Hujjat nomi
Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Ҳарбий-техник институтига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомнини тасдиқлаш тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi
Hujjat muallifiO'zbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-05-29 19:22:08
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-06-13 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил «___» ________

___-сон қарорига

ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги ПҚ-3392-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги “Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 141-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига (кейинги ўринларда Институт деб юритилади) танлашни ташкил этиш тартибини ва қабул қилиш қоидаларини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1.Институтга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Бутлаш режасига мувофиқ амалга оширилади.

2.Номзодлар ва уларнинг ота-оналари Институтга ўқишга киришидан олдин мудофаа ишлари бўлим ва бошқармалари томонидан моддий жавобгарлик тўғрисида 1-иловага мувофиқ ёзма шаклдаги мажбуриятнома билан огоҳлантириладилар (Ўзбекистон Республикасининг МВ, ИИВ, ФВВ, Молия вазирлиги, МХХ, ДБҚ, УзАТА 2009 йил 16 октябрдаги «Ҳарбий хизматчиларни олий ҳарбий таълим муассасалари ва сержантларни тайёрлаш мактабларида ўқитишга сарфланган бюджет маблағларини давлатга ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 10, 12, 281, 100, 90, 01-02/5-27, 325-сонли қарори).

3.Институт курсантлари контингентини сифатли бутлаш учун:

ҳарбий-профессионал йўналиш;

дастлабки танлаш;

ҳарбий-профессионал танлаш;

тест синовларини назарда тутувчи комплекс босқичма-босқич танлаш амалга оширилади.

4.Ҳарбий профессионал йўналиш – шахсий майлларга, қизиқишларга, қобилиятларга мувофиқ ва турли мутахассисликлар бўйича ҳарбий кадрларга бўлган эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда ёшларни ҳарбий касбни асосли танлаш бўйича мақсадга йўналтирилган, режалаштирилган фаолият.

5.Дастлабки танлаш – Институтга киришга қарор қилган фуқаро ёки ҳарбий хизматчига (кейинги ўринларда номзод деб юритилади) тегишли маълумотларни, унинг таълим муассасасидаги ўзлаштириши даражасини, индивидуал-психологик хусусиятларини, жисмоний тайёргарлиги ва соғлиғи ҳақидаги маълумотларни дастлабки тўплаш ва ўрганиш.

6.Ҳарбий-профессионал танлаш – якка тартибдаги якуний суҳбатда узил-кесил кўриб чиқиш учун номзоднинг асосланган ва психофизиологик хусусиятларини, тайёрланганлиги ва кўникмаларини, шунингдек соғлиғи ва умумжисмоний тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолда унинг танланган ҳарбий мутахассисликни эгаллаб олишга тайёрлигини аниқлашга йўналтирилган комплекс тадбирлар.

7.Тест синовлари – Институт мутахассисликларининг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда номзоднинг умумтаълим даражасини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тадбир.

8.Институтга қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилади.

9.Номзодлар уч тилдан – ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидан бирини шахсан танлаган ҳолда тест синовлари топширадилар.

10.Мудофаа ишлари бўлим ва бошқармалари ҳамда Институт мазкур Низомда назарда тутилган ҳарбий-профессионал йўналиш соҳасидаги вазифаларни бажаришга масъулдирлар.

11.Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг буйруғи билан Институт қабул комиссияси (кейинги ўринларда қабул комиссия деб юритилади) ва унинг таркиби тасдиқланади.

Қабул комиссиясига раҳбарликни Институт бошлиғи амалга оширади. Ҳарбий-профессионал тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида қабул комиссияси таркибига Миллий гвардия марказий девони тегишли бўлимлари ва Институтнинг вакиллари киради.

Қабул комиссияси ўзининг фаолиятини қабул йилининг 1 мартидан 31 августгача амалга оширади.

Қабул комиссияси раиси – Институт бошлиғи қабул комиссияси ишини ташкил этиш, ҳарбий-профессионал танлаш бўйича юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли равишда бажарилишига жавоб беради. Қабул комиссияси раиси ўзининг ваколатлари доирасида буйруқлар чиқаради, қабул комиссияси кичик комиссияларнинг таркиби ва аъзоларининг мажбуриятларини белгилайди, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради
ва назорат қилади.

