Hujjat nomi
ЛОЙИҲА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ Тиббиёт ташкилотларида шифокорнинг касбий хатосини аниқлаш ва уларни олдини олиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Sog`liqni saqlash vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-03-15 17:38:16
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-03-31 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР

МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Тиббиёт ташкилотларида шифокорнинг касбий
хатосини аниқлаш ва уларни олдини олиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт ташкилотларида тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, тиббиёт ташкилотларида беморларнинг шифокор касбий хатосидан хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Шифокорнинг касбий хатосини аниқлаш ва уларни олдини олиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

ушбу қарор билан тасдиқланган Низомнинг мазмун-моҳиятини мулкчилик шаклидан қатъий назар барча тиббиёт ташкилотлари раҳбарларига, тиббиёт ходимларига ҳамда аҳолига, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали етказилишини таъминласин;

уч ой муддат ичида бирламчи тиббий ҳужжатларни ҳамда рецептларни электрон шаклда юритиш тартибини ишлаб чиқсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В. Акмалов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил ___ мартдаги

____-сон қарорига
ИЛОВА

Шифокорнинг касбий хатосини аниқлаш ва уларни

олдини олиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, шифокорнинг касбий хатосини аниқлаш ва уларни олдини олиш тартибини белгилайди.

2. Низом талаблари мулкчилик шаклидан қатъий назар барча тиббиёт ташкилотлари ҳамда уларнинг тиббиёт ходимлари учун татбиқ этилади.

II. Беморларни шифокор касбий хатосидан хавфсизлигини
таъминлаш тартиби

3. Ҳар бир тиббиёт ташкилотида мажбурий тартибда беморларни шифокор касбий хатосидан хавфсизлигини таъминлаш бўйича эксперт гуруҳи (бундан буён - Эксперт гуруҳи деб юритилади) ташкил этилади. Тиббиёт ташкилотининг олий тиббий маълумотга эга бўлган раҳбари ёки бош шифокори эксперт гуруҳининг раиси бўлиб ҳисобланади.

4. Эксперт гуруҳи шифокорлар томонидан беморларга тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида диагностика ва даволаш стандартларига риоя этилишини назорат қилувчи ички тузилма бўлиб, тиббиёт ходимларининг касбий хатосини аниқлаш ва уларни олдини олиш мақсадида тузилади.

5. Эксперт гуруҳининг таркиби тиббиёт ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланади ҳамда унинг таркиби қоида тариқасида камида уч киши бўлади. Тиббиёт ташкилотида муайян тиббий ихтисосликлар бўйича бўлимлар ташкил этилган бўлса, ҳар бир бўлим мудирлари мажбурий тартибда Эксперт гуруҳи таркибига киритилади.

Нодавлат тиббиёт ташкилотлари Эксперт гуруҳи мажлисларига шартнома асосида тегишли тиббий ихтисосликлар бўйича малакали мутахассисларни жалб этиши мумкин. Соғлиқни сақлашни бошқариш органининг мутахассиси шартнома асосида эксперт гуруҳига жалб этилиши мумкин эмас.

Тиббиёт ташкилотида шифокорларнинг сони учтадан кам бўлса, бош шифокорнинг ўзи Эксперт гуруҳининг вазифаларини бажаради.

6. Эксперт гуруҳи мажлислари бир ойда камида бир марта ўтказилади. Кўрсатилган тиббий хизмат устидан шикоят тушган тақдирда, унинг навбатдан ташқари мажлиси шикоят тушган куннинг эртасидан кечиктирмасдан ўтказилади.

7. Эксперт гуруҳи аъзоларининг 2/3 қисми йиғилган тақдирда, у ваколатли бўлиб ҳисобланади.

Эксперт гуруҳининг хулосаси, унинг мажлисида иштирок этган аъзоларининг кўпчилик овози билан тайёрланади. Овозлар тенг бўлиб қолганда, беморнинг ҳуқуқи устуворлиги тамойили қўлланилади.

Эксперт гуруҳининг хулосасидан норози бўлган аъзо, хулосани имзолайди, бироқ хулосага илова қилиш учун ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда тақдим этиши мумкин.

