Hujjat nomi
Агрокимёвий хизматлар кўрсатиш, агрокимёвий хаританомаларни тайёрлаш харажатларини молиялаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналари билан ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiBuyruq
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO‘zbekiston Respublikasi Qishlоq хo‘jаligi vаzirligi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Qishlоq хo‘jаligi vаzirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2017-05-06 14:49:31
Muhokama yakunlanishi (sana)2017-05-21 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИНИНГ

БУЙРУҒИ

Агрокимёвий хизматлар кўрсатиш, агрокимёвий хаританомаларни тайёрлаш харажатларини молиялаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналари билан ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 24 октябрдаги ПҚ-2640-сон “Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва қишлоқ хўжалигида агрокимёвий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2016 йил 31 декабрдаги ПҚ-2712-сон “2017 йилда қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар билан таъминлаш, уларни ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш ҳамда ишлатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ буюраман:

1. Агрокимёвий хизматлар кўрсатиш, агрокимёвий хаританомаларни тайёрлаш харажатларини молиялаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналари билан ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Вазир З.Мирзаев

Ўзбекистон Республикаси

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг

2017 йил “____” _________ даги

______ - сонли буйруғига

ИЛОВА

Агрокимёвий хизматлар кўрсатиш, агрокимёвий хаританомаларни тайёрлаш харажатларини молиялаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари билан хисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 24 октябрдаги ПҚ-2640 - сон “Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва қишлоқ хўжалигида агрокимёвий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2016 йил 31 декабрдаги ПҚ-2712 - сон “2017 йилда қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар билан таъминлаш, уларни ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш ҳамда ишлатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, агрокимёвий хизматлар кўрсатиш, агрокимёвий хаританомаларни тайёрлаш харажатларини молиялаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналари билан хисоб-китоб қилиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом талаблари давлат эҳтиёжлари учун шартнома мажбуриятлари билан қамраб олинган пахта хом ашёси ва ғалла ҳосилини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарининг, шунингдек давлат эҳтиёжлари учун шартнома мажбуриятлари билан қамраб олинмаган ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик махсулотлари ҳосилини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарининг суғориладиган ерларида тупроқ агрокимё изланиш ишлари ва хаританомаларни тайёрлаш харажатларни молиялаштириш ва ҳисоб-китоб қилишга нисбатан татбиқ этилади.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

“Агрокимё станция” МЧЖ – “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти тизимидаги суғориладиган ерларида тупроқ агрокимё изланиш ишлари ўтказиб, тупроқнинг озуқа моддалари билан таъминланганлик даражасини инобатга олган ҳолда ўсимликнинг минерал ўғитларга бўлган илмий талабини аниқлайдиган ва агрокимёвий хаританома ишлаб берадиган ташкилот ва унинг филиаллари;

агрокимёвий хаританома – суғориладиган экин ерлари тупроқларининг ҳаракатчан фосфор, алмашувчан калий ва чиринди (гумус) билан таъминланганлик даражасини белгиловчи ҳамда экин тури, ҳосилдорлик кўрсаткичига мувофиқ минерал ўғитларни контурлар кесимида табақалаштириб беришни белгиловчи ҳужжат;

давр – тупроқ агрокимё изланиш ишлари ўтказилиб, агрокимёвий хаританома тайёрлаш ишлари тўлиқ якунланган вақти;

жами суғориладиган ерлар – қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчи корхона тасарруфида бўлган суғориладиган экин ерлари, кўп йиллик дарахтзорлар умумий майдони;

тупроқ агрокимё изланиш ишлари – “Агрокимё станция” МЧЖ филиаллари томонидан шартнома асосида буюртмачининг ер майдонлари тўғрисидаги маълумотларни умумлаштирган ҳолда, суғориладиган ерларидан тупроқ намуналари олиш, уларни агрокимёвий лаборатория таҳлилларидан ўтказиш, тупроқларни озиқа моддалари билан таъминланганлик даражасини ҳисоблаш ва агрокимёвий хаританомалар ишлаб чиқиш;

минерал ўғитларга илмий талаб – тупроқнинг озиқа моддалари билан таъминланганлик даражаси ва қишлоқ хўжалик экинларининг тупроқдан ўзлаштириб олиб чиқиб кетадиган озиқа моддаларини инобатга олган ҳолда киритиладиган минерал ўғитлар меъёрини (NPK) экинларга белгиланган нисбатларда тақсимотини ҳисоблаш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар - давлат эҳтиёжлари учун шартнома мажбуриятлари билан қамраб олинган пахта хом ашёси ва ғалла ҳосилини етиштирувчи, шунингдек давлат эҳтиёжлари учун шартнома мажбуриятлари билан қамраб олинмаган ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилини етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа шаклдаги қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган корхоналар.

