Hujjat nomi
Наманган вилоятида аэропоника усулида уруғлик картошка етиштиришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Qishlоq хo‘jаligi vаzirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-05-25 09:54:29
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-06-09 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Наманган вилоятида аэропоника усулида уруғлик картошка
етиштиришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Картошка уруғчилик соҳасини янада ривожлантириш, уруғ сифатини яхшилаш, чет давлатлар билан ҳамкорликда илмий ишлар олиб бориш, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб этиш, инновацион технологияларни жорий этган ҳолда аэропоника усулида юқори ҳосил берадиган уруғлик картошка кўпайтириш, фермер ва деҳқон хўжаликларни сифатли уруғлар билан тўлиқ таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Картошка етиштирувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти, Ҳамкорбанк, Наманган вилояти ҳокимлиги, “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан уруғлик сифатини яхшилаш фермер ва деҳқон хўжаликларини сифатли уруғликлар билан таъминлаш мақсадида аэропоника усулида уруғлик картошка етиштиришни кўпайтириш бўйича берилган таклифлари маъқуллансин.

2. Наманган вилоятидаги 2019-2022 йилларда аэропоника усулида уруғлик картошка етиштириш бўйича прогноз кўрсаткичлари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамиятнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Наманган вилоятида илғор ресурстежамкор инновацион технологиялар асосида аэропоника усулида картошка уруғчилигини ривожлантириш, юқори авлодли ва ҳосилдор маҳаллий картошка минитуганакларини етиштиришни ташкил этиш;

Наманган вилоятида картошка уруғчилигини ривожлантириш ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш мақсадида замонавий ресурстежамкор технологиялар асосида иссиқхоналар қуриш;

аэропоника усулида етиштирилган картошка минитуганакларини сақлаш учун омборхоналар ташкил этиш, минитугунакларни унумдорлиги юқори ер майдонларига экиш ҳамда картошкани супер элита ва элита уруғларини етиштириш;

олинган супер элита ва элита уруғликни картошкачилик марказига аъзо бўлган картошкачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига шартнома асосида етказиб бериш;

картошка уруғчилиги соҳасида илмий-тадқиқот олиб бораётган ташаббускорларни инновацион лойиҳаларига амалий ёрдам бериш;

картошка уруғчилиги ривожланган давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифаси юклатилсин.

4. Наманган вилояти ҳокимлиги, Картошка етиштирувчилар уюшмаси, “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамиятига:

аэропоника усулида уруғлик картошкани йилдан-йилга кўпайтириб бориш, келгусида бошқа вилоятлардаги фермер хўжаликларини сифатли уруғликлар билан таъминлаш мақсадида 5 йилга мўлжалланган Бизнес-режасини бир ой муддатда ишлаб чиқиш;

ажратиб берилган ер майдонидан 2 гектар аэропоника усулида суперсупер элита етиштириш ҳамда экспорт қилишни амалга ошириш ва валюта тушумини кўпайтириш учун 15 гектар замонавий технологиялар асосида иссиқхоналарни 2018 йил 15 сентябргача ташкил этиш вазифаси топширилсин.

5. Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва кадастр давлат қўмитаси бир ой муддатда “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамиятига Чуст туманида аэропоника усулида картошканинг суперсупер элита уруғлигини етиштириш, алмашлаб экишни ҳисобга олган ҳолда тупроқ унумдорлиги юқори ва сув ресурслари билан яхши таъминланган ер майдонларидан картошканинг элита уруғини етиштиришни кўпайтириш шарти билан жами 371 гектар ер майдони ажратиш бўйича тегишли қарорларини қабул қилсинлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Биоорганик кимё институтида вирусдан ҳоли in-vitro шароитида етиштирилган картошка ўсимлиги ва микротуганаклари билан “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамиятини тўлиқ шартнома асосида таъминлаш чораларини кўрсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Картошка етиштирувчилар уюшмасига аэропоника шароитида етиштирилган картошканинг супер элита ва элита уруғларини картошкачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини ер майдонларига жойлаштириш ва экилишини ташкил этиш чораларини кўрсин.

8. Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамиятига ажратиб берилган ер майдонларига картошка экинларидан қолган майдонларга экспортбоп экинларни турлари ва навлари бўйича жойлаштириш, белгиланган экинларни оптимал муддатда экишни таъминлаш, экспортга чиқариш ишларини амалга ошириш вазифаси юклатилсин.

