Hujjat nomi
Бозорларда савдо қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotNavoiy viloyati hokimligi
Hujjat muallifiNavoiy viloyati hokimligi
Muhokama boshlanishi (sana)2015-06-30 14:01:59
Muhokama yakunlanishi (sana)2015-07-15 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЛОЙИҲА

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИНИНГ ҚАРОРИ

Бозорларда савдо қилиш қоидаларини тасдиқлаш
тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 апрелдаги “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1326-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги “Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 253-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 6-моддасига асосан вилоят ҳудудидаги бозорларда савдо қилиш қоидаларини тартибга солиш мақсадида

Қ А Р О Р Қ И Л А М А Н:

1. Вилоят ҳудудидаги бозорларда савдо қилиш қоидалари (кейинги ўринларда Қоидалар деб аталади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти давлат корхонаси (Джураев) ва вилоят компьютерлаштириш маркази давлат унитар корхонаси (Фармонов) мазкур қарорни “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталарида эълон қилсинлар ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирсинлар.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг Иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари У.Раззоқов зиммасига юклансин.

5. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан уч ойдан кейин кучга киради.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов

Вилоят ҳокимининг

2015 йил "____"_________даги

______-сонли қарорига

илова

Вилоят ҳудудидаги бозорларда савдо қилиш

қоидалари

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Қоидалар вилоят ҳудудидаги бозорларда савдо фаолиятини ташкил этишга қўйиладиган асосий талабларни белгилайди.

2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий атамалар ва тушунчалардан фойдаланилган:

Деҳқон (озиқ-овқат) бозори - вилоят ҳокимлиги томонидан белгиланган жойларда доимий ёки вақтинчалик асосда фаолият кўрсатадиган ҳамда савдо расталари, савдо ўринлари ва турғун савдо шохобчалари (шу жумладан савдо павильонлари)дан фойдаланган ҳолда кенг турдаги қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларининг ва уни қайта ишлашдан олинадиган маҳсулотларнинг чакана савдоси учун зарур шарт-шароитлар яратишга мўлжалланган мулкий комплекс.

Ихтисослаштирилган бозорлар - чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонлар, шунингдекилгари фойдаланишда бўлган мол-мулкни сотиш бозорлари.

а)чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонлар бозори - юридик шахснинг алоҳида бўлинмаси ҳисобланадиган, деҳқон (озиқ-овқат) бозорининг чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонлар сотиладиган филиали;

б)илгари фойдаланишда бўлган мол-мулкни сотиш бозори - вилоят ҳокимлиги томонидан ихтисослашуви мажбурий тартибда кўрсатилган ҳолда белгиланадиган муайян кунлар ва жойларда илгари фойдаланишда бўлган ноозиқ-овқат товарлари ва мол-мулкнинг чакана савдоси амалга ошириладиган бозор.

3. Деҳқон (озиқ-овқат) бозорлари, ихтисослаштирилган бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида жойлашган турғун чакана савдо объектлари фаолияти ва умумий овқатланиш хизматлари кўрсатиш ушбу Қоидалар ва Ўзбекистон Республикасида чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

II. Деҳқон (озиқ-овқат) бозорларда

1. Деҳқон бозорларида ҳафтанинг бир кунини маҳаллий давлат ҳокимияти органи томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ “Тозалик куни” деб белгиланиши, шу куни бозорлар ва уларнинг ҳудудида жойлашган барча объектларда туб тозалаш ва дезинфекция тадбирлари амалга оширилиши;

2. Деҳқон бозорлари ва уларнинг филиаллари ҳудудида ҳар куни иш бошланишидан олдин ва иш жараёни давомида мунтазам равишда тозалаш ишлари олиб борилиши;

3. Деҳқон бозорларива уларнинг филиалларида ветеринария-санитария меъёри талабларига риоя қилиниши;

4. Савдо расталарини сотиладиган маҳсулотларнинг турига қараб, жиҳозланиши (тез бузиладиган маҳсулотларни вақтинчалик сақлаш ва сотиш учун музлаткич ва совутгич ускуналарини ўрнатиш);

5. Кундалик йиғилган чиқиндиларни ҳар куни олиб чиқиб кетилишини ташкил этиш ҳамда чиқинди йиғиш майдончасида мунтазам равишда тозалаш ва зарарсизлантириш тадбирларини ўтказилиши;

6. Бозорга сотиш учун келтирилган маҳсулотларни ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилиши;

7. Гўшт, балиқ, сут, миллий нон, салат, шарқ ширинликлари ва бошқа турдаги маҳсулотлар билан савдо қилувчи тадбиркор ва фуқароларни махсус иш кийими билан таъминланиши;

8. Гўшт, сут, миллий нон, салат, шарқ ширинликлари маҳсулотлари билан савдо қилувчи тадбиркор ва фуқароларни тиббий кўрикдан ўтганлиги тўғрисида дафтарчаси бўлиши;

9. Бозорларга сотиш учун келтирилган маҳсулотларни, фақат шу турдаги маҳсулотлар учун белгиланган расталар орқали сотилиши;

10. Бозор маъмурияти томонидан белгиланган жойлардагина савдо қилиниши;

11. Бозорларда савдо қилувчи тадбиркор ва фуқаролар, сотиш учун келтирган маҳсулотларини вақтинчалик сақлаш ва сотиш қоидаларига риоя қилишлари ҳамда улар учун ажратилган савдо растаси ва унинг теварак атрофини тоза ҳолда тутишлари шарт.

