Hujjat nomi
Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш ҚОИДАЛАРИ (янги таҳрирда)
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiBuyruq
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO‘zbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-03-23 15:08:20
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-04-07 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ мобиль алоқа хизматларидан фойдаланиш ҳамда уни кўрсатиш тартиби ҳамда шартларини, мобиль алоқа тармоқлари операторлари, уларнинг дилерлари ва абонентларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек уларнинг жавобгарликларини белгилайди.

[ izohlar (1) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

Qurbonov Jahongir Gafurovich 2018-03-29 13:49:25

Мобил алоқа операторлари ўртасидаги мобилизацион рақобатни янада кучайтириш лозим. Яъни абонент исталган вақтида ўзига тегишли абонент номерини ўзгартирмасдан бошқа алоқа операторига ўтиши лозим. Ҳозирги кунда алоқа операторини ўзгартириш учун абонент рақамини ҳам алмаштиришига тўғри келмоқда, бу ўз навбатида жуда кўплаб ноқулайликларни юзага келтиришини билган абонент алоқа операторини ўзгартирмай қўя қолади. Бу рақобатни сусайтиради, рақобат суст бўлган ерда ҳамаси ўзига яраша...

1-§. Умумий қоидалар

1. Мазкур Қоидалар мобиль алоқа тармоқларининг операторлари (кейинги ўринларда операторлар деб аталади), мобиль алоқа тармоқлари операторларининг дилерлари (кейинги ўринларда дилерлар деб аталади) ва мобиль алоқа абонентлари (кейинги ўринларда абонентлар деб аталади) томонидан бажарилиши мажбурийдир.

2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

абонент – мобиль алоқа хизматлари кўрсатилиши учун оператор билан, шу жумладан операторнинг дилери орқали шартнома тузган жисмоний ёки юридик шахс;

абонент рақами – мобиль алоқа хизматлари кўрсатилиши учун шартноманинг амал қилиш даврида абонентга оператор томонидан ажратиладиган рақам;

абонент қурилмаси – абонентга мобиль алоқа хизматларидан фойдаланиш имконини берувчи мобиль алоқа тармоғининг охирги ускунаси, элементи;

тарификация бирлиги – кўрсатиладиган хизматнинг оператор томонидан белгиланган тарификация тизимига боғлиқ бўлган бирлиги;

мобиль алоқа тармоғи операторининг дилери (кейинги ўринларда дилер деб аталади) – оператор номидан абонентларга хизмат кўрсатиш учун оператор билан шартнома тузган юридик шахс (кейинги ўринларда – Дилерлик шартномаси). Дилер

бир ёки бир нечта операторларнинг манфаатларини ифодалаши мумкин;

ўзини-ўзи обрўсизлантирган дилер – иши давомида қонун ҳужжатлари, ушбу Қоидалар, дилерлик шартномаси талабларининг қўпол равишда бузилишига йўл қўйган ва улар асосида дилерлик шартномаси бекор қилинган ва дилер сертификати чақириб олинган дилер;

лицензиянинг амал қилиш зонаси –лицензия шартномасида кўрсатилган ва оператор мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган ҳудуд;

хизмат кўрсатиш зонаси – оператор лицензия битими асосида мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ўрнатилган шартларга мувофиқ хизматлар сифатини таъминлаш учун техник имкониятларга эга бўлган ҳудуд;

мобиль алоқа тармоғининг оператори (кейинги ўринларда оператор деб аталади) – мобиль алоқа тармоғига эга бўлган, унинг қурилиши, ишлаши, ривожланишини таъминловчи ва лицензияга асосан мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;

пассив абонент – шахсий ҳисобидаги маблағлари тугаган, аммо у билан тузилган шартнома ҳали бекор қилинмаган абонент;

хизмат кўрсатиш пункти – абонентлар ахборот-маълумот хизматларини олишлари, мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаларини тузишлари ва хизматларнинг бошқа турларини олишлари мумкин бўлган стационар савдо нуқтаси ва (ёки) хизмат кўрсатиш нуқтаси;

дилернинг хизмат кўрсатиш пункти – дилер томонидан ташкил қилинадиган ва фойдаланиладиган хизмат кўрсатиш пункти;

операторнинг хизмат кўрсатиш пункти – оператор томонидан ташкил қилинадиган ва фойдаланиладиган хизмат кўрсатиш пункти;

мобиль алоқа тармоғи – абонентларга мобиль алоқа хизматлари (телефон, маълумотлар узатиш ва б.) кўрсатувчи техник воситалар (коммутацион ва радиоускуна, абонент қурилмалари, уловчи линиялар, иншоотлар ва ш.к.) мажмуи. Мобиль алоқа тармоқларига алоқанинг мобиль радиотелефон (уяли, транкли, локал-транк, радиал-зонали, глобал шахсий мобиль йўлдошли) тармоқлари киради;

йирик авария – маълум ҳудудда мобиль алоқа тармоғи фаолиятининг ва мобиль алоқа хизматлари кўрсатишнинг тўхталишига олиб келадиган авария;

тариф режаси – оператор абонентларга ёки абонентларнинг маълум гуруҳига ёки маълум чекланган ҳудудда бир ёки бир нечта мобиль алоқа хизматларидан фойдаланишни таклиф этадиган нархлар ва техник шартлар мажмуи;

шлюз (тармоқлараро интерфейс) - турли хил архитектурали турли протоколлар ва сигналлар форматларига эга тармоқларнинг тармоқлараро уланишини таъминловчи аппарат-дастурий комплекс;

GSM шлюз – мобиль алоқа тармоғининг бошқа мобиль ва қайд қилинган алоқа тармоқлари билан ўзаро трафик алмашишини таъминлайдиган шлюз тури;

IP шлюз – IP протоколига асосланган телекоммуникация тармоқлари билан бошқа телекоммуникация тармоқлариниг ўзаро трафик алмашишини таъминлайдиган шлюз тури;

SIM/RUIM-карта – ичига микросхема ўрнатилган идентификация модули, унинг ёрдамида абонент қурилмасини идентификация қилиш, унинг мобиль алоқа тармоғидан фойдалана олиши , шунингдек абонент рақамидан рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш таъминланади (кейинги ўринларда - «SIM карта»).

3. Операторларнинг мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ фаолияти ўрнатилган тартибда олинган лицензия асосида ҳамда оператор ва лицензия берувчи орган ўртасида тузилган лицензия битимига мувофиқ амалга оширилади.

4. Мобиль алоқа хизматларини кўрсатишда операторлар ўртасидаги ҳамда телекоммуникация тармоқларининг бошқа операторлари билан ўзаро муносабатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ улар ўртасида тузилган шартномалар билан тартибга солинади.

5. Мобиль алоқа хизматлари оператор ва абонент ўртасида тузилган мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси асосида тўғридан-тўғри ёки дилер орқали тақдим этилади.

[ izohlar (1) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

Maqsudov Hayotillo Qodirjon o'g'li 2018-04-02 10:37:54

Мобиль алоқа хизматлари оператор ва абонент ўртасида тузилган мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси фуқаро хоҳишига қараб ўзбек ёки рус тилида тузилиши керак.

6. Фойдаланилаётган абонент қурилмаси Ўзбекистон Республикасида амал қилаётган стандартларга мувофиқ ускунанинг ушбу турига қўйиладиган белгиланган техник талабларга жавоб бериши керак.

7. Фавқулодда ҳолатлар шароитида телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган “Фавқулодда ҳолатларда телекоммуникациялар тармоқлари ва воситаларидан устувор фойдаланиш, улардан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш ёки чеклаш тартиби тўғрисида”ги Низомда (2007 йил 27 ноябрь, рўйхат рақами 1743) белгиланган тартибга мувофиқ, исталган телекоммуникация тармоқлари ва воситаларидан устувор фойдаланиш, шунингдек уларнинг ишлашини чеклаш ёки тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.

