Hujjat nomi
Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiNizom
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO‘zbekiston Respublikasi Markaziy banki
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Markaziy banki
Muhokama boshlanishi (sana)2015-05-29 17:15:55
Muhokama yakunlanishi (sana)2015-06-13 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги ва “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 6 майдаги ПҚ–2344–сон “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ активларни таснифлаш меъзонларини, тижорат банклари томонидан активлар бўйича юзага келиши мумкин бўлган ва мавжуд йўқотишлар учун ташкил этиладиган захираларни шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

активлар – Мазкур Низомда қўлланиладиган кредитлар ва активларнинг бошқа шакллалрига овердрафт, лизинг йўли билан молиялаштириш, кредит линиялари, факторинг, кредит муддатини узайтиришнинг барча шакллари, улушли қимматли қоғозлар ва ҳар қандай кўринишдаги инвестициялар, бошқа банклардаги маблағлар, босқичма-босқич тўлаш шарти билан сотилган активлар ҳамда бошқа молиялаш билан боғлиқ барча бошқа активлар. Улар ушбу Низомда келтирилган тушунтиришларга мувофиқ етарли асослар билан таснифланган ва тоифаланган бўлиши лозим. Шунингдек, активлар таркибига балансдан ташқари моддалар (чақириб олинмайдиган кредит мажбуриятлари, фойдаланилмаган кредит линиялари, аккредитивлар, кафолатлар, мажбуриятларни бажариш кафолатлари) киради;

махсус захиралар – “субстандарт”, “қониқарсиз”, “шубҳали” ва “умидсиз” сифатида таснифланган активлар бўйича эҳтимолий зарарларни қоплашга мўлжалланган захиралар;

стандарт активларга яратиладиган захиралар – банк фаолияти давомида умуман ёки бирор–бир фаолият тури натижасида юзага келиши мумкин бўлганэҳтимолий зарарларни қоплашга мўлжалланган захиралар;

“муаммоли” активлар – бундай активларга “қониқарсиз”, “шубҳали” ва “умидсиз” сифатида таснифланган активлар киради. Ушбу Низомга мувофиқ актив асосий суммасининг ундирилмаган қисми “муаммоли” актив сифатида кўрилиши лозим;

шартлари қайта кўриб чиқилган активлар – шартнома ҳамда унга қўшимча келишувга мувофиқ асосий шартлари ўзгартирилган активлар. Агар шартномага қуйидаги келтирилган асосий шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бўйича ўзгартиришлар киритилган бўлса, актив шартлари қайта кўриб чиқилган деб ҳисобланади:

а) фоиз ставкасининг пасайтирилиши. Бунда, Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасига боғланган активларнинг фоизларини Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси пасайиши муносабати билан камайтирилиши бундан мустасно;

б) асосий қарзнинг камайтирилиши ёки ундан қисман воз кечилиши;

в) фоизлар ва/ёки асосий қарзга доир тўловларнинг бир қисми ёки барчасидан воз кечиш;

г)активнинг асосий ва фоизларининг тўлаш муддатини кечиктирилиши ёки узайтирилиши;

д) активни шартлари қайта кўриб чиқиш зарурлиги натижасида қилиниши мумкин бўлган бошқа ён беришлар.

“ўстирилмаслик” мақоми берилган активлар – ҳисобланган фоиз даромадини тўлиқ олиш эҳтимоли мутлақо қолмаган ёки қарзнинг асосий суммасини тўлиқ олиш мумкин бўлмаган активга ҳисоблаш усулини қўллаш тўхтатиладиактивлар.

банк активлари бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун мажбурий захира депозитлари (кейинги ўринларда - мажбурий захиралар депозитлари)–тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида захирага олинадиган, банк активлари бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун депозитлари;

таъминланмаган активлар – таъминотсиз берилган активлар. Одатда бундай активлар қарздорнинг мустаҳкам тушумлари, потенциали ёки унинг яхши актив тарихи асосида берилади. Гарови белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган активлар таъминланмаган активларга киради.

2. Банкларнинг ҳисоботлари уларнинг активлари сифатининг ҳақиқий ҳолатини акс эттириши лозим.

3. Ҳисоботларнинг ҳаққоний бўлмаслиги банк омонатчилари, кредиторлари ва акциядорлари, шунингдек Марказий банк ва бошқа манфаатдор томонларни чалғитишга, янглиштиришга уриниш деб ҳисобланади. Бундай фаолият хавфсиз бўлмаган ва носоғлом банк амалиётига киради.

