Hujjat nomi
Навоий вилояти Конимех туман ҳокимлиги
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotNavoiy viloyati Konimex tuman hokimligi
Hujjat muallifiNavoiy viloyati Konimex tuman hokimligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-03-02 11:29:10
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-03-17 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

"ЛОЙИҲА"

Конимехтуманида ташқи рекламани жойлаштириш тартибига

ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонунларига асосан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 26 июндаги 243-сонли “Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонунининг бажарилишини таъминлашнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини бажариш мақсадида,

ҚАРОР ҚИЛАМАН:

1.“Конимехтуманида ташқи рекламани жойлаштириш Тартиби" 1-иловага, “Конимехтумани ҳокимлигининг реклама-ахборот фаолияти бўйича комиссия таркиби" (кейинги ўринларда "Комиссия" деб юритилади) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2.Конимехтумани тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги реклама берувчилар ва тарқатувчилар билан туман ҳокимлиги Комиссия ўртасидаги алоқаларни амалга оширишда “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасининг эътиборга лойиқ фаолиятини инобатга олиб, мажлисларини тайёрлаш ва ўтказиш. ташқи рекламани жойлаштириш ва рухсат этиш хусусиятига эга хужжатлар реестрини юритиш комиссиянинг ишчи органи “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси зиммасига юклатилсин.

3.Ташқи реклама воситаларини жойлаштириш учун ундириладиган йиғим комиссиянинг ишчи органи “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳисоб рақамига тушуриш. маблағнинг 60 фоизи комиссия карорига асосан вилоятда ташки тарғибот иншоотларини кўпайтиришга, уларнинг андозаларини замонавий шакл ва услублар асосида такомиллаштиришга ҳамда вилоят ва туман ҳокимининг қарорлари, фармойишлари ва дастурларидаги ижтимоий ташқи тарғибот ва ахборотларни жойлаштириш юзасидан белгиланган вазифаларни бажаришга, шунингдек 40 фоизи эса ишчи орган комиссиянинг фаолият юритиши учун сарфланишга йўналтирилсин.

4.Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, ташқи рекламани жойлаштириш Комиссияси раиси (А.Расулов) зиммасига юклатилсин.

Туман ҳокими М.Эгамқулов



Конимех тумани ҳокимининг

2018 йил ____ -сонли қарорига

1-илова

Конимехтуманида ташқи рекламани жойлаштириш

ТАРТИБИ

Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 26 июндаги 243-сонли “Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонунининг бажарилишини таъминлашнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2001 йил 26 мартдаги 4-сон қарори билан тасдиқланган Рекламани жойлаштириш тўғрисидаги Низомга (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2001йил 6 апрелда 1024-сон билан рўйхатга олинган) мувофиқ ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Конимехтумани ҳудудида ташқи рекламани жойлаштириш жараёнида юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади.

1.УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1.Ташқи реклама воситаларининг жойлаштирилиши устидан раҳбарлик ва назорат Конимехтумани ҳокимиятининг реклама-аҳборот фаолияти бўйича комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

1.2.Реклама берувчилар (реклама тарқатувчилар) билан Комиссия орасидаги алоқани амалга ошириш, реклама воситаларини ҳисобга олиш, паспортлаштириш, реклама берувчиларнинг аризаларини комиссия муҳокамасига киритиш, ташқи реклама воситаларини жойлаштирганлиги учун тўланадиган ҳақларни жамлаш ваКонимехтумани ҳокимияти топшириқларига асосан тақсимлаш, ташқи реклама воситаларини ва рекламани жойлаштириш тартибига риоя этилиши устидан мониторингни ташкил этиш Комиссиясининг ишчи органи - вилоят “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси (кейинги матнда“Комиссиянинг ишчи органи”) томонидан унинг ваколатидоирасида ва мазкур тартиб асосида амалга оширилади.

Реклама берувчилар (реклама тарқатувчилар) мустақил равишда Комиссия ва унинг ишчи органига хатлар билан мурожаат этишлари мумкин.

1.1.Мазкур тартиб асосида Комиссиядан реклама жойининг паспортини жойлаштириш ҳуқуқиниолган ҳар қандай юридик ва жисмоний шахс Конимех туманида ташқи реклама воситаларини жойлаштириши ва улардан фойдаланиши мумкин.

II. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР, АТАМАЛАР ВА ТАЪРИФЛАР

2.1.Ушбу тартибда “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида кўрсатилган қуйидаги тушунчалар ва атамалар қўлланилади:

ташқи рекламани жойлаштириш жойи - Конимехтумани ҳудудига қаратилган маҳсус белгиланган жой, ажратилган майдон (тупроқ, ер, асфальт, кўкаламзорлаштирилган майдон ва ҳ.к), шунингдек Конимехтумани ҳудудида жойлашган бино, иншоот ёки улар мажмуасининг устки ва ён қисмларида жойлашган айрим майдон;

ташқи реклама жойининг паспорти (кейинги матнларда –“паспорт”)- белгиланган шаклдаги ҳужжат бўлиб, у ташқи реклама воситаси ўрнатиладиган жойнинг теҳник ҳужжати ҳисобланади;

монтаж ишларини бажаришга гувоҳнома - Комиссия томонидан бир марта бериладиган белгиланган муддатда ташқи рекламанинг техник воситаларини ўрнатиш ҳуқуқини берувчи белгиланган шаклдаги ҳужжат;

ташқи реклама воситасини жойлаштириш ҳуқуқини бериш шартлари бўйича контракт (кейинчалик матнда “Контракт”) - Комиссия номидан унинг ишчи органи ва реклама берувчи ёки унинг тарқатувчиси ўртасида тузиладиган, реклама берувчи ёки унинг тарқатувчисининг муайян муддат давомида маълум жойда белгиланган тарифларга мувофиқ ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқини тасдиқловчи келишув;

Шартнома - Ташқи рекламанинг техникавий воситаларини урнатиш учун реклама жойини паспортини ва бошка ҳужжатларни тайёрлаб бериш бўйича пуллик ҳизматларга ишчи органи ва реклама берувчи ёки унинг тарқатувчиси ўртасида тузиладиган келишув;

Бош келишув - мазкур Тартиб шартларига риоя этиш тўғрисида реклама тарқатувчи ва Комиссия номидан унинг ишчи органи ўртасида тузиладиган келишув.

III.КОНИМЕХ ТУМАНИ ҲУДУДИДА ТАШҚИ РЕКЛАМАНИ ЖОЙЛАШТИРИШГА ОИД

ТАЛАБЛАР

З.1. Конимех туманиҳудудида бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида беистисно реклама ва тижорат аҳборотларни тарқатиш учун ўрнатилган, ерда, бинолар, қурилмалар, иншоотларнинг ташқи деворлари, томлари ва ўзга конструктив элементларида, шунингдек жамоат транспортининг ҳаракатдан тўхташ жойларида, таксофонларнинг кабиналарида, йуловчи ажратмаларида ва туман инфратузилмасининг бошқа объектларида жойлаштирилган реклама лавҳалари, стендлар, осма транспарантлар ҳамда турғун ҳудудий жойлаштиришнинг ўзга воситалари (кейинчалик матнда “реклама конструкциялари”) ташқи реклама воситаларининг объектлари ҳисобланади.

3.1.1.Реклама жойини олиш ва реклама конструкциясини жойлаштириш истагини билдирган аризачи Комиссиянинг ишчи органига ариза билан мурожаат қилиши лозим. Аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

-аризадан мақсад;

-конструкция тури ва унинг ўлчамлари;

-аризадаги реклама жойининг мавжуд объектларга боғлик ҳолда аник манзили;

-аризачининг имзоси ва муҳри;

-зарур бўлса, реклама конструкциясининг ўрнатилиши мўлжалланган мулк эгалари, шунингдек реклама конструкциясини ўрнатиш мўлжалланаётган ҳудуд эгалари билан келишув;

-қабул қилинган ариза рўйхатга олинади: унда кириш рақами, қабул қилинган санаси ва вақти кўрсатилади. Тўлиқ бўлмаган аризалар қабул қилинмайди.

3.1.2Комиссиянинг ишчи органи 5 кун ичида сўралаётган жойга бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг буюртмаси бор ёки йўқлигини ўрганиб чиқади, шунингдек сўралаётган жой бўйича аниқ ахборот йўллаш учун аризада кўрсатилган жойга чиқади.

Агар сўралган жой бўш бўлиб, реклама конструкциясини ўрнатиш учун техникавий имкониятлар мавжуд бўлса, реклама тарқатувчига реклама жойининг техник ҳужжати - паспортини тайёрлаш ва масъул органлар билан келишиш хизмати учун тўлов шатрномаси ёзиб берилади.

Тарқатувчи 5 банк иш куни давомида берилган шартнома бўйича тўловни амалга ошириши лозим.

