Hujjat nomi
Табиий сув хавза участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига ижарага бериш ва Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Qishlоq хo‘jаligi vаzirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2017-05-29 16:06:37
Muhokama yakunlanishi (sana)2017-06-13 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЛОЙИҲА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

Табиий сув хавза участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига

ижарага бериш ва Балиқчиликни ривожлантириш

жамғармасини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 1 майдаги ПҚ–2939-сонли қарорига асосан балиқ ва бошқа сув жониворларини овлаш ёки уларни кўпайтириш учун фойдаланилаётган ёки фойдаланиш мумкин бўлган барча табиий сув ҳавзаларидан олинадиган ижара ҳақларининг миқдори ва уни ундириш тартиби ҳамда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланишни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Балиқчилик хўжаликларига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқчилик ташкилотларининг табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т.Мирзаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазириА. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил ---------дагисонли қарорига

1-илова

Балиқчилик хўжаликларига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқчилик ташкилотларининг табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб.Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2939-сонли қарорига асосан балиқчилик хўжаликларига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқчилик ташкилотларининг табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:

бир ёзги балиқ — жорий йилнинг куз давригача (бир ёз яшаган) етиштирилган чавоқ балиқ;

балиқни саноат йўли билан овлаш — балиқ овлаш хўжаликларига берилган сув ҳавзалари участкаларидан тижорат мақсадида балиқ овлашда фойдаланиш;

балиқ ресурслари –балиқлар ва бошқа сув жониворлари, сув ўтлари, популяцияси ва турлари.

артемия – Орол денгизи худудида яшовчи умуртқасиз сув жонивори.

квота – балиқ, сув жониворлари ва сув ўтларини айрим турларини овлаш учун миқдори кўрсатилган рухсатнома;

балиқ овлаш хўжалиги — балиқни саноат йўли билан овлашни амалга оширадиган юридик шахс;

талабгор — балиқ овлаш хўжалигини ташкил этиш учун очиқ танловда иштирок этишга ариза берган жисмоний ва юридик шахс.

2. Балиқ ва бошқа сув жониворларини овлаш ёки уларни кўпайтириш учун фойдаланилаётган ёки фойдаланилиши мумкин бўлган табиий сув ҳавзалари (денгиз, дарёлар, сув омборлари, кўллар) – балиқ овлаш чилик хўжалиги сув ҳавзалари ҳисобланади.

Балиқчилик хўжалиги сув ҳавзалари спорт – ишқибозлик туридаги балиқ овлаш учун ҳам фойдаланилиши мумкин.

3. Мазкур Низомга мувофиқ ижара шартномаси тузган юридик шахслар (кейинги ўринларда балиқ овлаш хўжалиги деб аталади) табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш ҳуқуқига эга бўладилар.

4. Сув ҳавзаси участкалари балиқ овлаш хўжалигига балиқни саноат йўли билан овлашни амалга ошириш учун камида 10 йил муддатга очиқ танлов (кейинги ўринларда танлов деб аталади) натижалари бўйича берилади.

5. Мазкур Низом билан сув ҳавзаси участкасида танлов ғолиби бўлган балиқ овлаш хўжалиги, сув ҳавзасидан фойдаланиш ижара шартномасини (кейинги ўринларда шартнома деб аталади) тузиб, балиқ саноат йўли билан овлаш ва етиштириш ҳуқуқига эга бўлади.

II -БОБ. Балиқ овлаш хўжалигига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш бўйича танлов ўтказиш ва расмийлаштириш тартиби

6. Сув ҳавзаси ёки унинг участкасини ижарага бериш, талабгорларнинг балиқ овлаш ва балиқ заҳираларини кўпайтириш мақсадида балиқ чавоқлари билан тегишли сув ҳазаларни балиқлантириш, балиқ овлаш мавсуми, турлари, овлаш меёрлари, овланган балиқларнинг сифатини сақлаш, ташиш, сотиш нуқталари аниқ манзилларини белгилаш, сув хавзасидан фойдаланиш ва маҳсулот етказиб бериш ҳамда сотиш бўйича шартномаларни тузилиш бўйича мажбуриятлари акс этирилган бизнес режалари ва бошқа таклифларини кўриб чиқиш бўйича танлов комиссиясининг (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) қарорлари асосида амалга оширилади.

7. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси (кейинги ўринларда Уюшма деб аталади) томонидан таъминланади.

8. Танловни ўтказиш қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:

балиқ овлаш хўжаликларига бериладиган сув ҳавзаси ва унинг участкаларини аниқлаш ва танлов ўтказиш учун зарур маълумотларни шакллантириш;

танлов ҳақидаги хабарномани оммавий ахборот воситалари, Давлат хизматлари ягона интерактив порталида эълон қилиш;

танловда иштирок этиш бўйича талабгорлардан аризаларни тегишли ҳужжатлари билан бирга қабул қилиб, алоҳида дафтарда рўйхатга олиш ва кунлик реестрини юритиш. Хато ва камчилиги бор хужжатлар бўйича талабгорларни жойида огохлантириш;

талабгорлардан келиб тушган ҳужжатларни ўрганиш ва баҳолаш йўли билан танловни ўтказиш, натижасини уч кундан кечиктирмаган ҳолда маълум қилиб, танлов ғолибини эълон қилиш;

ўтказилган танловда юзага келган муаммоларни уч кун муддатда ҳал этиш ва бир хафта муддат ичида танловни қайтадан ўтказиш;

танлов натижаларини расмийлаштириш.

