Hujjat nomi
"Бўлғуси қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилини суғурта қилиш механизмини такомиллаштириш тўғрисида"ги ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO`zbekiston Respublikasi Moliya vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-05-18 18:23:45
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-06-02 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Бўлғуси қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилини суғурта қилиш механизмини такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги “Пахта хом-ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3574-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги 149-сонли “Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қишлоқ хўжалик соҳасида олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларда янгича услубларни кенг қўллаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларини турли табиий офатлар натижасида кўрадиган зарарлардан суғурта механизми орқали ҳимоялаш механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилишни таъминлаш мақсадида пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари ҳосилини суғурталаш бўйича ишлаб чиқилган “Бўлғуси қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилини суғурта қилиш тўғрисида”ги Низом 1-иловага, “Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳолатимониторингини ўтказиш Тартиби” 2-иловага ҳамда “Қишлоқ хўжалик экинларини суғурта қилиш механизми” 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштиришда об-ҳавонинг ва бошқа табиий офатларнинг ҳар йили бир маромда келмаслигини ҳисобга олган ҳолда мавжуд пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштирувчи хўжалик субъектларига бўлғуси қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилини тўлиқ суғурта қилиниши таъминласин.

3. Суғурта ташкилотлари пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи хўжалик субъектлари билан экинлар ҳосили қийматининг 2 (икки) фоизи миқдорида суғурта қилиш харажатларига ажратиш бўйича ҳар йили:

ғалла ҳосили учун 10 декабргача;

пахта ҳосили учун 20 апрелгача муддатларда суғурта шартномаларини расмийлаштирсин.

4. Туман ҳокимлари ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари биргаликда пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштиришни молиялаштириш учун ажратиладиган кредит маблағлари меъёрларида суғурта харажатлари учун етарли миқдорда маблағлар ажратилиши кўзда тутилишини таъминласинлар.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига суғурта харажатлари учун ажратиладиган маблағлар миқдори экинлар ҳосили суғуртасининг зарарлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳар йили қайта кўриб чиқиш ва агротехник тадбирларини молиялаштириш жараёнида экинлар ҳосили қийматидан келиб чиққан ҳолда мазкур қарорнинг 2-бандида назарда тутилган суғурта харажатлари меъёри миқдорига ўзгартириш киритиш ваколати берилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги 149-сонли “Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ туман ҳокимлари томонидан тасдиқланган ишчи гуруҳлари ҳамда об-ҳавони кузатиш маркази ходимлари экинларни экиш ва парваришлаш даврида агротехник ва вегетация тадбирларга риоя қилиниши бўйича доимий мониторингни ташкил этсинлар.

7. Экинлар ҳосилига етказилган зарарлар бўйича аниқланган молиявий қопламалар ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини таъминлаш ҳамда суғурта ташкилотларининг тўлов қобилиятидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги суғурта ташкилотлари томонидан суғурта шартномаси асосан тўланиши лозим бўлган суғурта товонлари ҳажми йиғилган суғурта мукофотларининг 80 фоизидан ошган қисмини қоплаш мақсадида суғурта ташкилотига 1 йил муддатга фоизсиз бюджет ссудаси ажратилишини таъминласин.

8. Белгилаб қуйилсинки, суғурта ташкилоти томонидан қишлоқ хўжалик корхоналарига аниқланган суғурта товонлари қишлоқ хўжалик корхоналарининг 23210 ҳисоб-рақамига ўтказиб берилади ва ўтказилган суғурта товонлари биринчи навбатда тижорат банклари томонидан ажратилган имтиёзли кредит ва унга ҳисобланган фоизларни сўндиришга йўналтирилади.

9. Молия вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018 йил тажрибасидан келиб чиққан ҳолда бўлғуси пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари ҳосилини мажбурий суғурта қилиниши тартибини ишлаб чиқиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига 2019 йил 1 январга қадар таклиф киритсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Молия вазири Ж.А.Қўчқаров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т.Мирзаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ______________________ А. Арипов

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил ___ _______даги

___ - сонли қарори 1-иловаси

Бўлғуси қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилини суғурта қилиш тўғрисида

НИЗОМ

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси, суғурта фаолиятини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги 149-сонли “Қишлоқ хўжалигида бозор механизмини кенг жорий қилиш тўғрисида”ги қарорига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг экинлари бўлғуси ҳосилини суғурта қилиш ва суғурта ҳодисаси юз берганда уларга суғурта товонларини тўлаш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

