Hujjat nomi
Суриштирув, дастлабки тергов органларига ёки судга узрсиз сабабларга кўра келишдан бош тортган шахсларни мажбурий келтириш бўйича топшириқларни ижро этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-05-24 16:01:23
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-06-08 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Суриштирув, дастлабки тергов органларига ёки судга узрсиз сабабларга кўра

келишдан бош тортган шахсларни мажбурий келтириш бўйича

топшириқларни ижро этиш тартиби тўғрисидаги

низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, “Судлар тўғрисида”, “Прокуратура тўғрисида” ҳамда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Суриштирув, дастлабки тергов органларига ёки судга узрсиз сабабларга кўра келишдан бош тортган шахсларни мажбурий келтириш бўйича топшириқларни ижро этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Манфаатдор вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш ____________ зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири А. Арипов

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил “___” __________даги

____ -сон қарорига

ИЛОВА

Суриштирув, дастлабки тергов органларига ёки судга узрсиз сабабларга кўра келишдан бош тортган шахсларни мажбурий келтириш бўйича

топшириқларни ижро этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-§.Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, “Судлар тўғрисида”, “Прокуратура тўғрисида” ҳамда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ суриштирув, дастлабки тергов органларига ёки судга узрсиз сабабларга кўра келишдан бош тортган шахсларни мажбурий келтириш бўйича суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажримини ижро этиш тартибини белгилайди.

2. Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим) чиқаришга жиноят ишини юритаётган суриштирувчи, терговчи, прокурор, шунингдек жиноят, маъмурий ёки фуқаролик ишлари бўйича суд ваколатли.

3. Мажбурий келтириш тегишли тарзда хабардор қилинган (чақирув қоғози почта орқали жўнатилган ёки чопар орқали топширилган ёхуд телефон орқали хабар қилинган) ва узрсиз сабабларга кўра келмаган ёхуд келмаганлик сабабларини маълум қилмаган жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи, гувоҳга, шу жумладан фуқаролик ишлари бўйича суд муҳокамасида иштирок этиши шарт деб топилган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Процессуал ҳаракатларни ўтказишга ёки суд муҳокамасига телефон орқали чақиртирилганда бу ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд томонидан маълумотнома тузилиши, имзоланиши ва иш ҳужжатларига қўшилиши лозим.

4. Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчини олдиндан чақирувсиз мажбурий келтириш улар суриштирув, дастлабки тергов ва суддан яшириниб юрган ёки аниқ яшаш жойи бўлмаган тақдирда қўлланилиши мумкин.

Судланувчининг судга келмаганлиги сабабини олдиндан аниқламасдан туриб, мажбурий келтиришга алоҳида ҳолларда, ишни кўриш судланувчи бўлмаганлиги сабабли кейинга қолдирилаётган ва бунда унинг турган жойи тўғрисида маълумот бўлмаган тақдирда ҳам йўл қўйилади.

2-§.Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим)ни
ижро этиш тартиби

5. Суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажримишахсни мажбурий келтириш учунасос бўлиб ҳисобланади ва қарор ёки ажримда кўрсатилган муддатда ижро этилиши шарт.

Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим) иш юритиладиган жойдаги ёки мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахснинг яшаш жойи, турган жойи (жойлашган ери), иш, хизмат ёхуд ўқиш жойидаги ҳудудий ички ишлар органига ижро учун юборилади.

6. Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим)да қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

қарор (ажрим)нинг чиқарилган вақти ва жойи;

суриштирув, дастлабки тергов органи ёки суднинг номи, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахснинг процессуал мавқеи;

мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахснинг яшаш (иш жойи, ўқиш жойи) манзили;

мажбурий келтиришни қўллаш учун асос;

мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахсни қаерга ва қачон олиб борилиши лозимлиги;

мажбурий келтиришни амалга ошириш кимга топширилганлиги;

қарор (ажрим) устидан шикоят қилиш (протест келтириш) тартиби ва муддати.

Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим) устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) унинг ижросини тўхтатмайди.

7. Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим) йўлланма хат билан ички ишлар органи бошлиғи номига юборилади.

Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган талаблардан бири мавжуд бўлмаган тақдирда, мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим) ижрога қабул қилинмасдан, камчиликларни бартараф этиш учун йўлланма хат билан қарор (ажрим) чиқарган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судга дархол юборилади.

