Hujjat nomi
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ Қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши ишлов бериладиган майдонлар ва ҳудудларни аниқлаш ҳамда хизматлар кўрсатиш тарифларини шакллантириш тартиблари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Qishlоq хo‘jаligi vаzirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-04-16 10:01:12
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-05-01 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши ишлов бериладиган майдонлар ва ҳудудларни аниқлаш ҳамда хизматлар кўрсатиш тарифларини шакллантириш тартиблари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2018 йилда республика қишлоқ хўжалигини кимёвий препаратлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 15 февралдаги 119-сон қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қўйидагилар:

Қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши ишлов бериладиган майдонлар ва ҳудудларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашиш бўйича хизматлар кўрсатиш тарифларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т.Мирзаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири А.Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил “___” __________ даги

____-сон қарорига

1-ИЛОВА

Қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари, касалликлари
ва бегона ўтларга қарши ишлов бериладиган майдонлар ва ҳудудларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2018 йилда республика қишлоқ хўжалигини кимёвий препаратлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 15 февралдаги 119-сон қарорига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши ишлов бериладиган майдонлар
ва ҳудудларни аниқлаш тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари, касалликлари
ва бегона ўтларга қарши ишлов бериладиган майдонлар ва ҳудудларни аниқлаш ўсимликларни ҳимоя қилиш тадбирларини режалаштириш, зарур кимёвий, биологик ҳимоя воситаларга бўлган талабни аниқлаш
ва тадбирларни амалга ошириш муддатлари белгилаш мақсадида амалга оширилади.

2. Қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари, касалликлари
ва бегона ўтларга қарши ишлов бериладиган майдонлар ва ҳудудлар фитосанитария мониторинги асосида ўсимликларни самарали муҳофаза қилишни башорат қилиш орқали аниқланади.

3. Ўсимликларни самарали муҳофаза қилишни башорат қилиш қуйидаги башорат қилиш турлари орқали амалга оширилади:

кўп йиллик башоратлар;

узоқ муддатли башоратлар;

қисқа муддатли башоратлар.

фенологик башорат;

фойдали организмлар фаоллиги башорати;

зарарлилик даражаси башорати;

зараркунандаларнинг ривожланишини башорат қилиш;

ўсимлик касалликларининг ривожланишини башорати;

бегона ўтларни тарқалишини башорати.

II. Қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши ишлов бериладиган майдонлар ва ҳудудларни аниқлаш

4. Кўп йиллик башорат орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг интенсивлиги ва ихтисослашуви билан боғлиқ равишда зараркунандалар ёки уларнинг алоҳида турларининг эҳтимолий иқтисодий зарар етказишининг келгуси йиллардаги кутилаётган ўртача даражаси аниқланади.
Кўп йиллик башоратбеш йилдан кам бўлмаган муддатга тузилади. Бундай башоратлар илмий-тадқиқот муассасалари томонидан тегишли ахборотнинг максимал миқдори асосида ишлаб чиқилади.
Кўп йиллик башоратасосида ҳудудлар учун ўсимликларни ҳимоя қилиш стратегиясига ўзгартиришлар киритилади.
5. Узоқ муддатли башорат келгуси йил ёки мавсум учун ишлаб чиқилади. Узоқ муддатли башорат олдинги йил ёки мавсумга нисбатан алоҳида ҳудудларга мос келадиган зараркунандалар популяциясининг кутилаётган зичлиги, сони, кўпайиш интенсивлиги, пуштдорлиги, қишловга кетиши ва қишдан чиқиши ҳолатлари, олдинги йилларда тарқалган майдонлар тўғрисидаги, зараркунанда, касалликлар ва бегона ўтларнинг ёки уларнинг алоҳида турлари ривожланиб кўпайиши олдинги йил учун мавжуд маълумотларасосида ишлаб чиқилади. Бунда сўнгги беш йил давомида қўшимча маълумотлар базаси таҳлил қилинади.
Кимёвий ва биологик ҳимоя воситалари қўлланадиган майдонни башорат қилишда зараркунандаларнинг ривожланиш тезлиги, бир йилда неча марта авлод бериб тарқалиши, пуштдорлик даражаси каби биологик хусусиятлари ҳисобга олинади.
6. Қисқа муддатли башорат бир неча кундан бир ойгача бўлган муддатга ишлаб чиқилади.
Қисқа муддатли башорат фитосанитар ҳолатни аниқлаш, қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш ёки муайян экологик вазият учун кераксиз бўлган тадбирларни ўзгартириш мақсадида амалга оширилади.
Қисқа муддатли башорат зарарли ҳашаротлар популяциялари динамикасини,энг муҳим бўлган омиллар таъсирида ривожланиш тенденциясини ҳисобга олиш асосида амалга оширилади.
7. Қисқа муддатли башоратнинг муҳим технологик босқичиданбири хабар бериш бўлиб, бунда фермер хўжаликларини маълум зарарли объектга қарши ҳимоя чораларини амалга оширишда ёки фермер ва деҳқон хўжаликларининг экинларни ва плантацияларни экологик вазиятнинг хусусиятлари ва экологик ҳолатига қараб ҳимоя тадбирларини ўтказилиши мувофиқлигини аниқлаш мақсадида тегишли экинлар ва экинларнинг зарарли организмларини тарқалишини текшириш натижалари тўғрисида хабар берилади.
8. Хабар бериш экологик вазиятни ва унинг зарарли объектлар 
ва қишлоқ хўжалик ўсимликлари ўртасидаги муносабатлар, зараркунанда, касалликларнинг маълум даврларда (ўн кун, бир ой давомида) фенологик ривожланишини ҳисобга олган ҳолдаойликқисқа муддатли башорат ишлаб чиқилади ва шунга асосан қишлоқ хўжалик маҳсулот етиштирувчиларга зараркунанда касалликлар турларини ривожланиши тўғрисида хабар берилади.
9. Фенологик башорат зараркунандалар ва етиштириладиганэкинлар онтогенезининг фенологик ҳодисалари, муайян экологик шароитларда уларнинг ўзгариш эҳтимоли даражаси ёки маълум фазаларини бошланишини белгилаш мақсадида амалга оширилади. Фенокалендар зараркунандалар 
ва ўсимликларнинг ривожланиш босқичларини инобатга олган ҳолда календар бир ойгача бўлган айрим турлар учун мавсум даври учун ишлаб чиқилади.
Фенологик башоратлар муайян экологик шароитларда алоҳида турларнинг мумкин бўлган зарарини аниқлаш учун ва унга қарши курашни оптимал муддатини белгилашга асос бўлиб хизмат қилади.
10. Энтомофаглар ва патогенлар фаоллик башорати – экинларнинг зараркунандаларига қарши кимёвий усулниқўллашнинг экологик 
ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини аниқлаш мақсадидаамалга оширилади.
Энтомофаглар ва патогенлар фаоллик башорати асосида муайян ҳудудда зараркунандаларга қарши режалаштирилган кимёвий ҳимоя қилиш тадбири кўрсаткичлари белгиланади.
11. Қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларининг зарарли таъсири учта қуйидаги тартибда белгиланади:
зараркунандаларнинг сони, инфекциянинг ҳолати ва касалликнинг ривожланиш даражаси, бегона ўтларнинг сони;
зарарли объект фенологияси ва зарар кўрган экин турининг фенологияси ва ҳолати;
экологик ҳолат, зарарли объектларнинг агрессивлилиги ва экинларнинг зарарли организмларга нисбатан барқарорлиги (чидамлилиги).
12. Экинлар зараркунандалари ривожланишининг даражалари, амалий аҳамияти ва ишлатилиш вақти жиҳатидан башорат қилиниши илмий жиҳатдан яхшироқ асос сифатида баҳоланиши ва зарур бўлган фитосанитария маълумотлари билан таъминланиши мумкин.
13. Зараркунандаларни ривожланишини башорат қилишнинг асосий кўрсаткичлари – ҳудудлар, ўсимликлар ёки уларнинг органлари популяцияси, зараркунандабирлиги, ўсимлик ёки органи (зичлиги), ўсимликларга зарар етказилиши, зараркунандаларнинг яшовчанлиги, ёши, морфо-физиологияси, жинсининг нисбати, ҳаётчанлиги, энтомофаг 
ва патогенларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар муҳимдир.
14. Зараркунандалар ривожланишини башорат қилиш учун экинларнинг ривожланиш даврида об-ҳаво омилларидан бири ҳаво ва тупроқнинг ҳарорати, фенофазаларнинг ўтиш вақтини ва тезлигини аниқлашда асосий аҳамиятга эга. Айниқса, турнинг салоҳияти мавжуд бўлган даврда атроф-муҳитнинг ажралмаслик кўрсаткичлари тенг даражада муҳимдир – урғочиларда, тухум босқичида ва биринчи авлод личинкаларида тухум қўйиш шаклланишига қараб билинади.
III. Қишлоқ хўжалиги экинлари касалликларига қарши 
ишлов бериладиган майдонлар ва ҳудудларни аниқлаш
15. Қишлоқ хўжалиги экинлари касалликларига қарши ишлов бериладиган майдонлар ва ҳудудлар ҳаво ва намгарчилик орқали тарқаладиган касалликларни башорат қилиш орқали аниқланади.
16. Касалликларни тарқалишини башорат қилиш бўйича асосий кўрсаткичлари бу ўсимликлар ва ўсимликлар вегетатив органларидаги патогенезларнинг тарқалиши, ривожланиши ёки мавжуд муҳитда зарар етказиш интенсивлиги ҳолатни аниқлашдан иборат.
IV. Қишлоқ хўжалиги экинлари бегона ўтларга қарши 
ишлов бериладиган майдонлар ва ҳудудларни аниқлаш
17. Қишлоқ хўжалиги экинлари бегона ўтларга қарши ишлов бериладиган майдонлар ва ҳудудлар тегишли ҳудуд ва майдонда бегона ўтларнинг ривожланишини башорат қилиш орқали аниқланади.

18. Бегона ўтларнинг ривожланишини башорат қилиш орқали гербицидларни қўллаш даражаси, тупроқнинг унумдорлиги ва намлик буғланишини аниқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил “___” _________ даги

_____-cон қарорига

2-ИЛОВА

Қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашиш бўйича хизматлар кўрсатиш тарифларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2018 йилда республика қишлоқ хўжалигини кимёвий препаратлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 15 февралдаги 119-сон қарорига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашиш бўйича хизматлар кўрсатиш тарифларини шакллантириш тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

амортизация – асосий воситалар эскиришининг қийматдаги ифодаси, шунингдек, асосий воситалар ва номоддий активларнинг амортизацияланадиган қийматини уларнинг фойдали хизмат муддати давомида асосий воситалар ва номоддий активларнинг белгиланган мақсадидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот (ишлар, хизмат) таннархига ёки давр харажатларига олиб бориш ва тизимли тақсимлаш. Амортизация бўйича чегирмалар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 144-моддасига мувофиқ ҳисобланади;

давр харажати – бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган харажатлар ва сарфлар, яъни бошқарув харажатлари, ташкилий харажатлар, умумхўжалик аҳамиятига эга бўлган бошқа харажатлар;

жорий таъмирлаш – асосий воситаларни ишчи ҳолатида сақлаб туриш мақсадида амалга ошириладиган таъмирлашдир;

капитал таъмирлаш – агрегатни тўлиқ ажратиб йиғиш амалга ошириладиган таъмирлаш, базавий ва корпус деталлари ва узелларини таъмирлаш, барча эскирган деталлар ва узелларни алмаштириш ёки тиклаш ҳамда агрегатни йиғиш, созлаш ва синаб кўриш.

