Hujjat nomi
Халқ таълими тизимидаги педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
×Hurmatli foydalanuvchi!

Siz tadbikorlik faoliyatini amalga oshirishga ta’sir etuvchi qabul qilinayotgan normativ-huquqiy hujjatlarga o’z izohlaringizni berishingiz mumkin. Berilgan izohlar muhokama qilish uchun Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalida joylashtiriladi.

Shuningdek, Siz ishlab chiqilayotgan normativ-huquqiy hujjat loyihalari muhokamasiga oid ‎So’rovnomani to’ldirishingiz mumkin.

Berilgan izohlar va So’rovnomada bildirilgan takliflar tegishli normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiquvchilar — davlat va xo’jalik boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan ko’rib chiqilishi shart.

Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Prezidenti
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Xalq ta’limi vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-06-13 21:12:21
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-06-28 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama jarayonida

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

Халқ таълими тизимидаги педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеини
янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида

Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани модернизациялаш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини юксалтириш бўйича қабул қилинган
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш учун юксак салоҳиятли, чуқур билимли ва замонавий талабларга жавоб берадиган малакали мутахассислар тайёрлашнинг янги тизимини шакллантириш талаб этилади.

Таълим тизимидаги ислоҳотларнинг нечоғли муваффақиятли амалга оширилиши педагог кадрларнинг билими, ақлий салоҳияти, маънавияти
ва маданияти билан боғлиқ бўлиб, уларга эътиборни қаратмасдан туриб давлат
ва жамиятнинг тараққиётига эришиб бўлмайди.

Инновацион ёндашувлар асосида Муҳаммад Хоразмий, Мирзо Улуғбек номлари билан аталадиган аниқ ва табиий фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактаблар, Ибройим Юсупов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф ва Эркин Воҳидов номлари билан аталадиган филология фанлари чуқурлаштириб ўқитиладиган ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилди.

Ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар асосида мамлакатимизда 11 йиллик умумий ўрта таълим тизими жорий этилди. Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчилари учун таълим олиш билан биргаликда касб-ҳунар ўргатишни ташкил этиш мақсадида таълим бериш муддати икки йил бўлган Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолияти йўлга қўйилди.

Умумий ўрта таълим муассасаларида педагог кадрларга бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида Чирчиқ давлат педагогика институти ҳамда Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиали ташкил этилди. Бундан ташқари,
15 та олий таълим муассасасида ташкил этилган махсус сиртқи бўлимларда ўрта махсус маълумотга эга бўлган педагогларнинг олий маълумот олиш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, халқ таълими муассасаларида фаолият олиб бораётган педагог кадрларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий мавқеини ошириш, янада самарали меҳнат қилиши учун зарур
шарт-шароитлар яратиш энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда халқ таълими муассасалари педагог кадрларининг ижтимоий ҳимоясини янада ошириш борасидаги ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд.

биринчидан, халқ таълими муассасалари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва моддий рағбатлантириш тизимига етарли даражада эътибор қаратилмагани халқ таълими тизимига юқори малакали мутахассислар ва педагог ходимларни жалб этиш, хусусан халқ таълими бошқарув органларида барқарор кадрлар захирасини шакллантириш имконини бермаяпти;

иккинчидан, умумий ўрта таълим муассасаларида ортиқча қоғозбозлик
ва ҳисоботбозликка чек қўйилмаганлиги педагог ходимларнинг ташаббускорлиги ва масъулиятига салбий таъсир кўрсатмоқда;

учинчидан, давлат органлари томонидан халқ таълими муассасаларига уларнинг фаолият йўналишига тегишли бўлмаган вазифаларнинг юклатилиши умумий ўрта таълим бўйича ягона давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича уларнинг зиммасидаги биринчи даражадаги вазифаларни бажариш учун мавжуд куч ва воситалардан оқилона фойдаланиш имконини бермаяпти;

тўртинчидан, халқ таълими муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, сақлаш ва ундан фойдаланиш учун талаб қилинадиган маблағларнинг етарли даражада ажратилмаслиги ва муассасанинг харажатлар сметасида кўрсатилмаган молиявий харажатларни талаб қиладиган топшириқларнинг берилиши таълим муассасаси раҳбарияти билан педагоглар
ва ота-оналар ўртасида коррупция ҳолатларининг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда;

бешинчидан, халқ таълими муассасалари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, уларни замонавий воситалар ва ускуналар билан жиҳозлашнинг суст амалга оширилаётганлиги, таълим бериш жараёнига илғор педагогик технологияларнинг етарли даражада қўлланилмаслиги натижасида умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг билим даражаси пастлигича қолмоқда;

олтинчидан, педагог ходимларни мақсадли тайёрлаш тизимининг етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги, қишлоқ ва олис ҳудудларда умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимлари учун қулай шарт-шароитлар яратилмаганлиги республиканинг олис ва чекка ҳудудларида жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида айрим фанлар бўйича мутахассислар етишмаслигига олиб келмоқда.