8. Мажбурий келтириш тўғрисидаги суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими келиб тушган куннинг ўзида ички ишлар органининг котибиятида юритилган махсус журналда рўйхатга олиниши ва ички ишлар органи бошлиғи, у бўлмаганда унинг вазифасини вақтинча бажарувчи шахс томонидан ижро этиш учун профилактика (катта) инспектори ёки жиноят қидирув ходимига топширилиши ва ижроси назорат қилиниши лозим.

Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим)нинг ижросини таъминлаш мақсадида бошқа туман ёки вилоятга бориб келиш зарурати туғилганда бириктирилган ҳудудни ташлаб кетиш лозим бўлган ҳолатларда профилактика (катта) инспекторларига қарор (ажрим)ни ижро этиш учун топширилиши қатъиян тақиқланади.

9. Ички ишлар органи ходими мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахсни мажбурий келтириш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган вақтга ва жойга олиб бориш чораларини кўриши шарт.

Ички ишлар органи ходими мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим)ни ижро этишда шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига амал қилиши, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши ҳамда мажбурий келтирилаётган шахсга унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши шарт.

10. Шахсни мажбурий келтириш соат 06:00дан 22:00гача бўлган вақт оралиғида амалга оширилади, ушбу Низомнинг 4-банди биринчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.

11. Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим)ни ижро этиш учун қабул қилган ички ишлар органи ходими шу куннинг ўзида ёки узрли сабаблар бўлган тақдирда (масалан: тадбирга жалб қилинганлиги, хизмат сафари билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш зарур бўлган ҳолатларда) эртаси куни шахснинг ҳақиқий турган жойига (яшаш, ўқиш ёки ишлаш жойига) бориши, шахс топилган тақдирда унга мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим)ни таништириб тилхат олиши ва мазкур қарор (ажрим)ни чиқарган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёхуд судга олиб келиши шарт.

Бунда қарорга (ажримга) шахс топилган вақт ва жой, уни олиб келиб топширилган вақт, шунингдек унинг мажбурий келтирилиши билан боғлиқ ариза, шикоят ва илтимослар ҳақидаги маълумотнома илова қилиниши лозим.

12. Мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахс ўқиса ёки ишласа мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим) унинг ўқиш ёки иш жойидаги маъмуриятига маълум қилинади ва ижросини таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиши юзасидан кўрсатма берилади.

13. Мажбурий келтиришни ижро этиш вақтида қонуний талабларга қаршилик кўрсатилганда ички ишлар органи ходими «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ жисмоний куч, махсус восита ва ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига эга.

Мазкур ҳолда баённома тузилади ва унда ҳуқуқбузарликнинг хусусияти, вақти ва жойи ҳамда шахсга нисбатан қўлланилган чоралар кўрсатилади. Жисмоний куч ва махсус восита қўлланилганлиги ҳақида 2 кун муддатда, ўқотар қурол қўлланилганлиги ҳақида 24 соатда билдирги билан бирга баённома ички ишлар органи бошлиғига тақдим этилади. Бу ҳақда мажбурий келтириш тўғрисида қарор (ажрим) чиқарган суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд хабардор қилинади.

Жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги оқибатида жисмоний ёхуд юридик шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида, шунингдек ўқотар қурол қўлланилган барча ҳолатлар тўғрисида прокурорга дарҳол хабар берилади.

14. Жиноят ишлари бўйича вояга етмаган шахсларни мажбурий келтириш уларнинг ота-оналари ёки уларнинг қонуний вакиллари орқали амалга оширилади. Ички ишлар органи ходими мажбурий келтиришни амалга ошираётганида келтирилиши лозим бўлган вояга етмаган шахснинг ота-онасини ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим) билан таништириб, бу ҳақда имзо чектиради.

15. Мажбурий келтирилган шахс суриштирувчига, терговчига, прокурорга, судга топширилганда улар томонидан шахс қабул қилиб олинганлиги ҳақида маълумотнома (баённома) нусхасига имзо қўйиб, тасдиқлайди.

3-§.Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим)ни

ижросини таъминлашга монелик қиладиган ҳолатлар
ва уларни қайд этиш тартиби

16. Қуйидагилар шахсни мажбурий келтиришга монелик қиладиган ҳолатлар ҳисобланади:

мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахс қаерда эканлиги номаълумлиги;

хизмат сафари билан ёки таътил муносабати билан бошқа вилоятга ёхуд хорижий давлатга чиқиб кетганлиги;

оғир касаллиги;

қарамоғида вояга етмаган фарзандларнинг мавжудлиги ва уларни парваришлашни бошқа шахсга топширишнинг имкони йўқлиги;

фавқулодда ва табиий офатлар шароитида (форс-мажор).

