Hujjat nomi
Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQonun
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Qishlоq хo‘jаligi vаzirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2017-07-25 10:38:53
Muhokama yakunlanishi (sana)2017-09-17 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Лойиҳа

«УРУҒЧИЛИК ТЎҒРИСИДА»ГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

(янги таҳрир)

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Уруғчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ушбу Қонуннинг мақсади ҳисобланади.

2-модда. Уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

апробация – ўсимликларнинг генетик софлиги, касалликларга чалинганлиги, зараркунандалар билан зарарланганлиги ва экишга мўлжалланган уруғликнинг умумий ҳолатини аниқлаш мақсадида далада ўтказиладиган тадқиқот;

генетик (навлар) сифати – муайян нав уруғликнинг генетик (нав) жиҳатидан софлигини билдирувчи кўрсаткичлар мажмуи;

дурагай уруғлик – ирсияти ҳар хил навлар, турлар ва туркумларни чатиштиришдан олинадиган уруғлик;

патент эгаси (лицензиар) – селекция навининг ва (ёки) дурагай эгаси, ҳуқуқини қонун ҳужжатларига мувофиқ олган юридик ёки жисмоний шахс;

уруғлик – экиш учун фойдаланиладиган уруғ, мева, тўпмева ва мураккаб мева қисмлари. Баъзан вегетатив йўл билан кўпайтириладиган ўсимлик қисмлари, туганак, пиёзча, илдиз бачки, қаламча, ниҳол, уруғкўчат ва бошқалар ҳам уруғлик деб ҳисобланади;

уруғлик репродукцияси – элита уруғидан олинган кейинги уруғлик авлодлари;

уруғлик тўпи – бир турдаги (муайян экин, нав, репродукция, тоифа, генетик софлик, келиб чиқиши ва сифати бир хил бўлган) тегишли ҳужжат (апробация далолатномаси, уруғлик аттестати, уруғлик гувоҳномаси, уруғлик таҳлили натижаси, мувофиқлик сертификати) билан тасдиқланган махсус жамланган уруғлик миқдори;

уруғчилик – уруғликларни ва (ёки) экиш материалларини ишлаб чиқариш, сақлаш, реализация қилиш ва фойдаланиш ҳамда уларни нав ва экиш сифатини аниқлаш бўйича ўтказиладиган тадбирлар билан алоқадор фаолият;

экинбоплик сифати – уруғликларнинг экишга қанчалик яроқли эканлигини билдирувчи кўрсаткичлар мажмуи;

экиш материаллари – қайта ишлаб чиқариш ҳамда товар мақсадларида экиш учун қўлланиладиган навли қишлоқ хўжалик экинлари, мевали, манзарали, ўрмон дарахтлари, гул қаламчалари ва бошқа ўсимликлар қисмлари (қаламчалар, илдизлар, кўчатлар, уруғлар, тўпмева, мураккаб мева қисмлари ва бошқалар);

қишлоқ хўжалиги экинлари – бошоқли дон, дуккакли, техник, сабзавот, полиз, мевали, озуқа, мойли, гул, доривор экинлари, картошка, узум;

ўрмон хўжалиги экинлари – ўрмон хўжалигида фойдаланиладиган манзарали ва ўрмон дарахтлар ҳамда буталар.

4-модда. Уруғлик категориялари

Қишлоқ хўжалиги экинлари навлари уруғларини қайта кўпайтириш босқичларига қараб, қуйидаги уруғлик категориялари белгиланади:

оригинал (супер супер элита, суперэлита);

элита;

репродукцион (биринчи ва кейинги репродукциялар).

Оригинал (супер супер элита, суперэлита) уруғлари - нав оригинатори ёки у ваколат берган шахс томонидан етиштирилган ва кейинчалик кўпайтириш учун мўлжалланган уруғлар ҳисобланади.

Элита уруғлари - оригинал уруғларидан кейинчалик кўпайтириш йўли билан олинган уруғлар ҳисобланади.

