Hujjat nomi
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСУЛЛИК УСТАВИ (янги таҳрири)
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQonun
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2017-04-20 16:17:08
Muhokama yakunlanishi (sana)2017-05-05 02:08:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСУЛЛИК УСТАВИ

(янги таҳрири)

Ушбу Устав Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги консуллик муассасалари (бундан буён матнда консуллик муассасалари деб юритилади) фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.

Консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида таъсис этилади.

I. Умумий қоидалар

1-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Уставда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

консуллик муассасаси – Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги бош консуллиги, консуллиги, вице-консуллиги, консуллик агентлиги ва дипломатик ваколатхонасининг консуллик бўлими;

консуллик мансабдор шахси – консуллик функцияларини бажариш топширилган дипломатик ходим;

консул – консуллик муассасасининг раҳбари бўлган консуллик мансабдор шахси;

оила аъзолари – консуллик мансабдор шахсининг хотини (эри), вояга етмаган фарзандлари, шунингдек қарамоғида бўлган ота-онаси ва муомалага лаёқатсиз вояга етган фарзандлари;

консуллик округи – консуллик функцияларини бажариш учун консуллик муассасасига ажратилган ҳудуд;

консуллик бинолари – фақатгина консуллик муассасаси мақсадлари учун фойдаланилаётган бинолар ёки уларнинг бир қисми, шунингдек мулк ҳуқуқи тегишлилигидан қатъий назар ушбу бинога ёки бинонинг бир қисмига тегишли ер майдони;

консуллик архиви – консуллик муассасасининг барча ҳужжатлари, хат-хабарлари, шунингдек уларнинг сақловчилари ва реестрлари, шифрлари ва кодлари, картотекалари ҳамда уларнинг бутлиги ва сақланишини таъминлаш учун мўлжалланган ҳар қандай воситалар билан биргаликда;

денгиз ёки дарё кемаси – Ўзбекистон Республикаси байроғи остида сузиб юрган кема, ҳарбий кема бундан мустасно;

ҳаво кемаси – Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган кема, ҳарбий ҳаво кемаси бундан мустасно.

2-модда. Консуллик алоқаларини ўрнатиш

Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан консуллик алоқалари ўзаро келишув асосида ўрнатилади.

Агар бошқача келишувга эришилган бўлмаса, дипломатик алоқаларнинг ўрнатилиши консуллик алоқаларининг ҳам ўрнатилиши ҳисобланади.

Дипломатик алоқаларнинг узилиши консуллик алоқалари узилишини ёки консуллик муассасаси фаолияти тугатилишини англатмайди.

3-модда. Консуллик муассасаларининг асосий вазифалари

Консуллик муассасалари чет элда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади.

Консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан дўстона муносабатлари ривожланишига ҳамда улар билан иқтисодий, савдо, илмий-техникавий, маданий ва бошқа алоқаларнинг кенгайишига кўмаклашадилар.

4-модда. Консуллик муассасалари фаолиятининг ҳуқуқий асоси

Консуллик муассасалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Устав, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги актлари, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномаларига, шунингдек халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига амал қиладилар.

II. Консуллик муассасалари фаолиятини ташкил қилиш

5-модда. Консуллик муассасаларини таъсис этиш

Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларини консуллик муносабатлари ўрнатилган давлатларда таъсис этади.

Консуллик муассасалари консуллик алоқалари ўрнатилмаган давлат ҳудудида ушбу давлатнинг розилиги билан очилиши мумкин.

Консуллик муассасаси манзили, унинг даражаси ва консуллик округи қабул қилувчи давлат билан келишилган ҳолда белгиланади.

Консуллик муассасаси манзилини, унинг даражасини ва консуллик округини ўзгартириш қабул қилувчи давлат билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

6-модда. Консуллик муассасаларининг ҳуқуқий мақоми

Консуллик муассасалари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг бевосита раҳбарлиги остида амалга оширадилар.

Қабул қилувчи давлатда Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонаси мавжуд бўлган тақдирда консуллик муассасалари дипломатик ваколатхона бошлиғининг умумий раҳбарлиги остида фаолият кўрсатадилар.

Консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ҳамда консуллик муассасасининг номи давлат тили ва чет тилларида ёзилган муҳрга эга бўладилар.

Консуллик биноларидан консуллик функцияларини бажаришга оид бўлмаган мақсадларда фойдаланилиши мумкин эмас.

7-модда. Консуллик муассасаларининг даражалари

Консуллик муассасалари қуйидаги даражаларга бўлинади: Ўзбекистон Республикасининг бош консуллиги, консуллиги, вице-консуллиги, консуллик агентликлари ва дипломатик ваколатхоналарининг консуллик бўлимлари.

Бош консуллик, консуллик, вице-консуллик ва консуллик агентликлари тегишинча бош консуллар, консуллар, вице-консуллар ва консуллик агентлари томонидан бошқарилади. Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналарининг консуллик бўлимлари консуллик бўлимларининг мудирлари томонидан бошқарилади.

