Hujjat nomi
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонунийлигини таъминлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO`zbekiston Respublikasi Adliya vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-05-26 15:39:27
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-06-10 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ–3666-сон “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонунийлигини таъминлашни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қайд этилсинки, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар агар қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан уларга тегишли ҳужжатни қабул қилиш ёки аниқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича ваколат берилган бўлса, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишлари мумкин.

2. Белгилансинки:

йиғилиш баёнлари, чора-тадбирлар режалари, ёзма топшириқлар, резолюциялар ва бошқа ҳужжатлар билан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бўйича топшириқлар (кўрсатмалар) бериш тақиқланади, бундай ҳужжатларни қабул қилиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилмасдан ёки жамоатчиликнинг асосли фикри инобатга олинмасдан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритилган тақдирда уларни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилади;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиш муддати – беш иш кунидан иборат;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг идоравий норма ижодкорлиги соҳасидаги тақдимномаларини белгиланган муддатларда узрсиз сабабларга кўра бажармаслик ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ҳисобланади ва айбдор шахсларни қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

3. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Мазкур Низомни қўллашга доир тушунтиришлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан берилади.

4. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг раҳбарлари зиммасига:

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни сифатли ишлаб чиқилиши ва ўз вақтида қабул қилинишини;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бўйича ҳаволаки нормаларни ўз вақтида ва самарали рўёбга чиқарилишини;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиш учун киритилган лойиҳаларни беш кун ичида келишилишини;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг идоравий норма ижодкорлиги соҳасидаги тақдимномаларини белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

вазирлик ва идораларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини қонун ҳужжатлари ва мазкур қарорда белгиланган тартибда амалга оширилиши юзасидан мониторингини амалга оширсин;

мониторинг натижалари бўйича йўл қўйилган камчиликлар ва кўрилган чоралар тўғрисида ҳар ярим йилда бир марта Вазирлар Маҳкамасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ахборот киритсин;

вазирлик ва идораларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятида қонун ҳужжатларида ва мазкур қарорда кўрсатилган талабларни мунтазам равишда бузаётган айбдор мансабдор шахсларни тегишли жавобгарликка тортиш масаласини Ҳукуматга киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил “___” _______даги

____-сон қарорига

1-ИЛОВА

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан
ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан қабул қилинадиган буйруқ ва қарорларни (бундан буён матнда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар деб юритилади) ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини, шунингдек уларга қўйиладиган асосий талабларни белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, уларнинг амал қилиш муддатидан (доимий ёки вақтинча) ҳамда улардаги маълумотларнинг хусусиятидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (бундан буён матнда Адлия вазирлиги деб юритилади) ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказади.

2. Ушбу Низом мақсадлари учун идоралар деганда вазирлик ёки давлат қўмитаси ҳисобланмаган, ижро этиш ва (ёки) фармойиш бериш функциялари, шунингдек умумий мажбурий тусдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқи берилган давлат бошқаруви республика органлари ёхуд махсус ваколатли бошқарув органлари (агентликлар, қўмиталар, марказлар, инспекциялар, комиссиялар, кенгашлар ва бошқалар) тушунилади.

3. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар (бундан буён матнда вазирлик ва идоралар деб юритилади) томонидан қабул қилинадиган, умум мажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган:

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи;

қабул қилаётган орган тизимига кирмайдиган ташкилотлар учун мажбурий кучга эга бўлган ҳуқуқий ҳужжатлар Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Давлат рўйхатидан ўтказилмаган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кучга кирмаган ҳужжат сифатида ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди ва тегишли ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, ундаги кўрсатмалар бажарилмаганлиги учун фуқаролар, мансабдор шахслар, ташкилотларга бирор-бир жазо қўллаш учун асос бўлиб хизмат қилмайди.

4. Мазкур Низомга мувофиқ қуйидаги ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказилмайди:

а) техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги, маҳсулотлар, ишлар ва хизматларнинг хавфсизлиги учун мажбурий талабларни белгиловчи норматив ҳужжатлар:

техник регламентлар;

стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар;

санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария норма
ва қоидалари;

экологик норма ва қоидалар;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги бошқа ҳужжатлар.

Норматив ҳужжат ҳисобланмаган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги техник норма ва қоидаларни техник ҳужжат деб топиш Адлия вазирлигининг хулосасига асосан амалга оширилади.