Репродукция уруғлари - элита уруғларини кетма-кет қайта экишдан олинган уруғлар (биринчи ва кейинги репродукциялар) ҳисобланади.

2-боб. Уруғчилик соҳасини давлат томонидан тартибга солиш

5-модда. Уруғчилик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Уруғчилик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини ўз вақтида бозор нархлари бўйича юқори ҳосилли ва юқори сифатли уруғлар билан етарли миқдорда таъминлаш;

инфратузилма ва сервис хизмати кўрсатишни ривожлантиришга кўмаклашиш, уруғчилик соҳасига инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

қишлоқ хўжалиги манфаатларига жавоб берувчи уруғлик етиштиришда хусусий секторни ривожлантириш;

сифатли уруғликларни етиштириш бўйича зарур тадбирларни ишлаб чиқиш, самарали мониторинг юритиш тизимини яратиш ва давлат назоратини амалга ошириш;

соҳада илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш.

6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг уруғчилик соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

уруғчилик соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

уруғчилик соҳасида давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг уруғчилик соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

уруғчилик соҳасида мониторинг юритиш тартибини белгилайди;

қишлоқ хўжалик экинлари ва ўрмон хўжалиги экинлари уруғликлари ва экиш материалларини сертификатлаштириш тартибини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

7-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг уруғчилик соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

уруғчилик соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этади;

уруғчилик соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва амалга оширади;

уруғчилик тадбирларини ўтказишда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштиради;

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

8-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг уруғчилик соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги:

уруғчилик соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрини юритади;

қишлоқ хўжалик экинлари уруғликларининг навларини синаш борасидаги ишга раҳбарлик қилади;

давлат нав синаш станциялари ва шахобчалари кўрикларини ўтказишда ҳамда янги навларга баҳо берадиган ташкилотлараро гуруҳлари таркибида нав муаллифларини, муаллифлик даражаси қандай бўлишидан қатъий назар, жалб этилмаслигини назорат қилади;

қишлоқ хўжалик экинлари уруғчилигини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширишни ташкил этади;

бирламчи ва элита уруғчилик хўжаликларида ўсимликларни якка танлаб олиш ишларини иккинчи-йилги уруғ кўпайтириш кўчатзорларида бажарилишини таъминлайди;

қишлоқ хўжалик экинлари уруғларини ишлаб чиқариш схемаларини тасдиқлайди;

ҳар бир навни истиқболли деб белгиланган ҳудудда тўлиқ экиш ва уруғчилик ишларини олиб борилишини белгилайди;

қишлоқ хўжалик экинлари уруғларини қадоқлаш, тамғалаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш тартибини белгилайди;

уруғчиликни ривожлантиришни субсидиялаш ва рағбатлантириш тартибни тегишли ваколатли давлат органлари билан келишган ҳолда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар, давлат ҳокимияти маҳаллий органлари билан бирга қишлоқ хўжалиги экинларининг муайян ҳудудларга мослаштирилган ва истиқболли навларини экиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалик экинларининг Давлат реестри тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

9-модда. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузуридаги Манзарали дарахт ва бута ўсимликлари уруғчилиги таҳлили марказининг ваколатлари

Манзарали дарахт ва бута ўсимликлари уруғчилиги таҳлили маркази қуйидаги ваколатларга эга:

манзарали дарахт ва бута ўсимликлари уруғчилигини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

манзарали дарахт ва бута ўсимликлари уруғчилик маҳсулотлари экспертизасини ташкил этади;

манзарали дарахт ва бута ўсимликлари уруғликлари сифатини назорат қилишни ташкил этиш бўйича жойлардаги бўлинмаларининг ишига раҳбарлик қилади;

хўжаликлар, корпорациялар, бошқа корхоналар ва муассасаларда манзарали дарахт ва бута ўсимликлари уруғликлари ва кўчатларнинг навдорлик ҳамда экинбоплик хусусиятларини аниқлайди;

