Hujjat nomi
Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлигига номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO‘zbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qo‘mitasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qo‘mitasi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-05-22 09:47:37
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-06-06 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Ўзбекистон Республикаси

Экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг

2018 йил «___»____________

____-сонли қарорига

ИЛОВА

Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлигига номзодларни

махсус тайёргарликдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлигига номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом «Таълим тўғрисида»ги, «Экологик назорат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 октябрдаги 287-сон «Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга доир намунавий низомларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ва жамоатчилик экологик назорати тизимининг самарадорлигини ошириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига кенг жамоатчиликни жалб қилиш мақсадида экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлигига номзодлар (бундан буён матнда номзодлар деб юритилади)ни махсус тайёргарликдан ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш юзасидан ишлар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) томонидан манфаатдор идора ва ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилади.

3. Махсус тайёргарликдан ўтиш экологик назоратнинг жамоатчи инспектори фаолиятининг мажбурий шартидир.

4. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг буюртмаларига биноан тузилган ўзаро шартномаларга асосан мазкур Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

5. Қўмитаномзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш соҳасида:

номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш ишларини такомиллаштиришга доир мақсад ва вазифаларни белгилайди;

ўқув режаси ва дастурларини тасдиқлайди;

номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган механизм ва усулларини, таълим мазмуни ва сифатига қўйиладиган талабларни белгилайди.

2-боб. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш

ишларини ташкил этиш

6. Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятда яшовчи номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш Қўмита ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ходимларнинг қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) негизида амалга оширилади.

Қолган ҳудудларда яшовчи номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш Марказ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза килиш бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий бошқармалар деб юритилади) негизида ташкил этилади.

7. Махсус тайёргарликдан ўтказиш жараёни Қўмита раиси томонидан тасдиқланган тегишли ўқув режа ва дастурлари асосида амалга оширилади.

Ўқув дастурларида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги янги услуб ва технологиялар, бу борада хорижий мамлакатларнинг тажрибаси ва илғор илмий ғоялар ҳақидаги маълумотлар ўз аксини топиши шарт.

8. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш бепул хизмат кўрсатиш шаклида амалга оширилади.

Бепул шаклида махсус тайёргарликдан ўтказиш дастурининг ўзлаштириш муддати 1 ҳафта (36 соат, шундан 12 соат амалиёт)дан кам бўлмаган ҳажмда белгиланган бўлиб, номзодларга экология соҳасида таянч билимлар берилади.

9. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш фақат асосий ишдан ажралган ҳолда бевосита Марказ томонидан ҳудудий бошқармалар билан ҳамкорликда кундузги шаклда амалга оширилади.

10. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш жараёнига тегишли олий таълим муассасалари ўқитувчилари, Қўмита тизими ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг тажрибали мутахассислари жалб қилиниши мумкин.

Ўқув жараёни 60 нафаргача бўлган тингловчидан иборат ўқув гуруҳларига бўлинган ҳолда, Марказ раҳбари томонидан тасдиқланган машғулотлар жадвали асосида олиб борилади.

11. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш жараёнини ташкил этиш, уларни талаб даражасида ўтказиш, таълим самарадорлигини таъминлаш масъулияти Марказраҳбари зиммасига юкланади.

3-боб. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш курсларига кириш ва ундан ўтиш тартиби

12. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори бўлиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қишлоқ фуқаролар йиғинларининг экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш комиссияларига (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) ёки атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотга яшаш жойидан ариза билан мурожаат қилади.

Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори бўлиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг аризаси Комиссия йиғилишида ёки атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилот раҳбари томонидан экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органининг вакили иштирокида кўриб чиқилади.

Номзоди маъқулланган фуқаролар рўйхати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан тегишли ҳудудий бошқармаларга юборилади.

Шунингдек, рўйхатда номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми, қачон ва қаерда туғилгани, қачон ва қайси таълим муассасасини битирганлиги, диплом бўйича мутахассислиги (агар булса), иш жойи ва стажи, лавозими, охирги малака оширган вақти каби маълумотлар ҳам кўрсатилиши лозим.

13. Ҳудудий бошқармалар йилнинг ҳар чораги якуни бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларидан келиб тушган номзодлар рўйхатини умумлаштиради ва навбатдаги ўқув курсларини ташкил этиш учун Марказга юборади.

14. Марказ томонидан умумлаштирилган буюртмалар асосида махсус тайёрлаш курсларини ташкил этиш бўйича режа тасдиқланганидан сўнг буюртмачиларга етказилади.

15. Буюртмачилар мазкур режа асосида номзодларнинг ўқишга етиб келишларини таъминлайдилар.

16. Махсус тайёргарликдан ўтказиш учун юборилган номзодлар Марказ раҳбарининг буйруғи билан тингловчилар сафига қабул қилинади.

17. Тингловчилар махсус дастурни тўлиқ ўзлаштириб бўлгандан сўнг, якуний назорат имтиҳонлардан ўтказилади. Якуний назорат имтиҳони ёзма, оғзаки ёки тест шаклида бўлиши мумкин.

Ўзбекистонэкологикҳаракати, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, ЎзбекистонНодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ҳамда буюртмачи вакиллари назорат имтиҳонида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

18. Тингловчи қуйидаги сабабларга кўра тингловчилар сафидан четлаштирилиши мумкин:

ўз хоҳишига биноан;

сабабсиз 6 соат дарс қолдирганда;

вафот этган тақдирда.

Тингловчилар махсус тайёргарликдан ўтказиш курсидан четлатилганда унга сабаблари кўрсатилган ҳолда маълумотнома берилади, шунингдек бу ҳақда буюртмачига маълум қилинади.

19. Махсус тайёргарликдан ўтказиш бўйича таълим дастурларини ўзлаштириб, якуний синовлардан муваффақиятли ўтган номзодларга тегишли намунадаги сертификат берилади ва улар номзодга экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномаси берилишига асос бўлади.

20. Якуний синовларда қониқарсиз баҳо олган тингловчиларга ўқув курсини тамомлаганлик тўғрисидаги маълумотнома берилади. Мазкур маълумотнома тингловчига 1 ой давомида синовларни такроран топширишига ҳуқуқ беради.

Маълумотнома номзодга экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномаси берилишига асос бўлмайди.

4-боб. Якуний қоидалар

21. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш тадбирларини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:

Қўмитанинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг кадрларни махсус тайёрлаш учун мақсадли бадаллари;

номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказишучун жалб этиладиган грантлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

22. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш бўйича низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

23. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Қишлоқ ҳўжалиги вазирлиги, Сув ҳўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси, Ўзбекистон экологик ҳаракати, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси Кенгаши билан келишилган.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив хуқуқий ҳужжатни муҳокама қилишНорматив хуқуқий ҳужжатни Ягона порталда муҳокама қилиш2018-06-06Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси
2Норматив хуқуқий ҳужжатни тегишли вазирлик идоралар билан келишишНорматив хуқуқий ҳужжатни тегишли вазирлик идоралар билан келишиш10.06.2018Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси
3Норматив хуқуқий ҳужжатни тасдиқлашНорматив хуқуқий ҳужжатни Қўмита раиси томонидан тасдиқлаш20.06.2018Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

So`rovnoma natijalari