Hujjat nomi
“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ва Солиқ кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQonun
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Qishlоq хo‘jаligi vаzirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2017-04-12 15:24:25
Muhokama yakunlanishi (sana)2017-04-27 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни,

шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ва Солиқ кодексига

ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида

Қонунчилик палатаси томонидан _____ йил __ ____________да қабул қилинган.

Сенат томонидан _____ йил __ ____________да маъқулланган.

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги 602–I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 26 августда қабул қилинган 662–II-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, № 9, 162-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 3, 119-модда; 2007 йил, № 12, 608-модда; 2008 йил,№ 12, 640-модда; 2009 йил, № 12, 472-модда; 2011 йил, № 9, 248-модда; 2012 йил, № 9/1, 238-модда; 2013 йил, № 10, 263-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда) қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилсин:

1) 3-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкалардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектдир.

Фермер хўжалиги Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг асосий субъектидир.

Кўп тармоқли фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан боғлиқ бўлган фаолияти билан биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш, саноат ишлаб чиқариши, қишлоқ жойларида хизматлар кўрсатиш ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектидир.”;

2) 4-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Фермер хўжалигининг бошлиғи шу хўжаликнинг муассиси – фермердир.

Ўн саккиз ёшга тўлган, муомалага лаёқатли, қишлоқ хўжалигида тегишли малака ёки иш тажрибасига эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар (бундан буён матнда фуқаро деб юритилади) фермер бўлиши мумкин.”;

3) 5–7-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“5-модда. Фермер хўжалигини ташкил этиш шартлари

Фермер хўжалиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда, захира ерларда ва табиий кўллар эгаллаб турган сув фонди ерларида ташкил этилади.

Чорвачилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжалиги камида 30 шартли бош чорва моли бўлган тақдирда ташкил этилади. Фермер хўжалигига ижарага бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами бир шартли бош чорва молга ҳисоблаганда Андижон, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона

ва Хоразм вилоятларидаги суғориладиган ерларда камида 0,3 гектарни кўпи билан

0,5 гектарни, бошқа вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги суғориладиган ерларда камида 0,45 гектарни кўпи билан 0,6 гектарни, суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда эса камида 2 гектарни ташкил этади.

Деҳқончилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжаликларига ижарага бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами пахтачилик ва ғаллачилик учун камида 30 гектарни, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик

ва бошқа экинларни етиштириш учун камида 1 гектарни, ғаллачилик-сабзавотчилик учун камида 10 гектарни ташкил этади.

Балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига сунъий сув ҳавзалари

ва бошқа балиқчилик хўжалиги иншоотларини қуриш учун ер участкаларини бериш ҳамда табиий кўлларни балиқчилик маҳсулоти етиштириш учун ижарага бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Асаларичиликка ихтисослашган фермер хўжаликларга асалари оилаларини уялари билан жойлаштириш ва асаларичилик билан шуғулланиш учун зарур мол-мулкни сақлашга ер участкаларини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ер участкалари берилганда фермер хўжалиги ўз зиммасига қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги (уч йил учун ўртача йиллик ҳосил ҳисобида) ерни баҳолаш тартиби тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрий ҳосилдорликдан кам бўлмаслигини таъминлаш мажбуриятини олади. Бу мажбурият

ер участкасини ижарага олиш шартномасида мустаҳкамлаб қўйилади.

Туман ҳокимлиги заҳирасига қайтарилган ер майдонларига агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказилишишини таъминлаш мақсадида ҳар йили Ўзбекистон фермерлари Кенгаши талабгорлар рўйхатини шакллантиради ва уларнинг малакасини ошириб боради.

6-модда. Фермер хўжалигини ташкил этиш тартиби

Фермер хўжалиги фуқаро томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни, захира ерларни ва табиий кўллар ва сув фонди эгаллаб турган ерларни бериш бўйича очиқ танловда иштирок этиб, ғолиб чиқиш асосида ташкил этилади ҳамда у муассис сифатида фермер хўжалигининг бошлиғи ҳисобланади.

Фермер хўжалиги бошлиғи муассис сифатида фермер хўжалигига тегишлича алоҳида мол-мулк ажратиб беради ва уставини тасдиқлайди.