4. Банк балансида даромад келтирмайдиган активлар улушининг катталиги, шунингдек ҳисоби балансдан ташқари моддаларда юритилаётган қайтарилмаган активлар суммасининг кўплиги банк ижро раҳбариятининг малакаси Марказий банк талабларига мувофиқ эмас деб топишга ҳамда Кенгаш томонидан банк фаолияти устидан ўрнатилган назоратни етарли эмас деб ҳисобланишига асос бўлади.

5. Даромад келтирмайдиган активларнинг юқори даражада бўлиши банк кредит сиёсати, кредитларни структуризация қилиш мезонлари ва кредитларни бошқариш жараёнини бўшлигини билдирувчи кўрсаткич ҳисобланади.

6. Мазкур Низомга мувофиқ барча тижорат банклари ўз активларини таснифлашлари ҳамда улар бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун етарли даражада захираларни ташкил этишлари лозим (кейинги ўринларда - кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захираси).

2-боб. Активларни таснифлаш тизими

7. Активларни таснифлаш тизими тартиби қўйидаги мезонлар бўйича қарздорни баҳолашдан бошланади:

тармоқ тенденцияси(иқтисодиёт сектори) ва истиқболи;

муайян бир лойиҳани техник амалга оширилуви ва иқтисодий рақобатбардошлиги;

қарз олувчининг молиявий ҳолати ва кредит олишга қодирлиги;

қарздорнинг кредит тарихи, кредит таъминотининг ёмонлашуви ёки унинг ликвидлилигини пасайиши;

муайян лойиҳанинг иқтисодий жиҳатдан асосланиши;

қарздор-юридик шахснинг раҳбарлик ва бошқариш сифати (агар кредит юридик шахсга берилса).

8. Активлар таҳлили ва таснифи натижалари юқорида келтирилган омилларга асосланади ва ушбу омиллар тижорат банкларининг кредит портфели ва бошқа активларидаги таваккалчиликни аниқлаш ва баҳолашда жуда муҳим ҳисобланади.

9. Банк активлари қуйидаги тартиб ва тоифаларга мувофиқ таснифланади:

Стандарт.Ушбу активлар бўйича қарзларнинг ўз муддатида тўланиши шубҳа туғдирмайди. Қарз олувчи молиявий жиҳатдан барқарор ҳисобланади, у етарли миқдорда капиталга, юқори даромадлилик даражасига ҳамда барча мавжуд мажбуриятлар, жумладан, мазкур қарзни қондириш учун етарли пул маблағлари оқимига эга бўлади. Қарз олувчи амалда бажариладиган, жумладан, бозорда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга доир стратегик режани тақдим этган ва ўз маҳсулотлари учун маркетинг режасига эга. Қарздор мавқеини баҳолаш кредитга доир тўловлар тарихи, гаровнинг бозорда сотилиши (мулк ва кўчмас мулк, кафолат) каби омилларни ўз ичига қамраб олади. Гаров “яхши таъминланган” кредит мезонларига мос келади. Гаров амалдаги қонунчиликка мувофиқ нотариал жиҳатдан пухта тасдиқланган бўлиши ва зарур ҳолларда тегишли мулк битимини рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатга олиниши,шу жумладан, банкнинг гаров мол-мулкига доир ҳуқуқлари тўғрисдаги ёзув гаров реестрида акс эттирилиши лозим. Банк кредит қайтарилмаган ҳолда чекловларсиз ва эркин равишда уни гаров ҳисобидан ундириб олишга ҳақли. Таъминотга доир тақдим этилаётган барча ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилиши лозим.

“Стандарт” сифатида таснифланган активлар қайтарилишида муаммолар кузатилмайдива бунда асосий қарз суммасининг ва фоизларининг ҳеч қандай қисми муддати ўтган ёки шартлари қайта кўриб чиқилмаган бўлиши лозим. Асосий қарз суммаси ёки фоизлардан муддати ўтган ва шартлари қайта кўрилган активлар “стандарт” сифатида таснифланиши мумкин эмас.

Банк “стандарт” сифатида таснифланган активлар учун захира капитали таркибида уларнинг қайтарилмаган асосий қарз (қолдиқ) суммасининг бир фоизи (1%) миқдорида захира яратиши лозим.

Банклар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан сўнг қолган фойда ҳисобидан ушбу низом кучга кирган санадан эътиборан ажратилиб, ҳисобот санасига “стандарт” сифатида таснифланган активлар қолдиғидан келиб чиққан ҳолда бундай захираларни ташкил қилишлари лозим;

Субстандарт. “субстандарт”тоифасига киритилган активлар қарздорнинг молиявий ҳолати турғун ҳисобланган, лекин айрим ноқулай вазиятлар ёки тенденциялар мавжуд бўлиб, агар улар бартараф этилмаса, молиялаштирилган лойиҳани амалга ошиши ёки қарздор томонидан активни ўз вақтида тўлаш қобилиятига нисбатан шубҳа уйғониши мумкин бўлган активлардир.