б) ички ҳужжатлар:

шахсий тусдаги (лавозимга тайинлаш, бошқа лавозимга ўтказиш ёки лавозимидан озод қилиш, комиссия ва бошқа коллегиал органлар таркибини тасдиқлаш, фахрий ёки ҳарбий унвонлар бериш, муайян шахсларга имтиёзлар бериш ва бошқа шу кабилар);

амал қилиши бир марта қўллаш билан тугайдиган;

муқаддам белгиланган тартибни ижро этишни ташкил этишга йўналтирилган ҳамда янги ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олмаган ҳужжатлар (шу жумладан, бутун мазмуни бошқа органлар ва мансабдор шахсларнинг ҳужжатлари тўғрисида хабардор қилишдан иборат бўлган ҳужжатлар);

хат, телефонограмма, хусусий масалалар бўйича тушунтиришлар ва бошқалар;

в) тавсия хусусиятига эга ҳужжатлар, мажбурий ҳисобланмаган
ва жисмоний ва юридик шахсларнинг хоҳишига кўра риоя этиладиган низомлар;

г) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга расмий шарҳ бериш тўғрисидаги ҳужжатлар;

д) умум мажбурий тусга эга бўлмаган бошқа ҳужжатлар.

5. Барча идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозим.

6. Вазирликлар ва идоралар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган кундан бошлаб ўн кун ичида уни Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим қиладилар.

7. Бир нечта вазирлик ва идора билан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказишга тақдим этиш, ҳужжатни тасдиқлаган органлар орасида биринчи бўлиб кўрсатилган органга юкланади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Адлия вазирлигига вазирлик ва идора раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан имзоланган кузатув хати билан 3 та нусхада (2 та асли ва 1 та нусхаси) тақдим қилинади.

“Махфий” ва “Мутлақо махфий” грифли идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2 та асл нусхада тақдим қилинади.

Бунда қўшма қарорнинг асл нусхалари сони ҳужжатни тасдиқлаган органлар сонига мутаносиб равишда ҳамда 1 та асл нусхаси Адлия вазирлиги учун тақдим қилинади.

8. Давлат рўйхатидан ўтмаган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қўлланилганлиги аниқланган тақдирда Адлия вазирлиги тегишли вазирлик
ёки идорага ушбу ҳужжатни бекор қилиш ва ижродан чақириб олиш тўғрисида тақдимнома киритади. Вазирликлар ва идоралар 10 кун муддатда Адлия вазирлигининг тақдимномасини бажаришлари шарт.

Адлия вазирлиги “Халқ сўзи” – “Народное слово” газеталарида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида ҳужжатнинг ноқонунийлиги тўғрисида эълон қилишга ҳақлидир.

2-боб. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш

9. Вазирликлар ва идоралар ўз ваколатлари доирасида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни буйруқлар ва қарорлар шаклида қабул қиладилар.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар агар қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан уларга тегишли ҳужжатни қабул қилиш ёки аниқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича ваколат берилган бўлса, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишлари мумкин.

Топшириқлар (кўрсатмалар), йиғилиш баённомалари, чора-тадбирлар режалари, ёзма топшириқлар, резолюциялар ва бошқа ҳужжатлар, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш учун асос бўлиши мумкин эмас, ушбу ҳужжатни қабул қилиш қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

10. Буйруқлар вазирлар томонидан ёки идора номидан қарорлар қабул қилиш якка тартибда амалга ошириладиган идоралар раҳбарлари томонидан қабул қилинади.

Қарорлар давлат қўмиталари томонидан ёки идора номидан қарорлар қабул қилишни мазкур идоранинг коллегиал органи амалга оширадиган идоралар томонидан қабул қилинади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бошқа ташкилотлар билан келишилган ҳолда қабул қилиниши мумкин.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар вазирликлар ва идоралар томонидан қўшма қарорлар шаклида қабул қилиниши мумкин.

11. Вазирликлар ва идораларнинг таркибий бўлинмалари ҳамда ҳудудий органлари идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли эмас. Вазирлик ва идоралар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бўйича берилган ваколатни бошқа органларга, шунингдек ўзларининг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига беришга ҳақли эмас.