7-модда. Фермер хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказиш

Фермер хўжалиги тегишли давлат органи томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг ташкил этилган деб ҳисобланади ва юридик шахс мақомини олади, банк муассасасида ҳисоб-китоб варағи ва бошқа хил ҳисобварақлар очишга, ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлишга ҳақли.

Фермер хўжалиги ташкил этишнинг ушбу Қонунда белгиланган тартиби бузилган ёки хўжаликнинг устави қонунга мувофиқ бўлмаган тақдирда фермер хўжалигини давлат рўйхатига олиш рад этилиши мумкин.

Кўп тармоқли фермер хўжалигини рўйхатга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Давлат рўйхатига олиш рад этилганлиги, шунингдек рўйхатга олиш муддатларининг бузилганлиги устидан судга шикоят қилиниши мумкин.”;

4) 10 ва 11-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“10-модда. Фермер хўжаликлари юритиш учун бериладиган

ер участкалари

Фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкалари:

захира ерлардан;

юридик ва жисмоний шахсларга берилмаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан;

табиий кўллар эгаллаб турган сув фонди ерларидан берилади.

Илмий-тадқиқот муассасалари, олий ўқув юртлари, академик лицейлар,

касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг ерлари, шунингдек табиий кўллар эгаллаб турган ерлардан ташқари сув фонди ерлари фермер хўжаликларига берилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси, катта ва кичик дарёлар,

сув ҳавзалари бўйлаб жойлашган ер участкалари фермер хўжалиги юритиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади. Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси бўйлаб беш юз метрли минтақада фаолияти ҳайвонларни (чорва моллар, паррандалар, мўйнали ва бошқа ҳайвонларни, балиқлар, асалариларни, ҳайвонот боғлари ҳамда виварийларнинг ҳайвонларини ва бошқа жониворларни) кўпайтириш, ўтлатиш ва боқиш билан боғлиқ бўлган чорвачилик, паррандачилик ҳамда бошқа йўналишдаги фермер хўжаликларига ер участкалари бериш таъқиқланади.

11-модда. Фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкалари бериш тартиби

Фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкалари очиқ танлов асосида ижарага эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга берилади.

Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкасини олишда фермер хўжалиги ташкил этилаётган жойда яшовчи шахслар устун ҳуқуқдан фойдаланадилар.

Захира ерлардан ёки юридик ва жисмоний шахсларга берилмаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ёхуд табиий кўллар эгаллаб турган сув фонди ерларидан ер участкалари ўтказилган танлов якунлари бўйича ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси ҳамда ҳудудий фермерлар кенгашининг хулосасига кўра халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори асосида қабул қилинадиган туман ҳокимининг қарорига мувофиқ берилади.

Қишлоқ хўжалиги кооперативининг (ширкат хўжалигининг) умумий йиғилиши ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхонаси, муассасаси ва ташкилотининг ваколатли органи фермер хўжаликларига берилиши лозим бўлган ер участкаларини ижарачини аниқламаган ҳолда белгилаши мумкин. Бундай ҳолда фермер хўжалигига ер участкаси ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган тартибда берилади.

Ер участкасини ижарага олиш шартномаси фермер хўжалигининг бошлиғи

ва туман ҳокими томонидан имзоланади.

Туман ҳокимининг фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси беришни

рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга шикоят қилиниши мумкин.

Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкалари олган ва қишлоқ аҳоли пунктида тураржойи бўлган шахсларнинг томорқа ер участкаси сақланиб қолади.

Фермер хўжалигининг ер участкаси чегаралари натурада (жойнинг ўзида)

ер тузиш хизмати органлари томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан белгиланади.”;

5) 12-модда чиқариб ташлансин;

6) 13-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“13-модда. Ердан фойдаланиш

Фермер хўжалигининг ер участкасига эгалик қилиш ҳамда ундан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

Фермер хўжалигига берилган ер участкаларидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланилади. Улар хусусийлаштирилиши, шунингдек олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши ва иккиламчи ижарага берилиши мумкин эмас.

Давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликлари экин майдонининг беш фоизида фермер хўжалиги аъзолариниозиқ-овқат билан таъминлаш ҳамда фермер хўжалигининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳуқуқига эга.

Ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи кредитлар олишда фермер хўжалиги томонидан гаровга қўйилиши мумкин.