Шартнома бўйича белгиланган муддат ичида тўлов амалга оширилмаса, ариза бекор қилинади ва реклама жойи яна бўш ҳисобланади.

Комиссия ишчи органи ҳисоб рақамига тўлов келиб тушгандан сўнг 30 кун ичида ишчи органи реклама жойининг паспортини тайёрлайди ва уни келишиш жараёнини амалга оширади, ушбу жараёндан сўнг навбатдаги комиссия мажлиси муҳокамасига киритилади.

3.1.3Реклама жойини паспортлаштириш жараёни тугалланиб, ташқи рекламанинг техникавий воситаларини ўрнатишда барча манфаатдор ташкилотларнинг розилиги олингандан сўнг Комиссиянинг ишчи органи паспортга рўйхат рақами беради ҳамда ўрнатиш ишларини бажариш учун рухсат беради.

3.1.4Давлат ҳокимияти органлари томонидан бирон - бир ҳудуд, майдон, кўчалар ташқи реклама жойлаштирилишидан холис зона деб белгиланса, шунингдек қурилмаларни балансида ушловчи томонидан ўз ҳудуди ва биноларининг ташқи томонларида реклама воситаларини жойлаштириш чекланса, мазкур жойларга ташқи реклама воситаларини жойлаштиришга аризалар қабул килинмайди.

3.2. Ташқи реклама воситаларини жойлаштириш:

3.2.1.Реклама конструкцияси қуйидагилар мавжуд бўлганда жойлаштирилади:

-реклама жойининг паспорти;

-Комиссия раиси томонидан имзоланган ўрнатиш ишларига Гувоҳнома;

-реклама конструкциясининг техникавий чизмаси;

-Комиссия ишчи органи вакилининг мажбурий иштироки;

- ишлар транспорт воситалари ҳаракати зонасида олиб борилган такдирда Конимехтумани ИИБ ЙҲҲБ билан келишилган, йўл техникаси ва йўл белгилари ва жойлаштирилиши кўрсатилган ишлаб чиқариш ишларининг схемаси ва иш олиб бориш вақти муддатлари;

Рекламанинг техникавий воситаси Комиссия ишчи органи вакилининг иштирокисиз ўрнатилса, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонунига мувофиқ чоралар кўриш учун ноқонуний ўрнатиш ишлари бажарилгани тўғрисида далолатнома тузилади;

-реклама конструкциясининг зонаси бевосита реклама майдони бўйича аниқланади.

3.2.2.Ташқи реклама воситаларини автомобиль йўллари ва кўчаларга ажратилган ҳудудлар чегарасида ўрнатишга рухсат берилади, бунда йўл ёқасидан 1 метр масофада ва ажратиш зоналарида жойлашган реклама воситалари йўловчилар ва ҳайдовчилар учун кўринишни тусиб қўймайдиган таянчларга эга бўлиши керак. Ташқи реклама ва ахборотлар йўл ҳаракати белгилари билан ўхшаш бўлмаслиги, уларнинг кўринишига ҳалақит бермаслиги, шунингдек йўлда транспорт воситаси, йуловчи бирон-бир объект турганидек тасаввур туғдирмаслиги керак.

3.2.3.Бир қаторда ва бир йўналишда кетма-кет жойлаштирилаётган бир хил турдаги катта ва ўта катта реклама конструкциялари оралигидаги масофа 150 метрдан кам бўлмаслиги керак. Йўлнинг транспорт ҳаракати йуналиши қисмидан кўринишни тўсиб қўймайдиган (шунингдек кичик ва ўрта форматдаги) реклама конструкциялари бундан мустасно;

-агар реклама конструкциялари бир-бирига нисбатан параллел ёки перпендикуляр равишда ўрнатилган, яъни, йўлнинг турли ўқлари бўйлаб жойлашган бўлса, ўрнатилаётган конструкциялар ўртасидаги масофа 150 метрдан кам бўлиши мумкин;

3.2.4.Агар ташқи реклама ва ахборотнинг техникавий воситасини ўрнатиш учун ерни кавлаш ёки ер ишларига боғлиқ бошқа ишларни бажариш талаб этилса, тарқатувчи ушбу ҳаракатларини тегишли хизматлар (туман Архитектура ва қурилиш бўлими, Уй—жойлардан коммунал фойдаланиш бўлими, туман ободонлаштириш бўлими билан келишади;

3.2.5.Ташқи реклама воситаларини жойлаштириш ҳуқуқи рухсатномаларини бериш ёки келишувларни амалга ошириш масалаларида низо чиққанда улар Комиссия мажлисларида кўриб чиқилади ёки ҳаракатдаги қонун доирасида суд органлари орқали ҳал этилади.

