Hujjat nomi
Моддий маданий мерос соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор лойиҳасининг муҳокамаси
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Prezidenti
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-04-30 16:55:14
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-05-15 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

Моддий маданий мерос соҳасидаги фаолиятни
тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон халқининг тарихий, умуммиллий бойлиги бўлган маданий меросини авайлаб асраш, ишончли муҳофаза қилиш, илмий тадқиқ этиш, кенг тарғиб қилиш, ундан оқилона ва самарали фойдаланиш, бу борадаги бошқарувни тубдан такомиллаштириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси бир гуруҳ депутатларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Маданият вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши, маданий меросни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, музейлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини кодификациялаш, қонуности ҳужжатларини кескин қисқартириш ва қонунларни тўғридан-тўғри қўллаш, халқаро шартномаларни чуқур имплементация қилиш асосида Ўзбекистон Республикасининг Маданий мерос кодекси лойиҳасини тайёрлаш ҳамда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги ташаббуслари маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ Маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Ҳукумат комиссияси, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Музейлар фаолиятини мувофиқлаштириш идоралараро кенгаши фаолияти тугатилиб, 1-иловага мувофиқ Маданий мерос масалалари бўйича давлат комиссияси тузилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Моддий маданий мероснинг кўчмас объектлари департаменти (кейинги ўринларда – Департамент деб юритилади) ташкил этилсин.

Департаментнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан маданий мероснинг кўчмас объектларини, шу жумладан археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, соҳага оид халқаро шартномаларга қатъий ва сўзсиз риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

моддий маданий мероснинг кўчмас объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш, археология тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, объектларни илмий ва илмий-техник тадқиқ этиш, чуқур илмий-тарихий ёндашув асосида консервациялаш, таъмирлаш, тиклаш ҳамда ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш жиҳатдан мослаштириш;

тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган кўчмас объектларни аниқлаш, маданий мероснинг кўчмас объектлари тарихий-маданий экспертизасини амалга ошириш, уларнинг тоифалари ва қўриқланадиган теграларини белгилаш, Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш учун тавсия этиш, Моддий маданий мерос кўчмас объектларининг давлат миллий рўйхати ва давлат кадастрини юритиш;

моддий маданий мероснинг кўчмас объектларини ҳисобга олиш, муҳофаза ва тарғиб қилиш, улардан оқилона, айниқса сайёҳлик мақсадларда фойдаланишни таъминлаш, бундан топилган маблағларни аниқ ҳисобга олинишини, шаффоф усулда мақсадли сарфланишини мувофиқлаштириш, соҳага замонавий маркетинг ва стратегик менежмент, кластер ва давлат-хусусий сектор шерикчилик механизмларини, фан ва инновацион, смарт ва илғор ахборот-коммуникацион технологияларни самарали татбиқ этиш, электрон хизматларни ривожлантириш;

археология тадқиқотлари давомида рухсатнома шартлари ва тартибига риоя қилинишини, археология ашёларини ўз вақтида давлатга топширилишини назорат қилиш ҳамда уларни фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйиш бўйича қарор қабул қилиш, ушбу муассасаларда археология ашёларини илмий ҳужжатлаштириш, ишончли сақланишини давлат назорати шаклида текшириш, Археология ашёлари давлат каталогини юритиш, берилган ҳар бир рухсатнома бўйича илмий ҳисобот қабул қилиш ва илмий ҳисоботлар архивини йиғиш;

академик доиралар, халқ усталари, амалиётчилар, реставраторлар, халқаро экспертлар билан яқин ҳамкорлик қилиш, таъмиршуносликдаги ўзига хос услуб, анъана ва мактабларини ривожлантириш, жамоатчилик назоратини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш;

соҳада юқори тажриба ва салоҳиятга эга бўлган хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтларнинг грантлари, кредитлари ва ҳомийлик хайриялари, инвестицияларини жалб этиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар ва вазифаларни амалга ошириш.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Департаментнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади;

Департаментнинг фаолият соҳасига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва шаҳарсозлик ҳужжатлари Департамент билан мажбурий тартибда келишилиши шарт;

