Hujjat nomi
Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирлари ҳақида олдиндан хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiBuyruq
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO`zbekiston Respublikasi Adliya vazirligi
Hujjat muallifiO`zbekiston Respublikasi Adliya vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-05-25 15:07:08
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-06-09 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирлари ҳақида олдиндан хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги ПФ–5430-сон “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ–3666-сон “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ,

Б У Ю Р А М А Н:

1.Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирлари ҳақида олдиндан хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2.Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва бу ҳақда Ҳукумат баённома қарорлари ва идоравий норматив ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бошқармаси Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.

4. Нодавлат нотижорат ташкилотлари бошқармаси ҳамда Қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш ва туркумлаш бошқармаси ушбу идоравий
норматив-ҳуқуқий ҳужжатни барча манфаатдор шахсларга етказилиши
ва “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами” – “Собрание законодательства Республики Узбекистан”да ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинишини таъминласин.

5. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

6. Мазкур буйруқ ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари А. Ташкулов зиммасига юклансин.

ВазирР. Давлетов

Тошкент шаҳри

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2018 йил “___” ____________ даги

______-сон буйруғига
1-ИЛОВА

Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирлари
ҳақида олдиндан хабардор қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 апрелдаги ПҚ–3666-сон “Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 майдаги ПФ–5430-сон “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ адлия органларида рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, уларнинг алоҳида бўлинмалари, бош ташкилоти Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари, диний ташкилотлар (бундан буён матнда ННТ деб юритилади) томонидан тадбирлар ўтказилиши ҳақида адлия органларини олдиндан хабардор қилиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси ёки хорижий давлат ҳудудида ННТ томонидан ташкиллаштирилган, ўз уставида (низомида) белгиланган мақсадларга эришиш учун конференция, семинар, тренинг, йиғилиш, акция, давра суҳбати, учрашув, симпозиум ва бошқа шаклларда шахсларни тўплаш тадбир деб эътироф этилади.

2. Мазкур Низом талаблари сиёсий партиялар томонидан ўтказиладиган тадбирлар, диний ташкилотларнинг ибодат, диний расм-русумлар ва маросим тарзидаги тадбирларига нисбатан татбиқ этилмайди.

3. ННТ тегишлилиги бўйича уни давлат рўйхатидан ўтказган адлия органини тадбирлар ўтказилиши ҳақида олдиндан хабардор қилиши лозим.

4. Тегишли адлия органида рўйхатдан ўтган икки ёки ундан ортиқ ННТ томонидан ҳамкорликда тадбир ўтказиш режалаштирилган бўлса, ушбу тадбир ўтказилиши ҳақида ташкилотчи ННТларнинг бири томонидан адлия органини олдиндан хабардор қилиши етарли ҳисобланади.

2-боб. Тадбирлар ўтказилиши ҳақида олдиндан хабардор қилиш

5. ННТ томонидан адлия органини тадбирлар ўтказилиши ҳақида тадбир ўтказилиши мўлжалланган санадан камида ўн беш кун олдин, хорижий давлат ҳудудида ташкиллаштириладиган тадбирлар бўйича тадбир ўтказилишидан, шунингдек хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида ўтказиладиган тадбирда иштирок этиши режалаштирилган бўлса, уларнинг ташрифидан камида йигирма беш кун олдин хабардор қилиши лозим.

6. ННТ қуйидаги тадбирлар ўтказилиши ҳақида адлия органларини тадбир ўтказилишидан камида беш кун олдин хабардор қилиши мумкин:

ННТнинг уставига (низомига) мувофиқ унинг раҳбар органлари йиғилишлари, ННТнинг, шу жумладан халқаро ва чет эл ННТнинг ваколатхона

ва филиаллари томонидан уларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган бош ташкилоти ходимлари иштирокида ташкилот фаолияти билан боғлиқ ўтказиладиган тадбирлари, башарти уларда учинчи шахсларнинг (Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситалари вакилларидан ташқари) иштирок этиши назарда тутилмаганда;

ННТнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилиши учун лицензия (рухсатнома) олиш талаб қилинадиган фаолият тури бўйича тегишли лицензияга (рухсатномага) эга бўлган ҳолда ушбу фаолият турини амалга ошириш юзасидан ўтказиладиган тадбирлари;

ННТнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, давлат дастурлари ва миллий режаларда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг девони, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларида ўтказилиши назарда тутилган тадбирлари;

ННТнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ажратилган давлат гранти доирасида ўтказиладиган тадбирлари;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда

унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тасдиқланган ёки улар билан келишилган режаларга мувофиқ ўтказиладиган оммавий жисмоний-тарбия ва спорт тадбирлари;

ННТнинг Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш

қоидаларига мувофиқ ўтказиладиган оммавий тадбирлари

7. ННТ томонидан адлия органини тадбирлар ўтказилиши ҳақида хабардор қилиш ушбу Низомнинг иловасига мувофиқ шаклдаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тадбирлар ўтказилиши ҳақидаги хабарномани тақдим қилиш орқали амалга оширилади.