манзарали дарахт ва бута ўсимликлари уруғликларнинг сифатини аниқлаш услубларини ишлаб чиқади, такомиллаштиради ва тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикасида фойдаланишга тавсия этилган манзарали дарахт ва бута ўсимликлари навлари уруғларини тайёрлаш, ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳажмини башорат қилади;

манзарали дарахт ва бута ўсимликларининг нав ва уруғ назорати, лаборатория нав синови, уруғликлар ва экиш материаллари сифатини экспертиза қилишни амалга ошириш бўйича қоидаларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

манзарали дарахт ва бута ўсимликлари уруғчилиги доирасидаги стандартлаштириш бўйича амалдаги давлат стандартларини ва бошқа меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича ишларни амалга оширади ва уларни техник жиҳатдан тартибга солиш ва стандартлаштириш бўйича ваколатли давлат органига киритади.

республикада манзарали дарахт ва бута ўсимликлари уруғчилиги ресурслари бўйича мониторингни юритади;

манзарали дарахт ва бута ўсимликлар селекцияси ва уруғчилиги бўйича ўз ваколати доирасидаги халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни бажаради.

10-модда. Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш давлат органларининг ваколатлари

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш давлат маркази:

уруғчиликни ривожлантириш давлат дастурини амалга оширади;

уруғчилик маҳсулот экспертизасини ташкил этади;

барча қишлоқ хўжалик экинларининг уруғликлари сифатини назорат қилишни ташкил этиш бўйича жойлардаги бўлинмаларининг ишига раҳбарлик қилади;

хўжаликлар, корпорациялар, бошқа корхоналар ва муассасаларда уруғликлар ва экиладиган кўчатларнинг нави ҳамда экинбоплик хусусиятларини аниқлайди;

уруғликларнинг сифатини аниқлаш услубларини ишлаб чиқади, такомиллаштиради ва тасдиқлайди;

уруғчилик соҳасидаги маҳаллий ижрочи идораларга услубий раҳбарликни ва мувофиқлаштиришни амалга оширади;

селекция, нав синаш ва уруғчилик бўйича илмий-техник дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасида фойдаланишга тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари навлари уруғларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳажмини башорат қилади;

оригинал ва элита уруғлар, ҳамда репродукция уруғларини ишлаб чиқарувчиларни ҳамда уруғлар сотувчиларини аттестациядан ўказиш қоидаларини ишлаб чиқади;

нав ва уруғ назорати, тупроқ (грунт)ни баҳолаш, лаборатория нав синови, уруғликлар ва экиш материаллари сифатини экспертиза қилишни амалга ошириш бўйича қоидаларни ишлаб чиқади;

уруғчилик бўйича амалдаги давлат стандартлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш, уларни техник жиҳатдан тартибга солиш ва сертификатлаштириш бўйича ваколатли давлат органига киритади;

республикада қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги ресурслари бўйича мониторингни юритади;

селекция ва уруғчилик бўйича ўз ваколати доирасидаги халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг уруғчилик доирасидаги қонунчилигига маҳаллий ижрочи идораларнинг риоя қилиши назоратини амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни бажаради.

11-модда. Уруғчилик тадбирларини ўтказишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқароларнинг иштирок этиши

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

уруғчилик соҳасидаги давлат, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади;

тегишли ҳудудда уруғчилик соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар уруғчилик тадбирларида иштирок этувчи давлат органларига ва бошқа органларга кўмаклашиши ҳамда зарур ёрдам кўрсатиши мумкин.

3-боб. Уруғчилик тизими ва уни бошқариш

12-модда. Уруғчилик бўйича давлат хизматини бошқариш

Уруғчилик бўйича давлат хизматини бошқариш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.

