Hujjat nomi
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони "Ўзбекистон Республикасида ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiFarmon
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO`zbekiston Respublikasi Iqtisodiyot vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-02-20 16:49:00
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-03-07 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Мустақиллик йилларида ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларни турмуш шароитини яхшилаш борасида бир қатор амалий амалий чора-тадбирлар кўрилиб, имтиёз ва преференциялар берилди.

Хусусан, протез-ортопедия буюмлари ва ногиронлар учун инвентарлар ишлаб чиқарувчилар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари шаклида, муайян меҳнат турлари билан шуғулланиш истаги бўлган кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредит ажратиш каби ҳамда оғир уй-жой маиший шароитларда яшаётган оилаларга имтиёзли уй-жойлар ажратиш, маиший техника ва қорамол харид қилиш, тиббий хизматлар билан боғлиқ беғараз ёрдам кўрсатиш каби қўллаб-қувватлашлар амалга оширилмоқда.

Бироқ, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларни турмуш шароитини яхшилаш мақсадида берилган имтиёз, преференция ва қўллаб-қувватлашлар самараси етарли даражада эмас.

Шу муносабат билан, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларни турмуш шароитини янада яхшилаш, долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда тадбиркорлик субъектлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва шу асосда ногиронлиги бўлган фуқаролар учун янги иш ўринларини ташкил этишни рағбатлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини иш билан бандлиги ва турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикасида ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларни турмуш шароитларини янада яхшилаш ҳамда долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш мақсадида, республикада ижтимоий тадбиркорлик фаолияти тизими қуйидаги шартлардан бирига риоя қилган субъектлар учун жорий этилади:

банд бўлган ходимлар сонининг камида 30 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этса;

жами ишлаб чиқарилган (кўрсатилган хизматлар) маҳсулотлар ҳажмидан камида 30 фоизини протез-ортопедия буюмлари, ногиронлар учун инвентарлар, автомобиллар ва хизматлар (шу жумладан автомобил хизматлари) ташкил этса.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини қуйидаги асосий йўналишлар бўйича ривожлантиришни таъминласин:

ижтимоий тадбиркорлик принципларига риоя қилган ҳолда ўз фаолияти доирасида фойда олиш билан бирга ижтимоий самарага эришиш, долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож, меҳнат бозорида тенг рақобатлаша олмайдиган ва иш топишда қийналадиган аҳоли қатлами, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари ташкил этиш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлаш, иш билан бандлигини ҳамда инклюзив муҳитни ривожланишини таъминлаш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус психологик-педагогик, ҳуқуқий, ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаётий кўникмаларни ривожлантириш учун клублар, тўгараклар ва ўқув марказлар ташкил этиш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадлари ва турмуш даражасини ошириш ҳамда уларнинг бошқа фуқаролардан кам бўлмаган тарзда ҳаёт кечиришини таъминлаш.

3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда, 2018 йилнинг 1 декабригача бўлган муддатда, Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда, ривожланган мамлакатларнинг хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш, уни давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва уларнинг фаолият эркинлигининг кафолатлари ҳамда ижтимоий тадбиркорликда меҳнат фаолиятини амалга оширадиган ходимлар, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва ижтимоий муҳофазасини аниқ белгилаш лозим.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2018 йил 1 июлдан:

микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан ногиронлиги бўлган фуқаролар билан меҳнат шартномалари тузилганда, банд ходимларнинг ўртача йиллик сони қонун ҳужжатларида белгиланган чекланган нормативдан 50 фоизгача оширилган ҳолларда, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун назарда тутилган имтиёзлар, кафолатлар ва ҳуқуқлар уларда сақланиб қолади;

меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ногиронларнинг иш ҳақи фондидан мажбурий тартибда тўланадиган ягона ижтимоий тўлов миқдори 50 фоизга камайтирилади;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ижтимоий тадбиркорлик фаолияти доирасида фойдаланиладиган асбоб-ускуна ва инвентарлар мол-мулк солиғи тўлашдан тўлиқ озод этилади;

