Hujjat nomi
Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низом
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiNizom
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilot"O’zeltexsanoat" aksiyadorlik kompaniyasi
Hujjat muallifi"O’zeltexsanoat" aksiyadorlik kompaniyasi
Muhokama boshlanishi (sana)2017-06-19 19:30:40
Muhokama yakunlanishi (sana)2017-07-04 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЁТ ВАЗИРЛИГИНИНГ

Қарори

Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 февралдаги ПҚ–2772-сон “2017–2021 йилларда электротехника саноатини бошқаришни янада такомиллаштириш, жадал ривожлантириш ва диверсификация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги қарор қилади:

1.Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2.Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Молия вазири Б. Ходжаев

Тошкент ш.,

2017 йил “___” ________,____-сон

Иқтисодиёт вазири Г. Саидова

Тошкент ш.,

2017 йил “___” ________,____-сон

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлигининг

2017 йил “____” _______даги
___ ва ____-сонли қарорига
ИЛОВА

Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги

НИЗОМ

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 февралдаги ПҚ-2772-сонли “2017-2021 йилларда электротехника саноатини бошқаришни янада такомиллаштириш, жадал ривожлантириш ва диверсификация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Ўзэлтехсаноат” акцидорлик компанияси (бундан буён матнда Компания деб юритилади) қошида ташкил этиладиган Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси (бундан буён матнда Жамғарма деб юритилади) фаолиятини тартибга солади.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Жамғарма Компания таркибига кирувчи корхоналарни ҳамда Компания иштирокида амалга ошириладиган инвестицион лойиҳалар хужжатларини тасдиқлаш, экспертизадан ўтказиш, корхоналарда янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш мақсадида ташкил этилади.

2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди.

2-боб.Жамғармани бошқариш

3. Жамғармани бошқаруви Жамғарма кенгаши (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Жамғарма бошқаруви беш нафар аъзодан иборат бўлиб, улар Компания раиси, унинг ўринбосарлари, Инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва амалга ошириш бошқармаси бошлиғи, Маҳаллийлаштириш лойиҳаларини шакллантириш ва амалга ошириш бошқармаси бошлиғи ҳисобланади.

Компания раиси ва унинг биринчи ўринбосари тегишлилиги бўйича Кенгашнинг раиси ҳамда раис ўринбосари ҳисобланади.

Кенгаш раиси Жамғарма фаолиятига раҳбарлик қилади ва унинг зиммасига юкланган вазифаларни бажарилиши учун жавобгар ҳисобланади.

4. Кенгашнинг мажлислари ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Зарурият туғилганида навбатдан ташқари мажлислар ўтказилиши мумкин. Муҳокама қилинаётган барча масалалар юзасидан қарорлар Кенгаш аъзоларининг камида тўртдан уч қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.

5. Кенгашнинг мажлиси қарорлари баённома кўринишда расмийлаштирилади, масъул котиб томонидан имзоланади ва Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.

6. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг устувор йўналишлари ва шартларини белгилаш;

маблағларни мазкур Низомда белгиланган мақсадлар учун йўналтириш (ажратиш) тўғрисида қарор қабул қилиш;

Жамғарманинг маблағлари мақсадли сарфланишини назорат қилиш;

мақсадли ишлатилмаган Жамғарма маблағларини қайтарилишини таъминлаш чораларини кўриш;

мазкур Низомнинг 17-бандидабелгиланган Жамғарма даромадларини шакллантириш манбаларидан келиб тушаётган маблағларни Жамғарманинг ҳисобварағида шакллантириш (жамлаш);

янги ишлаб чиқариш бошлаётган корхоналарга маблағлар ажратилишида уларни ишлатиш шартларини белгилаш;

Жамғарма ишчи органини шакллантириш;

Жамғарма ишчи органининг таклифларини кўриб чиқиш;

Жамғарманинг Тафтиш комиссиясини шакллантириш.

7. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий ҳуқуқлари ҳисобланади:

Мазкур Низомнинг 17-бандида белгиланган Жамғарма даромадларини шакллантириш манбаларидан келиб тушадиган маблағларни ўрнатилган тартибда Жамғарманинг ҳисоб рақамида шакллантирилишини (йиғилишини) таъминлаш;

Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини назорат қилиш;

Жамғарма маблағларини мақсадли ишлатилишини мониторинг қилиш мақсадида барча маълумот ва хужжатларни заем олувчилардан талаб қилиб олиш;

Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағларнинг белгиланган мақсадларда ишлатмаслик ҳолатлари аниқланганда уларни молиялаштиришни тўхтатиш ёки ажратилган маблағларни қайтарилишини талаб қилиш.

