Hujjat nomi
Бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳига тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг кўп миқдорлари тўғрисидаги Низом
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiNizom
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO‘zbekiston Respublikasi Markaziy banki
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Markaziy banki
Muhokama boshlanishi (sana)2015-06-19 10:18:57
Muhokama yakunlanishi (sana)2015-07-04 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 6 майдаги ПҚ–2344–сон “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ банклар балансида тўпланган таваккалчилик масаласини ҳал этишни ҳамда бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳига тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг кўп миқдорларини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар.

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

қарздор – кредит ёки бошқа ҳар қандай мажбурият бўйича банк олдида қарздор бўлган жисмоний ва юридик шахс;

юридик шахсда билвосита иштирок этиш - бу шўъба корхона орқали юридик шахснинг овоз берувчи улушига (акцияларига) эгалик қилиш;

юридик шахснинг йирик иштирокчиси (акциядори) – устав капитали ёки овоз берувчи улушнинг (акцияларнинг) 10 ёки ундан ортиқ фоизига бевосита ёки билвосита эга бўлган ёхуд овоз бериш ҳуқуқини бўлган жисмоний ёки юридик шахс;

йирик таваккалчилик - жами суммаси банк I даражали капиталининг 10 фоиздан ошган таваккалчилик.

2. Шахс, қуйидаги ҳолларда юридик шахсга катта таъсир кўрсатаётган ҳисобланади:

у юридик шахснинг йирик иштирокчиси (акциядори) бўлса;

у юридик шахс билан расмий битим тузиш ёки бошқа исталган усул воситасида шахснинг фаолиятини бошқариш ёки раҳбарлик қилиш имкониятига эга бўлса.

3. Қуйидаги ҳолларда банкнинг қарздорлари бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳи деб ҳисобланади:

қарздорларнинг бири бошқа қарздорларга катта таъсир ўтказа олиши мумкин бўлса;

тўлиқ ёки коммандит ширкат иштирокчиси ҳамда масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият иштирокчиси ҳам бир пайтда банк қарздори бўлса;

икки ёки ундан ортиқ карздор айнан бир шахсга (у банк қарздори эканлиги ёки қарздор эмаслигидан қатъи назар) қарам бўлса;

хўжалик жамияти ёки ширкатнинг банкдан қарздор бўлган икки ёки ундан ортиқ иштирокчиси айнан бир шахс билан биргаликдаги жавобгарликни ўз зиммасига олган бўлса (у банк қарздори эканлиги ёки қарздор эмаслигидан қатъи назар);

бир қарздор иккинчисига банкдан кредит сифатида олинган маблағларни берган ҳолда ёхуд икки ёки ундан ортиқ қарздорлар биргаликда ёки алоҳида банкдан кредит сифатида олинган маблағларини бир шахсга (у банк қарздори эканлиги ёки қарздор эмаслигидан қатъи назар) берган бўлса (икки ёки ундан ортиқ қарздорлар бир сотувчидан жиҳозлар сотиб олиши каби банкнинг жорий операциялари бундан мустасно);

икки ва ундан ортиқ қарздорлар хўжалик жамиятлари ва ширкатларда иштирок этиш ёки биргаликда фаолият юритиш учун банкдан олган кредитлардан фойдаланса, бунда кредитлар тўлашни кўзда тутилаётган манбаси бундай қарздорларнинг барчаси учун бир хил бўлади;

қарздорларнинг бирида молиявий қийинчиликлар юзага келган тақдирда тўлов бўйича муаммолар қарздорларнинг бошқасида ҳам юзага келса.

4. Бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳига тўғри келувчи таваккалчиликлар қўйидагиларни ўз ичига олади:

кредитлар, юридик шахс устав капиталига ва бошқа қимматли қоғозларига киритилган инвестициялар, берилган кафолатлар ва улар бўйича тўлаб берилиб, ундирилмаган маблағлар, қабул қилинган кафолатлар (кафилликлар), акцептлар ёки аккредитивлар, лизинг, факторинг ва репо операцияларини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек орқага қайтиш ҳуқуқи асосидаги бошқа келишувлар, шунингдек ҳисобланган фоизлар ва балансдан ташқари моддаларда акс эттирилган мажбуриятлар;

қимматбаҳо қоғозлар ва чет эл валютасини сотиб олиш ёки молиялаштиришга доир барча юридик жиҳатдан боғлиқ мажбуриятлар;

овердрафтлар (мижозларнинг ҳисобварақларидаги дебет қолдиқлари);

баланснинг балансдан ташқари моддаларга ўтказилган (“умидсиз” деб таснифланган) барча суммалар, қарздорнинг тўлаш мажбурияти у банкрот деб эълон қилинганлиги натижасида юридик жиҳатдан бекор қилинган ҳоллар бундан мустасно.

