Hujjat nomi
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQonun
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Prezidenti
Hujjat muallifiO'zbekiston Respublikasi Oliy sudi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-05-24 11:21:44
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-06-08 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига

ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

1-модда.Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 29 августда қабул қилинган “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги 474–I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 9, 232-модда; 1998 йил, № 5–6, 102-модда; 1999 йил, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 7–8, 217-модда; 2001 йил, № 5, 89-модда, № 9-10, 182-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 9, 171-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 5, 152-модда, № 9, 312-модда, № 12, 415-модда; 2006 йил, № 10, 536-модда; 2007 йил, № 12, 608-модда; 2008 йил, № 12,
640-модда; 2009 йил, № 12, 474-модда; 2010 йил, № 9, 336-модда; 2012 йил, № 4, 105-модда; 2014 йил, № 9, 244-модда; 2015 йил, № 12, 452-модда, 2016 йил, № 12, 385-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда, 2018 йил, №____, ____-модда) 5-моддасига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

1) биринчи қисмининг 8-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“8) солиқ текширувини ўтказишга солиқ тўловчи томонидан тўсқинлик қилинган ёки солиқ тўловчи даромадлар олиш учун фойдаланаётган ёхуд солиқ солиш объектини сақлаш билан боғлиқ ҳудудларни, биноларни, шу жумладан жойларни кўздан кечириш учун давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахсларини киритиш рад этилган, солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаган ҳолларда банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш юзасидан суд тартибида чоралар кўриш (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш аниқланган ҳоллар бундан мустасно)”;

2) қуйидаги мазмундаги 82-банд билан тўлдирилсин:

“82) солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботи ва (ёки) молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари бўйича тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддат тугаганидан кейин ўн беш кун давомида тақдим этилмаганда солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш”;

3) қуйидаги мазмундаги 121-банд билан тўлдирилсин:

“121) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ қарзини ундириш чораларини кўриш”.

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августда қабул қилинган “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги 258-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, № 9-10, 169-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил,
№ 8, 367-модда, № 12, 598-модда; 2008 йил, № 4, 184, 187-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда; 2010 йил, № 9, 337, 340-моддалар; 2012 йил, № 12, 336-модда; 2014 йил, № 5, 130-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда, № 12, 452-модда;
2016 йил, № 9, 276-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда; 2018 йил №____, ____-модда;) 34-моддасининг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги 4-банд билан тўлдирилсин:

“4) давлат солиқ хизмати органининг солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ёки ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги қарори устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят берилганда”.

3-модда.Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 25 декабрда қабул қилинган ЎРҚ–136-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, 12-сонга 1-илова; 2008 йил, № 12, 639-модда; 2009 йил, № 9, 330, 331-моддалар, № 12, 470, 472, 473-моддалар; 2010 йил, № 5, 178-модда, № 9, 334, 335, 336, 337-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 474-модда; 2011 йил, № 1, 1-модда, № 9, 248-модда, № 12/2, 364, 365-моддалар; 2012 йил, № 4, 106-модда, № 9/1, 238-модда, № 12, 334, 336-моддалар; 2013 йил, № 10, 263-модда, № 12, 349-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда, № 9, 244-модда, № 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, № 8, 312-модда, № 12, 452, 454-моддалар; 2016 йил, № 4, 125-модда,
№ 9, 276-модда; №12, 383, 384, 385-моддалар; 2017 йил, № 4, 138-модда; № 6, 300-модда, № 9, 510-модда; № 10, 605-модда, № 12, 772, 773-моддалар; 2018 йил, № 1, 1, 4-моддалар, 2018 йил № ____, ____-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

1) 59-моддасининг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш чораси жумласига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддати тугаганидан кейин уч иш кунидан кечиктирмасдан давлат солиқ хизмати органи томонидан солиқ тўловчиларга юбориладиган солиқ қарзини тўлаш тўғрисидаги талабнома киради”;

2) 61-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

“Жисмоний шахс солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномани олган кундан эътиборан ўн кун ичида солиқ қарзини узмаган тақдирда давлат солиқ хизмати органлари ушбу Кодекснинг 65-моддасида белгиланган тартибда солиқ қарзини ундириш чораларини кўради”;

учинчи қисм тўртинчи қисм деб ҳисоблансин;

3) 62-моддасининг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари жисмоний шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органининг қарорлари асосида давлат ижрочилари томонидан қўлланилади ва уларга ушбу Кодекс 63–64-моддаларининг қоидалари татбиқ этилмайди, бундан тадбиркорлик фаолиятига доир қисм бўйича якка тартибдаги тадбиркорлар мустасно”;