Фермер хўжалигига берилган ер участкаси фермер хўжалиги қайта ташкил этилган тақдирда, агар ер участкасининг бўлиниши натижасида янги ташкил топган ер участкаларининг ўлчами ушбу Қонуннинг 5-моддасида назарда тутилган энг кам ўлчамлардан кам бўлмаса, бўлиниши мумкин.

Ер участкасининг ўлчами ва чегаралари фақат фермер хўжалиги бошлиғининг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.

Фермер хўжалиги бошлиғи муддатли ҳарбий хизматга чақирилганда, таълим муассасаларига кундузги ўқишга қабул қилинганда, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганда фермер хўжалиги бошлиғининг туман ҳокими номига берган аризасига мувофиқ бошқа фуқаро (оила аъзоси)га ўтказилиши мумкин.

Фермер хўжалиги бошлиғи вафот этган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларига мувофиқ ижарага олиш шартномасининг амал қилиш муддатига ушбу Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисми талабларига жавоб берадиган меросхўрга мерос бўйича ўтади.

Фермер хўжалиги бошлиғи пенсия ёшига тўлганда ёки меҳнат қобилиятини йўқотганда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ушбу Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисми талабларига жавоб берадиган ўз оила аъзоларидан бирига қонун ҳужжатларига мувофиқ ижара шартномаси амал қиладиган муддатга бериши мумкин.

Ер участкасини ижарага олиш шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин фермер хўжалиги ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтириш ҳуқуқига эга. Фермер хўжалигининг бошлиғи вафот этган тақдирда, ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтириш ҳуқуқига унинг ушбу Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисми талабларига жавоб берадиган меросхўриэга бўлади.

Ер участкасини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувга эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Фаолият юритаётган ва ижара шартномасида белгиланган барча талаб ва шартларни ўз вақтида баражараётган фермер хўжаликларига берилган ер майдонлари фермер хўжалигини муассисининг розилигисиз бошқа фермер хўжалиги, жисмоний ёки юридик шахсларга олиб берилиши тақиқланади.

Фермер хўжалиги тугатилган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш шартномаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиниши лозим.”;

7) 16-моддада:

биринчи қисм қуйидаги мазмундаги ўн бешинчи-ўн еттинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

“ишлаб чиқаришга замонавий ресурс тежамкор технологияларни, фан ва техника ютуқларини жорий этиш;

фан-таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;

туман (шаҳар) фермерлар кенгашлари ва халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қўшма йиғилишларида фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи тайёрловчи ва таъминотчи корхоналарни ҳисоботларини эшитиш ва баҳо бериш;”;

ўн бешинчи хатбоши ўн саккизинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

8) 17-моддада:

биринчи қисм қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“тугатилганда ер участкасини берилган пайтдаги тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлигидан паст бўлмаган, ўлчамларини камайтирмаган ва бошқа шаклдаги зарар етказмаган ҳолда ижарага берувчига топширилишини;”;

ўн иккинчи хатбоши ўн учинчи хатбоши деб ҳисоблансин ва қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини,

ўз ходимлари, шу жумладан, хўжалик бошлиғининг оила аъзолари, шунингдек вақтинча (мавсумий) ёлланадиган фуқаролар учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаши;”;

9) 19-модда:

қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

“Фермер хўжалиги ўзига тегишли бўлган кўп йиллик дарахтзор

(боғ, узумзор)ларни хўжалик юритиш учун белгиланган тартибда бериши (тасарруф этиши) мумкин. Бунда, янги мулк эгаси билан ерни ижарага олиш шартномаси белгиланган тартибда қолган муддатга қайта расмийлаштирилади.