9. Белгилаб қўйилсинки,

“Ўзтрансгаз” АЖ, Наманган вилояти ҳокимлиги янгидан ташкил этилаётган 2 гектар майдонга аэропоника усулида уруғлик картошка етиштиришга ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш учун ташкил этилган 15 гектар иссиқхонага талаб этиладиган табиий газ 50 фоиз чегирма билан имтиёзли нархларда етказиб берилади;

талабнома тақдим этилган кундан бошлаб икки хафтадан ошмаган муддатда иссиқхоналар газ таъминотига уланиш тартиби жорий қилинади. Газ таъминотига улаш учун талаб этиладиган техник шартлар ва лойиҳа тайёрлаш учун тўловлар амалдаги тарифларнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

10. “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамиятининг аэропоника усулида уруғлик картошка етиштиришда замонавий иссиқхоналарни ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадларига зарур бўлган 5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредитни олиши учун “Ўзмиллийбанк” томонидан халқаро молиявий институтлар кредит линияси шартлари асосида ҳамда банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан бир йил муддатга муддатини узайтириш имконияти билан йиллик 5 фоиз ставкасида “Hamkorbank” ATB га ресурс ажратилсин.

Белгилансинки: Бош вазир ўринбосари А.Султанов “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамиятига ажратиладиган кредит таъминотига кредитнинг тўлиқ муддатига қадар, (агар “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан кредит суммаси белгиланган тартибда ликвид мулк гарови билан таъминланган тақдирда, таъминланган қисмига мос равишда кафиллик суммасини бекор қилиш шарти билан) ёқилғи-энергетика комплекси таркибидаги тўловга лаёқатли корхоналарнинг кафилликлари берилишини таъминласин.

11. “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ, “Ўзагрокимёҳимоя”АЖ уруғлик картошка етиштириш учун талаб этиладиган ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва кимёвий воситаларини биржа савдолари орқали ҳарид этилганидан сўнг, ўрнатилган тартибда етказиб берилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Картошка етиштирувчилар уюшмаси уруғлик картошка етиштиришга мўлжалланган ер майдонларида экилган суперсупер элита уруғларини йиғиштириб олишдан бир ой олдин апробациядан ўтказиш ва уруғлик навдорлигини аниқлаш вазифалари топширилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази, Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги, “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий иссиқхоналарни ташкил этиш учун зарур техника ва мини технологияларни сотиб олиш; аэропоника усулида картошка уруғларини етиштиришни молиялаштириш учун ҳалқаро молия институтлари грантлари ва кредитларини жалб этиш вазифаси юклатилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Картошка етиштирувчилар уюшмаси, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти билан биргаликда:

аэропоника усулида уруғлик картошка етиштириш, уруғлик тайёрлаш, экиш, агротехник тадбирларни ўтказиш, касаллик ва зараркунандаларга қарши инновацион технологиялар асосида илмий асосланган тавсияларни бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар;

“Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамиятининг сифатли уруғлик картошка билан таъминлаш бўйича фаолиятини чуқур ва ҳар томонлама ўрганган ҳолда республиканинг барча ҳудудларига мазкур соҳадаги илғор технологияларини кенг жорий этиш чораларини кўрсинлар;

2018 йил 1 июлга қадар республика иссиқхона хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида иссиқхоналарни ташкил этиш, аэропоника усулида уруғлик картошка етиштириш юзасидан ўқув-семинарларини ташкил этсинлар;

иссиқхоначилик, уруғчилик ва уларни ривожлантириш йўналишида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ва ишланмаларни қўллаб қувватлаш, бу борада ривожланган давлатларда малака оширишни ташкил этиш бўйича бир ой муддатда таклиф киритсинлар.

15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари З.Т.Мирзаев ва Наманган вилояти ҳокими Х.Х.Бозоров зиммасига юклатилсин.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш“Наманган вилоятида аэропоника усулида уруғлик картошка етиштиришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси08.05.2018 й.Сабзавотчилик, картошкачилик ва полиз экинлари бошқармаси
2Ягона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришЯгона порталда муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабарномани, жадвални, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини, муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштириш25.05.2018 й.Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишЯгона порталдан тушган таклифларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш 25.05.2018 й. - 08.06.2018 й.Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ягона портал фойдаланувчилари
4Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини муҳокама натижаси бўйича қабул қилинган таклифларга мувофиқ қайта ишлашЯгона портал иштирокчиларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қайта ишлаб чиқиш ва Ягона порталда қайта жойлаштириш08.06.2018 й.Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

So`rovnoma natijalari