Hujjat nomi
Қишлоқ хўжалиги ва уй ҳайвонларини идентификация қилиш (рўйхатга олиш), ҳаракати, профилактика, ташхиси ва даволаш ишларини мониторинг қилиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Davlat veterinariya qo‘mitasi
Muhokama boshlanishi (sana)2017-08-09 16:38:23
Muhokama yakunlanishi (sana)2017-08-24 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Қишлоқ хўжалиги ва уй ҳайвонларини идентификация қилиш (рўйхатга олиш), ҳаракати, профилактика, ташхиси ва даволаш ишларини мониторинг қилиш тўғрисида НИЗОМ

1 - боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом қишлоқ хўжалиги ва уй ҳайвонларини сақлаш, идентификация қилиш (рўйхатга олиш), ҳаракати, профилактика, ташхиси ва даволаш ишларини мониторинг қилиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом зоопарк, цирк ва ёввоий ҳайвонларга нисбатан қўлланилмайди.

2. Ушбу Низом юридик ва жисмоний шахслар (шунингдек фуқаролар) томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

3. Ҳайвонларни сотиб олиш, сотиш, ташиш, сўйиш ва сўйиш учун топшириш ёки ҳайдаб ўтиш ҳамда яйловларга жойлаштириш (боқиш) худудий давлат ветеринария хизмати томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган тегишли ветеринария ҳужжатлари асосида амалга оширилади.

4.Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

қишлоқ хўжалик ҳайвонлари – йирик шохли моллар, қўй, эчки, чўчқалар, отлар, эшаклар туялар (кейинги ўринларда ҳайвонлар деб юритилади);

уй ҳайвонлари – ит, мушуклар (кейинги ўринларда ҳайвонлар деб юритилади);

ҳайвонлар муомаласи – тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун, ўз эҳтиёжи учун, шунингдек қишлоқ хўжалик ҳайвонларни сўйиш учун кўпайтириш, парваришлаш ва сақлаш;

ҳайвон эгалари – ҳайвонларга берилган ветеринария паспорти асосида ҳайвонлар муомаласини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар (шунингдек фуқаролар);

ҳайвонлар ҳисоби – ҳайвонлар туғилгандан сўйишгача (ўлимигача) бўлган вақтдаги ҳайвонларнинг келиб чиқиши, кўпайтириш ва ҳаракати, шунингдек касалликларига ўтказилган профилактика, ташхиси ва даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотлар;

ҳайвонларни ҳисобга қўйиш – ҳайвонларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда маълумотлар базасига ҳайвон ҳақида маълумотлар, унга берилган идентификация рақами ва рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида берилган ҳужжатлар ёки тегишли ёзувлар қайд этилган ветеринария паспорти ҳақида ахборотларни киритиш;

электрон ахборот тизими- ҳайвонлар ҳисоби ва ҳайвонларни ҳисобга қўйиш ҳақидаги мавжуд маълумотлар базасидаги ахборотлар мажмуаси;

идентификация (рўйхатга олиш) – биркалаш, чип ўрнатиш, тамғалаш ёки бошқа усуллар билан ҳайвонларни аниқлаш имконини берадиган индивудал рақам бериш, шунингдек, ҳайвонлар тўғрисида маълумотларни электрон ахборот тизимига киритиш ва ветеринария паспорти расмийлаштириш;

ҳайвоннинг идентификация рақами - ҳайвонга ҳаётида бир марта бериладиган, бошқа ҳайвонларда такрорланмайдиган ҳарфли - рақамли код;

индивидуал рақам – ҳайвоннинг идентификация рақамидаги саккиз хонали рақамдан иборат код;

идентификация рақамини сақловчи атрибут - қулоқ учун биркалар, жетон, оёқ ҳалқалари, электрон чип ва бошқалар;

давлат ветеринария хизматининг вакили - туман ёки шаҳар ветеринария бўлимининг участка ветеринария врачи ёки худудга бириктирилган масъул ходимлар;

ветеринария паспорти – ҳайвонга берилган идентификация рақамига мувофиқ расмийлаштирилган, ҳайвон эгасини белгиловчи, унинг эгаси алмашиниши, профилактика ва даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотлар қайд этиб бориладиган, ҳайвоннинг бутун ҳаёти давомида сақланадиган ҳужжат;

қаровсиз ҳайвонлар – кўчаларда ва бошқа жойларда назоратсиз, кузатувчи шахсларсиз қолган (юрган) ҳайвонлар;

эгасиз ҳайвонлар – идентификация қилинмаган ҳайвонлар;

ихтисослашган сўйиш корхонаси– ҳайвонларни сўйиш учун замонавий механизациялаштирилган ёки автоматлаштирилган асбоб - ускуналар билан жиҳозланган зарурий бино ва хоналари мавжуд бўлган, ветеринария, ветеринария - санитария қоидалари ва нормалари талабларига жавоб берадиган махсус ихтисослашган корхона.

