Hujjat nomi
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг четга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiBuyruq
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO‘zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-05-24 16:44:51
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-06-08 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРИНИНГ

БУЙРУҒИ

Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун

мўлжалланган махсус қабулхоналар ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган

шахсларнинг четга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ буюраман:

1. Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланганмахсус қабулхоналар ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг четга чиқиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ 2019 йил 9 январь кунидан эътиборан кучга киради.

Вазир П. Бобожонов

Тошкент ш,

2018 йил “____“_________,

____ - сон

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2018 йил “___” _______ даги

_____ - сон буйруғига

ИЛОВА

Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун
мўлжалланган махсус қабулхоналар ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган
шахсларнинг четга чиқиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ

1-§. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонунига мувофиқ маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланганмахсус қабулхоналар (бундан буён матнда махсус қабулхона деб юритилади) ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг четга чиқиш тартибини белгилайди.

2. Маъмурий қамоққа олинган шахсларга иккала томонга бориб-келиш вақти (икки суткагача) ҳисобга олинмаган ҳолда бир суткадан кўп бўлмаган муддатга махсус қабулхона ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси доирасида четга чиқишга рухсат берилиши мумкин.

3. Маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш вақти маъмурий қамоқни ўташ муддатига қўшиб ҳисобланади.

4. Махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш харажатлари маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг маблағлари ҳисобидан ёки бошқа шахслар томонидан тўланади.

2-§. Маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг махсус қабулхона

ҳудудидан четга чиқишини ташкил этиш

5. Маъмурий қамоққа олинган шахслар махсус қабулхонада сақланаётган вақтида яқин қариндошининг вафоти ёки унинг ҳаётига таҳдид солувчи оғир касаллик, маъмурий қамоққа олинган шахсга ёки унинг оиласига анча миқдорда моддий зарар етказган ҳодисалар содир этилганлиги юзасидан ҳабар олганида махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат бериш тўғрисида ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

6. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат бериш тўғрисидаги аризаси ариза келиб тушган пайтдан эътиборан кейинги кундан кечиктирмай махсус қабулхона маъмурияти томонидан кўриб чиқилади.

7. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг четга чиқиши тўғрисидаги қарор унинг шахси, хулқ-атвори ҳамда аризада кўрсатилган важларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлиги инобатга олинган ҳолда қабул қилинади.

8. Аризани кўриб чиқиш вақтида махсус қабулхона маъмурияти томонидан маъмурий қамоққа олинган шахснинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) ички ишлар органига аризадаги важларнинг асослилигини текшириб бериш бўйича сўров хати (факс, электрон почта ва ҳ.к.) юборилади.

9. Туман (шаҳар) ички ишлар органлари томонидан махсус қабулхонанинг сўров хати келиб тушган вақтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмай сўров хатида кўрсатилган важларнинг асослилигини ёки асоссизлигини тасдиқловчи маълумотларни (тиббиёт бирлашмаси, фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш бўлими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг маълумотномаларини) илова қилган ҳолда жавоб хати юборилади.

10. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат бериш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилган тақдирда махсус қабулхона маъмурияти томонидан мазкур Низомнинг 1-иловасида кўрсатилган тарзда қарор қабул қилинади.

Қарор ариза келиб тушган пайтдан эътиборан кейинги кундан кечиктирмай қабул қилиниб, дархол маъмурий қамоққа олинган шахсга таништирилади ва унга махсус қабулхонага қайтиб келиш вақти, қайтиб келмаслик оқибатлари тушунтирилиб, белгиланган манзилга етиб боргач ҳудудий профилактика (катта) инспекторига ҳабар бериши лозимлиги тўғрисида огоҳлантирилади ҳамда махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат берилганлиги тўғрисида мазкур Низомнинг 2-иловасида кўрсатилган тарзда маълумотнома берилади.

11. Маъмурий қамоққа олинган шахсга махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат берилганда ундан махсус қабулхонага келиб тушганда олиб қўйилган ҳужжатлар, пул маблағлари, қимматбаҳо буюмлар, нарсалар ва бошқа ашёлар тилхат асосида қайтарилади.

