Hujjat nomi
Вилоятда оилаларни, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларни олдини олиш, тўй-ҳашам ва бошқа оилавий маросимларни ихчамлаштириш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар тўғрисида.
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotAndijon viloyati hokimligi
Hujjat muallifiAndijon viloyati hokimligi
Muhokama boshlanishi (sana)2017-10-02 11:05:32
Muhokama yakunlanishi (sana)2017-10-17 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

лойиҳа

Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашининг

Қарори

Вилоятда оилаларни, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларни олдини олиш, тўй-ҳашам ва бошқа оилавий маросимларни ихчамлаштириш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар тўғрисида.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрдаги “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги ПФ-2100-сонли Фармониижросини таъминлаш мақсадида ҳамда вилоятда ўтказилаётган тўй-ҳашам, маросим ва унга доир турли оилавий тадбирлар исрофгарчилик ва дабдабабозлик билан ўтказилиши кенг жамоатчиликни ташвишга солаётганлиги ва бу борада вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлимларининг таклифларини инобатга олиб, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6- ва 24- моддаларига асосан Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши

Қ А Р О Р Қ И Л А Д И:

1. Вилоят Хотин-қизлар қўмитаси (М.Юнусова), Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши (Н.Юсупов), “Маҳалла” хайрия жамоат фонди (Қ.Ризаев), “Нуроний” жамғармаси (Ў.Ахунов), Маънавият тарғибот маркази (А.Исроилов) вилоят бўлимлари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тадбирларни мувофиқлаштирувчи Жамоатчилик Кенгашларини тузиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Вилоятда тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тадбирларни мувофиқлаштирувчи Жамоат кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. “Вилоятда тўй ва бошқа оилавий маросимларни ўтказиш тўғрисида”ги тартиб ва тавсиялар инобатга олинсин.

Андижон вилоятида тўйхона, ресторан ва кафеларда тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ўтказиш қоидалари 2-иловага;

Вилоятда тўй ва бошқа оилавий маросимларни ихчам ўтказиш бўйича тартиб 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши сессияси қатнашчиларининг давлат ва Жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳалла фаоллари, имом-хатиблар, отинойилар, дастурхончилар, жўрабошилар, қизлар сардорлари, қайнота-ю қайноналарга мурожаати
4-иловага мувофиқ қабул қилинсин.

4. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси (М.Юнусова), Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши (Н.Юсупов), “Маҳалла” хайрия жамоат фонди (Қ.Ризаев), “Нуроний” жамғармаси (Ў.Ахунов), Маънавият тарғибот маркази (А.Исроилов) вилоят бўлими, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига:

жамоатчилик Кенгашининг мақсад ва вазифаларини белгилаб, унга ўтказиладиган тўй-ҳашам, маросим, оилавий тадбирлар ва унга доир бошқа тадбирларни ўтиш ҳолати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда тўй ва маросим эгалари билан маросимларни ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш вазифаларини юклаш;

кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда, вилоятдаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни тартибга солиш ҳамда ихчам ва миллий қадриятлар асосида ўтказиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, тарғибот орқали жамият ҳаётига татбиқ этиш;

тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар ва маросимларни ўтказиш бўйича жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилиш, ушбу масалани маҳалла ва меҳнат жамоасида муҳокама этиш, таъсир чорасини кўриш ва тушунтириш ишларини ўтказилишини тизимли амалга ошириш вазифалари топширилсин.

5. Вилоят Адлия бошқармаси (И.Турғунов)га:

шаҳарлар, туманлар ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмиталари билан биргаликда ФҲДЁ идораларига никоҳдан ўтиш учун ариза ёзган ёшларни бир ойлик муддатда Оила дорилфунуни машғулотларида иштирок этишларини ва ушбу машғулотларни юқори савияда ўтказилишини таъминлаш;

ҳафтанинг бир кунини “Тўй куни” деб белгилаган ҳолда ФҲДЁ вакили, имом-хатиблар, отинойилар, тиббиёт ходимлари, нуроний ва хотин-қизлар қўмиталари фаоллари иштирокида никоҳланувчи ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказилишини ташкил этиш тавсия этилсин.

6. Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи вилоят Кенгаши (Н.Юсупов)га вилоят Адлия бошқармаси (И.Турғунов), “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими (Қ.Ризаев) ҳамда шаҳарлар, туманлар ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмиталари билан биргаликда никоҳдан ўтмоқчи бўлган ёшларни Ёшлар Иттифоқининг жойлардаги бўлинмаларида суҳбат ўтказилгандан сўнггина никоҳдан ўтказиш учун рухсат бериш тартибини жорий этиш бўйича таклиф киритиш;

кам таъминланган оилалар фарзандларининг никоҳ тўйларини ҳомийлик асосида ўтказилишини ташкил этиш юзасидан ташаббускорлик ғояларини билдириш;

ёшларнинг ҳоҳиш-истаклари ва фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, намунали никоҳ тўйи лойиҳасини ишлаб чиқиб, ҳар бир туманда биттадан шундай тартибда тўй ўтказиш орқали бу лойиҳани оммалаштириш;

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди (Қ.Ризаев) ҳамда шаҳарлар, туманлар ҳокимликлари, Ёшлар Иттифоқи шаҳар, туман Кенгашлари, хотин-қизлар қўмиталари билан биргаликда ташаббускор, ўз ортидан бошқаларни эргаштира олиш қобилиятига эга бўлган йигитлардан жўрабошилар, қизлардан эса қизлар сардорлари гуруҳларини ташкил этиш, улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатган ҳолда тизимли иш олиб бориш, ёшлар билдирган фикрларини ҳурмат қилиб, амалиётда фойдаланиш топширилсин.

7. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, “Маҳалла” фонди вилоят бўлими (Қ.Ризаев)га:

маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг тўй ва бошқа оилавий маросимларни камчиқим қилиб ўтказиш бўйича масъулиятини кучайтириш ва шахсан жавобгарлигини уқтириб ўтиш;

маҳаллаларда фаоллар ва кенг аҳоли ўртасида тўй маросимларни ихчам, камхарж ва камчиқим ўтказиш бўйича тушунтириш тарғибот ишларини янада кучайтириш орқали ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларни олдини олиш;

фуқаролар йиғинининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар, айниқса яраштириш комиссиясини тўлақонли ишлашини таъминлаш;

маҳаллани менсимай, дабдабабозликка йўл қўйган фуқароларга нисбатан жамоатчилик жазо шаклларини қўллаш ва уларни услубларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

соғлиқни сақлаш тизими ходимлари билан биргаликда эрта ва ноқонуний шаърий никоҳлар ҳамда балоғат ёшига етмай она бўлиш ҳолатларини олдини олиш, соғлом болалар туғилиши ва уларни тарбиялаш муаммолари бўйича аҳоли ва ёшлар ўртасида тушунтириш ишлари ташкил этиш тавсия этилсин.

8. Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги (Н.Холиқназаров)га:

тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ихчам ўтказиш ва шу хисобидан тежалган маблағни кам таъминланган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлашга йўналтиришни тарғиб қилиш;

имом-хатиблар томонидан тўйлар ва ва бошқа оилавий маросимларда аҳолининг эътиборини ёшлар тарбияси, ота-онанинг масъулияти, жамият ҳаётига хавф солаётган таҳдидларни олдини олиш, тинчлик ва мустақиллик неъматларини асраш мавзулари бўйича чиқишлар қилишларини ташкил этиш тавсия этилсин.

9. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари доимий комиссияси (А.Нурматов), шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, Давлат солиқ бошқармаси (К.Салахов), Ички ишлар бошқармаси (Ш.Собиров):

ресторан, кафе ва тўйхоналарда тўй-ҳашам ва турли маросимларни ўтказишда пластик карточкалар, пул ўтказиш йўли ва банк кредити орқали ўтказиладиган тўловларни қабул қилишда ҳеч қандай чекловларсиз, бир хил нархда амалга оширилишини белгилаш, тўйхоналардаги ўриндиқлар сонини 200 тадан оширмаслик;

барча ресторан, кафе ва тўйхона эгалари томонидан тўй ва маросимларда фуқаролар ҳаётига хавф солувчи техникалар, кўргазмалар ва пиротехникадан фойдаланмаслик ҳамда тўйхона атрофида яшовчи аҳолининг осойишталиги бузилмаслиги учун тўй-ҳашамдан сўнг, шовқинли ҳолатлар бўлмаслигини таъминлаш чораларини кўрсинлар.

10. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси (А.Мамадалиев)га

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомини тасдиқлаш ҳақида”ги 365-сонли қарорига мувофиқ соғлом оилани шакллантириш, ирсият билан боғлиқ туғма ногирон болалар туғилишини олдини олиш мақсадида никоҳланувчи шахсларни тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган кундан бошлаб, икки хафтадан ошмаган муддатда сифатли тиббий кўрикдан ўтказишни таъминлаш топширилсин.

11. Вилоят Давлат солиқ бошқармаси (К.Салахов), вилоят Ички ишлар бошқармаси (Ш.Собиров), Маданият бошқармаси (М.Саттарова), “Ўзбекконцерт” эстрада бирлашмаси вилояти бўлими (Г.Сотволдиева):

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сонли қарори ижроси асосида лицензия, рухсатнома талаблари ва шартларига биноан тўй ҳашамларда маданий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, қарор талабларига риоя қилмаган хонанда, созанда, раққоса, овоз операторлари ва концерт томоша фаолияти билан шуғулланадиган шахсларни аниқлаш ҳамда қайд этилган тартибларга амал қилмаганларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрсин;

тўй-ҳашамлар муносабати билан санъаткор, бадиий жамоалар ва тўй олиб борувчиларнинг хизмат кўрсатиш ҳолатини тартибга солиш ва аниқ меъёр ўрнатиш масаласини бир ой муддатда тегишли юқори ташкилотлар билан келишилган ҳолда кўриб чиқиб тегишли чора-тадбирлар белгиласин.

12. Вилоят ички ишлар бошқармаси (Ш.Собиров)га:

тўй-ҳашамлар муносабати билан келин-куёв ва уларнинг яқинларини шаҳарда айланиши ва суратга олиши жараёнида фуқароларни ва ҳайдовчиларни йўл ҳаракати хавфсизлигига қатъий риоя этишини ва автоуловларни сонини белгиланган меъёрдан ошмаслигини назорат қилиш бўйича қатъий чора-тадбирлар белгилаш;

профилактика инспекторлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан биргаликда тўй хашам ва бошқа тадбирларни ўтказиш вақтини қисқа ва ихчам бўлишини, жамоат тартиби ва хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши юзасидан хонадон эгалари билан якка тартибда тушунтириш ишлари олиб бориш тавсия этилсин.

13. Вилоят Хотин-қизлар қўмитаси (М.Юнусова) маҳаллий дизайнерлар билан биргаликда миллий қадриятларимизга хос бўлган қизлар ва келинлар учун либослар намунасини тайёрлаб хотин-қизлар ўртасида миллий кийимларни тарғиботини кўргазмалар ташкил этган ҳолда ҳаётга жорий этсин.

14. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари доимий комиссияси (А.Нурматов)га, шаҳарлар, туманлар ҳокимликлари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан биргаликда ҳудудлардаги барча корхона, ташкилот, муассаса ва фуқаролар йиғинларига, аҳоли ва меҳнат жамоалари ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини етказиш ҳамда жойларда ижросини таъминлаш;

кун тартибида муҳокама қилинган масала бўйича халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар сессияларини ўтказиш ҳамда раҳбарлик қилаётган ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, тўй ва бошқа оилавий маросимларни камчиқим ўтказилишини таъминлаш мақсадидаги меъёрни тадбиқ этиш чораларини кўриш топширилсин.