2 - боб. Ҳайвон эгаларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

5. Ҳайвон эгаларининг ҳуқуқлари:

ветеринария хизматларидан ҳайвонларни сақлаш, профилактика ва даволашга оид маълумотларни олиш;

мазкур Низомга риоя қилган ҳолда ихтиёрига кўра, ҳайвонларни сотиб олиш, сотиш, совға қилиш, алмаштириш;

шунингдек Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан таъқиқланмаган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.

6. Ҳайвон эгаларининг мажбуриятлари:

фуқароларни ҳайвонларнинг ножўя ҳаракатларидан сақлаш, шунингдек атрофдагиларни тинчлигини таъминлаш;

ҳайвонларни қаровсиз боқилишига ва дайдиб кетишига йўл қўймаслик;

ҳайвонга ғамхўрлик қилиш;

ҳайвонни етарли миқдорда тегишли озуқа ва сув билан таъминлаш, биологик хусусиятаридан келиб чиқиб соғлиғини, хавфсизлигини ва меъёрда яшаши учун керакли шарт - шароитлар билан таъминлаш;

ҳайвон сақлашда ветеринария, ветеринария - санитария қоидалари ва нормаларига риоя қилиш;

ҳайвонлардан ҳосил бўлган чиқиндилар ва гўнгни тўпланиб қолишига йўл қўймаслик;

атроф муҳитни, шунингдек, йўллар, жамоат жойларини ҳайвон чиқиндилари билан ифлосланишини олдини олиш, қон сўрувчи ҳашоратлар кўпайиб кетиши ва ноодатий ёқимсиз хидларни пайдо бўлишини олдини олиш;

ҳайвонни вақти - вақти билан ветеринария кўригидан ўтказиш;

ҳайвонлар касалликка чалинганда ёки гумон қилинганда ветеринария хизмати ёки хусусий ветеринария врачига (лицензияга эга) мурожаат қилиш;

ҳайвонни ўзбошимчалик билан даволамаслик;

камида йилига бир марта лаборатория текширувлари учун ҳайвон қонидан намуна топшириш;

ҳайвонлар касалликларининг олдини олишга қаратилган ташкилий-хўжалик ва ветеринария тадбирларини ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириш (бундан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган тадбирлар мустасно);

ҳайвонлар сақланадиган жойларда дезинфекция, дезинсекция, дератизация ишларини ўз вақтида ўтказиши;

белгиланган муддатларда профилактика ишларини ўтказиш ҳамда ҳайвон тўсатдан ўлиши, ноодатий ҳатти - ҳаракатлари кузатилганда худудий давлат ветеринария хизматига мурожаат қилиш ва ветеринария мутахассиси келгунга қадар ҳайвонни алоҳида жойда сақлаш;

агония ҳолатида (ўлим талвасасида) бўлган ҳайвонларни, шунингдек, ветеринария врачининг кўригидан ўтмаган ҳайвонларни сўймаслик;

ҳайвон жасади, бола ташлаши натижасида туғилган (аборт қилинган) ёки ўлик туғилган ҳомилани махсус ажратилган жойларга етказиш;

аҳоли пунктларида ва яйловларда ҳайвонларни ҳайдаб ўтиш ва яйловларда боқиш қоидаларга риоя этиш;

ҳайвонларни давлат ветеринария хизматида рўйхатдан ўтказиш ва идентификация қилдириш;

ҳайвонга берилган идентификация рақамини сақловчи атрибути ва ветеринария паспорти учун тўловларни амалга ошириш;

тегишли ветеринария ҳужжатлари асосида ҳайвонларни ташиш, сотиб олиш, сотиш, совға қилиш, алмаштириш, сўйиш ёки сўйиш учун топшириш, ҳайдаб ўтиш, боқиш ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириш;