9. Балиқ овлаш хўжаликларига ижарага бериладиган сув ҳавзаси участкалари бўйича лойиҳалар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Балиқсаноат” МЧЖларнинг таклифига кўра Уюшманинг махсус ишчи гуруҳи хулосасига асосан аниқланади.

Уюшма томонидан балиқ овлаш хўжаликларига ижарага бериладиган сув ҳавзаси участкаларини аниқлагандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда, улар ҳақида қуйидагилардан иборат бўлган маълумотларни шакллантиради:

сув ҳавзаси участкасилойиҳанинг рақами;

сув ҳавзаси участкасининг жойлашган координатлари;

сув ҳавзаси участкасининг майдони;

сув ҳавзаси участкасининг харита-схемаси.

Сув ҳавзаси ва унинг участкасининг ўртача балиқ маҳсулдорлиги, хавзани балиқ чавоқлари билан балиқлантириб бориш ҳажми билан биргаликда олиб боради.

10. Талабгорларнинг таклифларини кўриб чиқиш танлов комиссияси томонидан амалга оширилади;

танлов ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖларида ўтказилади;

комиссияга Уюшманинг ваколатли вакили раҳбарлик қилади;

ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖлар бошлиқлари комиссия раисининг ўринбосарлари ҳисобланади;

ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖларнинг тегишли аъзолари билан биргаликда комиссия таркибига Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, Солиқ бошқармаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий қўмитаси, Ергеодезкадастр бошқармаси, Молия бошқармаси, Ипотекабанк АТИБ, Ички ишлар бошқармалари (келишган ҳолда) номзодлари киритилади.

11. Ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖлар комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

12. Балиқ овлаш хўжаликларига ижарага бериладиган сув ҳавзаси ва унинг участкалари ҳақидаги тегишли маълумотлар шакллантирилгандан сўнг, ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖларкомиссия раиси билан келишилган ҳолда танловни ўтказиш вақти, санаси ва манзилини белгилайди.

13. Уюшма танлов ўтказишсанасидан камида 30 кун олдин оммавий ахборот воситаларида, Давлат хизматлари ягона интерактив порталида танлов ўтказилиши ҳақидаги хабарни эълон қилади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

а) ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖларнинг жойлашган манзили (почта манзили), вақти, санаси, алоқа телефонлари, телефакс рақамлари ва электрон почта манзили;

б) ҳудудлар кесимида сув ҳавзаси участкаларининг рўйхати, уларнинг номлари, жойлашган ўрни, майдони ва сув ҳавзасининг ўртача балиқ маҳсулдорлиги (танловни ўтказиш пайтидаги), балиқ чавоқлари билан балиқлантириш хажми ва муддати ҳамда шартноманинг амал қилиш муддати;

в) танловда иштирок этиш учун тақдим этиладиган ариза ва ҳужжатлар рўйхати ва қабул қилишни бошлаш иш вақти. Аризаларни қабул қилишнинг охирги муддати (санаси ва вақти кўрсатилган ҳолда).

г) номзодларнинг танлов таклифлари жойланган конвертларни очиш санаси, вақти ва жойи (танловни ўтказиш санаси);

д) танловни ўтказиш тартиби тўғрисидаги, шу жумладан танловда иштирок этиш шартлари тўғрисидаги маълумотлар;

е) танловда иштирок этишга берилган аризани кўриб чиқиш учун тўлов миқдори, охирги муддати ва уни тўлаш учун банк реквизитлари;

14. Танловда иштирок этиш учун талабгор ёки унинг вакили шахсан ёхуд почта орқали танловга аризани икки нусхада, кўриб чиқиш учун тўловнинг тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатини асл нусхаси билан бирга қуйидаги ҳужжатларни ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖларга тақдим этади:

танловда иштирок этиш учун Танлов комиссиясига талабгорнинг тўлиқ номи ва жойлашган манзили (почта манзили), телефон рақами кўрсатилган аризаси, фуқаролик паспорти нусхаси (яшаш манзилида рўйхатга олиш нусхаси бирга);

балиқ овлаш миқдори ва сув ҳавзаси участкаларида балиқ заҳираларини яратиш мақсадида, балиқчиликни ривожлантириш, балиқ сотиш манзилларини аниқлаш ва балиқ сотишдан оладиган даромади, йиллик балиқ ва балиқ ресурсларини сотиб олиш ва сотиш бўйича тузиладиган шартномаларни қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимидан рўйхатдан ўтказиш мажбуриятлари бўйича бизнес-режа;

балиқ овлашни амалга ошириш бўйича бизнес-режанинг молиялаштириш манбалари (талабгорнинг ўз маблағлари ҳисобига, кредитлар ва ҳоказо) билан таъминланганлиги ҳақидаги маълумотлар;

балиқ овлаш ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш учун моддий-техника воситаларининг (русуми кўрсатилган қайиқлар, моторлар, овлаш қуроллари, автотранспорт воситалари, балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш учун совутиш ускуналари ва ҳоказо) мавжудлигиҳақидаги маълумотлар;

ҳар йили балиқ (турлари ва миқдори бўйича) чавоқлари билан балиқлантириш ишларини амалга ошириш бўйича кафолат хат;

талабгорлардан ушбу бандда кўзда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди;

барча ҳужжатлар талабгорлар томонидан муҳрланган (имзо билан тасдиқланган) конвертларда тақдим этилади. Тақдим этилган ҳужжатларнинг барча варақлари номзоднинг имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.

ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖлар талабгорлар тақдим этган таклифларнинг сақланишини ва ошкор этилмаслигини таъминлаш ҳамда талабгорларга тенг шароитлар яратилиши учун жавоб беради.

15. Балиқ овлашни амалга ошириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Балиқсаноат” МЧЖларга тақдим этиладиган бизнес-режада қуйидаги асосий қоидалар акс эттирилган бўлиши лозим:

иқтисодий самарадорлик ҳисоб-китоблари, шунингдек балиқ овлаш хўжалигини юритишдаги энг самарали техникавий, ташкилий ва иқтисодий ечимлар;

ҳар йили балиқ заҳираларини кўпайтириш мақсадида сув ҳавзаларини балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириш миқдори, харажатлари;

Ойма-ой мавсумга кўра балиқ овлаш, овланган балиқларни ветеринария-санитария ҳолатига мос равишда сақлаш, ташиш, қайта ишлаш, сотиш, инкубация цехларини ташкил этиш, балиқ чавоқлари етиштириш, боқиш, сув ҳавзаларини балиқлантиришга ва бошқа балиқчилик ишларига тахмин қилинган инвестицияларнинг ҳажми ва тури, муддати, молиялаштириш манбалари ҳамда кредитлар жалб этиладиган тақдирда тахмин қилинган гаров таъминоти;

ташкил этиладиган иш ўринлари сони ва муддати;

ходимлар штатининг тажрибали балиқчилар, ихтиологлар ва бошқа мутахассис ҳамда экспертлар билан тўлдирилганлиги.

16. Танловда аризани кўриб чиқиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг учдан бир баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Ушбу маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Балиқсаноат” МЧЖларнинг банк ҳисоб-рақамига келиб тушади ва танловни тайёрлаш ва ўтказиш учун ишлатилади.

Танловда аризани кўриб чиқиш учун тўланган тўловлар қайтарилмайди.

17. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Балиқсаноат” МЧЖларда танлов ўтказилиши ҳақида эълон берилган кундан бошлаб ўттиз кун давомида талабгорларнинг танловда иштирок этишлари тўғрисидаги аризаларини қабул қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Балиқсаноат” МЧЖларининг ваколатли ходими аризанинг иккинчи нусхасига аризани ва унга илова қилинган муҳрланган конверт қабул қилинган сана ва вақтини кўрсатиб белги қўяди ва талабгорга ёки унинг вакилига топширади ёхуд почта орқали юборади.

18. Барча ҳужжатлар рўйхатга олиш китобида топширувчи ва қабул қилувчи шахсларнинг имзолари қўйилган, қабул қилиш санаси ва вақти қайд этилган ҳолда қабул қилинади. Рўйхатга олиш китоби тикилган, рақамланган бўлиб,Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Балиқсаноат” МЧЖларнинг муҳри билан тасдиқланади.

Талабгорларнинг танлов таклифлари жойланган конвертлар белгиланган муддатгача очилмайди ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Балиқсаноат” МЧЖларда сақланади.

19. Танловда иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш танловнинг ўтказилиши тўғрисида эълон чоп этилган кундан бошланади ва танловга аризаларни қабул қилишнинг охирги иш кунида соат 18:00да якунланади.

Почта орқали юборилган аризаларни келиб тушган санаси уларнинг комиссиянинг ишчи органи томонидан олинган санаси ҳисобланади.

20. Қабул қилишнинг белгиланган муддатидан кейин келиб тушган танлов учун аризалар рўйхатдан ўтказилмайди ва талабгорга қайтариб берилади.

Танловга аризаларни қабул қилишнинг бошқа асосларга кўра рад этилишига йўл қўйилмайди.

21. Танлов ўтказишнинг белгиланган санасигача, талабгор комиссиянинг ишчи органини ёзма равишда хабардор этиш йўли билан ўзининг аризасини ва танлов таклифларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Комиссиянинг ишчи гуруҳи ушбу хабарномани келиб тушган кунида қайд этиши шарт.

22. Мазкур Низомнинг 20 ва 21-бандларида назарда тутилган ҳолатларда аризаларни кўриб чиқиш учун тўланган тўловлар талабгорга уч банк куни мобайнида қайтариб берилади.

23. Танловга аризаларни қабул қилиш якунлангандан кейин ишчи орган комиссия мажлисини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишларини ташкил этади. Комиссия раиси танловни ўтказиш куни комиссия мажлисини чақиради.

24. Комиссия ўз фаолиятини комиссяи аъзолари ва талабгорларнинг шахсан иштирок этиш тартибида ташкил этади. Комиссиянинг қарорлари унинг аъзоларини камида тўртдан уч қисми иштирок этган тақдирда қонуний ҳисобланади.