15. Вилоят телерадиокомпанияси (М.Каримов), “Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталари таҳририяти (С.Шукуров)га вилоятдаги оммавий ахборот воситалари билан биргаликда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни тартибга солиш, оила ва турмуш доирасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари, дабдаба ва исрофгарчиликларнинг салбий оқибатларини кенг ёритиш ва тарғибот ишларини олиб бориш тавсия этилсин.

16. Мазкур қарор матбуотда эълон қилинсин.

17. Ушбу қарор матни вилоят ҳокимлиги расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари доимий комиссияси раиси А.Нурматов зиммасига юклатилсин.

Халқ депутатлари Андижон

вилоятиКенгаши раиси Ш.Абдурахмонов

Андижон вилоятида тўйхона, ресторан ва кафеларда тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ўтказиш қоидалари

I. Умумий қоидалар

1. Андижон вилоятида тўйхона, ресторан ва кафеларда тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ўтказиш Қоидалари (кейинги матнда Қоидалар) Андижон вилоятидаги тўйхона, ресторан ва кафеларда тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимлар (кейинги матнда тадбирлар) ўтказилишини тартибга солади.

2. Мазкур Қоидалар 100 ва ундан ортиқ шахслар иштирокида юридик ва жисмоний шахслар томонидан тўйхоналар, ресторанлар ва кафеларда ташкил этиладиган тадбирлар учун амал қилади.

3. Ўзбекистон Республикасидаги юридик ва жисмоний шахслар, чет эл фуқаролари ҳамда хорижий ташкилотлар тадбирларни ўтказиш бўйича буюртмачилари бўлишлари мумкин.

4. Тадбирни белгиланган тартибда қайд этиш ва рўйхатини юритиш мажбурияти тўйхона, ресторан ва кафе раҳбарлари зиммасига юкланади.

II. Тадбирлар ўтказилишига қўйиладиган талаблар

5. Тўйхона, ресторан ва кафеларда ўтказиладиган тадбир учун тадбир ўтказувчи шахс (кейинги матнда буюртмачи) ва тўйхона, ресторан, кафе раҳбари (кейинги матнда хизмат кўрсатувчи) ўртасида шартнома тузилади. Шартномада буюртмачи ва хизмат кўрсатувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш ҳамда хизмат тури, тўлов, ҳаражатлар миқдори, муддатлар ҳамда амалдаги қонунчиликда белгиланган талаблар кўрсатилади.

6. Тўйхона, ресторан ва кафеларда ўтказиладиган тадбир учун буюртмачи хизмат кўрсатувчининг номига ёзма равишда ариза билан мурожаат қилади ва тегишли ҳужжатларни илова қилади.

Хизмат кўрсатувчининг номига бериладиган аризада:

а) буюртмачининг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш ёки юридик манзили;

б) уй ва мобил телефони рақами;

в) тадбирнинг мақсади (нима муносабати билан ўтказилиши) ва тадбир тури (ақиқа, суннат тўйи, никоҳ тўйи, туғилган кун ва бошқа тадбирлар);

г) тадбир ўтказиладиган сана;

д) тадбир бошланиши ва тамом бўлиши вақти;

е) қатнашчиларнинг мўлжалланаётган сони;

ж) тадбирда диний мавзуда маъруза қилинган тақдирда, таклиф этилган дин соҳаси вакилининг исми-шарифи ва лавозими;

з) ариза берилган сана, буюртмачининг имзоси кўрсатилади.

