Hujjat nomi
Транспорт воситаларига автобензин ва дизель ёнилғиси сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotSirdaryo viloyati hokimligi
Hujjat muallifiSirdaryo viloyati hokimligi
Muhokama boshlanishi (sana)2017-09-15 14:55:16
Muhokama yakunlanishi (sana)2017-09-30 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Транспорт воситаларига автобензин ва дизель ёнилғиси сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 6-моддаси ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6, 25–моддаларига асосланиб, қарор қиламан:

1.“Транспорт воситаларига автобензин ва дизель ёнилғиси сотиш қоидалари” иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2.Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси (М.Жўраев), вилоят давлат солиқ бошқармаси (Ф.Урманов), Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти
(Н. Холтўраев), “Ўздавнефтгазинспекцияси”нинг вилоят бўлими (А.Уралов) тегишлигича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёнилғи-мойлаш материаллари билан савдо қилиш қоидаларини бузиш ҳолатлари олди олиш, содир этилган ҳуқуқбузарликлар фош этилиши ва айбдор шахсларга жавобгарлик чоралари кўриб борилиши топширилсин.

3.Ушбу қарор “Сирдарё ҳақиқати” газетасида чоп этилсин ва ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.

4.Мазкур қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

5.Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари (вилоят ҳокимлигининг нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш комиссияси раиси) Ж.Ибрахимов зиммасига юклатилсин.

Вилоят ҳокими Ғ. Мирзаев

Сирдарё вилояти ҳокимининг 2017 йил ___ сентябрдаги _____-сонли қарорига

ИЛОВА

Транспорт воситаларига автобензин ва дизель ёнилғиси сотиш қоидалари

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 6-моддасига асосан ишлаб чиқилиб, Сирдарё вилояти ҳудудида транспорт воситаларига автобензин ва дизель ёнилғиси сотиш қоидаларини белгилайди.

1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

стационар автоёнилғи қуйиш шохобчаси — транспорт воситаларига автобензин ва дизель ёнилғи қуйиб сотишга мўлжалланган, ер ости резервуарлари ва ёнилғи-тақсимловчи колонкалар билан жиҳозланган автоёнилғи қуйиш шохобчаси. Стационар АЁҚШлар шаҳарларда ва аҳоли яшайдиган жойларда, шунингдек, автомобиль йўллари ёқасида жойлашади;

контейнерли автоёнилғи қуйиш шохобчаси— транспорт воситаларига автобензин ва дизель ёнилғиси қуйиб сотишга мўлжалланган автоёнилғи қуйиш шохобчаси. Контейнерли АЁҚШ катта автойўлларда, туристик автойўналишларда, автомобиль хўжаликларида, саноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида, пулли автомобиль тўхташ жойларида, гараж кооперативларида, шунингдек, автомобиль транспорти кўплаб тўпланадиган жойларда жойлаштирилади.

кўчма автоёнилғи қуйиш шохобчаси — транспорт воситаларига автобензин ва дизель ёнилғисини чакана усулда сотишга мўлжалланган шохобча. Автотранспорт, қишлоқ хўжалиги техникаси тўпланадиган жойларда, дала шароитларида, туристик автойўналишларда, резервуарларни тозалаш ва тузатиш даврида стационар АЁҚШлар ҳудудларида жойлаштирилади. Улар автомобиль ва тиркама техника шассиларига ўрнатилади.

қўлда савдо қилиш –ёнилғи-мойлаш материалларини белгиланмаган жойларда, лицензияга эга бўлмаган шахслар томонидан турли хил идишлар (канистра, бак, бакалашка ва ҳоказо) орқали сотилиши, айирбошланиши;

2. АЁҚШлар томонидан транспорт воситаларига автобензин ва дизель ёнилғисини қуйиб сотишда санитария, экология, ёнғинга қарши меъёрларига риоя қилиниши шарт.

3. АЁҚШларда транспорт воситаларига сотилаётган автобензин ва дизель ёнилғиси сифат жиҳатидан белгиланган давлат стандартларига ва техник шартларга мувофиқлилиги таъминланиши лозим.

4. АЁҚШлар назорат-касса аппаратлари ва терминаллар билан таъминланган бўлиши керак.

5. АЁҚШларда автобензин ва дизель ёнилғиси транспорт воситаларининг автобензин ёки дизель ёнилғиси қуйилишига мўлжалланган идиш (кейинги ўринда – ёнилғи бак)ларига қуйиб бериш билан сотилиши амалга оширилади.

6. Юридик ва жисмоний шахсларга автобензин ва дизель ёнилғиси сотиш вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш комиссияси (кейинги ўринда – комиссия) томонидан берилган лицензияга эга юридик шахсларнинг умумий фойдаланишидаги стационар, контейнер ва кўчма, шу жумладан хусусий АЁҚШлари орқали амалга оширилади.

7. Автобензин ва дизель ёнилғисини транспорт воситасининг ёнилғи бакидан бошқа турли хил идишлар (канистра, бак, бакалажка ва ҳоказо)га қуйиб берилиши (сотилиши) тақиқланади.

