Hujjat nomi
Вилоят ҳудудида шаҳарсозлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotNavoiy viloyati hokimligi
Hujjat muallifiNavoiy viloyati hokimligi
Muhokama boshlanishi (sana)2015-07-13 11:16:49
Muhokama yakunlanishi (sana)2015-07-28 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЛОЙИҲА

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИНИНГ ҚАРОРИ

Вилоят ҳудудида шаҳарсозлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Айрим шаҳар ва туман ҳокимликлари, ҳудудий архитектура ва қурилиш бошқармалари (бўлимлари) томонидан назоратнинг сусайтириб юборилганлиги натижасида ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва ободонлаштириш, объектлар қурилишини шаҳарсозлик норма ва қоидаларига зид равишда амалга ошириш каби ҳолатлар кузатилмоқда.

Бу эса ўз навбатида, энг аввало, аҳоли пунктларини замонавий шаҳарсозлик талаблари ва миллий анъаналарга мувофиқ комплекс ривожлантиришни таъминлаш, қабул қилинаётган лойиҳа ечимлари сифатини ошириш, шунингдек шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексининг 19-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 27 декабрдаги “Ижтимоий ва фуқаро объектларини лойиҳалаш ва қуришда тегишли тартиб ўрнатиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1666-сонли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 февралдаги “Аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қатъий бажарилишини назорат қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 41-сонли ва 2013 йил 25 февралдаги “Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган эҳтиёжлар учун ер участкалари бериш, шунингдек объектларни қуришга рухсатномалар бериш тартибини тубдан соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 54-сонли қарорларига мувофиқ вилоят ҳудудида шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солиш, объектларни қуришда белгиланган норма ва қоидаларга риоя этилишини таъминлаш, бу борада маҳаллий ҳокимликлар, тегишли ташкилот ва корхоналар, фуқароларнинг масъулиятини янада ошириш мақсадида

Қ А Р О Р Қ И Л А М А Н :

1. Вилоят ҳудудида шаҳарсозлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш қоидалари (кейинги ўринларда - Қоидалар) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вилоят Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси, Ички ишлар бошқармаси ёнғин хавфсизлиги бошқармаси, Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда шаҳар ва туман ҳокимликлари жисмоний ва юридик шахслар томонидан мазкур қарор билан тасдиқланган Қоидаларга қатъий риоя этилишини ўз назоратига олсинлар.

3. Вилоят ҳокимининг матбуот котиби, Матбуот ва ахборот бошқармаси, Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, вилоят Телерадиокомпанияси, оммавий ахборот воситалари раҳбарлари шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда доимий равишда аҳоли ўртасида мазкур Қоидаларга риоя этилишини таъминлашга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борилишини таъминласинлар.

4. Вилоят ҳокимлиги Компьютерлаштириш маркази, Капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалиги ва ободонлаштириш масалалари котибиятига ушбу қарорни “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталарида расман эълон қилинишини ва вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминлаш топширилсин.

5. Мазкур қарор ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.

6. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов

Вилоят ҳокимининг

2015 йил “____” ________даги

___________-сонли қарорига

илова

Вилоят ҳудудида шаҳарсозлик соҳасидаги муносабатларни

тартибга солиш қоидалари

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Қоидалар қурилиш жараёнида иштирок этувчи манфаатдор томонлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликларинитартибга солади, жисмоний ва юридик шасларга қурилиш учун рухсатномалар бериш, қурилиш давомида шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя қилиш, қурилиш сифатини назорат қилиш ҳамдаобъектларни фойдаланишга қабул қилиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ер участкаси - белгиланган чегарага, майдонга, манзилга, ҳуқуқий режимга ва давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа тавсифларга эга бўлган ер фондининг бир қисми;

ер участкасини бериш - ер участкасини жойлаштириш, уни танлаш ва ажратиш материалларини тайёрлаш ҳамда ер участкаси бериш юзасидан давлат ҳокимияти тегишли органи томонидан қарор қабул қилиш бўйича чора-тадбирлар комплекси;