8.Қуйидагилар Кенгашнинг асосий мажбуриятлари ҳисобланади:

Жамғарма маблағларини мазкур Низом ва қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилган ҳолда бошқарилишини таъминлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш;

Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилмаганлик ҳолатлари аниқланганда зудлик билан уларни бартараф этиш, асоссиз харажатлар ва келтирилган зарар ўрнини қоплаш бўйича тегишли чоралар кўриш.

9. Кенгаш ўз фаолиятини Жамғарма ишчи органи (бундан буён матнда Ишчи орган деб юритилади) орқали амалга оширади.

Ишчи орган етти нафар аъзодан иборат бўлиб (раҳбар ва котиб билан), улар Компаниянинг Корпоратив бошқарувни такомиллаштириш бўлими бошлиғи, Бош ҳисобчи, Юридик бўлим бошлиғи бўлади, ҳамда яна 4 нафар аъзо ҳар йили Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.

10. Қуйидагилар Ишчи органнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Жамғарма маблағларининг даромадлар ва харажатлар сметаси лойиҳасини тайёрлаш ва Кенгашга кўриб чиқиш учун тақдим этиш;

Жамғарма маблағлари хисобидан молиялаштирилиши таклиф этилаётган янги ишлаб чиқаришни ташкил этиш, мавжуд қувватларни модернизациялаш ва реконструкция қилишнинг йиллик дастурлари лойиҳаларини тайёрлаш ва Кенгашга кўриб чиқиш учун киритиш;

корхоналардан Жамғарма маблағларини ажратиш тўғрисида келиб тушган аризаларни рўйхатдан ўтказиш ва тақдим қилинган ҳужжатларни тўлиқлиги ва мувофиқлигини текшириш;

корхоналар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил қилиш;

корхоналардан Жамғарма маблағларини ажратиш тўғрисида келиб тушган аризаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Кенгашга асосли таклифлар киритиш;

корхоналар билан тузилган мақсадли молиялаштириш тўғрисидаги шартномаларнинг шартларига мувофиқ Жамғарма маблағларининг ишлатилиши юзасидан ойлик мониторинг ўтказиш;

Корхоналарнинг Жамғармадан олган маблағларини мақсадли сарфланиши бўйича ҳисоботларини кўриб чиқиш;

Жамғарманинг маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тайёрлаш ва ҳар ойда Кенгашга тақдим этиш;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва янада тўлдириб бориш тўғрисида таклифлар тайёрлаш ва Кенгашга киритиш;

Жамғарманинг кириш, чиқиш ва ички хужжатларини юритиш.

11. Корхоналарга ажратилган маблағлар мақсадсиз ишлатилган ҳолатларда Ишчи орган Кенгашга маблағларни қайтариш бўйича таклиф киритиш ҳуқуқига эга.

12. Қуйидагилар Ишчи органнинг асосий мажбуриятлари ҳисобланади:

мазкур Низомда белгиланган муддатларда корхоналардан келиб тушаётган аризаларни ва уларга илова қилинаётган ҳужжатларни тўлиқлигини, Жамғарма маблағларини ажратишнинг зарурлигини ва асослантирилганлигини ҳар томонлама кўриб чиқиш;

Жамғарманинг маблағларининг ҳаракатига доир тегишли таҳлилий ва ҳисобот материалларини тайёрлаш ва Кенгашга тақдим этилишини таъминлаш.

13. Компаниянинг тафтиш комиссияси аъзолари Жамғарманинг тафтиш комиссияси (бундан буён матнда Тафтиш комиссияси деб юритилади) ҳисобланади.

14. Тафтиш комиссияси тегишли ҳисобот материалларини таҳлил қилиш, шу жумладан жойига чиқиб ўрганиш йўли билан Жамғарма маблағларидан корхоналарга ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали фойдаланилганлиги устидан назоратни таъминлайди.