Шу билан бирга, молиявий аҳвол ёки гаровни назорат қилиш борасида бир мунча шубҳалар бўлиши мумкин. Кредит ҳужжатларида етарлича ахборот бўлмаган ёки гаров таъминоти бўйича ҳужжатлари бўлмаган “стандарт”активлар ҳам “субстандарт”активлар сифатида таснифланиши лозим. “Субстандарт”сифатида таснифланган активлар бўйича банк қайтарилмаган асосий қарз (қолдиқ) суммасининг ўн фоизи (10%) миқдорида махсус захиралар тузиши шарт.

Қониқарсиз. Қуйидаги муаммо ёки хусусиятлардан камида биттаси мавжуд бўлсаактив “қониқарсиз” сифатида таснифланиши лозим:

асосий тўлов манбалари қарз тўлаш учун етарли эмас, банк гаровга қўйилган мулкни сотиш, қарз олувчининг бошқа асосий воситаларини сотиш, тўланиши лозим бўлган бошқа қарзларини янгилаш ёки узайтиришларни ҳисобга олган ҳолда қўшимча тўлов манбаларини топиш талаб этиладиган;

қарз олувчининг жорий молиявий ҳолати ёки унинг пул маблағларининг мўлжалланаётган оқими мажбуриятларни қоплаш учун етарли бўлмаган;

қарз олувчи корхонанинг капиталини етарли даражада бўлмаган;

ушбу соҳага нисбатан тенденция ва истиқболлар барқарор бўлмаган;

активлар, гаров қиймати асосий қарз суммасидан ошмаган, ҳеч бўлмаганда асосий қарзнинг тўланмаган суммасига тенг бўлган;

асосий қарз ва фоизлар бўйича 1 кун бўлсада муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлган.

“Қониқарсиз” сифатида таснифланган активлар бўйича банк қайтарилмаган асосий қарз (қолдиқ) суммасининг йигирма беш фоизига (25%) тенг бўлган махсус захираларни шакллантириши лозим.

Шубҳали. “Шубҳали” активлар “қониқарсиз” сифатида таснифланувчи активларга хос барча хусусиятларга эга бўлиб, мавжуд шароитда активларнинг тўлиқ қайтарилишини шубҳа остига қўяди ва кам ишончли қилиб қўяди. Зиён кўриш эҳтимоли юқори бўлган, лекин айрим ижобий омиллари мавжуд бўлган ушбу активлар шароит ойдинлашгунча “умидсиз” сифтида таснифланмайди.

Қуйидаги омилларнинг камида биттаси мавжуд бўлса, актив “шубҳали” сифатида таснифланиши лозим:

“қониқарсиз” активларнинг ҳеч бўлмаганда бирорта кўрсаткичи, шунингдек айрим бошқа салбий тавсифлари мавжуд бўлса (бозорда осон сотиладиган гаровнинг мавжуд эмаслиги ёки қарз олувчининг банкрот деб эълон қилиниши);

яқин келажакда активнинг қисман тўланиш эҳтимоли мавжуд бўлса;

тўловларини қайтариш жадвалига асосан асосий қарз ва фоизлар бўйича 90 кунда ортиқ, лекин 180 кундан ошмаган муддати ўтган тўловлари мавжуд бўлса.

“Шубҳали” сифатида таснифланган активлар бўйича банк қайтарилмаган асосий қарз (қолдиқ) суммасининг эллик фоизи (50%) миқдорида махсус захиралар ташкил этиши шарт.

Умидсиз. “Умидсиз” сифатида таснифланган активлар қайтмайдиган ёки қиймати жуда пастлиги туфайли уларнинг ҳисобини балансда актив сифатида юритилишини мақсадга мувофиқ эмас деб баҳоланадиган активлар сифатида қаралади. Бундай таснифлаш активларда умуман ҳеч қандай тугатиладиган қиймат мавжуд эмаслигини билдирмайди. Лекин, банклар ўз балансларида бундай активларнинг ҳисобини юритишни давом эттиришлари мақсадга мувофиқ эмас. Банк гаровга олинган мулкни сотиш орқали бундай қарздорликни бартараф этиш чораларини кўриши ёки уни қайтариш чораларини қўллаши керак.