12. Бозор ҳудудида ташқи реклама воситаларини реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда жойлаштириш;

ишлаб чиқариш санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки яроқлилик муддати ўтган озиқ-овқат ва маиший кимё товарларини сотиш;

уй шароитида ва бошқа жойларда сўйилган, хавфсизлиги ветеринария хизмати томонидан кафолатланмаган гўшт ва бошқа маҳсулотларни (калла-поча, ўпка, жигар, талоқ ва бошқалар) сотиш;

ваколатли банкларнинг шохобчалари ва банкоматларидан ташқари, фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан белгиланган талабларга зид равишда банк пластик карточкаларини нақдлаштириш тақиқланади.

13. Ушбу Қоидалар нормаларига ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга риоя этиш.

III. Ихтисослаштирилган бозорларда

1. Ихтисослаштирилган бозорларда ҳафтанинг бир кунини маҳаллий давлат ҳокимияти органи томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ “Тозалик куни” деб белгиланиши, шу куни бозор ва уларнинг ҳудудида жойлашган барча объектларда туб тозалаш ва дезинфекция тадбирлари амалга оширилиши;

2. Ихтисослаштирилган бозорлар ҳудудида ҳар куни иш бошланишидан олдин ва иш жараёни давомида мунтазам равишда тозалаш ишлари олиб борилиши;

3. Белгиланган муайян кунлардаги ихтисослаштирилган бозорда йиғилган чиқиндиларни айнан шу куни олиб чиқиб кетилишини ташкил этилиши ҳамда чиқинди йиғиш майдончасида мунтазам равишда тозалаш ва зарарсизлантириш тадбирларини ўтказилиши;

4. Чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонларни сотишга ихтисослаштирилган бозорларда ветеринария-санитария меъёри талабларига риоя қилиниши;

5. Чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонларни сотишга ихтисослаштирилган бозордаги фақат шу турдаги ҳайвонлар учун белгиланган сана, вақт ва савдо зоналари орқали сотилиши;

6. Автомобиль бозорларида автомобилларни фақат шу турдаги транспорт воситалари учун белгиланган савдо зоналари орқали сотилиши;

7. Ихтисослаштирилган бозорларда бозор маъмурияти томонидан белгиланган жойларда савдо қилиниши;

8. Ихтисослаштирилган бозор маъмурияти ва назорат органларининг қонуний талабларини бажарилиши шарт.

9. Илгари фойдаланишда бўлган мол-мулкни сотиш бозори ҳудудида:

объектларни жойлаштиришнинг тасдиқланган схемасидан ташқари қўшимча савдо ўринлари ташкил этиш;

қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларини сотиш (уларни бозор ҳудудида жойлашган турғун савдо шохобчалари орқали сотиш бундан мустасно);

янги импорт ва маҳаллий истеъмол товарларини ҳамда бошқа янги мол-мулкни сотиш (уларни бозор ҳудудида жойлашган турғун савдо шохобчалари орқали сотиш бундан мустасно);

товарларни автомашиналар ёки контейнерлардан сотиш;

тайёр армия анжомларини ва белгиланган намунадаги формали кийим-бошни, ҳарбий турдаги бошқа товарларни, муассасалар, ташкилотлар ва корхоналар штампи босилган чойшаблар, ички ишлар органларида қўлланиладиган махсус воситалар ва махсус аслаҳа-анжомларни сотиш;

сотилиши қонун ҳужжатларида тақиқланган бошқа товарлар ва буюмларни сотиш тақиқланади.

10. Ушбу қоидалар нормаларига ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга риоя этиш.

IV.Ушбу қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик
тўғрисида

Ушбу қоидаларни бузган шахслар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 168-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишНавоий вилояти ҳокимининг қарори лойиҳасини30.06.2015Навоий вилоят ҳокимлиги, Давлат солиқ, ветеринария бошқармалари, Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази
2Ягона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришЯгона порталда: муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабарномани; жадвални; норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини; муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштириш30.06.2015Навоий вилоят ҳокимлиги, вилоят компьютерлаштириш маркази
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишЛойиҳани белгиланган тартибда Ягона порталда муҳокама қилиш30.06.2015 - 15.07.2015Навоий вилоят ҳокимлиги, Ягона портал фойдаланувчилари
4Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини таклифларга мувофиқ қайта ишлашЯгона портал иштирокчиларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қайта ишлаб чиқиш20.07.2015Навоий вилоят ҳокимлиги, Давлат солиқ, ветеринария бошқармалари, Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази
5Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тегишли ташкилот ва муассасалар билан келишишЯгона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини қайта жойлаштириш ва лойиҳани ташкилот, муассасалар билан келишиш24.07.2015Навоий вилоят ҳокимлиги, вилоят компьютерлаштириш маркази
6Ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тасдиқлаш учун киритишИшлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тасдиқлаш учун Навоий вилояти ҳокимига киритиш27.07.2015Навоий вилоят ҳокимлиги

So`rovnoma natijalari