15. Қуйидагилар Тафтиш комиссиясининг асосий ҳуқуқлари ҳисобланади:

Жамғарманинг маблағларини мақсадли ишлатилиши тўғрисида корхоналардан тегишли маълумотларни сўраб олиш;

Жамғарма маблағларини олган корхоналарда назорат тадбирларини ташкил этиш;

назорат тадбирлари натижаларига кўра аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларга келгусида йўл қўймаслик борасида Кенгашга таклифлар киритиш;

Кенгаш билан келишилган ҳолда назорат тадбирларини ўтказиш учун Компаниядан тегишли мутахассисларни жалб қилиш

16. Қуйидагилар Тафтиш комиссиясининг асосий мажбуриятлари ҳисобланади:

назорат тадбирларини ўтказишда ўз мажбуриятларини тўлиқ бажариш;

Кенгаш томонидан белгиланган муддат ичида Жамғарма маблағларини мақсадли сарф қилиниши тўғрисида ҳисобот тақдим этиш;

Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг белгиланган тартиби бузилганлиги ҳолати аниқланган тақдирда Кенгашга маълум қилиш ва тегишли чораларни кўриш тўғрисида таклифлар киритиш;

хар йил Компания Кузатув кенгаши ва акциядорлар умумий йиғилишга ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилаётганлиги тўғрисида ҳисобот тақдим этиш.

3-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш

17. Қуйидагилар Жамғарма даромадларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Компания таркибига кирувчи корхоналар томонидан хар чоракдаги соф фойданинг 1 фоизи миқдоридаги ажратмалари;

халқаро молия институтлари ва бошқа донорлар томонидан ажратиладиган грантлар ва кредитлар (заёмлар);

юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан ажратиладиган ҳомийлик маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган йўл билан Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштириш ҳисобига олинадиган даромадлар;

Компания тегишли бошқарув органи қарори асосида Компаниянинг ҳисобот даври якуни билан олинган соф фойданинг маълум бир қисми;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

18. Жамғарманинг маблағларини шакллантириш учун Компания томонидан тижорат банкида иккиламчи хисоб рақам очилади. Корхоналар томонидан жамғарма маблағларини шакллантириш учун ажратмалар тўғридан-тўғри ушбу хисоб рақамига ўтказилади.

Жамғарма маблағларини шакллантириш учун бошқа ҳисобварақлар очиш тақиқланади.

19. Компания таркибига кирувчи корхоналарнинг бухгалтерия маълумотлари асосида Жамғарманинг ҳисобварағига мазкур Низомда белгиланган ажратмаларни ҳар чоракда, келгуси ойнинг 30 санасидан кечиктирмасдан тўланишини таъминлайди.

4-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш

20. Жамғарманинг маблағлари қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:

Компания иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларининг хужжатларини (техник шартлар, дастлабки техник иқтисодий асослар, техник иқтисодий асослар, ишчи лойиҳалар ва бошқалар) ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлашни молиялаштириш;

Компания таркибига кирувчи корхоналарнинг чет эл инвесторларини жалб қилган ҳолда, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, мавжудларини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жихозлаш лойиҳаларини молиялаштириш;

Компания таркибидаги корхоналарда импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаларини молиялаштириш;

Компания таркибидаги корхоналарнинг илмий изланишлари ва конструкторлик ишланмаларини биргаликда молиялаштириш.

21. Бир инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун талаб қилинаётган маблағлар ушбу лойиҳа умумий қийматининг 10 фоизидан ошмаслиги лозим.

22. Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағлар заем кўринишида бўлиб, 7 йилгача бўлган муддатда қайтариш шарти билан тақдим қилинади.

23. Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағлар муддатлари ва шартлари ушбу Низом талабларидан келиб чиқиб Кенгаш қарори асосида аниқланади.

24. Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағлар Компания активлари баланс қийматининг:

йигирма беш фоизгачасини ташкил қилса Кенгаш томонидан қарор қабул қилинади;

йигирма беш фоизидан эллик фоизгачасини ташкил қилса Компания Кузатув кенгаши томонидан қарор қабул қилинади;

эллик фоиздан ошиғини ташкил қилса Компания Умумий йиғилиши томонидан қарор қабул қилинади.

25. Жамғарма маблағларини йўналтириш Жамғарма маблағларининг шаклланишига қараб, даромадлар ва харажатлар сметаси доирасида амалга оширилади.