8. Операторлар одамларнинг денгизда, ерда, ҳавода, космик фазода ҳаёти хавфсизлигига, Ўзбекистон Республикасида мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни сақлашга тааллуқли хабарлар, шунингдек йирик авариялар, фалокатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги хабарларга мутлақ устуворлик тақдим этишлари лозим.

9. Операторлар телекоммуникация тармоқлари орқали узатиладиган телефон сўзлашувлари ва бошқа хабарлар, шунингдек уларга тааллуқли бўлган барча маълумотлар сир тутилишига риоя қилишга мажбур.

Телефон сўзлашувларини эшитиш, телекоммуникация тармоқлари орқали узатилаётган хабарлар билан танишиш, улар тўғрисидаги маълумотлар олишга, шунингдек сўзлашувлар ва хабарлар сирларига доир бошқа чекланишларга фақат қонун билан белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади.

10. Оператор ва дилер шартномани бажариш туфайли унга ошкор бўлган абонент тўғрисидаги маълумотларни, абонентнинг розилигисиз учинчи шахсларга бериш ёки тарқатишга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

2-§. Абонентларга кўрсатиладиган мобиль алоқа хизматлари

11. Абонентларга оператор томонидан кўрсатиладиган мобиль алоқа хизматларининг рўйхати операторга тегишли бўлган мобиль алоқа тармоғининг техник имкониятларини ҳисобга олган ҳолда оператор томонидан белгиланади.

12. Абонентларга кўрсатиладиган мобиль алоқа хизматлари шартнома шартларига, шунингдек операторнинг хизматлар тўғрисидаги ахборотига мувофиқ бўлиши керак.

13. Оператор абонентга хизмат кўрсатиш зонасида мобиль алоқа хизматларидан кечаю-кундуз фойдаланиш имконини таъминлашга мажбур.

14. Оператор ахборот-маълумот хизмати тизимига эга бўлиш ва пуллик ҳамда бепул ахборот-маълумот хизматларини кўрсатишга мажбур.

Оператор тармоқ ичида операторнинг ахборот-маълумот хизматига бепул қўнғироқлар қилиш имконини таъминлаши керак.

15.Оператор томонидан кўрсатиладиган бепул хизматларга қуйидагилар киради:

1) оператор томонидан тақдим этиладиган мобиль алоқа хизматлари тўғрисида ахборот бериш;

2) операторнинг мобиль алоқа тармоғининг хизмат кўрсатиш зонаси тўғрисида ахборот бериш;

3) мобиль алоқа хизматларига тарифлар тўғрисида ахборот бериш;

4) абонент шахсий ҳисоб рақамининг ҳолати тўғрисида ахборот бериш;

5) бепул кўрсатиладиган ахборот-маълумот хизматлари тўғрисида ахборот бериш;

6) оператор ва унинг филиалларининг реквизитлари, жойлашган ўрни ва иш тартиби тўғрисида ахборот бериш;

7) абонентдан техник носозликлар, SIM-карта ёки абонент қурилмаси йўқолганлиги (SIM-картадан фойдаланиш кўзда тутилмаган мобиль алоқа стандартлари учун), абонентнинг шахсий маълумотлари ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни қабул қилиш;

8) мобиль алоқа тармоқларида абонент қурилмасидан фойдаланиш имконияти тўғрисида ахборот бериш.

Бепул ахборот-маълумот хизматларининг рўйхати оператор томонидан мустақил кенгайтирилиши мумкин.

Оператор ўз абонентларига бепул асосда телефон қўнғироғи орқали бепул ахборот-маълумот хизматларидан фойдаланишни таъминлаши керак.

16. Оператор пуллик ахборот-маълумот хизматларининг рўйхатини мустақил равишда белгилайди.

17. Оператор тақдим этиладиган хизматлар, уларни тақдим этиш ва мобиль алоқа хизматларидан фойдаланиш тартиби, ушбу хизматларга тарифлар, мобиль алоқадан фойдаланишда чекланишлар тўғрисида абонентларни, шунингдек мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш учун шартномани тузиш истаги бўлган жисмоний ва юридик шахсларни хабардор қилишга мажбур.

Хизматларнинг пуллик эканлиги тўғрисида абонентларни олдиндан хабардор қилмасдан айрим пуллик хизматлар учун тўлов ундирилган ҳолда ушбу хатти-ҳаракат кўрсатилмаган хизматлар учун ундирилган тўловга тенглаштирилади.

Тарифлар, хизматларни кўрсатиш тартиби, ҳисоб-китоблар шакли ва тартиби ўзгарган ҳолда, оператор бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали ёки оператор томонидан танланган исталган бошқа усулда абонентни хабардор қилиши лозим.

Оператор тармоғида мобиль алоқа хизматлари кўрсатилишининг тўхталишига олиб келадиган йирик авариялар юз берганда оператор абонентларни бу ҳақда, шунингдек хизматларни кўрсатиш тикланишининг тахминий муддатлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали ёки оператор томонидан танланган исталган бошқа усулда хабардор қилишга мажбур.

18. Оператор ҳар бир абонентга, шу жумладан абонентнинг шахсий ҳисоб рақамида маблағлар бўлмаган ҳолда, тегишли хизматлар учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган ягона рақамларни абонент томонидан териш ёрдамида фавқулодда тезкор хизматларни бепул ва кеча-кундуз давомида чақириш имкониятини таъминлаши керак. Фавқулодда тезкор хизматларга қуйидагилар киради:

1) ёнғинга қарши ёрдам;

2) ички ишлар органлари (милиция);

3) тез тиббий ёрдам;

4) газ тармоғининг авария хизмати;

5) Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарув хизмати;

6) “112” ягона рақами орқали шошилинч оператив хизматларни чақириш тизими.

3-§. Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш учун шартнома тузиш тартиби ва шартлари

19. Мобиль алоқа тармоғидан фойдаланишни таъминлаш ва мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш оператор ва абонент ўртасида тўғридан-тўғри ёки дилер орқали тузилган шартномага мувофиқ амалга оширилади.

20. Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси оммавий шартнома ҳисобланади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилади.

21. Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш учун шартнома икки томонлама шартнома бўлиб, у тузилган вақтдан бошлаб кучга киради.

22. Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси фақат абонент – жисмоний шахс шахсан бўлганда ва у томонидан паспортнинг асл нусхаси (ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат) тақдим этилганда ёки унинг вакили шахсан иштирок этганда ва у томонидан паспортнинг асл нусхаси (ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат) ва белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома тақдим этилганда тузилади.

Шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиб паспорт, фуқаролиги бўлмаган шахснинг гувоҳномаси, истиқомат учун берилган гувоҳнома, Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий хизматчилари учун ҳарбий қисмлар ва ҳарбий муассасалар қўмондонлиги томонидан бериладиган шахсни тасдиқловчи ҳужжат ёки ҳарбий билет ҳисобланади (ҳарбий хизматга мажбур фуқароларнинг ҳарбий билетларидан ташқари).

23. Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишдан олдин оператор (ёки дилер) ушбу абонент билан илгари тузилган амалдаги шартномаларнинг мавжудлигини маълумотлар базаси билан солиштиради.

24. Илгари тузилган амалдаги шартномалар бўйича ушбу операторнинг бешта ва ундан ортиқ рақамларига эга бўлган абонент – жисмоний шахс билан мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш ушбу Қоидаларда кўрсатилган шартлар таъминланганда фақат операторнинг хизмат кўрсатиш пунктларида амалга оширилади.

Ушбу операторнинг бешта ва ундан ортиқ рақамларини олиш учун абонент – юридик шахс билан мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш ушбу миқдордаги рақамларга эҳтиёжни ёзма равишда асослаб берилганда ва ушбу Қоидаларда кўрсатилган шартлар таъминланганда операторнинг хизмат кўрсатиш пунктларида амалга оширилади.

25. Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси фақат оператор ёки дилернинг мулкида, хўжалик юритувида, тезкор бошқарувида бўлган ёки ижарасига олинган бинода, бинонинг бир қисмида жойлашган хизмат кўрсатиш пунктларида, шунингдек савдо фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган ва бир ёки бир нечта иш жойларига мўлжалланган савдо залларига эга стационар савдо объектлари ва зоналаридаги жиҳозланган савдо жойларида тузилади.

Истисно ҳолларда хизмат кўрсатиш пунктига келиш имкониятига эга бўлмаган жисмоний шахсларнинг якка тартибдаги талабномалари бўйича яшаш жойига бориб операторлар томонидан мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишга йўл қўйилади.

Стационар бўлмаган савдо объектларида мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаларини тузиш тақиқланади, қишлоқ, узоқда жойлашган, етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида абонентларга хизмат кўрсатиш учун махсус жиҳозланган транспорт воситаларида алоқа оператори томонидан мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаларини тузиш ҳоллари бундан мустасно.

26. Абонент ва оператор ўртасидаги шартнома маълум муддатга ёки уни кўрсатмасдан тузилган бўлиши мумкин.

Оператор фақат техник имконият бўлмаганда шартнома тузишдан бош тортиш ҳуқуқига эга.

27. Шартномада қуйидагилар акс этган бўлиши лозим:

1) шартнома предмети;

2) шартнома тузилган сана ва жойи;

3) оператор номи (фирма номи);

4) операторнинг банк реквизитлари;

5) абонент тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, турар жойи, шахсини тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари – жисмоний шахс учун, номи (фирма номи), банк реквизитлари, жойлашган ери – юридик шахс учун);

Бунда чет эл фуқаролари – сайёҳлар (туристлар) учун турар жойи (вақтинчалик яшаш жойи) кўрсатилиши талаб этилмайди.

6) операторга ажратилган рақамлаш захирасидан абонент рақамини абонентга тақдим этиш;

7) шартномани тузишда абонент томонидан танланган тариф режаси ва хизматлар рўйхати;

8) шартнома дилер орқали тузилган ҳолда – дилернинг реквизитлари (фирма номи, шахсий рақами, имзоси ва муҳри);

9) абонент оладиган рақам (SIM-карта)дан фойдаланиш истаги бўлган мобиль алоқа абонент қурилмасининг асосий турлари (уяли телефон, USB-модем, электр энергияси/сув/газ ҳисоблагичлари, он-лайн тўловлар терминаллари, GSM, IP ёки SMS шлюзлар ёки ускунанинг бошқа турлари);

10) ҳисоб-китоблар тартиби, муддатлари ва шакли;

11) ҳисобни етказиб бериш усули;

12) томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

13) шартномани бекор қилиш ва абонентнинг шахсий ҳисоб рақамида қолган пул маблағларини қайтариш шартлари.

Шартномадаги абонент тўғрисидаги маълумотлар ўзгариши билан боғлиқ ўзгаришлар қўшимча тўлов ундирилмасдан киритилиши керак.

Шартномада мазкур Қоидалар ва қонун ҳужжатларига зид келмайдиган бошқа маълумотлар ва/ёки шартлар бўлиши мумкин.

28. Оператор абонентни алоҳида ҳақ эвазига кўрсатиладиган қўши мча мобиль алоқа хизматларидан фойдаланишга мажбурлашга ҳақли эмас.

29. Оператор битта хизматни кўрсатиш технологик жиҳатдан бошқа хизмат билан шарт қилиб қўйилган ҳолатдан ташқари, мобиль алоқанинг битта хизматини кўрсатиш учун алоқанинг бошқа хизматларини кўрсатишни шарт қилиб қўйишга ҳақли эмас.

Хизматлар тўпламини (масалан, роуминг хизматини улаш), маълумотлар узатиш хизматлари учун фойдаланилаётган тарифни ўзгартириш ва ш.к.ни автоматик (абонент томонидан танланганлигини тасдиқламасдан) ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Абонентнинг сўрови билан аввал уланган мобиль алоқа хизматларини абонентга хабар қилган ҳолда унинг ўзи ўчирмагунча автоматик узайтиришга йўл қўйилади.

30.Шартнома қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

1) абонентнинг ташаббуси бўйича, бекор қилиш сабаби кўрсатилган ёки кўрсатилмаган ҳолда;

2) операторнинг ташаббуси бўйича, ушбу Қоидалар ва/ёки шартнома шартларида белгиланган талаблар абонент томонидан бузилганда;

3) абонент – жисмоний шахс вафот этганда ёки абонент – юридик шахс тугатилган ҳолда тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда;

4) давлат органининг ҳужжат қабул қилиши натижасида томонларнинг ўз мажбуриятларини бажариш имкони бўлмай қолган тақдирда;

5) абонентнинг шахсий ҳисобидаги маблағлар тугаган кундан бошлаб 60 кундан кўп вақт ўтгандан кейин;

6) шартномада ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

31.Шартнома бекор қилинганда томонлар ўзларининг барча мажбуриятлари бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширишлари керак.

32. Абонент операторнинг хизмат кўрсатиш пунктларида шартномани бошқа шахснинг номига унинг иштирокида ва розилиги билан қайта расмийлаштириши мумкин.

Бунда оператор ва амалдаги абонент ўртасида тузилган шартнома бекор қилинади ва рақам номига қайта расмийлаштирилаётган шахс билан мазкур параграфда белгиланган тартибда янги шартнома тузилади.

4-§. Операторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

33. Оператор қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) абонентларга хизматлар кўрсатиш;

2) абонент томонидан шартнома шартлари бузилган ҳолларда хизматларни тўхтатиш;

3) мобиль алоқа тармоғида хабарларни узатишда хавфсизликни таъминлаш ва тармоқ абонентларига кўрсатиладиган хизматларнинг тегишли сифатини

таъминлаш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ мобиль алоқа хизматлари кўрсатишнинг тўхтатилишини назарда тутадиган техник тадбирларни ўтказиш;

4) абонентнинг айби билан етказилган моддий зараринг қопланишини талаб қилиш;

5) юридик ва жисмоний шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан қонун ҳужжатларига мувофиқ шикоят қилиш;

6) ўзини ўзи обрўсизлантирмаганлар ичидан дилерларни мустақил равишда танлаш ва дилер билан тузиладиган шартнома шартларига мувофиқ уларнинг фаолияти учун мукофотлар белгилаш;

7) оператор номидан абонентларга хизмат кўрсатиш учун дилерлар билан шартномалар тузиш. Дилер билан шартнома маълум муддатга тузилади. Шартномани тузишда оператор дилерга тузилган шартноманинг реквизитлари, унинг амал қилиш ва узайтириш муддати кўрсатилган дилер сертификатини беради. Сертификат дилернинг хизмат кўрсатиш пунктлари сонига тўғри келадиган миқдордаги асл нусхаларда берилади;

8) дилер штатида оператор томонидан ўқитилган ходимлар бўлмаган ҳолда ўқитилган ходимлар билан бутланмаган дилернинг хизмат кўрсатиш пункти фаолиятининг тўхтатилишини ёки ушбу дилердан сертификатни қайтариб олган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб қилиш;

9) абонент томонидан мобиль алоқанинг айрим хизматлари ёки мобиль алоқа хизматлари тўпламлари учун махсус тарифлар (тариф режалари)дан операторнинг белгиланган талабларига мувофиқ мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш. Хизматлардан мақсадсиз фойдаланиш аниқланганда, абонентга хабар қилган ҳолда бошқа тариф режасига ўтказиш;

10) олинган рақамдан (SIM-картадан) GSM, IP ёки SMS шлюзларда оператор билан олдиндан келишмасдан оммавий SMS жўнатмалар учун фойдаланилганлиги ёки рақамдан бошқа ҳуқуқий бўлмаган тарзда фойдаланилганлиги аниқланганда Ўзбекистон Республикасининг «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ бир томонлама тартибда хизматлар кўрсатилишини тўхтатиш.