12.Қабул комиссияси таркибида қуйидаги кичик комиссиялар шакллантирилади:

номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиш бўйича;

тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича;

умумжисмоний тайёргарлик даражасини текшириш бўйича;

психофизиологик ўрганиш бўйича;

ёзма иш (диктант) ўтказиш бўйича;

компьютер техникасини ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражасини текшириш бўйича;

якка тартибдаги якуний суҳбатни ўтказиш бўйича.

13.Институтга ўқишга киришни хоҳлаган фуқаролар ўзларининг яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўлимларига 2-иловага мувофиқ шаклдаги ариза билан, контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўз хизмат ўташ жойидаги ҳарбий қисм (муассаса) қўмондонлигига 3-иловага мувофиқ шаклдаги билдирги билан мурожаат қиладилар. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи ва Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейи битирувчилари орасидан Институтга ўқишга кириш учун номзодларнинг шахсий йиғма жилдлари улар жойлашган мудофаа ишлари бўлимлари томонидан расмийлаштирилади. Қабул қилинган аризалар (билдиргилар) асосида мудофаа ишлари бўлимлари, ҳарбий қисмлар (муассасалар) томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади.

14.Ўқишга кириш учун аризалар (билдиргилар) 15 ноябридан қабул йилининг 15 февралига қадар қабул қилинади. Расмийлаштириш якунлари бўйича номзодларнинг шахсий йиғма жилдлари Институтга юборилади. Ҳарбий-профессионал танлашни ўтказишда конкурсни таъминлаш учун шахсий йиғма жилдларни расмийлаштириш ҳар йилги квоталар билан белгиланадиган битта ўринга камида тўртта номзодлар ҳисобидан амалга оширилади.

15.Номзодлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

ариза (билдирги);

паспорт нусхаси;

туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси. Далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритилган ёки туғилганлик ҳақида гувоҳнома алмаштирилган ёхуд ‎‎фамилия, исм, ота исми ва бошқа маълумотлар ўзгартирилган бўлса, бу ҳақда ФҲДЁ органининг маълумотномаси;

яқин қариндошларининг паспорти, туғилганлик ҳақида гувоҳномаси, никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳномаси, никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳномаси, вафот этганлар бўлса, уларнинг ўлим ҳақида гувоҳномаси ва ногиронлик гувоҳномаси нусхаси;

олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси;

3 х 4 см ўлчамдаги 6 та фотосурат ҳамда 9 х 12 см ўлчамдаги
2 та фотосурат (бош кийимсиз);

номзод томонидан қўлда ва компьютерда ёзилган таржимаи ҳол;

анкета;

ўқиш, иш (агар ўқиётган ёки ишлаётган бўлса) ва яшаш жойидан тавсифнома ҳамда маълумотнома (яшаш жойидан берилган маълумотномада номзоднинг оила аъзолари кўрсатилади);

маълумоти тўғрисидаги (умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар) ҳужжатларнинг ҳамда рейтинг дафтарчаси (баҳолар табели) нусхаси;

чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси
ёки ҳарбий гувоҳномаси;

меҳнат дафтарчасининг нусхаси, агар мавжуд бўлса;

ота-онасининг олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга киришига ёзма шаклдаги розилиги.

Номзодлардан айрим ҳужжатларга аниқлик киритиш учун қўшимча равишда зарур ҳужжатлар ва маълумотлар талаб қилиниши ёки тегишли ташкилотлардан сўраб олиниши мумкин.

16.Номзодларнинг барча тоифаларига ўрнатилган тартибда махсус текширув ўтказилади.

17.Махсус текширувни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизматининг қарори билан белгиланади.

2-боб. Ҳарбий-профессионал йўналтириш

18.Ҳарбий хизматчи касбининг моҳиятини ва унга қўйиладиган талабларни очиб бериш, ёшларда ҳарбий касбни онгли равишда танлашни шакллантириш, муайян ҳарбий мутахассисликни танлашда уларга ёрдам бериш ҳарбий-профессионал йўналишнинг асосий мақсади ҳисобланади.

