Hujjat nomi
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарда маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш билан боғлиқ харажатларни ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-05-24 16:40:07
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-06-08 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГҚАРОРИ

Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш

учун мўлжалланган махсус қабулхоналарда маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш билан боғлиқ харажатларни ундириш тартиби

тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарда маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш билан боғлиқ харажатларни ундириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Манфаатдор вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш ____________ зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил «___» _________

____ -сон қарорига

ИЛОВА

Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш

учун мўлжалланган махсус қабулхоналарда маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш билан боғлиқ харажатларни

ундириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-§. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонунига (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) мувофиқ маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарда (бундан буён матнда махсус қабулхона деб юритилади) маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш билан боғлиқ харажатларни ундириш тартибини белгилайди.

2. Маъмурий қамоққа олинган шахслардан туман (шаҳар) суди маъмурий ишлар бўйича судьясининг, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса шунингдек ҳарбий комендантнинг ёки ички ишлар органи бошлиғининг қарорига кўра, махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар суткасига энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида ундирилади.

3. Маъмурий қамоққа олинган шахс маъмурий қамоқни ўташи вақтида ишлаган ва шу тариқа ўзининг махсус қабулхонада сақланиши билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаган ҳолларда ундан харажатлар ундириб олинмайди.

Маъмурий қамоққа олинган, меҳнатга қобилиятсиз шахслар ҳам бу харажатларнинг ундирилишидан озод қилинади.

4. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг моддий аҳволи ва шахси ҳисобга олинган ҳолда, у махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар ундирилишидан туман (шаҳар) суди маъмурий ишлар бўйича судьясининг, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса шунингдек ҳарбий комендантнинг ёки ички ишлар органи бошлиғининг қарорига кўра озод қилиниши мумкин.

5. Маъмурий қамоққа олинган шахслардан махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ ундирилган харажатлар Давлат бюджети даромадига ўтказилади.

2-§. Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонада

сақлаш билан боғлиқ харажатларни ундиришни ташкил этиш

6. Маъмурий қамоққа олинган шахс махсус қабулхонага келган куни унга нисбатан махсус қабулхона навбатчиси томонидан йиғма жилд юритилади.

7. Навбатчи кун давомида қабул қилинган шахсларнинг йиғма жилдлари ва маъмурий қамоққа олинган шахслардан олинган қимматбахо буюмларини жамлаб, махсус қабулхона бошлиғи томонидан тайинланган махсус қабулхонанинг ҳисоб-китоби билан шуғулланувчи масъул ходимга (ҳисобчига) топширади.

8. Ҳисобчи йиғма жилдларнинг юритилиши ва маъмурий қамоққа олинган шахслардан олинган қимматбахо буюмларнинг сақланишини таъминлайди ҳамда алоҳида китобда қайд этиб боради.

9. Ҳисобчи маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг йиғма жилдига меҳнатга жалб этиш варақасини қўшиб юритади ва маъмурий қамоққа олинган шахслар озод бўлгунга қадар меҳнатга жалб этилган кунларини қайд этиб борган ҳолда махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни ҳисоб-китоб қилиб боради.

10. Маъмурий қамоққа олинган шахс маъмурий қамоқни ўташи вақтида ишлаган ва шу тариқа ўзининг махсус қабулхонада сақланиши билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаган ҳолларда ушбу шахс махсус қабулхонадан озод этилаётган вақтида унга махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни тўлиқ қоплаганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.

11. Маъмурий қамоққа олинган шахс маъмурий қамоқни ўташи вақтида ишламаган ёки ишлаган бўлсада, махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаган бўлса, қолган қисмини махсус қабулхонанинг ҳисоб рақамига тўлаши лозимлиги тўғрисида ёзма билдириш берилади.

Маъмурий қамоққа олинган шахслар томонидан тўловлар тегишли хизмат кўрсатувчи банкка тўланади ва тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (квитанция) нусхаси махсус қабулхонанинг масъул ходимига (ҳисобчига)га тақдим этилади.

Агар тўлов нақд пулсиз шаклда амалга оширилган бўлса, махсус қабулхона маъмуриятига тўлов топшириқномасининг нусхаси (тўлов тўланганлиги тўғрисидаги банк белгиси қўйилган ҳолда) тақдим этилади.

12. Маъмурий қамоққа олинган шахсни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ ҳаражатлар маъмурий қамоққа олинган шахснинг яқин қариндошлари ёки бошқа шахслар томонидан ҳам қопланиши мумкин. Бундай холларда, яъни махсус қабулхона маъмуриятига маъмурий қамоққа олинган шахсни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш истаги билдирилганда ушбу шахсдан ариза олинади ва ёзма билдириш ушбу шахсга берилади.

13. Маъмурий қамоққа олинган шахс махсус қабулхонадан озод этилгунига қадар сақлаш билан боғлиқ харажатларни тўламаган тақдирда махсус қабулхона маъмурияти томонидан ушбу харажатларни суд тартибида ундириш бўйича шахсни маъмурий қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарган судга мурожаат этилади.

3-§. Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонада

сақлаш билан боғлиқ харажатлар ҳисоби

14. Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар ҳисобини юритиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси
ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг молиявий таъминот хизматлари томонидан махсус қабулхона учун алоҳида ҳисоб рақами очилади.

15. Маъмурий қамоққа олинган шахслардан ундирилган махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар ҳамда уларнинг меҳнатидан фойдаланиш натижасида корхона ва ташкилотлардан олинган пул маблағлари махсус қабулхонанинг ҳисоб рақамига тушади.

16. Махсус қабулхонанинг ҳисоб рақамига тушган пул маблағлари (маъмурий қамоққа олинган шахснинг меҳнатидан фойдаланиш натижасида олинган ва маъмурий қамоққа олинган шахсни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ ҳаражатларидан ортиқ бўлган ҳамда маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг йўл ҳужжатлари учун сарфланган суммадан ташқариси) бир банк иш куни мобайнида республика бюджети даромадига ўтказилади.

17. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг меҳнатидан фойдаланиш натижасида олинган ва маъмурий қамоққа олинган шахсни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ ҳаражатлардан ортиқ бўлган сумма уларнинг номига очиладиган махсус банк ҳисобварақларига ўтказилади.

18. Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар тушуми ва ушбу маблағларни Давлат бюджетига ўтказиш бўйича бухгалтерия ҳисобини юритиш ва ҳисоботларни тузиш тегишли махсус қабулхонанинг ҳисобчиси томонидан амалга оширилади.

19. Махсус қабулхона маблағлари тушуми ва харажатлари ҳисобини юритиш, харажатлар сметасини тузиш қонунчиликда ўрнатилган тартибда амалга оширилади.

20. Махсус қабулхона маблағларидан мақсадли фойдаланиш ва тушумининг назорати Ички ишлар вазирлиги Назорат тафтиш инспекциясига юклатилади.

4-§. Якуний қоида

21. Мазкур Низом талабларини бузган ходимлар қонун ҳужжатларга мувофиқ жавобгар бўлади.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1ОбсуждениеПостановление15 днейМВД

So`rovnoma natijalari