2-боб. Бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳига тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг юқори даражаси.

5. Банкнинг бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳига тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг юқори миқдори банк I даражали капиталининг
25 фоизидан ошмаслиги керак.

6. Бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳига тўғри келувчи ишончли кредитлар шунингдек факторинг хизматлари учун таваккалчиликнинг энг юқори миқдори банк I даражали капиталининг 5 фоизидан ошмаслиги зарур.

7. Йирик таваккалчиликнинг умумий миқдори банк I даражали капиталининг
8 баробаридан ошиб кетиши мумкин эмас.

3-боб. Банклар кўрсатаётган лизинг хизматлари таваккалчилигининг энг кўп миқдори.

8. Ҳар бир банк лизинг хизматларини кўрсатаётганда лизинг олувчи лизинг объектидан фойдаланиш шартларини бажариши ва ундан мақсадли фойдаланилиши устидан лизинг шартномаси шартлари ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ назоратни амалга оширади.

9. Банклар кўрсатаётган лизинг хизматларининг умумий суммаси (авиализинг бундан мустасно) банк I даражали капиталининг 25 фоизидан ошмаслиги керак.

4-боб. Истиснолар.

10. Мазкур Низомнинг 5 ва 6-бандларида кўзда тутилган чекловлар қуйидаги ҳолларда татбиқ этилмайди:

қиммат баҳо қоғозларнинг ва кафолатларнинг бозор қиймати кредитларни
125 фоизга қоплай оладиган давлат қимматбаҳо қоғозлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати ёки бошқа мажбуриятлари билан таъминланган кредитлар;

банк томонидан Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобига қайта молиялаштирилган кредитлар;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 18 ноябрдаги “Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ПФ-4053-сон Фармонига (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 йил, 47-сон, 461-м.) мувофиқ аукцион ва танлов савдоларида банкларга мулк сифатида сотилган ишлаб чиқариш банкрот корхоналарнинг мулки негизида ташкил этилган корхоналарга ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 19 ноябрдаги Р-4010-сон фармойиши (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 йил, 49-сон, 479-м.) билан тасдиқланган Иқтисодий ночор корхоналарни аукцион ва танлов савдоларида тижорат банкларига реализация қилиш тартибига мувофиқ хўжалик судларининг қарорига биноан тугатиш қиймати бўйича кредитор банкларнинг балансига қабул қилинган ишлаб чиқариш банкрот корхоналарнинг мулки негизида ташкил этилган корхоналарга берилган кредитлар, бунда банк балансига олиниб, бошқа инвесторга сотилганига 3 йилдан ортиқ муддат ўтган корхоналарга тўғри келувчи таваккалчиликлар мустасно;

Кредит берувчи банкдаги депозитлар билан таъминланган кредитлар.

11. Агар кредит депозитлар билан таъминланган бўлса, у ҳолда депозит кредитни таъминлаш учун махсус мўлжалланган ҳисобвараққа киритилиши ҳамда кредит шартномаси ёки бошқа қўлланиладиган битимда қарз тўланмаган ҳолда банк депозитни ишлатиши мумкин эканлиги шарт қилиб қўйилиши лозим. Банк кредитини тўлаш муддати етиб келгунга қадар гаровга олинган депозитдан маблағларни олишга йўл қўймаслик мақсадида зарур чораларни кўриши ва назорат ўрнатиши керак.

12. Агар депозит чет эл валютасида киритилган бўлса, бу валютанинг қиймати кредитнинг тўланмаган ҳолдаги суммасининг камида 125 фоизини ташкил этиши лозим. Депозит валютаси Марказий банкнинг курси бўйича эркин айирбошланадиган валюта бўлиши ҳамда депозит ҳар ҳафтада икки марта қайта баҳоланиши лозим.

13. Банкда гаровга оид талабларни бажариш зарурияти юзага келса, у гаров ҳуқуқлари қонунчиликка мувофиқ юзага келганлиги ва қўллаб-қувватланаётганлигига ишонч ҳосил қилиши керак.

