Hujjat nomi
Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-05-10 11:24:41
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-05-25 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ

Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона
хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3022-сонли қарори билан тасдиқланган дастурнинг 7-банди, 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сонли Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 191-банди ижросини таъминлаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг:

ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатиладиган ахборот-кутубхона хизмати сифатини яхшилаш, уларнинг ахборотга бўлган талабини қондириш ва бўш вақтларини мазмунли ўтишини таъминлаш мақсадида республикадаги кўзи ожизлар кутубхоналари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

шу жумладан, республикадаги Кўзи ожизлар кутубхоналари негизида Ногиронлиги бўлган шахслар Махсус ахборот-кутубхона муассасалари (кейинги ўринларда – махсус ахборот-кутубхона муассасалари) фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар махсус ахборот-кутубхона муассасаларининг асосий мақсад ва вазифалари этиб белгилансин:

замонавий юқори самарали ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ахборотлар олишнинг манбаи, шакл ва методларини танлаш имкониятини таъминлаш тамойили асосида ногиронлиги бўлган шахсларнинг, аҳолининг, ёшларнинг интеллектуал, билим, маънавий-ахлоқий ва маданий эҳтиёжларини ҳар томонлама қондириш учун қулай шарт-шароитлар ва кенг ахборот ресурслари базасини яратиш;

ахборот-кутубхона фондини миллий ва чет эл нашрлари билан тизимли тўлдириб бориш, нодир ва алоҳида қимматли нашрларни сақлаш, қўлёзма китоблар ва нодир нашрларни консервация ва реставрация қилишнинг замонавий методларини жорий этиш, уларни ишончли сақлашни таъминлайдиган махсус режим шароитларида асрашни ташкил этиш;

хорижий махсус ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларга мўлжалланган махсус электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантириш;

Ногиронлиги бўлган шахслар махсус ахборот-кутубхоналарига келишга имконияти йўқ фойдаланувчилар учун онлайн масофада туриб гапирувчи адабиётлардан фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш ҳамда кўчма кутубхоналар ташкил этиш;

ногиронлиги бўлган шахсларга замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда мунтазам таълим олиши ва мустақил равишда таълим олишига кўмаклашиш;

миллий маънавий-аҳлоқий қадриятларни кенг кўламда тарғиб қилиш, халқнинг маданий-тарихий меросидан баҳраманд бўлишни таъминлаш, маънавий бой ва уйғун камол топган шахснинг ижодий ўсиши учун имконият яратиб бериш;

янги ахборот технологиялари (маълумотлар электрон базалари, интернет ресурслари) асосида ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш;

юқори малакали мутахассисларни танлов асосида танлаб олиш, ахборот-кутубхона муассасалари кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш асосида махсус ахборот-кутубхона кадрлар салоҳиятини доимий такомиллаштириш.

3. Қуйидагилар:

Ногиронлиги бўлган шахслар махсус ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ташкил этиш, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ушбу муассасалар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур) 1-иловага мувофиқ;

2018 – 2022 йилларда ногиронлиги бўлган шахслар Махсус ахборот-кутубхона муассасалари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг манзилли дастури (кейинги ўринларда манзилли дастур) 2-иловага мувофиқ;

2018 – 2022 йилларда янги ташкил этиладиган ногиронлиги бўлган шахслар Махсус ахборот-кутубхона муассасалари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Махсус ахборот-кутубхона муассасалари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш доирасида:

буюртмачи этиб – Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Марказлашган инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилувчи объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи хизмати давлат муассасаси;

бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар этиб – қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилган тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича аниқланган ғолиблар белгилансин.

5. Қуйидагилар Дастурни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Махсус ахборот-кутубхона муассасалари биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишларига – Ўзбекистон Республикасининг ҳар йилги Инвестиция дастури доирасида марказлаштирилган манбалар;

Махсус ахборот-кутубхона муассасаларини турли ҳил адабиётлар, замонавий технологиялар ҳамда кўчма ахборот кутубхона хизматини ташкил этиш учун автотранспорт воситалари билан таъминлаш ишлари – Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари;

имтиёзли хорижий кредитлар ва грантлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги ва келгуси йиллардаги Инвестиция дастури параметрларини шакллантиришда мазкур қарорда белгиланган Махсус ахборот-кутубхона муассасалари биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари учун зарур маблағларни назарда тутсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ушбу қарорда белгиланган Махсус ахборот-кутубхона муассасаларини турли ҳил адабиётлар, замонавий технологиялар ҳамда кўчма ахборот кутубхона хизматини ташкил этиш учун автотранспорт воситалари билан таъминлаш ишлари учун зарур маблағларни назарда тутсин.

8. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йилда Инвестиция дастурининг иқтисод қилинган маблағлари ҳисобидан Махсус ахборот-кутубхона муассасалари биноларини қуриш ва реконструкция қилиш учун объектларнинг
лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва 2019 йилдан бошлаб қуриш ва реконструкция қилиш ишлари учун маблағлар ажратилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Маданият вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда Дастурни амалга ошириш учун имтиёзли хорижий кредитлар ва грантларни жалб қилиш бўйича халқаро молиявий институтлар ва хорижий донорлар билан тизимли ишлар олиб борсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига:

Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишига масъул бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тизимли асосда мувофиқлаштириш, белгиланган тадбирларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилиши мониторингини олиб бориш;

зарурат бўлганда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг таклифларига асосан Ўзбекистон Республикаси Молия, Иқтисодиёт вазирликлари билан келишилган ҳолда манзилли дастурга ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:

уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги буюртмаси ва тақдим этилган техник талаблари асосида, тегишли лойиҳа институтини жалб этган ҳолда, Махсус ахборот-кутубхона муассасаларининг уч типдаги намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқсин, бунда, “Инсонларнинг ҳаёти ва фаолияти муҳитини, ногиронлар эҳтиёжини ва аҳолини кам ҳаракатланувчи гуруҳларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаш” талабларини инобатга олсин;

Махсус ахборот-кутубхона муассасалари биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминлаш, шунингдек, буюртмачилар билан пудратчилар ўртасидаги шартнома мажбуриятлари бажарилиши, шу жумладан тасдиқланган намунавий лойиҳаларга ҳамда амалдаги қурилиш меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ объектларда бажариладиган лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишлари сифатига қўйиладиган талабларга қатъий риоя этилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин.

Намунавий лойиҳаларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс маркази ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилсин.

12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишган ҳолда намунавий лойиҳалар асосида янги қуриладиган Махсус ахборот-кутубхона муассасалари учун ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ҳудудлардан жой ажратсин ҳамда Дастурда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ахборот бериб борсин.

13. Белгилаб қўйилсинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Махсус ахборот-кутубхона муассасаларининг Дастурда белгиланган муддатларда қурилишига, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва фаолиятини тўлақонли ташкил этишга шахсан масъул ҳисобланади.

14. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил “___”_________даги ___-сонли қарорига
1-илова

Ногиронлиги бўлган шахслар махсус ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ташкил этиш, уларнинг
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ушбу муассасалар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар

ДАСТУРИ

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Бажариш муддати

Молиялаштириш манбалари

Бажариш учун масъуллар

I. Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимининг
ҳуқуқий тартибга солинишини такомиллаштириш

1.

Ногиронлиги бўлган шахслар махсус ахборот-кутубхонаси (келгусида – Махсус ахборот кутубхона муассасаси) тўғрисида намунавий низом лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2018 йил
III чорак

-

Маданият вазирлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

2.

Махсус ахборот кутубхона муассасасида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ахборот-кутубхона хизматидан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш тартиби ва қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2018 йил
IV чорак

-

Маданият вазирлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

3.

Махсус ахборот кутубхона муассасаси мутахассисларини тайёрлаш, ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2019 йил
I чорак

-

Маданият вазирлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

4.

Махсус ахборот кутубхона муассасасининг намунавий штатлар жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Бунда, ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишда алоҳида иш шароитлари сабабли раҳбар ва ходимларнинг маошларига қўшимча 2 баробар ҳақ тўлашни ҳамда соҳада фаолият юритаётган нафақа ёшига етган етук мутахассислар нафақасини тўлиқ тўлашни назарда тутиш.

2018 йил
III чорак

-

Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар

5.

Махсус ахборот кутубхона муассасасини жиҳозлаш меъёрларини ишлаб чиқиш.

2019 йил
I чорак

-

Маданият вазирлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

6.