ННТ хабарноманинг 5, 7 (“в” ва “г” кичик бандлари), 8 ва 9-бандларда назарда тутилган маълумотлар доирасида муқаддам хабардор қилинган тадбирни ўтказиш билан боғлиқ ўзгаришлар бўлган ёки тадбир ўтказмаслик тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, бу ҳақида адлия органини тадбир ўтказилиши белгиланган санадан уч иш куни олдин хабардор қилади.

3-боб. Ташкил этилаётган тадбирлар тўғрисидаги келиб тушаётган ахборотларни таҳлил қилиш

8. Тадбир ўтказилиши ҳақида хабардор қилинган адлия органи ташкил этилаётган тадбирлар тўғрисидаги келиб тушаётган ахборотларни таҳлил қилади.

9. Ташкил этилаётган тадбирлар тўғрисидаги келиб тушаётган ахборотларни таҳлил қилишда қўшимча саволлар вужудга келганда адлия органи ННТдан асослантирилган тарзда қўшимча ҳужжатлар сўралиши мумкин.

10. Адлия органи тадбир ўтказиш учун тақдим этилган маълумотлар ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг ишончлилигини, уларнинг қонун ҳужжатларига
ва ННТ уставида (низомида) белгиланган мақсад ва вазифаларга мувофиқлигини таҳлил қилади.

Зарур ҳолларда, адлия органи ННТ томонидан тақдим этилган ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш учун тегишли ташкилотларга юборишга ҳақли.

Ҳужжатларни олган ташкилот ўн кун ичида ўз хулосасини тақдим этиши шарт.

Агар хулосада тадбир ўтказилиши мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида фикр мавжуд бўлса, у ҳолда ташкилот ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган ҳолатлар доирасида ўз хулосасини асослаши керак.

11. Адлия органи ташкил этилаётган тадбирлар тўғрисидаги келиб тушаётган ахборотларни таҳлил қилиш натижаси юзасидан режалаштирилган тадбирлар ўтказилишини тақиқлаш юзасидан сабабларини кўрсатган ҳолда қарор қабул қилиши мумкин. Бунда тадбирлар ўтказилишини тақиқлаш тўғрсидаги қарор адлия органи раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланадиган хулоса шаклида расмийлаштирилади. Тегишли адлия органи бу ҳақда ННТни
ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.

12. Қуйидаги ҳолларда тадбирлар ўтказилишини тақиқлаш юзасидан қарор қабул қилинади:

тадбирни ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартириш, суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига путур етказиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш, уруш, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилиш, фуқароларнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилишга қаратилган бўлса;

мазкур Низомда назарда тутилган ҳамда адлия органлари томонидан Низомнинг 9-бандига асосан сўралган қўшимча ҳужжатлар (маълумотлар) тўлиқ тақдим этилмаган бўлса;

ҳужжатлар (маълумотлар) ушбу Низомнинг 7-бандида белгиланган муддатларда тақдим қилинмаган бўлса;

тақдим этилган ҳужжатларда (маълумотларда) нотўғри ахборот келтирилганлиги аниқланса;

тадбирни ўтказиш қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлса.

13. Тадбир ўтказилишини тақиқлаш юзасидан ННТ хабардор қилинганда, ННТ тақиқлашга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этиш ва тадбирлар ўтказилиши ҳақида ушбу Низомда белгиланган тартибда такроран хабарнома тақдим қилишга ҳақли.

4-боб. Якуний қоидалар

14. Тадбир ННТ томонидан адлия органига тақдим этилган ҳужжатларга (маълумотларга) мувофиқ ўтказилиши шарт.

15. Тадбирнинг қонун ҳужжатларига ва ННТ уставида (низомида) белгиланган мақсадларга, шунингдек ННТ томонидан адлия органига тақдим этилган ҳужжатларга (маълумотларга) мувофиқ ўтказилиши учун ННТ раҳбари ёки у томонидан ваколат берилган шахс масъул ҳисобланади.