8. Эксперт гуруҳининг вазифаларига қуйидагилар киради:

беморларга юритилган бирламчи тиббий ҳужжатларни таҳлил қилиб бориш;

кўрсатилган тиббий хизматдан шикоят қилган беморларнинг мурожаатларини муҳокама қилиш;

тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида соғлиғи оғирлашган ёки бўлмаса соғлиғига зарар етказилган беморлар бўйича муҳокама ўтказиш;

касбий хатога йўл қўйган шифокорнинг айблилик даражаси бўйича хулоса бериш;

тиббиёт ташкилоти раҳбарига касбий хатога йўл қўйган шифокорга нисбатан чора кўриш бўйича тавсия бериш;

тиббиёт ходимлари томонидан йўл қўйилаётган касбий хатолар сабабини
ва уларни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш;

тиббиёт ходимлари йўл қўйиши мумкин бўлган касбий хатоларнинг олдини олиш бўйича тегишли тавсиялар бериш.

II. Эксперт гуруҳи томонидан шифокорларнинг касбий
хатосини аниқлаш бўйича фаолияти

9. Эксперт гуруҳининг мажлисида тиббиёт ташкилотида даволанган беморларнинг тиббий ҳужжатлари уларга тиббий хизмат кўрсатишда диагностика
ва даволаш стандартларига риоя этилганлиги ҳолатини аниқлаш мақсадида танлов асосида ўрганиб чиқилади.

Эксперт гуруҳи томонидан бир ойда камида ўнта беморга оид бирламчи тиббий ҳужжатлар ўрганиб чиқилади.

10. Бирламчи тиббий ҳужжатларни ўрганиш жараёнида беморга тиббий хизмат кўрсатишда диагностика ва даволаш стандартларига риоя этилмаганлиги ҳолати аниқланса, беморни даволашда иштирок этган тиббиёт ходимига нисбатан чора кўриш юзасидан таклиф киритилади.

11. Ўрганилаётган ҳар битта беморнинг тиббий ҳужжати бўйича алоҳида хулоса расмийлаштирилади.

12. Ўрганиш натижалари бўйича Эксперт гуруҳи томонидан расмийлаштирилган хулосалар ҳамда унга илова қилинган ҳужжатлар, қўшимча равишда таҳлил этиш учун ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқаруви органларига, Республика даражасидаги давлат тиббиёт ташкилотларининг Эксперт гуруҳлари томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилади.

13. Эксперт гуруҳи томонидан юборилган ҳужжатлар соғлиқни сақлаш бошқаруви органларида тегишли мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилади. Ўрганиш натижалари бўйича шифокор томонидан касбий хатога йўл қўйилганлиги ўз тасдиғини топганда, касбий хатога нима сабабдан йўл қўйилганлиги ҳолатига аниқлик киритилади.

Касбий хатога шифокорнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли йўл қўйилганлиги ўз исботини топганда, шифокор ўз ҳисобидан иш ҳақи сақланмаган тарзда мажбурий тартибда малака ошириш курсларига юборилади.

14. Эксперт гуруҳи томонидан соғлиқни сақлашни бошқариш органига тақдим этилган хулоса холисона расмийлаштирилмаган (шифокорнинг касбий хатоси яширилган) бўлса соғлиқни сақлаш бошқаруи органи томонидан тегишли тиббиёт ташкилотига шу каби камчиликларга йўл қўймаслик ва уларни олдини олиш юзасидан тақдимнома киритилади. Ушбу ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар прокуратура органига юборилади.

15. Тиббиёт ташкилоти мазкур тақдимномани меҳнат жамоасининг мажлисида, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқаруви органи вакилининг иштирокида 10 иш куни ичида муҳокама қилиб, мажлис баённомаси нусхасини тақдимномани берган соғлиқни сақлаш бошқаруви органига юборади.

II. Шифокорнинг касбий хатоси оқибатида етказилган зарар тўғрисида соғлиқни сақлаш органларига хабар бериш, уларни кўриб
чиқиш ва хизмат текширувини ўтказиш тартиби

16. Шифокорнинг касбий хатоси оқибатида бемор соғлиғига зарар етказилганлиги ҳолати бўйича бемор ёки унинг яқин қариндошлари бевосита беморга тиббий хизмат кўрсатган тиббиёт ташкилотига ёки соғлиқни сақлашни бошқариш органига шикоят билан мурожаат этишлари мумкин. Шикоят бевосита Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг виртуал қабулхонасига ҳам юборилиши мумкин.

17. Шикоят бевосита тиббиёт ташкилотига тақдим этилган тақдирда, мазкур мурожаат дастлаб тиббиёт ташкилотининг Экспертлар гуруҳи томонидан, ушбу Низомда белгиланган тартибда ўрганиб чиқилади ҳамда ўрганиш натижаси бўйича тегишли хулоса тайёрланиб, шикоят муаллифига ҳамда қўшимча равишда таҳлил этиш учун ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқаруви органига юборилади.

