Hujjat nomi
Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiNizom
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO‘zbekiston Respublikasi Markaziy banki
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Markaziy banki
Muhokama boshlanishi (sana)2018-05-24 14:53:59
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-06-08 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги ПҚ-3620-сон “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:

1. Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Марказий банк раиси

М. Нурмуратов

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг
2018 йил ___ _______________сонли қарорига

ИЛОВА

Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги ПҚ-3620-сон “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ тижорат банклари томонидан жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

валюта айирбошлаш шохобчаси - резидент ва норезидент жисмоний шахслар (бундан буён матнда жисмоний шахслар деб юритилади)нинг нақд ёки халқаро тўлов карталаридаги чет эл валютасини нақд миллий валютага айирбошлаш, халқаро тўлов карталардаги маблағларни нақд шаклда ечиб бериш ва норезидент жисмоний шахсларга нақд чет эл валютасини сотиш операцияларини, шунингдек ушбу Низомда белгиланган бошқа банк хизматларини кўрсатувчи турғун шохобча;

автоматлаштирилган банк шохобчаси –халқаро тўлов карталаридаги маблағларини нақд миллий ёки чет эл валютасида ечиб олиш, нақд чет эл валютасини нақд миллий валютага айирбошлаш ва бошқа чакана тўловларни амалга ошириш имконини берувчи ускуна ёки ускуналардан иборат мажмуа.

шахсни тасдиқловчи ҳужжат – жисмоний шахснинг паспорти, ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хизматчилари учун ҳарбий гувохнома (билет);

якка тартибдаги тадбиркор – юридик шахс мақомини олмасдан фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркор (бундан буён матнда ЯТТ деб юритилади);

кунлик ҳужжатлар– операцион кун давомида расмийлаштирилган валюта айирбошлаш операциялари ҳисобини юритиш ҳужжатлари;

операцион кун–жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш учун тижорат банки томонидан белгиланган вақт;

банк картаси–тижорат банки томонидан эмиссия қилинган, персонализацияланган, тўлов воситаси сифатида ишлатиладиган ва ўз сақловчисига банк ҳисобварағидаги маблағлари ва/ёки банк томонидан рухсат берилган маблағлар доирасида операцияларни, жумладан, ҳисобварақ орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларни (тўловларни) амалга ошириш, ундан нақд пул маблағларини ёки банк кредитини олиш имконини берувчи тўлов картаси;

халқаро тўлов картасихалқаро тўлов тизимлари билан келишувга асосан эмиссия қилинган чет эл валютасидаги халқаро тўлов картаси;

қимматликлар–миллий ва чет эл валюталари.

банк ҳисобварақларига масофадан хизмат кўрсатиш дастури – чет валютасининг олди-сотди операцияларини амалга оширилиши ва халқаро тўлов карталаридан пул маблағларининг муддатли омонатларга ўтказилишини таъминловчи резидент жисмоний шахсларнинг масофадан туриб бошқариш имконини берувчи махсус дастур (кейинги ўринларда – махсус дастур).

2. Резидент жисмоний шахсларгавалюта айирбошлаш операциялари тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчалари, чакана амалиётлар кассалари, автоматлаштирилган банк шохобчалари, банкоматлар,махсус дастурҳамда тегишли таркибий бўлинмалари орқали ушбу Низомга мувофиқ белгиланган тартибда кўрсатилади.

Норезидент жисмоний шахсларга валюта айирбошлаш операцияларивалюта айирбошлаш шохобчалари, чакана амалиётлар кассалари, автоматлаштирилган банк шохобчалари ҳамда банкоматлар орқали ушбу Низомга мувофиқ белгиланган тартибда кўрсатилади.

3. Мазкур Низомнинг 1-иловасида келтирилган намунавий рўйхатдагимаълумотлар тижорат банкининг расмий веб-сайтида, банк биносида (ахборотлар бурчагида) ҳамда валюта айирбошлаш шохобчасидабўлиши лозим.

4. Чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш курслари тижорат банклари томонидан чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда белгиланади.

5. Операцион кун давомида тижорат банки томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш курси ўзгартирилиши мумкин.

2-боб. Банк томонидан валюта айирбошлаш хизматлари кўрсатиш ишиниташкил қилиш

6. Банк томонидан валюта айирбошлаш хизматлари кўрсатиштижорат банки раҳбарининг буйруғига асосан банкнинг тегишли таркибий бўлинмасига (кейинги ўринларда – таркибий бўлинма деб юритилади) юклатилади.

Таркибий бўлинма томонидан чет эл валютасини резидент жисмоний шахсларга, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларга сотиш халқаро тўлов карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда амалга оширилади.

7. Таркибий бўлинмада тўлов терминаллари, ҳисоблаш техникаси, тегишли дастурий таъминотга эга “Банклараро ягона электрон тизим”га (бундан буён матнда электрон тизим деб юритилади) уланган компьютер техникаси, телефон алоқаси, ёнмайдиган темир сейф, ёнғин хавфсизлиги сигнализацияси ва видеокузатув камералари бўлиши лозим.

8. Банк раҳбарининг тегишли буйруғисиз таркибий бўлинма ходимлари томонидан ўзларига юклатилган вазифаларни бошқа шахсларга топшириш тақиқланади.