13-модда. Уруғчиликнинг асосий вазифалари

Уруғчиликнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғчилик базасини яратиш;

навни янгилаш ва нав алмаштириш жараёнида навлар ва дурагайларнинг биологик (мева ва резавор мева ўсимликларини дурагайлари бундан мустасно) ҳамда хўжалик жиҳатидан қимматли хусусиятларини сақлаб қолиш;

мамлакатимиз ва жаҳоннинг қимматли генофондини сақлаб қолиш ҳамда ундан самарали фойдаланиш;

республиканинг турли табиий-иқлим минтақаларига мослашган янги тезпишар, серҳосил, интенсив навларни яратиш ва кўпайтириш;

қишлоқ хўжалигини серҳосил ва юқори сифатли уруғликлар билан таъминлаш;

уруғликларнинг сифати устидан давлат назоратини амалга ошириш;

уруғчиликка жаҳон тажрибаси ютуқларини жорий этиш.

14-модда. Уруғчилик хизмати ходимлари ва уларнинг ваколатлари

Уруғчилик хизмати ходимлари ва уларнинг ваколатлари қуйидагилардан иборат:

уруғчилик қоидаларини бажарилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

уруғчилик соҳасидаги тадбирлар ва дастурларнинг бажарилиши устидан назорат қилади, ушбу тадбир ва дастурларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз вақтида ўтказилишига масъул ҳисобланади;

уруғчилик соҳасида тегишли қоидалар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва кўчатларини сифатли етишитиришни назорат қилади;

уруғчилик хизмати ходимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

4-боб. Уруғчилик объектлари ва субъектлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

15-модда. Уруғчилик объектлари

Уруғчилик доирасидаги объектларга тааллуқлидир:

нав (клон, линия, дурагай, популяция, аралаш навлар);

уруғлик;

экиш материали;

уруғлик ва уруғчиликдаги экишлар ва ўтқазишлар.

16-модда. Уруғчилик субъектлари

Уруғчилик доирасидаги субъектларга тааллуқлидир:

нав муаллифи;

нав оргинатори;

уруғ ишлаб чиқарувчи;

уруғларни реализация қилиш ҳуқуқларисиз томорқа, боғ, дала-ҳовли ва полиз участкаларида фойдаланиш учун уруғларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи жисмоний шахслардан ташқари уруғ истеъмолчилари;

уруғнинг нав ва экиш сифатини аниқлаш бўйича хизмат кўрсатадиган юридик ва (ёки) жисмоний шахслар;

уруғларни реализация қилувчилар;

қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш станциялари ва шахобчалари.

17-модда. Уруғчилик субъектларининг ҳуқуқлари

Уруғчилик субъектларнинг ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат:

ваколатли идоралардан муаллифлик навлари тўғрисида зарур маълумотларни олиш;

қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва экиш материалларини етиштириш учун Давлат реестрига киритилган навларни эркин танлаш;

уруғчилик етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун танловларда иштирок этиш;

етиштирилган уруғларга дастлабки ишлов бериш бўйича ишларни йўлга қўйиш;

харид қилинаётган уруғлар ва экиш материалларининг нави ва сифати бўйича ҳужжатларни талаб қилиш ва белгиланган талабларга жавоб бермайдиган уруғликлар бўйича ваколатли идораларга шикоят қилиш;

нав муаллифи ва оргинаторлардан қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш бўйича зарурий ҳужжатларни талаб қилиш.

18-модда. Уруғчилик субъектларининг мажбуриятлари

Уруғчилик субъектларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

бирламчи уруғчиликнинг самарали тизимини ва уруғ етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш;

дурагайлар ва навларга доир муаллиф тавсифларини тақдим этиш;

уруғликларни ишлатувчилар билан шартнома тузиш асосида юқори навли ва экинбоп сифатли уруғликлар етиштириш;

вақти-вақти билан уруғлар каталогларини тайёрлаш ҳамда чоп этиш;

дала майдонларини даврий апробациядан ўтказилишини таъминлаш;

