Hujjat nomi
Этил спиртини реализация қилиш, бериш, сақлаш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiNizom
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO‘zbekiston Respublikasi Sog`liqni saqlash vazirligi
Hujjat muallifiDori vositalari va tibbiy texnika sifatini nazorat qilish bosh boshqarmasi
Muhokama boshlanishi (sana)2017-08-14 12:37:57
Muhokama yakunlanishi (sana)2017-08-29 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирининг

2017 йил “___” _____даги

___-сон буйруғига илова

Этил спиртини реализация қилиш, бериш, сақлаш
ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси “Дори воситалари
ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Низом соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий таъминот муассасаларида ва дорихоналарда этил спиртини реализация қилиш, бериш, сақлаш ва ҳисобга олиш тартиби юзасидан асосий қоидалар, шартларни белгилайди.

2. Мазкур Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги идоравий бўйсуниши ва мулк шаклидан қатъи назар барча соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий таъминот муассасаларига
ва дорихоналарга жорий этилади.

3. Ташкилотлар, муассасаларда ўтказилиши режалаштирилган илмий
ва амалий ишлар учун 96 фоизли этил спирти шу ташкилот
ёки муассасанинг илмий кенгаши (умумий мажлиси) қарори билан тасдиқланган меъёрларга асосан ишлатилиши мумкин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардаги муассасаларнинг тиббий мақсадлар учун 96 фоизли этил спиртига бўлган йиллик эҳтиёжи Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган меъёрларга қатъий риоя қилган ҳолда ҳисобланиб,
“Дори-Дармон” акциядорлик компаниясининг ҳудудий бўлинмаларига тақдим қилинади.

5. Дорихоналардан этил спирти соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда рухсат этилган бошқа муассасаларга амалдаги тартиб бўйича номи, 96 фоизли этил спирти оғирлиги (килограмми) ҳамда 70 фоизли этил спирти (фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқарилганидан ташқари) ҳажми (литри) ёзма ҳолда кўрсатилган талабнома ва бир маротабали алоҳида ишончнома асосида берилади.

6. Этил спиртини (фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқарилган
70 фоизлигидан ташқари) олиш учун барча муассасалар томонидан талабномалар алоҳида бланкларда лотин тилида ёзилиб, талабномада этил спиртини номи ва қуввати албатта кўрсатилиши лозим. Талабномалар муассаса раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади ва муҳр билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади.

7. Буюртмани олиш ва этил спиртини жўнатиш белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилиши керак. Маҳсулотни жўнатилганлиги тўғрисида қуйидаги маълумотлар кўрсатилган ҳисоботлар расмийлаштирилади: юклаш санаси, буюртмачи номи ва манзили, маҳсулот таснифи (номи, дори шакли, серия (партия) рақами ва миқдори), ташиши ва сақлаш шароитлари.

8. Этил спиртини чакана реализация қилиш учун ушбу фаолиятга лицензия бўлиши шарт.

Дорихоналардан этил спиртини нотўғри расмийлаштирилган талабномалар ёки рецептлар бўйича реализация қилиш тақиқланади.

9. Этил спиртини реализация қилишда қабул қилинган рецептлар
ва талабномалар дорихоналарда бир йил мобайнида сақланади.

10. Фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган
ва штрих-код билан расмийлаштирилган 70 фоизли тиббиёт этил спиртини 50 миллилитргача ҳамда настойкалар, экстрактлар, тиббиёт этил спирти сақловчи эритмалар ва аралашмаларни 50 миллилитргача бир шиша идиш (флакон) миқдорида аҳолига шифокор рецептисиз дорихоналар орқали сотилади.

11.Даволаш жараёнида инъекциялардан олдин терини тозалаш учун 70 фоизли этил спиртидан фойдаланилади.

