Hujjat nomi
Сирдарё вилоятида дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotSirdaryo viloyati hokimligi
Hujjat muallifiSirdaryo viloyati hokimligi
Muhokama boshlanishi (sana)2017-09-18 19:15:17
Muhokama yakunlanishi (sana)2017-10-03 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Сирдарё вилоятида дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 6-моддаси ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6, 25–моддаларига асосланиб, қарор қиламан:

1.“Сирдарё вилоятида дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана сотиш қоидалари” иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2.Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун лицензия бериш бўйича вилоят комиссияси, вилоят давлат солиқ бошқармаси (Ф.Урманов), вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси (Х.Таджиев), Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси (Н.Холтўраев) ва вилоят рақобат бошқармаси (О.Маматов) дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана сотиш қоидаларининг бузилишини олдини олиш, содир этилган ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва айбдор шахсларга тегишли жавобгарлик чораларини кўриш вазифалари топширилсин.

3.Ушбу қарор “Сирдарё ҳақиқати” газетасида чоп этилсин ва ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.

4.Мазкур қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

5.Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Эшматов зиммасига юклатилсин.

Вилоят ҳокими Ғ. Мирзаев

Сирдарё вилояти ҳокимининг 2017 йил ___ сентябрдаги _____-сонли қарорига ИЛОВА

Сирдарё вилоятида дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана савдо орқали сотиш

қ О И Д А Л А Р И

1. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 6-моддасига асосан ишлаб чиқилиб, Сирдарё вилояти ҳудудида дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана савдо орқали сотиш қоидаларини (бундан буён – Қоидалар) белгилайди.

2. Ушбу Қоидалар талаблари ташкилий ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча дорихоналар учун мажбурий дир.

3. Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана савдо орқали сотиш вилоят ҳудудида фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган дорихоналар ва дорихоналарнинг филиаллари томонидан амалга оширилади.

4. Дорихона дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана сотишни, шунингдек уларни тайёрлашни амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахс шаклида ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмаси шаклида ташкил этилиши мумкин.

Даволаш-профилактика муассаси дорихонасида дори воситалари ва тиббий буюмлар билан чакана савдо қилиш тақиқланади.

Дорихоналарнингфилиаллари дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана савдосини (тегишли лицензия асосида) амалга оширувчи дорихоналар жумласига киради.

5. Мулкчилик шаклидан қатьи назар, дорихоналарда дори воситаларини чакана реализация қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклдаги рецептлар асосида ёки тегишли қонун ҳужжати билан тасдиқланган Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рўйхатига кўра рецептсиз амалга оширилади.

6. Юридик шахсларга дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун берилган лицензия ва лицензия билан боғлиқ ҳуқуқлардан бошқа юридик шахс (ходим)нинг фойдаланиши тақиқланади.

7. Тегишли лицензияга эга, чакана савдони амалга оширувчи дорихона (ёки унинг филиали) назорат-касса аппарати ва терминал билан таъминланган бўлиши керак.

8. Дорихоналарда дори воситалари ва тиббий буюмларни харидорларга чакана сотиш дорихона юридик шахсининг буйруғи асосида ишга қабул қилинган, талаб этилган фармацевтик маълумотга эга бўлган ходим томонидан амалга оширилиши мумкин.

Дорихонада чакана савдо хизмати кўрсатилиши дорихонанинг фармацевтик маълумотга эга бўлмаган ходими томонидан ёки фармацевтик маълумотга эга бўлса-да, дорихона билан меҳнат муносабатларида бўлмаган шахс томонидан амалга оширилиши тақиқланади.

9. Дори воситалари ва тиббий буюмлар фақат дорихоналар ва уларнинг филиаллари орқали сотилиши мумкин бўлиб, дорихоналардан ташқарида - бозорларда, кўчада, жамоат жойларида, лицензияга эга бўлмаган дорихоналарда, уйда ва бошқа жойларда сотилиши тақиқланади.