ваколатли идора томонидан тасдиқланган уруғларни ишлаб чиқариш схемаларининг технологик талабларига, сақлаш ва реализация қилиш қоидаларига риоя қилиш ҳамда уларнинг миқдор ва сифат жиҳатидан сақланишини таъминлаш;

элита уруғларни реализация қилишда унинг нав ва экиш сифатини ҳамда нав тавсифларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилиш;

ваколатли идоралар томонидан белгилаган тартибда уруғлик майдонларини апробациядан ўтказиш;

нав ва экиш сифати бўйича уруғларни реализация қилиш учун талаб этиладиган мувофиқликни кафолатлаш;

ҳар бир тўпдаги уруғлик нави ва экинбоплик сифати бўйича тўлиқ ҳисобни олиб бориш.

5-боб. Уруғчилик фаолиятини ташкил этиш

19-модда. Уруғликнинг сифатини аниқлаш

Уруғликнинг генетик (нав) сифати дала ва аккредитланган лабораторияда ўтказиладиган синов натижалари бўйича аниқланади.

Экинбоп уруғликлар етиштириш мақсадида экилган навли қишлоқ хўжалик экинлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ўрмон хўжалиги экинлари Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси белгилайдиган тартибда апробация қилинади.

20-модда. Уруғликларни сертификатлаш

Экиш учун ишлатиладиган уруғликлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сертификатланиши лозим.

Уруғликларни сертификатлаш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида ўрнатилган тартибда аккредитация қилинган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалик экинлари уруғларини сертификатлаш ва сифатини назорат қилиш давлат маркази ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Манзарали дарахтлар ва буталар уруғликларини сертификатлаш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида ўрнатилган тартибда аккредитация қилинган Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси томонидан ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Стандарт уруғликларга мувофиқлик сертификати, ностандарт уруғликларга эса уларнинг сифати тўғрисида таҳлил натижаси тақдим этилади.

21-модда. Уруғликларни реализация қилиш

Уруғликларнинг нави ва экинбоплик сифатлари кўрсатилган мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган тақдирда уларни реализация қилишга йўл қўйилади.

Кимёвий ёки биологик ишлов берилган уруғликлар истеъмолчига ёки савдо тармоғига фақат ўралган ҳолда етказиб берилади. Ҳар бир ўрамда қайси усулда ишлов берилганлиги кўрсатилган ёрлиқ ва хавфсизлик чора-тадбирлари тўғрисидаги йўриқнома бўлиши шарт.

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини экиш (ўтқазиш) учун фойдаланиш ва реализация қилиш қуйидаги ҳолатларда тақиқланади:

ҳимоя қилинадиган навлар Давлат реестрига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилмаган навлар ва дурагайларнинг уруғликларини;

карантин объектлари билан зарарланган;

техник жиҳатдан тартибга солиш доирасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ келмайдиган.

Янги ва истиқболли навлар уруғликларига бўлган талабдан келиб чиқиб ҳамда уларнинг сифати бўйича мувофиқлик сертификати ёки таҳлил натижаси мавжуд бўлган тақдирда ушбу уруғликларни Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ёки унинг ваколатли органи рухсати билан сотиш мумкин.

Муомалага киритилаётган уруғликлар давлат стандартлари талабларига мувофиқ тамғаланган ва идишларга жойланган бўлиши шарт.

Ўсимлик касалликлари ёки бегона ўтлар кенг тарқалган давлатлардан келтирилган уруғликларни республика ҳудудида тарқатиш қатъиян тақиқланади.

22-модда. Уруғликларни импорт ва экспорт қилиш

Уруғликларни импорт қилишга қуйидаги шартларда йўл қўйилади, агар:

улар давлат синовидан ўтган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган навнинг уруғи бўлса;

уларни импорт қилишга ўсимликлар карантини бўйича давлат хизматининг рухсатномаси мавжуд бўлса;

уларнинг мувофиқлик сертификати ва мувофиқлик белгиси мавжуд бўлса;

уларга экспорт қиланаётган мамлакат томонидан фитосанитария сертификати берилган бўлса;

улар селекция ва тадқиқот ишларига, кўргазмага қўйишга мўлжалланган бўлса.