ижтимоий тадбиркорлар товарлар ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш)да фойдаланилган коммунал хизматлари (электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, канализация, табиий газ ва иситиш) ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилади;

ногиронлиги бўлган шахсларга тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун, шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча иш ўринлари ташкил этган тадбиркорлик субъектларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг 1 000 баробаригача бир марталик субсидиялар бериш тартиби жорий этилади;

ижтимоий тадбиркорлик субъектлари томонидан товарлар етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) бўйича давлат ва корпоратив харидлари тизими доирасида амалга ошириладиган тендер (танлов) ва электрон савдоларида иштирок этганда тенг шароитлар юзага келган ҳолларда уларнинг таклифларига устиворлик берилади;

ижтимоий тадбиркорлик субъектлари ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари тасарруфидаги корхоналар томонидан давлат мулки объектларини “ноль” харид қийматида инвестиция киритиш шарти билан ўтказиладиган тендер (танлов) савдоларида иштирок этган ҳолларда тенг шароитлар юзага келган ҳолларда уларнинг таклифларига устиворлик берилади;

ижтимоий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлар давлат мулки объектларидан фойдаланишида тўланадиган ижара тўловларидан тўлиқ озод қилинишини таъминласин.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларни турмуш шароитини яхшилаш мақсадида берилган амалдаги барча имтиёз, преференция ва қўллаб-қувватлашлар сақлаб қолинсин.

5. Ўзбекистон ногиронларнинг жамоат бирлашмалари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг ижтимоий тадбиркорлик субъектлари учун кредитлашнинг соддалаштирилган тартибдаги янги схемасини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Ижтимоий корхоналар учун имтиёзли кредитлар қуйидаги шартларда берилади, бунда:

кредит суммаси – энг кам иш ҳақи миқдорининг 1 000 баробаригача;

асосий қарзни тўлашга олти ойлик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда уч йилгача муддатга;

ижтимоий тадбиркорлик лойиҳалари доирасида ажратиладиган имтиёзли кредитларнинг йиллик фоиз ставкаси яратиладиган жами иш ўринларидан ногиронлар учун иш ўринлари сонидан келиб чиққан ҳолда, Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасига нисбатан:

ставка миқдорида – 30-50 фоиз иш ўрни;

50 фоизи миқдорида – 51-70 фоиз иш ўрни;

70 фоизи миқдорида – 71 фоиздан юқори иш ўрни ногиронлар учун яратилиши кўзда тутилганда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш Давлат жамғармасига ижтимоий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи субъектлар томонидан лойиҳаларни амалга ошириш учун кредит маблағларини ажратишда кафиллик бериб борилиши назарда тутсин.

6. Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтожлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ҳудудда қурилаётган арзон уй-жойларнинг камида 5 фоизини I – гуруҳ ногиронлари ва яккаю ёлғиз ногиронларга бошланғич бадалсиз бериш тартиби жорий этилсин.

Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига:

бошланғич бадаллар учун зарур бўлган маблағларни, шу жумладан, 2018 йилда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан шакллантириш чораларини кўриб бориш;

ногиронлиги бўлган шахслар учун кўп қаватли уй-жойлардан хонадонларни устивор равишда 1 ва 2-қаватлардан ажратилишини назарда тутиш топширилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналари мудирлари, Хотин-қизлар қўмиталари раислари ногиронлиги бўлган, эҳтиёжманд фуқароларни уй-жой билан таъминлаш жараёнини жамоатчилик вакилларини кенг жалб этган ҳолда амалга оширсин ҳамда ижтимоий адолат тамойилига қатъий риоя этилишини назоратга олсин.

7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги босма ва электрон оммавий ахборот воситаларини кенг жалб этган ҳолда, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида ушбу Фармон мақсад ва вазифаларини мунтазам ва ҳар томонлама тизимли асосда ёритишни таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов зимасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1"Ўзбекистон Республикасида ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳасини ишлаб чиқиш"Ўзбекистон Республикасида ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳасини ишлаб чиқиш15.03.2018 й.Иқтисодиёт вазирлиги

So`rovnoma natijalari