Махсус ахборот кутубхона муассасалари фаолияти билан боғлиқ қуйидаги меъёрий хужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш:

-Ходимларнинг лавозим йўриқномалари;

-Махсус ахборот кутубхона муассасалари ташкилий тузилмаси;

-Махсус ахборот кутубхона муассасалари ходимларининг мехнат қоидалари.

2018-2022 йиллар

Ижрочилар маблағлари

Маданият вазирлиги,
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар

II. Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш

7.

Ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан катта ёшдагиларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида Махсус ахборот кутубхона муассасасида Брайль алифбоси ва сурдо таржимасини ўргатиш, компьютер саводхонлиги бўйича ушбу соҳадаги мутахассисларни жалб қилган ҳолда махсус курсларни ташкил этиш.

2018-2022 йиллар

Ижрочилар маблағлари

Маданият вазирлиги,
Халқ таълими вазирлиги,
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар

8.

Республика марказий ногиронлиги бўлган шахслар махсус ахборот-кутубхонаси қошида Брайл ёзувида адабиётлар чоп этиш учун типография ҳамда аудио китоблар яратиш мақсадида овоз ёзиш студиясини ташкил этиш.

2019 йил
III чорак

Республика бюдети маблағлари

Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги

9.

Қорақалпоғистон Республикаси ногиронлиги бўлган шахслар махсус ахборот-кутубхонаси қошида қорақалпоқ тилига ихтисослаштирилган Брайл ёзувида адабиётлар чоп этиш учун минитипография ҳамда аудио китоблар яратиш мақсадида овоз ёзиш студиясини ташкил этиш.

2019 йил
III чорак

Республика бюдети маблағлари

Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги

10.

Махсус ахборот кутубхона муассасасида ногиронлиги бўлган шахсларга ҳизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш ҳамда улар учун мўлжалланган махсус техника воситаларидан тўлақонли фойдаланилишини таъминлаш мақсадида ногиронлиги бор мутахассисларни (соғлигидан келиб чиқиб) муассаса ходимлари жами сонининг 3 фоизидан оширилишига йўл қўймаслик.

Доимий

-

Маданият вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар

11.

Махсус ахборот кутубхона муассасаси томонидан ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишда республикадаги ногиронлиги бўлган шахсларни тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш мақсадида республикадаги 1, 2 ва 3-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш ва улар рўйхатини ҳар уч йилда янгилаб бориш.

2018 йил
якунига қадар

Ижрочилар маблағлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар

12.

Давлат органлари ва ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида ногиронлиги бўлган шахслар учун жойлаштирилган маълумотлар билан эркин танишиш ва хизматлардан фойдаланишга оид қўшимча имкониятлар жорий этиш.

2018-2019 йиллар давомида

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси, ижрочилар маблағлари

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,
манфаатдор вазирликлар ва идоралар

III. Махсус ахборот кутубхона муассасасининг фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш,
моддий-техника базасини яхшилаш, улар фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, китоб фондларини
бойитиш ва янгилаб бориш

13.

Махсус ахборот кутубхона муассасаси биноларининг
3 типдаги намунавий лойиҳаларини тайёрлаш. Бунда “Инсонларнинг ҳаёти ва фаолияти муҳитини, ногиронлар эҳтиёжини ва аҳолини кам ҳаракатланувчи гуруҳларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаш” талабларига мувофиқ амалга ошириш.

Белгиланган муддатда

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс маркази ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармаси

Маданият вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар

14.

Махсус ахборот кутубхона муассасаларини жиҳозлаш меъёрларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. Бунда, махсус техника воситалар, шу жумладан, биринчи навбатда Брайл шрифтаги принтер, Брайл шрифтаги клавиатура, Махсус сканер “САРА”, Махсус ускуна “ТАПАС”, Махсус аудио диск купайтиргич “АКАРД”, Кўзи ожизлар учун махсус программа, “Маяк” махсус овозли информер, сурдо ва бошқа махсус техника воситалари бўлишини назарда тутиш.

2018 йил III чорак

Республика бюджети маблағлари

Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисод вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар

15.

Махсус ахборот кутубхона муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлашда уларнинг тегишли типлари бўйича намунавий лойиҳалари ҳамда жиҳозлаш меъёрларига мослигини таъминлаш.

2019-2022 йиллар давомида

Инвестиция ва Республика бюджети маблағлари

Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисод вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар

16.