8-модда. Консуллик муассасаларининг имтиёзлари ва иммунитетлари

Консуллик муассасалари қабул қилувчи давлатда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принцип ва нормаларига, Ўзбекистон Республикаси ва қабул қилувчи давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ имтиёз ва иммунитетлардан фойдаланадилар.

9-модда. Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби ва байроғидан фойдаланиш

Консуллик муассасаси ўзи эгаллаб турган бинога Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби туширилган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида, қабул қилувчи давлат тилида ва бошқа тилда консуллик муассасасининг номи ёзилган пешлавҳа ўрнатиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири доимий равишда консуллик муассасалари биноларининг олд томонига, шунингдек консулнинг хизмат хонасига жойлаштирилади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи доимий равишда консуллик муассасаларининг биноларида ёки ҳудудларида, шунингдек консулнинг хизмат хонасида ва транспорт воситаларида кўтарилади.

Ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширишда умум эътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари, дипломатик протокол қоидалари, шунингдек қабул қилувчи давлатнинг қонун ҳужжатлари ва урф-одатлари инобатга олиниши лозим.

10-модда. Консуллик архивининг дахлсизлиги

Консуллик архиви жойлашган жойидан қатъий назар ҳар доим дахлсиздир.

11-модда. Замонавий технологиялар ва ахборот тизимларидан фойдаланиш

Консуллик муассасалари ўз фаолиятларида замонавий технологиялар ва ахборот тизимларидан фойдаланишлари мумкин.

Консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларга ўз ваколатларига оид давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатишлари, шунингдек ҳужжатларни қабул қилиш ва рўйхатга олишни, давлат хизматлари кўрсатилишининг бориши ҳақида хабарномалар жўнатишнинг электрон шаклларини қўллашлари мумкин.

III. Консуллик мансабдор шахслари

12-модда. Консуллик мансабдор шахсларининг ҳуқуқий мақоми ва уларни тайинлаш, лавозимдан озод қилиш тартиби

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ консуллик муассасасида консуллик функцияларини бажариш ваколати берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси консуллик мансабдор шахси бўлиши мумкин.

Йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга эга бўлган ёки консуллик соҳасида камида уч йиллик иш стажи мавжуд бўлган бошқа олий маълумотга эга шахслар консуллик мансабдор шахси бўлишлари мумкин.

Консуллик мансабдор шахсларини тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Консул лавозимга тайинланганида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан унга тегишли консуллик округи белгилаб берилган консуллик патентини олади.

Консул қабул қилувчи давлатнинг розилигини (экзекватурасини) олганидан кейин ўз вазифаларини бажаришга киришади. Унинг тайинланганлиги тўғрисида қабул қилувчи давлат маъмурияти хабардор қилинади.

Экзекватура берилгунига қадар консул ўз функцияларини вақтинчалик бажариши мумкин.

Агар консуллик мансабдор шахси бирон-бир сабабга кўра ўз вазифаларини бажара олмайдиган бўлса ёки унинг лавозими вақтинча бўш бўлса, консуллик мансабдор шахсининг вазифаларини бажариш ушбу консуллик муассасасининг ёки Ўзбекистон Республикасининг қабул қилувчи давлатдаги бошқа консуллик муассасасининг бошқа дипломатик ходими зиммасига ёхуд шу давлатдаги Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасининг дипломатик ходимларидан бири зиммасига юклатилади.

13-модда. Консуллик мансабдор шахслари ва оила аъзоларининг имтиёзлари ва иммунитетлари

Консуллик мансабдор шахслари, шунингдек оила аъзолари қабул қилувчи давлатда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ва қабул қилувчи давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ имтиёзлар ва иммунитетлардан фойдаланадилар.

Консуллик мансабдор шахслари, шунингдек уларнинг оила аъзолари ўзларининг имтиёзлари ва иммунитетларига зарар етказмаган ҳолда қабул қилувчи давлат қонун ҳужжатлари ва тартиб-қоидаларини ҳурмат қилишлари ва ушбу давлатнинг ички ишларига аралашмасликлари лозим.

IV. Консуллик функцияларини бажариш тартиби

14-модда. Консуллик функцияларини бажариш

Консуллик мансабдор шахси ушбу Уставда ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва қабул қилувчи давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларда назарда тутилган функцияларни амалга ошириш орқали ўзига юклатилган мажбуриятларни бажаради.

Консуллик мансабдор шахси ушбу Уставда назарда тутилмаган бошқа функцияларни бажариши мумкин, башарти улар Ўзбекистон Республикасининг ва қабул қилувчи давлатнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаса.

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари бўлмаган давлатларда қабул қилувчи давлатнинг розилиги билан консуллик мансабдор шахси зиммасига дипломатлик функцияларни бажариш ҳам юклатилиши мумкин.

Консуллик мансабдор шахси бошқа давлатнинг консуллик функцияларини фақат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг кўрсатмасига биноан ва қабул қилувчи давлат розилиги билан бажариши мумкин.