3.2.6.Ташқи рекламани маданий ёдгорлик объектларида, йўл белгилари, светофорлар ва транспорт ҳаракатини тартибга солувчи конструкцияларда, шунингдек дарахтлар ва ёндош ҳудудга ҳамда туман хизматларининг коммуникация тармоқларига зарар етказиб жойлаштириш тақиқланади.

3.2.7.Фирмаларнинг фаолиятига алоқадор бўлмаган, бозорлар, ёнилғи қўйиш шаҳобчалари, савдо жойлари ва бошқа объектларда ўрнатилган ва туман муҳитига қаратилган реклама безаклари ташқи реклама ҳисобланади ва мазкур Тартибга мувофиқ расмийлаштирилиши лозим.

-ўлчами 500 кв.см.дан кам бўлган ташқи реклама учун ҳақ ундирилмайди.

З.З.Кўрсаткичларни жойлаштириш:

З.З.1.Кўрсаткичлар кўринишидаги реклама воситалари - фақат корхона ҳақида аҳборот бериши, яъни, ушбу корхонанинг эмблемаси ёки фирма белгисини, номини ва мазкур ташкилот жойлашган манзилини акс эттириши мумкин. Корхонанинг маҳсулоти ёки хизматлари тўғрисидаги бошка маълумотларнинг мавжудлиги ташқи реклама ҳисобланади.

3.3.2. Реклама кўрсаткичларини ўрнатиш мажбурий тартибда кўрсаткичнинг техникавий паспорти расмийлаштирилиб, кўрсаткични ўрнатиш ҳуқукига Комиссиянинг Гувоҳномаси олингандан сўнг амалга оширилади. Бунда фақат техник паспортни тайёрлаш ва Гувоҳномани расмийлаштириш учун кетган ҳаражатлар шартнома асосида тўланади. Мазкур Гувоҳноманинг амал қилиш муддати кўпи билан бир йил.

3.3.3.Ахборот кўрсаткичларининг ўлчами 3 кв.м. дан ортиқ бўлмаслиги керак.

Кўрсаткичлар Комиссия томонидан тасдиқланган намуналарга мувофиқ шакл ва тузилишга эга бўлиши керак.

3.4.Аҳолига хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотларнинг ахборотва реклама воситаларини жойлаштириш.

3.4.1.Аҳолига хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотларнинг ахборот воситаларига корхоналар ва бошқа ташкилотлардаги кронштейн ва пешлавҳалар кириб, корхонанинг номи мулкчилик шакли, идоравий буйсиниши ёки фаолият тури бўйича маълумотлар акс эттирилади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ёки сотилаётган товарлар (кўрсатилаётган хизматлар) рўйхати, корхона ва фирмаларнинг эмблема ва товар белгилари (сотилаётган товарлар, фойдаланилаётган ускуналар ҳамда хомашё материалларининг эмблемалари ва товар белгилари) реклама ҳисобланади.

3.4.2.Ахборот лавҳачалари тайёрловчи (бажарувчи, сотувчи) тўғрисидаги аҳборотни истеъмолчининг эътиборига етказиш учун мўлжалланган. Хизмат кўрсатиш соҳасининг ҳар бир корхонаси аҳоли кириш жойларнинг сонига мувофиқ битта ёки бир нечта ахборот лавҳачасига эга бўлиши мумкин. Лавҳачада фақат корхона тўғрисида ахборот кўрсатилиши мумкин:

-корхонанинг кайд этилган (юридик) номланиши;

-корхонанинг иш тартиби.

Ахборот лавҳачалари бинонинг деворида корхонага кириш жойининг ёнида ёки кириш эшигида ташриф буюрувчиларга яхши кўринадиган тарзда жойлаштирилиши мумкин.

Ахборот лавҳачасининг ҳажми 1 кв.м. дан ошмаслиги керак.

3.4.3.Корхоналар, ташкилотлар ва хусусий тадбиркорларнинг ахборот воситалари - манба сифатида юридик шахслар ва хусусий тадбиркорларнинг ўзлари томонидан ўзларига тегишли ахборот воситаларида тарқатадиган ахборот. Бундай воситанинг ўлчами 2 кв. м. дан ошмаслиги лозим.