2-боб. Тупроқ агрокимё изланиш ишлари ва хаританомаларни тайёрлаш

3. Минерал ўғитлардан доимий фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалик экинлари етиштириладиган суғориладиган экин ерларида ҳар 4 йилда бир маротаба тупроқ агрокимё изланиш ишлари бажарилиб, агрокимёвий хаританомалар ишлаб чиқилади.

4. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда келгуси йилда жами суғориладиган ерларининг 20 фоизидан кам бўлмаган майдонларида тупроқ агрокимё изланиш ишлари ва агрокимёвий хаританомалар тайёрлашни ташкил қилиш тўғрисида ҳар йили декабрь ойида вилоят ва туман ҳокимларини фармойишлари қабул қилинади.

5. Фармойиш асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Агрокимё станция” МЧЖ филиаллари билан қишлоқ ҳўжалиги маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасида шартномалар тузилади, тупроқ агрокимё изланиш ишлари ўтказилиб, агрокимёвий хаританомалар ишлаб чиқилади ва қишлоқ ҳўжалиги маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарига тақдим этилади.

Туман бўйича тупроқ агрокимё изланишлар якунида жами суғориладиган ерлар тупроқларининг озиқа моддалари билан таъминланганлик даражасига мувофиқ минерал ўғитларга бўлган илмий талаб ишлаб чиқилади.

6. Тупроқ агрокимё изланиш ишларини бажариш ҳамда агрокимёвий хаританома тайёрлашда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчи корхонасининг жами суғориладиган ерларидан тупроқ намуналари олинади.

7. Тупроқ намуналар диагонал, йўналиш ва конверт усулларида олинади, мутахассис томонидан контур жойлашуви ва дала шароитдан келиб чиққан ҳолда намуналар олиш усули танланади. Намуналар қуйидаги усулларда олиниши мумкин:

диагонал усули далада ҳар бир контур майдонидан келиб чиқиб ўртача

5 гектардан бўлакчаларга бўлиниб, тупроқ намуналари шартли бўлинган катакчанинг қарама-қарши бурчак йўналишида тупроқ ҳайдов қатлами (0-30 см) дан 5 та жойдан алоҳида олинган тупроқ намуналаридан аралаш намуна тайёрланади;

йўналиш усули ҳар бир контур майдонидан келиб чиқиб ўртача 5 гектардан бўлакчаларга бўлиниб, бўлинган катакча ўртасидан йўналиш бўйича тупроқ ҳайдов қатлами (0-30 см) дан 5 та жойдан алохида олинган тупроқ намуналаридан аралаш намуна тайёрланади;

конверт усули ҳар бир контур майдонидан келиб чиқиб ўртача 5 гектардан бўлакчаларга бўлиниб, шартли бўлинган катакчанинг икки диоганали йўналишида катакча четидан ўртача 8-10 метр ташлаб 4 та алоҳида ва диоганаллар кесишган жойдан олинган бешинчи намуналардан (жами 5 та намуна) аралаш намуна тайёрланади.

аралаш намуна тайёрлаш усулида олинган алохида намуналар полиэтилен плёнка устида яхшилаб аралаштирилиб текис ёйилади ва катакчаларга бўлиниб ҳар бир катакчадан бир ош қошиқ миқдорда олиниб аралаш намуна тайёрланади ва тегишли рақам билан рақамланади.

8. Тупроқ агрокимё изланиш ишлари суғориладиган экин ерлари ва кўп йиллик дарахтзор (боғ, узумзор ва тутзор) лар тупроқлари таркибига кўра ўсимлик учун зарур бўлган озиқа моддалари миқдорларини белгилаш учун бажарилади.

Тупроқ агрокимё изланиш ишларини бажаришда қишлоқ ҳўжалиги маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарининг суғориладиган ерлари 1:5000 ёки 1:10000 масштабдаги қишлоқ хўжалик хариталаридан фойдаланади.

Ерларни экишга тайёрлаш жараёнида, экиш билан бирга ёки озиқлантириш мавсумида минерал ўғитлар қўлланилган холатда ушбу далалардан тупроқ намуналари олиш ишлари дарҳол тўхтатилади ва 25-30 кун ўтиб минерал ўғитлар ўсимлик томонидан ўзлаштирилгандан сўнг тупроқ намуналари олиш мумкин.