Департамент ва унинг тизимидаги тегишли мансабдор шахслар идоравий формали кийим-бош ва таниқлилик белгиси билан бепул таъминланади, уларнинг ўз хизмат бурчларини бажараётгандаги дахлсизлиги ва мустақиллиги давлат томонидан кафолатланади ҳамда фаолияти илмий-педагогик иш стажи ҳисобланади;

Департамент давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига моддий маданий мероснинг кўчмас объектлари соҳасида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритади;

моддий маданий мероснинг кўчмас объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, Департамент ва унинг тизимидаги мансабдор шахслар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади ҳамда қонунда белгиланган тартибда судга юборилади;

Департамент моддий маданий мероснинг кўчмас объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан аризалар ва даъволар билан мурожаат қилади;

Департамент Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

5. Департаментнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма деб юритилади) ташкил этилсин.

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Департамент ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг оператив бошқариш ҳуқуқида бўлган бино ва иншоотларни, шу жумладан, моддий маданий мероснинг кўчмас объектлари ва унинг ер участкаларини ижарага беришдан тушган маблағлари;

Департамент ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг оператив бошқариш ҳуқуқида бўлмаган давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас объектлари ва уларнинг ер участкаларини ижарага беришдан маҳаллий бюджетга йўналтириладиган маблағлари;

барча солиқ ва мажбурий тўловлардан озод қилинган ҳолда “Муқаддас мерос учун” шиори остида ўтказиладиган хайрия тадбирларидан тушадиган маблағлари;

Департамент ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан тарихий-маданий экспертиза ўтказишдан тушган маблағлари;

моддий маданий мероснинг кўчмас объектлари жойлашган ерлар ҳамда уларга туташ ҳудудларда ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, суғориш, хўжалик
ва бошқа ишларни амалга ошириш, шунингдек, моддий маданий мероснинг кўчмас объектларида асрашга доир ишларни амалга оширишга белгиланган тартибда рухсатномалар бериш учун тўланадиган йиғимлари;

маданий меросни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, шу жумладан, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши, музейлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талаблари бузилганлиги учун ундирилган жарималар, моддий маданий мероснинг кўчмас объектлари, археология ашёлари, музей ашёлари ва коллекцияларига етказилган зарар, компенсация ва уларга ҳисобланган пенялари;

халқаро ташкилотлар ва молиявий институтларнинг, Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари – юридик ва жисмоний шахсларнинг грантлари, кредитлари ва ҳомийлик ёрдамлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Ушбу бандининг учинчи – бешинчи хатбошиларида назарда тутилган маблағларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тушган қисмининг 50 фоизи тегишли равишда тегишли ҳудуддаги моддий маданий мерос объектлари соҳасидаги вазифаларни бажариш учун Департаментнинг ҳудудий органларига йўналтирилиши шарт (мақсадли ҳомийлик хайриялари бундан мустасно).

Жамғарма маблағлари моддий маданий мероснинг кўчмас объектларида асрашга доир ишларини бажариш ва илмий-техник тадқиқ этиш ва уларни оммалаштириш, соҳа ходимларини рағбатлантириш, малакасини ошириш ҳамда Департамент ва унинг тизимидаги муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларни сақлаб туриш каби ишларга сарфланади.

6. Қуйидагилар:

олимлар, юқори малакали мутахассис ва амалиётчилардан иборат шахсий таркиби ҳамда фаолият олиб бориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Департамент ҳузуридаги республика илмий-эксперт кенгаши (кейинги ўринларда – Илмий-эксперт кенгаши деб юритилади);

Бухоро давлат бадиий-меъморий музей-қўриқхонаси, Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси, Хива “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонаси негизида мос равишда ҳудуддаги давлат мулки ҳисобланган тегишли моддий маданий мероснинг кўчмас объектларини оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бериш ҳисобига Бухоро, Самарқанд, Хива “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхоналари;