хўжаликка янгидан келтирилган ҳайвонларни ўттиз кун карантинга қўйиш;

ҳайвонларнинг идентификация рақамини сақловчи атрибутини ва ветеринария паспортини сақланишини таъминлаш;

ветеринария, ветеринария - санитария қоидалари ва нормаларининг талаблари асосида ҳайвон ва озуқаларни биноларда сақлаш;

давлат ветеринария инспекторларининг кўрсатмаларини бажариш;

карантин ёки чеклов қўйилганда, белгиланган тартиб ва қоидаларга амал қилиш ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган ҳайвон эгаларига қўйиладиган бошқа талабларга риоя этишга мажбурдирлар.

7. Ҳайвон эгалари ҳайвонларни соғлиғига ва мазкур Низомга мувофиқ сақланишига ҳамда ҳайвонлар томонидан одамларнинг соғлиғига, жисмоний ва моддий етказилган зарарлар учун жавобгар ҳисобланадилар.

3 - боб. Ҳайвонларни сақлаш

8. Қишлоқ хўжалик ҳайвонларини чорвачилик фермаларида, комплексларида ва ховлиларда ҳайвон сақлаш учун махсус тайёрланган биноларда (жойларда) сақланишига йўл қўйилади.

9. Ҳайвонларни сақлашда уларнинг бош сонларининг нормаларини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади.

10. Қишлоқ хўжалик ҳайвонларини кўп қаватли турар-жойларда сақланишига йўл қўйилмайди.

11. Эгасиз ҳайвонларни юридик ва жисмоний шахслар (шунингдек фуқаролар) томонидан сақлаш ва парваришлаш таъқиқланади.

12. Қишлоқ хўжалик ҳайвонларидан ҳосил бўлган чиқиндилар ва гўнгни ҳовли ҳудудининг чорвачилик бинолари (жойлари) атрофида ёки умумий фойдаланиш жойларини ифлослантирмаган ҳолда ҳовлининг ташқи томонида (орқа ёки ён девори ёнида), жой шароитидан келиб чиқиб, қурилиш материалларидан (ғишт, цемент ва х.к.) фойдаланган ҳолда бир томонини очиқ қолдириб ўралган жойда вақтинча тўпланиши мумкин.

13. Кўчалар, чорраҳалар, истироҳат боғлари, автомобил ва темирйўллари ҳамда очиқ майдонларда чиқиндиларни (шу жумладан гўнгни) тўплаш, сақлаш, ташлаш ва ёқиш таъқиқланади.

14. Ҳайвонлардан ҳосил бўлган чиқиндиларни гўнгхона учун махсус ажратилган жойларга ва гўнгни амалдаги қоидаларга мувофиқ дезинфекция ўтказилгандан сўнг экин майдонларига ва шахсий томорқаларга ҳамда бошқа рухсат этилган жойларга чиқариш мумкин.

4 - боб. Ҳайвонларни ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш

15. Йирик ва майда шохли ҳайвонлар, туяларнинг ёш ҳайвонлари туғилганидан ўн тўрт кундан кейин бир ойликдан кечикмасдан, қулунлар тўрт ойлигидан, чўчқа болалари бир ойлигидан, уй ҳайвонлари уч ойлигидан идентификация қилинади.

16. Ҳайвон эгаларининг аризасига мувофиқ давлат ветеринария хизмати томонидан ҳайвонларни идентификациялаш, ҳисобга қўйиш 1-иловадагисхемага мувофиқамалга оширилади.

17. Ҳайвонлар рўйхатдан ўтказилгандан сўнг эгасининг фуқаролик паспортига асосан ветеринария паспорти расмийлаштирилади.

18. Идентификация рақамини сақловчи атрибут ва ветеринария паспорти ҳайвоннинг ҳаёти давомида сақланиши шарт.

19. Хизмат кўрсатган ветеринария врачи томонидан ветеринария паспортига ҳайвонларнинг даволанганлиги ва/ёки бошқа ўтказилган профилактика тадбирлари амалга оширилганлиги тўғрисида ёзув киритилиши мажбурийдир. Бунда, мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ қайднома расмийлаштирилади, ҳайвон эгасининг имзоси билан тасдиқланиб, ветеринария врач томонидан имзоланади ва ҳудудий давлат ветеринария хизматига маълумотлар базасига киритиш учун тақдим этилади.

