Hujjat nomi
Бухоро вилоятида замонавий иссиқхона хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO‘zbekiston Respublikasi Qishlоq хo‘jаligi vаzirligi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Qishlоq хo‘jаligi vаzirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-03-29 16:13:21
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-04-13 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

Бухоро вилоятида замонавий иссиқхона хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Бухоро вилоятида иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш, уларда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, етиштирилаётган маҳсулотлар сифатини яхшилаш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоятда бугунги кунда жами 295 гектардан ортиқ иссиқхоналар мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти аҳоли томорқасида кичик ҳажмларда оддий усулда барпо этилган. Бугунги кунда вилоятнинг Олот, Қоракўл, Пешку ва Жондор туманларида атиги 2-7 гектардан иссиқхоналар мавжуд.

Шу билан бирга, вилоятда замонавий иссиқхоналар қуриш ва уларда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга салбий таъсир этувчи бир қатор муаммолар мавжудлиги соҳани ривожлантириш, маҳсулот етиштириш ва уни экспорт қилиш имкониятларини чеклаб қўймоқда.

биринчидан, вилоятда мавжуд иссиқхоналарнинг асосий қисми эски услубда қурилган бўлиб, энергия сарфи юқорилиги сабаб етиштирилган ҳосил таннархи юқори, ҳосилдорлиги эса пастлигича қолмоқда;

иккинчидан, иссиқхоналар ташкил этишда илмий, инновацион ёндашув тизимининг йўқлиги сабабли маҳсулотларнинг сифати халқаро стандартларга жавоб бермайди, рақобатбардош эмас;

учинчидан, энг асосийси, иссиқхона хўжаликлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг ягона тизими мавжуд эмас ҳамда янги технологиялар асосида замонавий иссиқхоналар қуриш ва мавжудларини реконструкция қилишни қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилмаган.

Бухоро вилоятида ресурс тежамкор инновацион технологияларга асосланган замонавий иссиқхоналарни ташкил этиш, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб этиш, иссиқхоналарда маҳсулот етиштирувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш ва қишлоқ аҳолиси учун янги кафолатланган иш ўринларини яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси ва Бухоро вилояти ҳокимлигининг 2018-2019 йилларда вилоятда 10 минг гектар кейинчалик 50 минг гектаргача майдонда замонавий иссиқхоналар, шу жумладан гидропоника усулида иссиқхоналар қуриш ва уларни 1-иловада келтирилган ҳудудларга жойлаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Бухоро вилоятида замонавий иссиқхоналарни ташкил этиш билан боғлиқ чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва уларни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби 2-иловага мувофиқ (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) тасдиқлансин.

Ишчи гуруҳ (С.Р.Холмуродов) икки ой муддатда халқаро молиявий институтлар ва салоҳиятли хорижий инвесторлар маблағларини вилоятда иссиқхоналар қуришга жалб этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

3. Вилоят ҳокимлиги жорий йилнинг май ойига қадар замонавий иссиқхоналарни қуриш ва ривожлантириш бўйича алоҳида ер майдонлари (массивлар)ни ва иссиқхона фаолиятини юритишга салоҳиятли маҳаллий ва хорижий тадбиркорлик субъектлари рўйхатини молиялаштирувчи тижорат банклари билан келишилган ҳолда аниқласин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини интенсив усулда етиштиришни янада ривожлантириш ва экспорт ҳажмини ошириш, мазкур соҳада инновацион технологияларни кенг жорий этиш мақсадида “Бухоро вилоятиссиқхона хўжаликлари уюшмаси”ни (кейинги ўринларда – Уюшма деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

5. Уюшманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

замонавий иссиқхоналарни жойлаштириш, лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларини мувофиқлаштириш;

иссиқхоналарда етиштирилаётган маҳсулотларнинг савдо – харид тизимини жорий этиш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда мулкчилик шаклидан қатъий назар мавжуд иссиқхоналар ва етиштирилаётган маҳсулотлар тўғрисида ягона ахборот базасини шакллантириш;

иссиқхоналар учун инновацион технологиялар асосида уруғлик, кўчат етиштириш, маҳаллий кимёвий воситаларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш тизимини жорий этиш;

Республиканинг чет эллардаги ваколатхоналари билан биргаликда халқаро молия институтлари маблағларини кенг жалб қилиш;

иссиқхоналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, ускуна ва ўлчов асбобларини ишлаб чиқаришда хорижий компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

иссиқхоначиликнинг замонавий усулларини жорий этиш мақсадида хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, консалтинг ва инжиниринг хизматларини ташкил этиш.