Оригинал (супер супер элита, суперэлита) уруғларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли хулосаси, элита уруғларига Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги хулосаси ва репродукция уруғларига ваколат берилган давлат органларининг хулосаси мавжуд бўлган тақдирдагина уруғликларни экспорт қилишга йўл қўйилади.

Экспорт қилинадиган уруғликларга Ўзбекистон Республикаси ўсимликлар карантини хизмати томонидан бериладиган фитосанитария хулосаси илова қилинади.

23-модда. Реализация қилинадиган уруғликларга кафолатлар

Уруғликлар етиштириш ва уларни реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар уруғларнинг нави ва экинбоплик сифатлари тегишли ҳужжатларда кўрсатилгандек бўлишига кафолат берадилар ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади.

Агарда, уруғликлар етиштириш ва уларни реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган уруғликларнинг нав ва экинбоплик сифат кўрсаткичлари номувофиқлиги реализацияси билан шуғулланувчиларга боғлиқ бўлмаган ҳолатларнинг оқибати эканлигини исботласалар, уруғликни ишлатувчи кўрилган зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин эмас.

Сотиб олинган уруғликларга берилган кафолатлар уларнинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган муддатгача амал қилади.

24-модда. Суғурта уруғлик фонди

Суғурта уруғлик фонди имкониятлари чекланган минтақаларга, халқаро шартномаларга мувофиқ навли уруғликларни етказиб бериш учун, шунингдек табиий офатлар эҳтимолини назарда тутган ҳолда ва бошқа мақсадларда ташкил этилади.

Суғурта уруғлик фондини ташкил этиш ва ундан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Экиш учун яроқсиз деб топилган ҳамда келгусида фойдаланилмайдиган дориланган уруғликлар белгиланган тартибда йўқ қилинади.

6-боб. Уруғчилик соҳасидаги илмий тадқиқотлар,давлат тармоқ дастурларини маблағ билан таъминлаш ҳамда уруғчилик воситаларига бўлган ҳуқуқи

25-модда. Уруғчилик соҳасидаги илмий тадқиқотлар

Уруғчилик Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, тегишли тармоқ илмий-тадқиқот муассасалари, олий ўқув юртлари ва бошқа илмий ташкилотлар томонидан илмий жиҳатдан таъминланиб, улар:

селекция ва уруғчилик бўйича илмий-техник дастурларни;

уруғчилик, уруғшунослик ва навшуносликнинг илмий асосланган тизимини;

янги ва истиқболли навларни жорий этишга доир тавсияларни;

юқори сифатли уруғлик етиштириш самарадорлигини оширишнинг услуб ва усулларини;

уруғчиликда ахборот билан таъминлаш тизимини ишлаб чиқадилар.

26-модда. Уруғчиликда интеллектуал мулк

Патент билан муҳофаза қилинадиган навлар ва дурагайлар уруғлигини етиштириш ҳамда ундан фойдаланиш ҳуқуқига патент эгалари, шунингдек лицензияга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар эгадирлар.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган, бироқ патент ёки гувоҳнома билан муҳофаза қилинмайдиган навлар ва дурагайлар уруғлиги юридик ва жисмоний шахслар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ етиштирилиши ва ундан фойдаланилиши мумкин.

Патент эгалари, улар ваколат берган шахслар, шунингдек улар ўртасидаги шартномалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.

27-модда. Уруғликларни сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш давлат органлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалик экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш давлат маркази ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари уруғликларни сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш бўйича давлат органлари ҳисобланади. Қишлоқ хўжалик экинларининг уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш давлат органлари бюджет ва (ёки) синов ўтказиш ҳамда сертификатлаш борасидаги ўз хизматларига тўланган маблағлар ҳисобидан пул билан таъминланади.