20. Харидор (олувчи) ҳайвонни сотиб олганда (совғага олганда) яшаш жойи бўйича давлат ветеринария хизматининг вакилига етти кун ичида ҳайвонни ҳисобга қўйиш учун мурожаат қилиши шарт.

21. Ҳайвон эгалари ҳайвон туғилганда мазкур Низомнинг 15 - бандига мувофиқ белгиланган муддатларда идентификация қилиш учун яшаш жойи бўйича давлат ветеринария хизматининг вакилига мурожаат этиш шарт.

22. Ҳайвон эгалари ҳайвонга ветеринария паспорти асосида эгалик қилади.

23. Идентификация рақамини сақловчи атрибут ва/ёки ветеринария паспорти бўлмаган ҳайвонлар эгасиз ҳисобланади.

24. Ҳайвондан идентификация рақамини сақловчи атрибутни ечиш, ўзгартириш, бошқа ҳайвон идентификация рақамини сақловчи атрибут билан алмаштириш, ветеринария паспортига ўзбошимчалик билан ўзгартириш ва қўшимчалар, турли ёзувлар киритиш, шунингдек, сўйилган (нобуд бўлган) ҳайвонларнинг идентификация рақамини сақловчи атрибут ва ветеринария паспортини сақлаш таъқиқланади.

25. Ҳайвонлар ҳисобга қўйилгандан сўнг ҳайвон эгалари мазкур Низом талаблари билан таништирилади.

26. Ҳайвон эгалари ҳайвон нобуд бўлганда ёки мажбурий сўйилганда ҳайвоннинг идентификация рақамини сақловчи атрибут ва ветеринария паспортини (электрон идентификациялашда фақат ветеринария паспорти) етти кун муддатда яшаш манзили бўйича давлат ветеринария хизматининг вакилига ҳисобдан чиқариш учун тақдим этиши шарт.

27. Давлат ветеринария хизмати ҳайвонларнинг идентификация рақамини сақловчи атрибут ва ветеринария паспортига (электрон идентификациялашда фақат ветерианрия паспортига) асосан ҳайвонларни ҳисобдан чиқаради.

28. Давлат ветеринария хизматининг вакилига ҳайвон эгалари ҳайвон сотилганлиги ёки совға қилинганлигини ветеринария паспортида тасдиқлатишга мажбурдир, бунда ҳайвон эгалари ўзларининг фуқаролик паспортини тақдим этади.

5 - боб. Ҳайвонларни идентификация қилиш

29. Ҳайвонларни идентификация қилиш жараёни қуйидагиларни ўз ичига олади:

мазкур Низомнинг 30 - бандида кўрсатилган усулларнинг бири орқали ҳайвонларга индивидуал рақам бериш;

Давлат ветеринария қўмитаси томонидан белгиланган тартибда жорий қилинган маълумотлар базасига ҳайвонларни идентификация қилинганлиги бўйича ахборот киритиш;

ветеринария паспортини расмийлаштириш.

30. Ҳайвонларни турларига қараб тамғалаш қуйидаги услуллар орқали амалга оширилади:

биркалаш - йирик ва майда шохли ҳайвонлар, туялар, чўчқалар;

тавро босиш - от, эшак;

жетонлаш (жетон бериш) - итлар ва мушуклар;

чип ўрнатиш (электрон идентификация) - ҳайвонларнинг барча турлари.

31. Идентифекация рақмини кодлаш ва тамғалаш принциплари:

биркалардан фойдаланганда ҳайвонларнинг қулоғига бириктириш йўли билан тамғалаш амалга оширилади ва у ҳайвон ҳаёти давомида олинмайди.

мазкур Низомнинг 32 - бандига асосан ҳар иккала биркада ҳам бир хил идентификация рақами акс этади;

уй ҳайвонларни жетонлаш махсус бўйин боғига жетонни бириктириш йўли билан амалга оширилади. Мазкур Низомнинг 32 - бандига асосан жетонда идентификация рақами акс этади;

тавро қўйиш совуқ ёки иссиқ усуллар билан амалга оширилади, тавро гавданинг чап томонига қуйилади: республика, вилоят тартиб коди ва ҳайвоннинг турига қараб курак соҳасига, индивидуал рақам бел соҳасига қўйилади. Тавро ўлчами: баландлиги 50 мм, эни 30 мм. Тавронинг иссиқ усулида энига 30 мм ва қалинлиги 3 мм кенг юзаси силлиқ, текис пўлатдан таёрланган идентификация рақамларини акс этириш имконини берувчи атрибутлардан фойдаланилади.

