Hujjat nomi
Мактабгача таълим муассасасининг Васийлик кенгаши тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiBuyruq
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO‘zbekiston Respublikasi Maktabgacha ta’lim vazirligi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Maktabgacha ta’lim vazirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-06-18 09:38:00
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-07-03 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ВАЗИРИНИНГ

БУЙРУҒИ

Мактабгача таълим муассасасининг Васийлик кенгаши тўғрисидаги

намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2017 йил 30 сентябрдаги ПФ–5198-сон “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги ПҚ–3305-сон “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил19 июлдаги528-сон “Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ, Васийлик кенгашининг (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) мақсад ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган мактабгача таълим муассасаларига (кейинги ўринларда таълим муассасаси деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.

2. Кенгаш ҳар бир таълим муассасасида жамоатчилик асосида таълим-тарбия жараёнларини қўллаб-қувватлаш ҳамда унга молиявий ва ҳуқуқий соҳаларда кўмаклашиш учун ташкил этилади. Кенгаш юридик шахс ҳисобланмайди.

3. Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, фармонлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек таълим муассасасининг Устави ҳамда мазкур Низом асосида амалга оширади.

2-боб. Кенгашнинг мақсад ва вазифалари

4. Кенгашнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

таълим муассасасида тарбияланувчиларнинг тўлақонли таълим-тарбия олишлари учун қулай соғлом муҳитни яратиш;

таълим муассасасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, унинг фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;

таълим муассасаси тарбияланувчиларининг мактабга тайёрлаш
ва маънавий-маърифий, маданий ҳамда соғломлаштириш тадбирларида иштирок этишлари учун шарт-шароитларни яхшилашда таълим муассасаси мудираси билан ҳамкорлик қилиш
.

5. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

таълим-тарбия ишларини шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаган ҳолда амалга оширишда, шунингдек тарбияланувчиларнинг ҳар томонлама камол топиши учун шарт-шароитларни яхшилашда таълим муассасасига кўмак ва тавсиялар бериш;

ҳомийлик маблағлари ҳисобидан таълим муассасасини моддий-техника базасини ривожлантириш, унинг биносини таъмирлаш ва ҳудудини ободонлаштиришга кўмаклашиш;

тарбияланувчилар билан турли оммавий тадбирлар, саёҳатлар, учрашувлар, соғломлаштирувчи тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда таълим муассасаси мудирасига кўмаклашиш.

Кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

3-боб. Кенгаш фаолиятини ташкил этиш,

унинг таркиби ва тузилиши

6. Мактабгача таълим муассасаси мудираси томонидан Кенгашни ташкил этиш бўйича йиғилиш ўтказилишидан ўн кун олдин йиғилиш ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида эълон, шунингдек мазкур Низомнинг нусхаси барчанинг танишиб чиқиши учун таълим муассасасида осиб қўйилади.

7. Кенгаш етти кишидан кам бўлмаган тоқ сондан иборат таркибда тарбияланувчиларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари), таълим муассасаси фаолиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган фахрийлар билан ўтказиладиган умумий йиғилишда барча аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги асосида ташкил этилади. Кенгаш таркиби аъзоларининг сони чекланмайди.

Кенгаш таркибига мактабгача таълим муассасаси фаолиятига улкан ҳисса қўшиб келаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат ташкилотларининг вакиллари кириши мумкин.

8. Кенгаш аъзоларининг рўйхати унинг биринчи Умумий йиғилишида тузилади, Кенгаш раиси, унинг ўринбосари ва котиб сайлангандан сўнг Кенгаш қарори билан тасдиқланади.

9. Кенгаш ҳар йили раис, раис ўринбосари, котиб ва кенгаш аъзоларидан иборат таркибда шакллантирилади.

Мактабгача таълим муассасаси мудираси, унинг яқин қариндошлари Кенгаш аъзолари бўлиши мумкин эмас.

10. Кенгаш раиси, унинг ўринбосари ва котиб Кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан сайланади.

11. Кенгаш раиси ва унинг ўринбосари ўз навбатида мактабгача таълим муассасасининг педагогик кенгаши аъзоси ҳисобланади.

12. Кенгаш котиби Кенгаш ҳужжатларини юритиш ва сақлашни таъминлайди.

4-боб. Кенгашнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

13. Кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Кенгаш раиси, унинг ўринбосарини ва котибни сайлаш;

Кенгаш фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш;

ҳомийлик маблағларидан фойдаланиш йўналишларини белгилаш ҳамда унинг ижроси бўйича ҳар чоракда ҳисоботлари эшитиш;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан кўрсатилаётган ҳомийлик маблағларини белгиланган тартибда таълим муассасасининг шахсий ғазна ҳисобварағига кирим қилинишини назорат қилиш;

ҳар чоракда Кенгаш раисининг Кенгаш фаолияти юзасидан ҳисоботини эшитиш ва тасдиқлаш;

Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини, шунингдек ҳомийлик маблағлари ҳисобига амалга оширилган ишларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