25. Сув ҳавзаси участкаларини бериш (ёки берилишини рад этиш) масаласи белгиланган кун ва соатда комиссия мажлисида танлов таклифлари конвертларини очиш орқали амалга оширилади. Талабгорлар ёки уларнинг вакиллари танлов таклифлари конвертлари очилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Комиссия томонидан танлов таклифлари конвертлари очилганда танлов таклифларининг расмийлаштирилиши, тақдим этиш тартиботлари бўйича талабларга риоя қилинганлиги, мазкур Низомнинг 15-бандида кўрсатилган ҳужжатларнинг мавжудлиги текширилади.

26. Танлов таклифларини кўриб чиқиш ва танлов ғолибини аниқлаш қуйидагиларни баҳолаш натижаларига кўра амалга оширилади:

балиқ овлаш ва сув ҳавзаларини балиқ чавоқлари (турлари бўйича) билан балиқлантиришни амалга ошириш бўйича бизнес-режа;

талабгорнинг балиқ овлаш ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш учун мавжуд моддий-техника воситалари (русуми кўрсатилган қайиқлар, моторлар, овлаш қуроллари, автотранспорт воситалари, балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш учун совутиш ускуналари ва ҳоказо) ва уларнинг ҳолати;

талабгорнинг бизнес-режаси, ўз маблағлари ва кредитлар ҳисобига молиялаштириш билан таъминланганлиги;

27. Танлов ғолиби конвертлар очилган куни комиссиянинг очиқ мажлисида аниқланади.

Энг мақбул танлов таклифларини тақдим этган талабгор танловнинг ғолиби деб эътироф этилади.

Комиссия қарори иштирок этган аъзолар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Овозлар тенг бўлган ҳолатда комиссия раиси ҳал қилувчи овоз ҳуқуқига эга бўлади.

28. Қуйидаги ҳолатларда танлов ўтказилмаган деб ҳисобланади:

танлов ўтказилиши ҳақидаги хабарномада кўрсатилган конвертларнинг очилиш санасигача бирорта ҳам буюртманома келиб тушмаган бўлса;

тақдим этилган танлов таклифларидан бирортаси ҳам танлов шартларига мос келмаса.

Комиссия танловга ариза тақдим этган талабгорларни ёки уларнинг ваколатли вакилларини бу ҳақда бир кун муддатда хабардор қилади.

29. Танлов амалга ошмаган деб эътироз этилган лойиҳа комиссия мазкур Низомда белгиланган тартибда танловни қайта ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади

30. Комиссия танлов таклифларининг конвертлари очилган куни танлов натижаларини баён шаклида расмийлаштиради.

Баёнда қуйидагилар кўрсатилади:

комиссия таркиби;

танлов иштирокчилари бўлган талабгорлар ва уларнинг таклифлари ҳақидаги маълумотлар;

сув ҳавзаси участкасининг жойлашуви, майдони ва рақами, сув ҳавзасининг ўртача балиқ маҳсулдорлиги (танловни ўтказиш пайтидаги);

танлов ғолиби;

овоз бериш натижалари ва комиссия аъзоларининг қарори.

Баён комиссиянинг барча аъзолари, танлов ғолиби ёки унинг вакили томонидан имзоланади ва комиссиянинг раиси томонидан тасдиқланади.

31. Комиссия танлов натижалари бўйича қарорини қабул қилишда талабларнинг ягона бўлишини ва холисликни таъминлаши лозим.

32. Танлов натижаларига кўра сув ҳавзаси участкасининг берилиши рад этилган талабгорлар, комиссия қарори юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

33. Комиссия танлов якунлари натижаларига кўра қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида танлов иштирокчиларини хабардор қилиши шарт.

Комиссия танлов ғолиби аниқланган куни ғолибга тегишли хабарнома юбориб,шартнома тузишни таклиф қилади.

Шартномада қонунчиликда назарда тутилган шартлардан ташқари қуйидагилар ҳам кўрсатилади:

сув ҳавзаси участкасининг жойлашуви, майдони ва рақами;

шартномани тузган шахснинг балиқ ресурсларини ва сув ҳавзасини сақлаш бўйича тадбирларни ўтказиши, шунингдек овланадиган балиқнинг мунтазам ҳисобини юритиш, сув хавза участкаларини ҳар йили балиқ чавоқлари билан балиқлантириб бориш, маҳсулот сотиш ва етиштириш бўйича шартномаларини қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимидан рўйхатдан ўтказиш мажбуриятларини олади.

Шартномага унинг ажралмас қисми бўлган қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

сув ҳавзаси участкасининг харита-схемаси кординатлари кўрсатилган ҳолда ;

талабгорнинг табиатни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлари режаси,

мажбуриятлари доирасида тўлиқ амалга оширилиши белгиланган шартнома.

34. Танлов якунлари оммавий ахборот воситаларида, Давлат хизматлари ягона интерактив порталигажойлаштирилади.

35. Танлов ғолиби бўлган балиқ овлаш хўжалиги томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилиши мониторинги Уюшма томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

36. Шартнома муддати тугаганда унинг амал қилиши тўхтайди. Янги муддатга шартнома тузиш мазкур Низомда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

37. Шартнома муддатини олдиндан тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Уюшма, шартномада назарда тутилган, шунингдек ҳар йили сув хавза участкаларини балиқ чавоқлари билан балиқлантирмаган ҳолатларда шартномани муддатидан олдин тугатишга ҳақли.