қолдиқ қиймат – асосий воситанинг бошланғич қийматидан амортизация суммаси чегирилган қиймат. Амалда асосий воситалар хисоб-китобларда, ҳисоботларда, сотишда, ҳисобдан чиқаришда (списание) ва йўқ қилишда (ликвидация) қўлланилади;

тариф – бажарилган ишнинг таннархини, солиқ тўловини, давр харажатларини, фойдани ўз ичига олган ва рентабеллик даражасини таъминлаш учун зарур бўлган ҳисоб-китоблар йиғиндиси;

таъмирлаш – асосий воситаларни ишчи ҳолатида сақлаб туриш уларни таъмирлаш (жорий, ўртача ва капитал) воситасида амалга оширилади;

техник ресурс – техника, машина ва механизмларнинг ёки уларнинг асосий қисмининг капитал таъмирлашгача ишлаш муддатини (мотосоат) кафолатловчи кўрсаткич, ишлаб чиқарувчи ёки таъмирловчи корхона томонидан белгиланади, техник ташхис йўли билан аниқланади;

ўртача таъмирлаш – таъмирланаётган агрегатни қисман ажратиш
ва деталларнинг қисмларини тиклаш ёки алмаштириш амалга оширилади;

эскириш асосий воситалардан фойдаланишда, унинг бўлак, қисмлари, жисмоний (физик) ва маънавий емирилишини англатади;

II. Иш (хизмат)ларнинг шартнома баҳоси калькуляция асосида белгилаш, тасдиқлаш ва жорий этиш

2. Хизмат кўрсатувчилар томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналари учун бажариладиган агрохизматларнинг бир бирлик (бир гектар, бир км, бир п.м., бир тн.км, бир тн., бир м3, бир туп, бир соат, бир мотосоат ва бошка) ҳисобида тасдиқланган тариф асосида амалиётда қўлланилади.

3. Ҳисоб-китоблардаги аниқликни таъминлаш мақсадида тарифларни ҳар йили мавсум олдидан қайта ҳисоблаш ва тасдиқлаш талаб этилади.

4. Йил давомида ягона тариф сеткаси бўйича ойлик иш хақлари, моддий-техник ресурслар қийматлари (ёнилғи, эҳтиёт қисм ва бошқалар) ўзгарганда, йил бошида тасдикланган “тариф” қайта шакллантирилади (индексация), лекин қайта тасдиқлаш талаб этилмайди.

5. Тариф хизмат кўрсатувчи корхона масъул ходими, вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси ёки туман Қишлоқ хўжалиги бўлимининг ходими ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги “Меъёрлаш-тадқиқот” марказлари мутахассислари иштирокида ўрнатилган тартибда (хўжалик ҳисобидаги тузилган шартномаларга асосан) ишлаб чиқилади.

6. Хизмат кўрсатувчилар томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналари кўрсатиладиган агрохизматларнинг тарифлари ҳар бир вилоят (ёки туман)нинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, ҳар бир иш тури бўйича табақалаштирилган ҳолда белгиланади.

7. Томонлар ўзаро келишган “тариф”ни бир нечта туман ёки ҳудудлар учун ягона қилиб белгилашлари тавсия этилади. Бунда, иш (хизмат)ларни бажарувчиларнинг ҳамда истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилмаслиги, иқтисодий манфаатлари асосли ҳимояланиши зарур.

8. Тарифлар Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳудудий органлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Меъёрлаш-тадқиқот” марказининг билан келишилган ҳолда хизмат кўрсатувчиларнинг вилоят ҳудудий ташкилотлари томонилан тасдиқланади.

9. Тарифлар туман ёки ҳудуд учун алоҳида тузилиб, туман ёки туманнинг бирор ҳудуди миқёсида ишлаб чиқилганда Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳудудий органлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Меъёрлаш-тадқиқот” марказининг билан келишилган ҳолда хизмат кўрсатувчиларнинг туман ҳудудий ташкилотлари томонилан тасдиқланади.

10. Тарифлар туман миқёсида ишлаб чиқилганда, вилоят учун ишлаб чиқилган нархнома асос қилиб олинади, туман (ёки ҳудуд) учун белгиланган механизация хизмати нархлари вилоят бўйича тасдиқланган нархларга нисбатан 10 фоиздан ортиқ фарқ қилмаслиги лозим.

11. Ишлаш шароити ва бажарилаётган иш бир хил бўлган ҳолатда, тарифлар бир туман худудида бир-биридан фарқ қилмаслиги лозим. Агар, техника русуми ва харид нархи фарқ қилиши ҳисобига ёки бошқа сабабдан механизация хизмати нархлари турлича бўлиб қолса, вилоят бўйича ўртача нарх билан таққослаб кўриш лозим.