Қуйидаги омилларнинг камида бири мавжуд бўлганда актив “умидсиз” сифатида таснифланиши лозим:

тўловларни қайтариш жадвалига мувофиқ активнинг асосий қисмини ёки фоизини тўлаш белгиланган муддатдан 180 ва ундан ортиқ кунга кечиктирилган бўлса;

активларни ундирилиши суд жараёнида бўлса;

қарздор ва лизинг олувчидан ундирилган, гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш йўли билан банк балансига қабул қилинган кундан бошлаб уч ой муддатда банк томонидан сотилмаган ва банк фаолиятини кенгайтириш учун сотиб олинган бинодан 2 йил мобайнида фойдаланилмаган ҳамда банк фаолияти учун ортиқ фойдаланилмай қўйилган пайтдан бошлаб 1 йил мобайнида сотилмаган бўлса;

активларнинг тўлаш муддати узайтирилган бўлса.

Шартномада белгиланган муддатда қайтарилмаган ёки қайтмаслигидан далолат берувчи омиллар ёки аломатлар мавжуд бўлган активлар, банк кафолатлари бўйича тўлаб берилган маблағлар “умидсиз” сифатида таснифланади.

“Умидсиз” сифатида таснифланган активлар бўйича банклар қайтарилмаган асосий қарз (қолдиқ) суммасининг 100 фоизи миқдорида махсус захиралар яратишлари лозим.

10. Битта қарздорга берилган бир неча шартномаларга асосан ажратилган активларни таснифлаш:

Агар банкда битта қарздорга берилган бир неча активлар мавжуд бўлса ва ушбу активлардан бири ёки бир нечтаси “стандарт” сифатидатаснифланишига тўғри келса, қарздор томонидан банкка қайтариладиган барча активлар улардан энг паст тоифада таснифланган активдек таснифланиши лозим.

11. Агар қарздор бир нечта банклардан қарзи бўлса, бир банкка қайтарилиши лозим бўлган актив “стандарт” тоифадан паст таснифланган бўлса, бошқа банклар ҳам ушбуқарздорга берилган активларни мазкур тоифада таснифлаш лозим. Бунда банклар қарздорга бошқа банклар томонидан берилган активлар таснифини аниқлаш учун кредит ахбороти маълумотлар базасидан фойдаланишлари лозим.

Қуйида келтирилган жадвалда таснифлаш тоифалари, муддати ўтган кунлар сони, талаб этиладиган захиралар ва фоизларни ҳисоблаш мақоми намуна сифатида кўрсатилган:

Таснифлаш тоифалари

Муддати ўтган кунлар

Яратилиши лозим бўлган захира

Фоизларни ҳисоблаш

Стандарт

0

1%

балансда

Субстандарт

0

10%

балансда

Қониқарсиз

1-89

25%

“Кўзда тутилмаган ҳолатлар” ҳисобварағида

Шубҳали

90-179

50%

Умидсиз

180 ва кўп

100%

3-боб. Таъминотга қўйиладиган талаблар

12. Активлар бўйича таъминот ҳисобланувчи гаров банк томонидан кредитни қоплашнинг асосий манбаи деб ҳисобланмаслиги керак. Гаров кредитни тўлашнинг иккиламчи манбаи ҳисобланади.

13. Хавфсиз ва соғлом фаолият андозаларига мувофиқ тарзда банклар гаровни активни қайтаришнинг воситаси деб ҳисоблаган ҳолда кредит бермасликлари керак. Актив бўйича олинган гаровни таҳлил қилишда банк гаровнинг ликвидлигини эътиборга олиши керак. Шунга мувофиқ равишда банк гаровни сотишдан асосий қарз ва фоиз суммаларининг қайтарилишини баҳолаши керак.

14. Активларнинг юқори ликвидли таъминотига:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати;

банкларда очилган ҳисобварақларда миллий ва эркин айирбошланадиган хорижий валюта шаклидаги гаров;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қимматли қоғозлари шаклидаги гаров;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қимматли қоғозлари;

андозавий қимматбаҳо металлар шаклидаги, яъни олтин ва кумуш қуймалари шаклидаги гаров киради.

15. Қуйидаги активлар:

кўчмас мулк, ўзлаштирилган ва ўзлаштирилмаган ерга бўлган ҳуқуқ;

кўчар мол-мулк;

корхонадаги улуши ва уларнинг қимматли қоғозлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг кафолатлари, кафилликлариюқори ликвидли бўлмаган таъминот деб ҳисобланади.

4-боб. Шартлари қайта кўриб чиқилган активларни таснифлаш

16. Шартлари қайта кўриб чиқилган активлар бу муайян муаммолари мавжуд активдир.