38.Агар жорий йил учун энг кам белгиланган (10 кг) маҳсулдорликдан кам миқдорда балиқ турлари овланишга эришилган бўлса, келгусида балиқ заҳираларининг камайиб кетишини олдини олиш мақсадида ижара шартномаси 10 кун муддатда огохлантиришсиз бекор қилинади.

Ҳар йили сув хавза участкаларини балиқ(турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантирмаслик, келгусида балиқ захираларининг камайиб, йўқолиб кетишига сабаб бўлади.

39.Шартнома шартлари бузилганда томонлар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб беради.

3-БОБ. Комиссия ва Уюшманингваколатлари

40.Комиссия:

ўз фаолияти иш тартибини мустақил ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

танлов таклифларини тақдим этиш муддатларини узайтириш тўғрисида ёки танловни ўтказиш санасини танловнинг ўтказилиши ҳақидаги эълонда белгиланган муддатдан кўпи билан бир ойга кўчириш тўғрисида қарорни қабул қилади, танловда иштирок этиш учун танловга ариза тақдим этган барча талабгорларни (улар мавжуд бўлганда) ёзма хабардор қилади;

зарур ҳолатларда, комиссия ишига, биологлар, ихтиологлар, бошқа мутахассис ва экспертларни жалб қилади;

танловни ўтказиш жараёнини назорат қилади;

мазкур Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларининг талаблари бузилганда тил бириктириш ҳолатлари ва танловни ўтказиш тартиботини бузадиган бошқа ҳолатлар аниқланганда танлов ўтказилишини тўхтатади.

41.Уюшма ҳар йили сув хавза участкаларини ижарачилар томонидан балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириб боришни ташкил этади. Балиқ захираларини кўпайтириб боради;

42.Уюшма:

балиқ овлаш хўжаликларига сув ҳавзаси участкаларининг ижарага берилиши бўйича очиқ танлов ўтказилишини ташкил этади;

сув ҳавзасида балиқ етиштиришнинг замонавий технологияларини ва усулларини тадбиқ этади;

сув ҳавзаларининг гидробиологик ва гидрокимёвий ҳолатини ўрганади ва сув ҳавзалари ҳудудида ҳаваскорлик ва балиқ овлаш спортини ҳамда экотуризмни ривожлантиришга доир мақсадли тадбирлар ўтказилишини ташкил этади;

балиқ овлаш хўжаликлари томонидан шартнома шартларига риоя қилиниши мониторингини юритади, шартномаларни қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимидан рўйхатдан ўтказади;

сув ҳавза участкаларида балиқ ресурсларини овлаш ва балиқ чавоқлари билан балиқлантириш бўйича ҳар бир балиқчилик билан шуғулланадиган хўжаликларнинг амалга оширган ишларини ҳар ойнинг якуни билан тезкор маълумотларни умумлаштиради ва Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига тақдим этади;

сув ҳавза участкаси бўш турган ёки вақтинча берилмаган сув хавза участкаларини танлов ўтказиш кунигача вақтинча талабгорга ижара шартномаси асосида балиқ ресурсларини овлаш ва балиқ чавоқлари билан балиқлантириш шарти билан белгиланган тартибда бириктириш ҳуқуқига эга. Бажарилган ишлар келгусида талабгорнинг танловда ғолиб бўлишига асос бўлмайди.

4-БОБ. Балиқ овлаш хўжаликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

43.Балиқ овлаш хўжалиги қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сув ҳавзасида берилган участкадан тузилган шартномага мувофиқ фойдаланиш;

ўз ихтиёрига кўра белгиланган тартибда овланган балиқларни сотиш;

ҳар йили сув хавза участкаларини балиқ чавоқлари билан балиқлантириш;

балиқ озуқаси ва асосий фаолият билан боғлиқ бўлган бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш, шунингдек балиқ ва балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиш.

Балиқ овлаш хўжаликлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

44.Балиқ овлаш хўжаликлари қуйидагиларга мажбур:

балиқ ресурсларидан фойдаланишда, сув хавзаси участкаларини ҳосилдорлигини ҳар йили ошириб бориш;

ҳар йили сув хавза участкаларини балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириш;

шартнома шартларини, шу жумладан танловда иштирок этиш учун аризани бериш пайтида тақдим этилган бизнес-режасини бажариш;

балиқ ва балиқ маҳсулотлари сотиб олиш ва сотиш бўйича тузилган шартномаларни туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимларидан рўйхатдан ўтказиш;

шартномага илова қилинган сув ҳавзаси участкасининг паспортида кўрсатилган сув ҳавзаси участкалари доирасида балиқ овлаш;

ижарага берилган сув ҳавзаси участкасидан бошқа юридик ва жисмоний шахслар томонидан фойдаланишига йўл қўймаслик;

ўзига тегишли бўлган балиқ овлашда фойдаланиладиган асбоб, ускуна, жиҳоз ва анжомларни тамғалаш;

сув ҳавзасининг қирғоқ участкаларини белгиланган тартибда санитария ҳолатида сақлаш;

