Hujjat nomi
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳузурида Нодавлат оммавий ахборот воситаларини молиявий қўллаб-қувватлаш Давлат фондини ташкил этиш тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Prezidenti
Hujjat muallifiO'zbekiston matbuot va axborot agentligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-06-04 15:50:40
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-06-20 18:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳузурида Нодавлат

оммавий ахборот воситаларини молиявий қўллаб-қувватлаш

Давлат фондини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида” 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сон фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, жамиятимиз ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлаш, нодавлат оммавий ахборот воситаларини, ахборот ва таҳлилий интернет сайтларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳузуридаги Нодавлат оммавий ахборот воситаларини молиявий қўллаб-қувватлаш Давлат фондини (кейинги ўринларда Фонд деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар Фонднинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

биринчидан, нодавлат оммавий ахборот воситалари, ахборот ва таҳлилий интернет сайтлари фаолиятини ривожлантириш учун грантлар ажратиш, профессионал журналистикани шакллантиришга қаратилган дастурларни амалга оширишда фойдаланилишини ташкил этиш;

иккинчидан, нодавлат оммавий ахборот воситалари, ахборот ва таҳлилий интернет сайтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улар фаолиятини ривожлантириш, уларнинг чет эллик ҳамкорлар билан алоқаларини кенгайтириш (биргаликдаги конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари, тренинглар ўтказиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳоказо) билан боғлиқ лойиҳалари ва дастурларини молиялаштириш;

учинчидан, нодавлат оммавий ахборот воситалари, ахборот ва таҳлилий интернет сайтларининг медиа майдонида давлат сиёсати, ижтимоий-сиёсий воқеаларни адолатли, мувозанатли, холис ва беғараз ёритиб бориш, профессионал журналистикани шакллантиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш;

тўртинчидан, нодавлат оммавий ахборот воситалари, ахборот ва таҳлилий интернет сайтларининг журналистларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакаси ва ижодий фаоллигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар, шу жумладан, чет элларда ўқув амалиётларини ташкил этишни молиялаштириш;

бешинчидан, халқаро ахборот алмашинувининг янги имкониятлари ҳамда фуқаролар, жамият ва давлатнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган замонавий ахборот, телекоммуникация ва инновацион технологияларни жорий этишга оид лойиҳаларни молиялаштириш.

3. Қуйидагилар Фондни молиялаштиришнинг манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги
Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига тушадиган маблағларнинг 1 фоизи миқдоридаги йиллик ажратмалар;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинган даромадлар;

халқаро молия институтлари грант маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги марказий аппарати таркибида агентлик бошқарув умумий ходимлар сонини 3 штат бирлигини кўпайтириш орқали:

Агентлик Бош директори ўринбосари – Фонд директори лавозими киритилсин;

2 штат бирлигидан иборат Фонд маблағларини бошқариш сектори ташкил этилсин.

Белгилаб қуйилсинки, Агентлик Бош директорининг ўринбосари – Фонд директори Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

5. Қуйидагилар:

Нодавлат оммавий ахборот воситаларини молиявий қўллаб-қувватлаш Давлат фондининг бошқариш Кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги марказий аппаратининг янгиланган тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

а) Фонд маблағлари нодавлат оммавий ахборот воситалари буюртмаларига асосан танлов асосида грантлар тариқасида Фонд бошқариш Кенгаши қарорига кўра ажратилади;

б) Фонд бошқариш Кенгаши:

Фонд даромад ва харажатлари, шу жумладан, Фондни жорий сақлаш харажатлари бўйича кейинги йил прогноз кўрсаткичларни ҳар йили 1 декабрга қадар тасдиқлайди;

Фонд зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун манфаатдор давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларини, шунингдек, ҳомийларнинг хайрия маблағларини жалб этади;

Фонд маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан тизимли назорат қилинишини таъминлайди.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига нодавлат оммавий ахборот воситалари учун ажратилган бюджет маблағларини Фондга йўналтирилишини назарда тутсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди тўғрисидаги Низомини ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш тавсия этилсин.

9. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳузуридаги Нодавлат оммавий ахборот воситаларини молиявий қўллаб-қувватлаш Давлат фонди маблағларини шакллантириш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;

Ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида” 2017 йил
17 августдаги ПҚ-3223-сон қарори 1-банди иккинчи хатбошиси ва 2-иловаси

ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ушбу қарорнинг мақсад ва вазифаларини аҳоли, айниқса оммавий ахборот воситалари субъектлари ўртасида кенг тарғиб қилиш асосида ёритиш тавсия этилсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ва Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Л. Тангриев зиммаларига юклансин.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳузурида Нодавлат оммавий ахборот воситаларини молиявий қўллаб-қувватлаш Давлат фондини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори10.07.2018Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги

So`rovnoma natijalari