Hujjat nomi
Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларда (марказлар, университетлар ва бошқалар), шу жумладан илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган юқори технологик асбоб-ускуналарда ишлаш методикасини ўзлаштириш учун қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш мақсадида уларни танлов асосида саралаш тартиби тўғрисида НИЗОМ
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiNizom
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO`zbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi
Hujjat muallifiO`zbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-05-21 14:41:11
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-06-05 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларда (марказлар, университетлар ва бошқалар), шу жумладан илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган юқори технологик асбоб-ускуналарда ишлаш методикасини ўзлаштириш учун қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш
мақсадида уларни танлов асосида саралаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПФ–5264-сон “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги ПҚ–3416-сон “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларда (марказлар, университетлар ва бошқалар), шу жумладан илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган юқори технологик асбоб-ускуналарда ишлаш методикасини ўзлаштириш учун қисқа муддатли илмий стажировкаларга (бундан буён матнда илмий стажировкалар деб юритилади) юбориш мақсадида уларни танлов асосида саралаш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Илмий стажировкаларга юбориш билан боғлиқ харажатлар Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (бундан буён матнда Жамғарма деб юритилади) маблағлари ҳисобидан қопланади.

2. Илмий стажировкаларни молиялаштириш харажатлари Жамғарманинг тегишли молия йили учун Жамғарманинг Кузатув кенгаши (бундан буён матнда Кузатув кенгаши деб юритилади) томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар прогноз параметрларида кўзда тутилади.

2-боб. Илмий стажировкаларга юбориш бўйича танлов ўтказиш

3. Илмий стажировкаларга юбориш бўйича таклифларни умумлаштириш, номзодларни саралаш танловини ташкил этиш ва ўтказиш Вазирлик томонидан амалга оширилади.

4. Илмий стажировка ўташга илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий ва техник-муҳандис ходимлари номзод сифатида тавсия этилади.

5. Етакчи хорижий илмий ташкилотларда (марказлар, университетлар ва бошқалар) илмий стажировка ўташга қуйидаги талабларга жавоб берадиган илмий ва техник-муҳандис ходимлар юборилади:

тиббий соғлом ва диспансерлар рўйхатида турмаган;

чет тилини биладиган;

қабул қилувчи томон билан олдиндан келишилган, илмий стажировка таклифномаси ва дастури мавжуд;

номзоднинг ёши 25 дан 45 гача бўлиши;

илмий стажировканинг давомийлиги 3-6 ой бўлиши.

6. Илмий стажировкаларга номзодларни саралаш танловида устуворлик қонун ҳужжатларига мувофиқ принципиал жиҳатдан янги, замонавий юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган илмий лабораториялари мавжуд ёки Кузатув кенгашининг қарорига мувофиқ жиҳозланиши режалаштирилган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг ёш олимларига берилади.

7. Вазирлик илмий стажировкаларга юбориш бўйича саралаш танлови ҳақидаги эълонни танлов ўтказишдан бир ой олдин оммавий ахборот воситалари, шунингдек интернет-нашрлар ва Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

8. Танловни ўтказиш ҳақидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши зарур:

танловни ўтказиш муддатлари;

танлов иштирокчиларига қўйиладиган талаблар;

зарур ҳужжатлар рўйхати;

боғланиш учун телефонлар ва электрон манзиллар.

9. Илмий стажировка ўташга номзодларнинг ҳужжатлари илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари бевосита бўйсунувчи вазирлик ёки идораларнинг (бундан буён матнда буюртмачи деб юритилади) расмий хати асосида Вазирликка тақдим этилади.

10. Буюртмачи томонидан илмий стажировка ўташга тавсия қилинувчи номзодларнинг қуйидаги ҳужжатлари Вазирликка тақдим этилади:

буюртмачининг расмий хати;

мазкур Низом иловасига мувофиқ шаклдаги илмий стажировка режаси;

илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасасининг Илмий кенгаши қарори;

илмий-тадқиқот муассасаси (олий таълим муассасаси) томонидан тасдиқланган
ва қабул қилувчи томон билан келишилган, илмий стажировка таклифномаси ва дастури;

номзоднинг маълумотнома-объективкаси (анкета);

олий таълим муассасасини тугатганлигини тасдиқловчи диплом нусхаси;

илмий даражасини (фан номзоди, PhD ва фан доктори), илмий унвонини (катта илмий ходим, доцент, профессор) тасдиқловчи диплом нусхаси (агар мавжуд бўлса);

меҳнат дафтарчасининг нусхаси;

фуқаролик паспортининг нусхаси;

номзоднинг 3х4 см ўлчамдаги оқ фондаги рангли фотосурати (4 дона);

чет тилидан билим даражасини белгиловчи амалдаги миллий ёки халқаро сертификат (Миллий квалификация сертификати, IELTS, TOEFL ва шу кабилар), агар мавжуд бўлса.

11. Ушбу Низомнинг 10-бандида белгиланган зарур ҳужжатларни кўриб чиқиш, мутахассислик фанидан чет тилида суҳбат ўтказиш, ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билим даражаси ва кўникмаларини аниқлаш бевосита буюртмачи томонидан амалга оширилади.