19.Қуйидагилар ҳарбий-профессионал йўналишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

офицерлар хизматининг ижтимоий мазмуни ва ўзига хослигини очиб бериш, шу асосда ёшларда офицер – Ватан ҳимоячиси касбининг юксак масъулиятини тўғри тушуниш ва англашни шакллантириш;

Институтга киришга қарор қилган ёшларга истеъдодни, қобилиятларни ва шахсий фазилатларни ҳисобга олган ҳолда ҳарбий мутахассисликни танлашда ёрдам бериш;

Институтга кирувчи номзодларнинг маънавий ва ахлоқий фазилатларига, психологик хусусиятларига, умумжисмоний ва умумтаълим тайёргарлигига, соғлиғига қўйиладиган талабларни тушунтириш;

Институтга ўқишга киришга энг иқтидорли, ҳар томонлама камол топган, тайёргарлик кўрган ва Ватанга садоқатли ёшларни жалб этиш.

20.Ҳарбий-профессионал йўналиш олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришгача ўтказилади ва ушбу босқичда:

ёшларнинг фахрийлар, ҳарбий қисмлар ва Институтнинг вакиллари билан учрашувлари;

мудофаа ишлари бўлим ва бошқармалари ҳамда ҳарбий қисмларда Институтдаги ҳаётни акс эттирувчи кўргазмали ташвиқотли, қабул қилиш шартлари, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчиларга ва контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга, Миллий гвардия «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи ва Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейи битирувчиларига Институтга киришда бериладиган имтиёзлар, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қўшинларининг ҳар хил турлари ва хилларида офицерлар таркибининг ҳарбий хизмати хусусияти ва ўзига хосликларини акс эттирувчи ўқув-маслаҳат бурчакларини безаш;

умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларига офицер касби, Институтга тайёргарлик кўриш ва кириш тартиби тўғрисидаги маълумотларни етказиш ишларини ташкил этиш воситасида таъминланади.

21.Ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси ҳарбий-профессионал йўналишнинг асоси ҳисобланади. Ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси давомида маърузалар ўқилади, суҳбатлар ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг минтақавий музейлари ва Давлат музейига, Миллий гвардиянинг ҳарбий қисмлари (муассасаларга), Институтга экскурсиялар уюштирилади ҳамда ёшларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари, Миллий гвардияси ва Институтни ташкил этиш ва ривожлантириш тарихи билан таништиришни назарда тутувчи бошқа тадбирлар ўтказилади.

22.Номзодларда ҳарбий хизматга қизиқишни шакллантириш ва офицер касби тўғрисида тўғри тасаввур ҳосил қилиш ишлари умумтаълим муассасалари, мудофаа ишлари бўлим ва бошқармалари ҳамда жамоат ташкилотлари билан ўзаро яқин ҳамкорликда ёшларни чақириқгача тайёрлаш ўқитувчиларини фаол жалб этган ҳолда вазирликлар ва идоралар томонидан амалга оширилиши керак.

23.Ёшларни ҳарбий-профессионал йўналтириш доирасида касбга доир маслаҳатлар берилади, номзодларнинг шахсий фазилатлари, қизиқишлари
ва қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳарбий касбни танлашда бевосита ёрдам кўрсатилади.

Касбга доир маслаҳатлар таълим муассасаларининг ёшларни чақириққача тайёрлаш ўқитувчилари томонидан ўтказилади, уларда номзоднинг шахсий фазилатларига, қобилиятларига ва Институтда ўқишга маънавий-психологик тайёрлиги даражасига дастлабки баҳо берилади.

Маслаҳатлар бериш жараёнида номзодларнинг лаёқати ва қобилиятлари чуқур ўрганилади, уларнинг Институтга кирувчи шахсларга қўйиладиган талабларга мувофиқлиги даражаси аниқланади.

24.Ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини Институтга ўқишга киришга тайёрлаш белгиланган тартибда, ҳарбий қисмларнинг командирлари (муассасаларнинг бошлиқлари), мудофаа ишлари бўлим ва бошқармалари бошлиқлари раҳбарлигида ўтказилади.