суғурталовчи — тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ва суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товони (суғурта пули) тўловини амалга ошириш мажбуриятини олувчи тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс;

суғурта қилдирувчи — суғурталовчи билан суғурта шартномасини тузган, суғурта шартномасида келишилган суғурта мукофотини (суғурта тўловини) тўловчи ва суғурталовчи билан аниқ суғурта муносабатларига кирувчи ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги тадбиркорлик субъекти;

ариза – суғурта қилдирувчи томонидан суғурта шартномаси тузишни сўраб ёзилган мурожаат;

суғурта шартномаси – ёзма келишув бўлиб, унга кўра суғурталовчи келишувда шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига келишувда назарда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) содир бўлганда суғурта қилдирувчига суғурта товонини тўлаш мажбуриятини олади;

суғурта ҳодисаси — суғурта шартномасида кўрсатилган ва у содир бўлиши билан суғурталовчининг суғурта қилдирувчига суғурта товони (суғурта пули) тўловини амалга ошириш мажбурияти келиб чиқадиган юз берган воқеа;

суғурта таваккалчиликлари – бўрон, дўл, кучли ёмғир (жала), ёнғин, яшин уриши, қурғоқчилик ва гармсел, тупроқнинг ўта намлиги, кучли қор ёғиши, қора совуқ, ҳавонинг паст ҳарорати, сув сатҳининг паст бўлиши (кам сувлик), сув сатҳининг баланд бўлиши (сув босиши), зараркунандалар, экинлар касалликлари;

суғурта қиймати – суғурта қилдирувчининг бутун экин майдонидан оладиган ҳосил қиймати;

суғурта суммаси — суғурта қилдирувчи ва суғурталовчининг келишувига мувофиқ белгиланадиган пул маблағлари миқдори бўлиб, суғурталовчи суғурта шартномаси бўйича суғурта товонини ундан ошмаган миқдорда тўлаш мажбуриятини олади;

суғурта мукофоти — суғурта қилдирувчи суғурта шартномасида белгиланган тартибда ва муддатларда суғурталовчига тўлаши шарт бўлган суғурта ҳақи;

суғурта полиси — суғурта шартномаси тузилганлигини тасдиқловчи ва суғурта қилдирувчига у суғурта мукофотини ёки унинг биринчи қисмини тўлагандан кейин бериладиган ҳужжат;

суғурта товони — суғурталовчи суғурта шартномасида келишилган суғурта ҳодисаси содир бўлганда суғурта қилдирувчи кўрган зарарларини суғурта суммасидан ошмаган миқдорда тўлайдиган пул маблағлари миқдори;

экин – пахта ва бошоқли дон экини;

суғурта даври — суғурталовчи суғурта шартномаси амалда бўлган даврда содир бўлган суғурта ҳодисалари бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига оладиган давр;

Ишчи гуруҳ —таркиби туман ҳокимининг ўринбосари раҳбарлигида туман прокуратурасининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ҳодими ҳамда ер кадастри, қишлоқ хўжалиги бўлими, тайёрлов ташкилоти, суғурта ташкилоти, тижорат банки, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, об ҳавони кузатиш маркази ва бошқа иқтисодий комплекс таркибига кирувчи ташкилотлар вакилларидан иборат бўлган экинларни экиш ва парваришлаш даврида экинлар ҳолатини мониторингини ўтказиб хулоса берувчи гуруҳ.

форс-мажор ҳолати —фавқулодда ва олдиндан кўрилмаган характерга эга бўлган, суғурта шартномаси бўйича тарафларнинг мажбуриятлари қабул қилингандан кейин келиб чиқадиган ҳамда уларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган, амалий тадбирлар билан унинг олдини олиб бўлмаган вазият;

cсуда —жорий йил ҳосили учун аниқланган суғурта товонлари тўлаш учун ажратиладиган фоизсиз бюджет ссудаси.

3. Суғурта шартномасида белгиланган суғурта таваккалчиликлари оқибатида экин ҳосилдорлиги камайиши ёки нобуд бўлиши натижасида суғурта қилдирувчининг зарар кўриши билан боғлиқ мулкий манфаатлари суғурта объекти ҳисобланади.

4. Ушбу Низом пахта хом-ашёси ва бошоқли дон етиштирадиган, тайёрлов корхоналари билан контрактация шартномасини тузганқишлоқ хўжалиги экинлари етиштирувчи барча қишлоқ хўжалик корхоналарига тадбиқ этилади.