Шартлари қайта кўриб чиқилган активларни таснифлашда қуйидаги омиллар:

шартлари қайта кўриб чиқилишининг асослари ёки сабаблари;

бир қарз олувчига қарзни қайтариш муддатининг неча марта узайтирилганлиги;

дастлабки битим шартларига нисбатан янги битимда келтирилган шартлардаги ўзига хос ўзгартиришлар кўриб чиқилиши керак. Хусусан, фоиз ставкасининг бозор ставкаси даражасидан пасайиши, қўшимча равишда актив бўйича қабул қилинган таъминотининг ўзгариши ёки кредитнинг қайтариш муддатини узайтирилиши шартлари қайта кўриб чиқилган активни таснифлаш ва таҳлил қилиш жараёнида муҳим сабаб ҳисобланади.

17. Шартлари қайта кўриб чиқилган активлар мазкур Низомнинг

9-бандида кўрсатилган “субстандарт”, “қониқарсиз”, “шубҳали” ва “умидсиз” тоифаларнинг мезонларидан фойдаланган ҳолда таснифланади. Бундан ташқари, таснифлаш тоифаларини аниқлашда қуйидаги омиллар:

агар шартлари қайта кўриб чиқилган актив бўйича алмашувчи ёки қўшимча қарздор дастлабки қарздорнинг шўъба корхонаси ёки унга дахлдор корхона бўлса (яъни, бошқа шўъба корхона ҳам айни шу асосий корхонага тегишли бўлса), бунда активларнинг дастлабки таснифи ўзгармаслиги керак. Қарз берувчи томонидан қарзга доир хизмат кўрсатилиши таснифлашнинг ўзгартирилишини талаб этувчи ҳоллар бундан мустасно;

муаммоли активларнинг таснифланиши янги қарздор асосий қарз ва фоизларнинг тўланмаган барча суммаларини тўлашга лаёқатли бўлса, бундай ҳолда активнинг таснифи тегишли тарзда қайта кўриб чиқилиши мумкин;

агар алмашувчи ёки қўшимча қарздорнинг дастлабки қарздор билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаса, бундай ҳолда активларни таснифлаш мезонлари алмашувчи ёки қўшимча қарздорга нисбатан қўлланилади. Бу ҳол алмашувчи ёки қўшимча қарздорнинг бизнесни нормал юритиш шароитида активларни тўлай олиш лаёқатига мувофиқ тарзда амалга оширилишини ҳисобга олиниши шарт.

Активлар шартлари қайта кўриб чиқилишидан олдинги таснифланган тоифадан юқори ёки яхшироқ тоифада таснифланиши мумкин эмас. Ҳеч қандай ҳолатда активга унинг шартлари қайта кўриб чиқилгандан сўнг дарҳол “стандарт” тоифани бериш мумкин эмас. Актив икки ва ундан ортиқ марта шартлари қайта кўриб чиқилганда, уни таснифлаш тоифаси шартлари қайта кўриб чиқилишидан олдинги тоифасидан бир поғонага паст бўлиши керак.

5-боб. Инвестиция портфелини таснифлаш

18. Банкнинг инвестиция портфели (“сотишга мўлжалланган қимматли қоғозларга қилинган инвестициялар” ёки “қарам хўжалик жамиятларига, қўшма корхоналарга ва шўъба хўжалик жамиятларига қилинган инвестициялар”, “сўндириш муддатигача сақланадиган қарз қимматли қоғозларига қилинган инвестициялар”) қўйидаги омиллар:

охирги 1 йил давомида банкка даромад келтирмаган бўлса, ушбу инвестиция “қониқарсиз”;

охирги 2 йил давомида банкка даромад келтирмаган бўлса, ушбу инвестиция “шубҳали”;

охирги 3 йил давомида даромад олинмаган бўлса, ушбу инвестиция “умидсиз” сифатида таснифланиши ва белгиланган миқдорда кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захираси яратилиши лозим.

Агар банк томонидан қилинган инвестициянинг қайта баҳолаш натижасида салбий фарқ юзага келса, ушбу миқдорда кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захираси яратилиши лозим.

Юқоридаги омиллар натижасидан келиб чиқиб, инвестициялар энг паст тоифада таснифланиши керак.

6-боб. Эҳтимолий йўқотишларга доир захирани шакллантириш тартиби

19. Активлар бўйича эҳтимолий йўқотишлар захирасининг етарлилиги таҳлили ва зарур ҳолларда қўшимча захираларнинг яратилиши даврий равишда камида ойига
1 маротаба амалга оширилиши лозим.

Бунда, банклар танифланган активлар бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захираларини шакллантириш ва улар бўйича бухгалтерия ўтказмаларини дастурлашган ҳолда амалга оширишлари лозим.

20. Белгиланган меъёрларга мувофиқ яратилган захирага нисбатан актив бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарлар миқдорининг ошиб кетиши мумкинлигидан далолат берувчи омиллар ва шароитлар аниқланганда, захирага кўрилиши мумкин бўлган зарарларга нисбатан йирик ажратмалар амалга оширилиши керак.

