чиқариш участкаларини (цехларини) айланиб чиқишдан (кўздан кечиришдан) олдин назорат қилувчи органнинг мансабдор шахсига мазкур объектдаги техника хавфсизлиги қоидалари бўйича йўриқнома берилиши шарт.

6.Назорат қилувчи орган мансабдор шахсларига хўжалик юритувчи субъект томонидан текширишни амалга ошириш учун шарт-шароитлар (хона, телефон ва бошқа алоқа воситалари, махсус кийим, шунингдек махсус ҳимоя воситалари) яратиб берилиши лозим.

Назорат функцияларини тез, самарали ва хавфсиз амалга оширишга тўсқинлик қилувчи, қийин ўтиладиган ҳудудлар участкалари билан кесишганда масофа катта бўлган ҳолларда транспорт берилади.

7.Қуйидаги ҳолларда қисқа муддатли – рейд тартибидаги давлат назорати сутканинг исталган вақтида бир кундан кўп бўлмаган муддат давомида амалга оширилиши мумкин:

моддий маданий мерос объектини ноқонуний эгаллаш, фойдаланиш, нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказиши ҳолатлар ҳақида ишончли ахборотлар бўлганда;

моддий маданий мерос объекти, уларнинг муҳофаза тегралари, иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари, қўриқланадиган табиий ландшафт теграларида ўрнатилган тартибда рухсат олмасдан, келишилмасдан фойдаланиш, хўжалик ва бошқа фаолиятлар ташкил этилаётганда;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва тўхтатиш юзасидан тезкор назорат тадбирларини амалга ошириш зарурати бўлганда амалга оширилади.

8.Қисқа муддатли – рейд шаклидаги давлат назоратини амалга оширишда тадбиркорлик субъекти фаолиятига аралашишга тўғри келган ҳоллатларда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши билан келишиш талаб қилинади.

9.Назорат қилувчи орган қисқа муддатли – рейд тартибидаги давлат назоратини мустақил, шунингдек мувофиқлаштирилган тадбирлар режаси асосида бошқа давлат органлари билан ҳам биргаликда амалга ошириши мумкин.

V.Давлат назорати натижаларини расмийлаштиришва амалга ошириш

1.Давлат назорати натижаларини расмийлаштириш белгиланган тартибда:

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя қилинишининг давлат назорати натижалари бўйича маълумотнома ёки далолатнома;

тарихий-маданий экспертиза натижалари бўйича хулосалар тузиш йўли билан амалга оширилади.

Давлат назоратининг натижалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам расмийлаштирилиши мумкин.

2.Моддий маданий мерос объектини Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилиши ва чиқарилиши, объектни тоифасини аниқлаш ва тоифасини ўзгартирилишини асослаш тўғрисидаги тарихий-маданий экспертиза хулосалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 29 июлдаги 269-сон қарори 4-иловаси билан тасдиқланган Маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертизаси тўғрисида низомга мувофиқ кўриб чиқилади.

Моддий маданий мерос объектини нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказишга тааллуқли тарихий-маданий экспертиза хулосалари давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан тасдиқланади.

3.Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолати мавжуд бўлмаганда маълумотнома тузилади.

Маълумотномада давлат назоратини амалга ошириш ҳолати қайд қилинади, улар бўйича давлат назорати амалга оширилган саволлар рўйхати келтирилади ва бирор-бир қонун бузилишларнинг мавжуд эмаслиги кўрсатилади.

4.Маълумотнома иккита асл нусхада давлат назорати органининг мансабдор шахси, давлат назоратида иштирок этган бошқа шахслар томонидан имзоланади.

5.Маълумотноманинг асл нусхалари қуйидагиларга давлат назорати тамом бўлган кунда тилхат олиб топширилади (берилади) ёки буюртма почта орқали:

биринчи асл нусха – назорат қилувчи органда қолади ушбу Низомнинг 51-бандида келтирилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда йиғмажилдда сақланади;

иккинчи асл нусха – моддий маданий мерос объектининг мулкдори, фойдаланувчисига, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига юборилади.