II. СУҒУРТА ШАРТНОМАСИНИ ТУЗИШ ТАРТИБИ

5. Ҳар йили ғалла ҳосили бўйича 20 ноябргача, пахта ҳосили бўйича 20 мартгача келгуси йил учун режалаштирилган экин майдони, ҳосилдорлик, кафолатланган харид нархлари асосида ҳисобланган ялпи ҳосил қийматидан келиб чиқиб, жами экинлар ҳосилини суғурта қилиш учун зарур бўлган суғурта мукофотлари ҳажми туман ҳокимликлари ва суғурталовчи томонидан тасдиқланади.

6. Қишлоқ хўжалиги корхоналари экин майдони, ҳосилдорлик режаси, ўртача 3 (уч) йиллик ҳосилдорлик тўғрисидаги маълумотларни илова қилган ҳолда бўлғуси экиндан кам ҳосил олиши натижасида кўрадиган молиявий зарарини суғурта қилиш тўғрисида суғурталовчининг ҳудудий бўлинмаларига пахта ва ғалла етиштириш бўйича тайёрлов ташкилоти билан контрактация шартномаси тузилгандан сўнг 20 (йигирма) кун ичида ариза беради.

7. Суғурталовчи ариза ва тақдим этилган маълумотлар асосида суғурта қилдирувчи ҳамда туман қишлоқ хўжалиги бўлими, суғурталовчининг мутахассислари иштирокида экин ҳолатини экинлар экилгандан сўнг 10 (ўн) кун ичида жойида ўрганиб чиқиб, мониторинг хулосасини тузади.

8. Мониторинг хулосаси ижобий бўлганда, маълумотлар асосида суғурта қиймати, суғурта пули ва суғурта мукофоти миқдори ҳисобланади.

9. Юқоридаги маълумотлар асосида суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи ўртасида икки нусхада суғурта шартномаси тузилади. Мониторинг хулосаси салбий бўлган ҳолатларда суғурта шартномаси тузилмайди.

10. Ҳисоблаб чиқилган суғурта мукофотлари (суғурта қилдирувчининг ўз маблағи, тижорат банкларининг кредитлари ва бошқа қонунчиликда таъқиқланмаган маблағлар ҳисобидан) суғурта қилдирувчи томонидан суғурталовчининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади. Суғурталовчининг мажбуриятлари суғурта мукофоти тўлангандан сўнг кучга киради. Шартномада кўрсатилган муддатда суғурта мукофоти тўланмаса суғурталовчининг мажбуриятлари кучга кирмайди.

11. Суғурталовчи 3 (уч) кун ичида суғурта мукофотларини тўлиқ тўлаган суғурта қилдирувчига суғурта полисини расмийлаштириб беради.

12. Суғурталовчининг масъул мутахассислари томонидан экинлар ҳолати устидан доимий мониторинг олиб борилади.

13. Экинлар (тўлиқ ёки қисман) мавжуд бўлмаган ёки улар аҳволининг қониқарсизлиги, жумладан агротехник тадбирларнинг кечикиши, экин майдонларида бегона ўтларнинг кўпайиши ҳолатлари аниқланганда Ишчи гуруҳ вакиллари иштирокида далолатнома (салбий хулоса) тузилади. Мазкур далолатнома суғурталовчи суғурта шартномасини ва суғурта полисини муддатидан олдин бекор қилиш учун асос бўлади ҳамда бу ҳақда суғурта қилдирувчига 3 (уч) банк иш куни ичида хабар беради.

14. Суғурталовчи йиғилган суғурта мукофотларининг 3 (уч) фоизигача миқдорида суғурта ҳодисаларини олдини олиш чора-тадбирлари заҳирасини шакллантириши мумкин.

15. Мазкур суғурта ҳодисаларини олдини олиш чора-тадбирлари заҳираси маблағлари суғурталовчи томонидан экинлар ҳолатининг мониторингини сифатли ўтказилишини таъминлаш учун агрономлар хизматидан фойдаланиш ва бошқа агротехник тадбирларни молиялаштириш мақсадида сарфланади.

III. СУҒУРТА ҲОДИСАСИ ВА СУҒУРТА ТОВОНИНИ

16. Суғурта шартномаси амал қилган даврда суғурта ҳодисасини келтириб чиқарувчи ҳодисалар оқибатида экинлар зарарланиши ёки нобуд бўлиши натижасида ҳосилни олиш имконияти камайса ёки йўқолса суғурта қилдирувчи суғурталовчига 3 (уч) кун ичида бўлиб ўтган ҳодиса тўғрисида хабарнома беради. Шунингдек, мониторинг ўтказган суғурталовчининг масъул мутахассислари ҳам ушбу ҳодисалар тўғрисида суғурта қилдирувчига маълумот беришлари лозим.