9. Халқаро пул ўтказмалари бўйича қабул қилинган миллий валютани чет эл валютасига ёки халқаро тўлов карталари орқали тўловлар амалга оширилганда чет эл валютасини миллий валютага автоматик тарзда айирбошлаш операциялари банкнинг тегишли бўлинмаси томонидан амалга оширилади.

3-боб. Банк томонидан чет эл валютасини сотиш операцияларини амалга ошириш

10. Резидент жисмоний шахс чет эл валютасини сотиб олиш учун тижорат банкининг таркибий бўлинма мутахассисига тижорат банки белгилаган шаклдаги ариза ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатини, якка тартибдаги тадбиркор эса қўшимча равишда гувохнома тақдим этади ва таркибий бўлинма мутахассиси ҳужжатлардан нусха олади.

11. Таркибий бўлинма томонидан резидент жисмоний шахсга чет эл валютаси банкнинг чакана амалиётлар кассасига топширилган нақд миллий валюта ёки банк картасидаги ёхуд депозит ҳисобварағидаги миллий валюта миқдори доирасида сотиш операцияси амалга оширилади.

12. Чет эл валютаси учун тўлов резидент жисмоний шахс томонидан миллий валютада тижорат банкининг операция бажариладиган кундаги сотиш курсида амалга оширилади ва тегишли тасдиқловчи ҳужжатнинг (чек ва бошқа) асл нусхаси мижозга берилади, нусхаси эса кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади.

13. Резидент жисмоний шахснинг тегишли маълумотлари таркибий бўлинма мутахассислари томонидан электрон тизимга киритилади. Бунда мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ 09017-шаклдаги маълумотнома икки нусхада расмийлаштирилади. Маълумотномалар таркибий бўлинма мутахассиси ва резидент жисмоний шахс томонидан имзоланиб, уларга мутахассиснинг шахсий ва таркибий бўлинма штамплари босилади. Маълумотноманинг бир нусхаси резидент жисмоний шахсга берилади, иккинчи нусхаси, мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги 09008-сон реестр, шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси (ЯТТнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатига қўшимча равишда гувоҳнома нусхаси) билан бирга кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади.

14. Чет эл валютаси 09017-шаклдаги маълумотнома ва пул маблағлари тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжати асосида резидент жисмоний шахснинг халқаро тўлов картаси ҳисобварағига ўтказиб берилади.

15. Резидент жисмоний шахснинг халқаро тўлов картаси мавжуд бўлмаганда, банк ва резидент жисмоний шахс ўртасида чет эл валютасида банк ҳисобварағини очиш тўғрисида икки томонлама шартнома тузилади ҳамда банк томонидан шартномага асосан унинг номига чет эл валютасида банк ҳисобварағи очилади. Шартноманинг бир нусхаси резидент жисмоний шахсга берилади, иккинчи нусхаси эса, кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади. Шартномалар давлат тилида тузилади, зарур ҳолларда, рус ёки қорақалпоқ тилида ҳам тузилиши мумкин.

16. Жисмоний шахслар – халқаро тўлов карталаридаги маблағларничакана амалиётлар кассалари,валюта айирбошлаш шохобчасидаги тўлов терминаллари, автоматлаштирилган банк шохобчаси ёки банкоматлар орқали нақд шаклда ечиб олишлари мумкин. Бунда, жисмоний шахсга нақд маблағлар билан бирга тегишли тўлов ҳужжатлари берилади.

5-боб. Махсус дастурдан фойдаланган ҳолда валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш

21. Резидент жисмоний шахслар тижорат банкининг махсус дастурдан фойдаланган ҳолда чет эл валютасини сотиб олиш, сотиш ва қонунчиликка мувофиқ бошқа операцияларни амалга оширишлари мумкин.

Бунда,фойлаланувчи махсус дастурни компьютер (планшет, телефон)га юклаб олади ҳамда ундан фойдаланиш шартлари билан боғлиқ афертани акцептлайди.

22. Тижорат банкининг махсус дастурдан фойдаланган ҳолда валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширишлари учун резидент жисмоний шахс номига банк картаси ва халқаро тўлов картаси очилган бўлиши лозим.

Бунда, муайян тижорат банкининг махсус дастурдан фойдаланилганда, худди шу тижорат банкининг халқаро тўлов картаси фойдаланувчиси номига очилган бўлиши лозим.

23. Тижорат банкининг автоматлаштирилган банк шохобчаси ҳамда махсус дастур орқали амалга оширилган валюта айирбошлаш операциялари тўғрисида тегишли маълумотларни таркибий бўлинма мутахассиси томонидан кунлик шаклантириб боради.

6-боб. Валюта айирбошлаш шохобчасини рўйхатга олиш

24. Валюта айирбошлаш шохобчаси тижорат банк раҳбарининг буйруғига асосан очилади. Валюта айирбошлаш шохобчасини очиш тўғрисидаги буйруқда валюта айирбошлаш шохобчасининг жойлашган жойи (почта манзили), ходимларининг штат бирлиги, шохобча фаолиятига раҳбарлик қилувчи ва уни назорат қилувчи мансабдор шахслар кўрсатилиши керак.

