Hujjat nomi
Тижорат банкларида статистик ҳисоботларни юритиш Қоидалари
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQoidalar
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO‘zbekiston Respublikasi Markaziy banki
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Markaziy banki
Muhokama boshlanishi (sana)2018-04-27 17:59:07
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-05-12 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Давлат статистикаси тўғрисида”ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2018 йил 9 январдаги ПФ–5296-сон “Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ тижорат банклари томонидан статистик ҳисоботларни тузиш ва уларни тақдим этиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган тижорат банклари учун татбиқ этилади.

2. Тижорат банкларининг статистик ҳисоботлари (кейинги ўринларда статистик ҳисоботлар деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (кейинги ўринларда Марказий банк деб юритилади)га қонун ҳужжатларига мувофиқ юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган банк-молия тизими ривожланиши ҳолати ва пул-кредит муносабатларига оид тўлиқ ва объектив маълумотларни шакллантириш мақсадида жорий этилади.

Марказий банк томонидан статистик ҳисоботлар маълумотларидан жамоатчилик ва бизнес муҳитининг пул-кредит сиёсатидан хабардорлиги ва тушуниш даражасини оширишга йўналтирилган аниқ ахборот-коммуникацион сиёсат олиб борилиши мақсадларида ҳам фойдаланилади.

3. Статистик ҳисоботлар шакллари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (кейинги ўринларда Марказий банк деб юритилади) Бошқаруви қарорлари билан жорий этилади, бекор қилинади ва уларга ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилади.

2-боб. Статистик ҳисоботларни тузиш ва тақдим этиш

4. Статистик ҳисоботлар тижорат банклари раҳбарларининг тегишли буйруғи билан масъул этиб белгиланган таркибий бўлинмалар томонидан тайёрланади.

5. Статистик ҳисоботларда кўрсаткичлар бутун сондан кейин иккита рақамгача яхлитланган ҳолда акс эттирилиб, якуний натижаларнинг тўғрилиги сақланиб қолиниши ҳамда статистик ҳисоботлар ва баланс маълумотларининг ўзаро мувофиқлиги таъминланиши зарур.

6. Тайёрланган статистик ҳисоботлар тижорат банкларининг биринчи раҳбарлари (ёки уларнинг ўринбосарлари) ва бош бухгалтерлари томонидан текширилади ва имзоланади.

7. Статистик ҳисоботлар мазкур Қоидаларнинг иловасига мувофиқ тегишлилиги бўйича:

тижорат банкларининг Бош банклари томонидан Марказий банкнинг марказий аппаратига;

тижорат банкларининг филиаллари томонидан Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бош бошқармалари (кейинги ўринларда Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари деб юритилади)га кузатув хати билан тақдим этилади.

8. Агар статистик ҳисоботларни юбориш куни дам олиш кунига тўғри келса, статистик ҳисоботлар дам олиш кунидан кейинги биринчи иш кунида юборилади.

9. Статистик ҳисоботларни тузиш ва тақдим этиш жараёнини автоматлаштириш ҳамда статистик ҳисоботларни реал вақт режимида шакллантиришни йўлга қўйиш мақсадида Марказий банк томонидан тижорат банклари билан биргаликда электрон тизимлардан фойдаланган ҳолда тегишли дастурий таъминотлар жорий қилиниши мумкин.

Тижорат банкларида дастурий таъминотлар воситасида шакллантириладиган статистик ҳисоботлар бўйича маълумотларнинг электрон тизимларга тўғри, тўлиқ ва ўз вақтида киритиб борилиши учун тижорат банклари раҳбарларининг тегишли буйруғи билан масъул таркибий бўлинмалар ва ходимлар белгиланади.

10. Тижорат банкларининг раҳбарлари:

статистик ҳисоботларнинг тўғри, ҳаққоний ва тўлиқ шакллантирилишини ҳамда белгиланган муддатларда тақдим этилишини;

дастурий таъминотлар воситасида шакллантириладиган статистик ҳисоботлар бўйича маълумотларнинг электрон тизимларга тўғри, тўлиқ ва ўз вақтида киритиб борилишини назорат қиладилар.

11. Тижорат банклари ўз эҳтиёжлари учун мазкур Қоидаларнинг иловасида кўзда тутилмаган статистик ҳисоботларни мустақил равишда ишлаб чиқишлари ва ўрнатилган тартибда жорий этишлари мумкин.

3-боб. Статистик ҳисоботларни текшириш, аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш

12. Марказий банк марказий аппаратининг масъул таркибий бўлинмалари ва Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари:

статистик ҳисоботларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тақдим этилишини мунтазам равишда назорат қиладилар;

статистик ҳисоботларни тузиш юзасидан тижорат банкларига тегишли кўрсатмалар ва амалий ёрдам берадилар;

статистик ҳисоботларни тузиш муддатлари ва тартиби бузилиши ҳолатларини бартараф этиш, уларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрадилар.

13. Статистик ҳисоботлар Марказий банк марказий аппаратининг масъул таркибий бўлинмалари ва Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари томонидан тегишли кўрсаткичларни баланс ҳамда бошқа статистик ҳисоботлар маълумотлари билан солиштириш, олдинги саналардаги статистик ҳисоботлар кўрсаткичлари билан таҳлилий ва мантиқий таққослаш орқали текширилади.

14. Статистик ҳисоботларда Марказий банк марказий аппаратининг масъул таркибий бўлинмалари ёки Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари томонидан хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланган ҳолатларда тегишлилиги бўйича тижорат банкларига мазкур хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур кўрсатмалар берилади ҳамда тузатилган статистик ҳисоботларнинг тақдим этилиши назоратга олинади.

15. Статистик ҳисоботлар тақдим қилингандан сўнг ушбу статистик ҳисоботларни шакллантирган тижорат банклари томонидан хато ва камчиликлар аниқланган ҳолатларда тегишлилиги бўйича Марказий банк марказий аппаратининг масъул таркибий бўлинмалари ёки Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари бу ҳақда дарҳол хабардор қилинади.

16. Статистик ҳисоботлардаги хато ва камчиликлар тижорат банклари томонидан бартараф этилади ва тузатилган статистик ҳисоботлар тижорат банкларининг биринчи раҳбарлари (ёки уларнинг ўринбосарлари) ва бош бухгалтерлари томонидан текширилади ва имзоланади.

17. Тузатилган статистик ҳисоботлар ушбу Қоидаларнинг 7-бандида белгиланган тартибда кузатув хати билан тақдим этилади.

Бунда, кузатув хатида хато ва камчиликларга йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан ўрнатилган тартибда кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади ҳамда тегишли тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади.

4-боб. Якунловчи қоида

18. Статистик ҳисоботларда акс эттирилган маълумотларнинг тўғрилиги, тўлиқлиги ва уларнинг ўз вақтида тақдим этилиши учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик тижорат банклари раҳбарлари зиммасига юклатилади.

19. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан келишилган.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1----

So`rovnoma natijalari