Шикоят муаллифи ёки беморни даволаган тиббиёт ходими Эксперт гуруҳининг хулосасидан норози бўлган тақдирда, тегишли соғлиқни сақлашни бошқаруви органига шикоят билан мурожаат этиши мумкин.

18. Тиббиёт ташкилотига бошқа тиббиёт ташкилотида тиббий хизмат кўрсатилиши натижасида соғлиғининг ҳолати оғирлашган ёки соғлиғига зарар етказилган бемор мурожаат қилганда, бу ҳақида шу куннинг эртасидан кечиктирмасдан ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқаруви органига хабарнома юборилади.

Ушбу беморга республика даражасидаги тиббиёт ташкилоти ёки нодавлат тиббиёт ташкилоти томонидан тиббий хизмат кўрсатилган бўлса, ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органи мазкур хабарномани Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборади.

Хабарномада беморнинг исм-шарифи, яшаш жойи, соғлиғининг ҳолати ҳамда ушбу беморга тиббий хизмат кўрсатган тиббиёт ташкилоти ҳақидаги маълумотлар акс эттирилади.

19. Тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида беморнинг соғлиғига зарар етказилганлиги ҳолати бўйича ўз вақтида хабар бермаслик, қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

20. Ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқаруви органида тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида беморнинг соғлиғига зарар етказилиши ҳолатини аниқлаш мақсадида, тегишли тиббий мутахассислардан иборат бўлган ишчи гуруҳ тузилади. Ишчи гуруҳ таркиби ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқаруви органи раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади.

21. Республика даражасидаги тиббиёт ташкилотлари ҳамда нодавлат тиббиёт ташкилотларининг шифокорлари устидан тушган шикоятлар, бевосита Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилади. Мазкур тоифадаги шикоятлар вазирликда тегишли тиббий ихтисосликдаги мутахассисларни жалб этган ҳолда ўрганиб чиқилади.

22. Беморнинг кўрсатилган тиббий хизматдан норози бўлиб ёзган шикояти ўрганилаётганда мулкчилик шаклидан қатъий назар барча тиббиёт ташкилотлари соғлиқни сақлашни бошқариш органининг ёзма сўровномаси асосида шу беморга оид бўлган бирламчи тиббий ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этишлари шарт.

23. Шикоятни давлат тиббиёт ташкилотига бориб ўрганишга зарурият бўлганда, хизмат текширувини ўтказиш бўйича соғлиқни сақлашни бошқариш органи раҳбарининг буйруғи чиқарилади. Шикоятни нодавлат тиббиёт ташкилотига бормасдан ўрганишнинг имконияти мавжуд бўлмаганда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қисқа муддатли текширув ўтказилади.

IV.Шифокор йўл қўйган касбий хато ҳақида жабрланган шахсларга
маълумот бериш, уларни ҳисобга олиш ва хатоларни
олдини олиш чораларини кўриш

24. Соғлиқни сақлашни бошқариш органлари шифокор йўл қўйган касбий хато ҳақида, у ўз тасдиғини топган куннинг эртасидан кечиктирмасдан беморга маълумот юборадилар. Тақдим этилган маълумотда шифокорнинг касбий хатоси нималардан иборатлиги ҳамда жабрланган шахс қандай ҳуқуқларга эга эканлиги кўрсатилган бўлади.

25. Шифокорлар томонидан йўл қўйилаётган касбий хатоларни доимий равишда таҳлил этиб бориш учун, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида диагностика ва даволаш стандартлари талабларига риоя этмасдан тиббий хизмат кўрсатган шифокорлар тўғрисидаги маълумотлар базаси юритиб борилади.

26. Хатога йўл қўйган шифокор томонидан беморга етказилган зарар ихтиёрий равишда қопланган ҳамда беморни шифокорга нисбатан эътирози мавжуд бўлмаса, ушбу шифокор диагностика ва даволаш стандартлари талабларига риоя этмасдан тиббий хизмат кўрсатган шифокорлар тўғрисидаги маълумотлар базасига киритилмайди.

27. Шифокорнинг касбий хатоси унинг малакаси етарли эмаслиги сабабли келиб чиққанлиги аниқланганда, шифокор ўз ҳисобидан, иш ҳақи сақланмаган ҳолда малака ошириш курсига юборилади.