Хабарномага асосан суғурталовчи ва Ишчи гуруҳ томонидан экинга етказилган зарар 10 (ўн) кун ичида жойида ўрганиб чиқилади ва далолатнома тузилади.

17. Суғурта қилдирувчи йиғиштириб олган ҳосилдорлик қиймати суғуртага қабул қилинган ҳосилдорлик қийматидан кам бўлганда, қуйидаги ҳужжатларни суғурталовчига тақдим этади:

- суғурта полисининг асл нусхаси (суғурталовчи томонидан нусха олиниб, асл нусха суғурта қилдирувчига қайтарилади);

- бўлиб ўтган ҳодисалар натижасида экин зарарланганлиги ёки нобуд бўлганлигини туман хокимлиги комиссияси томонидан тасдиқлаб тузилган далолатнома (агар мавжуд бўлса);

- ҳодисани (ҳодиса тавсифи ва етказилган зарар сабабларига кўра) тегишли ташкилотлар тасдиқлаган маълумот.

Ҳодиса тавсифи ва етказилган зарар сабабларига кўра ҳодисани тасдиқловчи ҳужжатлар қуйидагилар ҳисобланади:

- агар зарар ёнғин натижасида рўй берса – туман ИИБ ёнғинга қарши кураш бўлими маълумотномаси;

- агар зарар сув сатҳининг паст бўлиши (камсувлик) натижасида рўй берса – суғориш манбаларида сув кам бўлганлиги, хўжаликка белгиланган ва ҳақиқатда берилган сув лимити миқдори бўйича ваколатли ташкилот маълумотномаси
ва ваколатли ташкилот билан тузилган шартнома нусхаси;

- агар зарар зараркунандалар ёки экинларга касалликлар тушиши натижасида рўй берса – экин майдонларига ҳақиқатдан ҳам зараркунандалар томонидан зарар етказилганлигини ва уларга қарши курашилганлигини тасдиқлаш бўйича ваколатли ташкилот маълумотномаси ҳамда улар ўртасида тузилган шартнома нусхаси;

- агар зарар бошқа табиий офатлар натижасида рўй берса – гидрометеорология хизмати маркази (ҳудудий бўлинмаси)нинг маълумотномаси;

- етиштирилган маҳсулот йиғиштириб олинганлигини ва тайёрлов ташкилотига топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.

18. Юқорида кўрсатилган ҳужжатлардан бошқа қўшимча ҳужжатлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

19. Суғурта қилдирувчининг суғуртага қабул қилинган ҳосилдорлик қиймати билан жорий йилда бир гектар экин майдонидан ҳақиқатда олинган ҳосилдорлик қиймати (cуғурта мукофотини ҳисоблашда тасдиқланган ўртача харид нарх асос қилиб олинади) орасидаги фарқи экиндан кўрилган зарар деб ҳисобланади.

20. Суғурта товони миқдори 1-иловада келтирилган жадвал асосида, суғурта қилдирувчининг жами экин майдонидан олинган ялпи ҳосили (тайёрлов корхонаси маълумотномалари асосида) ва тушган cуғурта мукофоти миқдори ҳисобга олинган ҳолда, cуғурта пули (суғурта жавобгарлиги) доирасида ҳисобланади.

21. Суғурта қилдирувчи томонидан экинни экиш, парваришлаш ва ҳосилни йиғиштириб олиш даврида агротехника талабларига риоя қилмаганлиги аниқланганда суғурта товони қуйидаги миқдорларда камайтирилади:

- ўғит белгиланган меъёрдан кам берилган бўлса 10 (ўн) фоиз;

- бегона ўтлар босиб кетган бўлса 10 (ўн) фоиз;

- ўз вақтида суғорилмаган (сув берилмаган) бўлса 10 (ўн) фоиз;

- чамаланган (апробация) ҳосил олинмаган бўлса 10 (ўн) фоиз.

22. Тақдим этилган ҳужжатлар суғурталовчининг тўлов комиссияси томонидан ўрганиб чиқилиб, 15 (ўн беш) кун ичида суғурта товонини тўлаш ёки тўламаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

23. Суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш ёки тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарори суғурта қилдирувчига у суғурта товони тўлаш тўғрисида ёзма мурожаат тақдим этганидан кейин 15 (ўн беш) кундан кечиктирмай хабар қилиниши керак ва товон тўлаш рад этилганда, қарорда рад этишнинг асослантирилган сабаблари кўрсатилиши лозим.

24. Суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи ўртасида суғурта ҳодисаси тан олинганлиги тўғрисида далолатнома тузилганидан сўнг аниқланган суғурта товони 5 (беш) кун ичида суғурта қилдирувчининг 23210-“Молия вазирлиги жамғармаси ҳисобидан олинган мақсадли пуллар” ҳисоб рақамига ўтказиб берилади ва ўтказилган суғурта товони ажратилган имтиёзли кредит ва унга ҳисобланган фоизларни сўндиришга йўналтирилади.

25. Суғурта даври якуни бўйича суғурта ҳодисаси юзасидан суғурта қилдирувчилар томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар, суғурталовчининг тўлов комиссияси томонидан ўрганиб чиқилиб, суғурта товонини тўлаш тўғрисида қабул қилинган қарор асосида экин ҳосили учун жами аниқланган суғурта товонлари ҳажми йиғилган суғурта мукофотларининг 80 фоизигача бўлган қисми доирасида суғурталовчи ўз маблағлари ҳисобидан қоплайди.

26. Ҳисоб-китобларга асосан аниқланган суғурта товонлари ҳажми йиғилган суғурта мукофотларининг 80 фоизидан ошган қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан суғурта ташкилотига 1 йил муддатга фоизсиз бюджет ссудаси ажратилади.

27. Мазкур бюджет ссудаси маблағларини олиш учун суғурталовчи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига 2-иловага мувофиқ жадвал асосида ҳисоб китобларни тақдим қилади.

28. Суғурталовчи томонидан тақдим қилинган маълумотлар Молия вазирлиги томонидан 15 (ўн) кун муддатда ўрганиб чиқилиб, суғурталовчига аниқланган суғурта товонларини тўлаш учун фоизсиз бюджет ссудаси маблағларини ажратиш тўғрисида хулоса тайёрланади.

29. Молия вазирлиги тайёрланган асосида 10 (ўн) кун муддат ичида суғурталовчига аниқланган суғурта товонларини тўлаш учун фоизсиз бюджет ссудасини ажратади.

30. Ажратилган бюджет ссуда маблағлари суғурталовчи томонидан 5 (беш) кун муддат ичида суғурта товони аниқланган суғурта қилдирувчиларга тўлиқ тўлаб берилади ҳамда бу ҳақда суғурталовчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот тақдим этилади.

V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

31. Ушбу Низом бўйича зиммага олинган мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун томонлар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

32. Мазкур Низомдан келиб чиқадиган барча низолар ўзаро келишув йўли билан, келишувга эрилишилмаган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Бўлғуси қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилини
суғурта қилиш тўғрисида Низомнинг

1-иловаси

20___йил “____” _____________да тузилган _______-сонли

суғурта шартномасига асосан пахта ҳосили бўйича

суғурта товонини ҳисоблаш жадвали

(минг.сўм)

Экин номи

Суғурталанган майдон (га)

1 га. майдон- даги ҳосил -нинг қийма- ти (сўм)

1 ц ҳосилнинг прейскурант нархи (сўм)

Олинган ялпи ҳосил (ц)

Жами майдон-дан олинган ҳосилнинг қиймати
(4 уст*5 уст)

1 га майдондан олинган ҳосил қиймати

(6 уст/2 уст)

1 га. майдондан кўрилганзарар

(3 уст-7 уст)

Жами экин майдонидан кўрилган зарар суммаси

(8 уст*2 гр)

Суғурта жавобгар-лиги (фоизда)

Аниқланган суғурта товони

(9 уст)*10 уст/100)

1

2

3

4

5

6

7

8

9

10

11

Бўлғуси қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилини суғурта қилиш тўғрисида Низомнинг

2-иловаси

____ йил ҳосили учун аниқланган суғурта товонларини тўлаш учун

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ажратиладиган ссуда маблағлари ҳисоб-китоби

Таъминланган суғурта мукофотлари ҳажми жами

млн.сўм

Аниқланган суғурта товонлари ҳажми жами млн.сўм

Аниқланган суғурта товонларини суғурталовчининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланган қисми млн сўм.