10. Четдан олиб келинган ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинган дори воситалари ва тиббиёт буюмларни чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхатига киритилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлар қонун ҳужжатларида белгиланган чекланган нархлар сотилади.

Дори воситалари ва тиббий буюмларни чекланган савдо устамалар ва қонун ҳужжатларида белгиланган нархлардан қиммат нархларда сотилиши, жумладан тунги вақтларда ёки дори воситалари ва тиббий буюмларнинг маълум бир турлари танқислашганда ёхуд йил фаслларига, маълум бир касалликларнинг кўпайиши натижасида уларга нисбатан талаб ортганда дори воситалари ва тиббий буюмлар уларнинг ўрамида кўрсатилган нархлардан қиммат нархларда сотилиши тақиқланади.

11. Дорихоналарда тайёрланган дори воситаларининг давлат рўйхатидан ўтказилиши ва уларга мувофиқлик сертификати олиниши талаб этилмайди.

Бошқа давлатларда ва мамлакатимизда ишлаб чиқилган дори воситаларини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли хизмати томонидан бериладиган мувофиқлик сертификатларисиз қабул қилиб олиш, сақлаш ҳамда сотиш тақиқланади.

12. Бошқа давлатларда ва мамлакатимизда ишлаб чиқилган дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана сотишга улар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин рухсат этилади.

Дори воситалари ва тиббий буюмлар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганда уларга рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси берилади.

Дори воситалари ва тиббий буюмларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси мавжуд эмаслиги уларни қалбаки ёки/ва қонунга зид тарзда қабул қилинган деб баҳолашга асос бўлади.
13. Сифатсиз, қалбакилаштирилган, сақлаш муддати ўтган, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган, дорихонага кирим қилинмаган дори воситалари ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини дорихоналар томонидан харид қилиниши, сақланиши ва сотилиши тақиқланади.

14. Қуйидаги ҳужжатлар дорихонада харидорлар учун қулай ва кўринарли жойга илиб қўйилиши шарт:

фармацевтика фаолиятини амалга оширишга берилган лицензия нусхаси;

лицензия олган дорихона мудирининг паспорти нусхаси;

сотувчининг паспорти нусхаси;

юридик шахснинг сотувчини ишга қабул қилингани тўғрисидаги буйруғи нусхаси;

сотувчининг фармацевтика маълумотига эга эканлигини тасдиқловчи дипломи нусхаси.

15. Дорихоналар орқали гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг чакана сотилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибларга қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилади. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг тегишли рецептларсиз ва белгиланган тартибга зид тарзда сотилиши қатъиян тақиқланади.

15. Дорихоналар биносининг кириш жойининг кўринарли қисмига фуқаролар ўқиши қулай бўлган шрифтда дорихонанинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган манзили, телефон рақами ва иш тартиби ҳақида маълумотлар кўрсатилган пешлавҳа ўрнатилиши лозим.

Дорихона филиали биносининг кириш қисмига филиал билан боғлиқ маълумотларга қўшимча равишда бош дорихонанинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган манзили, телефон рақамлари ҳам кўрсатилиши лозим.

17. Дорихонада ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг сотув нархлари кўрсатилган, қонунчиликка мувофиқ тасдиқланган, давлат ва рус тилларида 12 шрифт ўлчамидан кам бўлмаган ўлчамда ёзилган рўйхати кўринадиган жойга осиб қўйилиши шарт.

18. Истеъмолчига сотишда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан бирга ушбу дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан боғлиқ маълумотлар кўрсатилган товар чеки берилиши лозим.

Агарда товар чекида қандай дори воситаси ёки тиббий буюм сотилганлиги кўрсатилмаган бўлса, харидорнинг талаби билан сотувчи товар чекининг орқа томонига харид қилинган дори воситалари ва тиббиёт буюмларнинг номи ва нархи ёзиб, имзоси билан тасдиқлаб бериши шарт.