аҳоли пунктининг бош режаси - ҳаёт фаолияти муҳитини шакллантиришнинг комплекс шартларини, аҳоли пунктларини ҳудудий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгиловчи шаҳарсозлик ҳужжати;

қишлоқ (овул) фуқаролари йиғини ҳудудини меъморий режалашни ташкил этиш лойиҳаси - аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашни таъминлашни, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада ривожлантиришни, атроф-муҳитни муҳофаза қилишни, табиий, одам ва моддий ресурслардан фойдаланишни таъминлайдиган қишлоқ аҳоли пунктларининг режали тузилмасини, тўла қимматли архитектура қиёфасини яратган ҳолда қишлоқ (овул) фуқаролари йиғини ҳудудини комплекс ривожлантириш ва зоналаштиришдан иборат асосий шаҳарсозлик вазифалари ечимларини назарда тутувчи комплекс шаҳарсозлик ҳужжати;

қурилиш лойиҳаси - бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, шунингдек ободонлаштириш ишлари қийматини белгилайдиган, ҳажмий-режали, конструктив ва техник ечимларни белгилайдиган, объектни қуришга рухсат бериш учун асос ҳисобланадиган ҳужжатлар;

шаҳарсозлик - аҳоли пунктларини, аҳоли пунктлариаро ҳудудларни режалаштириш ҳамда қуришнинг ижтимоий-иқтисодий, қурилиш-техника, архитектура-бадиий ва санитария-гигиенага оид ечимларининг йиғиндисини таъминловчи назарияси ва амалиёти;

шаҳарсозлик фаолияти - тегишли давлат ҳокимияти органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг фуқаролар, ижтимоий ва давлат манфаатлари, шунингдек ҳудудлар ва аҳоли пунктларининг миллий, тарихий-маданий, экологик, табиий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ҳудудларни, аҳоли пунктларини ривожлантиришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш, ер участкаларидан фойдаланиш, қурилиш материаллари ва буюмлар ишлаб чиқариш турларини белгилаш, бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларни лойиҳалаш, қуриш ҳамда реконструкция қилиш соҳасидаги фаолияти;

шаҳарсозлик ҳужжатлари - ҳудудларни, аҳоли пунктларини ривожлантиришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш тўғрисидаги ҳамда уларни қуриш ҳақидаги, белгиланган тартибда тасдиқланган ҳужжатлар;

3. Қурилиш ишларини амалга ошириш тартиби қуйидагилардан иборат:

- объектлар қурилиши учун ер участкасини танлаш ва ажратиш;

- қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш,

- қурилишга рухсатномалар бериш,

- қурилиш ишларини назорат қилиб бориш;

- объектларни фойдаланишга қабул қилиш.

4. Мазкур Қоидалар билан қурилиш ишларини бошлаш ва тугаллаш билан боғлиқ бўлган асосий йўналишлар белгилаб берилган ва амалдаги шаҳарсозлик соҳасига оид бошқа қонунчилик ҳужжатларига таянган ҳолда амалга оширилади.

II. ОБЪЕКТЛАР ҚУРИЛИШИ УЧУН ЕР УЧАСТКАСИНИ

ТАНЛАШ ВА АЖРАТИШ ТАРТИБИ

5. Қурилиш учун ер участкасини танлаш ва ажратиш бўйича материалларни тайёрлаш ҳамда уларни ваколатли органлар билан келишиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги “Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган эҳтиёжлар учун ер участкалари бериш, шунингдек объектларни қуришга рухсатномалар бериш тартибини тубдан соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 54-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилади.