Бошқа фото ва матнли маълумотлар, ўзга товар белгиларининг ёки логотипларнинг мавжудлиги реклама сифатида кўрилади.

3.4.4.Аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича корхона ва ташкилотларнинг ахборот ва реклама безак воситалари реклама ҳисобланмайди ва Комиссиядан рухсатнома ҳужжатлари олишни талаб этмайди.

3.5.Том усти қурилмаларини жойлаштириш:

-бино томининг карнизидан тўлиқ ёки қисман баландда жойлаштириладиган ушбу (ҳажмий ёки ясси) реклама конструкциялари маҳкамловчи элементлар (конструкциянинг ишлаб чиқилган лойиҳаси Комиссия билан келишилади) ҳамда конструкция ва ахборот қурилмасининг кўтариб турувчи қисмидан иборат;

-биноларда ўрнатилаган том усти қурилмалари ахборот юзасининг майдони тўлов суммасини ҳисоблашда бутун конструкциянинг ташқи габарит ўлчамлари бўйича аниқланади.

Конструкция ўрнатилган жойнинг ижараси бинонинг баланс эгаси билан алоҳида келишув бўйича амалга оширилади. Комиссия реклама тарқатувчи билан бинони баланс эгаси ўртасидаги муносабатларга аралашишга ҳақли эмас.

3.6.Бинолар деворларининг юзасида деворий реклама конструкцняларни қуйидаги куринишда жойлаштириш:

-бевосита девор юзасига туширилган тасвир (ахборот юзаси);

-деворга маҳкамлаш элементлари, каркас ва ахборот юзасидан иборат конструкция;

-деворий паннолар якка тартибдаги лойиҳалар бўйича бажарилади;

-биноларнинг олд деворларида уларнинг катта қисмини, витрина ва деразаларнинг ойналарини тўсиб қуювчи йирик ўлчамли қалқонли реклама ва баннерли реклама ташувчиларни ўрнатишга йўл қўйилмайди.

3.7.Витражларни жойлаштириш.

Витражлар - дераза ёки эшик бўшлиқларида ёки биноларнинг томида ўрнатиладиган реклама конструкцияларидир. Конструктив жиҳатдан витражлар асос, каркас ва шаффоф юзадан иборат.

-хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналарининг витражларида корхонанингфаолият йўналишига мос бўлмаган реклама безакларини жойлаштиришга йўл қўйилади. Бунда ушбу безаклар витраж майдонининг кўпи билан 20 фоизини эгаллаши мумкин. Реклама безаклари 20 фоиздан кўп бўлган тақдирда бу реклама деб ҳисобланади ва ўрнатилган тартибда паспортлаштирилиши шарт.

3.8.Театр ва концерт афишалари, оммавий маданий, спорт ва бошқайўналишдаги тадбирлар эълонларини жойлаштириш:

Афиша - ўтказиладиган оммавий маданий, спорт ва бошқа йўналишдаги тадбирлар,промо - акциялар тўғрисидаги ахборотни ўзида

мужассамлаштирган ёзув рекламасининг асосий воситаларидан биридир.

Театр ва концерт афишалари, оммавий маданий, спорт ва бошқа йўналишдаги тадбирлар эълонларини жойлаштириш учун мўлжалланган махсус мосламаларни (кейинчалик махсус мосламалар) жойлаштириш мазкурТартибгаасосанКомиссиянингишчиорганиорқали

расмийлаштирилиши лозим;

Махсус мосламалар Комиссия томонидан тасдиқланган андозавий намуналарга мувофиқ шакл ва тузилишга эга бўлиши керак;

-мазкур Тартибга асосан тегишлича расмийлаштирилмасдан ўрнатилган барча махсус мосламалар ва улардан ташқарида ўрнатилган барча афиша ва эълонлар берухсат ўрнатилган ҳисобланади;

-Конимех туманида берухсат ўрнатилган афиша ва эълонлардан тозалаш Комиссия томонидан белгиланган масъул корхона ёки ташкилотларга юклатилади. Тозалаш бўйича қилинган барча сарф-ҳаражатлар берухсат афиша ва эълонларни жойлаштирган корхона ва шахслардан ундирилади.