Оператор қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

34. Оператор қуйидагиларга мажбур:

1) ўз фаолиятини мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш учун тузилган шартномага, мазкур Қоидаларга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга ошириш;

2) хизмат кўрсатиш зонасида мобиль алоқа тармоғининг ишини фойдаланилаётган стандартнинг техник нормаларига мувофиқ таъминлаш;

3) хизмат кўрсатиш зонаси доирасида мобиль алоқа хизматларини сифатли ва ўз вақтида кўрсатилишини таъминлаш;

4) тақдим этилаётган телекоммуникация хизматлари сифат кўрсатикичларини мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, стандартлар, шу жумладан O’zDSt 3207 меъёрларига мувофиқлигини таъминлаш;

5) телекоммуникация тармоғи орқали тақдим этилаётган хизматлар сифатини аниқловчи кўрсаткичларни белгиланган меъёрларга (характеристикаларга) мувофиқлигини таъминлаш;

6) белгиланган муддатларда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари бўйича назорат инспекциясига (кейинги ўринларда Инспекция) ўрнатилган тартибда кўрсатилган телекоммуникация хизматлари сифати кўрсаткичлари бўйича молиявий санкцияларни хисоблаш учун идоравий статистик ҳисобот шакллари 53-алоқа (телевидение, радиоалоқа (мобиль алоқа) ва радиоэшиттириш), 62- алоқа (линия) шаклларини, тақдим этилаётган хизматларни сифат кўрсаткичлари бўйича бирламчи хисобот маълумотларини тақдим этиб бориш.

7) овозли алоқа ва кенг полосали чиқиш хизматларини кўрсатиш зонасига лицензиянинг амал қилиш ҳудудида жойлашган барча аҳоли пунктларини, магистрал автомобиль йўлларини ва темир йўлларини, стратегик муҳим объектларни киритиш мақсадида тақсимотга ҳамда телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган билан келишилган режага мувофиқ мобиль алоқа тармоғини ривожлантириш ва модернизациялаш бўйича ишларни изчиллик билан босқичма-босқич олиб бориш;

8) кўрсатилган хизматларнинг камчиликларини шартномада ёки қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда бартараф этиш;

9) шартномада белгиланган муддатларда кўрсатилган хизматлар учун ҳисобларни бериш, уларни абонентларга шартномада кўрсатилган усул билан тақдим этиш, абонентлар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

10) абонентларни уларнинг сўрови бўйича, шунингдек шартномада кўрсатилган ҳолларда шахсий ҳисоб рақамининг ҳолати ва қарздорлиги мавжудлиги тўғрисида хабардор қилиш;

11) абонент шартноманинг бекор қилиниши вақтигача қарзини тўлиқ ҳажмда тўлаганидан ва олдиндан тўловнинг зарур суммаси ҳисобга олинганидан кейин абонентга мобиль алоқа хизматлари кўрсатилишини тиклаш;

12) абонентнинг талаби бўйича 1 йилгача абонент рақамидан фойдаланиш даври ичида абонент шахсий ҳисобварағидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг жорий ҳолати тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш. Каттароқ муддат ва ушбу ахборотни тақдим этиш шартлари шартномада белгиланиши мумкин;

13) хизматлар кўрсатилиши тўхтаган ҳолларда абонент тўловини қайта ҳисоблаб чиқиш;

14) SIM-карта ёки абонент қурилмаси (SIM-картадан фойдаланиш кўзда тутилмаган мобиль алоқа стандартлари учун) йўқолганда абонентнинг ёзма аризаси бўйича ёки абонент учун қулай бўлган, оператор томонидан ўрнатилган,

бошқа усулда берилган хабар бўйича хизматларнинг кўрсатилишини зудлик билан тўхтатиш;

15) абонентларнинг мурожаатларини (ёзма ёки ахборот тизимларидан фойдаланиб келиб тушган) операторга келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кун ичида, материалларни қўшимча ўрганиш зарур бўлганда – бир ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқиш.

Аризалар ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текширув ўтказилиши, қўшимча материалларни талаб қилиш ёки бошқа чораларни кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари мурожаат қилувчига хабар қилган ҳолда операторнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида бир ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Таклиф операторга келиб тушган кундан бошлаб бир ой муддатгача кўриб чиқилади, қўшимча кўриб чиқишни талаб қиладиган таклифлардан ташқари, бу ҳақда ёзма шаклда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга беш кун ичида хабар қилинади;

16) абонент – юридик шахсга мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш учун у билан тузилган шартноманинг нусхасини тақдим этиш;

17) абонент – жисмоний шахсга мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш учун у билан тузилган шартноманинг нусхасини ёки мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш учун оммавий шартнома тузилганлигининг тасдиғини тақдим этиш;

18) дилерлар учун оператор билан биргаликда ишлашнинг тенг имкониятларини қўллаш;

19) дилерлар томонидан улар зиммасига юкланган мажбуриятларнинг қатъий бажарилишини назорат қилиш, дилерларга нисбатан у билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ шартномани бекор қилиш ва дилер сертификатини қайтариб олишгача бўлган жазо чораларини қўллаш;

20) дилерларда оператор томонидан ўқитилган ва операторнинг мижозларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи тегишли гувоҳномага эга бўлган ходимларнинг минимал сони ҳар бир хизмат кўрсатиш пунктига биттадан ходим, аммо битта дилерга камида иккитадан ходим бўлганда абонентларни улаш учун дилерларга операторнинг тизимидан фойдаланишни тақдим этиш;

21) операторнинг хизмат кўрсатиш пунктларида ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлик чораларини таъминлаш, шу жумладан видеокузатув камераларини қўллаб видеоёзувлар ва товушни камида 90 кун сақлаган ҳолда;

22) ўзини -ўзи обрўсизлантирган дилерлар билан шартномалар тузмаслик;

23) операторнинг расмий веб-сайтида дилерларнинг рўйхатини уларнинг тўлиқ номларини, юридик манзили ва хизмат кўрсатиш пунктларини кўрсатган ҳолда юритиш;

24) ўзининг расмий веб-сайтида расмий ахборотни, шу жумладан тақдим этиладиган хизматлар рўйхатининг ўзгариши тўғрисидаги ахборот, тарифлар, прайс-варақлар, хизматларни тақдим этиш тартиби ва шартлари ва ҳ.к.ни ўз вақтида эълон қилиш;

25) дилернинг ходимларига ушбу Қоидаларнинг талаблари ва оператор ҳамда дилер ўртасидаги шартнома шартларига мувофиқ дилер томонидан ўз мажбуриятларини бажариш учун зарур ва етарли бўлган даражада операторнинг маълумотлар базасидан шахсан фойдаланишни тақдим этиш;

26) дилерни SIM-карталар, ҳужжатлар, шартномалар, бланк маҳсулотлари, унинг ўз мажбуриятларини бажариши учун зарур бўлган ахборот-сўровнома маълумотлар билан, шунингдек ўз молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, реклама ва бошқа материаллар билан таъминлаш;

27) ушбу Қоидаларнинг талаблари ва оператор ҳамда дилер ўртасидаги шартнома шартларига мувофиқ дилер томонидан ўз мажбуриятларини бажариш учун зарур ва етарли бўлган даражада дилер ходимларини ўқитишни ва ҳар 2 йилда малакасини оширишни ташкил қилиш. Ўқитиш натижалари бўйича улардан имтиҳон олиш ва операторнинг мижозларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи тегишли гувоҳнома бериш (амал қилиш муддатини узайтириш);

28) дилер ёки унинг ходимлари томонидан қўпол қоида бузишларга йўл қўйилганда ходимларни операторнинг мижозларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи тегишли гувоҳномадан маҳрум қилиш, шунингдек дилер билан шартнома шартларига мувофиқ унга нисбатан шартномани бекор қилиш ва дилер сертификатини қайтариб олишгача бўлган жавобгарлик чораларини қўллаш;

29) аввал тузилган шартномалар бўйича ушбу операторнинг бешта ва ундан кўп рақамларига эга абонент – жисмоний шахс билан мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини фақат операторнинг хизмат кўрсатиш пунктларида тузилишини таъминлаш;

30) аввал тузилган шартномалар бўйича ушбу операторнинг бешта ва ундан кўп рақамларига эга бўлган абонент – жисмоний шахс билан мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишда янги уланиш тўғрисида абонентнинг ушбу оператор билан аввал тузилган шартномалар бўйича мавжуд бўлган барча рақамларига SMS хабар орқали хабардор қилишни амалга ошириш.