12.Барча муассасаларда ҳамда муассасаларнинг катта ҳамшираларида этил спиртини алоҳида кундалик миқдорий ҳисоби юритилади. Кундалик миқдорий ҳисоб дорихоналарда1-иловада кўрсатилган шаклдаги китобда, Этил спиртининг сарфланиши бўйича даволаш-профилактика муассасаларининг бўлим катта ҳамширалари, яъни моддий жавобгар шахслари, бош, катта ёки ҳамширалар томонидан юритиладиган миқдорий ҳисоб-китоби 2-иловада кўрсатилган шаклдаги китобда юритилади.Бунда 96 ва ундан юқори фоизли этил спирти ҳисоби оғирлик бирлигида (килограммда), 70 фоизли этил спирти ҳисоби (фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқарилганидан ташқари) ҳажм бирлигида (литрда) олиб борилади. Китобларнинг варақлари рақамланиб, ип ўтказиб боғланган ва юқори ташкилотнинг муҳри ҳамда раҳбарини имзоси (юқори ташкилот бўлмаган ҳолда муассасанинг масъул раҳбари имзоси) билан тасдиқланган бўлиши лозим.

13. Барча муассасаларда ҳар ойнинг 3-санасигача этил спиртининг амалдаги қолдиғи инвентаризациядан ўтказилиб, китобдаги қолдиғи билан солиштирилади ва текширув натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади.

14. Ишлаб чиқарувчилар, улгуржи ташкилотлар омборхоналари ёки ижарага олинган омборхоналарида турли фоиздаги этил спирти салқин жойда, учиб кетиши ёки қуриб қолишини олдини олиш мақсадида герметик ёпилган (шиша, металл, алюминий фольга) идишда ёки ишлаб чиқарувчининг бирламчи ва иккиламчи ўрам идишларида сақланади. Норматив ҳужжат ёки Фармакопея талабларига асосан полимер идишларда ҳам сақлаш мумкин.

Этил спирти тез ёнувчан ва учуван бўлганлиги сабабли идиш тўлиқ ҳажмигача тўлдирилмаслиги лозим. Ҳажм тўлиқлиги 90% кўп бўлмаслиги керак. Агар этил спирти катта ҳажмларда металл идишларда сақланса унинг тўлиқлик даражаси 75% кўп бўлмаслиги керак.

Шунингдек этил спирти минерал кислоталар (асосан сульфат ва азот кислоталари), ишқорлар, ўсимлик мойлари, олтингугурт, боғлов материаллари билан бир жойда сақланиши тақиқланади.

15. Муассасаларнинг раҳбарлари ёки моддий жавобгар шахс этил спиртини тўғри сақланиши, тавсия этилиши, берилиши ва ҳисоб-китоб қилиниши ҳамда белгиланган меъёрларда ишлатилиши ва сарфланиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

16. Муассасалар раҳбарларига этил спиртининг умумий миқдори ҳамда амалдаги иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда даволаш-профилактика бўлимлари ва муолажа хоналарига қайта тақсимлаш хуқуқи берилади.

17. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш
ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси билан келишилган.

Меҳнат вазири А.Абдухакимов

2017 йил “___” август,

Тошкент ш.

Халқ таълими вазири У.Иноятов

2017 йил “___” август,

Тошкент ш.

Хусусийлаштирилган корхоналарга

кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш

давлат қўмитаси раиси Р.Ғуломов

2017 йил “___” август,

Тошкент ш.

Савдо-саноат

палатаси раиси А.Икрамов

2017 йил “___” август,

Тошкент ш.

“Дори-дармон” АК

бошқаруви раиси А.Камилов

2017 йил “___” август,

Тошкент ш.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Этил спиртини реализация қилиш, бериш, сақлаш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги Соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий таъминот муассасаларида ва дорихоналарда этил спиртини реализация қилиш, бериш, сақлаш ва ҳисобга олиш тартиби юзасидан асосий қоидалар, шартларни белгилайди.30.09.2017Соғлиқни сақлаш вазирлиги

So`rovnoma natijalari