Истисно тариқасида, транспорт воситаси ёнилғиси тугаб тўхтаб қолган ва уни АЁҚШга олиб келиш имкони бўлмаганда, қуйиб бериш идиши ва етказиб берилиши бехатарлигига ишонч ҳосил қилинганда, транспорт воситасига автобензин ёки дизель ёнилғиси юборилишига йўл қўйилади.

8. Жисмоний шахслар томонидан автобензин ва дизель ёнилғисини сотиш (қўлда савдо қилиш) тақиқланади.

9. Юридик шахслар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда лицензияга эга бўлмаган ҳолда, лицензияга эга юридик шахслар томонидан белгиланмаган жойларда ва усулларда автобензин ва дизель ёнилғиси билан савдо қилиш тақиқланади.

10. Ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари билан таъминлашда узилиш ва танқислик даврида ваколатли давлат органининг қарори билан чеклов белгиланган ҳолатлардан бошқа пайтларда транспорт воситасига автобензин ва дизель ёнилғиси қуйиб беришда чекловлар қўлланилиши тақиқланади.

11. Чакана савдо орқали сотиш ҳуқуқига эга бўлмаган юридик шахсларнинг муқаддам қонуний асосларда сотиб олган (ёки қарзга олган), кейинчалик ўз эҳтиёжидан ортиб қолган ёки фойдаланиш зарурати қолмаган автобензин ва дизель ёнилғиси маҳсулотларини ўзга юридик шахсларга ишлаб чиқаришда фойдаланиши учун шартнома асосида тегишли тижорат банклари орқали пул кўчириш йўли билан тўловни амалга ошириш тартибида сотиши мумкин.

12. Автобензин ва дизель ёнилғисини қабул қилиш ва сотишни амалга оширувчи юридик шахснинг штатида лицензияда кўрсатилган фаолият тури бўйича тегишли маълумотга ва камида уч йил иш стажига эга бўлган камида бир нафар ходимнинг бўлиши, шунингдек хизмат кўрсатувчи техник ходимлар махсус тайёргарликдан ўтган бўлиши шарт.

13. АЁҚШда автобензин ва дизель ёнилғиси келиб тушиши ва кирим қилинишини назорат қилиш учун белгиланган шаклдаги, келиб тушган автобензин ва дизель ёнилғисини ҳисобга олиш дафтари юритилади.

Ҳисоб дафтарининг бетлари рақамланади ва юридик шахснинг юмалоқ муҳри билан, дафтардаги варақлар сони корхона раҳбарининг имзоси билан тасдиқланади.

14. Автобензин ва дизель ёнилғиси АЁҚШда назорат-касса аппаратлари ва терминаллар мажбуран қўллаган ҳолда нақд пулга, шунингдек пластик карточкалар орқали сотилади ёки юридик шахсларга тарқатиш ведомостлари бўйича берилади.

15. АЁҚШда автобензин ва дизель ёнилғисини ҳисобга олиш ҳамда ўлчовларнинг ҳаққонийлигини ва бирлигини таъминлаш, шунингдек уларнинг сифатини назорат қилиш учун “Ўздавстандарт” маркази томонидан қўллашга рухсат этилган ва Давлат метрология хизматининг тамғасига ёки текшириш гувоҳномасига эга бўлган зарур асбоб-ускуналар ва ўлчов воситалари бўлиши керак.

16. Қоидалар талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда “Ўздавнефтгазинспекция”нинг Сирдарё вилоят ҳудудий бўлими:

АЁҚШлар томонидан қоидалар талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текширади;

қоидалар талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан АЁҚШдан зарур ахборотни сўрайди ва олади;

АЁҚШга қоидалар талаблари ва шартларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи мажбурий кўрсатма чиқаради, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилайди;

комиссияга лицензиянинг тўхтатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш учун киритади.

17. Вилоят ички ишлар, давлат солиқ ва Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Сирдарё вилояти бошқармалари тегишлилигича ва ҳамкорликда Қоидалар талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш ҳамда автобензин ва дизель ёнилғиси қўлда сотилиши ҳолатларини аниқлаш чораларини кўриб бориб:

аниқланган ҳуқуқбузарликларга маъмурий баённомалар тузади;

қоидабузарларга нисбатан маъмурий ишни кўриб чиқади ва тегишли жазо чораси қўллайди.

18. Вилоят ҳудудида автобензин ва дизель ёнилғиси сотиш қоидалари бузилиши айбдор шахсларни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 164-моддаси 4, 5-бандлари билан маъмурий жавобгарликка тортишга;

АЁҚШларда ушбу Қоидаларнинг бузилиши ваколатли комиссия томонидан юридик шахсга берилган нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотиш фаолиятини амалга ошириш лицензияси бекор қилинишига асос бўлади.

19. Мазкур қоидалар “Ўздавнефтгазинспекцияси” Сирдарё вилоят бўлими, вилоят давлат солиқ, Ички ишлар ва Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармалари билан келишилди.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Қарор лойиҳасини муҳокамадан ўтказиш.Қарор лойиҳаси муҳокамадан ўтказилиб, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун вилоят адлия бошқармасига тақдим этилади.10.10.2017 йилА.Хожиматов, Н.Курбанов

So`rovnoma natijalari