ҳар йили балиқларни кўпайтиришни, балиқ овланадиган сувлар мелиорациясини, келгусида овланадиган майда балиқларни, шунингдек балиқ ресурслари сақланишини таъминлаш чораларини амалга ошириш;

ҳар куни овланган балиқларни мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ белгиланган намунадаги балиқларни овлаш дафтарида қайд этиш;

Уюшма ва унинг тизимидаги ходимларга, иш вақтида уларнинг талабига биноан шартнома ва балиқларни овлаш дафтарини тақдим этиш, балиқ овлаш хўжалиги ходими эканлигини тасдиқловчи хужжатлари, балиқ овлаш анжомлари, жиҳозлари, ускуналари, тўрлари, техникалари ва уларнинг рўйхатдан олинганлиги, овланган балиқлар, қабул қилиш пунктларини ва уларни сақлаш жойлари, ишлаб чиқариш хоналарини, сузиш воситаларини ва белгиланган тартибда кўздан кечиришни амалга оширишга тўсқинлик қилмаслик;

ҳар ойда Уюшмага овланган балиқлар турлари, сув хавза участкаларини балиқ(турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириш, балиқ овланадиган сувлар мелиорацияси, овланадиган майда балиқларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги маълумотни ва сув ҳавзаси участкасида балиқларни кўпайтириш натижалари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш;

балиқларни сузиш воситасидан қирғоққа фақат махсус жиҳозланган жойда, балиқ овлаш хўжалиги жойлашган манзилда туширишни амалга ошириш;

балиқ овлаш хўжалигидан балиқни олиб чиқишни товар-транспорт юкхатлари бўйича амалга ошириш;

сузиш воситаларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш ва балиқни овлашда хавфсизлик техникасига риоя қилиш;

балиқчиларнинг шахсини ва ушбу хўжаликдаги лавозимини тасдиқлайдиган гувоҳномалар билан таъминлаш;

маҳсулот сотиш ва етиштириш бўйича тузилган шартномаларни уч банк иш кунида қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимларидан рўйхатдан ўтказиш.

Овланган қайта ишланган балиқ ва балиқ маҳсулотларини шартномалар асосида белгиланган тартибда сотиш.

зарур сув ҳавзасида балиқ овлаш фаолиятининг қонунийлигини тасдиқлайдиган барча керакли ҳужжатларга (шартномалар, балиқни овлаш дафтарлари, сузиш воситаларининг ҳужжатлари ва ҳоказоларга) эга бўлиш.

Балиқ овлаш хўжалиги қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

5-БОБ. Ижара ҳақини ҳисоблаш ва уни ундириш тартиби

45.Уюшма:

танлов ғолиблари бўлган балиқ овлаш хўжаликлари билан жорий йил учун ижара ҳақининг миқдорини белгилаган ҳолда шартнома тузади;

ҳар йилнинг 15 февраль санасигача ижара ҳақининг миқдорини аниқлаб шартноманинг ижара ҳақи миқдори назарда тутилган бандига ўзгартиришлар киритади.

46.Ижарага берилган сув ҳавзаси участкалари бўйича ижара ҳақи миқдорини ҳисоблаш учун балиқ овлаш хўжалиги томонидан 15 январга қадар қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:

а) ижарага олинган сув ҳавзаси участкасининг умумий майдони (гектар ҳисобида);

б) ўтган йилда бир гектар сув ҳавзасидан овланган (сотилган) балиқнинг (турлари бўйича)ўртача миқдори.

в) ижарачи томонидан ўтган йилда бир гектар сув ҳавзасини ўртача балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириш миқдори.

47.Ижарага берилган сув ҳавзаси участкалари бўйича ижара ҳақи миқдори қуйидаги формула бўйича аниқланади:

Иҳ =Ҳ1*Му* Ис, бунда:

Иҳ — ижара ҳақи;

Ҳ1 — бир гектарнинг ўртача маҳсулдорлиги, кг;

Му — сув ҳавзаси участкасининг умумий майдони, га;

Ис — мазкур низомнинг 2-иловасига мувофиқ энг кам иш ҳақининг фоизи ставкаси, сўмда.

48.Ижара ҳақини ҳисоблашда ижарага берилган сув ҳавзаси участкасининг ҳар гектаридан овланадиган балиқ миқдори энг камида 10 килограмм ҳисобида қўлланади.

49.Балиқ овлаш хўжаликлари томонидан ижара ҳақи икки қисмга бўлиб йил давомида тўланади. Ижара ҳақининг бир қисми (йиллик ижара ҳақининг камида 40 фоизи) 1 апрелгача тўланади, қолган қисми 1 октябргача тўланади. Акс ҳолда сув хавза участкасидан фойдаланиш ижара шартномаси бекор қилинади.

50.Балиқ овлаш хўжаликлари томонидан тўланадиган ижара ҳақи “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасининг банкдаги ҳисобварағига ўтказиб берилади.

51.Ижарачилар томонидан ижара ҳақининг ўз вақтида тўлаб борилиши Уюшма томонидан назорат қилинади.