25. Тижорат банки валюта айирбошлаш шохобчасини рўйхатга олиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тегишли Бош бошқармасига (бундан буён матнда Бош бошқарма деб юритилади) валюта айирбошлаш шохобчасини очиш тўғрисидаги буйруқдан кўчирмани илова қилиб, ёзма равишда мурожаат қилади. Бош бошқарма томонидан 3 иш куни ичида валюта айирбошлаш шохобчаси рўйхатга олиниб, тижорат банкига мазкур Низомнинг 6-иловасига мувофиқ шаклда гувоҳнома (бундан буён матнда гувоҳнома деб юритилади) юборилади.

Валюта айирбошлаш операцияларини тижорат банкининг чакана амалиётлар кассаларида амалга ошириш мазкур бандда кўрсатилган гувохнома мавжуд бўлган ҳолларда рухсат этилади.

26. Рўйхатга олинган валюта айирбошлаш шохобчаси Бош бошқарма томонидан мазкур Низомнинг 7-иловасига мувофиқ шаклдаги “Валюта айирбошлаш шохобчасини рўйхатга олиш журнали”га қайд этилади.

27. Гувоҳнома йўқолган тақдирда тижорат банки Бош бошқармага қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ёзма равишда мурожаат қилиши шарт:

гувоҳноманинг йўқолиш сабаблари кўрсатилган далолатнома;

топилмалар идорасининг гувоҳнома ҳақиқатда йўқолганлигини тасдиқловчи ҳужжатининг нусхаси.

28. Гувоҳнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келганда тегишли тижорат банкининг ёзма аризасига асосан Марказий банкнинг Бош бошқармаси томонидан 2 иш кунидан ошмаган муддатда унинг дубликати берилади.Дубликатига дастлабки гувоҳноманинг номери ва берилган санаси, шунингдек юқори ўнг томонига “Дубликат” сўзи ва унинг берилган санаси ёзиб қўйилади.

29. Валюта айирбошлаш шохобчасининг жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган ёки қайта очилган тақдирда, тижорат банки томонидан Марказий банкнинг тегишли Бош бошқармасига унинг сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма равишда маълум қилинади. Гувоҳномани қайта расмийлаштириш ва бериш, ариза ва тегишли ҳужжатлар билан бирга Марказий банкнинг тегишли Бош бошқармасигакелиб тушган кундан бошлаб 2 иш кунидан ошмаган муддатда амалга оширилади.

7-боб. Валюта айирбошлаш шохобчасига қўйиладиган талаблар ва унинг ишини ташкил қилиш

30. Валюта айирбошлаш шохобчалари “Банклар ва уларнинг филиалларини Ички ишлар идоралари ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмалари томонидан қўриқлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома” (рўйхат рақами 2128-хфу, 2010 йил 31 июль) талаблари асосида жиҳозланган бўлиши шарт.

Банк (филиал) ва Ички ишлар ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмалари ўртасида тузилган шартнома асосида валюта айирбошлаш шохобчалари банк иш куни давомида ташвиш хабарлари юбориладиган Техник қўриқлаш пункти (ТҚП)га уланган бўлиши лозим. Шунингдек, валюта айирбошлаш шохобчаларининг қўриқлаш ва ёнғиндан огоҳлантирувчи сигнализация воситалари банк иш куни тугаганидан сўнг, ТҚПга уланган бўлиши шарт.

31. Валюта айирбошлаш шохобчасининг иш тартиби у фаолият юритаётган ташкилот иш вақти билан келишилиши лозим.

32. Валюта айирбошлаш шохобчасида қуйидаги операциялар амалга оширилиши мумкин:

жисмоний шахслардан нақд чет эл валютасини нақд миллий валютага сотиб олиш;

норезидент жисмоний шахсларга нақд чет эл валютасини сотиш;

жисмоний шахсларнинг халқаро тўлов карталаридаги чет эл валютасини миллий валютага айирбошлаб бериш;

жисмоний шахсларнинг халқаро тўлов карталаридан нақд пул маблағларни мижознинг хоҳишига кўра миллий ёки чет эл валютасида ечиб бериш;

жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини инкассога қабул қилиш;

ҳақиқийлиги шубҳа туғдирган чет эл валюталарини жисмоний шахслардан экспертизага қабул қилиш;

жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини ўша чет эл валютасига майдалаб ёки йирик пул миқдорида бериш;

жисмоний шахсларнинг шикастланган чет эл валютасини шикастланмаган шу турдаги чет эл валютасига алмаштириб бериш;

жисмоний шахсларга бир хорижий давлатнинг нақд валютасини бошқа хорижий давлатнинг нақд валютасига алмаштириб бериш (конверсия);

Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасида қонун ҳужжатларда белгиланган божхона тўловларини ва йиғимларини қабул қилиши.

Валюта айирбошлаш операциялари бўйича ундириладиган воситачилик ҳақи миқдори тижорат банки томонидан мустақил белгиланади (чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш операциялари бундан мустасно).

33. Валюта айирбошлаш операциялари бир вақтнинг ўзида икки нафар ходим - назоратчи ва кассир иштирокида амалга оширилиши лозим.

Зарур ҳолларда, валюта айирбошлаш шохобчасида иш ҳажмидан ва унда бажарилаётган валюта айирбошлаш операциялари тури ва сонидан келиб чиқиб банк раҳбарининг буйруғига асосан қўшимчаходимлар жалб этилиши мумкин.