6. Ер участкалари бериш билан боғлиқ шаҳарсозлик фаолияти аҳоли пунктлари ва аҳоли пунктлариаро ҳудудларни ривожлантириш ва қуриш бўйича қуйидаги шаҳарсозлик ҳужжатларига (кейинги ўринларда - шаҳарсозлик ҳужжатлари) асосланади:

аҳоли пунктларининг бош режалари;

шаҳар ва посёлка чегараларининг лойиҳалари;

аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантиришнинг тармоқ схемалари;

қишлоқлар (овуллар) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳалари (ҲМРТЛ);

аҳоли пункти ҳудуди қисмларининг батафсил режалаштириш лойиҳалари (БРЛ);

қуриш лойиҳалари.

7. Аҳоли пунктининг бош режасисиз, қишлоқлар (овуллар) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳасисиз ва аҳоли пункти ҳудуди қисмларининг батафсил режалаштириш лойиҳасисиз аҳоли пунктлари ҳудудида ер участкалари бериш тақиқланади, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

8. Ер участкасини танлаш ва ажратиш бўйича материалларни кўриб чиқишда тегишли давлат ҳокимияти органлари, туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, туман (шаҳар), вилоят комиссиялари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳолатларда объект қурилиши учун ер участкаси жойлаштирилишини рад этиш ҳуқуқига эга:

ёнғинга қарши, санитария ва табиатни муҳофаза қилиш нормалари бузилиши мумкин бўлган ҳолатларда;

улардан ер участкалари олиб қўйилаётган ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ёки мулкдорларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилганда.

Ер участкасини танлаш ва ажратиш бўйича материаллар улар белгиланган рўйхатга мувофиқ тақдим этилмаган тақдирда қайтарилиши мумкин. Рад этиш асосланган бўлиши ва ёзма шаклда тақдим этилиши керак.

9. Ер участкасини ажратиб бериш ишлари шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд бўлганда ёки шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги “Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган эҳтиёжлар учун ер участкалари бериш, шунингдек объектларни қуришга рухсатномалар бериш тартибини тубдан соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 54-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилади.

10. Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун юридик ва жисмоний шахсларга доимий фойдаланиш учун ва узоқ муддатли ижарага ер участкаларини бериш танлов орқали ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун юридик ва жисмоний шахсларга танлов асосида ер участкалари беришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 147-сонли қарори билан тасдиқланган Низоми билан белгиланган тартиб асосида амалга оширилади.

11. Ер ажратилган кундан бошлаб икки йил муддатда объектнинг қурилиш ишларини бошламаган юридик ёки жисмоний шахснинг қурилиш учун ажратилган ер участкаси ўрнатилган тартиб асосида қайтариб олинади.

III. ҚУРИЛИШ ЛОЙИҲАСИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ,

ҚУРИЛИШГА РУХСАТНОМАЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ

12. Шаҳар ва туман ҳокимларининг ер участкаси ажратиш тўғрисидаги қарори расмийлаштирилгандан сўнг, архитектура-режалаштириш топшириғи (I-II қисмлар) расмийлаштирилиб, юридик ва жисмоний шахслар лойиҳа ташкилотига лойиҳалаш юзасидан топшириқ берадилар ва қурилиш лойиҳасини тайёрлаш учун шартнома тузадилар.

13. Лойиҳа ташкилотининг қуйидагиларни таъминлаш бўйича мажбуриятлари юридик (жисмоний) шахс билан лойиҳа ташкилоти ўртасидаги шартноманинг мажбурий шарти ҳисобланади:

топография харитасини ишлаб чиқиш ва геологик хулосани тайёрлаш;

қурилиш лойиҳасини вилоят архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан келишиш;

қурилиш лойиҳаси бўйича объектнинг ёнғинга қарши хавфсизлиги ва зилзилага бардошлилиги юзасидан давлат экспертизаси органларининг ижобий хулосасини олиш.

Мавсумий ишлар учун вақтинчалик иморатлар ва маиший хоналар, амалдаги муҳандислик тармоқларини ўзгартиришни талаб қилмайдиган кичик (300 куб. метрдан кўп бўлмаган) ҳажмларда алоҳида қурилаётган объектлар қурилиши бундан мустасно.