Педагог ходимлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали таълим муассасаларига юқори малакали кадрларни, шу жумладан педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг битирувчиларини фаол жалб этиш, жамиятда ўқитувчиларнинг нуфузини янада ошириш ҳамда уларни ёшларга намуна ва ўрнак даражасига кўтариш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг:

энг яхши фан ўқитувчиларини чет эллардаги етакчи таълим муассасаларига малака ошириш учун қисқа муддатли стажировкаларга юбориш;

расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган дам олиш кунларида ва таътил даврларида таълим муассасаларининг педагогларига
ўз ўқувчилари билан саёҳатлар уюштиришига қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш мақсадида Касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан юртимизнинг тарихий-маданий марказлари ва ноёб табиат гўшаларига саёҳатларини ташкил этиш;

таълим муассасалари педагог кадрларини давлат мукофотларига тавсия этиш салмоғини кўпайтириш, шунингдек тармоқ мукофотлари сонини ошириш;

таълим муассасалари педагог кадрларининг маънавий дунёсини, иш фаолиятини, улар оиласидаги баҳамжиҳатлик муҳитини, рўзғорларидаги сарамжон-саришталикни оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига намуна қилиб кўрсатиш мақсадида туркум кўрсатув ва мақолалар сонини кўпайтириш;

халқ депутатлари вилоят ва туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлигига
ва фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ҳамда сайлаш асосида жамоат ташкилотларига тайинланадиган раҳбарлик лавозимларига тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқаролар фикрини инобатга олган ҳолда, номзодларни илғор ва ташаббускор педагог кадрлар таркибидан кўрсатишни кенг жорий қилиш;

таълим муассасалари педагог кадрларининг соғлиқларини профилактика қилишни яхшилаш борасида уларни соғлиқни сақлаш органлари томонидан бир йилда бир маротаба кенг қамровли бепул тиббий кўрикдан ўтказиш;

таълим муассасаси ва халқ таълими бошқарув органларида 5 йилдан ортиқ фаолият олиб бораётган, ўз касбий маҳоратини намоён қилаётган, таълим сифатига муносиб ҳисса қўшаётган педагоглар учун арзон уй-жойлар қурилиши дастури доирасида уй-жой сотиб олишлари учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) умумий ўрта таълим муассасаларининг юқори синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақлари 24 фоизга, бошланғич синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақлари эса 10 фоизга оширилади;

б) таълим муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнига шахсий ҳисса қўшаётган, ўз касбига содиқлик ва ташаббускорлик, юқори касб даражасини намоён этаётган, ўқувчилари ҳудудий, республика ва халқаро миқёсдаги турли фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган педагог кадрларга энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаридан 20 баробаригача миқдорида бир марталик моддий рағбатлантириш тартиби жорий этилади;

в) умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг педагогик юкламаси бекор қилинади, улардан ортиқча ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш амалиёти қатъиян таъқиқланади;

г) умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари томонидан олий
ва биринчи малака тоифасини олиш учун топшириладиган тест синовлари учун тўланадиган тўлов миқдорини икки баробарга камайтирилади;

д) умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси маблағларини шаффофлик, ошкоралик ва адолатлилик принциплари асосида сарфлаш имконини берувчи янги тартиб ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади;

3. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ой муддатда қонун ҳужжатларига педагог ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари
ва ижтимоий кафолатлари, уларга бериладиган имтиёзлар, ёш мутахассислар
ва қишлоқ жойларда фаолият олиб бораётган педагог ходимларга бериладиган қўшимча имтиёзларни назарда тутадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши:

педагог ходимларга ўз ижодий қобилиятларини намоён қилишлари учун шароитлар яратиш, уларнинг илғор педагогик иш тажрибаларини оммалаштириш, методик ишланмаларини чоп этиш, моддий ва маънавий рағбатлантириш;

педагоглар сулолалари орасида турли хил танловлар ўтказиб, уларни рағбатлантириш, намунали педагоглар сулолаларининг фаолиятини кенг оммалаштириш;

умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларининг касбий этикасини ривожлантириш мақсадида барча умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимлари учун кийиниш стандартларини жамоавий танлаш ҳуқуқини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш;

таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог ходимларнинг амалдаги қоидалар, муассаса устави, одоб-ахлоқ қоидалари, ички тартиб-қоидалар ҳамда педагог одобига қатъий риоя қилишини таъминлаш орқали ўқувчиларда ўқитувчилик касбига бўлган ҳурмат ошишига эришиш, шунингдек уларнинг келажакда ўқитувчилик касбини танлаши учун қизиқиш уйғотиш;

