Hujjat nomi
Умумий овқатланиш маҳсулотларини махсус ажратилган жойларда сотиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotSirdaryo viloyati hokimligi
Hujjat muallifiSirdaryo viloyati hokimligi
Muhokama boshlanishi (sana)2017-11-01 17:47:25
Muhokama yakunlanishi (sana)2017-11-16 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Умумий овқатланиш маҳсулотларини махсус ажратилган жойларда сотиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари”нинг 23-банди ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5,26-моддаларига асосан қарор қиламан:

1.Сирдарё вилоятида умумий овқатланиш маҳсулотларини махсус ажратилган жойларда сотиш тартиби 1-иловага;

махсус ажратилган жойларда сотилиши мумкин бўлган умумий овқатланиш маҳсулотлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2.Ушбу қарор “Сирдарё ҳақиқати” газетасида чоп этилсин ва ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.

3.Вилоят ҳокимлиги девонхона мудири (Ш.Норматов) мазкур қарорни бир кунлик муддатда туман, шаҳар ҳокимликларига, тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмаларига юборилишини таъминласин.

4.Туман, шаҳар ҳокимликлари мазкур қарорни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўз вақтида етказсин.

5.Мазкур қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга киради.

6.Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосарлари М.Эшматов ва О.Абдуғаниевлар зиммасига юклатилсин.

Вилоят ҳокими Ғ. Мирзаев

Сирдарё вилояти ҳокимининг 2017 йил “___” ноябрдаги _____-сонли қарорига 1-ИЛОВА

Сирдарё вилоятида умумий овқатланиш маҳсулотларини махсус ажратилган жойларда сотиш тартиби

1.Мазкур тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари”нинг 23-бандига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Сирдарё вилояти ҳудудида махсус ажратилган жойларда (овқатланиш жойлари ташкил этмасдан) умумий овқатланиш шохобчалари томонидан маҳсулотларнинг ҳоким қарори билан тасдиқланган турларини сотиш бўйича хизмат кўрсатиш тартибини белгилайди.

2.Умумий овқатланиш шохобчалари томонидан маҳсулотларнинг ҳоким қарори билан тасдиқланган турларини сотиш бўйича хизмат кўрсатиш учун махсус ажратилган жойлар (кейинги ўринларда – махсус ажратилган жойлар) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари билан белгиланади.

3.Ушбу тартиб умумий овқатланиш корхоналари (шохобчалари – ресторан, бар, кафе, кафетерий, ошхона, чойхона, буфет ва кичик ошхоналар) сотилишига тадбиқ этилмайди.

4.Махсус ажратилган жойларда умумий овқатланиш маҳсулотларини сотиш деганда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган умумий овқатланиш корхоналарида тайёрланган маҳсулотларни шу корхона ходимлари томонидан махсус ажратилган жойларда сотиш тушунилади.

5.Махсус ажратилган жойларда фақатгина умумий овқатланиш корхоналарининг ўзида тайёрланган умумий овқатланиш маҳсулотлари сотилиши мумкин.

6.Махсус ажратилган жойларда юридик шахс сифатида ташкил этилмаган ёки якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти бўлмаган фуқаролар томонидан умумий овқатланиш маҳсулотлари сотилиши тақиқланади.

7.Туман, шаҳар ҳокими туман, шаҳар ҳудудида оммавий тадбирлар ўтказиладиган, истеъмолчилар кўп тўпланадиган жойларда, жумладан таълим муассасалари ёки йирик ташкилотларга яқин харидоргир жойларда умумий овқатланиш маҳсулотлари сотиш учун махсус жойлар ажратиши мумкин.

Умумий овқатланиш корхоналари махсус ажратилган жойларда ўз умумий овқатланиш маҳсулотларини сотишда тенг ҳуқуққа эга.

8.Умумий овқатланиш корхоналари ўзларида тайёрланган, овқатланиш жойлари ташкил этмасдан доналаб сотилишига рухсат берилган умумий овқатланиш маҳсулотларини сотиш ва тайёрлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун махсус жой ажратишни, маҳсулотлар турини кенгайтиришни сўраб тегишли туман, шаҳар ҳокимликларига мурожаат қилишга ҳақли.

Туман, шаҳар ҳокими мурожаатни 15 кунлик муддатда кўриб чиқиб, уни қаноатлантириш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

9.Ҳар йили тасдиқланадиган вилоят ҳокимининг “Сирдарё вилояти ҳудудида кўчма савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан белгилаб бериладиган кўчма савдо объектлари жойлашадиган жойлар умумий овқатланиш маҳсулотларини сотиш учун махсус ажратилган жойлар турлари ҳисобланади.