31) SIM-картани алмаштириш шунингдек абонентнинг аризаси бўйича рақамни бошқа абонент қурилмасига қайта дастурлаш (SIM-картадан фойдаланишни кўзда тутмайдиган мобиль алоқа стандартлари учун) хизматларини кўрсатиш фақат операторнинг хизмат кўрсатиш пунктларида амалга оширилишини таъминлаш,

32) дилер орқали тузилган мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси асосида абонентга мобиль алоқа хизматларини тақдим этиш;

33) абонент тўғрисидаги маълумотлар онлайн режимида операторнинг маълумотлар базасига киритилгандан кейин бир ҳафта муддатдан кечиктирмасдан дилердан тузилган мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси нусхасини, абонент паспорти (ёки унга тенглаштирилган, шахсини тасдиқловчи ҳужжат)нинг нусхасини тегишли ҳужжатлар билан бирга олиш. Ҳужжатларни олишнинг бошқа муддати узоқда ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган дилерлар учун дилерлик шартномасида оператор томонидан ҳақиқий имкониятлардан келиб чиқиб транспорт инфратузилмасининг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши мумкин;

34) ўзини ўзи обрўсизлантирган дилерлар тўғрисидаги маълумотларни, операторнинг мижозларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи тегишли гувоҳномадан маҳрум қилинган дилернинг реквизитлари ва таъсисчилари, ходимлари тўғрисидаги маълумотларни ва бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда Инспекцияга марказлаштирилган онлайн базага киритиш учун дарҳол юбориш;

35) операторнинг расмий веб-сайтида мобиль алоқа хизматларининг турлари ва стандартлари бўйича хизмат кўрсатиш зонасини намойиш этувчи интерактив онлайн электрон картани, шунингдек аҳоли пунктларининг рўйхатини юритиш;

36) халқаро ва шаҳарлараро трафикнинг ноқонуний ўтказилиши ҳамда GSM, IP ёки SMS шлюзлардан яширин фойдаланишга қарши чораларни кўриш, шу жумладан тармоқда махсус аппарат-дастурий воситаларни ўрнатиш йўли билан.

Оператор зиммасига қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

35. Оператор абонентларга қуйидаги ахборотни тақдим этишга мажбур

(шу жумладан дилерлар орқали):

1) мобиль алоқа тармоқларида абонент қурилмасидан фойдаланиш имконияти тўғрисида;

2) кўрсатилаётган хизматларнинг рўйхати, шунингдек уларни кўрсатиш тартиби ва шартлари ўзгарганлиги тўғрисида;

3) хизмат кўрсатиш зонаси ўзгарганлиги тўғрисида;

4) хизматларга тарифлар ўзгарганлиги тўғрисида янги тарифлар жорий қилингунга қадар камида 10 кун олдин;

5) операторнинг хизмат кўрсатиш пунктлари иш режими ўзгарганлиги тўғрисида;

6) ўз реквизитларининг ўзгарганлиги тўғрисида;

7) SMS, шунингдек абонентларнинг USSD сўровларига USSD хабарларни жўнатиш йўли орқали бепул ёки имтиёзли дақиқалар, SMS, Интернет трафик ва бошқа хизматларнинг тугаганлиги тўғрисида.

SMS жўнатиш ёки абонентлар томонидан операторнинг call-center ига қўнғироқ қилиш орқали батафсил ахборот абонентларга бепул тақдим этилади.

5-§. Дилернинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

36. Дилер қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) оператор номидан абонентларга хизмат кўрсатиш учун операторлар билан шартномалар тузиш;

2) оператор номидан абонентларга хизмат кўрсатиш шартномасининг шартларига, қонун ҳужжатлари ва ушбу Қоидалар талабларига мувофиқ оператор номидан абонентлар билан мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаларини тузиш;

3) абонентларга оператор номидан хизмат кўрсатиш учун тузилган шартномага мувофиқ оператордан мукофотлар олиш;

4) оператор томонидан абонентларни улаш ва уларга хизмат кўрсатиш шартлари тўғрисидаги ишончли ахборотни оператордан олиш;

5) абонентларга сотилган абонент қурилмаларига кафолатли ва кафолат муддатидан кейин хизмат кўрсатилишини таъминлаш;

6) дилер томонидан оператордан сотиб олинган ёки олинган абонент қурилмалари учун мувофиқлик сертификатларининг тасдиқланган нусхаларини оператордан олиш;

7) оператордан дилернинг ўз мажбуриятларини бажариши учун зарур бўлган SIM-карталар, ҳужжатлар, шартномалар, бланкали маҳсулотлар, ахборот-сўровнома маълумотлари, реклама ва бошқа материалларни олиш;

8) дилерда тўловларни қабул қилиш учун тегишли рухсатнома бўлганда, оператор томонидан кўрсатиладиган мобиль алоқа хизматлари учун абонентлардан тўловни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилиш;

9) ўрнатилган тартибда абонентларга хизмат кўрсатишни амалга ошириш.

37. Дилер қуйидагиларга мажбур:

1) хизмат кўрсатиш пунктларини фақат стационар, оператор ёки дилернинг тасарруфида, хўжалик юритувида, тезкор бошқарувида ёки ижарасида бўлган бинода, бинонинг қисмида, шунингдек стационар савдо нуқталарининг жиҳозланган савдо жойларида ва савдо фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган ва бир ёки бир нечта иш жойлари учун мўлжалланган савдо залларига эга зоналарда жойлаштириш.

Дилернинг хизмат кўрсатиш пунктини стационар бўлмаган савдо объектларига жойлаш тақиқланади;

2) дилернинг барча хизмат кўрсатиш пунктларида дилерлик хизматларини тақдим этиш ҳуқуқи тўғрисидаги дилер сертификатининг асл нусхаси бор бўлишини ва кўринадиган жойга қўйилишини таъминлаш;

3) дилер хизмат кўрсатадиган барча пунктларни операторнинг мижозларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи тегишли гувоҳномаси бўлган малакали ходимлар билан тўлдириш;

4) операторнинг мижозларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи тегишли гувоҳномаси бўлмаган ва ундан маҳрум қилинган ходимларнинг абонентлар ва операторнинг маълумотлар базаси билан ишлашига йўл қўймаслик;

5) дилер томонидан хизмат кўрсатиш пунктларида оператор ахборотига кўра аввал тузилган шартномалар бўйича ушбу операторнинг бешта ва ундан кўп рақамларига эга бўлган абонент – жисмоний шахс билан операторнинг мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишга йўл қўймаслик;

6) дилернинг хизмат кўрсатиш пунктларида SIM-картани алмаштириш хизматларини кўрсатишга йўл қўймаслик;