IV.КОНИМЕХ ТУМАНИ ҲУДУДИДА ЎРНАТИЛАДИГАН ТАШҚИ РЕКЛАМА ОБЪЕКТЛАРИГА ҚУЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

4.1.Реклама конструкцияси ва унга қуйиладиган талаблар:

-техник босим хавфсизлигининг юқори даражасини ҳамда шамол босими ва фойдаланишда етарлича турғунликни таъминловчи материаллардан тайёрланиши лозим;

-реклама конструкциясининг устуни “0” белгисидан реклама майдонигача камида 5,0 м. баландликка эга бўлиши лозим, бунда реклама қурилмасининг тузилиши транспорт воситаларининг ҳайдовчиларга зарур кўриш сатҳини таъминлаши керак;

-реклама конструкциясининг устуни ташқи кўринишини ёмонлаштирувчи элементлар(пайвандлаш чоклари, занг, шикаст)сиз тўғри текис юзага эга бўлиши керак.

V.ТАШҚИ РЕКЛАМАНИ ЖОЙЛАШТИРИШГА РУХСАТ ОЛИШ ТАРТИБИ

5.1.Ташқи рекламани жойлаштириш истагини билдирган реклама тарқатувчи Комиссиянинг ишчи органига реклама жойлаштириш буйича ариза билан мурожаат этади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

-тарқатилаётган ташқи реклама эскизи ва реклама матни;

-агар маҳсулот сертификатланиши мажбурий бўлса, Уздавлатстандарти

ёки сертификатлаш ҳуқуқига эга идора томонидан берилган мувофиқлик

сертификатининг нусхаси;

-агар маҳсулот сертификатланиши мажбурий бўлса, Ўздавлатстандарти ёки сертификатлаш ҳуқуқига эгаидора томонидан берилган мувофиқлик сертификатининг нусхаси;

-агар реклама қилинаётган фаолият турини лицензиялаш зарур бўлса, тегишли лицензиялар нусхаси.

5.2.Ариза топширилганидан сўнг у Комиссия ишчи органи томонидан рўйхатга олинади ва Комиссияга юборилади.

5.3.Комиссиянинг ижобий қарори олинган такдирда:

-Комиссия номидан унинг ишчи органи реклама берувчи билан ташқи реклама воситаларини жойлаштириш ҳуқуқи берилганлиги учун ҳақини ундириш юзасидан контракт тузади.

-ташқи рекламани воситаларини жойлаштириш ҳуқуқи берилганлиги учун ҳақини ундириш юзасидан контракт бўйича маблағлар келиб тушганидан сўнг тарқатувчига ташқи реклама воситаларини жойлаштириш ҳуқуқини берувчи Комиссиянинг гувоҳномаси берилади. Гувоҳнома билан бирга мажбурий тартибда реклама жойи паспортининг нусхаси ҳам тақдим этилади.

5.4.Ташқи рекламанинг техникавий воситасини томонларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра (қайта қуриш, қурилиш ёки таъмир ишларининг олиб борилиши ва ҳ.к.) олиб ташлаш зарурати юзага келса, ишчи органи 10 кунлик муддат ичида реклама берувчи ёки уни тарқатувчисини ушбу тадбирларнинг ўтказилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши, тарқатувчига ташқи рекламани жойлаштиришга тенг қийматли жойдан фойдаланиш ҳуқуқини бериши керак.

Техникавий восита реклама берувчи ёки унинг тарқатувчиси томонидан ва унинг ҳисобига (харажатлари) олиб ташланади.

VI.ТАШҚИ РЕКЛАМА ВОСИТАЛАРИНИ ЖОЙЛАШТИРИШ ҲУҚУҚИ УЧУН ТЎЛОВ

6.1.Конимехтуманида ташқи реклама воситаларини жойлаштириш ҳуқуқи учун ҳақлар Комиссия номидан унинг ишчи органи ва реклама таркатувчи ўртасида тузиладиган Контракда қайд этилган шартларда, тасдиқланган тарифлар асосида амалга оширилади.

6.2.Реклама жойига реклама-ахборот фаолияти бўйича Комиссия билан келишилган ва рухсат берилган ижтимоий реклама жойлаштирилган ҳолларда ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуки учун ҳақ олинмайди.