34. Тижорат банклари томонидан валюта айирбошлаш шохобчаси ёнмайдиган темир сейф, телефон алоқаси, қўриқлаш ва ёнғин хавфсизлиги сигнализацияси, валютанинг ҳақиқийлигини аниқлайдиган детектор ёки тестер, тегишли дастурий таъминотга
эга компьютер ва ҳисоблаш техникаси, шунингдек зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва маълумот материаллари билан таъминланади.

35. Валюта айирбошлаш шохобчасида унга бириктирилган назоратчи ва кассир буйруғидан кўчирма бўлиши керак.

36. Назоратчи ёки кассир ўзига бириктирилган валюта айирбошлаш шахобчасида амалга ошириладиган операцияларни банк раҳбарининг тегишли буйруғисиз бошқа ходимларга ишониб топшириши ва валюта айирбошлаш шохобчасига бегона шахсларни киритиши тақиқланади.

37. Валюта айирбошлаш шохобчасини қимматликлар билан таъминлашва ишлаш тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир меъёрий ҳужжатлар талаблари доирасида амалга оширилади.

Валюта айирбошлаш шохобчасининг ҳар бир ходимига фамилияси кўрсатилган штамп, назоратчига эса, қўшимча равишда, тижорат банкининг номи, валюта айирбошлаш шохобчасининг рўйхатга олинган рақами ва шохобчанинг манзили ёзилган штамп бириктириб қўйилади.

Ишдан ташқари вақтда валюта айирбошлаш шохобчасида қимматликлар ва штампларни сақлаш тақиқланади.

38. Ишга қабул қилинган ходимлар тижорат банки томонидан моддий жавобгарлик тўғрисида тегишли қонун ҳужжатларининг нормалари, шунингдек қимматликларни сақлаш, қабул қилиш, бериш, улар билан ишлаш, қайта санаш ва ташишга доир қоидалар, валюта айирбошлаш операцияларини ўтказиш ва уларнинг ҳисобини юритиш тартиби билан таништирилиши шарт.

8-боб. Валюта айирбошлаш шохобчаси ходимларининг вазифалари

39. Валюта айирбошлаш шохобчасининг назоратчиси:

қимматликлар солинган халтачаларни қабул қилади, уларни очишда иштирок этади ҳамда ундаги қимматликлар кам ёки ортиқ чиққан ҳолларда, икки нусхада далолатнома тузади, ушбу далолатномани кассир билан бирга имзолайди ва унинг бир нусхасини банкка юборади;

айирбошлаш учун тақдим этилган миллий ва чет эл валютаси эквивалентини ҳамда воситачилик ҳақини ҳисоблайди;

амалга оширилган валюта айирбошлаш операцияларини тегишли реестрга қайд этади;

маълумотномаларни тўлдиради ҳамда имзолайди;

амалга оширилган валюта айирбошлаш операциялари бўйича ҳужжатларни иш куни охирида имзолайди;

иш куни охирида қолган қимматликларни дасталари бўйича санаб чиқади ва бу қимматликларнинг дасталари бўйича халталарга тўлиқ солинишини назорат қилади;

амалга оширилган операциялар тўғрисида ҳисобот тузади ва уни тегишли реестрлар ва маълумотномалар нусхалари асосида текшириб чиқиб, имзолайди;

қимматликларнинг амалдаги қолдиқларини амалга оширилган операциялар тўғрисидаги ҳисобот билан солиштиради ва қимматликлар ортиқ ёки кам чиққан ҳолларда, икки нусхада далолатнома тузади ва уни кассир билан бирга имзолайди. Унинг бир нусхаси банкка юборади ва иккинчи нусхаси валюта айирбошлаш шохобчасининг кунлик ҳужжатларига тикиб қўйилади;

шубҳали операциялар ҳақида зудлик билан банкнинг Ички назорат хизматига ёзма равишда хабар беради.

40. Валюта айирбошлаш шохобчасининг кассири:

қимматликларни олиш учун буюртманомаларни тузиб тижорат банкига тақдим этади;

инкассаторлар олиб келган қимматликлар солинган халталарни қабул қилиб олади ҳамда халталарни назоратчи иштирокида очади ёки тижорат банки кассасидан қимматликларни қабул қилиб, валюта айирбошлаш шохобчасига олиб келади;

алмаштириш учун тақдим этилган банкнотларнинг ҳақиқийлиги ва тўловга яроқлилигини текширади;

реестрлар ва маълумотномаларни, шунингдек назоратчи томонидан тузилган далолатномаларни имзолайди;

иш куни охирида қолган қимматликларни санайди, уларни саралаб дасталайди ва назоратчи кузатувида қимматликларни халталарга жойлайди.

41.Қуйидагилар тақиқланади:

миллий валютани чет эл валютасига сиртдан алмаштириш;

тегишли маълумотнома бермасдан, валюта айирбошлаш операциялариникўрсатиш;

валюта айирбошлаш операциясини бажармай туриб, тегишли маълумотномалар бериш;

валюта айирбошлаш шохобчасида чет эл валютасидаги ва энг кам ойлик иш ҳақининг ярмидан ортиқ миқдорда миллий валютадаги шахсий жамғармаларнинг бўлиши.