25.Институтга ҳарбий-профессионал йўналиш соҳасида қуйидаги вазифалар юкланади:

Институтдаги ҳаёт, турмуш ва ўқишнинг ўзига хослиги тўғрисидаги плакатлар, буклетлар, фильмлар ва видеороликлар шаклидаги Институт ҳақидаги ахборот материалларини нашр этиш ва ҳарбий қисмларга, мудофаа ишлари бўлим ва бошқармаларига тарқатиш;

Институт вакилларининг телевидениеда, радиода, марказий ва минтақавий (маҳаллий) матбуот саҳифаларида (веб-саҳифаларда) чиқишларини ташкил этиш, Институт тўғрисидаги фильмларни намойиш этиш, мавзули кечалар, маърузалар ва очиқ эшиклар кунлари ўтказиш;

ҳарбий стажировкалар, ишлаб чиқариш амалиётлари, таътиллар ва каникулли таътиллар даврида Институтнинг доимий ва ўзгариб турувчи таркибининг ёшлар билан учрашувлари ва суҳбатларини ўтказиш.

26.Мудофаа ишлари бўлим ва бошқармаларига ҳарбий-профессионал йўналиш соҳасида қуйидаги вазифалар юкланади:

фуқаро ёшлар орасидан Институтга номзодларни танлаш ишларини ташкил этиш, уларни офицерлар таркибига қўйиладиган талаблар билан таништириш;

Институтда ўқиш учун номзодларга қўйиладиган талабларни ёшларга етказиш;

ҳокимликлар ва жамоат ташкилотларининг вакиллари иштирокида таълим муассасаларининг ёшларни чақириққача тайёрлаш, «Ватанпарвар» мудофаага кўмаклашиш ташкилотининг ўқув муассасалари ўқитувчилари билан ҳарбий-профессионал йўналиш масалалари бўйича ҳар йилги ўқув-методик йиғинларни ўтказиш;

ҳарбий-профессионал йўналиш бўйича ишда таълим муассасаларининг ёшларни чақириққача тайёрлаш ўқитувчиларига ёрдам бериш, таълим муассасаларини офицерлик касбларига бағишланган стендлар билан жиҳозлаш;

мудофаа ишлари бўлим ва бошқармалари ҳузурида ўқув-маслаҳат бурчаклари ташкил этиш ва уларни Институтдаги ҳаётни акс эттирувчи кўргазмали ташвиқотли, қабул қилиш шартлари, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчиларга, фуқароларга ҳамда Миллий гвардия «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи ва Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейи битирувчиларига Институтга ўқишга киришда бериладиган имтиёзлар, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қўшинларининг ҳар хил турлари ва хилларида офицерлар таркибининг ҳарбий хизмати хусусияти ва ўзига хосликларини акс эттирувчи кўргазмали ташвиқот билан безаш;

ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан ҳарбий-профессионал йўналиш бўйича мустаҳкам ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш;

ҳарбий мутахассисликни онгли равишда танлашда ёшларга ёрдам бериш.

3-боб. Дастлабки танлаш бўйича тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш

27. Соғлиғига, индивидуал-психологик хусусиятлари ва умумжисмоний тайёргарлигига мувофиқ ҳарбий ихтисосликнинг замонавий талабларига жавоб берадиган, ички туйғу, ғоявий-маънавий барқарорликка, мустаҳкам интеллектуал ва маънавий-ахлоқий салоҳиятга эга бўлган номзодларни аниқлаш дастлабки танлашнинг асосий мақсади ҳисобланади.

28. Қуйидагилар дастлабки танлашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

номзодга тегишли ҳужжатларни ва уни тавсифловчи маълумотларни тўплаш;

номзод тўғрисидаги турли маълумотларни аниқлаштириш (оилавий аҳволи, ота-оналари ва яқин қариндошларининг ҳарбий хизматга муносабати ва шу кабилар), офицер касбини танлашнинг сабабларини, асосларини аниқлаш;

махсус текширувни ўтказиш;

умумтаълим даражасини, соғлиғини ва умумжисмоний тайёргарлик кўрганлигини ҳар томонлама ва холисона баҳолаш;

Институтга кирувчи номзодларнинг индивидуал-психологик хусусиятларини ўрганиш.