Консуллик мансабдор шахси алоҳида ҳолатларда қабул қилувчи давлат розилиги билан консуллик функцияларини ўз консуллик округидан ташқарида бажариши мумкин.

Консуллик мансабдор шахси консуллик функцияларини учинчи давлат ҳудудида бажариши мумкин, башарти қабул қилувчи давлатнинг ва учинчи давлатнинг аниқ ифодаланган эътирози бўлмаса.

Консуллик мансабдор шахси консуллик муассасасининг фаолияти билан боғлиқ барча масалалар юзасидан консуллик округига тегишли давлат маъмуриятига мурожаат этиши мумкин.

Консуллик мансабдор шахси зарурият туғилганда ўз консуллик округини айланиб чиқади.

15-модда. Консуллик мансабдор шахсининг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахслари мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича функциялари

Консуллик мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг мурожаатларини оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда қабул қилади ва кўриб чиқади.

16-модда. Консуллик мансабдор шахсининг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахслари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишларига кўмаклашиш бўйича функциялари

Консуллик мансабдор шахси Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахсларига қабул қилувчи давлатнинг қонун ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси ҳамда қабул қилувчи давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишларига кўмаклашади, башарти бундай ҳуқуқларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаса.

Консуллик мансабдор шахси ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг бузилган ҳуқуқлари тикланиши учун чора кўради.

17-модда. Консуллик мансабдор шахсининг вакиллик қилиш бўйича функциялари

Агар қабул қилувчи давлатда Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки юридик шахсининг вакили бўлмаса ва улар иш юритишни бирор-бир шахсга топширмаган бўлса ёки бошқа сабабларга кўра ўз манфаатларини ҳимоя қилишга қодир бўлмаса, консуллик мансабдор шахси ўша давлат муассасаларида уларнинг номидан ишончномасиз вакиллик қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу вакиллик улар ўз вакилларини тайинлагунларига қадар ёки ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни ўз зиммаларига олгунларига қадар давом этади.

18-модда. Консуллик мансабдор шахсининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалалари бўйича функциялари

Консуллик мансабдор шахси ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларига доир материалларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилади, кўриб чиқади ва расмийлаштиради.

19-модда. Консуллик мансабдор шахсининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш, бериш ва алмаштириш бўйича функциялари

Консуллик мансабдор шахси консуллик округи ҳудудида доимий яшаб турган ёки хизмат сафари, контракт бўйича иш, ўқиш ёки даволаниш мақсадида вақтинчалик бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш ва бериш ҳамда уларни алмаштириб бериш ҳуқуқига эга.

Консуллик мансабдор шахси консуллик округи ҳудудида доимий яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ҳамда, хизмат сафари, контракт бўйича иш, ўқиш ёки даволаниш мақсадида қабул қилувчи давлат ҳудудида вақтинчалик бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ваколатли органлари билан келишган ҳолда чет элга бориш учун рухсатнома ёзуви стикерини расмийлаштириш ҳуқуқига эга.

20-модда. Консуллик мансабдор шахсининг Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун гувоҳнома (сертификат) расмийлаштириш ва бериш бўйича функциялари

Консуллик мансабдор шахси чет элда вақтинчалик бўлиб турган ва доимий консуллик рўйхатида турмайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати йўқолган, яроқсиз ҳолга келган, амал қилиш муддати тугаган, саҳифалари ишлатиб бўлинган ҳолларда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасига кириш (қайтиш) ҳуқуқини берувчи Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун гувоҳномани (сертификатни) расмийлаштиради ва беради.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келганда консуллик мансабдор шахси Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун гувоҳномани (сертификатни) аризачи ҳақидаги маълумотларни текширганидан ҳамда унинг шахси ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги тасдиқланганидан сўнг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштиради ва беради.

21-модда. Консуллик мансабдор шахсининг Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг консуллик округи ҳудудида яшаш учун зарурий маблағларсиз қолганидаги функциялари

Ўзбекистон Республикаси фуқароси консуллик округи ҳудудида яшаш учун зарурий маблағларсиз қолган ва бу ҳақда консуллик муассасасига мурожаат қилган тақдирда консуллик мансабдор шахси:

мазкур фуқаронинг консуллик округи ҳудудида бўлиши билан боғлиқ харажатларни қоплаш бўйича уни жўнатган ёки таклиф қилган шахс ёки ташкилотнинг мажбуриятлари мавжудлигини аниқлайди ва бундай мажбуриятларнинг бажарилишига кўмаклашади;

мазкур шахс оила аъзолари, қариндошлари ёки бошқа шахслар билан алоқа ўрнатишига кўмаклашади.

Мазкур модданинг биринчи қисмида назарда тутилган чоралар етарли бўлмаса, консул Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда бундай ҳолатлар учун махсус ажратилган маблағлар ҳисобидан ва шу маблағлар доирасида мазкур фуқарони Ўзбекистон Республикасига қайтариш мақсадида молиявий ёрдам кўрсатишга ҳақли.