Ариза билан бир вақтда қуйидагилар тақдим қилинади:

Буюртмачининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатдан нусҳа (фуқаронинг паспорти, юридик шахснинг тегишли ҳужжати, МДҲ ва чет эл фуқароси бўлса, шахсини тасдиқловчи ҳужжат)

Никоҳ тўйи ўтказиладиган тақдирда, никоҳнинг қонунийлигидан хабардор бўлиш учун никоҳланувчи келин ва куёвнинг паспорт нусҳалари;

7. Тўйхона, ресторан ва кафеларда ўтказиладиган тадбир иш кунлари соат 07:00 дан 09:00 гача, 12:00 дан 14:00 гача ва соат 18:00 дан 23:00 гача ўтказилади.

Соат 23:00 дан кейин тўй, тантана ва тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

8. Қишлоқ хўжалигига ихтисослашган туманлар учун тадбирни вақти туман жамоатчилик Кенгаши билан келишилган ҳолда ўзгартирилиши мумкин.

9. Тадбирда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, адлия идораларида рўйхатга олинган, диний муассасаларда ишлайдиган, диний билимга ва фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлган (масжид имом хатиби ва ноиб-имоми) шахс томонидан амалга оширилади. Бошқа шахсларнинг маъруза қилиши таъқиқланади.

10. Тадбирда лицензияланадиган фаолият туридан фойдаланилган тақдирда, хизмат кўрсатадиган жисмоний ва юридик шахслар ресторан, кафе ва тўйхона маъмуриятига ушбу хизмат турини кўрсатишга рухсат берувчи лицензиянинг нусхасини тақдим этади.

11. Лицензияга эга бўлмаган жисмоний ва юридик шахсларнинг тадбирда хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди.

12. Овоз кучайтириш, дизайнер, фото ва видео суратга олиш, хонандалар ва транспорт хизмати ҳамда бошқа хизмат турлари бўйича жисмоний ва юридик шахслар шартнома асосида буюртмачига хизмат кўрсатади.

III. Тадбирларни ўтказишга доир ҳуқуқ ва мажбуриятлар

13. Буюртмачининг ҳуқуқлари:

- тадбир ўтказиш учун тўйхона, ресторан ва кафени эркин танлаш ва мурожаат этиш;

- хизмат кўрсатувчи билан келишилган ҳолда, тадбир куни, вақти ва иштирокчилар сонини белгилаш;

- хизмат кўрсатувчи билан шартнома шартларини кўриб чиқиб, мазкур қоидалар ва амалдаги қонунчиликка зид бўлмаган ҳолда, шартнома шартларига тегишли ўзгартириш киритиш;

- хизмат кўрсатувчидан мазкур Қоидалар ва шартнома шартлари бажарилишини талаб қилиш.

14. Буюртмачининг мажбуриятлари:

- Қоидаларда белгиланган талабларга тўлиқ риоя этиш;

- хизмат кўрсатувчи билан қонунларда белгиланган тартибда ва қоидалар талаблари асосида шартнома тузиш ва амал қилиш;

- ўтказиладиган тадбирни ихчам, дабдабасиз ва миллий қадриятларимизга мос равишда ташкил этиш мақсадида тўй-ҳашам, маросим ҳамда оилавий тадбирларни мувофиқлаштирувчи Жамоатчилик Кенгашининг тавсиялари доирасида ўтказиш;

тадбирни ўтказиш вақтларига тўлиқ риоя этиш;

тадбирга таклиф этилганлар томонидан тадбирни ўтказиш пайтида жамоат тартиби ва хавфсизлик талаблари таъминланишини назорат қилиш;

15. Хизмат кўрсатувчининг ҳуқуқлари:

буюртмачининг аризасини ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш ва белгиланган талаблар бажарилган тақдирда, буюртмачи билан шартнома тузиш;

буюртмачига хизмат кўрсатиш турларини таклиф этиш, хизмат турлари бўйича нархларни белгилаш ҳамда ўрнатилган тартибда имтиёз ва чегирма қилиш;