VII.РЕКЛАМА ТАРҚАТУВЧИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

-7.1 .Тарқатувчининг мажбуриятлари:

-ташқи реклама воситаларини жойлаштириш билан боғлиқ барча ҳаракатларини қатъий равишда Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни ва Конимехтуманида ташқи рекламани жойлаштиришнинг ушбу Тартибига мувофиқ амалга ошириш;

Конимехтуманида реклама воситаларини фақат рекламани жойлаштиришга рухсат берилгани тўғрисидаги Гувоҳнома асосида жойлаштириш;

-Комиссиянинг рекламани жойлаштириш муддатини узайтириш бўйича рад қарори олинган такдирда, ўз ҳисобига реклама воситасини олиб ташлаш ёки реклама воситасини олиб ташлаш бўйича қилинган ҳақиқий ҳаражатлар қийматини тўлаш;

-реклама конструкцияси ёки реклама қопламаларининг ташқи кўриниши ёмонлашган тақдирда хабар қилингандан сўнг 3 суткадан кечиктирмаган ҳолда тиклаш ишларини ўтказиш;

-реклама воситалардаги реклама қопламаларининг кўринишини ўзбошимчалик билан ўзгартирмаслик;

-тасдиқланганэскиз,жойлаштиришсхемасиварекламажойининг

паспортига мувофиқ қатъий равишда ажратилган реклама жойидан фойдаланиш ва реклама воситасини ўрнатиш. Тасдиқланган лойиҳа, жойлаштириш схемаси, реклама воситасининг паспорти ва кўринишидан четга чиқилгани аниқланса, Комиссиянинг ишчи органи далолатнома тузади ва тарқатувчини ёзма шаклда хабардор қилади. Далолатномада кўрсатилган муддатдан бошлаб 5 кун ичида реклама тарқатувчи бузилишларни ўз ҳисобидан бартараф қилиши шарт. Мавжуд бузилишлар кўрсатилган муддатда бартараф этилмаган такдирда комиссия ёки унинг номидан ишчи органи амалдаги қонунчилик бўйича чора кўриш учун ҳужжатларни Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармасига юборади.Монополиядан чиқариш ва ракобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси кўрсатмалари бажарилмаган тақдирда Комиссия ўз қарори билан конструкция олиб ташланишини таъминлашга ҳақли, реклама тарқатувчининг мазкур реклама жойига ҳуқуқи бекор қилинади ва реклама жойининг паспорти тендер комиссиясига берилади. Конструкцияни олиб ташлаш, ташиш ва сақлашга оид барча ҳаражатлар реклама конструкциясининг эгаси бўлган реклама тарқатувчи томонидан тўланади. Конструкцияни олиб ташлаш, ташиш ва сақлашга доир қарздорлик 30 кун муддат ичида тўланмаган тақдирда бундай конструкция амалга оширилган ҳаражатларни қоплаш учун манфаатдор шахсларга сотувга чиқарилади;

-талаб қилинганида ишлаб чиқарувчи ёки реклама тарқатувчисининг реклама ахборотларининг ҳаққонийлигини тасдиқловчи ҳужжатларини тақдим этиш;

-реклама қилинаётган товар ва хизматларга тегишли лицензия (фаолият лицензияланиши лозим бўлса) ва сертификатни (фаолият мажбурий тартибда сертификатланиши лозим бўлса) такдим этиш.

VIII.КОМИССИЯ ИШЧИ ОРГАНИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

8.1.Комиссия ишчи органи:

-Шартнома тузиш ва реклама берувчи томонидан асоссиз равишда шартнома тузишдан бош тортиши натижасида етказилган зарарни қоплашга мажбур қилиш бўйича даъво билан суд органларига мурожаат қилиш;

қонунчиликда белгиланган ҳолатларда тарқатувчидан тегишли лицензия ва сертификатларни талаб қилиш;

-реклама-ахборот фаолияти бўйича Комиссия билан келишган ҳолда ташқи реклама паспортини ва уни жойлаштиришга рухсат бериш тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштиришгани учун кетадиган ҳаражатларни қоплаш учун қўшимча ҳақ олиш;

-тарқатувчиларга белгиланган тартибда ишчи органнинг Уставида кўрсатилган қўшимча пуллик хизматлар кўрсатишга ҳақли.