6. Уюшманинг ходимлари сони 12 нафар бўлган ижро этувчи аппарати тузилмаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, Уюшма раиси муассисларнинг умумий йиғилиши қарори билан сайланади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девони билан келишилган ҳолда вилоят ҳокимлиги томонидан лавозимга тайинланади.

Уюшманинг ижро этувчи аппаратининг жорий таъминоти ҳамда фаолиятини молиялаштириш уларнинг таркибига шартнома асосида кирувчи хўжалик субъектларининг аъзолик бадаллари, грантлар, шунингдек қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

7. Уюшма қошида Бухоро вилояти ҳудудида замонавий иссиқхоналар қурилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси таъсисчилигида “Иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш жамғармаси” (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки, Жамғарманинг маблағлари таъсисчилар улушлари, хорижий инвестициялар ва грантлар ҳамда қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига ошириб борилиши мумкин.

Жамғарма маблағлари унинг Кенгаши томонидан тасдиқланган иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш, уларни ривожлантириш, соҳага
илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни жорий этиш йўналишларида мақсадли ишлатишга сарфланади.

8. Бухоро вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Уюшма ва Жамғарма ижро аппарати учун барча қулайликларга эга бўлган бино ажратиш масаласини ҳал этсин.

9. Замонавий технологиялар асосида иссиқхоналар, шу жумладан гидропоника усулидаги иссиқхоналарни ташкил қилиш учун ажратиладиган кредитлар таъминоти учун қуйидагилар қабул қилинишига рухсат берилсин:

Ўзбекистон Республикаси тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси кафиллиги;

умумий гаров таркибининг 25 фоиздан ошмаган миқдорда тўлов қобилиятига эга бўлган корхона ва ташкилотларнинг кафилликлари;

иссиқхона ташкил этувчи лойиҳа ташаббускори ва учинчи шахсларга тегишли мол-мулклар гарови;

кредит ҳисобига сотиб олинадиган асбоб-ускуналар сотиб олиш қийматининг 70 фоизгача миқдорида;

қонунчиликда белгиланган бошқа таъминот турлари;

замонавий технологиялар асосида иссиқхоналар, шу жумладан гидропоника усулидаги иссиқхоналарни ташкил қилишда лойиҳа ташаббускорларининг ўз улушлари лойиҳа умумий қийматининг камида 25 фоизини ташкил этиши лозимлиги белгилаб қўйилсин.

10. Белгилаб қўйилсинки, вилоят ҳудудида иссиқхонада маҳсулот етиштирувчи мулкчилик шаклидан қатъий назар уюшмага аъзо бўлиб кирган субъектларга қуйидаги имтиёзлар жорий қилинади:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ҳукумат кафолати асосида замонавий иссиқхоналар, шу жумладан гидропоника усулида иссиқхоналар қуришни ташкил этиш учун имтиёзли, яъни 3 йил имтиёзли давр билан 10 йил муддатга йиллик 3 фоиз устама билан хорижий кредит линиялари жалб қилиниши таъминланади;

жалб қилинган имтиёзли ҳорижий кредит линиялар ва унинг шартлари доирасида тижорат банклари томонидан қайта молиялаштириш орқали иссиқхоналар ташкил этиш учун кредитлар ажратилади. Шунингдек, ушбу кредит линия маблағларидан ажратиладиган кредитлар бўйича тижорат банклари маржаси йиллик 2 фоиздан ошмаслиги белгилаб қўйилади;

янгидан ташкил этиладиган замонавий иссиқхоналар учун талаб этиладиган табиий газ 50 фоиз чегирма билан имтиёзли нархларда етказиб берилади;

талабнома тақдим этилган кундан бошлаб икки хафтадан ошмаган муддатда иссиқхоналар газ таъминотига уланиш тартиби жорий қилинади. Газ таъминотига улаш учун талаб этиладиган техник шартлар ва лойиҳа тайёрлаш учун тўловлар амалдаги тарифларнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади;

иссиқхоналар табиий газ ва электр энергиясидан ташқари муқобил иситиш технологиялари (қуёш энергияси, шамол энергияси, биогаз ва ҳакозо) асосида ташкил қилинганда жамғарма ҳисобидан иссиқхона қурилишига сарфланган маблағларнинг 20 фоизи миқдорида мақсадли маблағлар ажратилади (мазкур ҳолатда табиий газдан фойдаланганлик учун белгиланган имтиёзлар жорий этилмайди).