Навоий, Сурхондарё, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларидаги давлат мулки ҳисобланган тегишли моддий маданий мероснинг кўчмас объектларини оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бериш ва давлат музейларини бирлаштириш ҳисобига тегишли равишда Сармишсой, Термиз, Қўқон ва Шаҳрисабз давлат музей-қўриқхоналари;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг минтақавий ва минтақалараро давлат инспекциялари негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Моддий маданий мероснинг кўчмас объектлари давлат инспекциялари;

моддий маданий мерос, шу жумладан музейлар масаласида тегишли алоҳида йўналиш ва соҳаларда махсус билим ва малакага эга бўлган юқори малакали мутахассислардан тайинланадиган давлат экспертлари фаолияти (кейинги ўринларда – давлат экспертлари деб юритилади) ташкил этилсин.

7. Белгилаб қўйилсинки:

Илмий-эксперт кенгаши аъзолари ва давлат экспертлари давлат суд экспертлари учун қонунда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади ҳамда уларнинг фаолиятига боғлиқ равишда ҳақ тўланади;

моддий маданий мерос кўчмас объектларини асрашга доир ишларнинг лойиҳалари мажбурий тартибда Илмий-эксперт кенгашида кўриб чиқилиши шарт.

8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Ўзбекистон маданий мероси миллий тадқиқот институти ташкил этилсин.

Ўзбекистон маданий мероси миллий тадқиқот институтининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

маданий мерос соҳасининг долзарб муаммоларини, шу жумладан, уларни ишончли муҳофаза ва тадқиқ қилиш, ривожлантириш, оммалаштириш, оқилона фойдаланиш ва сайёҳлик салоҳиятини ошириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, услубий қўлланма ва тавсиялар ишлаб чиқиш, энг замонавий технологиялар, маҳаллий ва халқаро илғор тажрибаларни тизимли ўрганиш ва амалиётда қўллаш;

моддий маданий мерос объектлари ва уларнинг алоҳида муҳим тарихий-маданий қисмлари, безаклари, ноёб музей ашёлари, коллекциялари ва бошқа маданий бойликларни асосли илмий-тарихий ва юксак бадиий савияда консервация, реставрация ҳамда таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш ва тегишли илмий хулосалар бериш, бу жараённи олий ва ўрта махсус таълим муассасалари талаба-ўқувчиларининг амалиёти билан уйғун ҳолда амалга ошириш;

музей ашёлари, коллекциялари ва бошқа маданий бойликларни илмий-тарихий, маданий ва бадиий экспертизадан ўтказиш, қийматини баҳолаш ва уларга етказилган зарар миқдорини аниқлаш;

маданий мерос ва музей соҳаси илмий ходим ва мутахассисларининг малакасини ошириш, уларга малака тоифасини бериш, аттестациядан ўтказиш, уларни илғор тажриба алмашишга хорижга юборишга кўмаклашиш;

музейлар, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши, маданий меросни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномаларнинг амалдаги ижросини илмий таҳлил қилиш, уларни такомиллаштириш бўйича илмий хулоса ва тавсиялар тайёрлаш;

Миллий музей фонди давлат каталогини юритиш, унинг ҳимояланган электрон шаклини яратиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларига бўлган фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги битимлар реестрини юритиш;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини илмий ҳужжатлаштириш, ишончли сақланиши ва муҳофаза қилинишини давлат назорати шаклида текшириш, Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларининг ўғирланиши, йўқотилиши, қалбакилаштирилиши ёки бошқа шаклда зарар етказилишини аниқлашда иштирок этиш;

ЮНЕСКО, Халқаро музейлар кенгаши, Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш Халқаро кенгаши, Маданий бойликларни асраш ва реставрация қилиш халқаро тадқиқот маркази ва бошқа халқаро ташкилотлар билан илмий-амалий ҳамкорликда Ўзбекистондаги музей ашёлари, коллекциялари ва бошқа моддий маданий мерос объектларини сақлаш, илмий таҳлил қилиш, консервация ва реставрация бўйича халқаро стандартларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш ишларини ташкиллаштириш.