Чип ўрнатиш (идентификациянинг электрон кўриниши) уларнинг фойдаланиш бўйича йўриқномасига мувофиқ амалга оширилади.

32. Идентификация рақамлари қуйидаги кўринишда ўн икки белгидан иборат бўлади:

биринчи икки белги – Ўзбекистон Республикасининг ҳарфли (литер) коди (Стандартлаштириш бўйича Халқаро ташкилот (ISO) кодига мувофиқ);

учинчи белги – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳарфли коди;

тўртинчи белги – ҳайвонлар турининг рақамли коди;

бешнчи белгидан ўн иккинчи белгигача – саккиз хонали рақамдан иборат ҳайвонларнинг индивидул рақами (от ва эшаклар мустасно);

от ва эшакларнинг идивидул рақамлари тўрт хонали рақамдан иборат бўлади.

33. Ҳайвонларни бирка ва жетонлар ёрдамида тамғалаш учун мазкур Низомнинг 3-иловасида келтирилган идентификация рақамини сақловчи қулоқ биркалари, жетон тури ва меъёрларидан фойдаланилади.

34. Ҳайвонларни идентификация қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳарфли кодлари мазкур
Низомнинг 4-иловасига мувофиқ, ҳайвонлар турининг рақамли коди мазкур Низомнинг 5-иловасига мувофиқ белгиланади.

35. Ҳайвонларда тамғалаш амалга оширилганда Давлат ветеринария хизматининг вакили мазкур Низомнинг 6-иловасига мувофиқ қайднома расмийлаштиради ва маълумотлар базасига киритиш учун туман (шаҳар) ветеринария бўлимига тақдим этади.

36. Ветеринария паспорти, идентификация рақамини сақловчи атрибутларни ишлаб чиқариш, шунингдек идентификация рақамини сақловчи атрибутларни импорт қилиш Давлат ветеринария қўмитаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

37. Нобуд бўлган ҳайвонларнинг, шунингдек мазкур Низомнинг 42 - бандида қайд этилган ҳолатларда ветеринария паспорти ва идентификация рақамини сақловчи атрибутлар тегишли ҳудуднинг давлат ветеринария хизмати томонидан йўқ қилинади.

38. Ҳайвонлар эгаси алмашганда, шунингдек, бир ҳудуддан бошқа бир маъмурий ҳудудга кўчирилганда идентификация рақамини сақловчи атрибут алмаштирилмайди ва бу бўйича маълумотлар базаси ҳамда ветеринария паспортига тегишли ахборотлар киртилади.

39. Ҳайвонлар ветеринария паспорти билан бирга сотилиши (совға қилиниши), алмаштирилиши ёки сўйиш учун эгалари томонидан топширилиши мажбурийдир.

40. Импорт қилинган ҳайвонларнинг насли тўғрисидаги ҳужжатлари бўлган тақдирда, уларга экспортёр давлатда берилган идентификация рақамини сақловчи атрибут ўзгартирилмайди.

Импорт қилинган ҳайвонлар белгиланган тартибда карантиндан чиққандан сўнг улар тўғрисидаги тегишли ахборотлар мазкур Низомга асосан маълумотлар базасига киритилади ҳамда ветеринария паспорти расмийлаштирилади.

41. Сўйиш учун мўлжалланган импорт қилинган ҳайвонлар идентификация қилинмайди. Сўйиш учун мўлжалланган ҳайвонлар келтирилган вақтдан бошлаб етти календар кунида сўйилиши шарт.

42. Бирка (жетон) йўқотилганда ёки шикаст етганда, (идентификация рақамини аниқлаш имконияти бўлмаганда), маълумотлар базасидаги бошқа ҳайвонларнинг идентификация рақамлари ва ветеринария паспортлари билан солиштириш орқали аниқлик киритилади. Бу даврда ҳайвонни сотиш (совға қилиш), алмаштириш ва сўйиш (сўйишга топшириш) таъқиқланади. Бу ҳайвонларни қайта идентификация қилиш ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

6 - боб. Идентификация қилинган ҳайвонларга ветеринария паспортини бериш тартиби

43. Ҳайвонлар идентификация қилингандан бошлаб бир ой ичида давлат ветеринария хизматининг вакили ҳайвон эгасига мазкур Низомнинг 7-иловасига мувофиқ шаклдаги ветеринария паспортини расмийлаштириб беради.