16. ННТ адлия органи вакилига мониторинг қилиш учун ўзи ўтказаётган тадбирга эркин кириш имконини бериши шарт.

Адлия органи ННТга ўтказиладиган тадбирда ўз вакилининг иштирок этиши ҳақидаги маълумотни ёзма равишда бериши мумкин.

17. ННТ раҳбари ёки у томонидан ваколат берилган шахс тадбирни мониторинг қилиш учун ташриф буюрган адлия органи вакилига тадбирни кузатиш, унинг қонун ҳужжатларига ва ННТ уставида (низомида) белгиланган мақсадларга мувофиқ ўтказилишини баҳолаш учун барча материаллар
ва маълумотлар билан танишиш имкониятини яратиши ҳамда бошқа зарур
шарт-шароитларни таъминлаб бериши лозим.

Адлия органи зарур ҳолларда ННТдан тадбир ўтказилгандан сўнг тегишли маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин.

18. Қонун ҳужжатлари ва ННТ уставида (низомида) белгиланган мақсадларга мувофиқ ўтказилаётган тадбирга адлия органи вакили томонидан аралашишга йўл қўйилмайди.

19. ННТ адлия органи вакилининг тадбир давомида қилган ноқонуний хатти-ҳаракати юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.

20. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

21. Мазкур Низом Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан келишилган.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат

ташкилотлари миллий

ассоциацияси раиси И. Насриев

2018 йил “____” ___________

Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирлари

ҳақида олдиндан хабардор

қилиш тартиби тўғрисида низомга

ИЛОВА

Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тадбирлар ўтказилиши ҳақида

ХАБАРНОМА

Т/р

Тадбир ўтказиш ҳақидаги маълумотлар

1.

ННТнинг тўлиқ номи

2.

тадбирнинг номи

3.

тадбирнинг шакли

4.

тадбирнинг мазмуни

5.

тадбирнинг мақсади

6.

тадбир иштирокчилари сони

7.

тадбир иштирокчилари бўйича маълумот (мақсадли гуруҳлар: вояга етмаганлар, талабалар, аёллар ва ҳ.к)

8.

тадбир ўтказиладиган жой

а) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар

б) туман, шаҳар

в) маҳалла, мавзе, кўча

г) уй

9.

тадбир ўтказиладиган сана

10.

тадбирнинг бошланиш ва тамом бўлиш вақти

а) тадбирнинг бошланиш вақти

б) тадбирнинг тамом бўлиш вақти

11.

тадбирнинг молиялаштириш манбалари

12.

тадбирни ўтказишда ҳамкор ташкилотлар (мавжуд бўлганда)

13.

маърузачилар ҳақида маълумот

а) Ф.И.О.

б) иш жойлари ва лавозими

в) Маъруза мазмуни

14.

тадбирда иштирок этувчи хорижий давлат фуқароси ҳақида маълумот (бундан белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган хорижий давлат фуқаролари учун ушбу банднинг б-д ва ж, з кичик бандлари тўлдирилмайди)

а) Ф.И.О

б) фуқаролиги

в) туғилган жойи

г) туғилган санаси

д) иш жойлари ва лавозими

е) аккредитация карточкаси рақами

ж) фотосурати (илова қилинади)

з) келиб-кетиш дастури (илова қилинади)

15.

тадбирда фойдаланиши кўзда тутилган тарқатма, босма, аудиовизуал ва бошқа материалларнинг (мавжуд бўлса) нусхалари (илова қилинади)

16.

нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини олдиндан хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 6-бандада назарда тутилган тадбирлар ўтказилаётганлиги бўйича маълумот (ушбу банднинг 4-7-хатбошиларида назарда тутилган тадбирлар учун тегишли ҳужжат нусхаси илова қилинади)

‎‎Раҳбар ‎_____________________________‎

___________________________________

(имзо)‎

(Ф.И.О.)‎

М.Ў.‎

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг

2018 йил __ _______ даги ___-мҳ-сон буйруғига

2-ИЛОВА

Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

РЎЙХАТИ

1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2015 йил 4 июндаги 177-мҳ-сон Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи (рўйхат рақами 2679, 2015 йил 4 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 22-сон, 297-модда).

2. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2016 йил 27 июлдаги

193-мҳ-сон

Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги буйруғи (рўйхат рақами 2679-1, 2016 йил 27 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 30-сон, 369-модда).

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Ҳужжат лойиҳаси муҳокамасини ўтказишҲужжат лойиҳаси муҳокамасини ўтказиш25.05.2018-09.06.2018Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

So`rovnoma natijalari