Замонавий иссиқхоналар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Уюшма ва унинг таркибига кирувчи хўжалик субъектлари (фақат 1-иловада кўрсатилган худудларда иссиқхоналарга эга бўлган ташкилотлар):

вилоят ҳудудида иссиқхоналар учун уруғлик, кимёвий ҳимоя воситалари ишлаб чиқаришни, саралаш ва қадоқлаш лойиҳаларини амалга оширувчи маҳаллий ва ҳорижий инвесторлар ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун хориждан келтириладиган иссиқхона асбоб-ускуналари, уларнинг таркибий ва эҳтиёт қисмлари, хом ашёлар, материаллар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш материаллари ҳамда сабзавот уруғлари, цитрус кўчатлари, озуқа субстратлари ва ўғитлари божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) 4-иловага мувофиқ озод этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси билан биргаликда замонавий иссиқхона эгалари ва тадбиркорларга юқоридаги солиқ имтёзларни қўллаш тартибини бир ой муддатда ишлаб чиқиб Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.

12. “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти билан биргаликда Уюшма таркибига кирувчи корхоналар томонидан етиштирилган маҳсулотларни тизимли равишда экспортга йўналтиришига амалий ёрдам кўрсатсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Уюшманинг талабномаларига мувофиқ иссиқхона хўжаликларида ишлаш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб этишга рухсатномалар беришни (узайтиришни), шунингдек, кўрсатиб ўтилган хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (узайтирилишини) таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Уюшманинг талабномаларига мувофиқ иссиқхона ишларига жалб этиладиган хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Уюшма талабномаларига мувофиқ иссиқхоналар тармоғида ишлашга жалб этиладиган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар давлат божи ундирилмасдан берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг вақтинча яшаш жойида рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси ва Уюшма билан биргаликда замонавий иссиқхоналарда маҳсулот етиштириш билан шуғулланувчи олий маълумотли кадрларни тайёрлаш қишлоқ хўжалиги йўналишидаги касб-ҳунар коллежларида соҳа ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйсин.

17. Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, Тошкент давлат аграр университети билан биргаликда:

2018 йил 20 апрелга қадар иссиқхона хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида иссиқхоналарни ташкил этиш, маҳсулот етиштириш ва экспортга чиқариш масалалари юзасидан ўқув семинарлари ташкил этиш;

иссиқхоначилик ва уни ривожлантириш йўналишида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ва ишланмаларни қўллаб қувватлаш, бу борада ривожланган давлатларда малака оширишни ташкил этиш бўйича таклиф киритсинлар.

18. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

19. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири - А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - З.Т.Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси - С.Р.Холмуродов зиммасига юклансин.

[ izohlar (1) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

Beknazarova Muqaddas Norim qizi 2018-04-12 17:52:28

Бухоро мисолида бошқа вилоятлардан иссиқхона билан шуғулланаётган тадбиркор ва ишбилармонлар учун Бухородаги намунали тизимда фаолият юритаётган иссиқхоналарда семинарлар, мастер-класслар ўтказилса мақсадга мувофиқ бўларди. Сабаби кўз билан кўриб, иссиқхоналарни юритиш бўйича анча орқада қолаётган вилоят фуқароларига туртки ва амалий ёрдам. тажриба орттириш имкониятлари бўларди.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш“Бухоро вилоятида замонавий иссиқхона хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси28.02.2018Сабзавот-полизчиликни, боғдорчиликни, узумчиликни ривожлантириш ва интенсив технологияларни жорий этиш бошқармаси
2Ягона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришЯгона порталда муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабарномани, жадвални, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини, муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштириш29.03.2018Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишЯгона порталдан тушган таклифларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш 29.03.2018-14.04.2018Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ягона портал фойдаланувчилари
4Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини муҳокама натижаси бўйича қабул қилинган таклифларга мувофиқ қайта ишлашЯгона портал иштирокчиларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қайта ишлаб чиқиш ва Ягона порталда қайта жойлаштириш14.04.2018Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
5Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритишЛойиҳа ва тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш 17.04.2018Сабзавот-полизчиликни, боғдорчиликни, узумчиликни ривожлантириш ва интенсив технологияларни жорий этиш бошқармаси

So`rovnoma natijalari