Hujjat nomi
Илмий лабораторияларни яратиш ва қўшимча жиҳозлаш бўйича танловларни ўтказиш, шунингдек зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида НИЗОМ
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiNizom
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO`zbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi
Hujjat muallifiO`zbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-05-21 14:32:20
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-06-05 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Илмий лабораторияларни яратиш ва қўшимча жиҳозлаш бўйича танловларни ўтказиш, шунингдек зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПФ–5264-сон “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги ПҚ–3416-сон “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ илмий лабораторияларни яратиш ва қўшимча жиҳозлаш бўйича танловларни ўтказиш, шунингдек зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Илмий лабораторияларни яратиш ва қўшимча жиҳозлаш, шунингдек зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш билан боғлиқ харажатлар Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (бундан буён матнда Жамғарма деб юритилади) маблағлари ҳисобидан қопланади.

2. Илмий лабораторияларни яратиш ва қўшимча жиҳозлаш, шунингдек зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш бўйича лойиҳаларни (бундан буён матнда буюртмалар деб юритилади) молиялаштириш харажатлари Жамғарманинг тегишли молия йили учун Жамғарманинг Кузатув кенгаши (бундан буён матнда Кузатув кенгаши деб юритилади) томонидан тасдиқланадиган даромадлар

ва харажатлар прогноз параметрларида кўзда тутилади.

2-боб. Буюртмалар учун танлов ўтказиш

3. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) томонидан давлат илмий-техника дастурларини бажаришда иштирок этувчи илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари (бундан буён матнда илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари деб юритилади) ўртасида буюртмалар бўйича танлов ўтказилади.

4. Илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг буюртмаларига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши зарур:

илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаси бевосита бўйсунувчи вазирлик
ёки идоранинг расмий хати;

мазкур Низом иловасига мувофиқ шаклда ишлаб чиқарувчи (расмий етказиб берувчи)нинг номи, таклиф этилаётган харид нархи, ишлаб чиқарувчи давлат номи, шунингдек буюртманинг илмий ёки иқтисодий самарадорлиги юзасидан маълумот;

буюртмадаги ҳар бир лаборатория жиҳози, сарфлаш материаллари ва/ёки бутловчи қисмларнинг тўлиқ спецификацияси.

5. Илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалар буюртмани тақдимот шаклида ҳимоя қиладилар.

6. Умумлаштирилган буюртмаларни ўрганиш ва асосли хулосалар олиш мақсадида Вазирлик буйруғи асосида ҳар йили янги таркибда эксперт гуруҳи тузилади.

7. Эксперт гуруҳи ўз йўналиши бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга бўлган юқори малакали (турли вазирлик, идоралар, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари) камида 7 нафар мутахассислардан иборат таркибда тузилади.

Бунда эксперт гуруҳи раҳбари, зарур ҳолларда тор ихтисослашувдаги қўшимча мутахассисларни (шу жумладан, ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотларидан) экспертиза ишига жалб қилиши мумкин. Эксперт гуруҳи таркибининг сони тоқ бўлиши лозим.

8. Вазирлик йирик буюртмаларни амалга оширишда эксперт гуруҳи фаолиятига халқаро маслаҳатчиларни жалб қилиши мумкин.

9. Эксперт гуруҳи 1 ойлик муддатда киритилган буюртмаларни кўриб чиқиб, якуний хулосани Вазирликка тақдим этади.

10. Эксперт гуруҳи якуний хулоса тайёрлашда қуйидаги мезонларга амал қилади:

мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилганлигига;

илмий-тадқиқот ва/ёки олий таълим муассасасини принципиал жиҳатдан янги, замонавий ва юқори технологик ускуналар билан жиҳозланишига;

тегишли тармоқ ёки соҳа эҳтиёжлари ва талабларига мослигига;

буюртманинг илмий ёки иқтисодий самарадорлигига;

буюртманинг тўлиқ спецификацияси.

11. Эксперт гуруҳи мажлисини ўтказиш учун кворум унинг таркибининг
70 фоизини ташкил этиши керак. Эксперт гуруҳининг барча мажлислари ва қабул қилинган қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилади. Кўрилаётган масала бўйича қарор эксперт гуруҳи аъзолари умумий сонининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

12. Эксперт гуруҳининг якуний хулосаларига мувофиқ танлаб олинган буюртмаларни амалга ошириш (сотиб олиш) харажатлари тегишли молия йилида Жамғарманинг ушбу мақсадлар учун режалаштирилиши кутилаётган маблағлари доирасида бўлиши зарур.

13. Вазирлик эксперт гуруҳининг якуний хулосасини умумлаштириб, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Кузатув кенгашига киритади. Буюртмалар рўйхати Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланганидан сўнг Жамғарма томонидан молиялаштирилади.

14. Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган буюртмаларнинг бирламчи ҳужжатлари ҳамда эксперт гуруҳининг якуний хулосаси Вазирлик томонидан Жамғармага киритилади.

3-боб. Буюртмаларни молиялаштириш

15. Илмий лабораторияларни яратиш ва қўшимча жиҳозлаш, шунингдек, зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи буюмлар билан таъминлаш бўйича харидларни ташкил этиш учун:

Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси, Вазирлик ва буюртманома берган
илмий-тадқиқот муассасаси ёки олий таълим муассасаси ўртасида уч томонлама шартнома тузилади;

Вазирлик хорижий етказиб берувчилар ва ишлаб чиқарувчиларни белгиланган тартибда танлаш асосида улар билан товар етказиб беришга (шу жумладан зарурат бўлганда, товарни илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасасига етказиб бериш, ишга тушириш-созлаш ва бошқа ўзига хос ишларни амалга оширишга) тегишли контрактларни тузади, шунингдек, хорижий валютада молиялаштиришни очиш учун Жамғармага буюртманома беради;

Вазирликдан товарни қабул қилиб олиш буюртманомани берган тегишли
илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаси томонидан бепул асосда амалга оширилади.

Бунда товар етказиб берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари Жамғарма ижро этувчи дирекциясига Вазирлик томонидан тақдим этилади.

16. Бепул асосда олинган илмий асбоб-ускуна, сарфлаш материаллари ва бутловчи буюмлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун масъулият тегишли
илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари раҳбарлари зиммасига юкланади.

Бунда, илмий-тадқиқот ва/ёки олий таълим муассасалари хар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15 санасигача:

харид қилинган илмий лаборатория жиҳозларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан ҳамда олинган натижалар тўғрисидаги маълумотни 3 йил давомида;

харид қилинган зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлардан мақсадли фойдаланиш юзасидан ҳамда олинган натижалар тўғрисидаги маълумотни 1 йил давомида вазирликка тақдим этиб бориши зарур.

17. Жамғарма Вазирлик томонидан молиялаштиришни очиш учун берилган сўровномага асосан шартномада белгиланган валютадаги суммаларни ўрнатилган тартибда Вазирликнинг ҳисоб-рақамигаёки тузилган контрактга асосан тўғридан тўғри хорижий етказиб берувчилар (ишлаб чиқарувчилар)га ўтказиб беради.

18. Тегишли илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаси учун сотиб олинган илмий асбоб-ускуналар, сарфланувчи материаллар ва бутловчи қисмлар мазкур
илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаларнинг бухгалтерия балансига олинади.

19. Буюртмалар билан боғлиқ харажатлар Жамғарманинг Кузатув кенгаши томонидан тегишли молия йили учун тасдиқланган даромадлари ва харажатлари прогноз параметрлари доирасида молиялаштирилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

20. Харид қилинган илмий лаборатория жиҳозларини ҳамда зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмларни шартномага мувофиқ тўлиқ қабул қилиб олиш
ва улардан мақсадли фойдаланиш бўйича жавобгарлик бевосита илмий-тадқиқот ва/ёки олий таълим муассасаси раҳбари зиммасига юклатилади.

21. Буюртмалар бўйича тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги юзасидан жавобгарлик бевосита Буюртмаларни киритган вазирлик ёки идора зиммасига юклатилади.

22. Эксперт гуруҳи тақдим этган якуний хулоса бўйича масъул ва жавобгар ҳисобланади.

23. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

24. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Инновацион ривожланиш

ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан келишилган.

Илмий лабораторияларни яратиш ва қўшимча жиҳозлаш

бўйича танловларни ўтказиш, шунингдек зарур сарфлаш материаллари

ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида низомга

ИЛОВА

Янги илмий лаборатория жихозлари, қўшимча жихозлар, зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар

РЎЙХАТИ

Илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаси номи

(янги ёки мавжуд лабораториянинг номи ҳам кўрсатилиши зарур)

Янги лаборатория жихозлари, қўшимча жихозлар, зарур сарфлаш материаллари ёки бутловчи қисмлар рўйхати (номи)

ТН ВЭД коди*

Сони (дона)

Қиймати,
нархи
(харид қилиш валюта бирлигида)

Жами талаб этиладиган маблағ(харид қилиш валюта бирлигида)

Ишлаб чиқарувчи давлат ва корхона

Буюртманинг илмий
ёки иқтисодий самарадорлиги

1.

2.

3.

...

...


*“Ўзбекэкспертиза” АЖнинг эксперт хулосасига мувофиқ кўрсатилиши зарур.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Обсуждение проекта положения в Мининновации Семинар.Министерство Инновационного развития Республики Узбекистан

So`rovnoma natijalari