Hujjat nomi
Қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектларда етиштирилган қўй териси, қоракўл териси ва жунини харид қилиш, шунингдек уларга омухта ем, арпа, пахта шроти ва шелухасини етказиб бериш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Qishlоq хo‘jаligi vаzirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-04-12 14:16:31
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-04-27 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектларда етиштирилган қўй териси, қоракўл териси ва жунини харид қилиш, шунингдек уларга омухта ем, арпа, пахта шроти ва шелухасини етказиб бериш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Кейинги йилларда республикада қоракўлчилик соҳасини ривожлантиришга, наслчилик ишларини такомиллаштиришга, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш ва экспорга йўналтириш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.

Ҳозирги вақтда республикамизда 1,5 мингга яқин қоракўлчиликка ихтисослашган хўжаликлар фаолият кўрсатиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, улар томонидан жорий йилда 200 минг дона қоракўл тери, 5 минг 400 тонна жун ҳамда 20 минг тоннадан ортиқ гўшт маҳсулотлари етиштирилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, қоракўлчилик маҳсулотларини харид қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш корхоналарига етказиб беришга етарлича эътибор берилмаяпти.

Узоқ чўл ҳудудларида фаолият кўрсатаётган қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектларга омухта ем, арпа, пахта шроти ва шелухасини етказиб беришда узилишлар туфайли экспортбоп маҳсулотлар етиштириш суръатлари пастлигича қолмоқда. Шунингдек, қоракўлчилик субъектларида подага яроқсиз совлиқларни марказлашган ҳолда бўрдоқилаш ва экспортбоп қоракўлча тери етиштириш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаяпти.

Қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар томонидан етиштирилган қўй териси, қоракўл териси ва жунини харид қилиш ҳамда уларга омухта ем, арпа, пахта шроти ва шелухасини етказиб беришни тизимли ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси, Республика “Қоракўлчилик” уюшмасининг улар тизимидаги шахобчалар ва марказлар орқали қоракўлчилик билан шуғулланувчи субъектларда етиштирилган қўй териси, қоракўл териси ва жунини сотиб олиш, бирламчи ишлов бериш, сақлаш ва қайта ишлаш корхоналарига шартнома асосида етказиб бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар томонидан етиштирилган қўй териси, қоракўл териси ва жунини харид қилиш, шунингдек, уларга омухта ем, арпа, пахта шроти ва шелухасини озуқа мақсадлари учун сотиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Бухоро, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликлари Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси билан биргаликда 2-иловага мувофиқ қоракўлчилик-наслчилик жамиятларида келгусида насл учун фойдаланилмайдиган қари она қўйларни марказлашган ҳолда бўрдоқлашни ва экспортбоп қоракўлча тери ва арзон гўшт етиштириш ишларини ташкил этиш;

бўрдоқичилик хўжаликларида етиштирилган қоракўлча терини 100 фоиз экспорт қилиш ҳамда гўшт маҳсулотларини бозор нархларидан 15 фоиз арзон нархларда олдиндан 100 фоиз тўлов шарти билан “Ўзбекозиқовқатхолдинг” акциядорлик жамиятига етказиб берилишини таъминлансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси, “Ўздонмаҳсулот” АК, “Ўзпахтаёғ” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимларига ушбу қарорда белгиланган тартибга риоя этилиши юзасидан шахсий масъулият юклансин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т.Мирзаев ва Қишлоқ хўжалиги вазири Б.Т.Юсупов зиммаларига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил __ апрелдаги ___ -сон қарорига

1-ИЛОВА

Қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар томонидан етиштирилган қўй териси, қоракўл териси ва жунини харид қилиш, шунингдек, уларга омухта ем, арпа, пахта шроти ва шелухасини озуқа мақсадлари учун сотиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар томонидан етиштирилган қўй териси, қоракўл териси ва жунини харид қилиш, шунингдек, уларга омухта ем, арпа дони, пахта шроти ва шелухасини (бундан буён – маҳсулот)ни озуқа мақсадлари учун сотиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

қўй териси – катта ёшдаги (6 ойликдан катта) қоракўл қўйларидан олинадиган хом-ашё;

қоракўл териси – қоракўл зотига мансуб она қўйлардан туғилган 1-3 кунлик қўзилардан олинадиган хом-ашё;

жун – қўйларни қирқиш натижасида ҳосил бўладиган хом-ашё;

қўй териси, қоракўл териси ва жунини йиғиш шахобчаси – “Ўзбекчармпойабзали” ва Республика “Қоракўлчилик” уюшмалари тизимидаги қўй териси, қоракўл териси ва жунини сотиб олиш, бирламчи ишлов бериш, сақлаш ва қайта ишлаш корхоналарига шартнома асосида етказиб бериш фаолияти билан шуғулланувчи шахобчалар ва марказлар;

сотувчилар – “Ўздонмаҳсулот” АКнинг омухта ем ва арпа дони, “Ўзпахтаёғ” АЖнинг пахта шроти ва шелухасини биржа савдолари орқали сотадиган ҳудудий ташкилотлари;

харидорлар – ўз эҳтиёжлари учун маҳсулотни сотиб оладиган қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар;

қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар – қоракўлчилик жамиятлари, фермер ҳамда қоракўл қўйларини бўрдоқига боқиш хўжаликлари;

харидорлар реестри – озуқа мақсадлари учун омухта ем, арпа дони, пахта шроти ва шелухасини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар рўйхати.

2-боб. Қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар томонидан етиштирилган қўй териси, қоракўл териси ва жунини харид қилиш

3. Республика ҳудудида қўй териси, қоракўл териси ва жунни харид қилиш “Ўзбекчармпойабзали” ва “Қоракўлчилик” уюшмалари тизимидаги корхоналар томонидан олдиндан 50 фоиз бўнак тўлаш орқали амалга оширилади.

4. Қоракўлчилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган қўй териси, қоракўл териси ва жунни харид қилиш ҳамда маҳсулот учун ҳисоб-китоб ишлари қўй териси, қоракўл териси ва жунини йиғиш шахобчалари томонидан шартнома асосида амалга оширилади.

5. “Ўзбекчармпойабзали” ва “Қоракўлчилик” уюшмалари тизимидаги корхоналар томонидан тайёрланган қўй териси, қоракўл териси ва жун хомашёлари ушбу маҳсулотларни қайта ишлаш корхоналарига шартнома асосида келишилган нархларда етказиб берилади.

3-боб. Қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектларга маҳсулот етказиб бериш

6. Ҳудудий “Қоракўл” уюшмалари 1 августга қадар қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар учун қишлов даври, келгусида насл учун фойдаланилмайдиган она қўйларни бўрдоқилаш ва улардан экспортбоп қаракўлча тери олиш ҳамда қўйларни уруғлантириш мавсуми учун талаб этиладиган пахта шроти, шелухаси, омухта ем ва арпа маҳсулоти ҳажмлари тўғрисида таклифларни тайёрлайди ва Республика “Қоракўлчилик” уюшмасига тақдим этади.

7. Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси тақдим этилган таклифларни ўрганиб чиқади ва умумлаштирган ҳолда 1 сентябрга қадар ўрнатилган тартибда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

8. Иқтисодиёт вазирлиги “Ўздонмаҳсулот” АК ва “Ўзпахтаёғ” АЖ билан биргаликда ҳар йили омухта ем, арпа дони, пахта шроти ва шелухасининг балансини қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектларга талаб этиладиган пахта шроти, шелухаси, омухта ем ва арпа маҳсулотлари тўғрисидаги тасдиқланган ҳажмларни инобатга олган ҳолда шакллантиради.

9. “Ўздонмаҳсулот” АК ва “Ўзпахтаёғ” АЖ талаб этиладиган пахта шроти, шелухаси, омухта ем ва арпа маҳсулотларини бирда савдоларига қўйиш учун тасдиқланган ҳажмлар тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойнинг 1 санасига қадар ҳудудий корхоналарига юборади ва Республика товар хом-ашё биржасига тақдим этади.

10. Биржа савдорларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар рўйхати ва уларга ажратилиши лозим бўлган маҳсулот миқдори ҳудудий “Қоракўл” уюшмалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда шакллантирилиб, ҳар ойнинг 5 санасига қадар ҳудудий товар хом-ашё биржаларига тақдим этилади.

11. Маҳсулотни биржа савдоларига қўйишда бошланғич нархлари “Ўздонмаҳсулот” АК ва “Ўзпахтаёғ” АЖ корхоналари томонидан белгиланади.

12. Биржа савдолари “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ва биржа савдолари қоидалари бўйича амалга оширилади.

13. Сотувчилар ва харидорлар биржага хизмат қилувчи банкдаги ҲККПнинг иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига биржа савдоларига қўйилган маҳсулот умумий қийматининг ва мўлжалланаётган битишув ҳажмининг 2 фоизгача миқдоридаги закалатни қўяди.

14. Харидорлар томонидан биржа савдорларида сотиб олинган маҳсулотлар сотувчилар томонидан амалга оширилади.

4-боб. Ушбу Низом бажарилишининг мониторингини олиб бориш

15. “Ўзбекчармпойабзали” ва “Қоракўлчилик” уюшмалари тизимидаги корхоналар томонидан харид қилинган қўй териси, қоракўл териси ва жуни тўғрисидаги маълумотларни махсус китобига қайд этилади.

16. Маълумотлар умумлаштирилган ҳолда ҳар ойда бир марта “Ўзбекчармпойабзали” ва “Қоракўлчилик” уюшмалари тегишлилиги бўйича ҳар ой якуни билан келгуси ойнинг 5 санасига қадар тақдим этиб борилади.

17. “Ўздонмаҳсулот” АК ва “Ўзпахтаёғ” АЖ сотилган маҳсулот тўғрисидаги маълумотларни Республика “Қоракўлчилик” уюшмасига ҳар ой якуни билан келгуси ойнинг 5 санасига қадар тақдим этиб боради.

18. “Ўзбекчармпойабзали” ва “Қоракўлчилик” уюшмалари ҳар ой якуни билан келгуси ойнинг 10 санасига қадар харид қилинган қўй териси, қоракўл териси ва жуни, шунингдек, сотилган омухта ем, арпа дони, пахта шроти ва шелухаси тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига маълумот тақдим этиб боради.

5-боб. Якунловчи қоида

19. Ушбу Низом бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш"Қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектларда етиштирилган қўй териси, қоракўл териси ва жунини харид қилиш шунингдек, уларга омухта ем, арпа, пахта шроти ва шелухасини етказиб бериш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор лойиҳаси27.03.2018Чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва аквакультурани ривожлантириш бош бошқармаси
2Ягона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришЯгона порталда муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабарномани, жадвални, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини, муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштириш12.04.2018Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишЯгона порталдан тушган таклифларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш12.04.2018-27.04.2018Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ягона портал фойдаланувчилари
4Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини муҳокама натижаси бўйича қабул қилинган таклифларга мувофиқ қайта ишлашЯгона портал иштирокчиларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қайта ишлаб чиқиш ва Ягона порталда қайта жойлаштириш.28.04.2018Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
5Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритишҚарор лойиҳаси ва унга тегишли ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш01.05.2018Чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва аквакультурани ривожлантириш бош бошқармаси

So`rovnoma natijalari