7) абонент маълумотлари онлайн режимида операторнинг маълумотлар базасига киритилгандан кейин бир ҳафта муддатдан кечиктирмай операторга абонент билан тузилган мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси нусхасини, абонент паспорти (ёки унга тенглаштирилган, шахсини тасдиқловчи ҳужжат)нинг нусхасини тегишли ҳужжатлар билан бирга операторга тақдим этиш. Ҳужжатларни тақдим этишнинг бошқа муддати узоқда ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган дилерлар учун дилерлик шартномасида оператор томонидан реал имкониятлардан келиб чиқиб транспорт инфратузилмасининг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши мумкин;

8) абонентларнинг SIM-карта ёки абонент қурилмаси (SIM-картадан фойдаланишни кўзда тутмайдиган мобиль алоқа стандартлари учун) йўқолганлиги тўғрисида ёзма аризаларини қабул қилиш ва тегишли ахборотни операторга юбориш;

9) дилернинг хизмат кўрсатиш пунктларида ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлик чораларини таъминлаш, шу жумладан видеокузатув камераларини қўллаб видеоёзув ва товушни камида 90 кун сақлаган ҳолда;

38. Дилер абонентларга операторнинг қуйидаги ахборотини тақдим этишга мажбур:

1) мобиль алоқа тармоғида абонент қурилмасидан фойдаланиш имконияти тўғрисида;

2) кўрсатиладиган хизматлар рўйхатининг, шунингдек уларни кўрсатиш тартиби ва шартларининг ўзгариши тўғрисида;

3) операторнинг хизмат кўрсатиш зонаси ўзгариши тўғрисида;

4) абонентларга хизмат кўрсатиш пунктлари иш режимининг ўзгариши тўғрисида;

5) оператор реквизитларининг ўзгариши тўғрисида;

6) аввал тузилган шартномалар бўйича ушбу операторнинг бешта ва ундан кўп рақамларига эга бўлган абонент – жисмоний шахс билан мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишда бундай абонентни фақат операторнинг хизмат кўрсатиш пунктларида уланишини кўзда тутадиган чекловлар тўғрисида;

7) SIM-картани алмаштириш хизматларини фақат операторнинг хизмат кўрсатиш пунктларида кўрсатиш бўйича чекловлар тўғрисида.

39. Дилернинг ходимлари томонидан йўл қўйилган қоида бузишлар учун улар билан бир қаторда дилерлик хизмати кўрсатиш пунктининг бевосита раҳбари ва дилер – юридик шахснинг раҳбари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

40. Дилер томонидан қонун ҳужжатлари, ушбу Қоидалар ва оператор билан тузилган шартнома талабларининг қўпол бузилишига йўл қўйилиши у билан дилерлик шартномасини бекор қилиш ва дилерни ўзини ўзи обрўсизлантирган дилерлар реестрига киритиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Абонентнинг хабари бўлмаган ёки унинг розилигисиз, имзоларни қалбакилаштириб, сохта ҳужжатлар бўйича, паспорт (ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат)нинг асл нусхасини текширмасдан абонент шартномасининг расмийлаштирилиши қўпол қоида бузиш ҳисобланади.

6-§. Абонентнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

41. Абонент қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) шартномада кўзда тутилган мобиль алоқа хизматларидан амалдаги тарифларга, хизматларнинг тавсифи ва хизматлар сифатига мувофиқ, шунингдек оператор томонидан кўрсатиладиган қўшимча хизматлардан фойдаланиш;

2) оператордан мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш учун шартномада белгиланган мажбуриятларнинг бажарилишини талаб қилиш;

3) операторнинг ахборот-маълумот хизматининг хизматларидан фойдаланиш;

4) барча хизматлар турлари бўйича батафсил ҳисобни барча амалга оширилган уланишларнинг санаси ва вақти, уларнинг давомийлиги ва абонент рақамларини кўрсатган ҳолда абонент рақамидан фойдаланган 1 йилгача давр учун оператор томонидан белгиланган тартиб ва шартларда олиш. Ушбу ахборотни тақдим этишнинг каттароқ муддати ва шартлари шартномада белгиланиши мумкин;

5) ушбу Қоидалар ва шартномалар шартларига риоя қилган ҳолда, шунингдек муайян ҳудудда (аэропорт, самолёт, антенна майдони ва ҳ.к.) амал қиладиган алоҳида фармойишлар ва қоидаларни ҳамда тўсқинлик қилиши ёки хавфли вазиятлар юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларда (тиббиёт муассасалари, ёқилғини сақлаш ва қайта юклаш ҳудуди, портлаш ишларини ўтказиш жойларида ва ҳ.к.) чекланишларни ҳисобга олган ҳолда, техник талабларга мос бўлган абонент қурилмасидан фойдаланиш;

6) фавқулодда тезкор хизматларни чақиришда, шунингдек шартномада кўзда тутилган ҳолларда мобиль алоқа хизматларидан бепул фойдаланиш;

7) унга розилигисиз тақдим этилган хизматлар учун тўловни тўлашни рад этиш;

8) оператор томонидан тақдим этилаётган хизматлар бўйича аризалар, таклифлар ва эътирозлар билан операторга мурожаат этиш;

9) оператор айби билан кўрилган зарарнинг қопланишини талаб қилиш;

10) оператор хизматларидан фойдаланишни тўхтатиш;

11) шартномада кўзда тутилган тартибда оператор билан тузилган шартномани бекор қилиш;

12) агар оператор шартномани бажармаса ёки хизматлар шартномада кўрсатилган муддатда кўрсатилмаслиги аниқ бўлса, шартномани бажаришдн бош тортиш ва зарарларни қоплашни талаб қилиш;

13) оператор томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатининг ёмонлашишига олиб келадиган даражада шартнома шартларидан жиддий четга чиқишга йўл қўйилган ёки бошқа жиддий камчиликлар юзага келган ҳолларда, ўз хоҳишига кўра: камчиликларни бепул бартараф этишни, кўрсатилган хизматлар нархини мос равишда камайтиришни, такроран хизматлар кўрсатишни, келтирилган зарарларни тўлиқ қоплаган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб қилиш.

Абонент қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.

[ izohlar (1) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

Насиров Лазизхон Фархадович 2018-03-26 12:33:26

8) оператор томонидан тақдим этилаётган хизматлар бўйича аризалар, таклифлар ва эътирозлар билан операторга мурожаат этиш;

8) оператор томонидан тақдим этилаётган хизматлар бўйича аризалар, таклифлар ва эътирозлар билан операторга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармаларига мурожаат этиш; сўзларига алмаштирилсин.

Изох: эътирозлар компания фойдасига хал этилади шунинг учун Вазирлик томонидан лицензиатларни фаолиятини бахоловчи тизим ишлаб чиқиб ушбу тизим орқали абонентлар бахо бериши керак. агар бахо тегишли даражага етмаса лицензиатни лицензиясидан махрум этиш ёки жарима қўйиш керак

42. Абонент қуйидагиларга мажбур:

1) ушбу Қоидаларга риоя қилиш;

2) шартнома шартларини бажариш;

3) SIM-карта ёки абонент қурилмаси (SIM-картадан фойдаланиш кўзда тутилмаган мобиль алоқа стандартлари учун) йўқолганлиги тўғрисида операторнинг Call-марказига зудлик билан қўнғироқ қилиб хабар қилиш, кейинчалик операторга ёки дилер орқали ёзма аризани тақдим қилган ҳолда. Абонент томонидан ушбу шартларга риоя қилинмаган ҳолда у йўқотилган SIM-карта ёки абонент қурилмасидан (SIM-картадан фойдаланиш кўзда тутилмаган мобиль алоқа стандартлари учун) фойдаланган ҳолда олинган оператор томонидан кўрсатилган мобиль алоқа хизматларига тўлов бўйича оператор абонентнинг улар йўқолганлиги ва хизматлар кўрсатишни тўхтатиш истаги тўғрисидаги аризасини олган вақтигача мажбуриятга эга, агар хабар қилишнинг абонент учун қулай бўлган бошқа усули оператор томонидан кўзда тутилмаган бўлса;