12. Маъмурий қамоққа олинган шахс махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқарилганидан сўнг зудлик билан махсус қабулхона маъмурияти томонидан маъмурий қамоққа олинган шахс бориши лозим бўлган туман (шаҳар) ички ишлар органига мазкур Низомнинг 3-иловасида кўрсатилган тарзда хабарнома юборилади.

Хабарнома келиб тушган куннинг ўзида туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи, у бўлмаганда унинг вазифасини вақтинча бажарувчи шахс томонидан ижро этиш учун профилактика (катта) инспекторига топширилади ва ижроси назорат қилинади.

13. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат бериш тўғрисидаги аризаси рад этилган тақдирда махсус қабулхона маъмурияти томонидан қабул қилинган хулоса маъмурий қамоққа олинган шахсга таништирилади.

3-§. Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхона

ҳудудидан четга чиққан вақтида назорат қилиш

14. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг четга чиққан вақтида белгиланган манзилда бўлишини назорат қилиш ҳудудий ички ишлар органларининг профилактика (катта) инспекторлари зиммасига юклатилади.

15. Профилактика (катта) инспектори маъмурий қамоққа олинган шахснинг белгиланган манзилга етиб келиши, ажратилган вақт оралиғида ҳуқуқбузарликлар содир этмаслиги ва махсус қабулхонага қайтиб кетишини назорат қилади.

16. Маъмурий қамоққа олинган шахс белгиланган манзилга етиб келган вақтида профилактика (катта) инспектори унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати ва махсус қабулхона томонидан берилган маълумотномани текшириб, у билан профилактик суҳбат ўтказади.

17. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг махсус қабулхонага белгиланган муддатда қайтиб келишини қийинлаштирувчи кўзда тутилмаган ҳолатларда, қайтиб келиш муддати маъмурий қамоққа олинган шахс турган жойдаги ички ишлар органи бошлиғининг мазкур Низомнинг 4-иловасида кўрсатилган тарзда қабул қилинган қарорига кўра икки суткагача узайтирилиши мумкин ва бу ҳақда махсус қабулхона маъмурияти хабардор қилиниши шарт.

18. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг махсус қабулхонадан четга чиқиш вақти тугагандан сўнг, ушбу шахс ички ишлар органлари томонидан махсус қабулхонага қайтариб юборилади ва бу ҳақда махсус қабулхона маъмурияти хабардор қилинади.

19. Маъмурий қамоққа олинган шахс белгиланган муддатда махсус қабулхонага қайтиб келишдан бўйин товлаган тақдирда у ички ишлар органи ходимлари томонидан ушланади ва махсус қабулхонага жўнатилади.

20. Маъмурий қамоққа олинган шахс белгиланган манзилдан чиқиб, махсус қабулхонага етиб келмаган тақдирда махсус қабулхона маъмурияти томонидан маъмурий қамоққа олинган шахснинг доимий яшаш, четга чиқиш учун юборилган
ва яна бориши мумкин бўлган бошқа жойлардаги ички ишлар органларига ушбу шахсни қидириб топиш ҳамда махсус қабулхонага қайтариш чораларини кўришлари юзасидан хабарнома юборилади.

21. Мазкур хабарномани олган ички ишлар органи бошлиғи, у бўлмаганда унинг вазифасини вақтинча бажарувчи шахс томонидан маъмурий қамоққа олинган шахсни қидириб топиш учун ички ишлар органлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилади ва ходимларга аниқ вазифалар белгилаб берилади.

22. Маъмурий қамоққа олинган шахс қидириб топилгандан сўнг ички ишлар органи томонидан дарҳол махсус қабулхонага жўнатилади.

4-§. Якунловчи қоидалар

23. Маъмурий қамоққа олинган шахс белгиланган муддатда махсус қабулхонага қайтиб келмаган ҳолларда махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш вақти маъмурий қамоқни ўташ муддатига қўшиб ҳисобланмайди.

24. Мазкур Низом талабларини бузган ходимлар қонун ҳужжатларга мувофиқ жавобгар бўлади.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1ОбсуждениеПриказ15 днейМВД

So`rovnoma natijalari