12. Хизмат кўрсатиш йўналишига қараб турли марка ва кучланишдаги техника ва воситалар қўлланади. Улар ўз салоҳияти бўйича турлича бўлиб турли иш унумдорлигига эга. Шунингдек, турли миқдорда ЁММ сарфлайди, амортизация ажратмалари турлича бўлади, турли миқдорда иш ҳақи ва ажратмалар миқдори ҳар хил бўлади. Кимёвий ишчи эритма тайёрлашда турли кимёвий воситалар қўлланади. Сув сарфи хар хил бўлади. Бир минтақада сув 5 км дан ташиб келтирилса. Бошқа бир ҳудудда 50 км дан сув ташиб келтирилиши мумкин. Тарифларни хисоблашда юқоридаги кўрсаткичлар албатта инобатга олинади.

13. Тарифлар ёнилғисиз ва ёнилғи билан бўлиши мумкин.

14. Тарифлар қишлоқ хўжалик мавсуми бошланишидан 1 (бир) ой олдин ишлаб чиқилади ва томонларга етказилади.

15. Тарифларни ҳисоблаб бўлмайдиган ва бир қолипга ҳам тушириб бўлмайдиган баъзи ишлар (комбинациялашган машиналар билан бир неча ишларни қўшиб бажариш, илгари мавжуд бўлмаган янги турдаги техникалардан фойдаланиш ва бошқа ҳолатлар) учун, механизация хизмати нархларини белгилашда мотосоатга таяниш тавсия этилади.

Ушбу каби ҳолатлар (ностандарт ишлар) мавжуд бўлса, техника бир иш бирлигини бажариш учун қанча вақт сарфлаши аниқланиши ва шу иш бирлиги учун бир мотосоатга “тариф” белгиланиши мумкин.

III. Механизациялашган иш(хизмат)ларнинг шартномавий баҳосининг таркибий қисмлари

16.Бажариладиган иш (хизмат)ларнинг таннархига нисбатан зарурий фойда 5 фоиз, молиявий харажатлар (лизинг ва кредит фоизлари) 3 фоиз, инновация ва модернизация харажатлари 5 фоиз, давр харажатлари 10 фоиз, ягона солиқ тўлови учун ажратма 2 фоиз (ёки умумий солиқ ставкалари) ҳисобида белгиланади.

17. Механизациялашган иш(хизмат)нинг таннархи:

тракторчи (комбайнчи, ҳайдовчи, оператор) нинг ва унинг ёрдамчисининг (агар, ёрдамчига эхтиёж бўлса) тариф бўйича асосий иш ҳақи;

қўшимча иш ҳақи;

иш ҳақига устамалар ва иш шароити билан боғлиқ бошқа қўшимчалар;

иссиқ овқат таъминоти;

иш ҳақи фондидан ижтимоий ажратма;

ёнилғининг баҳоси;

ёнилғи мойлаш материаллари баҳоси;

амортизация харажатлари; амортизация харажатлари (банк кредити ва фоизи, лизинг тўлови ва фоизи, амортизация, капитал таъмир, қайта тиклаш харажати, ижара тўлови);

техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш харажатлари;

умумий ишлаб чиқариш харажатларидан иборат.

18. Умумий ишлаб чиқариш харажатлари – ҳисоб-китоб йўли билан аниқланиб, иш турларига механизатор (тракторчи, хайдовчи, комбайнчи) нинг ҳамда бевосита хизмат қилувчи ходимларнинг жами иш ҳақи (ажратмалар билан бирга)га нисбатан 12 фоиз ҳисобида белгилаш тавсия этилади.

19. Инновация ва модернизация харажатлари:

инновация харажатлари;

трактор, комбайн ва бошка қишлоқ хўжалик машиналарига хамда автомашиналарга GPS тизимини ўрнатиш, жараёнларда илғор технологияларни қўллаш ва компьютерлаштириш;

ишни ташкил этишни ва иш жараёнларнинг тезкорлигини таъминлаш ҳамда “online” тизимида амалга оширишга босқичма-босқич ўтказиш харажатлари;

ишлаб чиқариш воситаларини (станоклар, трактор, комбайн, қишлоқ хўжалик машиналари, автомашиналарни) замонавийлаштириш (модернизация) ва техник қайта жиҳозлаш харажатлари;

иш сифатини яхшилаш ва маҳсулот таннархини камайтириш мақсадида амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича бошқа харажатлар киради.

20. Давр харажатлари:

маъмурий харажатлар;

суғурта гувоҳномаси бўйича тўловлар;

йиллик ва мавсумолди техник кўрикдан ўтказиш харажатлари;

техникани (зарурият бўлганда) бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчириш (дислокация) харажатлари;

кадрлар тайёрлаш, тракторчи, механизатор, ҳайдовчи, оператор ва комбайнчиларни ўқитиш харажатлари;

маслаҳат ва ахборот хизматлари, “Хизмат кўрсатувчилар”ни кўргазмали қурол, ўқув семинарлар ва услубий материаллар билан таъминлаш харажатлари;

шартномаларни тузиш, ҳужжатлаштириш ва тўловни амалга ошириш (почта ва алоқа харажати, иш сифатини текшириш, ишнинг бажарилганлигини тасдиқлаш ва бошқа) билан боғлиқ харажатлар;

аудиторлик хизмати харажатлари;

суд жараёнлари сарфлари;

маъмурий бинолар амортизацияси;

бошқа харажатлар киради.

21. Давр харажатлари “директ-костинг”, яъни “қисқартирилган таннарх” қоидаларига кўра маҳсулот (ёки хизмат) таннархига қўшилмасдан молиявий натижалар ҳисобидан қопланади ва хўжаликнинг узлуксиз функционал фаолиятини таъминлашга хизмат қилади.