Тупроқ агрокимё изланиш ишлари натижаларини жамлаш ҳамда қишлоқ ҳўжалиги маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналари суғориладиган ерлари бўйича агрокимёвий хаританомалари ишлаб чиқишда хатоликларга йўл қўймаслик учун тупроқ аралаш намуналарини рақамлашда кетма-кетлик сақланиши шарт, масалан фермер хўжалиги номи ёзилиб, аралаш намуналар тартиб рақами ўсиб борувчи рақамлар билан рақамланади.

Ҳар бир қишлоқ ҳўжалиги маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарлари суғориладиган ерларидан олинган тупроқ аралаш намуналари агрокимё таҳлил лабораториясига рўйхат бўйича топширилади.

9. Тупроқ намунаси лаборатория журналига қайд этилиб, қабул қилиб олингандан сўнг белгиланган тартибда тупроқдаги ўсимлик ўзлаштира оладиган озиқа элементлари ҳаракатчан фосфор, алмашувчан калий ва чиринди (гумус) миқдорига таҳлил ишлари бажарилади.

10. Лаборатория таҳлил натижалари хар бир кўрсаткич (фосфор, калий, гумус) бўйича тупроқ намуналари белгиланган тартибда ҳисоб-китоб қилиниб, тупроқ таркиби тўғрисидаги маълумотлар агрокимёвий хаританома ишлаб чиқиш учун компютер картография бўлимига топширилади.

11. Компютер-картография бўлими томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчи корхонаси суғориладиган ер майдонлари харитаси электрон кўриниши тайёрланиб, контурлар бўйича тупроқнинг ҳаракатчан фосфор, алмашувчан калий ва чиринди (гумус) билан таъминланганлик ҳолатига мувофиқ ҳар бир элемент 5 та кўрсаткич бўйича (жуда кам, кам, ўрта, юқори, жуда юқори) баҳоланиб, агрокимёвий хаританома ишлаб чиқилади.

Ҳар бир контур озиқа моддалари билан таъминланганлик даражасига мувофиқ турли ранглар билан ажратилади ва тупроқнинг таъминланганлигига кўра барча қишлоқ хўжалик экинлари учун минерал ўғитларга бўлган талаб ҳисоблаб чиқилиб, жадвал шаклида хаританомага илова қилинади.

Хаританомада тупроқ озиқа моддалари билан таъминланганлигига кўра унинг унумдорлигини ошириш, атроф муҳитни мухофаза қилиш ва минерал ўғитлардан фойдаланиш тўғрисида тавсияномалар киритилади.

12. Агрокимёвий хаританома 3 нусхада чоп этилади ва бир нусхаси қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчи корхонасига, бир нусхаси “Агрокимёҳимоя” АЖ туман филиалига, бир нусхаси “Агрокимё станция” МЧЖ вилоят филиали архивида сақланади.

Бунда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчи корхонаси контурлар бўйича тупроқнинг озиқа моддалари билан таъминланганлигидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришда, уларни минерал ўғитлар билан белгиланган муддат ва нисбатларда табақалаштирилган ҳолда озиқлантиришда фойдаланади.

“Агрокимёҳимоя” АЖ туман филиали қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчи корхонаси экин ерларида жойлаштирилган қишлоқ хўжалик экинларига агрокимёвий хаританома кўрсаткичларига мувофиқ минерал ўғитларни (NPK) илмий талаб бўйича белгиланган нисбатда ажратилиши ва етказиб берилишини таъминлайди.

“Агрокимё станция” МЧЖ вилоят филиали ҳар бир давр бўйича электрон маълумотлар базаси яратиб, ҳар 4 йилда тупроқларнинг озиқа моддалар билан таъминланганлик ҳолатига тегишли ўзгартиришлар киритиб боради ва тупроқ унумдорлик ҳолатига тавсиялар тайёрлайди.

3-боб. Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчи корхоналарига агрокимёвий хаританомани етказиб бериш ва улар учун ҳисоб-китоб қилиш тартиби

13. “Агрокимё станция” МЧЖ ва унинг филиаллари агрокимёвий хаританома ишлаб чиқиб, шартномада кўрсатилган нарх асосида белгиланган тартибда бажарилган иш далолатномаси, ҳисоб-фактура ва таққослаш далолатномаси асосида буюртмачига етказиб беради.

Бунда агрокимёвий хаританомаларни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади

14. Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчи корхоналари томонидан давлат эхтиёжлари учун етиштириладиган қишлоқ хўжалик махсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун бериладиган кредит маблағлари ҳар йиллик тақсимотида доимий равишда агрокимёвий хаританома тайёрлаш харажатлари суммаси тўлиқ ҳажмда киритилиб борилади.