буюртмачи ва унинг вакиллари томонидан сифати кафолатланмаган, келиб чиқиши номаълум бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва турли хилдаги ичимликларни киритмаслик ва дастурхонга тортиқ қилишни олдини олиш;

тадбир буюртмачисига иштирокчилар хулқ-атвор нормалари, хавфсизлик талаблари ва мазкур Қоидаларнинг талабларига риоя қилиш мажбуриятини юклаш;

буюртмачидан мазкур Қоидалар ва тузиладиган шартнома шартлари бажарилишини талаб қилиш;

асоссиз текшириш, ноқонуний аралашув ва чора кўриш ҳолатлари бўйича белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва бошқа давлат идораларига мурожаат этишга ҳақли.

16. Хизмат кўрсатувчининг мажбуриятлари:

мазкур Қоидалар ва қонунчиликда белгиланган вазифаларни тўлиқ бажариш;

тадбирларни ўтказиш бўйича белгиланган талабларни буюртмачига тушунтириш ҳамда ресторан, кафе ва тўйхонада амал қилишини таъминлаш;

тадбирлар учун хизмат турлари ва уларнинг нархларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш ва объектни кўринарли жойига жойлаштириш;

буюртмачи билан белгиланган тартибда шартнома тузиб, шартнома шартларини бажариш ва буюртмачига сифатли хизмат кўрсатиш;

ўтказиладиган ҳар бир тадбирни махсус китобда белгиланган тартибда қайд этиш ва туман Жамоатчилик кенгашига ҳар 10 (ўн) кунда белгиланган шаклга асосан маълумот юбориш;

кўрсатилган хизматни амалдаги қонунчиликка мувофиқ расмийлаштириш, тушумни ҳисоб-китоб қилиш ва бухгалтерия ҳисобини юритиш;

кўрсатилган хизмат учун тўловларни пластик карточкалар, пул ўтказиш йўли ва банк кредити орқали ҳеч қандай чекловларсиз, бир хил нархда қабул қилиш;

тадбир иштирокчилари саломатлигини муҳофаза қилинишини кафолатлаш, объектда санитария-гигиена ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш ва объект ичи ҳамда туташ ҳудуднинг зарур даражада ёритилишини таъминлаш;

объектдаги барча муҳандислик тизимлари ва ёритиш тизимлари узлуксиз ишлашини, бинолар ва иншоотлар конструкциялари ишончлилигини, трибуналар, қатнашчиларни эвакуация қилиш йўллари тайёрлигини, ёнғин ўчириш воситалари мавжудлигини, объект ходимларининг фавқулодда вазиятлар келиб чиққан тақдирда уларнинг хатти-ҳаракатларини тартибга солувчи хизмат йўриқномаларини билишини таъминлаш;

буюртмачига тадбир қатнашчилари учун мўлжалланган ўринлар сони тўғрисида маълумот бериш;

кўзга кўринарли жойларга хавфсизлик белгилари, кўрсаткичлар, хулқ-атвор қоидалари, схемалар, режалар ва эвакуация бўйича йўриқномалар, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини жойлаштириш;

электр манбаининг авария (автоном) манбаи (дизель агрегати ёки бошқа воситалар), мазкур тизимдан фойдаланишга доир йўриқномалар мавжуд бўлишини таъминлаш, масъул навбатчини тайинлаш;

тадбир қатнашчиларининг транспорт воситалари учун белгиланган масофада тўхташ жойлари ташкил этиш;

тадбир ўтадиган объект ва унга туташ ҳудудда хавфсизлик талаблари бажарилишини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш.

IV. Мазкур Қоидалар ижросини назорат қилишда давлат идоралари ва жамоатчиликнинг вазифалари

17. Ички ишлар идоралари амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда тадбир ўтадиган объектда хавфсизлик талаблари бажарилишини ўрганади, далолатнома билан расмийлаштиради, аниқланган камчиликлар бўйича мансабдор шахсларга нисбатан амалдаги қонунчиликка асосан чора кўради ва назоратга олади.