Чет эл валютасини сотиш операцияси ҳақидаги маълумотлар валюта айирбошлаш шохобчаси ходими томонидан электрон тизимга киритилиши лозим.

Валюта айирбошлаш шохобчасида етарли миқдорда нақд миллий ва чет эл валютаси мавжуд бўла туриб жисмоний шахсларга валюта айирбошлаш операциясини бажаришни рад этишга, шунингдек муомалада бўлган пул бирликларини номинали ва эмиссия қилинган йилига қараб қабул қилиш бўйича чекловлар ўрнатилишига йўл қўйилмайди.

9-боб. Валюта айирбошлаш шохобчасидавалюта операцияларини амалга ошириш

42. Валюта айирбошлаш шохобчасида жисмоний шахслардан чет эл валютаси чекланмаган миқдорда сотиб олинади.

43. Валюта айирбошлаш шохобчаси томонидан амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотлар электрон тизимга киритилиши лозим.

Чет эл валютасини сотиб олишда операция энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорига тенг бўлган ёки ундан ошган ҳолларда, жисмоний шахслардан шахсини тасдиқловчи ҳужжат талаб этилади ҳамда уларнинг нусхаси кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади.

44. Кассир жисмоний шахслар томонидан тақдим этилган чет эл валютасининг ҳақиқийлиги ва тўловга яроқлилигини техник воситалар ёрдамида текшириши шарт.

45. Чет эл валютасини жисмоний шахслардан сотиб олишда мазкур Низомнинг 8-иловасига мувофиқ 09002-шаклдаги маълумотнома икки нусхада расмийлаштирилади. Ушбу маълумотноманинг иккала нусхаси ҳам валюта айирбошлаш назоратчи, кассир ва жисмоний шахс томонидан имзоланиб, уларга валюта айирбошлаш шохобчаси штампи ҳамда назоратчи ва кассирнинг шахсий штампи босилади.

Валюта айирбошлаш шохобчаларида жисмоний шахсларнинг халқаро тўлов карталаридаги маблағларини нақд шаклда ечиб бериш ёки сотиб олиш уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати тақдим қилинганда амалга оширилади.

09002-шаклдаги маълумотнома резидент жисмоний шахслардан чет эл валютасини валюта айирбошлаш шохобчаси томонидан сотиб олинганлигини тасдиқлайди, бироқ сарфланмай қолган миллий валютани чет эл валютасига қайта алмаштириб бериш ҳуқуқини бермайди.

46. Халқаро тўлов картасидаги чет эл валютаси ва нақд чет эл валютасини нақд миллий валютага айирбошлаш операциялари мазкур Низомнинг 9-иловасига мувофиқ шаклдаги 09003-сон реестрда расмийлаштирилади.

47. Валюта айирбошлаш шохобчасида жисмоний шахсларнинг халқаро тўлов карталаридаги чет эл валютаси нақд миллий валютага айирбошланганда уларга валюта сотиб олинганлигини тасдиқловчи 09002-шаклдаги маълумотноманинг бир нусхаси ва терминал чекининг асл нусхаси берилади. Маълумотноманинг ва терминал чекининг нусхаси кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади.

48. Норезидент жисмоний шахсларга чет эл валютасини сотиш валюта айирбошлаш шохобчасининг 09002-шаклдаги маълумотнома ёки терминал (банкомат) чеки ёхуд халқаро жорий операциялар амалга оширилиши натижасида республика ҳудудида миллий валюта маблағларининг қонуний манбалардан олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда амалга оширилади.

Бунда операция суммаси тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган сумма миқдоридан ошмаслиги керак.

09002-шаклдаги маълумотнома норезидент жисмоний шахслардан сарфланмай қолган миллий валютани чет эл валютасига қайта алмаштириш учун асос бўлади. Бунда айирбошлаш операцияси 09002-шаклдаги маълумотнома ва норезидент жисмоний шахснинг паспорти тақдим қилинганда бажарилади. Паспорт нусхаси маълумотнома билан бирга кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади.

49. Чет эл валютаси норезидент жисмоний шахсларга сотилганда, чет эл валютаси сотилганлигини тасдиқловчи мазкур Низомнинг 10-иловасига мувофиқ 09007-шаклдаги маълумотнома икки нусхада расмийлаштирилади. 09007-шаклдаги маълумотноманинг бир нусхаси норезидент жисмоний шахсга берилади, иккинчи нусхаси унинг паспорт нусхаси билан бирга мазкур Низомнинг 11-иловасига мувофиқ шаклдаги 09010-сон реестрга илова қилинади ва ҳисобот тузиш учун асос ҳисобланади.

50. Чет эл валютасини инкассога қабул қилиш жисмоний шахслардан уларнинг аризаси (аризада ўзининг яшаш манзилини аниқ кўрсатиши шарт) билан бирга шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этганда, воситачилик ҳақи ундирилган ҳолда амалга оширилади.

51. Чет эл валютаси инкассога қабул қилинганда, жисмоний шахсга икки нусхада тўлдириладиган мазкур Низомнинг 12-иловасига мувофиқ 09004-шаклдаги маълумотноманинг бир нусхаси берилади, иккинчи нусхаси ҳисобот тузиш учун асос ҳисобланади ва кунлик ҳужжатларга жисмоний шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг нусхаси билан бирга тикиб қўйилади.