12. Буюртмачиларнинг илмий стажировкалар бўйича таклифлари 10 кунлик муддатда Вазирлик томонидан умумлаштирилиб, Махсус эксперт гуруҳига хулоса олиш учун киритилади.

13. Махсус эксперт гуруҳи Вазирликнинг буйруғи асосида ҳар йили янги таркибда тузилади.

14. Махсус эксперт гуруҳи ўз йўналишида камида 5 йил меҳнат стажига эга бўлган юқори малакали (турли вазирлик, идоралар, илмий ва илмий тадқиқот муассасалари) мутахассислардан ташкил этилади. Бунда махсус эксперт гуруҳи раҳбари, зарур ҳолларда тор ихтисослашувдаги қўшимча мутахассисларни (шу жумладан, ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотлардан) экспертиза ишига жалб қилиши мумкин.

15. Махсус эксперт гуруҳи мажлисини ўтказиш учун кворум унинг таркибининг
70 фоизини ташкил этади. Махсус эксперт гуруҳининг барча мажлислари ва барча қабул қилинган қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилади.

16. Махсус эксперт гуруҳи бир ойлик муддатда:

киритилган таклифларни кўриб чиқади;

номзодларнинг илмий стажировка дастурлари ҳимоясини ўтказади (бунда, номзодлар ўз илмий стажировка дастурларини чет тилида презентацияси кўринишида ҳимоя қилишлари талаб этилади);

якуний хулосани Вазирликка тақдим этади.

17. Махсус эксперт гуруҳи якуний хулоса тайёрлашда қуйидаги мезонларга амал қилади:

мазкур Низомнинг 10-бандида кўрсатилган ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилганлигига;

номзоднинг чет тилини билишига;

илмий стажировканинг мақсад ва вазифаларининг долзарблигига;

илмий-тадқиқот ва/ёки олий таълим муассасасининг йўналишлари, эҳтиёжлари
ва талабларига мослигига;

илмий стажировканинг илмий ёки иқтисодий самарадорлигига.

18. Вазирлик танлов натижаларини умумлаштиради ҳамда тасдиқлаш учун Кузатув кенгашига тақдим этади.

19. Илмий стажировка ўташга юбориш Жамғарма томонидан танлов якунига мувофиқ Кузатув кенгашининг тегишли қарори қабул қилингандан сўнг амалга оширилади.

3-боб. Илмий стажировкаларни молиялаштириш

20. Илмий стажировкалар билан боғлиқ харажатлар Жамғарманинг тегишли молия йили учун Кузатув кенгаши томонидан тасдиқлаган даромадлари ва харажатлари прогноз параметрлари доирасида молиялаштирилади.

21. Илмий стажировкалар бўйича харажатларни тўлаш Жамғарма ижро этувчи дирекцияси, Вазирлик, ходими ёш олим ҳисобланадиган илмий-тадқиқот муассасаси (олий таълим муассасаси) ҳамда етакчи хорижий илмий ташкилот ўртасидаги шартнома билан тартибга солинадиган илмий стажировка шартлари, талаблари ва муддатларига мувофиқ амалга оширилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

22. Илмий стажировкаларга юбориш бўйича номзодлар тўғрисида киритилган таклифларнинг асослилиги ҳамда тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги юзасидан жавобгарлик бевосита таклифни киритган вазирлик ёки идора раҳбари зиммасига юклатилади.

23. Эксперт гуруҳи тақдим этган якуний хулоса бўйича масъул ва жавобгар ҳисобланади.

24. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

25. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Инновацион ривожланиш
ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан келишилган.

Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларда (марказлар, университетлар ва бошқалар),

шу жумладан илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган юқори технологик

асбоб-ускуналарда ишлаш методикасини ўзлаштириш учун қисқа муддатли илмий стажировкаларга

юбориш мақсадида уларни танлов асосида саралаш тартиби тўғрисида низомга

ИЛОВА

Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларда (марказлар, университетлар ва бошқалар), шу жумладан илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган юқори технологик асбоб-ускуналарда ишлаш методикасини ўзлаштириш учун қисқа муддатли илмий стажировкаларга юборишРЕЖАСИ

Т/р

Ф.И.О.

Иш жойи
ва лавозими

(илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаси)

Илмий стажировканинг мақсад ва вазифалари

Илмий стажировка ўтказиладиган давлат, қабул қилувчи ташкилотлар

Илмий стажировканинг давомийлиги

Илмий стажировка учун талаб этиладиган маблағ

(транспорт, яшаш, овқатланиш ва бошқа харажатлар ҳар бири алоҳида кўрсатилиши зарур)

Кутилаётган натижалар

Ёш олимларни қисқа муддатли илмий стажировкалари (6 ойгача)

1.

2.

3.

Илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган замонавий илмий ва технологик асбоб-ускуналарда ишлашни ўрганиш бўйича илмий стажировкалар (3 ойгача)

1.

2.

3.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Обсуждение проекта положения в МининновацииСеминар.Министерство Инновационного развития Республики Узбекистан

So`rovnoma natijalari