19. Дорихонадаги барча дори воситалари ва тиббий буюмлар уларнинг устки ўрамига дори воситалари ва тиббий буюмларнинг нархи кўрсатилган (ёзилган) ҳамда дорихона жавобгар шахсининг имзоси билан тасдиқланган ҳолда сотувга қўйилиши лозим.

Дорихонанинг сотув зали пештахталарида фақат врач рецептисиз сотиладиган дори воситалари ва тиббий буюмларни қўйиш мумкин. Бунда пештахтага ичиш учун мўлжалланган ва ташқи қўлланиладиган дори воситалари алоҳида-алоҳида жойлаштирилади.

Врач рецептлари асосида бериладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларни дорихона пештахтасига қўйиш тақиқланади.

20. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан врачнинг рецептисиз беришга рухсат этилган дори воситаларидан ташқари, барча дори воситалари дорихоналарда фақат шифокорлар рецептларига асосан сотилади.

Шифокор беморга керакли дори воситалари ва тиббий буюмларни рецепт ёзмасдан оғзаки тайинлаши ёки рецепт бланкаларини тўлдирмасдан бошқа қоғозларга ёзиб бериши (рецепт ёзиб бериш тартибини бузиши) тақиқланади.

Дорихона сотувчисининг шифокор рецепти асосида бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмларни харидорга оғзаки сўрови ёки шифокор ёзиб берган маълумот (қоғоз) асосида сотилиши тақиқланади.

21. Дори воситалар ва тиббий буюмларни сотишда сотувчи харидорга дори воситаси ва тиббий буюмни қўллаш тартиби, дори воситасининг ножўя таъсирлари, дори воситасини сақлаш тартиби, яроқлилик муддати, дори воситасини қўллаш мумкин бўлмаган холатлар ҳақида маълумот бериши лозим.

Харидорнинг талабига кўра дорихона ходими дори воситаси ва тиббий буюмнинг нархи ва унинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши шарт.

Харидорнинг истагига кўра, сотилаётган дори воситаси ва тиббий буюмнинг мувофиқлик сертификати кўрсатилиши, талаб қилганида нусхаси берилиши шарт.

Дорихона ходими мижозлар билан бўлган муносабатда этика қоидаларига риоя этиши, профессионаллик ва саводхонлик хислатларини намоён қилиши лозим.

22. Харидорнинг эҳтиёжидан келиб чиқилиб, дори воситасини доналаб сотишга рухсат этилади. Бунда жойлаш-ўраш материалида дори воситасининг номи, серияси, яроқлилик муддати ва ишлаб чиқарувчиси кўрсатилган бўлиши ёки ушбу маълумотлар сотувчи томонидан ёзилиб, имзоланиб берилиши керак.

Дори воситалари доналаб сотилганда, харидорнинг талаби билан дори воситасини қўллаш йўриқномасидан нусха берилиши ёки қўллаш йўриқномасидан керакли маълумотлар ёзиб олинишига имконият яратиб берилиши лозим.

Дори воситасини бирламчи ўрами бузилган ҳолда бериш тақиқланади.

22. Дори воситаларини бериш нормаси врач рецептига мувофиқ белгиланади. Дорихонадан бериладиган дори воситалари рецептда ёзилган дори воситаларининг миқдори ва дозасига мос келиши лозим. Дори воситаларини врач рецептида белгиланган нормадан ошиқча сотиш тақиқланади.

Врач рецепти бўйича дорихонадан дори воситасини бериш нормаси даволашнинг бир курси учун белгиланади.

23. Фавқулодда ҳолатларда, беморнинг яшаш жойидан жўнаб кетиши, дорихонага мунтазам қатнашининг иложи йўқлиги ва бошқа шу каби узрли ҳолатларда дорихона ходимларига врач томонидан тайинланган дори восита-сини узоқ муддат амалда бўладиган рецептлар бўйича икки ой давомида даволаниш учун зарур бўлган миқдорда бир йўла беришга рухсат этилади.