Маълумотнома нусхалари давлат назоратида иштирок этган бошқа шахслар, жамоатчи инспектор, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига уларнинг сўровига кўра тақдим этилиши мумкин.

6.Далолатнома моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланганда тузилади.

7.Далолатномани расмийлаштиришда мансабдор шахс саволномада назарда тутилган ҳар бир савол бўйича талаблари бузилган қонун ҳужжатининг номи ва нормаларига ҳавола қилиб, ишларнинг аҳволини баён қилади.

8.Мазкур далолатномада қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

далолатнома тузилган сана ва жой номи;

объект номи ва жойлашган ери (почта манзили);

объектнинг моддий маданий мерос объекти рўйхатига киритилгани ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг буйруғи санаси ва рақами, объектнинг умумий тавсифи;

давлат назоратини амалга ошириш тўғрисидаги назорат қилувчи орган раҳбарининг буйруғининг санаси ва рақами;

давлат назоратини амалга оширишда иштирок этган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозимлари;

моддий маданий мерос объектининг мулкдори, фойдаланувчисини, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакилининг фамилияси, исми, отасининг исми, паспорти серияси ва рақами, доимий яшаш жойи манзили;

мулкдор, фойдаланувчи юридик шахс бўлса, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилган тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили), телефон ва факс рақамлари ҳамда раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми, паспорти серияси ва рақами, доимий яшаш жойи манзили;

моддий маданий мерос объектига зарар етказилиши ёки қонун ҳужжатларининг бузилишининг сабаблари;

қонун ҳужжатларининг бузилишига айбдор бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар;

талаблари бузилган қонун ҳужжатининг номи ва нормалари;

зарар етказилиши ёки қонун ҳужжатларининг бузилишини бартараф этиш ва бундай ҳолатларнинг такроран юз беришининг олдини олиш бўйича тавсиялар;

давлат назорати давомида аниқланган бошқа муҳим маълумотлар.

9.Давлат назорати натижалари бўйича тузилган далолатнома давлат назоратини амалга оширишда иштирок этган барча шахслар томонидан имзоланади.

Далолатномани имзолашдан бош тортган шахслар ўз фикрини ёзма равишда тақдим қилиши лозим. Бунда унинг ёзма равишда тақдим қилган фикри далолатномага илова қилинади. Ёзма равишда ўз фикрини билдиришдан ҳам бош тортса бу ҳақда оралиқ далолатнома тузилади ва далолатномага тегишли қайд киритилади.

10.Далолатнома уч асл нусхада расмийлаштирилади ҳамда давлат назорати тамом бўлган кунда тилхат олиб қуйидагиларга топширилади (берилади) ёки буюртма почта орқали:

биринчи асл нусхаси – назорат қилувчи органда қолади ушбу Низомнинг 51-бандида келтирилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда йиғмажилдда сақланади;

иккинчи асл нусхаси – тегишли прокуратура органига ушбу Низомнинг 51-бандида келтирилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда йиғмажилдда тегишли йўналтирувчи хат билан юборилади;

учинчи асл нусха – мулкдор, фойдаланувчига, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига юборилади.

11.Далолатнома нусхалари унга тегишли ҳужжатлар илова қилинмаган ҳолда қуйидагиларга давлат назорати тамом бўлган кунда тилхат олиб қуйидагиларга топширилади (берилади) ёки бюртма почта орқали юборилади:

мулкдор, фойдаланувчи бўлган ҳолларда, тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига;

жамоатчи инспекторга;

назорат қилувчи органнинг юқори ташкилотига.