18. Давлат солиқ инспекцияси ваколат доирасида тўйхона, ресторан ва кафеларда мазкур Қоидаларда белгиланган шартномавий мажбуриятлар бажарилиши ва молиявий-хўжалик талабларига риоя этилиши устидан назорат ўрнатиб, амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда текширув ўтказади ва аниқланган ҳолатлар бўйича чора кўради.

20. Давлат санитария эпидемиология назорат маркази амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда тўйхона, ресторан ва кафеларда санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.

21. Тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тадбирларни мувофиқлаштирувчи Жамоатчилик Кенгашларига тўйхона, ресторан ва кафеларда ўтказилаётган тадбирлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, мазкур Қоидаларни жойларда тарғиб этиш, бажарилишини жойларда ўрганиш ҳамда аниқланган салбий ҳолатлар бўйича тегишли давлат ва назорат қилувчи идораларига маълумот киритиш ваколати берилади.

V. Якуний қоидалар

22. Мазкур Қоидаларга амал қилмаган юридик ва жисмоний шахсларга амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилади.

23. Давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари томонидан ташкил этиладиган тадбирлар бундан мустасно.

Вилоятда тўй ва бошқа оилавий маросимларни

ихчам ўтказиш бўйича

ТАРТИБ

Тўй-тантаналар халқимиз маданияти ва маънавиятининг ажралмас бир бўлагидир. Бу тадбирлар қадриятларимизга мос келиши билан ҳамиша ўзига хос маъно касб этган. Бугунги кунда вилоятда тўй-тантаналарни намунали қилиб ўтказиш борасида ибратли ишлар олиб борилмоқда. Бироқ шу билан биргаликда ортиқча дабдабаларга берилган ҳолда, ким ўзарига ўтказилаётган бундай маросимлар ҳам йўқ эмас. Бу эса жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларини юзага келтирмоқда.

Вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар Иттифоқи вилоят кенгаши, “Маҳалла” хайрия фонди, “Нуроний” жамғармаси, Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлимларининг бу борадаги таклифларини инобатга олиб Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари доимий комиссияси томонидан тўй-тантаналарни замонга мос, ихчам, тартибли, дабдабабозликдан холи қилиб ўтказиш бўйича қуйидаги тартиб белгиланиши тавсия этилади:

1.Никоҳ тўйи ўтказилаётганлигидан маҳалла хабардорлигини таъминлаш мақсадида ФҲДЁ идоралари томонидан никоҳланувчи ёшлар ариза топшираётган вақтда яшаш жойларидаги маҳалладан маълумотнома олиниши.

2.Тўйхона, ресторан ва кафеларда ўтказиладиган тўй маросимини иш кунлари соат 06:00 дан 08:00 гача, 12:00 дан 14:00 гача ва соат 18:00 дан 23:00 гача ўтказиш.

3.Соат 23:00 дан кейин тўй, тантана ва тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

4.Тўй маросимларига таклиф этиладиганлар сонини чеклаш (200 кишидан оширмаслик).

5.Никоҳ тўйи маросимини диний мавзудаги маъруза билан ўтказишни кўзда тутган тўй эгалари томонидан ушбу тадбирни фақат расмий имомлар ёки уларнинг ноибини таклиф этган ҳолда ўтказиш. Унда оиланинг муқаддаслиги, ёш оилаларнинг мустаҳкамлигида ота-она ва яқин қариндошлар, қўни-қўшниларнинг ўрни, ёшлар тарбиясига оид мавзуларни ёритиш.