14. Банк раҳбарияти мазкур Низомга мувофиқ талаб қилинадиган даражада таьминот қийматини сақлаб туришга доир тегишли чораларни кўриши лозим. Агар таъминотнинг бозор қиймати бундай даражадан тушиб кетса, банк 10 иш куни мобайнида таъминот миқдорини ушбу Низомга мувофиқлаштириш чораларини кўриши зарур.

15. Мазкур боб шартларига номувофиқ бўлган таваккалчиликларга нисбатан истиснолар татбиқ этилмайди.

5-боб. Ҳисоб юритиш ва ҳисобот.

16. Ҳар бир банк мижозлар бўйича бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳига тўғри келувчи таваккалчиликни умумий суммаси тўғрисидаги маълумотни акс эттирган ҳолда ҳисоб юритиши шарт.

17. Ҳар бир банк мавжуд тавакалчиликларга доир юзага келиши мумкин бўлган барча йирик йўқотишлар тўғрисидаги маълумотни ҳар ойда бир маротаба Марказий банкка тақдим этиши керак.

Бу маълумотда ҳар бир қарздорнинг номи, қарздор тўламаган банк кредитининг умумий суммаси, қарздорнинг бошқа мажбуриятлари ва бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳи тўламаган кредитнинг умумий суммаси акс эттирилиши лозим. Шунингдек маълумотга банкнинг юзага келиши мумкин бўлган барча йирик таваккалчиликнинг умумий суммаси ҳам киритилади.

18. Марказий банк назорат учун олинган банклар мижозларининг ҳисобварақлари аҳволи тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилиши мумкин эмас. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда учинчи шахсларга берилиш ҳолатлари бундан мустасно.

6-боб. Мазкур Низом қоидаларини қўллаш тартиби.

19. Агар мазкур Низом кучга кирган санада банкда бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчи қарздорлар гуруҳига тўғри келувчи таваккалчилик миқдори белгиланган меъёрлардан ошадиган бўлса, бундай активлар дастлабки шартларда ва муддатларда тўланиши мумкин.

20. Агар мазкур Низом кучга кирган вақтда банкнинг 5 ва 6-бандларда белгиланган иқтисодий меъёрдан ошадиган таваккалчиликка олиб келувчи шартнома мажбуриятлари мавжуд бўлса, банк шартнома мажбуриятлари рўйхатини ёзма равишда Марказий банкка тақдим этган ҳолда бундай кредитларни ажратиши мумкин.

21. Агар бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳига тўғри келувчи таваккалчиликнинг умумий суммаси кредитни бериш вақтида мазкур Низомда кўзда тутилган чекловлар доирасида бўлса, бироқ кейинчалик белгиланган меъёрлардан ошиб борса (банк умумий капитали даражаси тушиши ёки валютанинг айирбошлаш ставкаси ўзгариши сабабли), банк ушбу ҳол ҳақида Марказий банкни зудлик билан хабардор қилиши лозим. Марказий банк банкка бирор-бир жазо чоралари ёки расмий мажбурий чораларни қўлламаган ҳолда белгиланган талабларга нисбатан мавжуд номувофиқликни бартараф этиши учун зарур бўлган муайян муддатни белгилаши мумкин.

7–боб. Якуний қоидалар

22. Мазкур Низом талаблари банклар томонидан бузилган тақдирда Марказий банк Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунининг 53–моддасида назарда тутилган чора ва санкцияларни қўллашга ҳақли.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишЎзбекистон Республикаси Марказий банкининг Низом лойиҳаси01.01.2015-18.06.2015Марказий банк
2Ягона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришЯгона порталда: муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабарномани; жадвални; норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини; муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштириш.19.06.2015Марказий банк
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишЯгона порталдан тушган таклифларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш.19.06.2015-04.07.2015Марказий банк, Ягона портал фойдаланувчилари
4Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича қабул қилинган таклифларга мувофиқ қайта ишлашЯгона портал иштирокчиларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қайта ишлаб чиқиш ва Ягона порталда қайта жойлаштириш.05.07.2015-15.07.2015Марказий банк
5Ишлаб чиқилган норматив-хуқуқий хужжатни тасдиқлаш учун киритишИшлаб чиқилган норматив-хуқуқий хужжатни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритиш16.07.2015Марказий банк

So`rovnoma natijalari