44. Сақланаётган (парваришланаётган) ҳар бир бош ҳайвонларга ветеринария паспорти расмийлаштирилиши мажбурийдир.

45. Ветеринария паспортига ҳайвонларнинг идентификация рақами (янги туғилганларнинг онаси тўғрисидаги маълумотлар ҳам киритилади), профилактика, ташхиси ва даволаш ишлари ҳамда ҳайвон эгаси тўғрисидаги маълумотлар киритилади.

46. Ветеринария паспортига янги маълумотлар ветеринария тадбирлари ўтказилган даврда (профилактика, ташхиси ва даволаш ишлари) ҳамда ҳайвон эгаси ўзгарганда ва бошқа ҳолатларда киритиб борилади.

47. Ветеринария паспортига туман (шаҳар) ветеринария бўлими бошлиғи имзолайди ва муҳри босилади.

48. Ветеринария паспорти йўқолганда ёки эскирганда унинг дубликати берилади.

49. Ветеринария паспорти йўқолганлиги ва яроқсиз ҳолга келганлиги тўғрисидаги ариза йўқолганлиги ёки яроқсиз ҳолга келганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга давлат ветеринария хизматининг вакилига тақдим қилинади ва йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган ветеринария паспорти ҳайвон эгаси томонидан ариза берилган кундан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

50. Дубликат бериш тўғрисида ариза тақдим қилинган кундан бошлаб бир ой ичида давлат ветеринария хизматининг вакили ҳайвон эгасига юқори қисмининг ўнг бурчагига “ДУБЛИКАТ” сўзи ёзилган янги ветеринария паспортини расмийлаштириб беради.

7 - боб. Электрон ахборот тизими

51. Ҳавонларни идентификация қилиниши, профилактика, ташхиси ва даволаш ишлари, эгасининг алмашиниши, сўйилиши (нобуд бўлиши) тўғрисидаги ва бошқа зарурий маълумотлар электрон ахборот тизимига киритиб борилиши шарт.

52. Электрон ахборот тизимига маълумотлар ветеринария мутахассиси томонидан тақдим этилган ҳайвонларни ҳисобга қўйилганлиги, идентификация қилинганлиги, профилактика, ташхиси ва даволаш ишлари амалга оширилганлиги, эгасининг алмашганлиги, сўйилганлиги (нобуд бўлганлиги) ҳақидаги ва бошқа зарурий маълумотларга асосан киртилади.

53. Электрон ахборот тизимига ахборотларни туман ва шаҳар ветеринария бўлимлари томонидан киритилади.

54. Электрон ахборот тизимидаги маълумотлар базасига қўйидаги маълумотлар киритилади:

ҳайвонларнинг идентификация рақами;

ҳайвонларнинг биологик турлари;

ҳайвонларнинг зоти, жинси, лақаби (мавжуд бўлганда);

ҳайвонларнинг келиб чиқиш (туғилган) жойи;

ҳайвон эгасининг фамилияси, исми ва отасининг исми ёки юридик шахсларнинг номи;

ҳавйон эгасининг мулкчилик шакли юридик ёки жисмоний шахслар учун;

ҳайвонларни сақлаш жойи;

ҳайвонларнинг эгасини алмашиниши тўғрисида маълумотлар;

ҳайвонларни туғилган санаси;

ҳайвонларнинг сўйилган (нобуд бўлган) санаси;

ҳайвонларда амалга оширилган профилактика, ташхиси ва даволаш ишлари тўғрисида маълумотлар;

ҳайвонларнинг гўштидан (жасадидан) истеъмол учун фойдаланилганлиги ёки зарарсизлантирилганлиги (йўқотилганлиги) тўғрисида маълумотлар;

ҳайвонларни ҳисобга қўйилганлиги бўйича берилган ҳужжатлар тўғрисида маълумотлар;

ва бошқа зарурий ҳисобланган маълумотлар.

Электрон ахборот тизими маълумотлар базсига ҳайвон фото сурати ҳам жойлаштирилиши мумкин.