14. Қурилишнинг ишлаб чиқилган лойиҳасини вилоят архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан унинг архитектура-режалаштириш топшириғига мувофиқлик бўйича келишиш амалга оширилади.

Лойиҳанинг архитектуравий қисмини келишиш архитектура ва қурилиш ҳудудий бош бошқармаси томонидан бепул амалга оширилади.

15. Қурилишнинг келишилган лойиҳаси объектнинг ёнғинга қарши хавфсизлиги ва зилзилага бардошлилиги юзасидан давлат экспертиза органларида, лойиҳа ташкилоти томонидан зарур ҳужжатларнинг тўлиқ пакети тақдим этилган санадан бошлаб етти кун мобайнида экспертизадан ўтади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Лойиҳа ҳужжатларини объектнинг ёнғинга қарши хавфсизлиги ва зилзилага бардошлилиги юзасидан давлат экспертизасидан ўтказганлик учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда тўлов ундирилади.

16. Туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бўлими (бошқармаси) қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан мониторинг олиб боради.

Лойиҳалаш ташкилоти қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан шартнома тузиб, белгиланган тартиб асосида туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бўлими (бошқармаси)ни лойиҳа-қидирув ишлари бошланган ва тугалланган муддатларни кўрсатган ҳолда хабардор қилади.

17. Юридик ва жисмоний шахслар қурилиш лойиҳасини олгандан кейин қурилиш объектларини рўйхатдан ўтказиш учун вилоят Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекциясига (кейинги ўринларда - инспекция) мурожаат қиладилар ва объектда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш даврида инспекция томонидан назорат функцияларини амалга ошириш юзасидан шартнома тузадилар.

18. Қуйидагилар учун қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсатномаларни рўйхатдан ўтказиш ва бериш талаб қилинмайди:

якка тартибда уй-жой қуриш объектлари (Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш дастурига киритилган объектлардан ташқари);

турар жойлар тоифасидан нотурар жойлар тоифасига ўтказиладиган хоналар;

мавсумий ишлар ва узоқ яйловлардаги чорвачилик учун вақтинчалик иморатлар ва маиший хоналар;

мобил алоқа станцияларини монтаж қилиш;

амалдаги муҳандислик тармоқларини ўзгартиришни талаб қилмайдиган алоҳида қурилаётган кичик (300 куб. метрдан кўп бўлмаган) ҳажмли объектлар;

конни қазиб олиш ишлари;

улар бўйича технологик ресурс тамом бўлган ва объектни реконструкция қилиш ёки йўналишини қайта ўзгартириш талаб қилинмайдиган технологик ва муҳандислик асбоб-ускуналари бирликларини таъмирлаш ва алмаштириш.

19. Қурилиш объектларини рўйхатдан ўтказиш ва қурилиш-монтаж ишларини бажаришга рухсатнома олиш учун инспекцияга қуйидагилар тақдим этилади:

а) ариза;

б) лойиҳа ҳужжатлари бўйича экспертиза органларининг ижобий йиғма эксперт хулосаси;

в) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ қурилаётган объектлар учун - лойиҳанинг тасдиқланаётган босқичи юзасидан экспертиза органларининг ижобий йиғма эксперт хулосаси;

г) объектни лойиҳалаш билан параллел ҳолда қуришда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони билан келишган ҳолда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори;

д) қурилиш-монтаж ишларининг алоҳида лицензияланадиган алоҳида турларини амалга оширишда - пудрат ташкилоти лицензиясининг нусхаси;

е) вилоят архитектура-шаҳарсозлик кенгаши протоколининг нусхаси;

ж) архитектура ва қурилиш органлари билан келишилган объект плани ва фасадининг эскизи, узун объектлар учун - трассанинг бош режаси (схемаси);

з) мукаммал қуриш ва (ёки) мукаммал таъмирлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектларнинг манзилли рўйхати;

и) танлов савдолари натижалари тўғрисидаги йиғилиш баёни (мавжуд бўлса);

к) хавфли ишлаб чиқариш объектлари бўйича - лойиҳа ҳужжатларининг саноат хавфсизлиги бўйича экспертизасининг ижобий хулосаси;

л) қурилишни танлов савдолари ўтказмасдан, молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига амалга оширишда - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг объектларни қуриш ёки мукаммал таъмирлаш масаласи бўйича қарори нусхаси.