10.Сотилаётган маҳсулот қайси умумий овқатланиш шохобчасига тегишлилиги ёки тайёрланганлиги, ушбу умумий овқатланиш шохобчасининг манзили, телефон рақамлари баннерда кўрсатилган бўлиши керак.

11.Ҳаво ҳарорати маҳсулотлар сифатига таъсир қиладиган даражада иссиқ бўлганда музлатгич бўлиши керак ва маҳсулотлар сифати бузилмайдиган ҳолатда сақланиши таъминланиши шарт.

12.Маҳсулотларни ҳаридорларга солиб бериш учун етарли бир марталик идишлар ва селафан пакетлар бўлиши керак.

13.Маҳсулотлар чангдан ҳимояланган ҳолатда усти ўралган бўлиши ва баҳоси ёзиб қўйилган бўлиши лозим.

Ўраш учун давлат стандартининг мажбурий талабларига мувофиқ бўлган ва аниқ товарларни ўрашга рухсат берилган материаллардан фойдаланилади.

14.Аҳолига сифатли маҳсулотлар сотилишини таъминлаш мақсадида сотилаётган маҳсулотлар фақатгина умумий овқатланиш шохобчасининг ўзида тайёрланган бўлиши керак. Сотувга қўйиладиган маҳсулотларни бошқа умумий овқатланиш шохобчасидан, бозордан олиб келиб сотиш, шунингдек уй шароитида тайёрланган маҳсулотларни сотиш тақиқланади.

15.Умумий овқатланиш маҳсулотларини сотаётган ходим махсус кийимда бўлиши талаб этилади. Маҳсулотларни очиқ қўллар билан ушлаш тақиқланади.

16.Умумий овқатланиш маҳсулотларини сотаётган ходим муддатли тиббий кўрикдан ўтган бўлиши керак.

17.Умумий овқатланиш маҳсулотлари сотилаётган майдоннинг атрофи тоза бўлиши ва автомобил йўлларидан рухсат этилган масофада жойлашган бўлиши керак.

18.Умумий овқатланиш маҳсулотлари махсус витриналарга қўйилиши лозим.

Умумий овқатланиш маҳсулотлари витринада қуёш нурлари ва ёғингарчиликларнинг тўғридан-тўғри таъсирига учрайдиган ҳолатда, шунингдек товарларни ёнма-ён сақлаш тартиби бузилган ҳолда сақлашга ва жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

19.Нон сотиш ва сақлаш учун мўлжалланган жой қуруқ ва шамоллатиб туриладиган бўлиши керак.

20.Сотувчи назорат-касса аппаратлари ва терминаллар билан таъминланган бўлиши лозим.

21.Умумий овқатланиш маҳсулотларини махсус ажратилган жойларда сотилиши юзасидан назоратни тегишли туман, шаҳар ҳокимликлари;

махсус ажратилган жойларда рўйхати тасдиқланган умумий овқатланиш маҳсулотлари сотилиши ва маҳсулотлар сифати устидан назоратни тегишли давлат-санитария эпидемиология назорат марказлари;

умумий овқатланиш маҳсулотларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган умумий овқатланиш шохобчаларининг ходимлари томонидан сотилиши бўйича давлат солиқ органлари амалга оширади.

Сирдарё вилояти ҳокимининг 2017 йил “___” ноябрдаги _____-сонли қарорига 2-ИЛОВА

Махсус ажратилган жойларда сотилиши мумкин бўлган умумий овқатланиш маҳсулотлари рўйхати

1.

Сомса

2.

Бўғирсоқ

3.

Котлета

4.

Қайнатилган тухум

5.

“Хот-дог”

6.

Гамбургер

7.

Сэндвич

8.

Лаваш

9.

Пицца

10.

Кофе

11.

Ҳар хил пишириқлар (батон ва ҳ.к.)

12.

Пряник

13.

Пиширилган сосиска

14.

Булочка

15.

Кекс

16.

Пирожний

17.

Салат

18.

Норин

19.

Ғилминди

20.

Хасип

21.

Дудланган балиқ

22.

Қатлама

23.

Нон ва нон маҳсулотлари

24.

Салқин ичимликлар (мева шарбати ва ҳ.к.)

25.

Думбул (пиширилган жўхори)

26.

Қази

27.

Пиширилган манти, чучвара

28.

Тифтели

29.

Пиширилган ошқовоқ

30.

Торт

31.

Қовурилган картошка (чипс)

32.

Пиширилган (мол, қўй, парранда) гўшт

33.

Гўжа

34.

Айрон

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Қарор лойиҳасини муҳокамадан ўтказиш.Қарор лойиҳаси муҳокамадан ўтказилиб, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун вилоят адлия бошқармасига тақдим этилади.30.11.2017 йилХ. Маллаев

So`rovnoma natijalari