Молиявий ёрдам кўрсатилаётганда консул томонидан молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисида битим тузилади ва у нотариал тасдиқланган битимларга тенглаштирилади.

Консуллик муассасасида молиявий ёрдам олган шахс олинган молиявий маблағларни ўттиз кунлик муддатда қайтариш мажбуриятини олади.

Молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби, шу мақсадлар учун ажратилган маблағлар миқдори, шунингдек уларни қайтариш шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Консуллик муассасаси томонидан кўрсатилган молиявий ёрдам суммаси ўрнатилган муддатларда қайтарилмаган тақдирда, консуллик мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига ижро хатини жўнатади ва унга кўра қарздорликни ундириш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда сўзсиз амалга оширилади.

Молиявий ёрдам кўрсатиш қуйидаги ҳолатларда рад қилиниши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси фуқароси консуллик округи ҳудудига ноқонуний тарзда кирганда;

қабул қилувчи давлат судининг (ваколатли органининг) Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг бажарилмаган шартномавий мажбуриятлари билан боғлиқ ёки бошқа асосларга кўра чиқиб кетишига таъқиқ мавжуд бўлганда;

молиявий ёрдам кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилишга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар яширилганда ёки била туриб ёлғон маълумотлар тақдим қилинганда;

консуллик муассасасига муқаддам олинган молиявий ёрдамни қоплаш бўйича бажарилмаган мажбурияти мавжуд бўлган фуқаро молиявий ёрдам олиш учун мурожаат қилганда.

Молиявий ёрдам кўрсатиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда ҳам рад этилиши мумкин.

Консуллик мансабдор шахси ўз ваколатлари доирасида бошқа зарурий ёрдам ҳам кўрсатиши мумкин.

22-модда. Консуллик мансабдор шахсининг одам савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатиш ва кўмаклашиш бўйича функциялари

Консуллик мансабдор шахси ўз ваколатлари доирасида:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги одам савдосидан жабрланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича фаолиятни амалга оширади;

одам савдосидан жабрланганларни Ўзбекистон Республикасига қайтаришга кўмаклашади, уларда шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган ҳолларда, уларнинг шахсини ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублигини аниқлаш бўйича ўз вақтида чора кўради ҳамда уларга консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан Ўзбекистон Республикасига қайтиш ҳужжатларини расмийлаштиради;

зарур ҳолларда қабул қилувчи давлатнинг тегишли ваколатли органларига Ўзбекистон Республикасининг одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳақида маълумотлар тақдим этади;

одам савдосидан жабрланганларга уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳақида ахборот тақдим этади.

23-модда. Консуллик мансабдор шахсининг Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг консуллик рўйхатини юритиш бўйича функциялари

Консуллик мансабдор шахси консуллик округи ҳудудида вақтинча турган ҳамда доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг рўйхатини юритади.

Консуллик мансабдор шахси консуллик округида вақтинча турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қабул қилувчи давлатнинг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, шунингдек маҳаллий урф-одатлари тўғрисида хабардор қилади.

24-модда. Консуллик мансабдор шахсининг ҳибсга олинган, қамоқда сақланаётган, ушлаб турилган, маҳкум қилинган ёки бедарак йўқолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан функциялари

Консуллик округида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳибсга олинганлиги, қамоқда сақланаётганлиги, ушлаб турилганлиги ёки ҳукм қилинганлиги ҳақида маълумот олган тақдирда консуллик мансабдор шахси:

консуллик округига тегишли давлат ваколатли органлари орқали фуқаро (фамилияси, исми, шарифи, туғилган вақти ва жойи, яшаш жойи, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги), шунингдек ҳибсга олиш, қамоқда сақлаш, ушлаб туриш ёки ҳукм қилиш ҳолатлари ва асослари тўғрисида маълумот олади;

Ўзбекистон Республикаси фуқаросини ҳибсга олиш, қамоқда сақлаш, ушлаб туриш ёки ҳукм қилиш факти ҳақида Ташқи ишлар вазирлигига хабар беради;

ҳибсга олинган, қамоқда сақланаётган, ушлаб турилган ёки ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига лозим даражада ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши ва зарур ҳолларда таржимон билан таъминланиши бўйича чора кўради;

ҳибсга олинган, қамоқда сақланаётган, ушлаб турилган ёки ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан учрашиш учун чора кўради, унга ҳуқуқларини тушунтиради ҳамда бундай фуқаролар гигиена ва санитария талабларига жавоб берадиган шароитларда сақланишини ҳамда уларга нисбатан шафқатсиз ва инсон қадр-қимматини таҳқирловчи муомала қилинмаслигини кузатиб боради;

ҳибсга олинган, қамоқда сақланаётган, ушлаб турилган ёки ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига йўналтирилган хат-хабар ва посилкаларни ҳалқаро ҳуқуқ ва қабул қилувчи давлат қонунчилиги доирасида беришга кўмаклашади.