22. Солиқ тўлови учун ажратма иш (хизмат)ларнинг сотиш баҳосига (тарифига) нисбатан ягона солиқ тўлови учун ажратма 2 фоиз (ёки умумий солиқ ставкалари) ҳисобида белгиланади.

23. Рентабелликни таъминлаш учун зарурий фойда бажариладиган иш(хизмат)ларнинг таннархига нисбатан зарурий фойда 5 фоиз ҳисобида белгиланади.

IV. Иш ҳақи билан боғлиқ харажатларни ҳисоблаш тартиби

24.Тракторчи, оператор, механизатор, комбайнчи ва ҳайдовчининг иш ҳақи билан боғлиқ харажатларга:

тариф бўйича асосий иш ҳақи;

кўзда тутилмаган ҳаражатларга 15 фоиз;

ёрдамчининг иш ҳақи (асосий иш ҳақига нисбатан 80 фоиз) агар ёрдамчи жалб этиш зарурати бўлса;

механизатор ва унинг ёрдамчисига асосий иш ҳақига қўшимча:

жорий мукофот (долзарб ишларга асосий иш ҳақидан 20 фоиз, ўрим
ва йиғим-терим учун 60 фоиз);

синфликка (механизаторларга 1-синф учун 20 фоиз, 2-синф учун
10 фоиз, автомашина ҳайдовчиларига 1-синф учун 25 фоиз, 2-синф учун
15 фоиз);

меҳнат стажига (3-5 йилгача - 5 фоиз, 5-10 йилгача - 10 фоиз,
10-15 йилгача - 20 фоиз, 15 йилдан ортиқ - 30 фоиз);

меҳнат таътили заҳирасига (9,1 фоиз) қўшимча киради.

захарлилиги учун (6-9-12 фоиз) қўшимча киради.

25. Қўл кучи ёрдамида бажариладиган ишларга иш ҳақи билан боғлиқ харажатларга:

тариф бўйича асосий иш ҳақи;

кўзда тутилмаган ҳаражатларга 15 фоиз;

асосий иш ҳақига қўшимча:

меҳнат таътили заҳирасига (9,1 фоиз) қўшимча киради;

захарлилиги учун (12 фоиз) қўшимча киради;

иш ҳақидан ажратиладиган ижтимоий тўловларнинг миқдори солиқ тўловчининг фаолияти бўйича белгиланган тартибда 15 ёки 25 фоиз ҳисобланади.

26. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи фермер ва уларга хизмат қилувчилар учун тариф бўйича асосий иш ҳақлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган намунавий технологик карталардаги тариф разрядлари ва сменалик ишлаб чиқариш меъёрлари асосида белгиланади.

27. Ичимлик суви бўлмаган ҳудудда ва чўл ҳудудида ишлаганлиги учун ва бошқа ноқулай шароитларни эътиборга олиб, баъзи туманлар учун иш ҳақини ҳисоблашда туман коэффициенти қўлланилади.

Бунда туман коэффициентлари ва устамаларни жорий қилинадиган жойларнинг рўйхати, шунингдек уларнинг қўлланиши Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган тартиб ва миқдорлар бўйича белгиланади.

28. Механизаторнинг асосий иш ҳақи ягона тариф сеткаси бўйича
VI разряд, минимал ойлик иш ҳақини (МO) разряд коэффициентига (РК)
ва тармоқ коэффициентига (ТK) кўпайтириб, иш кунлари (сменалар) сонига бўлиш орқали ҳисобланади.

KхМOхТK)/25,4=(3,941 х 172240 х 1,15)/25,4=30733,0 сўм

Бу ерда:

РК – разряд коэффициенти;

МO – минимал ойлик иш ҳақи;

ТK– тармоқ коэффициенти, қишлоқ хўжалиги учун 1,15;

25,4 – ўртача 1 ойда смена(иш куни)ларнинг сони.

29. Механизациялашган иш(хизмат)нинг разряди амалдаги меъёрий хужжатлардан олинади.

30. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи корхоналарнинг табиий-иқлим шароити, рельефи, денгиз сатҳидан баландлиги, тупроқнинг механик таркиби, суғориш эгатларининг узунлиги, тошлоқлик ва қиялик даражалари (адирликлар, қирлар ва бир томонлама ишлов бериладиган майдонлар), далада ҳар хил қурилмалар (симёғоч ва шунга ўхшаш бошқа) мавжудлигини эътиборга олган ҳолда табақалашган ишлаб чиқариш меъёрлари эътиборга олинади.

31. Қўшимча иш ҳақининг миқдорини белгилашда ходимларнинг малакаси, иш стажи ва уларни рағбатлантириш бўйича “Хизмат кўрсатувчилар” Низомида кўзда тутилган устамалар амал қилади.

V.Ёнилғи-мойлаш материалларининг сарфи ва сменалик
иш унумини аниқлаш

32.Ёнилғи сарфлаш меъёрлари ва машина ва механизмларнинг сменалик иш унумдорлиги даланинг узунлиги, релеьфи (паст-баландлиги), конфигурацияси (шакли) ва бошқа омилларини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи фермер ва уларга хизмат қилувчилар учун Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган намунавий технологик карталардаги, амалдаги нормативлар ҳамда меъёрлаш-тадқиқот марказлари томонидан ишлаб чиқилган меъёрлар асосида белгиланади.

