Hujjat nomi
"Республика озиқ-овқат саноати соҳасида илмий-техник, ўқув-услубий ва маҳсулотларни стандартлаштириш ҳамда сифатини баҳолаш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори лойиҳаси
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifi«O‘zbekoziqovqatxolding» xolding kompaniyasi
Muhokama boshlanishi (sana)2017-02-22 19:29:04
Muhokama yakunlanishi (sana)2017-03-10 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Ўзбекистон Республикаси

Президенти қарори

Республика озиқ-овқат саноати соҳасида илмий-техник,

ўқув-услубий ва маҳсулотларни стандартлаштириш ҳамда

сифатини баҳолаш фаолиятини такомиллаштириш

чора-тадбирлари тўғрисида

Мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ташқи бозорларни тадқиқ қилиш асосида сифатли, хавфсиз ҳамда харидоргир бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари турлари билан кенгайтириш, соҳанинг илмий-техник тараққиёт даражасини тубдан яхшилаш, замонавий талаблар асосида технологик қайта жиҳозлаш дастурларининг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида замонавий илмий-тадқиқот ва синов базаларини шакллантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини синаш усулларини такомиллаштириш, “Фан-таълим-ишлаб чиқариш интеграция” жараёнларини таъминлаш, илмий-тадқиқот ва ходимлар малакасини ошириш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда “Ўзагроэкспорт” компаниясининг “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси таркибида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Озиқ-овқат инвест-инжиниринг” стандартлаштириш, сифатни баҳолаш илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш марказини (бундан кейин “Озиқ-овқат инвест-инжиниринг” илмий-техник маркази) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси “Озиқ-овқат инвест-инжиниринг” илмий-техник маркази фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

озиқ-овқат соҳаси корхоналарини қуриш, модернизациялаш, реконструкция қилиш ва техникавий қайта жиҳозлаш бўйича техникавий-муҳандислик, технологик ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

соҳани ривожлантиришнинг долзарб илмий-технологик вазифаларини ҳал этишга йўналтирилган ишланмалар ва илмий тадқиқотларни амалга ошириш;

янги турдаги истиқболли маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини яратиш, илғор хорижий технологияларни тажриба-синовдан ўтказиш ва амалиётга жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ички бoзoр учун ишлаб чиқарилган ва экспортга йўналтирилган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги билан боғлиқ лаборатория синoвлaрини ташкил этиш;

қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-техник жараёнга етакчи хорижий мутахассисларни жалб этиш мақсадида хорижий олий таълим ва илмий муассасалари, шунингдек хорижий инновацион компаниялар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

озиқ-овқат соҳаси ва соҳалараро ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш, шунингдек, қайта ишлаш корхоналари ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни амалга ошириш.

3. Қуйидагилар:

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси “Озиқ-овқат инвест-инжиниринг” илмий-техник марказининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси бошқаруви раисига, зарур ҳолларда, илмий-техник марказнинг тузилмасига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компаниясининг янгиланган ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.

4. Қуйидагилар илмий-техник марказнинг молиялаш манбалари этиб белгилансин:

хўжалик фаолияти шартномаси асосида хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар, яъни лойиҳалаштириш, илмий-тадқиқот ва кадрлар малакасини ошириш, ўқув-услубий ва консалтинг хизматлар кўрсатиш, маҳсулотларни сифати ва хавфсизлиги билан боғлиқ лаборатория синовларини ўтказишдан тушадиган маблағлар;

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компаниясининг мақсадли ажратмалари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг илмий-техник лойиҳаларга йўналтирилган маблағлари;

халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг грант маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. “Озиқ-овқат инвест-инжиниринг” илмий-техник маркази директори “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси бошқаруви раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

6. “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси “Озиқ-овқат инвест-инжиниринг” илмий-техник маркази фаолиятини ташкил этиш, низомини тасдиқлаш ҳамда илмий-техник марказ моддий-техник базасини шакллантириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширсин.

7. “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда уч ой муддатда илмий-техник марказнинг 2017-2020 йилларга мўлжалланган истиқболли фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновация илмий-техника дастурини ишлаб чиқиб, тасдиқласин.

Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ресурслардан тежамкор фойдаланиш ва чиқитсиз яхлит технологияларини яратиш, маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини баҳолашнинг жаҳон илм-фан тараққиётининг ҳозирги замон даражасидаги талабларига эришишга алоҳида эътибор қаратсин.

8. “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда белгиланган тартибда илмий-техник марказнинг моддий-техника базасини шакллантириш учун талаб этиладиган замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозларни хорижий молия институтлари ва донор ташкилотларнинг грант маблағлари ҳисобига харид қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

9. “Ўзстандарт” агентлиги “Озиқ-овқат инвест-инжиниринг” илмий-техник маркази таркибида ташкил этиладиган таҳлилий-синов лабораториясини ўрнатилган тартибда аккредитациядан ўтказсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси тақдимномасига биноан, озиқ-овқат соҳасини устувор ривожлантириш йўналишлари ва илм-фан амалиётидаги замонавий талабларни инобатга олган ҳолда олий ва ўрта махсус маълумотли илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари рўйхатига тегишли ўзгартиришлар киритиш;

“Озиқ-овқат инвест-инжиниринг” илмий-техник марказни ушбу йўналишларда докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослашган Илмий Кенгашлар қошидаги илмий семинарларни ўтказувчи ташкилотлар рўйхатига киритиш;

озиқ-овқат йўналишида бажарилаётган тадқиқотларни амалиёт билан самарали мувофиқлаштириш мақсадида Давлат илмий-техник дастурлари вазифалари доирасида тақдим этилаётган фундаментал ва амалий тадқиқотлар ҳамда инновация илмий-техник лойиҳаларини молиялаштириш “Озиқ-овқат инвест-инжиниринг” илмий-техник марказининг экспертиза хулосалари асосида амалга ошириш чораларини кўрсинлар.

11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси буюртманомалари бўйича илмий-техник лойиҳаларни амалга ошириш даврида жалб этиладиган хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси буюртманомалари бўйича илмий-техник лойиҳаларни амалга оширишда қатнашувчи чет эллик мутахассисларга, уларни давлат божи тўлашдан озод қилган ҳолда кўп марталик визалар берилишини, визаларнинг амал қилиш муддати узайтирилишини, уларнинг вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ҳамда вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки илмий-техник лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида жалб этиладиган хорижий мутахассисларга иш ҳақларининг шартнома асосида хорижий валютада тўланишини таъминласин.

14. “Озиқ-овқат инвест-инжиниринг” илмий-техник маркази манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда озиқ-овқат соҳасида

эришилаётган ютуқлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар билан аҳолининг кенг қатламларини таништириш, бажарилаётган илмий-тадқиқот ва ўқув-услубий ишлар самарасини ошириш, халқаро тажрибаларни оммалаштиришни таъминлаш мақсадида илмий-назарий ва амалий журнал таъсис этсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика ва Давлат божхона қўмиталари “Озиқ-овқат инвест-инжиниринг” илмий-техник марказини статистик ахборот бюллетенлари юборилиши шарт бўлган реестрга киритсин.

16. Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси “Озиқ-овқат инвест-инжиниринг” илмий-техник марказини жойлаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда таклиф киритсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Ш. Мирзиёев

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Согласование с заинтересованными министерствами и ведомствамиНаправление на согласование (визирование)март 2017 г.Направление на согласование (визирование)

So`rovnoma natijalari