Аниқланган суғурта товонлари ҳажмининг қопланмаган қисми млн. сўм

Ажратилиши лозим бўлган субсидия маблағлари ҳажми млн.сўм

1

2

3 (1*80%)

4 (2 - 3)

5

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил ___ _______даги

___ - сонли қарори 2-иловаси

Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳолати мониторингини ўтказиш

ТАРТИБИ

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.Ушбу Тартиб Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси, суғурта фаолиятини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги 149-сонли “Қишлоқ хўжалигида бозор механизмини кенг жорий қилиш тўғрисида”ги қарорига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, ғалла ва пахта экинлари ҳолатининг мониторинги ўтказилиши, шу орқали агротехник тадбирларга риоя қилиниши, тижорат банклари томонидан берилган имтиёзли кредит маблағлари мақсадли ишлатилиши ва суғурта ҳодисаси содир бўлганда суғурта товонларини асосли ҳолатларда тўлаб берилиши тартибини белгилайди.

2.Ушбу Тартиб жойлардаги туман ҳокимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги 149-сонли қарорига мувофиқ тасдиқланган ишчи гуруҳларга тадбиқ қилинади.

3.Ушбу Тартибда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

Ишчи гуруҳ – туман ҳокимининг ўринбосари раҳбарлигида туман прокуратурасининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ходими ҳамда ер кадастри, қишлоқ хўжалиги бўлими, тайёрлов ташкилоти, суғурта ташкилоти, тижорат банки, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, об ҳавони кузатиш маркази ва бошқа иқтисодий комплекс таркибига кирувчи ташкилотлар вакилларидан иборат бўлган экинларни экиш ва парваришлаш даврида экинлар ҳолатини мониторингини ўтказиб хулоса берувчи гуруҳ;

мониторинг – қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш учун ер майдонларининг экишга тайёргарлиги, экинлар экилиши, ривожланиши ва ҳосил йиғиб олиниши даврида олиб бориладиган кузатиш жараёни;

мониторинг маълумотномаси –Ишчи гуруҳ томонидан тузиладиган даврий ёзма хужжат.

4.Мониторинг Суғурта шартномаси асосида ҳар бир қишлоқ хўжалиги корхонаси бўйича ғалла ва пахта экинларининг ҳолатини ҳамда тижорат банклари томонидан берилган имтиёзли кредит маблағларининг қайтарилишини таъминлаш учун бўлажак ҳосилнинг етарлилигини аниқлаш мақсадида доимий равишда ўтказилади.

5.Мониторинг Ишчи гуруҳ томонидан экин майдонлари, экилган ғалла ва пахта экинларининг ҳолати бўйича кредит маблағларининг навбатдаги босқичи берилишидан аввал ҳамда мавсум давомида ҳар ойнинг 5-санасигача ўтказилади.

6.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги 149-сонли “Қишлоқ хўжалигида бозор механизмини кенг жорий қилиш тўғрисида”ги қарорига асосан тасдиқланган “Пахта хом-ашёси ва бошоқли дон етиштириш бўйича харажатларни кредитлаш ва топширилган маҳсулот учун якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомда белгиланган мақсадлар учун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ҳар йилги ҳосил учун агротехкарталардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиладиган меъёрлар доирасида имтиёзли кредитлар ажратилаётганлиги, экин майдонларининг экишга тайёрланганлиги, ғалла ва пахта экинларининг мавжудлиги, ниҳолларни парваришлаш бўйича зарур агротехника ишларининг ўтказилиши, етиштирилаётган ҳосил кредит шартномаси шартларини бажариш учун етарлилиги жойларга чиқиб ўрганиш орқали аниқланади.

II. ЭКИНЛАР ҲОЛАТИ МОНИТОРИНГИНИ ЎТКАЗИШ

7.Ишчи гуруҳ суғурта шартномаси тузиш даврида қишлоқ хўжалик корхоналарига тижорат банклари томонидан берилган имтиёзли кредит маблағларининг мақсадли ишлатилишини ҳамда экинларнинг бутун ривожланиш даврида мониторинг ўтказиш муддатларини келишиб олади ва мониторинг жадвалини имзолайди.

8.Ишчи гуруҳ томонидан имтиёзли кредит маблағлари талаб этилган харажатлар меъёри асосида ва белгиланган мақсадлар учун ишлатилганлиги ҳамда агротехник тадбирларга риоя қилинганлиги ўрганилади ва ҳар бир қишлоқ хўжалик корхонаси учун мониторинг хулосаси тузилади.

9.Ишчи гуруҳ ҳақиқатда сарфланган харажатлар ўрганиб чиқилганидан сўнг қишлоқ хўжалик корхонасининг пахта ва ғалла ер майдони (даласи)га чиқиб, агротехник ишлар ҳақиқатда бажарилганлиги бўйича мониторинг ўтказади.