29. Дастлабки танлаш:

фуқаро ёшлар учун – яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўлимларида;

ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари учун – хизмат қилиш жойидаги ҳарбий қисм (муассасалар)да;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи ва Республика ихтисослаштирилган мусиқа
ва санъат академик лицейи битирувчилари учун – улар жойлашган жойдаги мудофаа ишлари бўлимларида ўтказилади.

30. Дастлабки танлаш давомида қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:

ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;

якка тартибда суҳбатлашиш;

индивидуал-психологик ўрганиш;

тиббий кўрикдан ўтказиш;

умумжисмоний тайёргарлик кўрганлигини баҳолаш.

31. Дастлабки танлаш тадбирлари 15 ноябрдан 30 апрелгача қадар ўтказилади.

32. Дастлабки танлаш тадбирларида иштирок этадиган номзодларнинг сони чекланмайди.

33. Номзодларнинг ҳужжатларини тўплаш ва ўрганиш ишлари дастлабки танлаш тадбирлари якунлангунига қадар ўтказилади.

Номзодларнинг ижтимоий фаоллиги ва маънавий-ишбилармонлик фазилатларини аниқлашда:

номзодларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини, давлатни ҳимоя қилиш бўйича конституциявий мажбуриятларни тушуниши;

юқори даражадаги ҳушёрлик ҳамда ёт мафкура ва ахлоққа нисбатан муросасизлик зарурлигини англаш;

бурчни ҳис этиш, қатъиятлилик, ишчанлик, меҳнатсеварлик ва тўғрилик;

жамоанинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашиш;

номзод томонидан хизмат (меҳнат) фаолиятида, ўқишда ва ёшларни чақириқгача тайёрлашда эришилган натижалар ҳисобга олинади.

Бундан ташқари, офицер бўлишни хоҳлашнинг асосланганлигига ва бунинг учун зарур фазилатлар мавжудлигига асосий эътибор берилади.

34. Якка тартибдаги суҳбат мудофаа ишлари бўлимлари раҳбарлари, ҳарбий қисм (муассаса) қўмондонлиги томонидан ўтказилади. Якка тартибдаги суҳбат натижалари бўйича 4-иловага мувофиқ шаклда якка тартибдаги суҳбат варақаси тўлдирилади.

Суҳбат давомида Институтга кирувчиларга қўйиладиган талаблар, бериладиган имтиёзлар ва бошқа масалалар номзоднинг эътиборига етказилади.

Тегишли шакл бўйича рухсатномани келишиш учун зарур бўлган материаллар белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

35. Индивидуал-психологик ўрганиш психологик тестларни ўтказиш орқали 5-иловага мувофиқ индивидуал-психологик ўрганиш методикаси асосида ўтказилади.

36. Психологик тест синови натижалари бўйича қуйидаги хулосалар чиқарилади:

Институтга кириш учун тавсия этилади;

Институтга кириш учун тавсия этилмайди.

37. Психологик тест синовлари натижалари бўйича Институтга кириш учун тавсия этилмаган номзодлар дастлабки танлашнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.

38. Номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 21 февралдаги 95-сон қарори билан тасдиқланган «Тинч ва ҳарбий даврда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низом»га мувофиқ мудофаа ишлари бўлимларида махсус ташкил этиладиган тиббиёт комиссиялари томонидан амалга оширилади.

39.Тиббий кўрик натижалари бўйича соғлиғига кўра номзоднинг Институтда ўқишга яроқлилиги даражаси тўғрисида хулоса чиқарилади. Хулоса номзоднинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдига қўшиб қўйилади.

40 .Соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқсиз деб ҳисобланган номзодлар дастлабки танлашнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.

41. Номзодларнинг умумжисмоний тайёргарлик кўрганлигини баҳолаш 6-иловага мувофиқ умумжисмоний тайёргарликни баҳолаш методикасига асосан ўтказилади.

42. Институтга ўқишга кириш учун номзодларнинг умумжисмоний тайёргарлик бўйича баҳоси, улар томонидан барча нормативларни бажариш давомида қўшилган баҳолардан аниқланиб, қуйидагича белгиланади:

«аъло» – агар, иккита нормативдан «аъло», биттасидан эса «яхши» бўлса;

«яхши» – агар, иккита нормативдан «яхши»дан паст эмас, биттасидан эса «қониқарли» бўлса;

«қониқарли» – агар, барча нормативдан «қониқарли»дан паст бўлмаса;

«қониқарсиз» – агар, битта ва ундан ортиқ баҳолар «қониқарсиз» бўлса, ёки номзод белгиланган машқларнинг биттасидан бирини бажаришдан бош тортса.