Кўп йиллик дарахтзор (боғ, узумзор)ларни қисмларга бўлиб бериш (тасарруф этиши) таъқиқланади.”;

бешинчи қисм еттинчи қисм деб ҳисоблансин;

10) 22-модда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

“Фермер хўжалиги ташкил этилганидан ўн йилдан кейин ер майдонининг мелиоратив ҳолатидан келиб чиқиб, фермер хўжалиги ўз ихтисослашувини ўзгартириш бўйича туман ҳокимига мурожат қилиши мумкин.”;

тўртинчи қисмда “фуқароларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида” деган сўзлар “фуқароларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шунингдек таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан тегишли шартнома мажбуриятларининг бажарилмаслиги натижасида” деган сўзлар билан алмаштирилсин;

иккинчи–бешинчи қисмлар тегишли равишда учинчи–олтинчи қисмлар

деб ҳисоблансин;

11) қуйидаги мазмундаги 231-модда билан тўлдирилсин:

“231-модда. Фермер хўжалиги фаолиятида оила (жамоа) пудратини ташкил этиш

Фермер хўжалигида ер участкалари, қоида тариқасида, оилаларга қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш учун оила пудрати шартномаси асосида тақсимланиши мумкин.

Ер участкалари муайян турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқариш учун фермер хўжалиги ходимларига ёки оилаларга фойдаланиш учун жамоа пудрати шартномаси асосида тақсимланиши мумкин. Оила (жамоа) пудрати шартномаси

ҳар йили фермер хўжалиги бошлиғи билан оила бошлиғи (жамоанинг ваколат берилган вакили) ўртасида тузилади.

Оила (жамоа) пудрати шартномасида қуйидагилар назарда тутилади:

етиштириладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотининг миқдори ва турлари,

унинг сифати ва унга етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотига ҳақ тўлаш;

суғориш учун сув ва моддий-техника ресурслари билан пудратчини таъминлаш;

тарафларнинг шартнома мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлиги ва бошқа шартлар.

Оила (жамоа) пудратида меҳнатга ҳақ тўлаш якуний натижаларга кўра – етиштирилган маҳсулотнинг шартномада назарда тутилган миқдори, сифати ва баҳосига кўра амалга оширилади.

Ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган тақдирда пудратчи зарар ва бошқа харажатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.”.

12) 25-моддадаги “уюшмалар ҳамда бошқа бирлашмаларга кириши” деган сўзлар “уюшмалар ва бошқа бирлашмаларга кириши ҳамда белгиланган тартибда тузиши” деган сўзлар билан алмаштирилсин;

13) 26-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

“Фермер хўжаликлари турли молиявий институтлар томонидан эмиссия қилинадиган ва қимматли қоғозлар бозорида, яъни фонд биржаларида котировка қилинадиган молиявий инструментлардан (об-ҳаво деривативлари, фъючерс, опцион ва бошқа молиявий шартномалардан) ўз фаолиятларини хеджерлаш мақсадида фойдаланиши мумкин.”;

14) 32-моддада:

бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“фермер хўжалигининг бошлиғи вафот этганда, суд томонидан бедарак йўқолган ва муомалага лаёқатсиз деб топилганда ҳамда озодликдан маҳрум қилинганда ушбу Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисми талабларига жавоб берадиган хўжалик фаолиятини давом эттиришни ҳоҳловчи меросхўр бўлмаса;”;

қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

“Ер участкасини ижарага олиш шартномаси белгиланган тартибда бекор қилинган фермер хўжалигини давлат реестридан чиқариш чораларини кўриш маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилади.

Кўп тармоқли фермер хўжалиги ер майдонлари туман заҳирасига қайтариб олинганида унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш тартибида қайта ташкил этилиши мумкин.”.

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 25 декабрда қабул қилинган ЎРҚ–136-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, 12-сонга 1-илова; 2008 йил, № 12, 639-модда; 2009 йил, № 9, 330, 331-моддалар, № 12, 470, 472, 473-моддалар; 2010 йил, № 5, 178-модда, № 9, 334, 335, 336, 337-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 474-модда; 2011 йил, № 1,1-модда, № 9, 248-модда, № 12/2, 364, 365-моддалар; 2012 йил, № 4, 106-модда, № 9/1, 238-модда, № 12, 334, 336-моддалар; 2013 йил, № 10, 263-модда, № 12, 349-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда, № 9, 244-модда, № 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, № 8, 312-модда, № 12, 452, 454-моддалар; 2016 йил, № 4, 125-модда, № 9, 276-модда) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:

1) 367-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“кўп тармоқли фермер хўжалиги ягона ер солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа даромадлари бўйича барча солиқларни (акциз ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқлар бундан мустасно) тўлашдан беш йил муддатга озод қилинади.”.