20. Инспекция бир иш куни мобайнида бепул асосда объектни рўйхатдан ўтказади ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга қурилиш-монтаж ишларини бажаришга қурилишнинг бутун муддати учун рухсатнома беради.

Кўрсатилган муддатда қурилиш-монтаж ишларини бажаришга рухсатнома тақдим этилмаганда ёки рад этилганда рухсатнома олинган деб ҳисобланади (мураккаблик (хавфлилик)нинг максимал тоифасидаги объектлардан ташқари) ҳамда юридик ва жисмоний шахслар, бу тўғрида инспекцияни хабардор қилган ҳолда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишни бошлаш ҳуқуқига эгадирлар.

21. Инспекция қурилиш объектини рўйхатдан ўтказишни қарорда ёки Низомда белгиланган асослар бўйича рад этишга ҳақлидир.

Қурилиш объектини рўйхатдан ўтказишни ва қурилиш-монтаж ишларига рухсатнома беришни рад этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига (кейинги ўринларда "Давархитектқурилиш" қўмитаси деб аталади) ёки судга шикоят қилиниши мумкин.

IV. ҚУРИЛИШ ИШЛАРИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИБ

БОРИШ ТАРТИБИ

22. Объектдаги қурилиш ишлари қурилиш-пудрат ташкилоти томонидан (юридик ёки жисмоний шахс ҳамда қурилиш-пудрат ташкилоти ўртасида тузилган пудрат шартномаси асосида) ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз кучлари билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши шарт.

23. Рўйхатдан ўтказилган объектларда инспекция томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг барча босқичларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан назорат ўрнатилади.

Қурилиши юридик ва жисмоний шахслар томонидан олиб борилаётган объектларда қурилиш-монтаж ишларини бажаришнинг сифати ва тўлиқлиги юзасидан инспекция томонидан назорат функциялари амалга оширилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда тўлов тўланади.

24. Рухсатномалар берилган шартлар ўзгарган тақдирда (объектда ишларни бажарувчи, техник ва муаллифлик назоратини амалга оширувчи шахслар ўзгарганда, лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганда, лойиҳа ечимларида жиддий ўзгаришлар бўлганда ва шу каби ҳолатларда) юридик ва жисмоний шахслар ўн кун мобайнида инспекцияга тегишли ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари керак.

25. Вилоят ҳокимлиги ҳузурида Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш комиссияси (кейинги ўринларда – Комиссия) фаолият юритади.

26. Комиссия:

шаҳарсозлик фаолияти, шаҳарсозлик ҳужжатларини амалга ошириш, шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик талабларига, шунингдек санитария норма ва қоидаларига риоя этилиши мониторингини олиб боради;

туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари, ҳудудий архитектура ва қурилиш, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлинмалари, бошқа алоқадор органлар томонидан шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

объектлар қурилишини режалаштиришда замонавий талаблар ва миллий анъаналарга мувофиқ аҳоли пунктларини шаҳарсозлик бўйича комплекс ривожлантиришни, уларнинг меъморий-бадиий қиёфаси ва бой меъморий-тарихий мерос сақланишини таъминлайди;

ноқонуний қурилишлар, шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкаларидан ноўрин фойдаланишнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик чораларини кўрадилар.

ваколатли давлат органларига тегишли ҳудудда шаҳарсозликка доир қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда амалга оширилаётган шаҳарсозлик фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ёки белгиланган тартибда тўхтатиш тўғрисида таклифлар киритади.