6-БОБ.Сув ҳавзасида балиқ ресурсларини қайта тиклашга

доир тадбирларни ўтказиш

52.Сув ҳавзасида балиқ ресурсларини қайта тиклашни таъминлаш учун Уюшма:

53.аква маҳсулотларни ривожлантириш, шунингдек овланадиган балиқлар захирасини аниқлаш бўйича янги технологияларни ишлаб чиқади ва илмий-тадқиқот ишларини амалга оширади;

54.сув ҳавзасида балиқларни қафас усулида етиштириш технологияларини татбиқ қилиш ишларини ташкил этади;

55.Сув ҳавзаси қирғоғида, кейинчалик сув ҳавзасида балиқларни кўпайтириш учун балиқ чавоқлари етиштиради, инкубация цехларини, балиқ парваришхоналарини, балиқ озуқаси ишлаб чиқариш заводларини, шунингдек қайта ишлаш цехларини, балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш учун совутиш ускуналарини барпо этади.

56.Сув ҳавзаларининг балиқ кўпайтириш меъёри сув ҳавзасининг бир гектарига камида 50 та балиқ чавоқлари — шу йилги ёки бир йиллик балиқлар даражасида белгиланади.

57.Сув ҳавзаларида балиқ кўпайтириш тадбирлари табиатни муҳофаза қилиш органлари, қишлоқ ва сув хўжалиги, давлат солиқ хизмати органлари, Уюшма ва балиқ овлаш хўжаликларининг вакиллари иштирокида ўтказилади ва бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади.

7-БОБ. Якунловчи қоида

58.Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил ---------дагисонли қарорига

2-илова

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини шакллантириш ва маблағларидан

фойдаланиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

I.Умумий қоидалар

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил

1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш

чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2939-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 19 ноябрдаги 520-сонли “Вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига маблағлар ажратиш ва улардан фойдаланишнитартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2010 йил

2 апрелдаги 62-сонли “Вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига маблағлар ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ ташкил этилган “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасига (кейинги ўринларда “Жамғарма” деб юритилади) келиб тушган маблағларни шакллантириш ва улардан фойдаланишни тартибини белгилайди.

II.Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари

1.Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалардан шакллантирилади:

табиий сув ҳавзаларини балиқчилик хўжаликларига ижарага беришдан тушган маблағларнинг 100 фоизи;

артемия квоталарини сотишдан тушадиган маблағлар 100 фоизи;

юридиква жисмоний шахсларҳамда ҳалқаро ташкилотлар томонидан кўрсатилган ҳомийлик пул маблағлари;

қонунчиликка ва мазкур Низомда кўзда тутилган тартибда Жамғарманинг инновация лойиҳаларига балиқ хўжалиги технологиясини такомиллаштириш учун йўналтиришдан олинган даромадлардан;

тугатилган Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик илмий тадқиқот институти ҳузурида ташкил этилган бюджетдан ташқари Балиқчиликниривожлантириш жамғармаси маблағлари;

қонунчилик тартибларига зид бўлмаган бошқа манбаалардан олинган даромадлардан.

2. Мазкур Низомнинг 1-бандида кўрсатиб ўтилган маблағлар “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг (кейинги ўринларда Уюшма деб юритилади) махсус хисобрақамида жамланади.

3. Мазкур Низомда қуйидаги терминлардан фойдаланилади:

Танлов гуруҳлари (комиссиялари) – танловга тақдим этилган лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш учун Жамғарма Кенгаши томонидан тузилган гуруҳлар (комиссиялар).

III. Жамғармани ташкил этиш ва фаолиятини бошқариш

4. Жамғарма, Уюшманингтаркибий бўлинмаси ҳисобланади.

5. Жамғарма фаолияти Уюшма раҳбарияти томонидан ташкил этилади ва бошқарилади.

6. Жамғарманинг юқори бошқарув органи Жамғарма Кенгаши ҳисобланади. Кенгаш таркибига - Уюшма раиси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги балиқчиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда Институт деб юритилади) директори, вилоят балиқчилик МЧЖ раҳбарлари, балиқчилик соҳасидаги етакчи олимлар, илғор балиқчилар орасидан номзодлар киритилади. Кенгаш таркиби Уюшма таъсисчилари йиғилиши томонидан тасдиқланади.

7. Жамғарма Кенгаши ва аъзолари - жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади.

8. Жамғарма Кенгаши:

- жамғарма маблағлариданфойдаланишнинг устивор йўналишлари ва шартларини белгилайди;

- танлов гуруҳлари (комиссиялари) хулосасига асосан молиялаштириладиган лойиҳаларни белгилайди;

- жамғарма бюджетини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

- жамғарма Кенгаши раисининг Жамғарма маблағларидан фойдаланганлик тўғрисидаги ҳисоботини эшитиб тасдиқлайди.

9. Кенгаш мажлиси ҳар чоракда бир маротаба, зарур бўлганда навбатдан ташқари ҳолларда чақирилади.

10. Жамғарма ўз фаолиятини амалдаги қонун ҳужжатларига ҳамда мазкур Низомга амал қилган ҳолда олиб боради.

IV.Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби ва йўналишлари

11. Жамғарма маблағлари бўйича даромадлари ва харажатлар сметаларини (кейинги ўринларда “сметалар” деб юритилади) тузиш, тасдиқлаш ҳамда рўйхатдан ўтказиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

12. Жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган лойиҳалар танлов асосида амалга оширилади. Танлов Уюшма томонидан ташкил этилиб, танлов натижалари асосида Жамғарма Кенгаши қарор қабул қилади.