4) кўрсатилган хизматлар учун тўловни ўз вақтида тўлаш;

5) маълумотлар ўзгаргани ҳақида операторга 15 кун ичида хабар бериш: жисмоний шахс учун – фамилияси, исми, отасининг исми, турар жойи пропискаси (доимий ёки вақтинча) ва паспорт маълумотлари ҳақиқий паспортни кўрсатиш йўли билан; юридик шахс учун – номи (фирма номи), юридик манзили ўзгарганлиги, шунингдек юридик шахс тугатилганлиги тўғрисида хабар қилиш;

6) хизматлар кўрсатиш шартномасини тузаётганда шу оператор билан аввал тузилган шартномалар бўйича актив рақамларнинг мавжудлиги тўғрисида хабар қилиш;

7) мобиль алоқанинг айрим хизматлари ёки мобиль алоқа хизматларининг тўпламлари учун оператор томонидан белгиланган шартларга мувофиқ махсус тарифлар (тариф режалари)дан мақсадли фойдаланишни таъминлаш;

8) олинган абонент рақамидан GSM, IP ёки SMS шлюзларда ёки аналог ускуналарда фойдаланиш ёки телекоммуникация хизматлари кўрсатиш ёки оммавий SMS жўнатмалар учун фойдаланиш истаги бўлганда, буни олдиндан оператор билан келишиш;

9) шартнома тузишда олинадиган рақам (SIM-карта) бирга фойдаланиладиган абонент қурилмасининг асосий турлари (уяли телефон, USB-модем, электр энергияси/сув/газ ҳисоблагичлари, он-лайн тўловлар терминаллари, GSM, IP ёки SMS шлюзлар ёки ускунанинг бошқа турлари)ни кўрсатиш;

10) абонент рақамидан шахсий мақсадларда ёки ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун (якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар учун) фойдаланиш, спамга, фирибгарликка, оператор билан олдиндан келишмасдан оммавий SMS-жўнатмаларга, шунингдек бошқа ноқонуний фойдаланишга йўл қўймаслик;

11) абонент рақамидан халқаро ва шаҳарлараро трафикни ноқонуний ўтказиш учун фойдаланмаслик, шу жумладан GSM ва IP шлюзлардан фойдаланиб.

Абонент қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

7-§. Абонентлар билан ҳисоб-китоблар ва мобиль алоқа хизматларининг тўлови

43. Абонентлар билан ҳисоб-китоблар ва мобиль алоқа хизматларининг тўлови мобиль алоқа хизматларига тарифлар асосида амалга оширилади.

44. Мобиль алоқа хизматларига тарифлар операторлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўрнатилади.

45. Мобиль алоқа тармоғи бўйича уланиш давомийлигининг тарификация бирлиги оператор томонидан белгиланади, аммо бир минутдан кўп бўлмаслиги керак.

Мобиль алоқа тармоғида ҳар бир интернет сессияни алоҳида ҳисобга олган ҳолда маълумотлар узатиш трафигининг ҳар бир йўналиши бўйича узатилган ва олинган маълумотлар ҳажмининг тарификация бирлиги оператор томонидан белгиланади, аммо 16 Kb дан кўп бўлмаслиги керак.

Бошқа операторнинг мобиль алоқа тармоғидаги ҳар бир интернет сессияни алоҳида ҳисобга олган ҳолда роумингда Интернет-трафикни яхлитлаш тарифлари халқаро роуминг тўғрисидаги келишувга кўра белгиланади, аммо 16 Kb дан кўп эмас.

46. Уланишнинг давомийлигини ҳисобга олиш оператор томонидан қабул қилинган тарификация бирлигига мувофиқ олиб борилади.

47. Тўлов миқдорини аниқлаш учун фойдаланиладиган мобиль алоқа тармоғи бўйича уланиш давомийлиги чақирилувчи абонент ёки абонент жавоб берган деб тенглаштирилган жавоб сигнали бўлган ускуна жавоб берган секунддан бошлаб чақирувчи ёки чақирилувчи абонент ёки шу ускуна сўзлашуви тугаган вақтгача ҳисобланади.

Оператор томонидан белгиланган минимал ҳисобланган вақт бирликларида ҳисобланган уланишлар давомийлиги тўлиқ бирликкача яхлитланади.

Оператор томонидан белгиланган трафик ҳажмининг минимал ҳисоб-китоб бирликларида ҳисобланган ишлатилган маълумотлар узатиш трафигининг ҳажми тўлиқ бирликкача яхлитланади.

Оператор ушбу Қоидаларга нисбатан абонент ҳолатини ёмонлаштирмайдиган мобиль алоқа хизматлари тарификацияси қоидаларини мустақил белгилайди.

48. Мобиль алоқа хизматларига тарифлар мобиль алоқанинг айрим хизматлари ёки мобиль алоқа хизматларининг тўпламига тарифлар (тариф режалари) кўринишида белгиланиши мумкин.

Тариф режасида сутканинг турли вақтлари, ҳафта кунлари, дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунлари бўйича, шунингдек кўрсатилаётган мобиль алоқа хизматларининг тўплами ва ҳажми бўйича дифференцияланган тарифлар белгиланиши мумкин.

Операторларнинг белгиланган талаблари бўйича мобиль алоқанинг айрим хизматлари ёки хизматларининг тўпламлари учун (масалан, USB-модемлар, электр энергияси/сув/газ ҳисоблагичлари, он-лайн тўлов терминаллари, GSM, IP ёки SMS шлюзлар ёки ускунанинг бошқа турларида фойдаланиш учун, шунингдек шахсларнинг муайян тоифаларига тақдим этиладиган) махсус тарифлар (тариф режалари) белгиланиши мумкин.

49. Тариф режаларини шакллантиришда тарификациянинг қуйидаги турлари қўлланиши мумкин:

1) абонентлик, бунда муайян давр (ҳисоб-китоб даври) учун абонентнинг тўлов миқдори ҳақиқий олинган мобиль алоқа хизматларининг ҳажмига боғлиқ бўлмаган доимий катталик ҳисобланади;

2) вақтбай, бунда абонентнинг тўлов миқдори ҳисоб-китоб даври давомида тақдим этилган абонентнинг ташаббуси билан амалга оширилган уланишлар давомийлигининг суммасига боғлиқ бўлади;

3) ҳар бир кўрсатилган мобиль алоқа хизмати учун, бунда тўлов миқдори амалда кўрсатилган мобиль алоқа хизматлари учун аниқланади.

Тариф режаларини шакллантиришда тарификациянинг бир нечта турларини бирга қўшишга йўл қўйилади.

50. Мобиль алоқа хизматлари учун тўлов тарификация бирликлари миқдори билан аниқланади.

51. Чақирилувчи шахснинг жавобига тенглаштирилган ва уланиш давомийлигининг ҳисоби бошланадиган жавоб сигналига эга абонент қурилмасига қуйидагилар киради:

1) ахборотни автоматик қабул қилиш режимида ишлайдиган модем ёки факсимиль аппарат;

2) автожавоб бергич билан жиҳозланган исталган абонент қурилмаси;

3) чақирилувчи шахс бўлмаган вақтда ахборот билан алмашиш имкониятини таъминлайдиган (ёки имитациялайдиган) бошқа абонент қурилмалари.

52. Оператор кўрсатилаётган мобиль алоқа хизматлари учун ҳисоб-китоб даврини мустақил белгилайди.

53. Ҳисоб-китоблар шакли ва тартиби технологик имкониятлардан келиб чиқиб, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ оператор томонидан белгиланади.