Бунда қуйидаги омиллар ҳисобга олинади:

табиий-иклим шароитлари – тупроқнинг солиштирма қаршилиги, дала рельефи, тупроқдаги тошларнинг кўп ёки озлиги, дала контурининг шакли ва ўлчами;

агротехник омиллар –агрофон, тупроқнинг ишлов бериш чуқурлиги, рухсат этилган ҳаракат тезлиги ва бошқалар;

биологик омиллар – тупроқнинг намлиги, экин ҳосилдорлиги, ётиқлик даражаси, тупроқнинг қалинлиги, майдонда бегона ўтларнинг мавжудлиги ва бошқалар;

ташкилий омиллар –техникалардан фойдаланиш ҳолати, меҳнатга ҳақ тўлаш, операторлар малакаси ва бошқалар.

33. Янги турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларининг сменалик иш унумдорлиги ва ёнилғи сарфи меъёрлари Давлат синови далолатномаларидан олинади ёки хизмат кўрсатувчиларнинг талабномаларига асосан меъёрлаш-тадқиқот марказлари томонидан хронометраж кузатувларини олиб бориш йўли билан белгилаб берилади.

34. Иш бирлигига кетган ёнилғининг қиймати амалдаги меъёр бўйича литр ҳисобидаги сарфлаш меъёрини сотиб олиш нархига кўпайтириш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади.

35. Ёнилғининг нархи жойлардаги нефть маҳсулотлари билан таъминлаш унитар корхоналарининг жорий вақтдаги расмий ҳужжатларига асосан белгиланади.

36. Ёнилғи фермер хўжалиги (ёки бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари) ҳисобидан сарфланса, унда ёнилғининг қиймати умумий бажарилган механизациялаштирилган хизматлар тарифидан чегириб ташланади, яъни шартнома баҳосига қўшилмайди.

37. Мойлаш маҳсулотларининг сарфи асосий техник хизмат кўрсатиш харажатлари ичида эътиборга олинади. Сарфланадиган мойлаш маҳсулотларининг миқдори ҳисоблаш йўли билан аниқланади ёки дизел ёнилғиси сарфи меъёрига нисбатан ўрнатилган фоиз ҳисобида белгиланади.

VI.Амортизация ажратмаси учун тўловларни белгилаш

38. Сотиб олинган техника, машина ва механизмлар учун амортизация ажратмалари бошланғич қийматга нисбатан 15 фоиз миқдорида белгиланади.

39. Техникани сотиб олиш харажатларини қоплаш бандидаги амортизация ажратмасининг йиллик қиймати (АЙ) техниканинг баланс (ЦБ) қийматини унинг хизмат муддатига (ХМ) тенг тақсимлаш йўли билан аниқланади. Техникани қайта тиклаш ва капитал таъмирлаш бандидаги амортизация ажратмаси эса меъёрий ҳужжатлардан олинади.

Бунда уларнинг йиғиндиси 15 фоиздан ошса, 15 фоиз миқдорида белгиланади. Кўриладиган зарар эса, амортизация муддатини узайтириш орқали қопланади.

40. Амортизация ажратмасининг 1 гектар майдонга тўғри келадиган қиймати техниканинг йиллик иш юкламасини (мото-соат) эътиборга олган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади.

41. Баъзи турдаги техникаларнинг йиллик иш юкламаси кўрсаткичи бўйича маълумотлар топилмаса, техник параметрлари бир-бирига яқин бўлган бошқа русумдаги техниканинг иш юкламаси олинади.

7. Амортизация ажратмасини ҳисоблаш базаси, ҳисоблаш давомийлиги, амортизацияни тўхтатиш тартиби

42. Амортизацияни ҳисоблашда асосий воситалар ва номоддий активлар уларнинг бошланғич (ёки қайта тикланиш) қиймати бўйича ҳисобга олинади.

43. Қайта тикланиш қийматига унинг қолдиқ қиймати ва яроқсиз ҳолатга келиб қолган техникани фойдаланишга яроқли ҳолатга келтириш (капитал таъмирлаш ёки қайта тиклаш) учун сарфланган барча харажатлар (қайта нархлашни ҳам эътиборга олиб) киритилади.

44. Қолдиқ қийматдан амортизация ажратмасини белгилашга рухсат этилмайди.

45. Техникалар учун амортизацияни ҳисоблашнинг базаси сифатида техниканинг харид нархи, техникани ташиш харажати, трактор, комбайн, автомобил, мотоцикл ва ўзиюрар техника воситаларига давлат рақами олиш билан боғлиқ харажатлар, суғурталаш ва бошқа харажатлар, яъни, техникани балансга олиш учун сарфланадиган барча харажатлар киритилади. Аниқ ҳисоблашнинг иложи бўлмаса, баланс қиймати техниканинг харид нархини 1,05 коэффицентга кўпайтириш орқали аниқланади.

46. Ҳисоб-китоблар тўғри олиб борилганда техниканинг қолдиқ қиймати нолга тенглашмаслиги лозим. Уни йўқ қилиш (ликвидация) пайтидаги қолдиқ қиймати шу техника оғирлигига тенг металл парчаларининг нархи ва ечиб олинадиган эҳтиёт қисмлар қолдиқ қийматининг йиғиндисига тенг ёки ундан юқори бўлиши зарур.

47. Ҳар 3 йилда 1 марта техникани қайта нархлашни амалга ошириш
ва техникадан унумли фойдаланиш муддати тугаганда техникани ташхислашдан ўтказиб, қолдиқ ресурсни аниқлаш ҳамда фойдали ишлатиш (унумли фойдаланиш) муддатини қайта белгилаш талаб этилади.