26. Жамғарма маблағларини олиш учун Ишчи органга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ариза;

Жамғарма маблағларини жалб қилиш зарурати тўғрисидаги корхоналарнинг тегишли бошқарув органи қарори нусхаси;

Жамғарма маблағларини олиш мақсадга мувофиқлигини асословчи бизнес-режа (дастлабки техник иқтисодий асослар, техник иқтисодий асослар);

ариза берилаётган чоракдан олдинги икки молия йили учун молиявий ҳисобот;

бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар юзасидан муддати ўтган қарздорлик мавжуд эмаслиги ҳақида давлат солиқ инспекцияси томонидан тақдим этилган маълумотнома;

банк кредитлари бўйича қарздорлик ва 2-сон картотека ҳолати ҳақида хизмат кўрсатувчи банкдан маълумотнома;

Жамғарма маблағларидан молиялаштирилиши кўзда тутувчи ишлаб чиқариш харажатларини тасдиқловчи шартномалар нусҳалари ва бошқа хужжатлар.

27. Корхоналар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар Ишчи орган томонидан келиб тушган кундан бошлаб 10 кун ичида кўриб чиқилади.

28. Ишчи орган кўриб чиқиш натижалари бўйича Кенгашга маблағларни ажратиш мақсадга мувофиқлиги ёки ажратилмаслигини асослантирувчи таклиф тақдим этади.

29. Кенгаш 5 кун ичида Ишчи орган томонидан тақдим этилган таклифлар асосида корхоналарга маблағларни ажратиш ёки рад этиш тўғрисида қарор чиқаради.

Кенгаш томонидан Жамғарма маблағларини ажратишни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилишга қуйидагилар асос бўлади:

корхоналар томонидан Жамғарма маблағларини олиш учун мазкур Низомнинг 27-бандидакўрсатилган ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилмаганлиги;

корхоналарнинг Жамғарма маблағларини ажратиш ҳақидаги мурожаати Жамғарма маблағларини ишлатиш мақсадларига номувофиқлиги;

амалга ошириладиган лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигининг пастлиги;

олинадиган заёмларнинг қайтарилишини тасдиқловчи ҳисоб-китобларнинг мавжуд эмаслиги ёки қайтара олмаслик хавфи борлиги;

корхоналар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги.

30. Кенгаш томонидан Жамғарма маблағларини ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, баённомада рад этишнинг сабаблари кўрсатилиб, Жамғарма маблағлари ажратилишни сўраб мурожаат қилган корхона хабардор қилинади.

31. Кенгаш томонидан Жамғарма маблағларини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Компания ва корхоналар ўртасида мақсадли молиялаштириш тўғрисида шартнома тузилади ва мазкур шартномада назарда тутилган муддатларда Жамғарма маблағлари ажратилади.

5-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш ҳисоби ва ҳисоботи

32. Жамғарма маблағларининг бухгалтерия ҳисобини юритиш Компания томонидан бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

33. Жамият таркибига кирувчи корхоналар ҳар чоракда, ҳисобот чораги кейинги ойнинг 30 санасидан кечикмасдан мазкур Низомнинг 1-иловасигамувофиқ шаклда Жамғармага ажратмалар тўланганлиги тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Жамғарманинг маблағларини олган корхоналар ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10 санасидан кечикмасдан Компанияга мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда маблағларнинг ишлатилиши тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

6-боб. Якуний қоидалар

34. Жамғарма маблағларини мазкур Низомда белгиланган мақсадларда ишлатилиши учун корхона раҳбарлари ва бош ҳисобчилар шахсан жавобгардир.

35. Жамғарма маблағларидан мазкур Низомда белгиланган мақсадларда ва самарали ишлатилиши юзасидан Кенгаш ва Ишчи орган жавобгардир.

36. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

37.Мазкур Низом «Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компанияси билан келишилган.

“Ўзэлтехсаноат” АК раиси Ф. Бакиев

“_____” _______ 2017 йил.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Размещение нормативно-правового акта для обсуждения на Едином порталеРазмещение на Едином портале уведомления о проведении обсуждения, графика, проекта совместного Постановления Министерств, опросного листа участников обсуждения04.07.2017АК "Узэлтехсаноат"

So`rovnoma natijalari