Мажбурий келтириш фуқаролик ишлари бўйича вояга етмаганларга, ҳомиладор аёлларга, ёшига кўра суд мажлисига кела олмайдиган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилмайди.

17. Ички ишлар органи ходими мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим)ни ижро этиш вақтида ушбу Низомнинг 16-бандида кўрсатилган ҳолатлардан бирини аниқлаган тақдирда баённома тузади ҳамда ички ишлар органида белгиланган тартибда қайд этилган йўлланма хати билан узрли сабабларни тасдиқловчи ҳужжатларни (фуқаролар йиғинидан олинган маълумотнома, яқин қариндошларидан ва қўни-қўшнилардан олинган тушунтириш хатлар ва ҳ.к.) илова қилган ҳолда қарор (ажрим) чиқарган суриштирувчига, терговчига, прокурорга, судга юборади.

Баённомада шахсни мажбурий келтиришга имкон бермаган ҳолатлар батафсил ёритилиб, мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим)ни ижро этаётган ходим, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, холислар ва бошқа иштирок этган шахслар томонидан имзоланади.

18. Мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахс, чақирилган жойга оғир касаллиги туфайли бора олмаслигини маълум қилган тақдирда, унинг касаллиги ҳудудий соғлиқни caқлаш муассасаси томонидан ўрнатилган тартибда тасдиқланиши шарт. Соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган тиббий маълумотнома йўлланма хатга илова қилиниши лозим.

19. Мажбурий келтирилиши лозим бўлган шахсни яшаш ёки иш жойидан топишнинг имкони бўлмай, ҳақиқий турар жойини аниқлаш учун вақт талаб этиладиган ҳолларда, қарор ёки ажрим чиқарган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёхуд судья бу ҳақида 5 кун муддатда хабардор қилинади.

4-§.Мажбурий келтириш учун қилинган процессуал

чиқимларни ундириш тартиби

20. Мажбурий келтириш билан боғлиқ харажатлар мажбурий келтирилган шахсдан суд тартибида давлат фойдасига ундирилади.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судга чақирилганда келмаган процесс иштирокчисидан – ишнинг судда кўрилиши ёки тергов ҳаракатлари ўтказилиши унинг узрсиз сабабларга кўра келмаслиги оқибатида кечиктирилган ҳолларда ҳам процессуал чиқимлар суд тартибида давлат фойдасига ундирилади.

21. Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарорни ижро этган ички ишлар органи ходими қилинган харажатлар ҳақидаги маълумотномани ижро этилган куннинг ўзида ёки эртаси куни ички ишлар органларининг молия бўлинмаларидан олиши ва ундириш чорасини кўриш учун суриштирувчига, терговчига, прокурорга, судга тақдим этиши шарт.

Мажбурий келтириш учун қилинган харажатлар ҳақидаги маълумотнома ички ишлар органларининг молия бўлинмалари томонидан имзоланган ва гербли муҳр қўйилган бўлиши лозим.

22. Суриштирувчи, терговчи, прокурор мажбурий келтириш билан боғлиқ харажатлар ҳақидаги маълумотномани айблов хулосаси ёки айблов далолатномасига илова қилиши шарт.

Бундай маълумотнома ярашув тўғрисидаги ариза, ишни судга қадар юритиш босқичида амнистия актини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор билан судга юбориладиган иш бўйича ҳам илова қилиниши шарт.

23. Фуқаролик ишлари бўйича суд муҳокамасига мажбурий келтирилаётган шахснинг, шу жумладан жиноят ишлари бўйича жабрланувчи ёки гувоҳнинг келиб кетиш, турар жойни ижарага олиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш имкониятига эга эмаслиги тўғрисида тасдиқланган ҳужжатлар асосида суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажримига мувофиқ давлат бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади.

24. Жиноят ёки фуқаролик ишини судда кўриб чиқишда мажбурий келтириш билан боғлиқ харажатлар ҳақидаги маълумотнома тақдим этилмаганлиги аниқланганда, судья бундай маълумотномани тақдим этиш тўғрисида жиноят ишини кўриб чиққан суриштирувчи, терговчи, прокурор зиммасига, фуқаролик ишлари бўйича эса мажбурий келтириш тўғрисидаги ажримни ижро этган ички ишлар органи раҳбари зиммасига юклайди.

25. Мажбурий келтириш билан боғлиқ харажатлар назоратни олиб борувчи прокурор томонидан берилган даъво аризаси асосида ҳам ундирилиши мумкин.

5-§.Якуний қоида

26. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1ОбсуждениеОбсуждение15 днейМВД

So`rovnoma natijalari