давлат ва хўжалик бошқарув органларига қарашли
санаторий-соғломлаштириш муассасаларида таълим сифати ва ривожига муносиб ҳисса қўшган, тармоқ ва давлат мукофотларига сазовор бўлган таълим муассасалари педагог кадрларига тегишли шарт-шароит яратиш ва имтиёзли соғломлаштириш кўламини кенгайтириш бўйича аниқ чораларни белгиласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

бир ой муддатда таълим муассасалари педагог кадрларининг ўқув юкламалари билан боғлиқ ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш
ва мақбуллаштириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш;

таълим муассасалари педагог кадрларининг ўз устида ишлаши ҳамда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш орқали таълим-тарбия сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш
ва 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб жорий этиш;

таълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришга ажратилган маблағлардан мақсадли ва манзилли фойдаланилиши устидан тизимли назорат ўрнатиш, таълим муассасалари харажатлар сметаларида улар алоҳида сатрда ажратилишини таъминлаш чораларини кўрсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда:

ҳар томонлама мукаммал билим ва салоҳиятга, юксак инсоний фазилатларга эга бўлган педагог кадрларни тайёрлаш учун педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларига қабул жараёнида абитуриентлар учун тест синовлари билан бирга битта фан блоки ўрнига ижодий имтиҳон киритиладиган таълим йўналишларини белгиласин;

таълим муассасаларининг педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини чуқур таҳлил қилган ҳолда педагогика соҳасидаги таълим йўналишларига давлат гранти асосида қабул квоталарини кўпайтириш юзасидан асослантирилган таклифлар киритсин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

педагог ходимларнинг маданий ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш мақсадида уюшган ҳолда маданият муассасалари, жумладан театрлар, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, музейлар ҳамда бошқа маданий-маърифий муассасаларга экскурсияларини, республикамизнинг тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари ва марказий шаҳарлари бўйлаб саёҳатларини ташкил этиш;

жамоат жойларида педагог ходимлар фаолиятини ва уларнинг юксак мавқеини тарғиб қилувчи ахборот постерларини жойлаштириш;

педагог ходимларни уларнинг лавозим вазифасига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб этишни қатъиян тақиқлаш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги:

оммавий ахборот воситалари орқали педагоглик касбини улуғловчи ҳамда устозларни эъзозлашга доир мавзудаги кўрсатувлар, эшиттиришлар, туркум мақолалар ва рукнларни кўпайтириш, фильм ва сериаллар яратиш;

педагог ходимларга берилаётган имтиёзлар, уларнинг жамиятдаги
обрў-эътиборини кўтариш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан электрон оммавий ахборот воситаларида кенг жамоатчилик ва омма ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С. Қосимов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У.И. Иноятов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Ш. Мирзиёев

[ izohlar (4) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

× Izoh qoldirish uchun bu yerda avtorizatsiyadan o`ting
Shomurodov Laziz Jo'raboyevich 2018-06-16 16:17:36
"таълим муассасаси ва халқ таълими бошқарув органларида 5 йилдан ортиқ фаолият олиб бораётган, ўз касбий маҳоратини намоён қилаётган, таълим сифатига муносиб ҳисса қўшаётган педагоглар учун арзон уй-жойлар қурилиши дастури доирасида уй-жой сотиб олишлари учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин." Ushbu bandda ko'rsatib o'tilgan sifatlardan faqat biri ya'ni "5 йилдан ортиқ фаолият олиб бораётган" o'qituvchiga imtiyozli ipoteka krediti beriladimi?
Kungratov Faxrullo Xayrullayevich 2018-06-19 09:34:43

Мактаблардаги синф укувчилар сонини 30 нафар килиб белгиланиши лозим. Ушбу холат мактабдан укитувчининг укувчиларни назорат килиш ва улар билан ишлашни енгиллаштиради. Синфда 35-45 та укувчи булса укитувчи уларга укув машгулотларни утишда ва мавзуни тушунтириш учун енгиллик булади.

Kungratov Faxrullo Xayrullayevich 2018-06-19 09:35:47

Мактаблардаги синф укувчилар сонини 30 нафар килиб белгиланиши лозим. Ушбу холат мактабдан укитувчининг укувчиларни назорат килиш ва улар билан ишлашни енгиллаштиради. Синфда 35-45 та укувчи булса укитувчи уларга укув машгулотларни утишда ва мавзуни тушунтириш кийин булади.

Amirov Miraziz Abdukodirovich 2018-06-19 18:08:14

Повышение на 10% и 24% слишком незначительно! Для коренного изменения крайне плачевной ситуации в системе среднего образования, создания положительного имиджа педагога и укрепления его финансового состояния необходимо рассмотреть возможность большего повышения заработной платы.
Учителя и врачи - это корень здорового общества!

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Халқ таълими тизимидаги педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори лойиҳаси Қарор лойиҳасини манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш2018-06-20Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги
Hurmatli foydalanuvchi!

So`rovda ishtirok etish uchun bu yerda avtorizatsiyadan o`ting

So`rovnoma natijalari