12. Вазирлик ва идоралар ҳуқуқий тартибга солишни талаб қиладиган масалалар келиб чиққан тақдирда, агар ушбу масалаларни ҳуқуқий тартибга солиш ўз ваколатларига кирса, тегишли идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида қабул қилишлари керак. Адлия вазирлиги вазирлик
ва идораларга тегишли идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш зарурлиги тўғрисида, уни қабул қилиш муддатини кўрсатган ҳолда тақдимнома киритишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг ижросини бажариш юзасидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш муддати, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, қоида тариқасида бир ойдан ошмаслиги лозим.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ушбу ҳужжатнинг таркибий қисми бўлган низомлар, қоидалар, йўриқномалар ва бошқа ҳужжатлар тасдиқланиши мумкин.

3-боб. Идоравий-норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўйиладиган талаблар

13. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонунчиликка, халқаро шартномалар нормаларига, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда:

коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этишга шарт-шароит яратувчи;

жисмоний ва юридик шахслар учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий этувчи қоидалар ва нормалар белгиловчи;

тадбиркорлик субъектлари учун асосланмаган харажатларни юзага келишига олиб келувчи қоидалар ва нормалар киритилиши тақиқланади.

Вазирлик ва идораларга қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган янги функциялар, ҳуқуқ ва ваколатлар берувчи норма ва қоидаларни киритишга йўл қўйилмайди.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Идоравий норматив ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидалари талабларига мувофиқ тайёрланиши ва қабул қилиниши керак.

14. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат тузилмаси ҳуқуқий тартибга солиш мавзуси изчил ривожлантирилишини, шунингдек, бўлажак ҳужжат бир хилда тушунилиши ва қўлланилишини таъминлаш керак.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўз мазмунига мос қисқача номланиши керак.

Агар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши мақсадлари
ва сабаблари тушунтирилиши талаб этилса, унга кириш қисми – муқаддима киритилади. Ҳуқуқий норма бўлган қоида муқаддимага киритилмайди.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда мажбурий тартибда Ўзбекистон Республикасининг қонунлари (моддалари), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини бажариш юзасидан ёки улар асосида қабул қилинаётганлиги кўрсатилади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қоидалари лўнда, оддий ва равон тилда баён қилиниши керак. Фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади. Зарур ҳолларда махсус атамалар ва тушунчаларнинг қисқача таърифи берилади, умумий қабул қилинган қисқартмалар қўлланилади ва бошқа қисқартмаларга тушунчалар берилади.

Эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар қўлланилишига йўл қўйилмайди.

Зарурият бўлган тақдирда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ҳавола қилинган ҳолда ундан айрим қоидалар такрорланади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда, қоидага кўра, олдин вазирликлар ва идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ҳуқуқий нормалар айнан қайта такрорланмайди.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнига қонун ҳужжатларига ҳаволалар киритишга фақат истисно ҳолларда йўл қўйилади.

Мазкур идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг бошқа бандларига, шунингдек, вазирликлар ва идоралар томонидан илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳавола қилиш уларнинг ўзаро алоқасини кўрсатиш ёки такрорга йўл қўймаслик зарур бўлган ҳоллардагина қўлланилади.

15. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳар бир бандида битта ҳуқуқий норма бўлиши керак. Ҳужжатнинг ҳар бир мустақил банди тўлиқ
ва тугалланган мазмунга эга бўлиши керак.

Агар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда рўйхатлар, жадваллар, графиклар, формулалар, методикалар, хариталар, схемалар, ҳужжатлар, бланкалар намуналари келтирилса, улар, одатда, иловаларда берилиши керак. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тегишли бандларида ушбу иловаларга ҳавола қилинади.

16. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қуйидаги реквизитларга эга бўлиши керак:

ҳужжат турининг белгиланиши;

тартибга солиш мавзусини белгиловчи ном;

ҳужжатнинг тартиб рақами, қабул қилинган санаси ва жойи;

вазирлик ёки идора раҳбарининг ёхуд унинг вазифаларини бажарувчи шахснинг лавозими, ушбу органнинг муҳри билан тасдиқланган имзоси, исмининг бош ҳарфи ва фамилияси.

17. Агар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши мазкур орган томонидан илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз кучини йўқотиши эътироф этилишини ёки уларга тегишли ўзгартириш
ва қўшимчалар киритилишини талаб этса, ундай ҳолда ушбу қоидалар бир вақтнинг ўзида тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ёхуд бошқа ҳужжатда акс эттирилиши керак.