4) 65-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“65-модда. Давлат солиқ хизмати органининг ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги ва солиқ қарзини жисмоний шахслардан ундириш тўғрисидаги қарори

Давлат солиқ хизмати органининг раҳбари ёки раҳбарининг ўринбосари ушбу Кодекс 61-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган муддат тугаганидан кейин беш иш кунидан кеч бўлмаган муддатда ундирувни солиқ тўловчи – юридик шахс (якка тартибдаги тадбиркор)нинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Давлат солиқ хизмати органининг қарорида қуйидагилар кўрсатилади:

1) қарор қабул қилган давлат солиқ хизмати органининг номи;

2) қарор қабул қилинган сана;

3) якка тартибдаги тадбиркорнинг исми, фамилияси, отасининг исми ёки юридик шахснинг тўлиқ номи;

4) солиқ тўловчининг жойлашган жойи (почта манзили), банк реквизитлари, шунингдек, унинг идентификация рақами;

5) ундирув солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратилиши лозим бўлган солиқ қарзининг суммаси;

6) олинган санасини тасдиқловчи усулда топшириладиган солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабноманинг солиқ тўловчига ёки унинг вакилига топширилган санаси;

7) ушбу Кодекс 62-моддаси биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида белгиланган солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари кўрилганлиги;

8) қарор устидан шикоят қилиш муддати ва тартиби.

Давлат солиқ хизмати органининг раҳбари ёки раҳбарининг ўринбосари ушбу Кодекс 61-моддасининг учинчи қисмида белгиланган муддат тугаганидан кейин беш иш кунидан кечиктирмасдан жисмоний шахсдан (якка тартибдаги тадбиркорларнинг тадбиркорлик фаолиятига доир қисмидан ташқари) солиқ қарзини ундириш тўғрисида қуйидагиларни кўрсатган ҳолда қарор қабул қилади:

1) қарор қабул қилган давлат солиқ хизмати органининг номи;

2) қарор қабул қилинган сана;

3) солиқ тўловчи жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

4) солиқ тўловчининг яшаш манзили, шунингдек унинг идентификация рақами;

5) ундирилиши лозим бўлган солиқ қарзининг суммаси;

6) олинган санасини тасдиқловчи усулда топшириладиган солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабноманинг солиқ тўловчига ёки унинг вакилига топширилган санаси;

7) қарор устидан шикоят қилиш муддати ва тартиби.

Давлат солиқ хизмати органининг қарори қабул қилинган кундан икки иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда қарор нусхаси солиқ тўловчига тилхат орқали ёки солиқ тўловчи томонидан олинган санани тасдиқловчи бошқа усулда топширилади. Агар қарор нусхасини солиқ тўловчига топшириш имконияти бўлмаса, у почта орқали буюртма хат билан юборилади ва юборилганидан уч кун ўтганидан кейин топширилган ҳисобланади.

Давлат солиқ хизмати органининг қарори ижро ҳужжати кучига эга. У бўйича ундирув солиқ тўловчи уни олганидан ўн кун ўтганидан кейин суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Солиқ қарзини ундириш учун давлат ижрочилари томонидан солиқ тўловчиларнинг (юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг) банк ҳисобварақларига инкассо топшириқномалари қўйилаётганда давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ қарзининг шунга ўхшаш суммасига қўйилган инкассо топшириқномаларининг ижроси бекор қилинади.”;

5) 96-модда:

иккинчи қисмининг тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

“Солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботи ва (ёки) молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари бўйича тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддат тугаганидан кейин ўн беш кун давомида тақдим этилмаганда, солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш давлат солиқ хизмати органининг қарорига асосан амалга оширилади.”;

учинчи ва тўртинчи қисмлари тегишинча тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

6) 123-модданинг учинчи қисми “шу жумладан, қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундиришни” деган сўзлардан кейин “солиқ қарзини ундиришни, ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратишни” деган сўзлар билан тўлдирилсин.

4-модда.Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 январда қабул қилинган ЎРҚ–460-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил,

№ ____, ____-модда) 171-моддасининг 6-банди чиқариб ташлансин.

5-модда.Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 январда қабул қилинган ЎРҚ–461-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил,

№ ____, ____-модда) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:

1) 135-модданинг 1-банди чиқариб ташлансин;

2) 219-модданинг 3-бандидаги “шунингдек солиқ ҳисоботи ва (ёки) молиявий ҳисобот солиқ тўловчи томонидан тақдим этилмаганлигини” деган сўзлар чиқариб ташлансин.

6-модда.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда унинг моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

7-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишМанфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш08.06.2018Олий суд

So`rovnoma natijalari