13. Жамғарманинг маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар сметасида назарда тутилган ва жорий молия йилида сарфланмаган маблағлар олиб қўйилмайди ҳамда улардан ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган мақсадлар учун кейинги молия йилида фойдаланилади.

14. Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадлар учун сарфланади:

балиқчиликда илмий-тадқиқот ва селекция-наслчилик ишларига;

балиқчиликда озиқлантириш ва озуқаларни замонавий рецептларини ишлаб чиқишга;

балиқчиликтармоғида замонавий интенсив технологияларни жорий этишга;

балиқлар касалликларини олдини олиш ва даволашга қаратилган чора-тадбирларини амалга оширишга;

тармоқни ривожлантириш бўйича инвестиция дастурларини шакллантириш жараёнига кўмаклашишни молиялаштиришга;

балиқчилик йўналишидагиинновация лойиҳаларига ҳомийлик қилишга;

илм-фан ютуқлари, янги технология ва илғор тажрибаларни ишлаб чиқаришга жорий этишга;

балиқчилик сохаси учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишга

энг замонавий инкубацияларни ташкил этишга;

балиқчилик соҳасини компьютер ва программалаштириш дастурларига,

балиқчиликни ривожлантириш ва имкониятларни кенгайтириш, арзон ва сифатли балиқ ва балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ва сотишга, реклама қилишга, бошқа давлатлар кўргазмаларида қатнашишга ҳамда зарур бўлган лойиҳаларни молиялаштиришга сарфланади.

V.Жамғарма ҳуқуқлари

15.Жамғарма қуйидаги хуқуқларга эга:

- лойиҳаларни молиялаштиришбўйича танлов шартларини белгилаш;

- танловга тушган талабномаларни (таклифларни) баҳолаш ва ғолибларни аниқлаш учун танлов гуруҳлари (комиссиялари) тузиш, экспертларни жалб қилиш;

- танлов ғолиблари билан белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

- ажратилган маблағларни мақсадли ишлатилишини назорат қилиш;

- танлов ғолиблари (молиялаштирилган шахслар) томонидан қонун бузилиши аниқланган ҳолда молиялаштиришни тўхтатади ва олувчидан ажратилган маблағларни муддатдан аввал қайтариб олади;

- бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган балиқчилик соҳасига оид лойиҳаларда ўз улуши билан иштирок этиш.

16. Жамғарманинг барча танловлар ўтказиш ва молиялаштириш ишлари Жамғарма Кенгаши қарори билан унга жорий йил учун тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида ҳамда ҳақиқатда мавжуд бўлган маблағларҳисобидан олиб борилади.

VI. Ҳисоб, ҳисобот ва назорат

17. Жамғарма бўйича маблағлар тушуми ва ҳаракати ҳисоби Уюшма томонидан алоҳида юритилади.

18. Уюшма томонидан ҳар чоракдан кейинги ойнинг 5 санасида Жамғарма маблағларини жамланиши ва харажатлари тўғрисидаги маълумотномаларниКенгашга тақдим этади.

19. Жамғарма фаолияти, маблағлардан тўғри ва мақсадли фойдаланиш қонунда белгиланган тартибданазорати амалга оширилади.

20. Жамғарма маблағларидан белгиланган мақсадлардан ташқари бошқа мақсадларга фойдаланиш ҳоллари аниқланган тақдирда ушбу маблағларнинг тўлиқ суммаси, қонун хужжатларида белгилаган чоралар қўлланган ҳолда Жамғармага қайтарилади.

21. Уюшманинг Жамғарма фаолиятини юритишбилан боғлиқ бўлган ҳаражатлари сметага асосан жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади.

VII. Жавобгарлик

22. Жамғарма маблағларининг сарфланишида Уюшма қуйидагилар учун жавобгардир:

жамғарма маблағлари бухгалтерия хисобини тўғри юритилишига;

жамғарма маблағларидан оқилона фойдаланишга;

конкурс (тендер) савдолари ўтказиш тартибига риоя қилиниши ва етказиб берувчиларни танлашда мақсадга мувофиқлик ва нарх-наво ечимига;

шартномалар ва ҳужжатларнинг тўғрилиги, мазмуни, тўғри расмийлаштирилганлиги ва ҳаққонийлигига;

VIII. Жамғармани тугатиш

23. Жамғармани тугатиш ёки қайта тузиш қонун хужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

VIII. Якунийқоидалар

24. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун хужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Табиий сув хавза участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига ижарага бериш ва Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси05.05.2017Чорвачилик, паррандачилик,асаларичилик ва балиқиликни ривожлантириш бош бошқармаси
2Ягона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришЯгона порталда муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабарномани, жадвални, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини, муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштириш29.05.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишЯгона порталдан тушган таклифларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш 29.05.2017-12.06.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ягона портал фойдаланувчилари
4Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини муҳокама натижаси бўйича қабул қилинган таклифларга мувофиқ қайта ишлашЯгона портал иштирокчиларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қайта ишлаб чиқиш ва Ягона порталда қайта жойлаштириш13.06.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
5Норматив-хуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этишҚарор лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш20.06.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги

So`rovnoma natijalari