52. Чет эл банкидан инкассога қабул қилинган чет эл валютаси учун воситачилик ҳақи ундирилгандан сўнг, инкассога қабул қилинган чет эл валютаси жисмоний шахснинг банкдаги чет эл валютаси ёки миллий валютадаги ҳисобварағига ўтказилиши ёки уларнинг хоҳишига кўра нақд шаклда берилиши мумкин.

53. Чет эл банки инкассога қабул қилинган нақд чет эл валютасини алмаштиришни рад этганда, тижорат банки чет эл банкининг инкассога қабул қилинган нақд чет эл валютасини тўлашни рад этганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини илова қилган ҳолда аризада кўрсатилган манзилга ёзма хабар юборади.

54. Валюта айирбошлаш шохобчаси томонидан ҳақиқийлигига шубҳа туғилган нақд чет эл валютасини экспертизага қабул қилиш жисмоний шахслар томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган тақдирда амалга оширилади. Бунда унга нақд чет эл валютасининг экспертизага қабул қилинганлиги тўғрисида мазкур Низомнинг 13-иловасига мувофиқ 09005-шаклдаги маълумотнома икки нусхада расмийлаштирилади. 09005-шаклдаги маълумотноманинг бир нусхаси жисмоний шахсга берилади, иккинчи нусхаси унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг нусхаси билан бирга кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади.

55. Экспертизага қабул қилинган чет эл валютасининг ҳақиқийлигини аниқлаш учун тижорат банклари томонидан эксперт комиссияси тузилади. Экспертиза натижалари бўйича комиссия томонидан далолатнома тузилади. Ушбу далолатномада валюта тури, номинали, чиқарилган йили, серияси ва рақами, эмитент банк ва экспертизага қабул қилинган чет эл валютасининг ўзига хос бошқа хусусиятлари кўрсатилади. Экспертиза давомида чет эл валютасининг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш имконияти бўлмаган тақдирда, тижорат банклари томонидан ҳақиқийлигига шубҳа туғилган нақд чет эл валюталари бошқа тижорат банклари ёки чет эл банкларига экспертизадан ўтказиш учун юборилиши мумкин.

Экспертиза натижасида нақд чет эл валютаси ҳақиқий деб топилса, воситачилик ҳақи ундирилиб, чет эл валютаси 09005-шаклдаги маълумотнома асосида жисмоний шахсга қайтарибберилади.

56. Эксперт комиссияси томонидан ҳақиқий эмас деб топилган нақд чет эл валюталари эгаларига қайтариб берилмайди ва экспертиза далолатномасига илова қилинган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади. Валюта эгасига унинг талаби билан экспертиза далолатномасининг нусхаси берилиши мумкин.

57. Валюта айирбошлаш шохобчасида шикастланган чет эл валютасини шикастланмаган шу турдаги чет эл валютасига алмаштириб бериш операциялари амалга оширилиши мумкин. Бундай операциялар мазкур Низомнинг 14-иловасига мувофиқ шаклдаги 09011-сон реестрга расмийлаштирилади.

Энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари ёки ундан ошган эквивалентдаги бундай операциялар жисмоний шахслар томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим қилинган ҳолда амалга оширилади. Чет эл валютаси мазкур Низомнинг 61-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, шикастланган деб топилади.

Бундай операциялар амалга оширилганда мазкур Низомнинг 15-иловасига мувофиқ 09012-шаклдаги маълумотнома икки нусхада расмийлаштирилади ва унинг бир нусхасижисмоний шахсга берилади, иккинчи нусхаси кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади, операция миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари ёки ундан ошган тақдирда, жисмоний шахсни шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхаси ҳам кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади.

58.Валюта айирбошлаш шохобчасида чет эл валютасини ўша чет эл валютасига майдалаб ёки йирик пул миқдорига алмаштириб бериш операциялари амалга оширилишида мазкур Низомнинг 16-иловасига мувофиқ 09013-шаклдаги маълумотнома икки нусхада расмийлаштирилади ва 09011-сон реестрга киритилади. Ушбу маълумотноманинг бир нусхасижисмоний шахсга берилади, иккинчи нусхаси эса, кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади. Операция миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари ёки ундан ошган тақдирда, жисмоний шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхаси ҳам кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади.

59. Валюта айирбошлаш шохобчасида бир хорижий давлатнинг нақд валютасини бошқа хорижий давлатнинг нақд валютасига алмаштириш (конверсия) операциялари амалга оширилиши мумкин.

Бунда, мазкур Низомнинг 17-иловасига мувофиқ шаклдаги 09014-сон “Конверсия қилинган (алмаштирилган) нақд чет эл валютасини ҳисобга олиш реестри”да расмийлаштирилади. Конверсия операцияси амалга оширилганда мазкур Низомнинг 18-иловасига мувофиқ 09015-шаклдаги маълумотнома икки нусхада расмийлаштирилади. Ушбу маълумотноманинг бир нусхаси жисмоний шахсга берилади, иккинчи нусхаси эса, кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади.

Операция миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари ёки ундан ошган тақдирда, жисмоний шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхаси ҳам кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади.