6.Никоҳ тўйи ўтказиш билан боғлиқ маросимларни ихчамлаштириш. Бунда қуйидагиларга катта эътибор қаратиш:

6.1.Никоҳ тўйи олдидан “Эшик очди”, “Фотиҳа тўйи” ва бошқа унаштириш маросимларини битта қилиб, кўпи билан 4–5 нафар аёл ёки эркак иштирокида ихчам қилиб ўтказиш;

6.2.Никоҳ тўйи олдидан куёв хонадонида ўтказиладиган “Маслаҳат оши”, “Сабзи арчди”, “Маъзар еди” маросимларини қатъий таъқиқлаш;

6.3.Тўй-тантаналарини фақат бир кунда ўтказиш;

6.4.“Куёв сарпо” учун келин тарафдан пул маблағи берилишини қатъий таъқиқлаш;

6.7.Меҳмонхона ва ётоқ мебеллари олиниши, келин тушадиган уйни жиҳозлашни куёв томонидан амалга оширилишини йўлга қўйиш;

6.8.ФҲДЁ бўлимига расмий никоҳдан ўтиш учун келин-куёв ва уларнинг гувоҳларини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 1 та автомашинада боришини таъминлаш;

6.9.Никоҳ тўйи маросимида турли европача удумларни оммалашишига йўл қўймаслик, хусусан келин ва куёвнинг вальс тушиши, никоҳ ўқилгач шампан виноси билан меҳмон қилиш, торт кесиш, “Муҳаббат тарихи”нинг намойиши каби миллий қадриятларимизга мутлақо мос келмайдиган маросимларга барҳам бериш;

6.10. Никоҳ маросимида келин миллийлигимизга мос бўлган ҳолда кийинишига катта эътибор қаратиш;

6.11. Овоз кучайтиргич воситаларидан меъёрида фойдаланиш;

6.12.Тўй-маросимида концерт-томоша фаолияти ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлмаган санъаткорлар (хонандалар, бошловчи, овоз операторлари, раққосалар) томонидан аҳолига хизмат кўрсатишни олдини олиш ва тадбир эгалари билан тушунтириш ишлари олиб бориш.

7.“Юз очди” маросимини алоҳида ўтказишга йўл қўймаслик.

8.Тўйдан кейин ҳамда байрамларда келин тарафдан маъзар ҳамда совғалар юборилишига чек қўйиш.

9.“Чақирди”, “Ота кўрди” каби маросимларни оилавий ўтказиш.

10.Чақалоқни туғруқхонадан ўйинчоқлар тўлдирилган автомашиналар, видеотасвирга олиш ҳамда 2-3 тадан ортиқ машиналарда чиқиши каби дабдабаларга барҳам берган ҳолда олиб чиқиб кетиш ва куёвга бериладиган суюнчи пулини қатъий таъқиқлаш.

11.Бешик тўйи ва ақиқа маросимларни фақат яқин қариндошлар билан ортиқча ҳаражатларсиз битта қилиб оилавий ўтказиш.

12.Муқаддас Хаж сафарига кузатиш ва кутиб олиш жараёнларида дабдабаларга берилиш ҳолатларига қатъиян барҳам бериш, бу маросимларни фақат яқин қариндошлари, қўшнилар ва оила аъзолари билан ихчам ўтказиш.

13.Хаж зиёратидан қайтганларни зиёрат қилгани келган меҳмонларга турли совғалар тарқатишга чек қўйиш.

14.Марҳумларни хотирлаб ўтказиладиган маросимларни ихчам ташкил этиш:

14.1. Жаноза ўқилгач, уч кунгача дастурхон безатилмаган ҳолда, фотиҳачиларни кузатиш.

14.2. Маърака маросимларини ихчам, исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда оила аъзолари, яқин қариндошлар ва қўшнилар билан уйда ўтказиш тавсия этилади.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Вилоятда оилаларни, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларни олдини олиш, тўй-ҳашам ва бошқа оилавий маросимларни ихчамлаштириш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар тўғрисида.Вилоятда оилаларни, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларни олдини олиш, тўй-ҳашам ва бошқа оилавий маросимларни ихчамлаштириш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар тўғрисида.16.10.2017М.Юнусова,А.Нурматов

So`rovnoma natijalari