48. Техникани ва бошқа механизация воситаларини қайта нархлашда нархларнинг ўзгариши эътиборга олиниши лозим.

49. Асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур объект асосий воситалар таркибига қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасидан бошланади. Асосий воситалар ва номоддий активлар қийматини ҳисобдан чиқариш уларнинг қиймати тўлиқ қоплангунига ёки объект ҳисобдан чиқиб кетгунига қадар амортизацияни ҳисоблаш йўли билан амалга оширилади.

50. Техника, машина ва механизмларнинг фойдали (унумли) ишлатиш муддати давомида амортизация ажратмаларини ҳисоблаш тўхтатилмайди.

51. Асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур объект балансдан (ҳисобдан) чиқарилган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасида тўхтатилади.

52. Асосий воситаларни уларни ҳисобдан чиқариш муносабати билан йўқ қилиш тўғрисида қарор қабул қила туриб, уларни қуйидаги ҳолларда ҳисобдан чиқариш мумкинлигини инобатга олиш зарур:

а) белгиланган унумли фойдаланиш (фойдали ишлатиш) муддати тугаганидан, яъни тўлиқ амортизация ҳисоблаб ёзилганидан кейин (ўрнига янги техника сотиб олиш учун етарли маблағ тўпланганини бухгалтерия ҳужжатлари тасдиқлаши зарур);

б) жисмоний эскириш, ҳалокатлар, табиий офатлар, фойдаланишнинг рисоладаги шарт-шароитларини бузиш оқибатида яроқсиз ҳолга келганлари (тасдиқловчи ҳужжат ёки далолатнома бўлиши зарур);

в) маънавий эскирганлари (“Ўздавтехназорат” ёки бошқа масъул ташкилот хулосаси зарур);

г)тегишли давлат органларининг қарорлари бўйича;

д)корхона ва ташкилотларнинг қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, замонавийлаштирилиши ва техник қайта жиҳозланиши муносабати билан.

53. 52-банддаги шартларга амал қилинса, хизмат кўрсатувчилар раҳбарияти асосий воситаларни ҳисобдан чиқариш ва ликвидация қилиш бўйича хужжатларни белгиланган тартибда тайёрлаши мумкин.

54. Фойдали ишлатиш (унумли фойдаланиш) муддатини ўтаб бўлган техника воситасидан яна фойдаланишда давом этиш учун ваколатли орган томонидан техник ташхислаш йўли билан қолдиқ ресурси аниқланиши ва фойдали ишлатиш муддати узайтирилиши лозим. Акс ҳолда, яъни тўлиқ эскирган, яъни фойдали ишлатиш муддатини ўтаб бўлган техника учун амортизация тўхтатилиб, фойдаланиш давом эттирилса, техника бошланғич (ёки қайта тикланиш) қийматининг 0,25 фоиз миқдорида (ҳар йили,
31 декабргача) бюджетга мажбурий тўлов ундирилиши ва кечиккан ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня тўланиши мумкин.

55. Лизингга олинган техникалар учун амортизация муддати лизинг билан боғлиқ харажатларни қоплаб бўлиш учун сарфланган муддат миқдорида узайтирилади. Техника эгаси лизинг тўлови, банк фоизи ва бошқа тўловларни тўлаб бўлгач, яъни сотиб олиш билан боғлиқ харажатларни “амортизация ажратмаси” банди билан қоплаб бўлгач, амортизация учун ажратмани (капитал таъмир ва тўлиқ қайта тиклаш учун ажратма) қўллашда давом эттиради.

56. 55-бандга асосан назарда тутилган ажратмаларни вақт бирлигида кетма-кет жойлаштириш лозим бўлади: биринчи босқичда – лизинг (кредит) тўлови ва банк фоизи, иккинчи босқичда – амортизация ажратмаси ва капитал таъмир ажратмасининг бир қисми (15 фоиздан ошмасин), учинчи босқичда – тўлиқ тиклаш ва капитал таъмир учун ажратмалар (15 фоиздан оширмаган ҳолда) қўлланилади.

57. Капитал таъмирлаш харажатлари капитал қўйилма ҳисобланиши ва асосий воситанинг бошланғич қийматига таъсир кўрсатганлиги сабабли амортизация бандига киритилади.

58. Қисмларни алмаштириш билан амалга ошириладиган ўртача таъмирлаш ишлари харажатларининг қайси бандига киритилиши (жорий таъмирга ёки капитал таъмирга) ҳақидаги қарор корхона мутахассислари томонидан қабул қилинади.

VIII.Таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш харажатларини
белгилаш тартиби

59. Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш харажатларига қуйидагилар киради:

кундалик техник қаров (техник хизмат) харажатлари (камайган мой сарфи ўрнини тўлдириш билан бирга);

бажарилиш вақти белгилаб қўйилган даврий техник хизмат кўрсатиш ёки техник сервис харажатлари (мой, фильтр ва бошқа материаллари сарфи билан бирга);

сақлашга тайёрлаш, сақлашдан чиқариш харажатлари ва сақлаш давридаги техник хизмат кўрсатиш ёки техник сервис харажатлари (сурков мойи, бўёқ ва бошқа материаллари сарфи билан биргаликда);

жорий таъмирлаш харажатлари;

ўртача таъмирлаш харажатларидан иборат.

60. Қишлоқ хўжалик машиналари учун эса жорий таъмирлаш, ўртача таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш харажатларининг йиллик қиймати аниқланиб, йиллик иш унумига (га, т, ткм,туп ва бошқа) тақсимлаш орқали
1 иш бирлигига тўғри келадиган харажатлар ҳисоблаб топилади.