Қишлоқ хўжалик экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш давлат маркази тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

28-модда. Уруғликларни сертификатлаш ва сифатини назорат қилиш давлат инспекторлари

Қишлоқ хўжалик экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш давлат марказининг бошлиғи қишлоқ хўжалик экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат инспектори ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалик экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш вилоят марказларининг бошлиқлари тегишлича қишлоқ хўжалик экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш бўйича вилоят давлат инспекторлари ҳисобланадилар.

Қишлоқ хўжалик экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош давлат инспектори, Қишлоқ хўжалик экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш бўйича давлат марказининг инспекторлари, қишлоқ хўжалик экинлари уруғликларини сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш бўйича вилоят давлат инспекторлари, туман инспекторлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

сифат кўрсаткичлари қанчалик тўғрилигини ва давлат стандартларига мувофиқлигини текшириш мақсадида зарур таҳлиллар ўтказиш учун уруғ намуналарини танлаб олиш;

уруғликнинг ҳимоя қилинадиган навларидан ғайриқонуний фойдаланилишини тақиқлаш;

ҳар қандай уруғлик етиштирувчининг, уруғлик етказиб берувчининг ва уруғлик билан савдо қилувчи ташкилотнинг ҳудудига кириш;

уруғчилик далалари ва уруғлик туркумларига доир зарур ахборот, ҳужжат ва намуналар олиш;

қонун ҳужжатларини бузган ҳолда уруғлик етиштириш, уни сақлаш ва сотиш ҳолларини тўхтатиб қўйиш ёки тақиқлаш;

мувофиқлик сертификати ва фитосанитария ёки карантин рухсатномаси мавжуд бўлмаса, уруғлик туркумларининг ташилишини тақиқлаб қўйиш;

мувофиқлик сертификати, фитосанитария ёки карантин рухсатномаси бўлмаган уруғликларни бошқа давлатлардан республикага олиб киришга йўл қўймаслик;

қишлоқ хўжалиги экинлари навларини янгилаш ва нав жойлаштириш тартибини бузганлиги учун хўжаликларнинг раҳбарлари ва бошқа масъул шахсларга жарима жазосини қўллаш.

29-модда. Уруғчилик хизматининг таъминоти ва молиялаштирилиши

Уруғчилик доирасидаги фаолиятни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети, маҳаллий бюджетлар ҳисобига, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида кўзда тутилган бюджетдан ташқари манбалар, ҳамда уруғчилик доирасидаги фаолиятни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

30-модда. Уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Уруғчилик бўйича қонун ҳужжатлари бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавоб беради.

[ izohlar (2) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

Buriev Panji Raimovich 2017-08-09 16:02:03

Ассалому-алайкум!

Ихчам иссиқхона шароитида қовун етиштиришни синаб кўрмоқчиман.

Зарур навларни танлаш учун қайси маълумотлар базасига мурожаат қилсам бўлади?


Husainov Dilmurod Kamiljonovich 2017-09-14 17:17:57

Ушбу лойиҳада уруғчилик соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ваколатларини ҳам назарда тутиш мақсадга мувофиқ.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш“Уруғчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси20.05.2017Пахтачиликни ва техника экинларини ривожлантириш бошқармаси
2Ягона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришЯгона порталда муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабарномани, жадвални, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини, муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштириш25.07.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишЯгона порталдан тушган таклифларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш25.07.2017 - 08.08.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ягона портал фойдаланувчилари
4Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини муҳокама натижаси бўйича қабул қилинган таклифларга мувофиқ қайта ишлашЯгона портал иштирокчиларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қайта ишлаб чиқиш ва Ягона порталда қайта жойлаштириш09.08.2017Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
5Норматив-хуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этишҚонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш10.08.2017Пахтачиликни ва техника экинларини ривожлантириш бошқармаси

So`rovnoma natijalari