60. Валюта айирбошлаш шохобчасида жисмоний шахсларга тегишли халқаро тўлов карталаридан нақд чет эл валютасини ечиб беради ва терминал чекининг биринчи нусхаси мижозга тақдим этилади, терминал чекининг иккинчи нусхаси ҳамда жисмоний шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхаси ҳам кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади.

10-боб. Чет эл валютасининг тўловга яроқлилигини аниқлаш

61. Чет эл валютаси қуйидаги ҳолларда шикастланган ҳисобланади:

сийқаланган ва ифлосланган бўлса;

ёпиштириб қўйилган йиртилган бурчаклари ёки қисмлари бўлса;

банкнот ёпиштириб қўйилган ва унчалик катта бўлмаган йиртиқларга эга бўлса;

майда мой доғлари ва бошқа доғлар, ёзувлар ва муҳрлар ўрни бўлганда ва улар банкнотнинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган ва тўловга яроқлиликнинг асосий белгиларини 50 фоизидан ортиғини тўсиб қўймаган бўлса;

банкнотлар майда тешикларга эга бўлганда.

Бунда эмитент банк номи, валюта қийматининг рақамлари ва сўз билан кўрсатилиши, серия ва тартиб рақами, олд ва орқа томонининг асосий расми (сурати), шунингдек қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи элементлари (сув белгиси, магнитли белгилар, қоғозга киритилган рангли толалар, жумладан, ультрабинафша нурларда кўринадиган толалар, конфетти, ҳимоя иплари, микроматн, нур сочувчи расмлар ва бошқалар) ва бошқа асосий белгиларини сақлаб қолган бўлиши лозим.

62. Чет эл валютаси қуйидаги ҳолларда яроқсиз ҳисобланади:

тўловга яроқлиликнинг асосий белгиларини сақлаб қолмаган бўлса;

дастлабки ранги ўзгарган ёки ранги ўчган бўлса;

ёнган ёки куйган ҳолатда бўлса;

тўловга яроқлиликнинг асосий белгиларини 50 фоизидан ортиқ қисмига бўёқ ёки сиёҳ тўкилган бўлса;

банкнотда кимёвий реактивлар таъсири бўлса;

муайян даражада қасддан шикастланган (асосий расмлари, хусусан номинали ўзгартирилган, ҳимоя ипчалари олиб ташланган, катта ҳажмдаги ёзувлар бўлган) бўлса;

эмитент банк томонидан муомаладан чиқарилган бўлса;

банкнотлар аниқ босма хатога эга бўлган (сув белгиси ёки ҳимоя ипчаларининг йўқлиги ёки нотўғри жойлашганлиги), тасвирлари тўлиқ босилмаган ёки суркалиб кетган бўлса.

63. Тўловга яроқсиз пул белгилари валюта айирбошлаш шохобчаси томонидан инкассога эмитент банкка жўнатиш учун қабул қилиниши мумкин.

64. Валюта айирбошлаш шохобчасининг ходими ўзи қабул қилган чет эл валютасининг ҳақиқийлиги ва тўловга яроқлилиги учун жавобгардир.

Бунда, валюта айирбошлаш операциялари амалга оширилаётганда қабул қилинган чет эл валютаси ҳақиқий эмас деб топилганда улар эгаларига қайтариб берилмайди ва уч (3) нусхада далолатнома тузилган ҳолда, бир нусхаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, иккинчи нусхаси мижозга берилади ва учинчи нусхаси кунлик ҳужжатларга тикилади.

[ izohlar (1) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

Курбанов Шухратбек Равшанбекович 2018-06-01 22:31:01

64 пункт приведет (уже приводит) к тому, что сотрудники обменных пунктов отказываются принимать сомнительные на их взгляд, но платежеспособные купюры иностранной валюты. Необходимо снять с них ответственность в случае, когда валюта не содержит признаков указанных в п.61 и 62.

11-боб. Валюта айирбошлаш шохобчасидаоперацион кунни якунлаш

65. Операцион кун якунида маълумотномалар ва реестрларнинг тегишли нусхалари асосида амалга оширилган операциялар бўйича мазкур Низомнинг 19-иловасига мувофиқ шаклдаги 09016-сон ҳисобот тайёрланади.

66. Амалга оширилган операциялар тўғрисидаги ҳисобот, қимматликлар ва реестрлар шу куннинг ўзида инкассация хизматидан фойдаланган ҳолда тижорат банкига олиб борилиши шарт, валюта айирбошлаш шохобчаси тижорат банки биносида жойлашган ҳоллар бундан мустасно.

Кун охирида валюта айирбошлаш шохобчасида қимматликлар қолдирилиши тақиқланади.

Бунда, банк биносидан ташқарида жойлашган валюта айирбошлаш шохобчаларидаги қимматликлар банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида инкассация хизмати орқали банк топширилади.