12.Давлат назоратини амалга ошириш бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар алоҳида йиғмажилдда кетма-кетликда акс эттирилади. Мазкур ҳужжатлар алоҳида йиғмажилдда қуйидаги тартибда жойлаштирилади:

давлат назоратини амалга ошириш тўғрисидаги буйруқ нусхаси (аслига тўғри экани тасдиқланган ҳолда);

объектнинг моддий маданий мерос объекти рўйхатига киритилгани ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг буйруғи санаси ва рақами, объектнинг умумий тавсифи қайд этилган ҳолда назорат қилувчи органнинг раҳбари томонидан имзоланган ва давлат герби тасвири туширилган муҳри билан тасдиқланган маълумотнома;

зарур ҳолларда моддий маданий мерос объектининг суратлари ва видеотасвирлари;

моддий маданий мерос объектининг фойдаланувчиси, мулкдори, жамоатчи инспектори, объектга зарар етказган, қонун ҳужжатларини бузган ва бошқа шахслар билан ўтказилган сўров ва улардан олинган ёзма тушунтиришлар (тушунтиришдан бош тортган ҳолларда бу ҳақда тузилган оралиқ далолатнома);

жалб қилинган эксперт ва мутахассисларнинг ёзма хулосалари (агар мавжуд бўлса);

давлат назоратини амалга ошириш давомида ҳисоблаб чиқилган бўлса, етказилган зарар акс эттирилган ҳужжатлар;

давлат назоратини амалга ошириш ва уни натижаларини ифодалашда зарур бўлган бошқа ҳужжатлар (ёки нусхалари) ҳамда метариаллар;

давлат назоратиниамалга ошириш далолатнома ёки маълумотномаси.

13.Ҳар бир давлат назорати натижалари бўйича материаллар махсус журналда ҳисобга олиниши ҳамда ҳар йили таҳлил қилиб борилиши шарт.

Давлат назоратини ҳисобга олиш журнали рақамланган, ип ўтказиб тикилган ва назорат қилувчи орган раҳбари томонидан имзоланиб, муҳрланган бўлиши лозим.

Мазкур журнал назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тайинланган масъул шахс томонидан юритилади.

14.Етказилган зарар, жарималар, компенсация тўловлари айбдор шахслардан қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирилади ҳамда ушбу маблағларнинг 50 фоизи давлат бюджетига, қолган 50 фоизи назорат қилувчи органнинг бюджетдан ташқари ғазна ҳисобварағига ажратма сифатида йўналтирилади.

Назорат қилувчи органнинг бюджетдан ташқари ғазна ҳисобварағига ажратма сифатида йўналтирилган маблағлар «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 34-моддасининг учинчи қисмида белгиланган мақсадларга мувофиқ сарфланади.

15.Қуйидагилар давлат назорати натижаларини амалга ошириш шакллари ҳисобланади:

юридик ёки жисмоний шахсга моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидагиқонун ҳужжатлари талаблари бузилишини бартараф қилиш тўғрисида ёзма кўрсатма бериш;

давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектининг шартнома асосидаги фойдаланувчиси билан шартномани тўхтатиб туриш ва бекор қилиш;

хусусий мулкда турган моддий маданий мерос объектидан фойдаланиш ҳуқуқи чеклаш, мулкдордан олиб қўйилиши тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиш;

моддий маданий мерос объектига етказилган зарарни қоплаш, шунингдек компенсация тўловларини амалга ошириш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилиш.

давлат назоратининг натижалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

16.Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишини бартараф қилиш тўғрисидаги ёзма кўрсатма давлат назорати тамом бўлган кундан кейин беш календарь кун ичида берилади.

Ёзма кўрсатмада далолатномада келтириб ўтилган қонун ҳужжатлари бузилишини ва унинг фаолиятидаги камчиликларни бартараф қилишга йўналтирилган, ижро қилишнинг аниқ муддатлари кўрсатилган талаблар баён қилинади.

17.Ёзма кўрсатма иккита асл нусхада имзоланади ва расмийлаштирилади:

бир нусхаси – мулкдор, фойдаланувчига, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига, давлат назоратига бевосита тааллуқли юридик шахснинг вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор;

иккинчи нусхаси – ёзма кўрсатмани берган органда сақланади.

18.Корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар фаолиятини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор назорат қилувчи органнинг қарори шаклида расмийлаштирилади.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши, асралиши ва улардан фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга оширишЎзбекистон Республикаси худудида, режа асосидадоимийМаданият ва спорт ишлари вазирлиги,Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси

So`rovnoma natijalari