21. Актив “умидсиз” сифатида таснифланиши билан уч иш куни ичида унинг ҳисоби балансдан ташқари моддаларда акс эттирилиши ва тегишли махсус захиралар камайтирилиши лозим. Зарарлар улар тан олинган даврда ҳисобдан чиқарилиши керак.

22. Активнинг ҳисобдан чиқарилиши унинг қисман ёки тўлиқ қайтарилиши мумкинлигини инкор этмайди.

23. Агар актив “стандарт” сифатида таснифланмаган бўлса, банк қарздорга эҳтимолий йўқотишлари билан боғлиқ бўлган таваккалчиликнинг батафсил таҳлилисиз қўшимча кредит маблағлари, жорий кредит бўйича қўшимча ресурслар ёки янги кредитлар шаклида маблағлар бериши мумкин эмас.

24. Марказий банк муайян активларнинг янада қатъийроқ таснифланишини ва/ёки қуйида келтирилган ноқулай фактлар ва ҳолатларнинг ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлса, юзага келиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун мўлжалланган қўшимча захира ажратишни талаб қилиши мумкин:

банк кредит портфели умумий ҳолатининг ёмонлашуви;

банкда кредитлар беришга доир етарли таҳлил ва текширувларнинг ўзгариши ёки мавжуд эмаслиги;

банк шу тармоқ ва соҳага берилган кредитлар бўйича амалда зарарлар кўрганлиги;

йирик активларнинг тўпланиши;

номақбул иқтисодий йўналиш ва шароитлар, хусусан, қарздорларнинг бир ёки бир неча саноат тармоқлари ёки жуғрофий минтақада катта миқдорда тўпланиши;

тақдим этилган банк ҳисоботини таҳлил қилиш ёки Марказий банк назоратчилари томонидан ўтказилган инспекциялар натижасида аниқланган қарздорнинг ёхуд банкнинг ўзининг молиявий аҳволига тааллуқли бошқа ҳолатлар.

25. Активлар бўйича эҳтимолий зарарларни қоплаш захираларига ажратмалар тегишли “Кўрилиши мумкин бўлган зарарларни баҳолаш” ҳисобварағини дебетлаш ҳамда тегишли “Активлар ва лизинг бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш заҳираси” ҳисобварағини кредитлаш орқали амалга оширилади.

26. Захиралар етарли бўлмаган ҳолларда, банк томонидан захираларга қўшимча ажратмалар захираларнинг етишмовчилиги аниқланган даврда амалга оширилиши зарур.

27. Агар банк активлари портфели таҳлил қилинганидан кейин унинг захиралари талаб қилинганидан ортиқ бўлса, у ҳолда банк тегишли “Активлар ва лизинг бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захираси” ҳисобварағини дебетлаши ва тегишли “Кўрилиши мумкин бўлган зарарларни баҳолаш” ҳисобварағини кредитлаши лозим.

7-боб. Банк активлари бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун мажбурий захиралар депозитларига маблағ ўтказиш

28. Тижорат банклари маблағларни вакиллик ҳисобварағидан Марказий банкда очиладиган мажбурий захиралар депозитларига банк активлари бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун шаклланган махсус захиралар маблағлари миқдорига тенг суммани ўтказишни таъминлашлари шарт.

29. Мажбурий захиралар депозитларига ўтказиш учун мажбурий бўлган маблағлар ҳажми банк активлари бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун шаклланган захиралар суммасидан келиб чиқиб, ҳар ой якунлари бўйича ҳисоблаб чиқарилади.

Ҳисоб-китоб якунлари бўйича уч иш куни давомида тижорат банклари махсус захиралар миқдоридан етишмаётган суммани мажбурий захиралар депозитларига ўтказиши лозим ёки уларнинг асослаб берилган мурожаати асосида Марказий банк ортиқча суммаларни тижорат банкларига қайтариб беради.

Ҳар ойнинг 10- ва 20-санаси якунлари бўйича тижорат банкларининг асослаб берилган мурожаатлари асосида Марказий банк ортиқча суммаларни тижорат банкларига қайтариб бериши мумкин.

30. Марказий банк банкнинг активларини таҳлил қилиш асосида кўрилиши мумкин бўлган йўқотишларни қоплаш учун қўшимча захираларни шакллантириш бўйича тижорат банкларига ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради.

31. Тижорат банклари томонидан мазкур Низомнинг 29 ва 30-бандларида кўрсатилган талаблар бажарилмаган тақдирда Марказий банк мажбурий захиралар депозитларига ўтказилиши зарур бўлган маблағларни банкларнинг Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварақларидан ундиради.