24. Дори воситалари узоқ вақт амал қилувчи рецепт асосида қисман берилганда рецептнинг орқа қисмига дори воситасининг миқдори ва берилган сана кўрсатилади ҳамда беморга қайтариб берилади, рецептнинг йиртма корешогида эса дори воситаларининг номи, серия рақамларини кўрсатган холда дорихонанинг штампи қўйилади ва бу ҳақда дорихонага рецептларни қайд этиш журналида қайд қилинади. Беморнинг дорихонага навбатдаги мурожаати пайтида дори воситасининг аввал ҳам олингани ҳақидаги белгилар ҳисобга олинади.

Узоқ вақт амал қилувчи рецептда назарда тутилган охирги дори воситасини берган дорихона томонидан унга «Рецепт ҳақиқий эмас» деган штамп босилади ва дорихонада олиб қолинади.

25. Дорихоналарда сотилган дори воситалари ва тиббий буюмлар қайтариб олинмайди ва шунга ўхшаш дори воситалари ва тиббий буюмларга алмаштирилмайди.

26. Тиббиёт ходими томонидан беморга зарур дори воситалари ва тиббий буюмларни дорихоналардан сотиб олиб келиб бериши ёки сотиши ёхуд қайси дорихонадан сотиб олишни тавсия қилиниши тақиқланади.

27. Беморга шифокор томонидан заруратсиз тайинланган дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлатилмай қолиши туфайли етказилган моддий зарар айбдор шахслар томонидан қопланади.

28. Бемор ўзига ишлатиш зарурати қолмаган дори воситалари ва тиббий буюмларни бошқа муҳтож беморлар учун хайрия қилиши мумкин.

Хайрия қилинган дори воситалари ва тиббий буюмлар даволаш-профилактика муассасаси раҳбарининг буйруғи билан таркиби тасдиқланган комиссия қарорига асосан моддий жиҳатдан ёрдамга муҳтож беморларга хайрия тариқасида (текинга) берилиши (ишлатилиши) мумкин.

29. Ушбу Қоидалар талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 164-моддасининг тўртинчи ва бешинчи бандлари билан маъмурий жавобгарликка тортилади.

30. Вилоят давлат солиқ бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Сирдарё вилояти бошқармаси тегишлилигича ва ҳамкорликда Қоидалар талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш ҳамда дори-дармон воситалари ва тиббий буюмларнинг қўлда сотилиши ҳолатларини аниқлаш чораларини кўриб бориб:

аниқланган ҳуқуқбузарликларга маъмурий баённомалар тузади;

қоидабузарларга нисбатан маъмурий ишни кўриб чиқади ва тегишли жазо чораларини қўллайди.

31. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Сирдарё вилояти бошқармаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва вилоят давлат солиқ бошқармаси билан келишилди.

32. Мазкур қоидалар вилоят ҳудудидаги барча дорихоналарда истеъмолчилар қийналмай ўқиши мумкин бўлган қулай жойга 14 шрифтдан кам бўлмаган хажмда жойлаштирилиши лозим.

33. Истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқлари таъминланиб, мазкур Қоидаларнинг бузилиши юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишлари учун дорихоналарда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Дори воситалари ва тиббий буюмларини чакана реализация қилиш учун лицензия бериш бўйича вилоят комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Сирдарё вилояти бошқармаси, вилоят давлат солиқ бошқармаси ва вилоят рақобат бошқармасининг ишонч телефонлари ва манзиллари ёзилган маълумотлар кўринарли қулай жойга 14 шрифтдан кам бўлмаган хажмда жойлаштирилиши керак.

34. Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун лицензия бериш бўйича вилоят комиссияси дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш бўйича лицензия битими, шунингдек мазкур қоидалар талаблари ва шартлари бажарилиши мунтазам равишда мониторинг ва назорат қилинишини ташкиллаштиради.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Қарор лойиҳасини муҳокамадан ўтказиш.Қарор лойиҳаси муҳокамадан ўтказилиб, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун вилоят адлия бошқармасига тақдим этилади.10.10.2017Х.Маллаев

So`rovnoma natijalari