IX.Трактор, машина ва механизмларнинг йиллик иш унуми, сменалик, кунлик ва соатлик иш унумини аниқлаш

61. Тарифларни ҳисоблашда трактор, машина ва механизмларнинг йиллик иш унумини амалдаги меъёрий ҳужжатлардан олиш тавсия этилади.

62. Тарифларни ҳисоблашда трактор, машина ва механизмларнинг йиллик иш юкламаси меъёрига эскиришнинг таъсирини эътиборга олиш лозим.

63. Трактор, машина ва механизмларнинг 1 соатлик иш унумини, сменалик иш унумини ва кунлик иш унумини трактор, машина
ва механизмларни давлат синовидан ўтказиш пайтидаги ҳужжатдан ёки “Меъёрлаш-тадқиқот” марказлари томонидан бажарилган хронометраж кузатувидан ёки бошқа меъёрий ҳужжатлардан олиш мумкин.

64. Қишлоқ хўжалиги корхоналари 1 ҳафтада 6 кунлик иш жорий этилганлиги сабабли смена давомийлиги 7 соат, кимёвий воситалар билан ишловчи ходимлар учун 6 соат.

65. Ишни ташкил этиш 1 сменалик (7 соат), 1,5 сменалик (10 соат) ёки 2 сменалик (14 соат) бўлиши мумкин.

66. Трактор, машина ва механизмларнинг соз ҳолатини таъминлаш харажатлари бўйича маълумотлар ва меъёрлар техника турларининг
ва таркибининг ўзгаришини эътиборга олиб, ҳар 5-10 йилда янгилаб турилиши лозим.

X.Техникаларни мос шароитларда ишлатиш бўйича кўрсатмалар

67. Дала шароитининг иш унумига таъсирини эътиборга олиш мақсадида шартнома баҳоси қуйидаги омиллар бўйича табақалаштирилган ҳолда ишлаб чиқилиши тавсия этилади:

68. Тортиш кучи бўйича 2 классдаги ва ундан кичик бўлган тракторлардан кичик майдонларда фойдаланиш тавсия этилади. Йирик майдонларда фойдаланилса иш нархи нисбатан арзон бўлсада, иш унуми кичик бўлгани сабабли агротехник тадбирлари талабда белгиланганидан кечикишига олиб келиши мумкин.

69. Суспензия тайёрлашда ёки бошқа бир кимёвий ишчи эритма тайёрлашда турли кимёвий воситалар қўлланади. Сув сарфи ҳар хил бўлади. Бир минтақада сув 5 км дан ташиб келтирилса. Бошқа бир ҳудуда 50 км дан сув ташиб келтирилиши мумкин. Хизмат кўрсатиш тарифини шакллантиришда транспорт хизматларининг масофаси ҳамда унга кетадиган сарф харажатлар инобатга олинади.

70. Ишлаб чиқилган “тарифлар”га “Хизмат кўрсатувчилар” томонидан етказиб берилган кимёвий воситалар, эритмалар ва бошка моддий ресурслар микдорлари ҳамда нархлари қўшимча равишда тақдим этилади.

XI.Тарифларнинг қўлланилиши юзасидан мониторингини юритиш

71. Тарифлардан нусха олиниб, 5 иш куни ичида хизмат кўрсатувчиларнинг тегишли назорат ёки мониторинг бўлимига юборилади.

72. Хизмат кўрсатувчилардаги ҳар бир механизатор (тракторчи, комбайнчи, хайдовчи, оператор) ўзига бириктирилган техниканинг мотосоат ва роторсоат кўрсаткичларининг ҳисобини олиб боришлари ҳамда бажарилган иш хажмини, мотосоат ва роторсоат кўрсаткичларини махсус (тикиб, муҳр босилган) дафтарга (кейинги ўринларда механизация дафтари) қайд этиб боради.

73. Ҳар бир бажарилган техник сервис хизмати, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари ҳамда ўрнатилган (алмаштирилган) эҳтиёт қисм иш бажарилган вақтни кўрсатган ҳолда сервис дафтарида қайд этилади.

74. Хизмат кўрсатувчиларнинг муҳандиси ҳар ҳафтада бир марта механизация дафтарининг (монитор кўрсаткичига ва бажарилган ишга мос келиши) ва ҳар ойда бир марта сервис дафтарининг тўғри (мой ва эҳтиёт қисмларни алмаштиришнинг ўз вақтида амалга оширилиши) тўлдирилаётганлигини, кўрсаткичларни соз ва тўғри ишлашини назорат қилади.

75. Зарурат бўлганда меъёрларни (иш унуми, ёнилғи-мойлаш материаллари ва ашёлар сарфи, меҳнат сарфи ва бошқа) амалда хронометраж ўтказиш йўли билан ўзгартирилади.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш Қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши ишлов бериладиган майдонлар ва ҳудудларни аниқлаш ҳамда хизматлар кўрсатиш тарифларини шакллантириш тартиблари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида01.03.2018Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
2Ягона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришЯгона порталда муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабарномани, жадвални, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини, муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштириш16.04.2018Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишЯгона порталдан тушган таклифларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш 16.04.2018- 01.05.2018Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ягона портал фойдаланувчилари
4Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини муҳокама натижаси бўйича қабул қилинган таклифларга мувофиқ қайта ишлаш Ягона портал иштирокчиларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қайта ишлаб чиқиш ва Ягона порталда қайта жойлаштириш01.05.2018Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
5Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритишҚарор лойиҳаси ва унга тегишли ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш 01.05.2018Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги

So`rovnoma natijalari