Консуллик мансабдор шахси ҳибсга олинган, қамоқда сақланаётган, ушлаб турилган ёки ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига нисбатан халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари, Ўзбекистон Республикаси ва қабул қилувчи давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномалар қоидалари, шунингдек қабул қилувчи давлат қонун ҳужжатларига риоя этилаётганлигини кузатиши лозим.

Ҳибсга олинган, қамоқда сақланаётган, ушлаб турилган ёки ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ҳуқуқлари бузилаётган тақдирда консуллик мансабдор шахси ўз ваколатлари доирасида қабул қилувчи давлат қонун ҳужжатлари йўл қўядиган даражада бундай шахснинг ҳуқуқларини халқаро ҳуқуқнинг умуэътироф этилган принциплари ва нормалари, Ўзбекистон Республикаси ва қабул қилувчи давлат аъзо бўлган халқаро шартномалари қоидалари, шунингдек қабул қилувчи давлат қонун ҳужжатларига мувофиқ тикланиши бўйича чора кўради.

Консуллик мансабдор шахси зарурият туғилганда Ўзбекистон Республикаси фуқароси жазони ўтаётган ёки суд қарорининг ижро этилишини кутаётган консуллик округига қарашли бўлган давлат маъмуриятига авф этиш, муддатидан олдин озод қилиш ёки суд қарорини ижро этишни тўхтатиб туриш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин, башарти Ўзбекистон Республикасининг ушбу давлат билан халқаро шартномасида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса.

Ҳибсга олинган, қамоқда сақланаётган, ушлаб турилган ёки ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси консуллик мансабдор шахси томонидан чора кўрилишига қарши бўлса, консуллик мансабдор шахси бу фуқаро номидан ҳар қандай чора кўришдан тийилади.

Консуллик мансабдор шахси ҳибсга олинган, қамоқда сақланаётган, ушлаб турилган ёки ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига нисбатан кўрилган чора тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигини ўз вақтида хабардор қилади.

Консуллик мансабдор шахси тегишли консуллик округи ҳудудида бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот мавжуд бўлган бедарак йўқолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қидиришда кўмак олиш учун қабул қилувчи давлат ваколатли органларига дарҳол мурожаат қилади.

25-модда. Консуллик мансабдор шахсининг чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга визаларни расмийлаштириш ва бериш бўйича функциялари

Консуллик мансабдор шахси Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларида ўрнатилган тартибда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасига киришга ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ўтишга визалар беради.

Консуллик мансабдор шахси берилган визаларга ўзгартиришлар киритиш ёки уларни бекор қилиш ҳуқуқига эга.

26-модда. Консуллик мансабдор шахсининг Ўзбекистон Республикаси фуқароларига сайлов ҳуқуқлари ва Ўзбекистон Республикаси референдумларида қатнашиш ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашиш бўйича функциялари

Консуллик мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси фуқароларига референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловларда бевосита иштирок этиш ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашади.

Консуллик муассасаси консуллик округи ҳудудида бўлган
ва сайловлар ёки референдум ўтказилиш кунида сайлов ҳуқуқи ва Ўзбекистон Республикаси референдумида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан иборат сайловчилар рўйхатини тузади.

Сайловлар ёки Ўзбекистон Республикаси референдуми ўтказилишида консуллик мансабдор шахси қабул қилувчи давлат маъмуриятини консуллик муассасаси биносида сайлов участкаси ташкил қилиниши ҳақида расман хабардор қилади.

27-модда. Консуллик мансабдор шахсининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш масалалари бўйича функциялари

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ консуллик мансабдор шахси қуйидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этади:

туғилганлик;

никоҳ тузиш;

никоҳдан ажралиш;

ўлим.

Консуллик мансабдор шахси томонидан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Консуллик мансабдор шахси чет элда доимий яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан фуқаролик ҳолатини қайд этиш ёзувларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш, ёзувларни қайта тиклаш, шунингдек фамилия, исм ва отасининг исмини ўзгартириш ҳақидаги аризаларни қабул қилади ҳамда уларни тегишли ҳужжатлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ваколатли органлари кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборади.

Консуллик мансабдор шахсига мурожаат қилган шахслардан бири Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва бошқаси чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлган ҳолатларда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш масалаларини ҳал этиш Ўзбекистон Республикаси ва қабул қилувчи давлат қонун ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига зид бўлмаган тақдирда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишга йўл қўйилади.

28-модда. Консуллик мансабдор шахсининг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш бўйича функциялари

Консуллик мансабдор шахси нотариал ҳаракатларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади.

Консуллик муассасасида нотариал иш юритиш Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида амалга оширилади.

Зарурият туғилганда ҳужжатлар бошқа тилларда ҳам расмийлаштирилиши мумкин.