10.Мониторинг ўтказишда экинларни экишгача бўлган, экин экиш ҳамда уларни парваришлаш даврларида қуйидаги ишларнинг бажарилиши ўрганилади:

Экишгача бўлган давр ва экиш даврида:

·ер текисланганлиги, ҳайдаш чуқурлигига амал қилинганлиги, дискалаш, бароналаш ва бошқа тадбирлар сифатли ўтказилганлиги;

·умумий экишга тайёрланган майдон ҳажми, технологик харитаси бўйича қайси картага кириши (контур рақами);

·ернинг шўрланганлик даражаси, агар шўрланган ер бўлса неча марта шўри ювилган, тупроқнинг механик ҳолати (соз, бўз, қумоқ ва ҳоказо тупроқ), экишгача белгиланган агротехник тадбирларга амал қилиниши, экишгача озиқлантирилганлиги;

·экинларни минтақавий экиш муддатларида белгиланган вақтларда экилиши;

·уруғларни меъёрда белгиланган ҳажмларда экилиши.

Парвариш даврида:

·ғўза ораларига ишлов берилганлиги;

·минерал ўғитлар билан белгиланган меъёрда озиқлантирилганлиги;

·бегона ўтлардан тозаланганлиги;

·суғориш ишлари ўз вақтида ўтказилаётганлиги;

·ўсимлик зараркунандалари билан курашиш усуллари қандай тартибда амалга оширилаётганлиги.

11.Ғалла (буғдой) етиштирувчи хўжаликларнинг ғалла униб чиққан майдони ўрганилганда, унинг умумий экин майдони кўздан кечирилади, қандай нав, нечанчи репродукция, техник характеристикаси бўйича унувчанлиги ва амалда униб чиққанлиги, меёрдаги униб чиққан туп сони. қайси ривожланиш фазасидалиги, қандай усулда экилганлиги (суғориладиган ёки лалми майдон), экиш даврига амал қилинганлиги каби қўшимча тадқиқотлар ўтказилади.

12.Пахта ва ғалла экинлари ҳосил тўплаши даврида мониторинг ўтказилганда, етиштириладиган ҳосил чамаланади (апробация) ва бўлажак ҳосилнинг тижорат банклари томонидан берилган имтиёзли кредитларнинг қайтарилишини таъминлаш учун етарлилиги аниқланади.

III. МОНИТОРИНГ НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

13.Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган мониторинг натижаси бўйича мониторинг маълумотномаси тузилади. Ушбу мониторинг маълумотномасига ҳар бир иштирокчи ўз имзосини ва думалоқ муҳрини (мавжуд бўлганда) қўйиши талаб этилади.

14.Мониторинг ўтказувчи вакиллар, экин майдонлари ва экин ҳолатини тўлиқ ёритиш мақсадида мониторинг маълумотномасига қўшимча равишда эркин ҳолда алоҳида ўз хулосаларини ҳам ёзишлари мумкин.

15.Мониторинг натижалари бўйича экинлар (тўлиқ ёки қисман) мавжуд бўлмаган ёки улар аҳволининг қониқарсизлиги, жумладан, агротехник тадбирларнинг кечикиши, имтиёзли кредит маблағларидан белгиланган мақсадлар учун ажратилмаганлиги ва ишлатилганлиги, талаб этилган харажатлар меъёр асосида ажратилмаётганлиги, қишлоқ хўжалик корхонаси экишга тайёрлашда қўпол хатоларга йўл қўйган бўлса ва экиш учун ер мутлақо тайёр бўлмаса, экинлар униб чиқмаган ёки чала униб чиққан ва орасига қайта экилмаган, агротехник тадбирлар қўпол бузилаётганлиги, экин майдонларини бегона ўтлар босиб кетиши натижасида кутиладиган ҳосил олишнинг имкони йўқлиги берилган имтиёзли кредитларнинг қайтарилишини таъминлаш учун етарли эмаслиги аниқланганда Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан далолатнома тузилади ҳамда ушбу далолатнома асосида банкдан кейинги босқичда бериладиган кредит маблағларини тўхтатиш ва кредитлар ҳамда уларга ҳисобланган фоизларни муддатидан олдин сўндириш чоралари кўрилади. Ушбу хулоса ажратилган имтиёзли кредит маблағларини мақсадли ишлатилишини ўрганиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати Бош Бошқармасига тақдим қилинади.

16.Ушбу мониторинг салбий хулосаси Суғурталовчига суғурта шартномасини муддатидан олдини бекор қилиш учун асос бўлади.