Республика, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Махсус ахборот кутубхона муассасалари томонидан туман кутубхоналарини китоблар билан ўз вақтида таъминлаш ҳамда кўчма кутубхоналар ташкил этиши учун
15 дона “Дамас” автомашинаси билан таъминлаш.

2019-2022 йиллар давомида

Республика бюджети маблағлари

Молия вазирлиги,
Иқтисодиёт вазирлиги,
Маданият вазирлиги

17.

Махсус ахборот кутубхона муассасалари фондининг сақланиши, уларда ҳарорат, намлик ва ёруғликнинг таъсирини мунтазам назорат қилиб борадиган жиҳозлар билан таъминлаш.

Махсус ахборот кутубхона муассасаларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув мосламалари, сигнализация тизимларини ўрнатиш.

2018-2022 йилларда

Инвестиция ва Республика бюджети маблағлари

Маданият вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари

18.

Махсус ахборот кутубхона муассасалари фондининг махсус электрон каталогини яратиш, мунтазам равишда янгилаб бориш. Электрон каталогни яратиш учун юқори аниқликдаги замонавий компьютер техникаси, махсус скайнер ва бошқа техник жиҳозлар билан таъминлаш.

2019 йил
I чорак

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс маркази ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармаси

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар

19.

Махсус ахборот кутубхона муассасаларига келишга имконияти йўқ фойдаланувчилар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда уларни интернет орқали фойдаланишларини таъминлаш мақсадида мавжуд веб-сайтларни янгилаш ва ягона порталга бирлаштириш.

2018-2022 йилларда режа асосида

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Маданият вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар

IV. Ногиронлиги бўлган шахслар махсус ахборот-кутубхоналарнинг кадрлар ва касбий салоҳиятини мустаҳкамлаш,
уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва рағбатлантириш

20.

Махсус ахборот кутубхона муассасаларининг малакали мутахассис кадрлар билан таъминланганлиги ҳолатини чуқур ўрганиш, шунингдек, уларнинг истиқболли талаб-эҳтиёжидан келиб чиқиб тегишли олий таълим ва ўрта махсус таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва олий таълим муассасаларида кутубхоначилик соҳаси бўйича сиртқи бўлим очилиши юзасидан таклиф киритиш.

2019 йил
I чорак

Маданият вазирлиги,
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар

21.

Махсус ахборот кутубхона муассасалари ходимлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш механизмини жорий этиш.

Шу жумладан, ходимларни аттестациядан ўтказиш, уларнинг малака ва билимини баҳолаш.

2019 йил
II чорак

Маданият вазирлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

22.

Махсус ахборот кутубхона муассасалари мутахассисларини замонавий фан ютуқлардан, хорижий тажрибадан хабардор қилиб бориш мақсадида:

жаҳондаги мавжуд ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатувчи кутубхоналар билан ҳамкорликда республикада халқаро илмий-амалий конференциялар, форумлар, семинарлар ва маҳорат дарсларини ўтказиш;

хорижда тажриба алмашиш ва малака ошириш тизимини йўлга қўйиш, халқаро миқёсдаги илмий-амалий семинарлар, конференцияларда соҳанинг етук мутахассислари иштирокини таъминлаш;

Ногиронлиги бўлган шахслар махсус ахборот-кутубхоналари ва кутубхонашунослик фаолияти билан шуғулланаётган ташкилотларнинг халқаро алоқаларини кучайтириш.

Доимий

Ижрочилар маблағлари

Маданият вазирлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар

23.

Махсус ахборот кутубхона муассасаларида фаолият юритаётган ходимларни, шу жумладан, махсус ахборот-кутубхона соҳасида ҳудудларига юбориладиган битирувчи мутахассисларни қўллаб қувватлаш, уларнинг шарт-шароитларини яхшилаш мақсадида жойларда имтиёзли ипотека кредитлари ҳисобидан уй-жойлар ажратиш.

2018-2022 йиллар давомида

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Маданият вазирлиги

24.

Махсус ахборот кутубхона муассасалари ўртасида “Йилнинг энг фаол кутубхоначиси” ва “Йилнинг энг яхши кутубхонаси” Республика кўрик-танловларини ташкил этиш ва юқори савияда ўтказиш ҳамда ғолибларни муносиб тақдирлаш.

Доимий

Маданият вазирлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ2018-05-31Маданият вазирлиги

So`rovnoma natijalari