Бирламчи тиббий ҳужжатлар лозим даражада юритилмаганлиги туфайли шифокор томонидан беморга тиббий хизмат кўрсатишда диагностика ва даволаш стандартларига риоя этилганлиги ёки этилмаганини аниқлаш имкони бўлмаганида, шифокорнинг хатти-ҳаракати диагностика ва даволаш стандартларига риоя этмаслик деб баҳоланади. Ушбу ҳолат шифокорни ўз ҳисобидан, иш ҳақи сақлангмаган ҳолда мажбурий тартибда малака ошириш курсларига юбориш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Малакасини оширишдан бўйин товлаган шифокор билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисми
2-бандига асосан, малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли бекор қилинади.

28. Шифокор хатосини ўз вақтида ва ихтиёрий тан олган ҳамда етказилган зарарни қоплаган тақдирда, у диагностика ва даволаш стандартлари талабларига риоя этмасдан тиббий хизмат кўрсатган шифокорлар тўғрисидаги маълумотлар базасига киритилмайди. Касбий хато шифокорнинг малакаси етарли эмаслиги билан боғлиқ бўлса, у иш ҳақи сақланган ҳолда, ўз ҳисобидан мажбурий тартибда малака ошириш курсларига юборилади.

29. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида диагностика ва даволаш стандартлари талабларига риоя этмасдан тиббий хизмат кўрсатган шифокорлар тўғрисидаги маълумотлар базасида шифокорнинг исм-шарифи, шифокор томонидан йўл қўйилган хатолик ҳамда унинг оқибати кўрсатилган бўлади.

Маълумотлар базасида, шунингдек суднинг ҳал қилув қарори ёки ҳукми билан тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи тўхтатилган шифокорлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам ўз ифодасини топган бўлади.

30. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида диагностика ва даволаш стандартлари талабларига риоя этмаган ҳолда тиббий хизмат кўрсатган тиббиёт ходимлари тўғрисидаги маълумотлар базасидаги ахборотларни доимий равишда таҳлил этиб бориб, тиббиёт ташкилотларига тегишли тавсияларни ҳамда бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмаларни бериб боради.

31. Касбий хатога йўл қўйган шифокорни мажбурий тартибда малакасини оширмасдан, тиббий фаолиятини давом эттиришига йўл қўйган давлат тиббиёт ташкилотининг раҳбари қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жавобгарликка тортилади. Худди шундай хатти-ҳаракат учун нодавлат тиббиёт ташкилотига тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензиянинг амал қилишини вақтинча тўхтатиш юзасдан иқтисодий судга даъво аризаси киритилади.

32. Касбий хатога йўл қўйган шифокор мажбурий тартибда малакасини оширишдан бўйин товлаганлиги учун, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлса, у малакасини оширмагунига қадар бошқа тиббиёт ташкилотига ишга олиниши тақиқланади.

33. Диагностика ва даволаш стандартлари талабларига риоя этмаган ҳолда тиббий хизмат кўрсатган тиббиёт ходимлари тўғрисидаги маълумотлар базаси беморларнинг исм- шарифлари кўрсатилмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб сайтига жойлаштирилган бўлади.

34. Беморнинг соғлиғига зарар етказиш билан боғлиқ хатоликка йўл қўйган тиббиёт ходими йўл қўйган камчиликлар тўғрисида у тамомлаган тиббий ўқув юртига ҳамда ихтисослашувдан ўтган ёки бўлмаса малакасини оширган таълим муассасаларига маълумот учун юборилади.

Тиббиёт таълим муассасалари мазкур маълумотларни таҳлил этиб, ўқув ишларини ташкил этишда, албатта ушбу таҳлилий маълумотлардан фойдаланишга мажбур ҳисобаланди.

35. Касбий хатога йўл қўйган шифокорнинг малака тоифаси бир поғона пастга туширилади. Учинчи малака тоифасига эга бўлган шифокорнинг малака тоифасининг амал қилиш муддати тугатилади.

36. Касбий хато туфайли беморнинг соғлиғига зарар етказилганлиги ёки унинг ўлимига сабабчи бўлганлиги аниқланганда тўпланган ҳужжатлар, қонунда белгиланган тартибда чора кўриш учун прокуратура органига юборилади.

V. Якуний қоидалар

37. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Қарор қабул қилишШифокорнинг касбий хатоларининг олдини олиш2018 йил 31 мартМинздрав

So`rovnoma natijalari