[ izohlar (1) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

turaev shokhruz shukhratovich 2015-06-01 22:52:48
МБ тўпланган мажбурий захира маблағларидан фойдаланиши мумкинми? Масалан, қайта молиялаштириш операциясида.
Qabul qilinmadi 2015-06-12 09:50:52
Марказий банкда тўпланган мажбурий захира маблағларидан фойдаланиш Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган “Тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида депозитга ўтказиладиган мажбурий резервлари тўғрисида”ги Низомга (рўйхат рақами 2004, 09.09.2009й.) асосан тартибга солинади.

8-боб. Активлар бўйича эҳтимолий зарарларни қоплаш захираларидан

фойдаланиш тартиби

32. Банкда активлар бўйича эҳтимолий зарарларни қоплаш захираларининг етарли даражада бўлишини таъминланиши учун тўлиқ жавобгарлик банк Кенгаши ва Бошқарувига юклатилади.

33. “Умидсиз” активларни кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захиралари ҳисобидан қоплаш тўғрисидаги қарор банк Бошқаруви томонидан қабул қилиниб, бу ҳақда банк Бошқаруви банк Кенгашига уч кунлик муддат ичида ахборот беради.

Тегишли “Активлар ва лизинг бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захираси ҳисобварағидан қопланган “умидсиз” активларнинг ҳисоби баланснинг “Кўзда тутилмаган ҳолатлар” ҳисобварағида юритилади. Бунда қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари амалга оширилади:

а) балансдан чиқарилишида:

Дебет: тегишли “Активлар ва лизинг бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захираси” ҳисобварағи;

Кредит: тегишли актив ҳисобварағи;

б) балансдан ташқари моддаларда акс эттирилиши:

Дебет: 95413–“Ҳисобдан чиқарилган кредитлар ва лизинглар” ҳисобварағи

Кредит: 96397–“Бошқа кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисобварақлари бўйича контр-ҳисобварақ”.

Кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захира маблағлари етишмаган тақдирда, мазкур Низомга мувофиқ тегишли “Кўрилиши мумкин бўлган зарарларни баҳолаш” ҳисобварағидан “Активлар ва лизинг бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захираси” контр-актив ҳисобварағига қўшимча ажратмалар қилиниши керак. Ўтказилаётган актив бўйича олинадиган фоизларни ҳисобга олиш шахсий ҳисобрақами ҳам бир вақтнинг ўзида ушбу актив бўйича “Фоизли даромадлар” ҳисобварақларини дебетлаш ва “Активлар бўйича олиниши лозим бўлган ҳисобланган фоизлар” ҳисобварақларини кредитлаш йўли билан ёпилиши керак.

34. “Умидсиз” актив ва улар бўйича ҳисоблаб ёзилган фоизларнинг баланс ҳисобварақларидан “Кўзда тутилмаган ҳолатлар” ҳисобварағига ўтказиш ушбу актив бўйича қарзлар ҳамда улар бўйича фоизларнинг бекор қилинишини билдирмайди. Шунинг учун ушбу қарз, шунингдек у бўйича фоизлар балансдан ташқари моддаларда улар бу ҳисобварақларга ўтказилган пайтдан бошлаб беш йилдан кам бўлмаган муддат мобайнида акс эттирилиши лозим.

Банк қонун ҳужжатларига мувофиқ мазкур актив бўйича асосий қарз суммаси ва фоизларни ундириш юзасидан барча чора-тадбирларни қўллаши зарур. Банк қарздор (эмитент) мажбуриятининг тўлиқ суммасини тўғри акс эттириш учун мазкур активга фоизлар ҳисоблаб ёзишни уни балансдан ташқари моддаларга ўтказгандан кейин ҳам давом эттиради (қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарздор ва кафилнинг мажбуриятлари бекор бўладиган ҳолатлар бундан мустасно).

Бунда банк мунтазам равишда, бир ойда камида бир марта қарздорга балансдан ташқари моддалардаги қолдиқларга мос келадиган асосий қарз ва ҳисобланган фоизлар бўйича муддати ўтган қарзнинг мавжудлигини маълум қилган ҳолда кредит бўйича қарзни қоплаш ва у бўйича ҳисобланган фоизларни тўлашни талаб қилинган даъво хатини, балансдан ташқари моддалардан кўчирма илова қилинган ҳолда, қарздор ёки унинг ҳуқуқий ворисига (тугатилиш жараёнида бўлса, тугатиш комиссиясига) юбориши лозим. Ушбу даъво хатларини олмаслик қарздорни қарзини қайтариш мажбуриятидан озод этмайди. Даъво хати ва ҳисобварақдан кўчирма банкнинг муддати ўтган асосий қарзни ва ҳисобланган фоизлар ундириб олиш бўйича суд органларига мурожаат этиши учун асос бўлади.