18. Қонун ҳужжатларига мувофиқ келишилиши мажбурий бўлган ҳолларда, шунингдек идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида бошқа вазирлик ва идоралар манфаатларига ёки ваколатларига дахл қилувчи нормалар мавжуд бўлса, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилиши лозим.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни манфаатдор вазирлик
ва идоралар билан келишиш муддати – беш иш кунидан иборат.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат у биринчи келишилаётган вазирлик ва идора билан келишилганидан сўнг, 30 кун ичида қабул қилиниши керак.

19. Тайёрланган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат имзолангунга қадар ушбу вазирлик ёки идоранинг юридик хизмати томонидан ўтказиладиган ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши керак.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мазкур ташкилотнинг юридик хизмати раҳбари томонидан виза қўйилади ҳамда имзоланган маълумотнома илова қилинади.

4-боб. Ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш

20. Адлия вазирлиги тақдим этилган идоравий норматив ҳужжатни
у келиб тушган кундан бошлаб ўттиз иш куни ичида ҳуқуқий экспертизадан ўтказади.

Агар тақдим этилган ҳужжат, шу жумладан малакали мутахассисларни жалб этиш йўли билан қўшимча ўрганишни талаб этган ҳолларда, ҳужжатни кўриб чиқиш муддати ўн беш иш кунгача узайтирилиши мумкин.

21. Зарур ҳолларда, ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда Адлия вазирлиги ҳуқуқий экспертиза ўтказиш учун аҳамиятли бўлган қўшимча ҳужжатларни талаб қилиши, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича хулосалар бериш учун мутахассислар ва илмий ходимларни штатдан ташқари экспертлар сифатида жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

22. Агар тақдим этилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлган ва мазкур Низомнинг 3-бобида кўрсатилган талабларига жавоб берган тақдирда, Адлия вазирлиги уни давлат рўйхатидан ўтказади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказиш Адлия вазирининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат, агар ҳужжатнинг ўзида янада кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради ва бажарилиши керак.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги мажбуриятларни юклашни назарда тутувчи, шунингдек тадбиркорлик субъектлари жавобгарлигининг янги чораларини белгиловчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда унинг (ёки унинг бир қисмининг) кучга кириши муддати кўрсатилган бўлиши керак. Бунда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга кириши муддати у расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ойдан кам бўлмаслиги керак.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига, мазкур Низомнинг 3-боби талабларига жавоб бермаса уни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилади.

23. Давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Адлия вазирлигининг хулосалари ҳисобга олинган ҳолда пухта ишланган тақдирда давлат рўйхатидан ўтказиш учун такроран тақдим этилиши мумкин. Бунда қонунларни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини бажариш юзасидан, шунингдек, Адлия вазирлиги тақдимномасига кўра қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мукаммаллаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказишга такрорий тақдим этиш муддати бир ойдан ошмаслиги керак.

24. Давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг асл нусхасининг бир нусхаси (асл нусхалари) унга берилган рўйхатдан ўтказиш тартиб рақами билан биргаликда уни тақдим этган органга қайтарилади, асл нусханинг бир нусхаси ҳисобга олиш ва эълон қилиш учун Адлия вазирлигида қолади.

5-боб. Якуний қоидалар

25. Қонун ҳужжатлари ўзгарган тақдирда, вазирлик ва идоралар ўзлари томонидан қабул қилинган ва давлат рўйхатидан ўтказилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳолга келтиришга ҳамда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун
Адлия вазирлигига тақдим этишга мажбурдирлар.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилгунга қадар ушбу ҳужжатларнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган қисми амалда бўлади.

Адлия вазирлиги вазирлик ва идораларга улар томонидан қабул
қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштиришни талаб қилишга ҳақлидир.

Бу ҳолда вазирлик ва идоралар ўн кунлик муддатда ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ҳужжатни ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлигига тақдим этишга мажбурдирлар.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат Адлия вазирининг Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни давлат реестридан чиқариш тўғрисидаги буйруғига асосан давлат реестридан чиқарилади.

26. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳужжатни қабул қилган орган ёхуд бунга вакил қилинган орган томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Низоли масалалар пайдо бўлган, шунингдек, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қўллаш билан боғлиқ бўлган янги ҳолатлар аниқланган тақдирда, Адлия вазирлиги масала белгиланган тартибда ҳал этилишигача идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг (ёки унинг тегишли қисмининг) амал қилишини тўхтатишга ҳақлидир.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш ҳамда уни қайта кучга киритиш Адлия вазирининг буйруғи билан расмийлаштирилади, унинг нусхаси тегишли органга жўнатилади.

27. Вазирликлар ва идоралар қайта ташкил этилган, тугатилган ёки номи ўзгартирилган тақдирда улар томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ҳуқуқий ворислик қонун ҳужжатларида белгиланади.

28. Вазирликлар ва идоралар, ўз ваколатлари доирасида ўзлари томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари тарқатилишини таъминлаши шарт.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг электрон матнлари уларни қабул қилган вазирлик ва идоралар томонидан уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилиши керак.

Давлат рўйхатидан ўтиши лозим бўлган ҳужжатларни, улар давлат рўйхатидан ўтказилмасдан ва расмий эълон қилинмасдан ижрога юборишга йўл қўйилмайди.

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинмаган тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга солувчи норматив ҳужжатлар бузилганлиги учун жавобгарлик чораларини қўллаш тақиқланади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар “Халқ сўзи” – “Народное слово” газеталарида ҳамда Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида мунтазам равишда эълон қилиб борилади.

29. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тегишли органларга улар қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий шарҳлаш зарурлиги тўғрисида тақдимномалар киритишга ҳақлидир.

Расмий шарҳ бериш тўғрисидаги буйруқ ёки қарор фақат у Адлия вазирлиги билан келишилгандан кейин бажариш учун юборилади.

30. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларининг қўлланилиши бўйича тушунтиришларни уларни қабул қилган вазирлик ва идоралар беради. Бунда тушунтиришлар идоравий-норматив ҳуқуқий ҳужжатга расмий шарҳ ҳисобланмайди.

31. Вазирлик ва идоралар ўзлари томондан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилишида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига таъсирини тизимли равишда мониторинг қилиб боради.

Мониторинг натижаларига кўра, улар томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш чораларини кўради.

Адлия вазирлиги вазирлик ва идоралар томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш ҳолати бўйича аҳоли
ва ташкилотлар ўртасида сўровлар ўтказиш йўли билан ўрганиш ўтказиши мумкин.

Ўрганиш натижаларига кўра, Адлия вазирлиги зарурат бўлса вазирлик

ва идоралар томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли таклифларни ишлаб чиқиши ва уни қабул қилган вазирлик ва идорага киритиши мумкин.

[ izohlar (1) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

Mamatov Akmal Ravshanovich 2018-06-09 23:07:40

Умумий қоидалар бобига "Халқаро ҳужжатлар талаблари юқори туради" мазмундаги банд киритилиши таклиф этилади

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил “___” _______даги

____-сон қарорига

2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини
йўқотадиган айрим қарорлари

РЎЙХАТИ

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 9 октябрдаги 469-сон “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 1, 2, 4, 5 ва 7 бандлари.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 19 майдаги 197-сон “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг меъёрий ҳужжатларини қабул қилиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг 1 – 4 ва 6-бандлари, қарор иловаси I бобининг 1 ва 2-бандлари ҳамда II боби.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 сентябрдаги 268-сон “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2011 йил 23 августдаги ПҚ–1602-сон қарори)”ги қарорига 1-илованинг 2-банди.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 декабрдаги 323-сон “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 декабрдаги ЎРҚ–342-сон Қонуни)”ги қарорига илованинг 1 ва 2-бандлари.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 июлдаги 183-сон “Тадбиркорлик соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ва тарқатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2014 йил 7 апрелдаги ПФ–4609-сон Фармони)”ги қарорига илованинг 1-банди.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 февралдаги 79-сон “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2016 йил 23 сентябрдаги ЎРҚ–411-сонли Қонуни)”ги қарорига илованинг 1 ва 2-бандлари.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги 1013-сон “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига 2-илованинг 1-банди.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 8 ноябрдаги 1034-сон “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 8 ноябрдаги ПҚ–3379-сон қарори)”ги қарорига илованинг 1-банди.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Лойиҳанинг муҳокамасини ўтказишЛойиҳанинг муҳокамасини ўтказиш26.05.2018-10.06.2018Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

So`rovnoma natijalari