43. Умумжисмоний тайёргарлик даражаси бўйича белгиланган талабларга жавоб бермаган номзодлар («қониқарсиз» баҳо олганлар) дастлабки танлашнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.

44. Дастлабки танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтган, шахсий ҳужжатлари йиғма жилди тўлиқ расмийлаштирилган номзодлар бўйича, улар Институтда ҳарбий-профессионал тадбирларда қатнашиш учун 7-иловага мувофиқ хулоса қабул қилинади. Мазкур хулоса номзоднинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдига қўшиб қўйилади.

45. Номзоднинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилди мудофаа ишлари бошқармалари томонидан қабул йилининг 15 май кунига қадар Институтга юборилади.

4-боб. Номзодлар билан ҳарбий-профессионал танлаш тадбирларини ўтказиш

46. Ўзининг психофизиологик хусусиятларига ва соғлиғига кўра ҳарбий мутахассисликнинг замонавий талабларига жавоб берадиган, офицер касбини эгаллашнинг сабаб-асосларига, етакчилик фазилатларига, ички туйғуга, мустаҳкам маънавий-ахлоқий ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган номзодларни аниқлаш ҳарбий-профессионал танлашнинг асосий мақсади ҳисобланади.

47. Қуйидагилар ҳарбий-профессионал танлашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тақдим этилган ҳужжатларни ва номзодни тавсифловчи материалларни ўрганиш;

номзоднинг соғлиғининг ҳолати, умумжисмоний тайёрланганлигини, компьютер техникасини ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлиги, орфографик ва пунктуацион саводхонлиги даражасини ҳар томонлама ва холисона баҳолаш;

номзодларнинг психофизиологик хусусиятларини, савияси ва дунёқарашини ўрганиш;

номзодларни тест синовларига қўйиш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилиш (якка тартибдаги якуний суҳбат натижалари бўйича).

48. Ҳарбий-профессионал танлаш давомида қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:

тақдим этилган ҳужжатларни ва номзодни тавсифловчи материалларни ўрганиш;

тиббий кўрикдан ўтказиш;

умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

номзоднинг психофизиологик хусусиятларини ўрганиш;

ёзма ишни (диктант) баҳолаш;

компьютер техникасини ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражасини баҳолаш;

якка тартибдаги якуний суҳбат;

номзодни тест синовларига киритиш ҳақида Институт қабул комиссияси қарори баённомасини расмийлаштириш.

49.Институт қабул комиссияси томонидан ҳар йили 1 июнга қадар ҳарбий профессионал-танлаш тадбирларини ўтказиш муддатлари белгиланган режа-жадвал ишлаб чиқилади ҳамда Миллий гвардиянинг манфаатдор бўлинмалари, тегишли вазирликлар, идоралар ва муассасалар билан келишилади.

50.Мудофаа ишлари бошқармалари режа-жадвалга мувофиқ номзодларни ҳарбий-профессионал танлаш тадбирларини ўтказиш муддатлари билан таништиради.

51. Ҳарбий-профессионал танлаш тадбирлари июнь ойи давомида Институт базасида ўтказилади.

52.Ҳарбий профессионал-танлаш тадбирларини ўтказиш давомида номзодлар турар жой ва озиқ-овқат билан таъминланмайдилар.

53. Номзодлар ҳужжатларини ўрганиш бўйича кичик комиссияси шахсий ҳужжатлар йиғма жилдларини расмийлаштиради ҳамда уларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини текширади.

54. Номзодлар тиббий кўрикдан Институтда махсус шакллантириладиган ҳарбий-тиббий комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 21 февралдаги 95-сон қарори билан тасдиқланган «Тинчлик ва уруш даврда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низом»га мувофиқ ўтказилади.

55. Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича соғлиғининг ҳолатига кўра номзоднинг Институтда ўқишга яроқлилиги ёки яроқсизлиги тўғрисида ҳарбий-тиббий комиссияси 8-иловага мувофиқ хулоса чиқаради ва қайднома расмийлаштиради.