9. 2028 йилнинг 31 декабригача бўлган муддатда даромад солиғидан озод қилинган ҳолда:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси муассислигидаги “Мерос чашмаси” унитар корхонаси негизида Департамент муассислигидаархитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини яратиш, геодезия ва картография фаолияти билан шуғулланадиган ихтисослашган Ёдгорликларни лойиҳалаш илмий-тадқиқот институти;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги муассислигида моддий маданий мероснинг кўчмас объектларини чуқур илмий-тарихий ёндашиш, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос мактабларига асосланган ҳамда юксак бадиий савияда асрашга доир ишларни амалга ошириш, анъанавий ва замонавий усулларда қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Таъмиршунослик илмий-ишлаб чиқариш устахонаси;

Департамент муассислигида аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ дастурлар тайёрлаш, уларни кўпайтириш, сотиш, ижарага бериш, ноширлик ва концерт-томоша фаолиятлари, моддий маданий мероснинг кўчмас объектлари ва туризм марказларида фольклор-этнографик гуруҳлар, актёрлар, санъаткорлар ва бошқа ижодкорлар иштирокида маданий кўнгилочар дастурларни профессионал даражада ташкил этадиган ва ушбу тадбирлар ҳақидаги батафсил маълумотлар базасини юритадиган Миллий мерос тарғиботчиси маркази давлат унитар корхоналари ташкил этилсин.

Мазкур бандга мувофиқ ташкил этилаётган давлат унитар корхоналарига ўзининг асосий фаолият турларини тегишли лицензия олмасдан амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида махсус ваколатли муассаса этиб белгилансин, бу борадаги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Маданият вазирлиги томонидан қабул қилиниши инобатга олинсин.

11. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция (Париж, 1972 йил) доирасида Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган республикадаги тегишли ҳудудлар (объектлар) алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар сифатида эътироф этилади, шунингдек, уларда режалаштирилган йирик қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари ЮНЕСКО ҳамда Департамент билан белгиланган тартибда аввалдан келишилган ҳолда амалга оширилиши шарт;

2019 йилнинг 1 январидан эътиборан Моддий маданий мерос кўчмас объектларининг давлат миллий рўйхати жорий этилади, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари тавсиясини инобатга олган ҳолда Департамент тақдимига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган кўчмас мулк объектлари давлат миллий рўйхатига киритилади ва давлат муҳофазасига олингани ҳақидаги гувоҳнома берилади;

2019 йилнинг 1 июнидан эътиборан моддий маданий мероснинг кўчмас объектларидан, айниқса ундан туризм мақсадида фойдаланиш, давлат-хусусий сектор шерикчилиги асосида уларни ягона ахборот базасига онлайн режимда маълумотлар узатиш, электрон чипталар жорий этиш ва турникетлар ўрнатишни назарда тутувчи тегишли ҳар бир объект бўйича оқилона фойдаланиш концепцияси объектнинг баланс сақловчиси томонидан ишлаб чиқилади, ушбу концепция туризм соҳасида ваколатли давлат органи билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда камида уч ой олдин очиқ расмий манбаларда эълон қилинади;

давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас объектларини оператив бошқариш ҳуқуқи асосида ёки текин фойдаланишга бериш Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори билан амалга оширилади, ушбу объектларнинг ҳуқуқи аниқлангунга қадар улар Департамент ҳудудий органларининг оператив бошқариш ҳуқуқида бўлади;

маданий мерос, тарих бўйича маълум тушунчаларга эга фаол фуқаролар ихтиёрийлик ва танлов асосида маҳалла фуқаролар йиғинлари кенгаши тавсияларига мувофиқ Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгаши қарори билан маданий мерос жамоатчи инспекторлари сифатида эътироф этилиб, уларга Департаментнинг ҳудудий органлари томонидан ваколатини тасдиқловчи гувоҳнома ва таниқлилик белгиси тақдим этилади;

ушбу жамоатчи инспекторларнинг моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши, моддий маданий мерос объектларидан нооқилона фойдаланиш ва уларга зарар етказилишига оид мурожаатлари Департамент ёки унинг ҳудудий органлари томонидан мажбурий тартибда давлат назорати шаклида текширилади (такрорий мурожаатлар бундан мустасно);

жамоатчи инспекторлар мурожаатига (ахборотига) мувофиқ давлат назорати шаклида текшириш ўтказилганда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аниқланса, жамоатчи инспекторлар Департамент қарорига кўра пул мукофоти билан тақдирланади.