3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 598-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 5-6, 82-модда; 2003 йил, № 9-10, 149-модда; 2004 йил, № 5, 90-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 12, 608-модда; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 12, 472-модда; 2011 йил, № 1, 1-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда, № 9, 244-модда) 53-моддаси биринчи–учинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкалардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектдир.

Фермер хўжалигини юритиш учун:

захирадаги ерлардан ер участкалари;

юридик ва жисмоний шахсларга берилмаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ер участкалари;

табиий кўллар эгаллаб турган сув фонди ерларидан ер участкалари берилади.

Илмий-тадқиқот муассасаларига, олий ўқув юртларига, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларига ва умумтаълим мактабларига ўқув, тажриба, нав синаш мақсадлари учун берилган ерлар ҳамда сув фонди ерлари (табиий кўллар эгаллаб турган ерлар бундан мустасно) фермер хўжаликларига берилмайди.”

4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг

Президенти

[ izohlar (5) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

Фарход Курбонов Садуллаевич 2017-04-13 13:22:53
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги 602–I-сонли Қонунининг 5-моддасида:Чорвачилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжалиги камида 30 шартли бош чорва моли бўлган тақдирда ташкил этилади, дейилган.Савол. 30 шартли бош чорва моли кўп эмасми. Чунки фермер хўжалигини ташкил этишни хохловчи айрим фукароларга ушбу 30 шартли бош чорва моли кўплик қилмайдими. 30 шартли бош чорва молини кискартириш керак деб ўйлайман.
Фарход Курбонов Садуллаевич 2017-04-13 14:24:52
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги 602–I-сонли Қонунининг 5-моддасида:Чорвачилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжалиги камида 30 шартли бош чорва моли бўлган тақдирда ташкил этилади, дейилган.Савол. 30 шартли бош чорва моли кўп эмасми. Чунки фермер хўжалигини ташкил этишни хохловчи айрим фукароларга ушбу 30 шартли бош чорва моли кўплик қилмайдими. 30 шартли бош чорва молини кискартириш керак деб ўйлайман.
Фарход Курбонов Садуллаевич 2017-04-13 14:29:25
7-модда. Фермер хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказиш.Фермер хўжалиги тегишли давлат органи томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг ташкил этилган деб ҳисобланади ва юридик шахс мақомини олади, банк муассасасида ҳисоб-китоб варағи ва бошқа хил ҳисобварақлар очишга, ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлишга ҳақли, деб белгиланган.Қонуннинг эски тахририда эса "Фермер хўжалиги туман ҳокимлигида давлат рўйхатига олинганидан кейин юридик шахс мақомини олади, банк муассасасида ҳисоб-китоб ва бошқа хил ҳисобварақлар очишга, номи ёзилган муҳрга эга бўлишга ҳақлидир." деб белгилаб қўйилган.7-модданинг янги тахриридаги "тегишли давлат органи" тушунчасига таъриф бериш керак, яъни "тегишли давлат органи"га қайси давлат органлари кириши ёритилиши керак.
Фарход Курбонов Садуллаевич 2017-04-13 14:42:03
Ўзгартириш киритилаётган 10-модда Қонуннинг эски тахриридаги 9-моддага тўғри келмоқда. Орадан қайси модда чиқариб ташланаётганлиги кўрсатилиши керак.
Фарход Курбонов Садуллаевич 2017-04-13 15:10:38
Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунига ушбу Қонунда кўп ишлатилган сўзларнинг таърифи келтирилган "Асосий тушунчалар" моддаси киритилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ва Солиқ кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси лойиҳаси15.03.2017Ишчи гуруҳи
2Ягона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришЯгона порталда муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабарномани, жадвални, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини, муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштириш12.04.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишЯгона порталдан тушган таклифларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш 12.04.2017-27.04.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ягона портал фойдаланувчилари
4Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини муҳокама натижаси бўйича қабул қилинган таклифларга мувофиқ қайта ишлашЯгона портал иштирокчиларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қайта ишлаб чиқиш ва Ягона порталда қайта жойлаштириш28.04.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ишчи гуруҳи
5Лойиҳани Ўзбекистон Респубилкаси Вазирлар Маҳкамасига киритишЛойиҳа ва тегишли ҳужжатларни Ўзбекистон Респубилкаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш30.04.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги

So`rovnoma natijalari