Мобиль алоқа хизматларининг тўлови нақд ёки пул ўтказиш йўли билан, пластик карточкалар орқали, шунингдек ҳисоб-китобларнинг аванс ёки кредит шакли бўйича амалга оширилиши мумкин.

Мобиль алоқа хизматлари учун тўловлар қабул қилинишини оператор мустақил равишда ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш кўрадиган тўлов агентлари орқали ташкил қилиши мумкин.

54. Кўрсатилган мобиль алоқа хизматлари ҳисоб-китоби учун тегишли хизматларни кўрсатиш вақтида амалда бўлган тарифдан фойдаланилади.

55. Абонентлар билан барча ҳисоб-китоблар қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда ва шартларда олиб борилади.

Тарифларни белгилаш ва кўрсатилган мобиль алоқа хизматлари учун ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида амалга оширилади.

Кўрсатилган мобиль алоқа хизматлари учун ҳисоб-китобларни амалга оширишда, хорижий валютадан, шунингдек хорижий валютадаги тўлов ҳужжатларидан фойдаланишга қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, тартиб ва шартларда йўл қўйилади.

56. Абонент томонидан ушбу Қоидаларда белгиланган талаблар, шунингдек шартнома шартлари бузилган ҳолларда, бузилишлар бартараф этилгунга қадар оператор мобиль алоқа хизматлари кўрсатилишини тўхтатиш ҳуқуқига эга. Бунда мобиль алоқа тармоғидан фойдалана олиш ва абонент томонидан фавқулодда тезкор хизматларни чақириш имконияти сақланади.

57. Оператор томонидан мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш тўхтатилгандан кейин абонент шартнома ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган муддатда аниқланган бузилишларни бартараф этиш ҳуқуқига эга. Аниқланган бузилишлар бартараф этилгандан кейин мобиль алоқа хизматларидан фойдаланиш тикланади.

58. Кредитга тақдим этилган мобиль алоқа хизматлари учун тўлов муддатини оператор мустақил белгилайди.

59. Мобиль алоқа хизматларининг тўлови учун мобиль алоқа хизматларининг тўлови тўғрисидаги маълумотларни операторга етказиш учун фойдаланиладиган, белгиланган усул билан кодланган ахборотга эга олдиндан тўлов картасидан (кейинги ўринларда - карта деб юритилади) фойдаланиш мумкин. Картада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) картани чиқарган операторнинг номи (фирма номи);

2) тўланганлигини карта тасдиқлайдиган тўлов миқдори;

3) картанинг амал қилиш муддати;

4) операторнинг маълумот олиш (боғланиш) телефонлари;

5) картадан фойдаланиш қоидалари;

6) картанинг идентификация рақами.

60. Шартнома бекор қилинган ҳолларда абонент аванс сифатида киритилган пул маблағларини қайтариш учун операторга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолда оператор ўн беш кун муддат ичида пул маблағларининг фойдаланилмаган қолдиғини қайтаришга мажбур.

8-§. Томонларнинг жавобгарлиги

61. Оператор, дилер ва абонент Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ва улар ўртасида тузилган шартномаларга мувофиқ жавобгар бўладилар.

62. Абонент ҳуқуқини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид келадиган шартнома шартлари ҳақиқий эмас деб топилади. Агар уларнинг қўлланиши натижасида абонентга зарар етказилса, улар оператор томонидан қонун билан белгиланган тартибда қопланиши шарт.

63. Оператор тузилган шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун қуйидаги ҳолларда абонент олдида жавобгардир:

1) мобиль алоқа тармоғидан фойдалана олишни таъминлаш муддатларининг бузилиши;

2) шартномада белгиланган мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш муддатларининг бузилиши;

3) шартномада кўрсатилган ва абонент томонидан талаб қилинган мобиль алоқа хизматларининг барча турларини кўрсатмаганлик;

4) мобиль алоқа хизматларини сифатсиз кўрсатиш;

5) мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ ахборотнинг тақдим этилмаганлиги, тўлиқ тақдим этилмаганлиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаганлиги;

6) шартномани бажариш натижасида операторга маълум бўлган абонент тўғрисидаги маълумотларнинг тарқатилишини чеклаш тўғрисидаги талабларнинг бузилиши.

Оператор қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа ҳолатларда ҳам жавобгардир.

64. Агар операторнинг жавобгарлиги дилернинг айби билан юзага келган ҳолда, оператор дилердан у билан тузилган шартномага ва қонун ҳужжатларига мувофиқ етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

65. Хизматларни кўрсатиш давомида аниқланган камчиликлар абонент томонидан даъво берилган кундан бошлаб 15 кун ичида оператор томонидан бартараф этилиши керак, агар шартномада янада қисқароқ муддат белгиланмаган бўлса.

66. Объектив сабабларга кўра оператор камчиликларни бартараф эта олмаса, ушбу муддат узайтирилиши мумкин, аммо бир ойдан кўпга эмас.

67. Агар мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги енгиб бўлмайдиган куч натижаси бўлса ёки абонентнинг айби билан юз берган бўлса, оператор абонент олдида жавобгар бўлмайди.

68. Низоли масалалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

9-§. Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби

69. Абонент мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ оператор ёки дилернинг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

70. Абонентлар мурожаатларини кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

71. Оператор мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича мажбуриятларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда абонент операторга шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

72. Шикоят ёзма ва/ёки оғзаки шаклда берилади, у операторга келиб тушган кун рўйхатга олиниши керак. Мобиль алоқа хизматларини кўрсатишни рад этиш, шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятларни ўз вақтида бажармаслик ёки лозим даражада бажарилмаслик билан боғлиқ масалалар юзасидан шикоятлар мобиль алоқа хизматлари кўрсатилган, уни кўрсатиш рад этилган ёки ҳисоб тақдим этилган кундан бошлаб 6 ой ичида берилади.

73. Ёзма шаклда берилган шикоятга шартнома нусхаси, шунингдек кўриб чиқилиши зарур бошқа ҳужжатлар илова қилинади, бу ҳужжатларда шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги маълумотлар, етказилган зарар қопланиши тўғрисида даъво қилинган ҳолда – етказилган зарар факти ва миқдори тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши керак.

74. Шикоят оператор томонидан даъво рўйхатга олинган кундан бошлаб 30 кундан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилади.

Шикоятни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида оператор уни берган абонентга хабар қилиши (ёзма шаклда) керак.

Агар шикоят оператор томонидан асосли деб топилган ҳолда, аниқланган камчиликлар шартномада ёки қонун ҳужжатларида кўрсатилган муддатларда бартараф этилиши керак.

10-§. Якуний қоида

75. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишилган.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган

корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш

Давлат қўмитаси раиси

«____» _________________2018 й.Р. Гулямов

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Разработка проекта Правил оказания услуг мобильной связи (Правила)Проект Правилдо 23.03.2018г.Министерство по развитию информационных технологий и коммуникаций
2Размещение документа для обсуждения на Едином порталеРазмещение на Едином портале уведомления о проведении обсуждения, графика, проекта Правил, опросного листа участников обсуждения23.03. 2018г.Министерство по развитию информационных технологий и коммуникаций
3Проведение обсуждения проекта постановления Президента Республики УзбекистанОбсуждение Правил на Едином портале23.03.2018г. - 07.04.2018г.Министерство по развитию информационных технологий и коммуникаций
4Доработка проекта Правил согласно предложениямОбобщение предложений участников обсуждения, доработка проекта и размещение окончательной редакции на Едином портале08.04.2018г.- 10.04.2018г.Министерство по развитию информационных технологий и коммуникаций
5Внесение проекта Правил на экспертизу и регистрацию в Министерство юстиции Республики УзбекистанВнесение проекта Правил в Министерство юстиции Республики Узбекистан12.04.2018гМинистерство по развитию информационных технологий и коммуникаций

So`rovnoma natijalari