27. Архитектура ва қурилиш бошқармалари (бўлимлари)нинг тегишли рухсатисиз кўп қаватли турар жойлар хонадонларининг ички қисмидаги деворларини бузиш, кириш жойларига ҳамда ташқи фасад қисмига ўзгартириш киритиш қатъиян таъқиқланади.

28. Кўп қаватли турар жойлар, якка тартибдаги уй-жойларни таъмирлаш жараёнида ташқи қисмига ранг бериш ишларини фақат Архитектура ва қурилиш бошқармалари (бўлимлари) билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

V. ОБЪЕКТЛАРНИ ФОЙДАЛАНИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

29. Юридик ва жисмоний шахслар қурилиш тугаллангандан кейин етти кун мобайнида қонунда белгиланган тартибда бинолар ва иншоотларнинг, ер ости муҳандислик коммуникацияларининг рақамли ижровий топография харитасини тузишни таъминлайдилар.

Ижровий топография харитаси тузишни амалга оширганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида тўлов ундирилади.

30. Қурилиши тугалланган объектни қабул қилиш, қабул комиссияси томонидан, белгиланган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

31. Қурилиши тугалланган объектни қабул қилиб олиш қурилиш пудрат ташкилоти (қурилиш ўз кучлари билан амалга оширилган ҳолларда - юридик ва жисмоний шахслар) туман (шаҳар) ҳокимига мурожаат қилган вақтдан бошлаб кўпи билан беш кун муддатда қабул комиссиясининг барча аъзолари имзолайдиган қабул қилиш далолатномаси билан расмийлаштирилади.

Туман (шаҳар) ҳокими қурилиши тугалланган объектни қабул қилиш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисида икки кун муддатда қарор қабул қилади.

Қурилиши тугалланган объектни қабул қилганлик учун тўлов ундирилмайди.

32. Туман (шаҳар) ҳокимининг қурилиши тугалланган объектни қабул қилиш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори туман (шаҳар) хўжалик ҳисобидаги ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасида объектни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.

Объектни давлат рўйхатидан ўтказиш туман (шаҳар) хўжалик ҳисобидаги ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси томонидан етти кун мобайнида, белгиланган тартибда амалга оширилади.

VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

33. Ушбу Қоидаларга вилоят ҳудудидаги барча жисмоний ва юридик шахслар (мулкчилик шаклидан қатъий назар) риоя этиши шарт.

Қоидалар талабларига риоя қилмаган жисмоний ва юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

34. Қурилиш жараёнида иштирок этувчи томонлар ўртасида юзага келадиган барча низолар ва келишмовчиликлар музокаралар олиб бориш йўли билан ҳал этилади.

Томонларнинг музокаралар олиб бориши йўли билан ҳал этилмаган барча низолар ва келишмовчиликлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишНавоий вилояти ҳокимининг қарори лойиҳаси12.07.2015 йНавоий вилоят ҳокимлиги, вилоят Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси, ИИБ ЁХБ, Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази
2Ягона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришЯгона порталда: муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабарномани; жадвални; норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини; муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштириш13.07.2015 йНавоий вилоят ҳокимлиги, вилоят компьютерлаштириш маркази
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишЛойиҳани белгиланган тартибда Ягона порталда муҳокама қилиш13.07.2015-28.07.2015 йНавоий вилоят ҳокимлиги, Ягона портал фойдаланувчилари
4Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини таклифларга мувофиқ қайта ишлашЯгона портал иштирокчиларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини қайта ишлаб чиқиш08.08.2015 йНавоий вилоят ҳокимлиги, Вилоят Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси, ИИБ ЁХБ, Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази
5Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тегишли ташкилот ва муассасалар билан келишишЯгона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини қайта жойлаштириш ва лойиҳани ташкилот, муассасалар билан келишиш12.08.2015 йНавоий вилоят ҳокимлиги, вилоят компьютерлаштириш маркази
6Ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тасдиқлаш учун киритишИшлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тасдиқлаш учун Навоий вилояти ҳокимига киритиш15.08.2015 йНавоий вилоят ҳокимлиги

So`rovnoma natijalari