67. Банк бухгалтериясининг масъул ходимлари тақдим қилинган ҳужжатлар бўйича тузилган ҳисоботнинг тўғрилигини, қимматликларнинг тўла-тўкис топширилганлигини ва улардан тўғри фойдаланилганлигини текширади, валюта айирбошлаш шохобчасининг ҳисоботига киритилган операцияларни банк балансида акс эттириш, шунингдек мазкур валюта айирбошлаш шохобчаси ходими ҳисобидаги бўнаклар суммалари юзасидан ҳисоб-китоб қилиш учун ордерлар тузади. Барча ҳужжатлар ва тузилган ордерлар тижорат банкининг валюта айирбошлаш операцияларига масъул бўлган бўлим бошлиғи ёки бош бухгалтери томонидан текширилиб, кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади.

68. Операцион кун давомида ёки кун охирида ортиқча пуллар ёки камомад аниқланган тақдирда, бу тўғрисида икки нусхада далолатнома тузилиб, унга кассир ва назоратчи имзо чекади. Далолатноманинг биринчи нусхаси ҳисобот билан бирга банк раҳбарига юборилади. Йўқотилган қимматликлар айбдор шахслардан ундирилади, ортиқча маблағлар тижорат банки даромадига кирим қилинади.

69. Байрам ва дам олиш кунлари ҳамда навбат билан кеча-кундуз ишлайдиган валюта айирбошлаш шохобчаларида валюта айирбошлаш операциялари мазкур Низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.

[ izohlar (1) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

Samiev Inomjon Vohobjonovich 2018-06-04 18:44:47

Лойиҳанинг 66-банди иккинчи хатбошиси жуда мавхум езилган, яъни "Кун охирида валюта айрибошлаш шахобчасида қимматликлар қолдирилиши тақиқланади".

Биринчидан, "кун охири" деган тушинча на Фуқролик кодекси, на Меҳнат кодиксида мавжуд эмас. Бунинг натижасида ушбу жараёнга жалб этилган шахслар, чунончи "иш берувчи" ўзича "ходим" эса бошқача талқин қилиши мумкин.

Иккинчидан, "Кун охирида валюта айрибошлаш шахобчасида қимматликлар қолдирилиши тақиқланади", деган мазмундаги норма баён қилинган.Ваҳоланки, айнан қандай қимматликлар ҳақида фикр юритилаётганлиги аниқ очиб берилмаган. Бундан келиб чиқиб лойиҳа матнидан, ҳар қандай қиматликларни маслан, тилла заргарлик бюмлари, олтин қуйилмалар, бриллантлар ҳам валюта шахобчасида сақланиши мумкин деган, хулосага келиш мумкин қийин эмас. Ваҳоланки лойиҳа муаллифи айнан валюта қийматликлари ҳақида фикр юртган бўлиши мумкин. Шу муонсабат билан бу икки масалага аниқлик киритилиб, тегишли таҳририй ўзгартиришлар киритилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

12-боб. Валюта айирбошлаш шохобчасини ёпиш

70. Валюта айирбошлаш шохобчаси қуйидаги ҳолларда ёпилади:

тижорат банкининг ихтиёрига кўра;

тижорат банки валюта операцияларини амалга оширишни белгиловчи банкларга оид қонун ҳужжатларни бузган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан чоралар ва санкциялар қўлланилганда.

71. Валюта айирбошлаш шохобчасини ёпиш тўғрисида тижорат банки раҳбари томонидан буйруқ чиқарилади ва буйруқ нусхаси у чиқарилган кундан эътиборан 3 иш куни ичида гувоҳноманинг асл нусхаси билан бирга Марказий банкнинг тегишли Бош бошқармага кузатув хатига илова қилинган ҳолда юборилади. Бош бошқарма томонидан тижорат банки раҳбарининг валюта айирбошлаш шохобчасини ёпиш тўғрисидаги буйруғига асосан, валюта айирбошлаш шохобчасини рўйхатга олиш журналига тегишли ёзув киритилади.

13-боб. Таркибий бўлинма ва валюта айирбошлаш шохобчасида ҳамда автоматлаштирилган банк шохобчасида валюта операцияларини амалга оширилишини назорат қилиш

72. Валюта айирбошлаш шохобчасининг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ фаолият юритиши тижорат банки томонидан ҳар ойда камида бир марта текшириб турилиши шарт.

73. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки таркибий бўлинмалар ва валюта айирбошлаш шохобчаси фаолиятида валюта операцияларини амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ текширишлар ўтказиши мумкин.

74. Валюта айирбошлаш шохобчасида яқин қариндошларнинг бирга фаолият юритиши тақиқланади.

75. Таркибий бўлинма ва валюта айирбошлаш шохобчаси ходимларини ишга олиш, уларни ротация қилиш ва малакасини ошириб бориш тижорат банклари томонидан мустақил равишда ишлаб чиқилган ички ҳужжат асосида амалга оширилади.

76. Тижорат банки раҳбари валюта айирбошлаш шохобчасини ва автоматлаштирилган банк шохобчаларининг иш ҳолати, уларни нақд миллий ва чет эл валютаси билан ўз вақтида таъминланишига жавобгар ҳисобланади.

14-боб. Якуний қоидалар

77. Тегишли таркибий бўлинма ҳамда валюта айирбошлаш шохобчасида валюта айирбошлаш операциялари амалга ошириш вақтида мунтазам равишда камчиликларга йўл қўйиш ҳолатлари аниқланганда, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банкларининг валюта операцияларини амалга оширишини вақтинчалик тўхтатиб қўйишга ҳақли.

78. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1----

So`rovnoma natijalari