[ izohlar (1) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

Xolbadalov Utkirjon Shokirjonovich 2018-05-04 18:35:55

Моддий маданий мерос объектларида ташкил этиладиган ҳар қандай ишлар, чора-тадбирларни амалга ошириш, ташриф буюрувчилар учун яратиладиган шароитлар, кўрсатиладиган хизматлар ва уларни нархларини белгилашда, ташрфи буюрувчиларнинг манфаатлари ва хохишларига мос келишини таъминлаш, шунингдек кўрсатиладиган хизматларни ва уларнинг нархини асоссиз ва доимий ўзгартириб борилишини олдини олиш мақсадида:

11-бандини қуйидаги мазмунда бешинчи ва олтинчи хатбошлари билан тўлдириш таклиф этилади:

"моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартибини белгилаш, ташриф буюрувчилар учун шароит яратиш ва уларда кўрсатиладиган хизмат нархларини белгилаш ҳамда уларга ўзгартириш киритиш билан боғлиқ масалалар мажбурий тартибда туризм соҳасида ваколатли давлат органи билан келишилади;

моддий маданий мерос объектларида кўрсатиладиган хизматлар ва уларга кириш чипталарининг нархларини ўзгартириш камида 6 ой олдин амалга оширилади;"

12. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига:

маданий мерос масаласини ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисларида, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида таҳлилий муҳокама қилиш, шунингдек, соҳада тизимли равишда парламент, вакиллик ва депутатлик назоратини амалга ошириш;

маданий меросдан оқилона ва самарали фойдаланиш, бу борадаги масалаларни тезкор ҳал этиш, қонунчилик базасини мустаҳкамлаб бориш ва соҳага қўшимча манбалар ҳисобидан маблағ жалб этишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида маданий мерос бўйича депутатлик гуруҳларини тузиш ва уларнинг фаолиятини тизимли йўлга қўйиш тавсия этилсин.

13. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Madaniyat

va Ma'rifat” телеканали Департаментнинг маданий мерос, айниқса, моддий маданий мероснинг кўчмас объектларини чуқур илмий асосларда тарғиб этиш, бу борада юқори сифатли, креатив ва инновацион аудиовизуал асарлар тайёрлаш бўйича бош ахборот ҳамкори сифатида белгилансин.

14. Қуйидагилар:

2018-2023 йилларда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тадқиқ этиш, тарғиб қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ;

2018-2023 йилларда археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳамда археология тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

15. Маданий мерос масалалари бўйича давлат комиссияси:

ушбу Қарорнинг 2-3 иловаларига мувофиқ тасдиқланган дастурлардаги чора-тадбирларни молиялаштиришнинг аниқ манбалари ва миқдорларини ҳар йили 1 августга қадар келгуси йил учун белгиласин ҳамда уларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини тизимли мониторинг қилсин;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда соҳага имтиёзли хорижий кредитлар ва грантларни жалб қилиш бўйича халқаро молиявий институтлар ва хорижий донорлар билан тизимли ишлар олиб борсин;

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари таклифларини инобатга олган ҳолда Департамент тақдимига мувофиқ, ҳар йили 1 августга қадар келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мероснинг кўчмас объектлари манзилли режасини тасдиқласин ва уни амалга оширилишини назорат қилсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:

Департамент ва Ўзбекистон маданий мероси миллий тадқиқот институти фаолиятини ташкил этишга оид Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини;

қонунчиликка ушбу Қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

17. Ушбу Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М. Султонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Моддий маданий мерос соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор лойиҳаси муҳокамаси 2018-05-152018-05-15Маданият вазирлиги

So`rovnoma natijalari