56. Соғлиғининг ҳолати бўйча Институтда ўқишга яроқсиз деб топилган номзодлар ҳарбий-профессионал танлашнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.

57. Номзодларнинг умумжисмоний тайёрланганлигини баҳолаш кичик комиссия томонидан қабул комиссияси раиси белгилаган тартибда 6-иловага мувофиқ умумжисмоний тайёргарликни баҳолаш методикасига асосан ўтказилади.

58. Институтга ўқишга кириш учун номзодларнинг умумжимоний тайёрланганлиги бўйича баҳоси, улар томонидан барча нормативларни бажариш давомида қўшилган баҳолардан аниқланиб, қуйидагича белгиланади:

«аъло» – агар, иккита нормативдан «аъло», биттасидан эса «яхши» бўлса;

«яхши» – агар, иккита нормативдан «яхши»дан паст эмас, биттасидан эса «қониқарли» бўлса;

«қониқарли» – агар, барча нормативдан «қониқарли»дан паст бўлмаса;

«қониқарсиз» – агар, битта ва ундан ортиқ баҳолар «қониқарсиз» бўлса, ёки номзод белгиланган машқларнинг биттасидан бирини бажаришдан бош тортса.

59. Умумжисмоний тайёргарлик даражаси бўйича белгиланган талабларга жавоб бермаган номзодлар («қониқарсиз» баҳо олганлар) дастлабки танлашнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.

60. Психофизиологик ўрганиш кичик комиссия мутахассислари томонидан 9-иловага мувофиқ психофизиологик ўрганиш методикасига асосан ўтказилади.

61. Ёзма иш кичик комиссия мутахассислари томонидан номзодга диктант ёздириш йўли билан 10-иловага мувофиқ ёзма иш (диктантни) ўтказиш методикасига асосан ўтказилади. Кичик комиссияси таркибига таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари келишув асосида жалб қилиниши мумкин.

62. Номзоднинг компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларидан билим ва кўникмалари даражасини текшириш кичик комиссияси раҳбарлигида 11-иловага мувофиқ компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларидан билим ва кўникмалар даражасини текшириш методикасига асосан ўтказилади.

63. Якка тартибдаги якуний суҳбат психофизиологик ўрганиш, ёзма иш, Номзоднинг компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларидан билим ва кўникмалари даражасини текшириш натижалари ҳисобга олинган ҳолда 12-иловага мувофиқ якка тартибдаги якуний суҳбатни ўтказиш методикасига асосан ўтказилади.

64. Якка тартибдаги якуний суҳбат қабул йилининг 30 июнига қадар коллегиал принцип бўйича, Институт қабул комиссияси томонидан ўтказилади.

65 .Якка тартибдаги якуний суҳбат натижалари бўйича номзодни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларини топширишга қўйиш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилинади.

5-боб. Тест синовлари

66.Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ҳар йили 5 июлда ўтказилади.

Институтда тест синовларини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан белгиланади.

Зарур шарт-шароитлар яратиш, тест синовларини ташкил этиш учун жавобгарлик, жойларда уларни белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилган ҳолда адолатли ўтказиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, Институт бошлиғига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг вакилларига ва тайинланган аудиториялар раҳбарларига юкланади.

67. Номзод умумтаълим муассасаларида чет тили сифатида инглиз, немис ёки француз тилларини ўрганган тақдирда чет тили бўйича тест синовлари топширади.

Умумтаълим муассасаларида бошқа чет тили (испан, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур ва бошқа тиллар) бўйича ўқиган тақдирда номзод тест синовлари ўрнига ягона кўп балли имтиҳон тизими бўйича чет тилидан имтиҳонни 13-иловага мувофиқ баҳолаш мезонларига асосан топширади.

Номзод Институтга ўқишга кириш учун берилган аризада (билдиргида) қайси чет тилидан имтиҳон топширишини кўрсатади.

68. Тест топшириқларини ечиш вақти 36 та саволга 1 соат ҳисобидан ажратилади.