Ички аудит хизмати ва банк Бошқаруви ҳар чоракда балансдан ташқари моддаларига ўтказилган “умидсиз” активларни ундириш бўйича қўлланаётган чора-тадбирлар ҳақида банк Кенгашига ёзма равишда маълумот беришлари шарт.

Банк Кенгаши молиявий йил якуни бўйича банк акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши кун тартибига банкнинг “умидсиз” активларини ундириш бўйича қўлланган чора-тадбирлар ҳақидаги масалани киритади.

35. Банк Бошқаруви томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорига кўра марказлаштирилган ресурслар ёхуд бошқа маблағлар ҳисобидан берилган кредитлар ҳисобидан шаклланган “умидсиз” активни баланс ҳисобварақларидан балансдан ташқари моддаларга ўтказиш ҳақидаги қарор Марказий банк ёхуд Ҳукумат олдидаги қарзларнинг бекор қилиниши эмас. Банк Марказий банк ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати олдидаги қарзларни ҳатто агар ушбу маблағлар ҳисобидан берилган кредитлар тузилган кредит шартномаларига мувофиқ тўланмаган бўлса ҳам қайтариши шарт.

36. Агар қарздор томонидан балансдан ташқари моддаларда ҳисобга олинадиган актив бўйича қарз банк томонидан ушбу қарзни ундириш бўйича кўрилган барча чора-тадбирларга қарамасдан, у бу ҳисобварақларга ўтказилгандан кейин беш йил давомида тўланмаса, у ҳолда ушбу актив (асосий қарзлар ҳам, фоизлар ҳам) банк Кенгашининг акциядорлар умумий йиғилишида тасдиқланган қарорига кўра ҳисобдан чиқарилиши мумкин.

37. Агар қарздор илгари эҳтимолий зарарларни қоплаш учун захира қилинган актив бўйича тўловни амалга оширса ва қарз тижорат банкининг баланс ҳисобварақларидан балансдан ташқари моддаларига ўтказилмаган бўлса, у ҳолда тегишли “Активлар ва лизинг бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захираси” ҳисобварағи дебетланади ва тегишли “Кўрилиши мумкин бўлган зарарларни баҳолаш” ҳисобварағи (агар заҳира жорий йилда яратилган бўлса) ёки “Ҳисобдан чиқарилган маблағларнииг қайтарилиши” ҳисобварағи (агар захира ўтган йилларда яратилган бўлса)кредитланади.

38. Агар қарздор актив “Кўзда тутилмаган ҳолатлар” ҳисобварағига ўтказилганидан кейин у бўйича тўловни амалга оширса, у ҳолда банк томонидан ушбу қарздорнинг ҳисобварағи ёки касса ҳисобварағи дебетланади ва тегишли “Активлар ва лизинг бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш заҳираси” ҳисобварағи кредитланади ҳамда тегишли “Активлар ва лизинг бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш заҳираси” ҳисобварағи дебетланади ва тегишли “Кўрилиши мумкин бўлган зарарларни баҳолаш” ҳисобварағи (агар заҳира жорий йилда яратилган бўлса) ёки “Ҳисобдан чиқарилган маблағларнииг қайтарилиши” ҳисобварағи (агар заҳира ўтган йилларда яратилган бўлса) кредитланади, шу билан бир вақтнинг ўзида, 96397–“Бошқа кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисобварақлари бўйича контр-ҳисобварақ” ҳисобварағи дебетланади ва 95413–“Ҳисобдан чиқарилган кредитлар ва лизинглар” ҳисобварағи кредитланади.

39. Мазкур Низом талаблари банклар томонидан бузилган тақдирда Марказий банк Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунининг 53–моддасида назарда тутилган чора ва санкцияларни қўллашга ҳақли.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишЎзбекистон Республикаси Марказий банкининг Низом лойиҳаси01.05.2015-28.05.2015Марказий банк
2Ягона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришЯгона порталда: муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабарномани; жадвални; норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини; муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштириш.29.05.2015Марказий банк
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишЯгона порталдан тушган таклифларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш.29.05.2015-13.06.2015Марказий банк, Ягона портал фойдаланувчилари
4Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича қабул қилинган таклифларга мувофиқ қайта ишлашЯгона портал иштирокчиларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қайта ишлаб чиқиш ва Ягона порталда қайта жойлаштириш.14.06.2015-20.06.2015Марказий банк
5Ишлаб чиқилган норматив-хуқуқий хужжатни тасдиқлаш учун киритишИшлаб чиқилган норматив-хуқуқий хужжатни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритиш22.06.2015Марказий банк

So`rovnoma natijalari