таълим муассасаси ички тартиб қоидаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, шунингдек педагогик кенгашга тегишли таклиф ва мулоҳазалар киритиш;

якуний давлат аттестацияси жараёнида жамоатчилик асосида кузатувчи сифатида иштирок этиш;

мактабгача таълим муассасаларида молиявий йил бошлангунга қадар Кенгаш йиғилиши баённомасига асосан тўловлардан озод қилинадиган кам таъминланган оилаларнинг болалари (тарбияланувчилар) рўйхатини тасдиқлашда иштирок этиш;

Кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

14. Қуйидагилар Кенгашнинг мажбуриятлари ҳисобланади:

ҳар чоракда ўз фаолияти тўғрисида педагогик кенгашга ҳисобот тақдим этиш;

таълим муассасасида муаммоли масалалар ечимини топишда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиш;

Кенгаш зиммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

5-боб. Кенгаш органлари ва улар фаолиятини ташкил этиш

15. Умумий йиғилиш Кенгашнинг олий бошқарув органи ҳисобланади. Умумий йиғилиш Кенгаш фаолиятининг барча йўналишлари бўйича қарорлар қабул қилади.

16. Умумий йиғилиш ҳар чоракда камида бир марта чақирилади. Умумий йиғилиш унинг аъзоларининг учдан бир қисмининг ташаббусига кўра навбатдан ташқари чақирилиши мумкин.

17. Кенгаш котиби умумий йиғилиш ўтказилишидан камида уч кун олдин бу ҳақда барчанинг танишиб чиқиши учун мактабгача таълим муассасасига кириш жойида эълон осиб қўяди. Умумий йиғилиш чақирилганда Кенгаш котиби унинг барча аъзоларини хабардор қилади.

18. Умумий йиғилишда Кенгаш аъзоларидан ташқари тарбияланувчиларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари), таълим муассасаси мудираси, педагог ходимлар, жамоатчилик вакиллари кузатувчи сифатида иштирок этишлари мумкин. Улар йиғилишда муҳокама қилинаётган барча масалалар юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришлари мумкин.

19. Умумий йиғилиш унинг аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этганида қарор қабул қилиш учун ваколатли ҳисобланади. Умумий йиғилишда қарорлар кўпчиликнинг очиқ овоз бериши орқали қабул қилинади. Кенгаш аъзоларининг овозлари тенг келиб қолганда, Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Мактабгача таълим муассасасининг педагог ходимлари ва бошқа кузатувчилар овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас.

20. Умумий йиғилиш қарори баённома билан расмийлаштирилади
ва Кенгаш раиси, унинг ўринбосари, котиб ҳамда аъзолари томонидан имзоланади. Баённомада унинг санаси, йиғилишда иштирок этган Кенгаш аъзоларининг фамилияси, исми ва отасининг исми, овоз бериш натижалари ҳамда қабул қилинган якуний қарор кўрсатилади.

21. Кенгаш аъзолари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор, шунингдек Кенгаш томонидан қабул қилинган бошқа қарорлар ва ҳисоботлар уч нусхада қабул қилинади. Унинг бир нусхаси Кенгаш котибида, иккинчиси мактабгача таълим муассасасида сақланади, учинчиси эса, барчанинг танишиб чиқиши учун методист хонасига осиб қўйилади.

22. Мактабгача таълим муассасаси томонидан умумий йиғилишни ўтказиш, шунингдек Кенгаш ҳужжатларини сақлаш учун алоҳида хона таълим муассасаларида имкониятдан келиб чиққан ҳолда ажратилади.

23. Мактабгача таълим муассасасининг мудираси умумий йиғилиш томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш учун масъулдир.

24. Кенгаш котиби умумий йиғилишни ўтказиш учун зарур ҳужжатларни раиснинг топшириғига кўра тайёрлайди.

Умумий йиғилиш томонидан Кенгашнинг алоҳида фаолият йўналишлари бўйича тегишли комиссиялари тузилиши мумкин.

6-боб. Якуний қоидалар

25. Мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчилар ва уларнинг
ота-оналари (қонуний вакиллари)дан турли хил сабаблар билан таълим муассасаси мудираси ва бошқа ходимлари (тарбиячи, тарбиячи-ёрдамчилар) томонидан пул маблағларини йиғиш қатъиян тақиқланади.

Ота-оналар таълим муассасасида пул маблағларининг йиғилиши ҳолатлари ҳақида оғзаки ёки ёзма равишда бевосита Кенгашга мурожаат қилиши мумкин. Бундай ҳолат юз берган тақдирда, Кенгаш томонидан туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимларининг раҳбар ходимлари иштирокида муҳокама этилади ҳамда айбдор шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.

26. Кенгаш ҳар чоракда таълим муассасасининг умумий ота-оналар йиғилишида ўз фаолияти ва тарбияланувчиларни мактабга тайёрлашга йўналтириш ишлари тўғрисида ҳисобот беради.

27. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1НҲҲни муҳокамага қўйишМуҳокамага қўйиш2018 й. 2 июлгачаМактабгача таълим вазирлиги

So`rovnoma natijalari