Hujjat nomi
Бухоро вилоятининг чўл ҳудудларида “Яшил қалқон” ҳимоя ўрмонзорлари, доривор шумғия (цистанхе) ва исириқ ўсимликлари плантацияларини барпо этиш ҳамда хом ашёсини дастлабки қайта ишлашни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiFarmoyish
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO’zbekiston Respublikasi O’rmon xo’jaligi davlat qo’mitasi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-04-20 10:46:51
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-05-05 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

Бухоро вилоятининг чўл ҳудудларида “Яшил қалқон” ҳимоя ўрмонзорлари, доривор шумғия (цистанхе) ва исириқ ўсимликлари плантацияларини барпо этиш ҳамда хом ашёсини дастлабки қайта ишлашни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Бухоро воҳаси ҳудуди уч томондан қумлик чўл ҳудудлари билан ўралган.
Шу сабабли вилоят ҳудудида чўлнинг салбий таъсири (шамоли таъсири, тупроқ эрозияси, қум кўчиши) йил сайин кучайиб бормоқда. Айниқса, чўл ҳудудларида ўрмон дарахт ва буталарининг аёвсиз кесилиши, чорва молларининг тартибсиз боқилиши, ҳудудда янги ўрмонзорлар барпо этишга эътибор қаратилмаганлиги натижасида бугунги кунда шамол эрозияси кучайиб, қум барханларини вужудга келтирмоқда. Бу эса автомобиль ва темир йўлларини, суғориш тармоқларини ва суғориладиган ер майдонларини қум босиши эхтимолини кучайтирмоқда. Шунингдек, тузли қумлар суғориладиган ер майдонларида иккиламчи шўрланишни юзага келтирмоқда.

Чўл ўрмонларида унинг табиатига мос доривор ўсимликлар, шу жумладан кам учрайдиган кўплаб хусусиятларга эга шумғия (цистанхе) ўсимлиги ўсади. Ўрмонлардан самарали фойдаланиб, доривор шумғия ва исириқ ўсимликларини етиштиришни йўлга қўйиш, фармацевтика саноати учун доривор хом-ашё етказиб бериш имкониятлари мавжуд.

Бухоро вилоятининг чўлга туташ суғориладиган ерларини ва аҳоли яшаш манзилларини гармсел шамоллари таъсиридан ҳимоялаш, тупроқ эрозиясини олдини олиш, қумларни кўчишини бартараф этиш ва минтақада мўътадил микроиқлим шароитини яратиш, экологик ҳолатни яхшилаш, ўрмонлардан самарали фойдаланиб, доривор шумғия ва исириқ плантацияларини барпо этиш ҳамда хом ашёни дастлабки қайта ишлашни амалга ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Бухоро вилояти ҳокимлигининг Бухоро вилоятининг чўл ҳудудларида шамол таъсирини камайтириш, тупроқ эрозиясини олдини олиш ва қумларнинг кўчишини бартараф этиш мақсадида 2018-2020 йилларда жами 212 минг гектар майдонда чўл ўсимликларидан “Яшил қалқон” ҳимоя ўрмонзорлари (кейинги ўринларда “Яшил қалқон” деб аталади),доривор шумғия ва исириқ плантацияларини барпо этиш ҳамда хом-ашёни дастлабки қайта ишлашни амалга ошириш ва фармацевтика саноати учун доривор хом-ашё етказиб бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари С.Холмуродов, З.Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Ҳайдаров), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (Бекенов), Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (Бакиров), Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (Абдуллаев), Гидрометерология маркази (Арипов), Бухоро вилояти ҳокимлиги (Барноев) билан биргаликда бир ой муддатда, қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, Бухоро вилоятида 2018-2020 йилларда 212 минг гектар майдонда чўл ўсимликларидан “Яшил қалқон” барпо этиш ҳамда мазкур мақсадларга халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг 10 млн. долларлик грант маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин:

“Яшил қалқон” барпо этиладиган ер майдонларини хатловдан ўтказиб, ўрмон хўжаликларига доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи асосида ўтказиб бериш;

ўрмон хўжаликларида 2018-2020 йилларда 3 минг гектар майдонда доривор шумғия ва 3 минг гектарда исириқ плантацияларини барпо этиш ҳамда хом-ашёни дастлабки қайта ишлашни амалга ошириш;

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси доирасида Ўзбекистон Республикасига ажратиладиган маблағларни ўрмон хўжаликлари учун чўл ҳудудларда ўрмон барпо этиш тадбирларига йўналтиришни назарда тутиш.

3. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (Бакиров) Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Арипов) билан биргаликда бир ой муддатда Бухоро вилоятининг ўрмон фонди ерларида “Яшил қалқон” барпо этиш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш юзасидан лойиҳа концепциясини тайёрласин ҳамда уни Бирлашган миллатлар ташкилоти ва Адаптация жамғармасига (Яшил иқлим жамғармаси) ўрнатилган тартибда киритсин.

4. “Яшил қалқон” барпо этиш ва доривор шумғия ва исириқ плантацияларини барпо этиш ҳамда хом-ашёни дастлабки қайта ишлашни амалга оширишни ташкил этиш бўйича:

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси – бош буюртмачи этиб;

бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар белгиланган тартибда танлов (конкурс) асосида белгилансин.

5. Бухоро вилояти хокимлиги (Барноев), Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (Бакиров) билан биргаликда 10 кун муддатда Бухоро вилоятида 2018-2020 йилларда “Яшил қалқон” барпо этиш ҳамда доривор шумғия ва исириқ ўсимликлари плантацияларини ташкил этиш ҳамда хом ашёсини дастлабки қайта ишлашни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.

6. «Ўзагрокимёҳимоя» АЖ (Ахунов) Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг буюртмасига асосан Бухоро вилояти ҳудудидаги ўрмон хўжаликларига «Яшил қалқон» барпо этиш ҳамда доривор шумғия ва исириқ плантацияларини ташкил этиш ва парваришлаш учун талаб этиладиган минерал ўғитларни республикада қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштирувчилари учун белгиланган нархларда шартнома асосида етказиб берилишини таъминласин.

7. Мазкур фармойишни бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Мирзаев, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н.Бакиров зиммасига юклатилсин.

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири А. Арипов

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Вазирлик ва идоралар билан келишишВазирлик ва идоралар билан келишиш10.05.2018Вазирлик ва идоралар

So`rovnoma natijalari