8 - боб. Қишлоқ хўжалик ҳайвонларини яйловларга жойлаштириш ва ҳайдаб ўтиш

55. Қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини яйловларга жойлаштириш ва ҳайдаб ўтиш жойлари маҳалий давлат ҳокимияти органлари томонидан вилоят ёки туман (шаҳар) бош давлат ветеринария инспекторлари билан келишилган ҳолда белгиланади.

56. Ҳайвонларни чорвачилик фермалари (комплекслари) ва хонадонлардан ташқарида боқиш, атрофи ўралган ёки атрофи очиқ яйловларда, шахсий экин майдонлари ва бошқа рухсат этилган жойларда ҳайвон эгалари, вакиллари ва чўпонлар назорати остида яйловда ҳайвонларни боқиш бўйича бир бошга тўғри келадиган меъёрларга риоя қилган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

57. Ҳайвонларни чорвачилик фермалари (комплекслари) ва хонадонлардан ташқарида боқаётган вакиллар ва чўпонларда ҳайвонларни боқиш учун топшириш ва қабул қилиш далолатномаси мавжуд бўлиши лозим.

Ушбу далолатнома эркин ҳолда ёзилиб, далолатномада тузилган вақти ва жойи, ҳайвонни боқиш жойи, муддати, боқиш учун топширган ҳайвон эгаси ва боқиш учун қабул қилган вакил ёки чўпоннинг Ф.И.О. (номи), манзили ва паспорт маълумотлари ҳамда боқиш учун топширилган ҳайвонларнинг идентификация рақамлари кўрсатилади. Далолатнома икки нусҳада тузилиб, боқиш учун топширган ҳайвон эгаси ва боқиш учун қабул қилган вакил ёки чўпонда бир нусҳадан келишув муддати тугагунга қадар сақланиши шарт.

58. Ҳайвон эгалари ҳайвонни умумий тарзда боқиш учун подаларга қўшишда пода йиғиладиган жойгача кузатиб боришлари ва пода қайтгандан сўнг кутиб олишлари шарт.

59. Ҳайвонларни истироҳат боғлари, сайилгоҳлар, манзара учун ташкил этилган жойлар, шаҳар кўчалари, автомобил йўлларининг ўртаси ва атрофи, темир йўллари, умумий дам олиш ва чўмилиш жойлари ва бошқа рухсат этилмаган жойларда боқиш қатъиян ман этилади.

Олти ойдан ошган буқаларни (новвосларни) умумий тарзда подаларда боқиш ҳамда ҳайвонларни темир йўлларидан (фақатгина кесиб ўтиш жойлари (переездлар) орқали ҳайдаб ўтилишига йўл қўйилади), республика ахамиятидаги автомобил йўлларидан (рухсат этилган жойларидан ташқари) ва бошқа рухсат этилмаган жойлардан ҳайдаб ўтиш таъқиқланади.

60. Истироҳат боғлари, сайлгоҳлар, манзара учун ташкил этилган жойлар, шаҳар кўчалари, автомобил йўлларининг ўртаси ва атрофи, темир йўллари, умумий дам олиш ва чўмилиш жойларида бу жойларга масъул бўлган ташкилот ва муассасалар томонидан “Ҳайвон боқиш ва ҳайдаб ўтиш таъқиқланади” ёзувли ёки шу маънони англатувчи таъқиқловчи белгилар ўрнатилиши лозим.

9 - боб. Қишлоқ хўжалик ҳайвонларни сўйиш ва ташиш

61. Қишлоқ хўжалик ҳайвонларни сўйиш амалдаги ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари мувофиқ амалга оширилади.

62. Қишлоқ хўжалик ҳайвонларини фақатгина ихтисослашган сўйиш корхонасида сўйишга рухсат этилади (ветеринария мутахассисининг рухсати билан мажбурий сўйиш бундан мустасно).

63. Қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини сўйиш учун сотиб олган ҳайвон эгалари ҳайвонларнинг ветеринария паспортини сўйиш корхонаси ветеринария мутахассисларига тақдим этишга мажбурдир.

64. Ветеринария мутахассислари томонидан қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари сўйилишидан олдин ҳайвоннинг идентификация рақами билан ветеринария паспорти мувофиқлиги ва мазкур Низомнинг 24 - банди талаблари бузилмаганлиги текширилиши лозим. Бу ўрганишда номутаносиблик ёки Низом талаблари бузилиши кузатилса ҳайвон сўйилишига йўл қўйилмайди ва бу ҳақда зудлик билан сўйиш корхонаси жойлашган манзил бўйича давлат ветеринария хизматининг вакилига хабар берилиши шарт.