29-модда. Консуллик мансабдор шахсининг хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш бўйича функциялари

Хорижий расмий ҳужжатларни консуллик муассасасида легаллаштириш имзонинг, ҳужжатни имзолаган шахс ваколатининг, легаллаштиришга тақдим қилинган ҳужжат тасдиқланган муҳр ва штампнинг ҳақиқийлигини, ҳамда мазкур ҳужжатнинг қабул қилувчи давлат қонун ҳужжатларига мувофиқлигини белгилаш ва шаҳодатлашдан иборат.

Консуллик легаллаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Консуллик мансабдор шахси ўз консуллик округига тегишли давлат маҳаллий маъмурияти вакиллари иштирокида тузилган ёки ана шу маъмуриятдан келган ҳужжатлар ва актларни легаллаштиради.

Консуллик мансабдор шахси хорижий расмий ҳужжатни легаллаштиришни амалга ошириш учун мазкур ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига ёки бошқа тилларга нотариал тасдиқланган таржимасини тақдим этишни талаб қилишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлган ёки ўз мазмунига кўра Ўзбекистон Республикасининг давлат манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган ёхуд фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотларни акс эттирган ҳужжатлар ва актлар легаллаштирилмайди.

Агар ҳужжатда ёки мазкур ҳужжат билан тасдиқланаётган саҳифада апостиль қўйилган бўлса уни легаллаштириш талаб этилмайди.

Консуллик мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси билан муносабатларда хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи Конвенция (Гаага, 1961 йил 5 октябрь) қўлланиладиган давлат ваколатли органи томонидан апостиль қўйилган ҳужжатларни қабул қилиши шарт.

30-модда. Консуллик мансабдор шахсининг ҳужжатларни талаб қилиб олиш бўйича функциялари

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг аризалари бўйича консуллик мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги Ўзбекистон Республикаси давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларидан фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари, таълим, меҳнат фаолияти, пенсия, судланганлик масалалари, архив маълумотномалари ҳамда аризачиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига оид бошқа ҳужжатларни талаб қилиб олади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг аризалари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ташкилотлар ва муассасалар сўровномалари бўйича консуллик мансабдор шахси консуллик округига тегишли давлат ваколатли органларидан аризачиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига оид ҳужжатларни талаб қилиб олади.

31-модда. Консуллик мансабдор шахсининг фарзандликка олиш, васийлик ва ҳомийлик масалалари бўйича функциялари

Консуллик мансабдор шахси Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консуллик округига тегишли давлатда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, консуллик округи ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан фарзандликка олинган вояга етмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг рўйхатини юритади ва уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора кўради.

Консуллик мансабдор шахси консуллик округида яшайдиган, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ва ўз мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда васийлик ва ҳомийликни белгилаш чорасини кўради.

32-модда. Консуллик мансабдор шахсининг Ўзбекистон Республикаси ҳаво, денгиз ва дарё кемалари, шунингдек автомобиль ва темир йўл транспорти ҳаракатдаги таркиби воситаларига нисбатан функциялари

Консуллик мансабдор шахси қабул қилувчи давлатнинг аэропортларида Ўзбекистон Республикаси ҳаво кемасининг командири, экипажи ва йўловчиларига қабул қилувчи давлатнинг қонун ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва қабул қилувчи давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ ҳуқуқ ва иммунитет берилишини кузатиб боради.

Консуллик мансабдор шахси Ўзбекистон Республикасининг ҳаво кемаси командири, экипажи ва йўловчиларининг қабул қилувчи давлат маъмурияти билан алоқаларида ёрдам бериши, шунингдек, зарурият туғилганда, ҳаво кемаси, унинг экипажи ва йўловчилари Ўзбекистон Республикасига қайтиши ёки парвозни давом эттириши учун чора кўриши лозим.

Консуллик мансабдор шахси қуйидагиларни амалга ошириши мумкин:

ҳаво кемасининг аэропортга учиб келиши, ундан учиб кетиши ва аэропортда туришига кўмаклашиш;

ҳаво кемасида юз берган ҳодисаларнинг тафсилотларини аниқлаш, ҳаво кемасининг командири, экипаж аъзолари ва йўловчиларидан суриштириш;

ҳаво кемаси, ундаги юк ва рейс ҳақида маълумотлар олиш;

зарурият туғилганда ҳаво кемаси экипажи аъзолари ва йўловчиларнинг даволаниши ҳамда Ўзбекистон Республикасига жўнатилишини таъминлаш чорасини кўриш;

Ўзбекистон Республикасининг аэропортларига борадиган Ўзбекистон Республикаси ҳаво кемаларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, почта ва юкларни жўнатиб юбориш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳаво кемаларига тааллуқли декларация ёки бошқа ҳужжатни олиш, тузиш ёки тасдиқлаш.

Консуллик округи доирасида ҳаво кемаси ҳалокатга учраган, қўнишга мажбур бўлган ёки бошқа ҳодиса содир бўлган тақдирда консуллик мансабдор шахси командир, экипаж ва йўловчиларга зарур ёрдам кўрсатади.