Тест синовлари бошлангунга қадар номзодлар 30 дақиқа мобайнида жавоблар варақаларини тўлдириш қоидалари билан таништирилади ва улар томонидан тегишли бўлимга ўзи тўғрисидаги шахсий маълумотлар киритилади. Ушбу вақт тест синовларини ечиш учун ажратилган вақтнинг умумий ҳажмига кирмайди.

Аудиторияда тест синовлари тўғри ташкил этилишини, адолатли ўтказилишини, уни ўтказиш талабларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик аудиторияларнинг раҳбарлари ва кузатувчиларига юкланади.

Номзодлар тест синовларини топшириш учун соат 8.30 гача аудиторияга қўйиладилар, тест синовлари соат 9.00 да бошланади.

Жавоблар варақаси номзодлар томонидан кўк рангли шарикли ручка билан тўлдирилади. Жавоблар варақасини тўлдириш учун қўшимча равишда 20 дақиқа вақт ажратилади.

Жавоблар варақаси тўлдирилганлигининг тўғрилиги учун шахсан номзод жавоб беради. Жавоблар варақасида тегишли доираларни нотўғри белгилаган номзодларнинг эътирозлари кўриб чиқилмайди.

Номзодларнинг уяли телефонларни ва бошқа алоқа воситаларини ўзи билан олиб кириши ва улардан фойдаланиши қатъиян тақиқланади.

Номзод томонидан тест синовларига микрокалькуляторлар, луғат, жадваллар, китоблар, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб кирилиши, тест синови пайтида тест материалларини бошқа номзодга бериш, саволлар китоби варақларини яроқсиз ҳолга келтириш тест синовларини ўтказиш тартибини бузиш деб ҳисобланади, бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади ва номзод тест синовларидан четлаштирилади.

69. Номзодларнинг ўтказилган тест синовлари натижалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига ва Институт қабул комиссиясига тақдим этилади.

70. Номзодларга тақдим этиладиган имтиёзлар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

6-боб. Институтга қабул қилиш тартиби

71. Институтга қабул қилиш ўқув йили учун Бутлаш режасига қатъий мувофиқ равишда амалга оширилади.

72. Номзодларни Институтга ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан тақдим этилган тест синовлари натижалари асосида амалга оширилади.

73. Институтнинг қабул комиссияси номзодлар белгиланган қоидаларга, ҳарбий ва хизмат интизомига риоя қилмаган тақдирда уларни ўқишга қабул қилиш бўйича танлашнинг исталган босқичида четлатиш ҳуқуқига эга.

74. Институтнинг қабул комиссияси номзодларни ўқишга қабул қилиш масаласини кўриб чиқади ва натижалар бўйича 14-иловага мувофиқ қабул комиссияси йиғилишининг баённомаси расмийлаштирилади. Баённома номзодларни Институтга ўқишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқларни расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.

75. Тест натижалари бўйича апелляция шикоятлари қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқилади.

76. Институтга қабул қилинган номзодлар ҳақидаги буйруқдан кўчирма ва рўйхати мудофаа ишлари бошқармаларига юборилади.

77. Институтга кириш имтиҳонларидан етарли балл тўплай ололмаганлиги сабабли ўқишга кира олмаган номзодларнинг шахсий йиғма жилдлари мудофаа ишлари бошқармаларига қайтарилади.

7-боб. Якуний қоидалар

78. Ҳарбий-профессионал танлов тадбирлари бошланишидан аввал номзодларнинг ариза ва шикоятларини кўриб чиқиш учун Институт бошлиғининг буйруғи билан Апелляция комиссияси ташкил этилади.

79. Ҳарбий-профессионал танлашнинг ҳар бир тадбири бўйича натижалар эълон қилинган кундан бошлаб бир кун мобайнида апелляция комиссиясига ариза ва шикоятлар тақдим этилиши мумкин.

80 .Апелляция комиссияси тақдим этилган ариза ва шикоятларни улар тушган кундан бошлаб уч кундан ошмаган муддатда мурожаат қилган номзод иштирокида кўриб чиқади.

81. Ушбу Низомни қўллаш масалалари бўйича пайдо бўладиган келишмовчиликлар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

82. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган давлат органлари, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисидаЎзбекистон Республикаси Миллий гвардияси 14.06.2018 йилСаидбоев Б.Ж.

So`rovnoma natijalari