8.2.Комиссия ишчи органи мажбуриятлари:

-реклама тарқатувчига ҳеч қандай тўсиқсиз рекламани жойлаштириш тартиби ва реклама жойларига расмийлаштирилган бўш паспортларнинг мавжудлиги, шунингдек рекламани жойлаштириш билан боғлик ва Комиссия фаолиятига тегишли бўлган бошқа масалалар бўйича маълумотларни бериш;

-реклама тарқатувчини у томонидан ижарага олинган реклама жойи атрофидаги ҳудудларда қайта таъмирлаш ишлари ўтказилиши ҳақида огоҳлантириш;

-тўланган рекламани жойлаштириш муддатининг тугагунига қадар томонларга боғлиқ бўлмаган ҳолда реклама (йўллар, майдонларни қайта таъмирлаш, қурилиш ёки ер билан боғлиқ ишларнинг ўтказилиши ва бошқа сабабларга кўра) олиб ташланса, тарқатувчига янги реклама жойи бериш, фойдаланилмаган даврдаги суммани қайта ҳисоб-китоб қилиб, янги реклама жойи ҳисобига ўтказиш ёки уни қайтариб бериш.

IХ.РЕКЛАМА МАТЕРИАЛЛАРИНИ САҚЛАШ МУДДАТЛАРИ

9.1.Реклама тарқатувчилар реклама материаллари (гувоҳномалар, паспортлар ва реклама материалларини жойлаштиришга оид бошқа материаллар)ни рекламани жойлаштириш муддати якунланган охирги кундан бошлаб 1 йил давомида сақлашлари шарт.

Х.РУХСАТ ЭТИЛМАГАН РЕКЛАМАЛАР БИЛАН ИШЛАШ ТАРТИБИ

10.1.Комиссиянинг рухсат гувоҳномаси олинмасдан ҳар хил турдаги реклама воситаларини ўрнатиш ва уларга реклама жойлаштирилиши ўзбошимчалик билан ўрнатилган ҳисобланади ва рухсат этилмаган реклама ҳисобланади.

10.2.Рухсат берилмаган реклама жойлаштирган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан “Реклама тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан чоралар кўрилади.

XI.НИЗОЛИ ҲОЛАТЛАРНИНГ ҲАЛ ЭТИЛИШИ

11.Рекламани жойлаштириш жараёнида юзага келадиган низолар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ ҳал қилинади.

ХII.ТАШҚИ РЕКЛАМАНИ ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

12.Мазкур ташқи рекламани жойлаштириш тартибини бузган юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилади.


Конимех тумани ҳокимининг

2018 йил _____________

___ - сонли қарорига

2-илова

ТУМАН ҲОКИМЛИГИНИНГ РЕКЛАМА-АХБОРТ ФАОЛИЯТИ БЎЙИЧА

КОМИССИЯ ТАРКИБИ
1. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари

А.Расулов Кенгаш раиси

2. Туман маънавият-тарғибот бўлими раҳбари

Д.Бердалиева Кенгаш раиси ўринбосари

3. Туман Архитектура-қурилиш бўлими бошлиғи

Лавозимига кўра Кенгаш аъзоси

4. Туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи

Ё.Самандаров Кенгаш аъзоси

5. Туман ИИБ ИҲХБ бошлиғи

Ғ.Шодмонов Кенгаш аъзоси

6. ТуманМолия бўлими бошлиғи

Ж.Каримбаев Кенгаш аъзоси

7. Вилоят "Тасвирий ойина" ижодий уюушмаси раиси

Лавозимига кўра Кенгаш аъзоси


Туман ҳокимлиги

бош мутахассиси

___________Э.Тилегенов

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишКонимех туман ҳокимининг қарори лойиҳасини тайёрлаш01.03.2018Туман ҳокимлиги
2Ягона порталга норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришНорматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида келтирилган ташқи рекламани тартибини жойлаштириш02.03.2018Туман ҳокимлиги, Т.Айназаров
3Ишлаб чиқилган норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишИшлаб чиқилган норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ягона порталда муҳокама қилиш17.03.2018Ягона портал фойдаланувчилари
4Ишлаб чиқилган норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини таклифларга мувофиқ қайта ишлаб чиқишЯгона портал иштирокчиларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда, норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини қайта ишлаб чиқиш23.03.2018 гачаКонимех туман ҳокимлиги, туман Ободонлаштириш бошқармаси
5Норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ташкилот ва муассасалар билан келишишНорматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Конимех туман ҳокимлиги, туман Ободонлаштириш бошқармаси билан келишиш ҳамда Навоий вилоят Адлия бошқармасидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш 27.03.2018Туман ҳокимлиги, туман Ободонлаштириш бошқармаси, Навоий вилоят Адлия бошқармаси
6Ишлаб чиқилган ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тасдиқлашга киритишИшлаб чиқилган ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Конимех туман ҳокимига тасдиқлашга киритиш28.03.2018Туман ҳокимлиги

So`rovnoma natijalari