17.Мониторинг натижалари ижобий бўлган тақдирда, тижорат банки томонидан қишлоқ хўжалик корхонасига кредит маблағларини навбатдаги босқичини ажратилади.

18.Мониторинг хулосасида Ишчи гуруҳ томонидан агротехник тадбирларнинг ўтказилиши бўйича қишлоқ хўжалик корхоналарига тавсиялар берилади. Навбатдаги мониторинг даврида олдинги мониторинг хулосасида берилган тавсияларни бажарилиши ўрганилади.

19.Ишчи гуруҳ аъзолари мониторинг хулосасида ўз фикрларини билдириш ҳуқуқига эга. Бунда қарор қабул қилинганда ишчи гуруҳ аъзоси томонидан қарши фикр билдирилган бўлса, қарор қабул қилиниши натижасида кўрилган зарар учун ушбу ташкилот жавобгарликдан озод қилинади ва ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати Бош Бошқармасига ёзма маълумот тақдим қилинади.

20.Мониторинг хулосаси асосида қабул қилинган қарор натижасида кўрилган зарар учун Ишчи гуруҳга аъзо бўлган ушбу хулосани тасдиқлаган ташкилот жавобгар бўлади.

V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

21.Ушбу Тартиб бўйича зиммага олинган мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун томонлар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

22.Мазкур Тартибдан келиб чиқадиган барча низолар ўзаро келишув йўли билан, келишувга эрилишилмаган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил ___ _______даги ___ - сонли қарори 3-иловаси

Қишлоқ хўжалик экинларини суғурта қилиш механизми

Босқичлар

Тадбирлар

Масъуллар

Муддатлари

I босқич

Тижорат банклари қишлоқ хўжалик корхоналарига кредит ажратади

тижорат банклари, қишлоқ хўжалик корхоналари

Календар йилида
1 январгача ғалла,
1 апрелгача пахта учун

II босқич

қишлоқ хўжалик корхоналари кредит маблағлари ҳисобидан суғурта ташкилотига суғурта мукофотини тўлайди

тижорат банклари, қишлоқ хўжалик корхоналари,
суғурта ташкилоти

Уруғ экилгандан сўнг 10 кун ичида

III босқич

Суғурта ташкилоти суғурта
полисларини тақдим этади

суғурта ташкилоти

суғурта мукофоти тўлангандан сўнг 3 кун муддатда

IV босқич

қишлоқ хўжалик корхоналари хосилдан кўрилган зарарни қоплаш
бўйича суғурта ташкилотига ариза
билан мурожат қилади

қишлоқ хўжалик корхоналари,суғурта ташкилоти

суғурта ходиса аниқланган
кундан кейин
5 кун ичида

V босқич

Суғурта ташкилотиқишлоқ хўжалик корхоналарининг аризасига кўра комиссия хулосасини қабул (товон аниқланганлик ёки аниқланмаганлик тўғрисида) қиладилар

суғурта ташкилоти

ариза тақдим
этган кундан бошлаб
15 кун муддатда

VI босқич

Суғурта ташкилоти қишлоқ хўжалик корхоналарига аниқланган товонларини тушган тушумларни 80 фоизигача ўз маблағи ҳисобидан тўлаб берадилар

суғурта ташкилоти, қишлоқ хўжалик корхоналари

5 кун муддатда

VII босқич

Суғурта ташкилоти аниқланган жами суғурта товонларининг 80 фоиздан ошган қисмини қоплаш учун фоизсиз бюджет ссуда ажратили учун Молия вазирлигига ҳисоб-китоб тақдим этади

суғурта ташкилоти, Молия вазирлиги

зарурият бўлганда

VIII босқич

Молия вазирлиги томонидан маълумот ўрганиб чиқилиб, суғурталовчига суғурта товонларини тўлаш учун фоизсиз бюджет ссудаси маблағларини ажратиш тўғрисида хулоса тайёрланади.

Молия вазирлиги

15 кун муддатда

IX босқич

Молия вазирлиги суғурталовчи томонидан аниқланган суғурта товонларини 80 фоиздан ошган қисмини қоплаш учун суғурта ташкилотига фоизсиз бюджет ссудаси ажратади

Молия вазирлиги, суғурта ташкилоти

10 кун муддатда

X босқич

Суғурта ташкилоти бюджет ссудаси маблағлари ҳисобидан қишлоқ хўжалик корхоналарига суғурта товонини тўлаб берадилар

суғурта ташкилоти,қишлоқ хўжалик корхоналари

5 кун муддатда

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1----

So`rovnoma natijalari