Консуллик мансабдор шахси ҳалокатга учраган ёки қўнишга мажбур бўлган ҳаво кемасини, юкларни ва ҳодиса хусусиятидан гувоҳлик берувчи ашёвий далилларни қўриқлаш чорасини кўради ҳамда Ўзбекистон Республикаси мутахассисларига авиация ҳодисасининг сабабларини аниқлашда кўмаклашади.

Ҳаво кемасининг бортида жиноят содир этилган тақдирда консуллик мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари ва қонун ҳужжатларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажаришда ҳаво кемасининг командирига кўмаклашади.

Агар консуллик мансабдор шахсида мавжуд бўлган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳаво кемасининг муайян аэропортга кириши хавфсиз бўлмаса, номақбул бўлса ёки имконияти бўлмаса, консуллик мансабдор шахси ҳаво кемаси капитанини бундан огоҳлантириши шарт.

Денгиз ва дарё кемаси, автомобиль ва темир йўл транспорти ҳаракатдаги таркиби воситаларига нисбатан консуллик функцияларини бажариш чоғида консуллик мансабдор шахси ушбу модданинг биринчи-еттинчи қисмлари қоидаларига амал қилади.

Чет элда денгиз ёки дарё кемаси сотиб олинган тақдирда консуллик мансабдор шахси унга Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи остида сузиб юриш ҳуқуқини берадиган вақтинчалик гувоҳнома беради.

Мазкур вақтинчалик гувоҳнома берилган пайтдан эътиборан денгиз ёки дарё кемаси Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилгунига қадар, бироқ берилган кундан олти ойдан кўп бўлмаган муддатга амал қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи остида сузиб юриш ҳуқуқи ҳақидаги вақтинчалик гувоҳномани расмийлаштириш учун аризачи денгиз ёки дарё кемасини харид қилиш асосларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳужжатларни тақдим қилади.

33-модда. Консуллик округи ҳудудида табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар, қуролли можаролар, оммавий тартибсизликлар вужудга келганда ва террорчилик ҳаракатлари содир этилганда консуллик мансабдор шахсининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш бўйича функциялари

Консуллик мансабдор шахси табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар, қуролли можаролар, оммавий тартибсизликлар вужудга келган ва террорчилик ҳаракатлари содир этилган зоналарда қолган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда бу зоналарда вазиятнинг ривожи ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигини ўз вақтида хабардор қилади.

Консуллик мансабдор шахси табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар, қуролли можаролар, оммавий тартибсизликлар вужудга келганда ёки вужудга келиш хавфи бўлганда, шунингдек террорчилик ҳаракатлари содир этилганда ёки содир этилиш хавфи бўлганда консуллик округи ҳудудидаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора кўради.

Консуллик мансабдор шахси зарурият туғилганда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини яқин хавфсиз зонага эвакуация қилинишларини ташкиллаштириш ёки уларни Ўзбекистон Республикасига қайтаришни таъминлаш бўйича чора кўради.

34-модда. Консуллик мансабдор шахсининг санитария, фитосанитария ва ветеринария муҳофазаси бўйича функциялари

Қабул қилувчи давлат ҳудудида карантинли касалликлар пайдо бўлган тақдирда консуллик мансабдор шахси касаллик тарқалган ҳудуд, касалланиш ҳолатларининг миқдори ва маҳаллий маъмурият томонидан эпидемияга қарши кўрилган чорани кўрсатган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ваколатли органларини хабардор қилиш учун бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига дарҳол хабар беради.

Консуллик округи ҳудуди доирасида қишлоқ хўжалик ўсимликларининг хавфли касалликлари ёки зараркунандалари пайдо бўлган тақдирда, шунингдек чорва ва парранда ёппасига касалланган ёки инсон ва ҳайвонот учун умумий касалликлар тарқалиши хавфи вужудга келганда, консуллик мансабдор шахси Ўзбекистон Республикаси ваколатли органларини хабардор қилиш учун бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига дарҳол хабар беради.

35-модда. Консуллик мансабдор шахси функцияларининг тугатилиши

Консуллик мансабдор шахсининг функциялари қуйидаги ҳолларда тугатилади:

консуллик мансабдор шахси чақириб олинганда;

экзекватура бекор қилинганда;

консуллик муассасаси ёпилганда;

консуллик муносабатлари тугатилганда.

Консуллик мансабдор шахсининг функциялари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда ҳам тугатилиши мумкин.

36-модда. Консуллик мансабдор шахси фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари

Консуллик мансабдор шахси фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси жисмоний ва юридик шахсларининг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ зарурий чоралар кўриш;

ўзига юклатилган вазифалар ва мажбуриятларни лозим даражада бажариш;

Ўзбекистон Республикасининг консуллик ва ҳуқуқий ёрдам соҳасидаги халқаро шартномалари лозим даражада бажарилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан дўстона муносабатлари ривожланишига ҳамда улар билан иқтисодий, савдо, илмий-техникавий, маданий ва бошқа алоқаларнинг кенгайишига амалий ҳисса қўшиш.