65. Давлат ветеринария хизмати вакили ихтисослашган сўйиш корхоналари ветеринария мутахассислари томонидан аниқланган номутаносибликлар ва Низом талаби бузилишлари бўйича етказилган хабар юзасидан тегишли туман (шаҳар) ветеринария бўлимига аниқлик киритиш учун маълум қилиши лозим.

66. Туман (шаҳар) ветеринария бўлимлари номутаносибликлар ва Низом талаби бузилишлари бўйича етказилган хабар юзасидан тегишли худудий давлат ветеринария хизматининг хулосаси асосида аниқлик киритиши лозим.

67. Номутаносибликлар ва Низом талаби бузилишлари бўйича аниқлик киритилгандан сўнг натижага мувофиқ қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари давлат ветеринария хизматининг вакили рухсати билан сўйилиши мумкин ҳамда гўшт ҳайвон эгасининг эҳтиёжи ёки қайта ишлаш учун йўналтирилади.

68. Қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари ихтисослашган сўйиш корхоналарида сўйилганда, ҳайвон эгалари ветеринария паспортининг белгиланган жойига ҳайвонни сўйишга топширганлигини (сўйдирганлигини) имзо билан ва сўйилганлигини ихтисослашган сўйиш корхоналари муҳр билан тасдиқлаши шарт.

69. Ихтисослашган сўйиш корхонасининг ветеринария врачи мазкур Низомнинг 8-иловасига мувофиқ ҳайвон эгасига “Ҳайвон сўйилганлиги тўғрисида” маълумотнома беради.

70. Ҳайвон эгалари яшаш манзили бўйича “ҳайвон сўйилганлиги тўғрисида”ги маълумотномани етти кун муддатда давлат ветеринария хизматининг ваколатли ходимга ҳайвонни ҳисобдан чиқариш учун тақдим этишлари шарт.

71. Эгасиз ҳайвонларни сўйиш қатъиян ман этилади.

72. Ихтисослашган сўйиш корхонаси ҳафтасига камида бир марта корхона жойлашган манзил бўйича давлат ветеринария хизматига мазкур Низомнинг 9-иловасига мувофиқ сўйилган қишлоқ хўжалик ҳайвонлари тўғрисидаги маълумотларни ҳамда идентификация рақамини сақловчи атрибутлар ва ветеринария паспортларини доимий равишда тақдим этиб боради.

73. Ҳайвонлар, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом-ашёлар махсус тайёрланиб, жиҳозланган транспорт воситаларида ташилишига рухсат этилади.

10 - боб. Ҳайвонларни тутиш ва сақлаш

74. Ҳайвонлар (шу жумладан идентификаци рақами бўлган ва бўлмаган ҳайвонлар) кўчаларда ва жамоат жойларида назоратсиз юрганда ҳамда мазкур Низомнинг 59 - бандида кўрсатилган жойларда боқилаётганда ва назоратсиз юрганда улар тутиб олинади.

75. Юқумли касалликларга гумон қилинган, йўл ҳаракати хавфсизлигига ҳалақит қилаётган ва одамларга тажовуз қилаётган ҳайвонлар (шу жумладан идентификаци рақами бўлган ва бўлмаган ҳайвонлар) зудлик билан тутиб олинади.

76. Қаровсиз ва эгасиз ҳайвонларни тутиш туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари томонидан амалга оширилади.

77. Қаровсиз ҳайвонларни тутиш, ташиш ва сақлаш амалдаги қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

78. Қаровсиз ҳайвонларни (қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини) ўттиз кун мобайнида ҳайвон эгалари томонидан ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар томонидан олиб кетилмаган тақдирда, ушбу ҳайвонлар туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари хузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари ҳисобига ўтади ва давлат ветеринария хизмати томонидан ветеринария кўригидан ўтказилгандан сўнг натижага кўра, фақат қайта ишлаш мақсадлари учун белгиланган тартибда сўйилиши мумкин.

11 - боб. Якуний қоидалар

79. Мазкур Низомга риоя қилинишини назорат қилиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ички ишлар идоралари, давлат ветеринария хизмати ва бошқа ваколатига кирувчи назораторганларизиммасига юклатилади.

80. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1----

So`rovnoma natijalari