15. “Агрокимё станция” МЧЖ ва фермер хўжаликлари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчи корхоналари ўртасида тузилган шартномага мувофиқ ойлар бўйича тақсимотга асосан умумий иш ҳажмининг 25 фоиз тўлови олдиндан тўлаб берилади ва қолган 75 фоизи бажарилган иш далолатномаси, ҳисоб-фактура, таққослаш далолатномасини расмийлаштириб тегишли банк муассасасига топширгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси (бундан буён матинда Жамғарма деб юритилади) томонидан молиялаштирилади ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчи корхоналарининг эркин маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

16. Давлат эҳтиёжлари учун шартнома мажбуриятлари билан қамраб олинган пахта хом ашёси ва ғалла ҳосилини етиштириладиган экин ерларига ишлаб берилган агрокимёвий хаританомалар учун ҳисоб-китоблар Жамғарма маблағлари, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 11 апрелдаги 106-сон қарори билан тасдиқланган Ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда давлат бюджетидан ажратиладиган молиявий қўллаб-қувватлаш маблағлари ҳамда бошқа молиявий манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

17. Давлат эҳтиёжлари учун шартнома мажбуриятлари билан қамраб олинган пахта хом ашёси ва ғалла ҳосилини етиштиришга Жамғарма ресурслари ҳисобидан тижорат банклари орқали ажратиладиган имтиёзли кредит маблағларининг агрокимёвий хаританома учун кўзда тутилган қисми жорий йилда бажарилган тупроқ агрокимёвий изланиш ишлари ва агрокимёвий хаританома тайёрлаш учун сарфланади. Бунда имтиёзли кредит маблағларининг агрокимёвий хаританома тайёрлаш учун кўзда тутилган қисмини қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан боғлиқ бошқа турдаги харажатларга йўналтириш тақиқланади.

18. Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчи корхоналари томонидан агрокимёвий хаританома қабул қилиб олгандан сўнг “Агрокимё станция” МЧЖ филиали томонидан шартномага мувофиқ хизматлар тўлиқ бажарилганлиги факти тасдиқланади.

4-боб. Тупроқ агрокимё изланиш ишлари ва агрокимёвий хаританома тайёрлаш хизматлари учун амалга оширилган тўловларни мониторинг қилиш

19. “Агрокимё станция” МЧЖ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги филиаллари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчи корхоналари ўртасида тупроқ агрокимё изланиш ишлари, агрокимёвий хаританома тайёрлаш бўйича шартномаларни тузиш ҳамда уларнинг ижроси бўйича мониторинг олиб боради.

20. “Агрокимё станция” МЧЖ томонидан йил давомида бажарилган тупроқ агрокимё изланиш ишлари ва агрокимёвий хаританома тайёрлаш бўйича ҳар ойлик сони ҳамда қийматини мазкур Низомнинг 1-2-иловаларидаги жадвал асосида ҳар бир қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар кесимида ҳисоб-китоб қилади.

21. “Агрокимё станция” МЧЖ филиаллари ишлаб берилган агрокимёвий хаританомаларни тўловларини ўз вақтида ўзлаштирилмасдан дебитор ва кредиторлик қарздорликларни ошишига жавобгар ҳисобланади.

5-боб. Якуний қоидалар

22. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

23. Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Фермерлари Кенгаши билан келишилган.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишАгрокимёвий хизматлар кўрсатиш, агрокимёвий хаританомаларни тайёрлаш харажатларини молиялаштириш ҳамда қишлоқ хужалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналари билан ҳисоб-китоб қилиш тартиби туғрисидаги низом лойиҳаси25.04.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ
2Ягона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришЯгона порталда муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабарномани, жадвални, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини, муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштириш06.05.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишЯгона порталдан тушган таклифларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш06.05.2017-21-05.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ягона портал фойдаланувчилари
4Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини муҳокама натижаси бўйича қабул қилинган таклифларга мувофиқ қайта ишлашЯгона портал иштирокчиларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қайта ишлаб чиқиш ва Ягона порталда қайта жойлаштириш22.05.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
5Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишишМазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини манфаатдор вазирлик ва идораларги келишиш учун юбориш ҳамда белгиланган тартибга мувофиқ улар билан келишиш22.05.2017-25.05.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ
6Ишлаб чиқилган норматив-хуқуқий ҳужжат лойиҳасини тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этишБуйруқ лойиҳасини тасдиқлаш ҳамда ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритиш25.05.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ

So`rovnoma natijalari