37-модда. Консуллик мансабдор шахсининг жавобгарлиги

Консуллик мансабдор шахси ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, шунингдек консуллик функцияларини лозим даражада бажармаганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Консуллик мансабдор шахсининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишига сабаб бўлди деб ҳисоблаган жисмоний ёки юридик шахс ушбу ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи мансабдор шахсга, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига ёхуд Ўзбекистон Республикаси суд органларига шикоят қилишга ҳақли.

38-модда. Консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларни қоплаш учун йиғимлар

Консуллик ҳаракатлари учун консуллик йиғимлари, шунингдек мазкур ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда қилинган ҳақиқий харажатларни қоплаш учун йиғимлар ундирилади.

Консуллик йиғимлари Ўзбекистон Республикаси консуллик йиғимлари тарифига мувофиқ ундирилади: чет элда – қабул қилувчи давлатнинг валютасида ёки бошқа хорижий валютада; Ўзбекистон Республикасида – миллий ёки хорижий валютада.

Консуллик йиғимларининг тарифлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Консуллик йиғимларини тақсимлаш ва ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Консуллик йиғимлари қуйидаги ҳолларда ундирилмайди:

консуллик йиғимларини ундиришдан озод қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ва қабул қилувчи давлат иштирокчи бўлган халқаро шартнома мавжуд бўлса;

ўн олти ёшга тўлмаган, шунингдек яшаш учун зарурий маблағларсиз қолган ёки одам савдоси қурбони бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсини аниқлаш ва Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун гувоҳнома (сертификат) бериш учун;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини репатриация қилиш ишлари бўйича;

чет эл дипломатик паспорти эгаларига ўзаролилик асосида виза берганлик учун;

меҳнат стажи, фуқароларнинг ижтимоий таъминоти тўғрисидаги, алиментлар ундириш тўғрисидаги ишларга доир ҳужжатлар талаб қилиб олиш ва легаллаштириш учун;

табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар, қуролли можаролар, оммавий тартибсизликлар вужудга келганда ва террорчилик ҳаракатлари содир этилганда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган консуллик функциялари учун;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасининг бошлиғи ёки консул Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уларнинг аризалари асосида, башарти улар томонидан келтирилган важлар асосли деб топилса ва тан олинса, консуллик йиғимларини ва консуллик ҳаракатларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳақиқий харажатларни қоплаш учун йиғимларни тўлашдан озод қилиш ҳуқуқига эга.

V. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ФАХРИЙ КОНСУЛЛАРИ

39-модда. Фахрий консулнинг мақоми

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қабул қилувчи давлат билан келишган ҳолда алоҳида консуллик функцияларини бажаришни фахрий консулга топшириши мумкин.

Қабул қилувчи давлатда муносиб ижтимоий мавқега ва зарурий шахсий сифатларга, касбий тажрибага ҳамда тил кўникмаларига эга бўлган, шунингдек ўзига юклатилган консуллик функцияларини лозим даражада бажара олиш имкониятига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда чет эл фуқаролари фахрий консул бўлишлари мумкин.

Фахрий консул Ўзбекистон Республикасининг давлат хизматида турмайди ва ўз функцияларини бажарганлиги учун Ўзбекистон Республикасидан ҳеч қандай пул мукофоти олмайди.

Фахрий консул Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Фахрий консул ўз функцияларини қабул қилувчи давлат тегишли бўлган консуллик округи ҳудудидаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси умумий раҳбарлиги остида бажаради.

Қабул қилувчи давлатда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси мавжуд бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бундай раҳбарликни фахрий консул ўз функцияларини амалга ошираётган давлат билан қўшни бўлган ёки мазкур давлатга яқин бўлган давлатдаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига топширади.

Фахрий консул Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги розилиги билан ва қабул қилувчи давлат билан келишган ҳолда бир вақтнинг ўзида бошқа хорижий давлатнинг фахрий консули вазифасини бажариши мумкин.

40-модда. Фахрий консулнинг функциялари

Фахрий консул қуйидаги консуллик функцияларини бажариши мумкин:

консуллик округи ҳудудида вақтинчалик бўлиб турган ёки доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари рўйхатини юритишни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш;

консуллик округи ҳудудида бедарак йўқолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қидириш бўйича чора кўриш;

консуллик округи ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига сайловлар ва Ўзбекистон Республикаси референдумида иштирок этиш ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашиш;

консуллик округи ҳудудида доимий яшайдиган васийлик ва ҳомийлик ўрнатилиши талаб қилинадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора кўриш;

консуллик округи ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳаво, денгиз ва дарё кемалари, автомобиль ва темир йўл транспортининг ҳаракатда бўлган таркиби воситаларига, шунингдек уларнинг экипаж аъзоларига зарурий ёрдам кўрсатиш.

Фахрий консулга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг ва қабул қилувчи давлатнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа функциялар ҳам юклатилиши мумкин.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1----

So`rovnoma natijalari